Севимли Пайғамбарим

МУҲАММАД АЛАЙҲИССАЛОМГА ТОБЕ БЎЛИШ

Муҳаммад алайҳиссаломга тобе бўлиш, яъни у зотга эргашиш – у зотнинг юрган йўлларидан юриш демакдир. У зотнинг йўллари – Қуръони карим кўрсатган йўлдир. Бу йўлга Дини Ислом дейилади. У зотга эргашиш учун аввал иймон келтириш, мусулмонликни яхшилаб ўрганиш, кейин фарзларни адо этиб, ҳаромлардан сақланиш, ундан сўнг суннатларни бажариб, макруҳлардан сақланиш лозимдир. Булардан кейин мубоҳларда ҳам у зотга эргашишга ҳаракат қилиш керак. Иймон келтириш – у зотга тобе бўлишни бошлаш ва саодат эшигидан ичкари кириш демакдир.

Аллоҳу таоло у зотни дунёдаги барча инсонларни саодатга даъват қилиш учун юборди ва Сабаъ сурасининг 28-оятида шундай марҳамат қилди, маъноси: «Эй севимли Пайғамбарим! Мен сизни дунёдаги барча инсонларга абадий саодат хушхабарини бериш ва бу саодат йўлини кўрсатиш учун юбормоқдаман».

Масалан, у зотга эргашган бир кишининг кун ўртасида бир оз мизғиб олиши у зотга эргашмасдан кўп кечаларни ибодат билан ўтказишдан неча-неча баробар қимматлироқдир. Чунки «қайлула» қилиш, яъни пешиндан олдин бир оз ётиш у зотнинг муборак одатлари эди. Ёки, масалан, у зот келтирган дин буюргани учун ҳайит куни рўза тутмасдан еб-ичиш динда бўлмаган, йиллар бўйи тутилган рўзалардан қимматлироқдир. У зот келтирган диннинг амри билан фақирга берилган закот ўз хоҳиши билан тоғдек олтин садақа қилишдан афзалроқ ва фазилатлироқдир.

Бир куни ҳазрати Умар бомдод намозини жамоат билан ўқигандан кейин жамоатга кўз ташлаб, бир кишини кўрмагач, у ҳақда сўради. Саҳобалар: «У кечалари тонггача ибодат қилади. Балки ҳозир уни уйқу элитгандир», – дейишди. Амирул мўминин: «Кошки кечаси билан ухлаб, бомдод намозини жамоат билан ўқиганида эди, яхшироқ бўларди», – деди.

Исломга эргашмасдан машаққат чекиб, мужоҳада қилувчилар нафсларини сусайтирсалар ҳам, Исломга мувофиқ қилмаганлари учун уларнинг уринишлари қийматсиз ва арзимасдир. Агар бу меҳнатлари учун бирор ҳақ ҳосил бўлса ҳам, дунёда бир неча манфаатдан бошқа ҳеч нарса қўлларига тегмайди. Ҳолбуки, бутун дунёнинг қиймати ва аҳамияти нима эдики, унинг бир неча зарраси эътиборли бўлса? Улар, масалан, оддий, оғир ишларни қиладиган кишиларга ўхшайдилар: ҳаммадан кўп ишлайдилар ва чарчайдилар, ҳақлари эса қилган ишларига нисбатан ҳаммадан камроқдир. Исломга тобе бўлганлар эса нафис жавоҳирлар ва қимматбаҳо олмослар билан машғул бўлган заргарларга ўхшайдилар. Уларнинг иши оз, даромадлари эса жуда кўпдир. Баъзан уларнинг бир соатлик меҳнати юз минглаб йиллик даромад келтиради. Бунинг сабаби шуки, Исломга мувофиқ бўлган амални Ҳақ таоло қабул қилади, ундан рози бўлади, шунинг учун уни жуда ёқтиради. Бундай эканини У Ўз Китобининг кўп жойларида билдирган.

