Севимли Пайғамбарим

БОЛАЛИКЛАРИ

Сут онага берилишлари

Омина онамиз нурли гўдагини қучоғига олганда, эри ҳазрати Абдуллоҳнинг вафотидан чеккан изтиробини унутгандек бўлди. Пайғамбаримизни оналари тўққиз кун эмизгандан кейин бир неча кун Абу Лаҳабнинг жорияси Сувайба хоним у зотга сут оналик қилди. Сувайба хоним бундан олдин ҳазрати Ҳамзани, кейинроқ эса Абу Саламани ҳам эмизган эди. Ҳофиз Ибн Жазарий шундай дейди: «Абу Лаҳабни тушда кўриб, аҳволи қандайлигини сўраганларида, у шундай деди: „Қабр азобини тортяпман. Аммо ҳар йили Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи кечаларида азобим енгиллашади. Икки бармоғим орасидан чиқаётган салқин сувни сўриб, роҳатланаман. Расулуллоҳ дунёга келган кечаси Сувайба исмли жориям менга шу хушхабарни келтирган эди. Мен севинганимдан уни озод қилдим ва унга сут оналик қилишни буюрдим. Шунинг учун бу кечаларда азобим енгиллашади“.» Ўша замонда маккаликларда болаларини сут онага бериш одати бор эди. Болаларни яқин атрофдаги ҳавоси тоза, суви ширин яйловларга юборар эдилар; улар бир муддат сут оналарининг ёнида яшар эдилар. Бунга Макканинг иссиқ ҳавоси сабаб эди. Ҳар йили шу мақсадда Маккага кўплаб аёллар келар эди. Уларнинг ҳар бири эмизиш учун биттадан бола олиб кетар эди. Болаларни катта қилиб, қайтариб топширганларида, кўп ҳақ ва совғалар олар эдилар. Пайғамбаримиз туғилган йиллари ҳам, ҳар йилгидек, яйловларда яшайдиган Бану Саъд қабиласидан кўплаб аёллар сут оналик қилиш нияти билан Маккага келдилар. Уларнинг ҳар бири эмизиш учун биттадан бола олиб бўлган эди. Бану Саъд қабиласи Макка атрофидаги қабилалар орасида шарафи, сахийлиги, мардлиги, камтарлиги ва араб тилида равон сўзлаши билан жуда машҳур эди. Қурайшнинг кўзга кўринган кишилари болаларини кўпроқ шу қабилага беришни истар эдилар. Ўша йили Бану Саъд қабиласининг юртида қаттиқ қурғоқчилик ва қаҳатчилик ҳукм сурар эди. Бу қабиладан бўлган Ҳалима хоним ўша аҳволни шундай ҳикоя қилади: «Ўша йили мен қирларни кезиб, ўт-ўлан йиғар ва уни топганим учун Аллоҳу таолога шукр қилар эдим. Баъзан уч кун ўтса ҳам, оғзимга бир нарса солмас эдим. Шундай аҳволда бир фарзанд кўрдим. Бир томондан очлик, бошқа томондан туғруқнинг машаққати бор эди. Очликдан ер билан осмонни, кеча билан кундузни фарқлай олмайдиган пайтларим ҳам бўларди. Бир кеча саҳрода ухлаб қолибман. Тушимда бир киши мени сутдан ҳам оқ бир сувга чўмдирди ва: „Бу сувдан ич“, – деди. Қонгунимча ичдим. Сўнг у мени яна ичишга ундади. Ичган сайин ича бердим, сув болдан ширин эди. „Сутинг мўл бўлсин, эй Ҳалима! Мени танидингми?“ – деб сўради. Танимаганимни айтганимда, у: „Мен сенинг қийин аҳволингда айтган ҳамдинг ва шукрингман. Эй Ҳалима! Маккага бор. У ерда сенга бир «Нур» йўлдош бўлади ва барака ичида қоласан. Бу тушни ҳеч кимга айтма!“ – деди. Уйғонганимда кўкракларим сутга тўлиб турганини кўрдим, машаққат ҳам, очлик ҳам мени тарк этган эди.» Ўша йили қаҳатчилик туфайли ҳақ эвазига бола эмизиб, оғир кунлардан қутулиш мақсадида Маккага бошқа йиллардагидан кўпроқ сут оналар келган эди.

