Севимли Пайғамбарим

ҲАҚИҚИЙ МУСУЛМОН БЎЛИШНИНГ ШАРТЛАРИ

«Ислом» сўзи арабчада «нафсини топшириш, бўйин эгиш, саломатликка эришиш», шунингдек, «тинчлик» маъноларини билдиради. Имоми Аъзам (раҳимаҳуллоҳу таоло) Исломни «Аллоҳу таолонинг амрларига таслим бўлиш ва бўйин эгиш» деб таърифлаган.

Бундан яхши мусулмоннинг қандай бўлиши лозимлиги ўз-ўзидан аён бўлади. Олимларимиз мусулмонда бўлиши лозим бўлган сифатларни шундай изоҳлаганлар: яхши мусулмон ҳаммадан аввал бадан ва руҳ жиҳатидан покдир.

Аллоҳу таоло Қуръони каримнинг турли жойларида: «Мен покларни севаман!» – дейди. Мусулмонлар масжидларга, уйларга оёқ кийими билан кирмайдилар. Уларнинг гиламлари ва поллари чангсиз, тоза бўлади. Ҳар бир мусулмоннинг уйида ювиниш жойи бор. Уларнинг ўзлари ҳам, ички кийимлари ҳам, таомлари ҳам доимо тоза бўлади. Шунинг учун уларда микроб ҳам, касаллик ҳам бўлмайди.

Ҳақиқий мусулмон саломатлигини сақлашни билади. У ҳаром ва заҳар бўлган маст қилувчи ичимликни истеъмол қилмайди. Хатари жуда кўп бўлган ва ҳаромлиги билдирилиб ман қилинган чўчқа гўштини емайди.

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тиб илмини турли йўллар билан мақтадилар. Масалан, у зот: «Илм иккитадир: бадан илми ва дин илми», – дедилар. Яъни илмлар ичида энг кераклиси – руҳни сақлайдиган дин илми ва баданни сақлайдиган саломатлик илмидир. Шу сўзлари билан у зот ҳаммадан аввал руҳнинг ва баданнинг бардамлиги учун ҳаракат қилишни буюрдилар. Ислом бадан илмини дин илмидан олдин ўрганишни буюради. Чунки барча яхшиликлар фақат бадан соғлом бўлгандагина қилиниши мумкин. Пайғамбаримиз Византия императори Ҳирақлга мактуб ёзиб, уни Исломга даъват қилган эдилар. Ҳирақл мактубга жавоб берган ва кўп ҳадялар юборган эди. Улардан бири бир табиб эди. Табиб келгач: «Тақсир! Император мени сизга хизмат қилиш учун юборди. Беморларингизни бепул даволайман!» – деди. Пайғамбаримиз буни қабул қилдилар. У зотнинг амрлари билан табибга бир уй беришди. Ҳар куни унга лаззатли таомлар, ичимликлар олиб бориб туришди. Кунлар, ойлар ўтди. Бирорта ҳам мусулмон табибнинг олдига келмади. Табиб уялиб, у зотнинг ҳузурларига келди ва: «Тақсир! Мен бу ерга хизмат қилиш учун келдим. Шу кунгача бирорта ҳам бемор келмади. Бекор ўтирдим. Еб-ичиб, роҳат қилдим. Энди кетай», – деб изн сўраганида, севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Ўзинг биласан. Агар яна қолсанг, меҳмонга хизмат қилиш, уни сийлаш мусулмонларнинг вазифасидир. Кетсанг ҳам, йўлинг оқ бўлсин. Фақат шуни билгинки, бу ерда йиллар бўйи қолсанг ҳам, олдингга ҳеч ким келмайди. Чунки менинг саҳобаларим касал бўлмайдилар! Ислом дини касал бўлмаслик йўлини кўрсатган. Менинг саҳобаларим тозаликка жуда эътибор берадилар. Қорни очмагунча ҳеч нарса емайдилар ва тўймасдан олдин дастурхондан турадилар».