Масалан, Оли Имрон сурасининг 31-оятида шундай марҳамат қилади, маъноси:

«Эй севимли Пайғамбарим! Уларга айтинг: „Агар Аллоҳу таолони севсангизлар ва Аллоҳу таолонинг ҳам сизларни севишини истасангизлар, менга тобе бўлинглар! Аллоҳу таоло менга тобе бўлганларни севади“».

Муҳаммад алайҳиссаломга тобе бўлиш – Ислом аҳкомини ёқтириб, севиб бажариш, у зотнинг амрларини ва Ислом қадрлайдиган, устун тутадиган нарсаларни, Исломнинг олимларини, солиҳларини улуғ деб билиб, ҳурмат қилиш ва у зот келтирган динни ёйишга ҳаракат қилиш, у зот келтирган динга эргашишни истамаганларни, уни ёқтирмаганларни, унга парво қилмаганларни эса паст санаш демакдир.

«Эй севимли Пайғамбарим! Мен сизни дунёдаги барча инсонларга абадий саодат хушхабарини бериш ва бу саодат йўлини кўрсатиш учун юбормоқдаман» Сабаъ: 28

Исломга мувофиқ бўлмаган нарсаларнинг ҳеч бирини Ҳақ таоло севмайди, ёқтирмайди. У севмаган, ёқтирмаган нарсага савоб бериладими? Аксинча, у жазога сабаб бўлади. Икки жаҳон саодатига эришиш фақат ва фақат дунё ва охират сарвари бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга тобе бўлишга боғлиқдир. У зотга тобе бўлиш учун иймон келтириш, Ислом аҳкомини ўрганиш ва уларни ҳаққи билан адо этиш лозимдир. Охиратда жаҳаннамдан қутулиш фақат Муҳаммад алайҳиссаломга тобе бўлганларга хосдир. Дунёда қилинган барча яхшиликлар, барча кашфлар, барча ҳоллар ва барча илмлар Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлларида бўлиш шарти билангина охиратда фойда беради. Акс ҳолда Аллоҳу таолонинг Пайғамбарига тобе бўлмаганларнинг қилган ҳар бир яхшилиги дунёда қолади ва уларнинг охиратлари хароб бўлишига сабаб бўлади. Яъни яхшилик шаклида кўринган нарса истидрождан бошқа нарса бўла олмайди. Муҳаммад алайҳиссаломга тўла ва нуқсонсиз тобе бўла олиш учун у зотни тўла ва нуқсонсиз севиш лозимдир. Тўла ва комил муҳаббатнинг аломати эса у зотнинг душманларидан узоқ туриш, у зотни ёқтирмаганларни севмасликдир. Муҳаббатга мудоҳана, яъни бўшанглик сиғмайди. Ошиқлар маҳбубларининг девонаси бўлиб, унинг амрларидан бир лаҳза ҳам ажралмайдилар. Унга қарши борганлар билан бирга бўлмайдилар. Икки зид нарсанинг муҳаббати бир қалбда бўлмайди. Яъни жамъи зиддайн муҳолдир. Бу дунё неъматлари ўткинчи ва алдамчидир. Бугун қўлда бўлган нарса эртага бошқаники бўлади. Охиратда қўлга тегадиганлар эса чексиздир ва улар дунёда экандаёқ касб қилинади. Бу бир неча кунлик умр дунё ва охиратнинг энг қимматли инсони бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга тобе бўлиб ўтказилса, абадий саодат, чексиз нажот ва қутулиш умид қилинади. Акс ҳолда у зотга тобе бўлмагунча, ҳар нарса ҳечдир. У зотга эргашмагунча, қилинган ҳар бир хайр, яхшилик шу ерда қолади, охиратда қўлга ҳеч нарса тегмайди. У зотга эргашишнинг кичкина бир зарраси бутун дунё неъматларидан ва охират саодатларидан неча-неча баробар афзалдир. Инсонликнинг фазилати ва шарафи – у зотга тобе бўлишдир. Расулуллоҳга эргашиш учун мусулмонларнинг Аҳли суннатнинг тўрт ҳақ мазҳабидан бирида бўлишлари асосий шартдир. Пайғамбаримизга иймон келтириб, у зотнинг олиб келганларини тасдиқ қилиш, у зотни севиб, итоат қилиш, насиҳатларини қабул қилиш, у зотга ҳурмат ва таъзим кўрсатиш фарздир. Бу ҳақда Аллоҳу таоло шундай марҳамат қилади, маъноси: «Ундай бўлса, ҳидоятга (тўғри йўлга) эришишингиз учун Аллоҳу таолога ва Унинг уммий набийси бўлган Расулига иймон келтиринглар, унга тобе бўлинглар».1 Ва: «Ким Аллоҳу таолога ва Унинг Пайғамбарига иймон келтирмаса, (билиб қўйсинки,) Биз ўша кофирлар учун алангали (даҳшатли ва қўрқинчли) бир олов тайёрлаб қўйганмиз».2 Яҳё ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Саъид, Умайя ибн Бустон ва Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Саъид билдиришларича, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мана бу ҳадиси шарифни ривоят қилди. Расулуллоҳ шундай дедилар: «Одамлар Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бермагунларича ва менга ҳамда мен олиб келган нарсага (Исломга) иймон келтирмагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Буни қилганларида (иймон келтирганларида) молларини ва жонларини мендан сақлаб қоладилар. Фақат Исломнинг ҳаққи бундан мустаснодир (яъни бир мусулмон гуноҳ қилган бўлса, унга Ислом белгилаган жазо берилади). Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳга қолгандир».3