«Биз ўйин ўйнаш учун яратилмадик» Ҳадиси шариф

Бану Саъд саҳроси

Уларнинг ҳаммаси бой оилаларнинг болаларини олишга шошилар эди. Шошилиб келган аёллар биттадан бола олиб бўлган эдилар. Аммо Пайғамбаримиз етим бўлганлари учун кўп ҳақ ола олмаймиз, деган ўй билан улар у зотни олишни истамаган эдилар. Бу аёллар орасида иффати, поклиги, ҳилми, яъни юмшоқлиги, ҳаёси ва гўзал ахлоқи билан танилган Ҳалима хоним ҳам бор эди. Миниб келган уловлари заиф бўлгани учун Ҳалима хоним билан эри Маккага кеч қолиб келган эдилар. Аммо бу кечикиш уларнинг излаганларидан ҳам кўпроғига эришишларига сабаб бўлди. Ҳалима эри билан Макка кўчаларини айланиб, бой оилаларнинг болалари аллақачон олиб бўлинганини кўрди. Лекин қуруқ қўл билан қайтгилари ҳам келмас эди. Энди уларнинг ягона орзуси бир бола билан қайтиш эди.

Ниҳоят, улар ҳурмат уйғотадиган, чеҳраси жуда ёқимли бир зотга дуч келдилар. Бу – Макканинг бошлиғи Абдулмутталиб эди. Уларнинг истагини билгач, у неварасини олишларини маслаҳат берди ва шу туфайли улуғ давлат ва саодатга эришишларини айтди. Абдулмутталибнинг меҳри ва самимияти уларни ўзига тортар эди. Улар унинг таклифини дарҳол қабул қилдилар. Сўнгра кекса бобо Ҳалима хонимни ҳазрати Оминанинг уйига бошлаб борди.

Ҳалима хоним шундай ҳикоя қилади: «Боланинг ёнига борганимда, у зот йўргакка ўралган ҳолда, яшил ипак ёпинчиқ устида ширин уйқуда ётар эдилар, атрофга мушк ҳиди таралар эди. Ҳайратда қолиб, бир лаҳзада у зотга шундай меҳрим тушдики, кўнглим у зотни уйғотишга рози бўлмади. Қўлимни кўкракларига қўйганимда, уйғондилар-да, менга қараб табассум қилдилар. Мен эса бу табассумга асир бўлиб, ўзимни унутдим. Сўнгра, оналари бундай гўзал ва муборак болани менга бермайди, деб қўрқиб, юзларини ёпдим-да, дарҳол қучоғимга олдим. Ўнг кўкрагимни бердим – эма бошладилар. Чап кўкрагимни бердим – эммадилар. Абдулмутталиб менга ўгирилиб: „Сенга хушхабар бўлсин! Аёллар ичида сендек неъматга эришгани бўлмаган!“ – деди.1

Омина хоним севимли гўдагини менга бергач, шундай деди: „Эй Ҳалима, уч кун олдин: «Ўғлингга сут берадиган аёл Бану Саъд қабиласининг Абу Зуайб наслидан бўлади», – деган бир овоз эшитдим“. Шунда мен: „Мен Бану Саъд қабиласиданман, отамнинг куньяси – Абу Зуайб“, – деб жавоб бердим.»

Ҳалима хоним яна шундай ҳикоя қилган: «Омина хоним менга яна кўп воқеаларни айтиб берди ва васият қилди. Мен ҳам унга Маккага келишимдан олдин кўрган тушимни ва йўлда ўнгу сўлимдан: „Сенга хушхабар бўлсин, эй Ҳалима! Кўзларни қамаштирадиган ва оламларни ёритадиган ўша нурни эмизиш сенга насиб бўлади“, – деган овозлар келганини айтиб бердим.»

Ҳалима хоним шундай ҳикоя қилади: «Муҳаммад алайҳиссаломни олиб, ҳазрати Оминанинг уйидан чиқдим. Эримнинг ёнига келдим. У ҳам қучоғимдаги боланинг юзига қараб, ўзини унутди ва: „Эй Ҳалима! Шу пайтгача бундай гўзал юзни кўрмаган эдим!“ – деди. У зотни олишимиз биланоқ эришган баракаларимизни кўргач эса: „Эй Ҳалима! Билиб қўй: сен жуда муборак ва қадри баланд бир бола олибсан“, – деди. Мен: „Валлоҳи, ўзим ҳам шуни тилаган эдим, тилагим ижобат бўлди“, – деб жавоб бердим.»