Бу мусулмон умуман касал бўлмайди, дегани эмас. Лекин саломатлигига ва тозалигига эътибор берган мусулмон узоқ вақт соғ-саломат юради. У осонликча касал бўлмайди. Ўлим ҳақдир. Ҳеч ким ўлимдан қутула олмайди, ҳар ким бирор касаллик натижасида вафот этади. Лекин ўша вақтгача саломатлигини сақлай олиши фақат мусулмонликда буюрилган нарсаларга ва тозаликка риоя қилиш туфайлигина бўлади. Яхши мусулмон бадан тозалигига эътибор бергани каби, руҳ тозалигига ҳам жуда эътибор беради. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Мен яхши хулқларни камолига етказиш, гўзал ахлоқни дунёга ёйиш учун юборилдим». Бир ҳадиси шарифда: «Орангизда иймони юксак бўлгани – ахлоқи гўзал бўлганидир», – дейилди. Ҳатто иймон ҳам ахлоқ билан ўлчанади.

Мусулмон учун руҳ тозалиги асосдир. Ёлғон гапирадиган, ҳийла қиладиган, одамларни алдайдиган, зулм қиладиган, ноҳақлик қиладиган, диндошларига ёрдам бермайдиган, кибрланадиган, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган киши қанча ибодат қилмасин, ҳақиқий мусулмон ҳисобланмайди. Моъун сурасининг дастлабки уч оятида шундай дейилади, маъноси: «Эй Расулим! Қиёмат кунини инкор қиладиган, етимни ранжитиб, ҳаққини тортиб оладиган, фақирни тўйдирмайдиган ва бошқаларни ҳам фақирга яхшилик қилишга ундамайдиган ўша кимсани кўрдингизми?» Бундай кишиларнинг ибодати қабул бўлмайди. Ислом динида тақиқлардан сақланиш амрларни бажаришдан олдин туради. Ҳақиқий мусулмон ҳаммадан аввал тўла ва мукаммал инсондир. У очиқ юзли, ширин сўзли, тўғри сўзлидир. Ғазабланиш нима эканини билмайди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Кимга юмшоқлик берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшиликлари берилгандир».

Мусулмон ғоятда камтар бўлади. У ўзига мурожаат қилган ҳар бир кишини тинглайди ва имкон топганда ёрдам беради. Мусулмон виқорли, одобли бўлади. У оиласини ва ватанини севади. Ҳадиси шарифда: «Ватанни севиш иймондандир», – дейилган.

Аллоҳу таоло Ўз бандаларининг қандай бўлишлари лозимлигини Қуръони каримда шундай баён қилади. Фурқон сурасининг 63–69-оятларининг улуғ маъноси шундай: «Раҳмоннинг (яъни бандаларига жуда меҳрибон бўлган Аллоҳу таолонинг фазилатли) бандалари ер юзида камтарлик ва виқор билан юрадилар. Жоҳиллар уларга шилқимлик қилганда, (сизларга саломатлик, омонлик бўлсин) каби гўзал сўзлар айтиб, тўғрилик ва мулойимлик билан гуноҳдан сақланадилар. Раббилари учун сажда ва қиём қилиб (намоз ўқиб) тунни ўтказадилар (Унга ҳамд айтадилар). Улар: „Эй Раббимиз! Жаҳаннам азобини биздан узоқлаштир! Дарҳақиқат, унинг азоби доимий ва аччиқдир. Шубҳасиз, у нақадар ёмон жой, нақадар ёмон қароргоҳдир!“ – дейдилар. Улар сарф қилганларида на исроф, на бахиллик қиладилар, балки икковининг ўртасидаги йўлни тутадилар ва ҳеч кимнинг ҳаққини кесмайдилар. Улар Аллоҳу таолога шерик қўшмайдилар. Аллоҳу таоло ҳаром қилган жонга қасд қилиб, ҳеч кимни ўлдирмайдилар. (Фақат айбдорларни жазолайдилар.) Зино қилмайдилар». Ва 72–74-оятларида: «Ёлғон гувоҳлик бермайдилар. Фойдасиз ва зарарли ишлардан қочадилар. Бундай фойдасиз, зарарли ёки зўрлик билан қилинадиган бирор ишга тасодифан аралашиб қолсалар, юз ўгириб, виқор билан узоқлашадилар. Уларга Аллоҳу таолонинг оятлари эслатилганда, кўр ва карлардек кўрмасликка, эшитмасликка олмайдилар. Улар: „Эй Раббимиз, бизга завжаларимиз ва фарзандларимиздан кўзларимизни қувонтирадиган солиҳ (бизга ворис, энг хайрли ўринбосар бўладиган) кишиларни ато эт! Бизни Аллоҳу таолога осийлик қилишдан сақланувчиларга пешво қил!“ – деб ёлворадилар».