«Ким менга итоат қилса, Аллоҳу таолога итоат қилган бўлади. Ким менга осийлик қилса, Аллоҳу таолога осийлик қилган бўлади» Ҳадиси шариф

«Ким менга итоат қилса, Аллоҳу таолога итоат қилган бўлади. Ким менга осийлик қилса, Аллоҳу таолога осийлик қилган бўлади. Менинг амримга итоат қилган киши менга итоат қилган, амрларимга осийлик қилган киши менга осийлик қилган бўлади».

«Менга итоат қилган ва мен олиб келганларга эргашган кишининг ҳоли билан менга осийлик қилган ва мен олиб келганларни ёлғонга чиқарган кишининг ҳоли мана бу одамнинг ҳолига ўхшайди: у бир уй қурдирган, (одамларга катта зиёфат бериш учун) турли лаззатли таомлар тайёрлаган ва одамларни таомга чақириш учун бир кишини тайинлаган. Даъватни қабул қилган киши уйга киради ва тайёрланган таомлардан истаганича ейди. Даъватни қабул қилмаган киши эса уйга кира олмайди ва тайёрланган таомлардан ея олмайди. Уй – (Расулуллоҳнинг даъватини қабул қилган тақводорлар учун тайёрланган) жаннатдир. (Аллоҳу таолога ва Унинг неъматлари билан тўла жаннатга) даъват қилувчи эса – Муҳаммад алайҳиссаломдир. Ким Муҳаммад алайҳиссаломга осийлик қилса, Аллоҳу таолога осийлик қилган бўлади. Муҳаммад алайҳиссалом – одамларни у зотни тасдиқ қилган мўминлар ва у зотни ёлғончига чиқарган кофирлар деб бир-биридан ажратувчидир».

«Менинг суннатимни ва мендан кейин хулафои рошидиннинг суннатларини маҳкам тутинглар. Унга бор кучингиз билан, синчковлик билан ёпишинглар. (Динда) кейин пайдо қилинган (Қуръони каримда, суннатда, уммат ижмоъида ва фақиҳлар қиёсида бўлмаган) нарсалардан сақланинглар.

Чунки (динда) кейин пайдо қилинган ҳар бир нарса бидъатдир. Ҳар бир бидъат эса залолатдир».4

Анас ибн Моликнинг Расулуллоҳга эргашиш ҳақида ривоят қилган ҳадиси шарифида Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Ким менинг суннатимни тирилтирса (у билан амал қилиб, уни ёйса), мени тирилтирган бўлади (шонимни юксалтирган, амримни зоҳир қилган бўлади). Мени тирилтирган киши эса жаннатда мен билан бирга бўлади».