Ҳалима хоним эри билан бирга Муҳаммад алайҳиссаломни олиб, Маккадан йўлга чиққан пайтдан бошлаб у зотнинг баракотларига эриша бошлашди. Олдин тез юра олмайдиган ориқ эшаклари энди асил араб отидек чопадиган бўлди. Бирга келган карвон улардан анча олдин йўлга чиқиб, узоқлашиб кетган бўлса ҳам, улар карвонга етиб олиб, уни ортда қолдирдилар. Бану Саъд юртига етиб боргач, кўрилмаган мўл-кўлчилик ва баракага эришдилар. Олдин сути кам бўлган ҳайвонларининг елинлари сутга тўлиб, таранг тортиб турарди. Буни кўрган қўшнилари ҳайратда қолдилар ва бунинг эмизиш учун олинган бола туфайли бўлаётганини очиқ-ойдин англадилар. Пайғамбаримиз Ҳалима хонимнинг фақат ўнг кўкрагини эмар эдилар.

«Менинг боболаримдан ҳеч бири зино қилмаган. Аллоҳу таоло мени пок, яхши оталардан ва пок оналардан дунёга келтирди» Ҳадиси шариф

Чап кўкрагини эса сут биродарларига қолдирар эдилар. Икки ойлик бўлганларида эмаклай бошладилар. Уч ойликларида оёқда турадиган, тўрт ойликларида деворни ушлаб юрадиган бўлдилар. Беш ойликларида юра бошладилар, олти ойликларида тез юрадиган бўлдилар. Етти ойликларида ҳар томонга бориб келадиган бўлдилар. Саккиз ойликларида тушунарли қилиб, тўққиз ойликларида эса жуда равон гапира бошладилар. Ўн ойликларида ўқ ота бошладилар.

Ҳалима хоним шундай ҳикоя қилган: «Илк бор гапира бошлаганларида айтган сўзлари: „Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар. Вал ҳамду лиллаҳи Роббил оламийн“ бўлди. Ўша кундан кейин Аллоҳу таолонинг исмини айтмасдан ҳеч бир нарсага қўл узатмадилар. Чап қўллари билан ҳеч нарса емас эдилар. Юра бошлаганларида болалар ўйнайдиган жойлардан узоқ турар ва уларга: „Биз бунинг учун яратилмадик“, – дер эдилар. Ҳар куни у зотни қуёш нуридек бир нур қоплаб олар, сўнг яна тарқалиб кетар эди. Ой билан сўзлашар эдилар, ойга ишора қилганларида эса ой ҳаракатланар эди.»

Қурғоқчилик сабабли улар жуда қийналиб қолишди ва бир куни Аллоҳу таолодан ёмғир сўраб, дуога чиқишди. Дуога боришганда Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам ўзлари билан олишди ва у зотнинг ҳурматлари учун мўл ёмғир ва баракага эришишди. Ҳалима хоним шундай ҳикоя қилади: «Муҳаммад алайҳиссалом икки ёшга кирганларида, у зотни кўкракдан ажратдим. Сўнгра оналарига топшириш учун эрим билан Маккага бордик. Аммо у зот туфайли шундай баракаларга эришган эдикки, у зотдан айрилиш, муборак юзларини кўрмаслик биз учун жуда оғир эди. У зотнинг ҳолларини оналарига айтиб бердим. Омина хоним: „Менинг ўғлимнинг улуғ шони бор“, – деди. Мен: „Валлоҳи, у зотдан кўра муборакроқ бир кишини кўрмадим“, – дедим. Сўнгра турли баҳоналар топиб, Омина хонимдан у зотнинг яна бир оз ёнимизда қолишларини илтимос қилдим. У бизнинг кўнглимизни синдирмади ва ёнимизда қолишларига изн берди. У зот билан яна қабиламизга қайтдик. Шу туфайли уйимиз барака билан тўлди, молимиз, мулкимиз ва обрўйимиз ошди. Сон-саноқсиз неъматларга эришдик.»2

Муборак бошлари устидаги булут

Ҳалима хоним шундай ҳикоя қилади: «Бир куни Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): „Кундузлари биродарларим кўринмайди. Бунинг сабаби нима?“ – деб сўраганларида, мен: „Улар қўй боқишга кетишади. Уйга фақат кечқурун келишади“, – дедим. Шунда у зот: „Мени ҳам улар билан бирга юборинг. Мен ҳам қўй боқай“, – дедилар. Турли баҳоналар топиб, у зотни юбормасликка уриндим. Охири кўнгиллари хушнуд бўлсин деб: „Майли“, – дедим.