Бундан ташқари, Сафф сурасининг 2- ва 3-оятларининг улуғ маъноси шундай: «Эй иймон келтирганлар! Қилмайдиган нарсангизни нега гапирасиз? Қилмаган нарсангизни „қилдик“ дейишингиз Аллоҳ ҳузурида катта ғазабга сабаб бўлади». Бу эса бир кишининг қила олмайдиган нарсасини назр қилиши ёки бажара олмайдиган нарсасини ваъда қилиши уни Аллоҳ ҳузурида ёмон киши қилишини кўрсатади.

«Аллоҳу таолога қасамки, бир киши ўзи учун яхши кўрган нарсани дин биродари учун ҳам яхши кўрмагунича, иймони комил бўлмайди» Ҳадиси шариф

Ҳақиқий мусулмон ўз динини, онасини, отасини, устозини, раҳбарини, юртнинг катталарини ва қонунларни ғоят ҳурмат қилади. Кераксиз нарсалар билан машғул бўлмайди. Фақат фойдали нарсалар билангина шуғулланади. Қимор ўйнамайди. Вақтини беҳуда ўтказмайди.

Ҳақиқий мусулмон ибодатини адо этади. Аллоҳу таолога бўлган шукр қарзини узади. Ибодат шунчаки номига ёки фақат тақиқ ўртадан кўтарилсин деб қилинмайди. Ибодат Аллоҳу таолонинг розилиги учун қилиниши лозим. Аллоҳу таолодан қўрқиш – Уни жуда севиш демакдир. Инсон жуда севган кишисининг хафа бўлишини истамаганидек ва уни хафа қилиб қўйишдан қўрққанидек, Аллоҳу таолога ибодат ҳам Унга бўлган муҳаббатимизни исботлайдиган тарзда қилиниши лозим. Аллоҳу таоло бизга берган неъматлар шу қадар улуғки, уларнинг қарзини фақат Уни жуда севиб ва Унга чин дилдан ибодат қилибгина адо эта оламиз.

Бу ибодатлар турли-тумандир. Уларнинг бир қисми Аллоҳу таоло билан банда ўртасидадир. Аллоҳу таоло Ўзига ибодатда камчиликка йўл қўйганларни балки кечирар. Бошқаларнинг ҳаққига риоя қилиш ҳам ибодатдир. Уларга ёмонлик қилганларни ва зиммасида бошқаларнинг ҳаққи бўлганларни ҳақ эгалари кечирмагунча, У асло кечирмайди. Ҳадиси шарифларда шундай дейилди:

«Одамларга раҳм қилмаганга Аллоҳу таоло раҳм қилмайди».

«Зулмнинг олдини олиб, золимга ҳам, мазлумга ҳам ёрдам беринглар».

«Сотиб олинган бир кўйлакка берилган пулнинг ўндан тўққизи ҳалол, ўндан бири ҳаром пул бўлса, шу кўйлак билан ўқилган намозни Аллоҳу таоло қабул қилмайди».

«Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди. Унинг ёрдамига шошилади. Уни кичик ва ўзидан паст санамайди. Унинг қонига, молига, иззатига, номусига зарар етказиш ҳаромдир».

«Аллоҳу таолога қасамки, бир киши ўзига қилинишини яхши кўрган нарсани дин биродари учун ҳам яхши кўрмагунича, иймони комил бўлмайди».

«Аллоҳга қасамки, ёмонлигидан қўшниси омонда бўлмаган кишининг иймони йўқ (яъни у ҳақиқий мўмин эмас)».

Дунёда саодатга, яхшиликларга, осойишталикка эришиш ва охиратда азоблардан қутулиш учун икки нарсани қилиш лозим.

Биринчиси – Аллоҳу таолонинг амрларини бажариш. Иккинчиси – У тақиқлаган нарсалардан сақланиш. Иккинчиси биринчисидан муҳимроқ ва фойдалироқдир. Тақиқлардан сақланиш вазифасини тўла адо эта олиш учун мубоҳ, яъни рухсат берилган нарсаларни ҳаддан ортиқ қилмаслик, керагидан ортиғига ўтмаслик лозим. Чунки мубоҳ ишларда ҳаддан ошиш инсонни ҳаром иш қилишга судрайди. Ислом олимлари шундай деганлар: «Гуноҳ қилганларнинг бош эгиб туришлари амрларни бажарганларнинг мақтанишларидан кўра ёқимлироқдир».