Пайғамбаримиз Билол ибн Ҳорисга шундай дедилар: «Ким Исломда суннати ҳасана жорий қилса, унинг савобига ва уни қилганларнинг савобларига эришади. Ким Исломда ёмон бир йўл очса, унинг гуноҳи ва уни қилганларнинг гуноҳлари унга берилади».5

Умар ибн Абдулазиз ҳазратлари шундай дедилар: «Расулуллоҳ гўзал бир йўл очдилар. У зотдан кейин халифалари ҳам йўллар очдилар. Расулуллоҳнинг суннати ва у зотдан кейинги халифаларининг суннатлари билан амал қилиш Аллоҳу таолонинг Китобига мувофиқ иш тутиш демакдир. Аллоҳу таолога ва Пайғамбаримизга итоат қилиш – Аллоҳу таолонинг динини қувватлантиришдир. Исломни бузишга ва ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ». Суннатга хилоф иш тутганларнинг сўзлари билан амал қилиш ҳам жоиз эмас. Пайғамбаримизнинг ва саҳобаи киромнинг суннатларига эргашганлар ҳидоятга эришдилар. Улардан ким ёрдам сўраса, ёрдам топди. Ким суннати шарифларга хилоф иш тутса ва улар билан амал қилмаса, мусулмонлар юрган йўлдан бошқа йўлга кирди. Аллоҳу таоло бундай кишини ўзи танлаган йўлда қолдиради, унга ёмон ишлар қилишга йўл қўяди ва уни жаҳаннамга ташлайди. Бориладиган жой сифатида жаҳаннам энг ёмон жойдир.

Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратлари шундай дедилар: «Бир куни бир жамоат орасида эдим. Улар бутунлай ечиниб, сувга тушишди. Мен эса „Ким Аллоҳу таолога ва охират кунига иймон келтирса, ҳаммомга (аврат жойларини ёпмасдан) кирмасин“ деган ҳадиси шарифга эргашиб, ечинмадим. Ўша кечаси тушимда бир киши менга: „Эй Аҳмад! Сенга хушхабар бўлсин! Расулуллоҳнинг суннатига эргашганинг учун Аллоҳу таоло сени мағфират қилди. Сени имом қилди. Одамлар сенга эргашадилар“, – деди. „Сиз кимсиз?“ – деб сўраганимда, у: „Мен Жаброилман“, – деди». Ким ҳар бир ишида Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тобе бўлмаса, мўмин бўла олмайди. У зотни ўз жонидан ҳам ортиқ севмаса, иймони комил бўлмайди. У зот – барча инсонларнинг ва жинларнинг пайғамбаридирлар.

Ҳар асрда яшайдиган ҳар бир миллатга у зотга тобе бўлиш вожибдир. Ҳар бир мўмин у зот келтирган динга ёрдам бериши, у зотнинг гўзал ахлоқлари билан ахлоқланиши, муборак исмларини кўп айтиши, исмларини айтганда ва эшитганда ҳурмат ва муҳаббат билан салоту салом айтиши, муборак жамолларини кўришга ошиқ бўлиши, у зот олиб келган Қуръони каримни ва динни севиши ва ҳурмат қилиши лозимдир.

Ҳаводан сўзламасдилар, пок нутқлари бари ваҳий эди,
Ҳикмат дурлари ила тўла уммон эдилар ул карам кони.
Таналари халқ ичра эди, кўнгиллари Дўст ила танҳо,
Кўпликда бирликни топардилар ҳар он ул карам кони.
Салоту салом бўлсин у зотга, оилаю саҳобаларига,
Ки уларни ўзларига ёрон қилдилар ул карам кони.
Кел, эй Ҳаққий, унут халқни, Ҳақ Ҳабибидан ол хулқни,
Ки ҳусни хулқни Ҳақдан туҳфа олган эдилар ул карам кони.
İbrâhîm Hakkı Erzurumî

«Аллоҳу таоло жуда севган киши – ўз динини ўрганган ва уни бошқаларга ўргатган кишидир. Динингизни Ислом олимларининг оғзидан ўрганинглар!» Ҳадиси шариф

Мадинаи мунаввара [1890]