Гуноҳлардан сақланиш ҳам иккига бўлинади. Биринчиси – Аллоҳу таолонинг ҳақларига оид тақиқлардан сақланиш. Иккинчиси – бандаларнинг ҳақлари аралашган тақиқлардан сақланиш. Иккинчиси муҳимроқдир. Чунки Аллоҳу таоло ҳеч нарсага муҳтож эмас ва жуда марҳаматлидир. Одамлар эса жуда муҳтож ва бахилдирлар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар:

«Зиммасида банда ҳаққи бўлган, махлуқларнинг молига, номусига тегган киши ўлмасдан олдин ҳалоллашсин, қарзини тўласин! Пул ҳам, мол ҳам ўтмайдиган охират кунига зиммасида банда ҳаққи билан бормасин! У куни унинг дунёда қилган ибодатлари ҳақ эгасига берилади. Ибодати бўлмаса ёки тугаса, ҳақ эгасининг гуноҳлари унга юкланади». Бир куни у зот ёнларидагиларга: «Муфлис ким эканини биласизларми?» – дедилар. Улар: «Пули, сармояси тугаган киши», – дейишди. Шунда у зот: «Яхши билиб қўйинглар: муфлис – дунёда намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган бўлса ҳам, одамларни сўккан, ғийбат қилган, бошқаларнинг молини еган, жонга қасд қилган, урган, ярадор қилган кишидир. Охиратда унинг савоблари ҳақ эгаларига берилади, савоблари тугаса, ҳақ эгаларининг гуноҳлари унга юкланиб, у жаҳаннамга ташланади», – дедилар.

Муҳаммад Маъсум Форуқий Сирҳиндий ҳазратлари «Мактубот» китобининг иккинчи жилдидаги 110-мактубида шундай дейдилар: «Гуноҳ қилгач, дарҳол тавба қилиш лозим. Яширин гуноҳнинг тавбаси яширин, очиқ қилинган гуноҳнинг тавбаси очиқ бўлади. Тавбани кечиктирмаслик керак. Кироман котибин фаришталари гуноҳни дарҳол ёзмайдилар. Тавба қилинса, умуман ёзилмайди. Тавба қилинмаса, ёзадилар. Жаъфар ибн Синон (қуддиса сирруҳ) шундай деди: „Гуноҳидан тавба қилмаган киши ўлимидан олдин тавба қилиши лозим“. Вараъни ва тақвони қўлдан бермаслик керак. Тақво – очиқ-ойдин тақиқланган нарсаларни, вараъ эса шубҳали нарсаларни ҳам қилмасликдир. Тақиқланганлардан сақланиш буюрилганларни бажаришдан фойдалироқдир. Улуғларимиз шундай деганлар: „Яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам яхшилик қиладилар. Лекин фақат сиддиқлар, яхшиларгина гуноҳдан сақланадилар…“ Ҳадиси шарифда: „Қиёмат куни Аллоҳу таолонинг ҳузурига етишадиганлар – вараъ ва зуҳд эгаларидир“, – дейилди. Яна бир ҳадиси шарифда: „Вараъ эгасининг намози мақбул бўлади“, бошқа бир ҳадиси шарифда эса: „Вараъ эгаси билан бирга бўлиш ибодатдир. У билан суҳбатлашиш садақа бериш каби савобдир“, – дейилди. Шубҳа қилган ишларингда қалбингдан маслаҳат сўра! Қалбинг сесканган ишни қилма! Нафсингга эргашма!»

«Ҳикмат ўн бўлакдир. Унинг тўққизи – узлатда. Бири – оз гапиришда» Ҳадиси шариф

Ҳадиси шарифларда шундай дейилди: «Нафсга осойишталик, қалбга роҳат берадиган иш – яхши ишдир. Нафсни туғёнга келтирадиган, қалбни ҳаяжонга соладиган иш – гуноҳдир». «Ҳалол нарсалар аниқ, ҳаромлар ҳам билдирилган. Шубҳали нарсалардан сақланинглар. Шубҳасиз билганларингизни қилинглар!» Бу ҳадиси шарифлар шубҳа қилинган ва қалбни сиқадиган нарсани қилмаслик лозимлигини кўрсатади. Шубҳа қилинмаганни қилиш эса жоиздир. Бир ҳадиси шарифда: «Аллоҳу таоло Қуръони каримда ҳалол қилган нарсалар ҳалолдир. У Қуръони каримда билдирмаган нарсаларни афв қилади», – дейилди. Шубҳали бир нарсага дуч келганда, қўлни кўкракка қўйиш керак. Юрак уриши тезлашмаса, у ишни қилса бўлади. Агар юрак қаттиқроқ ура бошласа, қилмаслик керак. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Қўлингни кўксингга қўй! Ҳалол нарсада юрак тинч бўлади. Ҳаром нарсада юрак потирлаб уради. Шубҳага тушсанг, қилма. Дин одамлари фатво берсалар ҳам, қилма!»

Иймони бор киши катта гуноҳга тушмаслик учун кичик гуноҳдан ҳам қочади. Барча ибодатларини, яхшиликларини нуқсонли деб билиш керак. Аллоҳу таолонинг амрларини тўла бажармадим, деб ўйлаш керак. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Манозил (қуддиса сирруҳ) шундай деди: «Аллоҳу таоло турли ибодатларни билдирди. У сабрни, садоқатни, намозни, рўзани ва саҳар вақтларида истиғфор айтишни буюрди. Истиғфорни энг охирида айтди. Шу тариқа бандага ибодатларини, яхшиликларини нуқсонли кўриб, уларнинг ҳаммаси учун афв ва мағфират сўраш лозим бўлди».

Жаъфар ибн Синон шундай деди: «Ибодат, яхшилик қилганларнинг ўзларини гуноҳ қилганлардан устун кўришлари уларнинг гуноҳларидан ҳам ёмонроқдир».

Али Муртаиш ҳазратлари муборак Рамазон ойининг йигирманчи кунидан кейин эътикофни тарк этиб, масжиддан чиқдилар. «Нега чиқдингиз?» – деб сўрашганда, у киши: «Ҳофизларнинг тағанний билан ўқишларини ва бу билан мақтанишларини кўриб, ичкарида тура олмадим», – деб жавоб бердилар.

Ўзининг ва бола-чақасининг ризқини ҳалолдан топиш учун меҳнат қилиш керак. Бунинг учун савдо, ҳунар билан шуғулланиш лозим. Салафи солиҳин (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмаъийн) доимо шундай меҳнат қилиб топар эдилар. Ҳалол касбнинг савобларини билдирадиган жуда кўп ҳадиси шарифлар бор. Муҳаммад ибн Солим ҳазратларидан: «Меҳнат қилиб топайликми ёки фақат ибодат қилиб, таваккул қилайликми?» – деб сўрашганда, у киши: «Таваккул қилиш – Расулуллоҳнинг ҳолларидир. Меҳнат қилиб топиш эса у зотнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) суннатларидир. Меҳнат ҳам қилинглар, таваккул ҳам қилинглар», – дедилар.

Абу Муҳаммад ибн Манозил: «Меҳнат қилиб таваккул қилиш бир бурчакка чекиниб ибодат қилишдан хайрлироқдир», – деди. Ейиш-ичишда мўътадилликни сақлаш керак. Бўшашиш келтирадиган даражада кўп емаслик керак. Ибодат қила олмайдиган даражада парҳез ҳам қилмаслик керак. Буюк авлиёлардан Шоҳи Нақшбанд (қуддиса сирруҳ) шундай деди: «Яхши е, яхши ишла!» Сўзнинг қисқаси, ибодат ва яхшилик қилишга ёрдам берадиган ҳар бир нарса яхши ва муборакдир. Ҳар бир яхши ишда ниятга эътибор бериш керак. Яхши ният бўлмаса, у ишни қилмаслик керак.

Исломга эргашмаганлардан, бидъат ва гуноҳ қилувчилардан узоқ туриш ва улар билан кўришмаслик керак. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Ҳикмат ўн бўлакдир. Унинг тўққизи – узлатда. Бири – оз гапиришда».

Бундай кишилар билан фақат зарурат миқдорида кўришиш керак. Кўнгилхушлик вақти – ўлимдан кейин. Солиҳ, пок мусулмонлар (раҳматуллоҳи таоло алайҳим ажмаъийн) билан кўришиш, уларга фойдали бўлиш ва улардан фойдаланиш керак. Кераксиз, фойдасиз сўзлар билан вақтни зое қилмаслик керак.

Яхшига ҳам, ёмонга ҳам – ҳаммага очиқ юз кўрсатиш керак. Фитна чиқармаслик, душман орттирмаслик керак. Ҳофиз Шерозийнинг «Дўстларга тўғрисини айтиш, душманлар билан эса очиқ юз ва ширин тил билан муомала қилиш керак» деган сўзига амал қилиш лозим. Узр сўраганларни кечириш керак. Ҳаммага нисбатан яхши хулқли бўлиш керак. Ҳеч кимнинг сўзига қарши чиқмаслик, баҳслашмаслик керак. Ҳаммага юмшоқ гапириш, қўпол гапирмаслик керак.

Шайх Абдуллоҳ Баял (қуддиса сирруҳ) шундай деди: «Тасаввуф – намоз, рўза ва кечалари ибодат қилиш эмас. Буларни қилиш ҳар бир инсоннинг бандалик вазифасидир. Тасаввуф – одамларни ранжитмасликдир. Бунга эришган киши мақсадига етган бўлади».

Авлиёни бошқа одамлардан қандай ажратиш мумкинлигини Муҳаммад ибн Солим ҳазратларидан сўрашди. У киши: «Сўзларининг юмшоқлигидан, хулқларининг гўзаллигидан, юзларининг очиқлигидан, эҳсонларининг мўллигидан, суҳбатда эътироз қилмасликларидан, узр сўраганларни кечиришларидан ва ҳаммага марҳаматли бўлишларидан билинади», – дедилар.

Абу Аҳмад Маккарий ҳам шундай деди: «Футувват – сени ранжитган кишига яхшилик қилиш, ёқтирмаган кишингга эҳсон қилиш ва ўзингга оғир ботган кишига очиқ юз кўрсатишдир».

Оз гапириш, оз ухлаш ва оз кулиш керак. Қаҳқаҳа билан кулиш қалбни қорайтиради. Меҳнат қилиш, лекин унинг ажрини Аллоҳу таолодан кутиш керак. Унинг амрларини бажаришдан лаззат топиш керак. Фақат Унга таянсанг, У ҳар бир тилагингни ато қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Аллоҳу таоло фақат Унга таянган кишининг ҳар бир тилаганини беради ва барча одамларни унга ёрдамчи қилади».

Яҳё ибн Муоз Розий шундай деди: «Аллоҳу таолони қанча севсанг, ҳамма сени шунча севади. Аллоҳу таолодан қанча қўрқсанг, ҳамма сендан шунча қўрқади. Аллоҳу таолога қанча бандалик қилсанг, ҳамма сенга шунча ёрдам беради. Ўз манфаатинг кетидан чопма».

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ Роший (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) шундай деди: «Аллоҳу таоло билан инсон орасидаги энг катта парда – инсоннинг ўз нафсини ўйлаши ва ўзи каби ожиз бир бандага таянишидир. Одамларнинг эмас, Аллоҳу таолонинг муҳаббатига эришишни ўйлаш керак». Оилага ва болаларга нисбатан ширин сўзли ва очиқ юзли бўлиш керак. Улар билан уларнинг ҳақларини адо эта оладиган даражада бирга бўлиш керак. Лекин уларга Аллоҳу таолодан юз ўгирадиган даражада боғланиб қолмаслик керак.

Дин ишларида жоҳил ва фосиқ дин одамларидан маслаҳат сўрамаслик керак. Дунёга берилганлар билан бирга бўлмаслик керак. Ҳар бир ишда суннатга эргашиш, бидъатдан сақланиш керак. Хурсандчилик пайтларида Ислом доирасидан чиқмаслик, қийин лаҳзаларда Аллоҳу таолодан умид узмаслик керак. Ҳар бир қийинчилик ёнида енгиллик борлигини унутмаслик керак. Хурсандчиликда ҳам, қайғуда ҳам кишининг ҳоли ўзгармаслиги, у бойликда ҳам, камбағалликда ҳам бир хил ҳолатда бўлиши керак. Ҳатто камбағалликда роҳат ҳис қилиш, бойликда эса сиқилиш керак. Ҳодисаларнинг ўзгариши инсонни ўзгартирмаслиги керак.

«Оиласи кўп, ризқи оз бўлиб, намозларини яхши ўқиган ва ғийбат қилмаган киши қиёмат куни менинг ёнимда бўлади» Ҳадиси шариф

Ҳеч кимнинг айбига қарамаслик, ўз айбларингни кўриш керак. Ўзингни бирорта ҳам мусулмондан устун деб билмаслик керак. Ҳар бир мусулмонни ўзингдан юқори тутиш керак. Ҳар бир мусулмоннинг дуоси билан саодатга эришиш мумкин, деб ишониш керак. Зиммангда ҳаққи бўлганларнинг қули каби бўлиш керак. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Уч нарсани қилган мусулмоннинг иймони комилдир: оиласига хизмат қилиш, фақирлар орасида ўтириш (тиланчилар орасида эмас) ва хизматкори билан бирга таом ейиш». Бу уч нарса мўминларнинг аломати экани Қуръони каримда билдирилган. Салафи солиҳиннинг ҳолларини ўрганиш, улар каби бўлишга ҳаракат қилиш керак. Ҳеч кимни ғийбат қилмаслик, ғийбат қилувчини ман этиш керак. (Бир кишининг орқасидан у эшитса ранжийдиган нарсани гапирганда, сўз тўғри бўлса, бу ғийбат бўлади. Ёлғон бўлса, бўҳтон бўлади. Иккаласи ҳам катта гуноҳдир.) Амри маъруф ва наҳйи мункар қилишни одат қилиш керак.

Ҳадиси шарифда: «Оиласи кўп, ризқи оз бўлиб, намозларини яхши ўқиган ва ғийбат қилмаган киши қиёмат куни менинг ёнимда бўлади», – дейилди. Мусулмон мусулмон биродарининг эҳтиёжларини қондиради, уни хурсанд қилади. Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Улар бир-бирларини ранжитмайдилар, хафа қилмайдилар. Ким дин биродарининг бирор ишига ёрдам берса, Аллоҳу таоло ҳам унинг ишини осон қилади. Ким бир мусулмоннинг қийинчилигини кетказиб, уни хурсанд қилса, Аллоҳу таоло уни қиёмат кунининг энг оғир дамларида қийинчиликдан қутқаради. Ким бир мусулмоннинг айбини, нуқсонини яширса, Аллоҳу таоло қиёмат куни унинг айбини яширади». «Ким дин биродарига ёрдамчи бўлса, Аллоҳу таоло ҳам унга ёрдамчи бўлади».

«Аллоҳу таоло баъзи бандаларини бандаларнинг эҳтиёжларини қондириш, уларга ёрдамчи бўлиш учун яратган. Эҳтиёжи бўлганлар уларга мурожаат қиладилар. Улар учун охиратда азоб хавфи бўлмайди».

«Ким дин биродарининг бирор ишини бажариш учун борса, ҳар бир қадамида унинг кўп гуноҳлари кечирилади ва етмиш савоб берилади. Бу иш битгунча шундай давом этади. Иш бажарилгач, унинг барча гуноҳлари кечирилади. Бу ишни бажараётганда вафот этса, сўроқ-саволсиз жаннатга киради».

«Ким дин биродарининг роҳатга эришиши ёки қийинчиликдан қутулиши учун ҳукумат одамлари ҳузурига бориб ҳаракат қилса, қиёмат куни Сирот кўпригида ҳамманинг оёғи тойиб кетаётган пайтда унинг тез ўтиши учун Аллоҳу таоло ёрдам беради».

«Дин биродарингга очиқ юзли бўлиш, унга яхши нарсаларни ўргатиш, уни ёмонлик қилишдан қайтариш, бегона кишига излаган жойини кўрсатиш, кўчадан тош, тикан, суяк ва шунга ўхшаш зарарли, хунук, ифлос нарсаларни олиб ташлаш, бошқаларга сув бериш – буларнинг ҳаммаси садақадир» Ҳадиси шариф

«Аллоҳу таоло энг яхши кўрадиган иш – мўминга кийим бериб ёки уни тўйдириб, ёки бошқа бир эҳтиёжини қондириб, уни хурсанд қилишдир».

«Ким бир мўминга яхшилик қилса, Аллоҳу таоло бир фаришта яратади. Бу фаришта доимо ибодат қилади. Унинг ибодатларининг савоби ўша кишига берилади. Бу киши вафот этиб, қабрга қўйилгач, бу фаришта нурли ва ёқимли қиёфада унинг қабрига келади. Фариштани кўргач, у киши енгил тортади, шодланади. „Сен кимсан?“ – деб сўрайди. Фаришта: „Мен – сенинг фалон кишига қилган яхшилигинг ва унинг қалбига солган шодлигингман. Аллоҳу таоло мени бугун сени хурсанд қилиш, сенга шафоат қилиш ва жаннатдаги жойингни сенга кўрсатиш учун юборди“, – дейди».

«Инсон гўзал хулқи сабабли жаннатнинг энг юксак даражаларига эришади. (Нафл) ибодатлар инсонни бу даражаларга етказа олмайди. Ёмон хулқ инсонни жаҳаннамнинг энг паст чуқурларига судрайди». «Салом бераётганда очиқ юзли бўлган кишига садақа берувчилар эришадиган савоблар берилади».

«Дин биродарингга очиқ юзли бўлиш, унга яхши нарсаларни ўргатиш, уни ёмонлик қилишдан қайтариш, бегона кишига излаган жойини кўрсатиш, кўчадан тош, тикан, суяк ва шунга ўхшаш зарарли, хунук, ифлос нарсаларни олиб ташлаш, бошқаларга сув бериш – буларнинг ҳаммаси садақадир».

«Жаннатда шундай кўшклар борки, улар ичида бўлган киши истаган ҳар бир жойни кўради ва истаган ҳар бир жойга ўзини кўрсатади». Абу Молик Ашъарий: «Бундай кўшклар кимларга берилади?» – деб сўраганида, Пайғамбаримиз: «Ширин сўзли, қўли очиқ ва ҳамма ухлаган пайтда Аллоҳу таолонинг борлиги, улуғлиги ҳақида тафаккур қиладиган ва Унга ёлворадиганларга берилади», – дедилар.

Ҳақиқий мусулмон хурофотларга ишонмайди. У сеҳрга, шумликка, фолга, афсунга, Қуръони каримдан бошқа нарсалар ёзилган туморларга, кўк мунчоққа, коҳинликка ва шунга ўхшаш нарсаларга, уларнинг албатта таъсир қилишига, қабрларга шам ёқишга, сим ва ип боғлашга эътибор бермайди ва ўзини каромат эгаси деб даъво қиладиган фирибгарларга алданмайди. Бу ботил, бузуқ нарсаларнинг кўпи аслида бизга бошқа динлардан ўтган. Баъзи дин одамларидан «каромат» кутадиганларга буюк Ислом олими имоми Раббоний (раҳимаҳуллоҳу таоло) шундай дейди: «Одамлар дин одамларидан каромат кутадилар. Улардан баъзиларининг каромати йўқ, лекин улар бошқалардан кўра Аллоҳу таолога яқинроқдирлар. Энг катта каромат – Исломни ўрганиш ва унга мувофиқ яшай олишдир».

Бошқа диндан бўлсалар ҳам, одамларга доимо ширин тил ва бағрикенглик билан мурожаат қилиш Қуръони каримда буюрилади. Мусулмон бўлмаган кишининг юзига «кофир», «динсиз» деб, кўнглини ранжитиш гуноҳ экани ва шундай деган кишини жазолаш лозимлиги фиқҳ китобларида ёзилган. Мақсад – ҳаммага Ислом динининг улуғлигини тушунтиришдир. Бу жиҳод ҳам фақат ширин тил, сабр, илм ва иймон билангина бўлади. Бировни бирор нарсага ишонтирмоқчи бўлган кишининг аввало ўзи унга ишониши шарт. Мўмин эса ҳеч қачон сабрини йўқотмайди ва ишонган нарсасини тушунтиришда қийналмайди. Ислом дини каби очиқ ва мантиқли бирорта ҳам дин йўқ. Бу диннинг ягона ҳақ дин эканини осонлик билан исботлаш мумкин. Қисқаси, ҳақиқий мусулмон – барча яхши хулқларга эга, виқорли, гўзал табиатли, бадан ва руҳ жиҳатидан пок, ҳар жиҳатдан ишончга лойиқ бўлган мукаммал инсондир. Агар барча одамлар Ислом динини қабул қилсалар, дунёда на ёмонлик, на ҳийла, на уруш, на зўравонлик, на зулм қолар эди. Шунинг учун тўла ва мукаммал мусулмон бўлишга ҳаракат қилиш ва мусулмонликнинг асосини, нозик жиҳатларини тушунтириб, уни бутун дунёга ёйиш барча мусулмонларнинг бўйнидаги қарздир.