Эртаси куни муборак сочларини тараб, кийимларини кийдириб, сут биродарлари билан бирга юбордим.

Бир неча кун улар билан бориб-келиб юрдилар. Бир куни сут опалари Шаймо қирдан келганда, мен: „Кўзимнинг нури ўғлим Муҳаммад қаерда?“ – деб сўрадим. У: „Саҳрода“, – деди. „Жигарбандим бу иссиққа қандай чидаяпти?“ – деб сўраганимда, Шаймо: „Онажон! У зотга ҳеч қачон зарар етмайди. Чунки муборак бошлари устида бир булут доимо у зот билан бирга юради; шу тариқа у зот қуёшнинг иссиғидан сақланадилар“, – деб жавоб берди. „Нималар деяпсан? Айтганларинг ростдан ҳам тўғрими?“ – деганимда, у қасам ичди. Шундагина кўнглим тинчланди.

Муборак кўксларининг ёрилиши (Шаққи садр)

Яна бир куни пешин пайти сут биродарлари Замра олдимга келиб: „Онажон! Тезроқ чопинг!… Қурайшлик биродарим билан қўй боқаётган эдик. Бирдан яшил кийим кийган уч киши келди. Улар биродаримни ёнимиздан олиб, тоғнинг тепасига олиб кетишди. У зотни чалқанча ётқизиб, пичоқ билан қоринларини ёришди. Сизга хабар бериш учун келаётганимда, улар ҳали ўша ерда эди. Биродаримнинг тирик қолган-қолмаганини билмайман“, – деди. Ҳалима хоним сўзини шундай давом эттирди: Шу он ҳушим бошимдан учди. Тезда у ерга етиб келдик ва у зотни кўрдик. Дарҳол муборак юзларидан, бошларидан ўпиб: „Эй кўзимнинг нури! Эй оламларга раҳмат бўлган ўғлим! Бу қандай ҳол? Бошингизга нима тушди? Сизни ким безовта қилди?“ – деб сўрадим.

У зот: „Уйдан чиққанимдан кейин яшил кийимли икки кишини кўрдим. Бирининг қўлида кумуш обдаста, иккинчисининг қўлида яшил зумраддан тос бор эди. Тос қордан ҳам оқ бир нарса билан тўла эди. Улар мени тоғнинг тепасига олиб бордилар. Бири мени чалқанча ётқизди. Мен қараб турганимда, у кўксимни киндигимгача ёрди. Ҳеч қандай оғриқ ҳам, азият ҳам сезмадим. Қўлларини солиб, ичида нима бўлса, ҳаммасини чиқардилар. Уни ўша оқ нарса билан ювиб, жойига қўйдилар. Сўнгра бири иккинчисига: «Тур, энди мен ҳам ўз хизматимни адо этай», – деди-да, қўлини солиб, юрагимни чиқарди. Уни икки бўлакка бўлди ва ичидан бир қора нарсани чиқариб ташлади. Ва: «Сизнинг вужудингиздаги шайтоннинг насибаси шу эди. Биз уни чиқариб ташладик. Эй Аллоҳу таолонинг суюклиси! Биз сизни васвасадан3 ва шайтоннинг ҳийласидан омонда қилдик», – деди. Сўнгра юрагимни ўзлари билан бўлган латиф ва юмшоқ бир нарса билан тўлдирдилар. Уни нурдан бир муҳр билан муҳрладилар. Ўша муҳрнинг салқинлигини ҳозир ҳам барча аъзоларимда сезиб турибман. Улардан бири қўлини ёрилган жойга қўйганда, ярам битди. Сўнгра мени умматимдан ўн киши билан тортдилар – мен оғир келдим. Минг киши билан тортдилар – яна оғир келдим. Шунда улардан бири иккинчисига: «Энди тортишни қўй. Валлоҳи, у зотни бутун умматлари билан тортсанг ҳам, у зот оғир келадилар», – деди. Сўнгра уларнинг ҳар бири қўлимни ва юзимни ўпди ва мени шу ерда қолдириб кетдилар“, – дедилар. Ёрилган жой муборак кўксларида билиниб турар эди.»4

Севимли Пайғамбаримизнинг бошларидан кечган ва Қуръони каримнинг Иншироҳ сураси биринчи ояти каримасида билдирилган бу ҳодиса «Шаққи садр», яъни кўксларининг ёрилиши деб аталади.

Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик билдирилгандан кейин саҳобаи киромдан баъзилари: «Ё Расулаллоҳ! Бизга ўзингиз ҳақингизда гапириб бермайсизми?» – деганларида, у зот шундай дедилар: «Мен аждодим Иброҳимнинг дуосиман. Мен биродарим Исонинг хушхабариман!

Онамнинг эса тушиман. У менга ҳомиладор бўлганида, ўзидан Шом саройларини ёритган бир нур чиққанини кўрган эди… Мен Бану Саъд ибн Бакр орасида эмизилиб, ўсдим».

Тўрт ёшларидан кейин Ҳалима хоним у зотни Маккага олиб келиб, оналарига топширди. Боболари Абдулмутталиб Ҳалима хонимга жуда катта совғалар бериб, унга эҳсон қилди. Ҳалима хоним у зотни Маккада қолдириб кетаркан, айрилиқ изтиробини: «Гўё жоним ҳам, кўнглим ҳам у зот билан бирга қолгандек бўлди», – деган сўзлар билан ифода этди.

«Муҳаммадни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эмизган вақтимда у зотдан ниҳоятда мамнун эдим. Ҳеч қачон бирор нарсани булғамас эдилар. Кундузи бир марта ва кечаси бир марта кичик ҳожат қилар, сўнг то ўша вақтгача бошқа қилмас эдилар» Ҳалима хоним

Муҳтарам оналарининг вафоти

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) олти ёшгача оналарининг ёнида ўсдилар. Олти ёшларида оналари ва Умму Айман исмли жория билан бирга қариндошларини ва оталари Абдуллоҳнинг қабрини зиёрат қилиш учун Мадинага бордилар.

Улар у ерда бир ой қолдилар. Пайғамбаримиз Мадинада Бану Нажжорга тегишли ҳовузда сузишни ўргандилар. Шу пайт бир яҳудий олими у зотдаги пайғамбарлик аломатларини кўрди. У зотнинг ёнига келиб, исмларини сўради. «Аҳмад», – деб жавоб берганларида, у олим: «Бу бола охир замон Пайғамбари бўладилар!» – деб қичқириб юборди. Бундан ташқари, у ердаги яҳудий олимларидан баъзилари ҳам у зотдаги пайғамбарлик аломатларини кўриб, у зотнинг пайғамбар бўлишлари ҳақида ўзаро гаплашган эдилар.

Уларнинг бу сўзларини эшитган Умму Айман бу ҳақда ҳазрати Омина онамизга хабар берди. Муборак оналари ўғлига бирор зарар етишидан қўрқиб, у зотни олди-да, Маккага қайтиш учун йўлга чиқди. Абво деган жойга етганларида, ҳазрати Омина онамиз касал бўлиб қолди. Касали зўрайиб, у тез-тез ҳушидан кетар эди.

Бошида турган севимли ўғли Муҳаммад алайҳиссаломга қараб, у: «Эй даҳшатли ўлим ўқидан Аллоҳу таолонинг лутфи ва ёрдами билан юз туя эвазига қутулган зотнинг ўғли! Аллоҳу таоло сизни муборак қилсин. Агар тушимда кўрганларим тўғри чиқса, жалол ва мўл икром соҳиби бўлган Аллоҳу таоло сизни Одам болаларига ҳалол ва ҳаромни билдириш учун юборади. Жаноби Ҳақ сизни миллатлар орасида азалдан давом этиб келаётган бутлардан ва бутпарастликдан муҳофаза қилиб, асрайди», – деди ва шу байтларни айтди:

Эскирар янги бўлган, ўлар тирик жон,
Тугар кўп бўлган, бормикан ёш қолган?
Мен ҳам ўламан, фарқим ёлғиз шудир:
Сизни мен туғдим, шарафим шудир.
Ортда қолдирдим хайрли фарзанд,
Кўзимни юмдим, кўнглим жуда хотиржам.
Менинг номим доим қолар тилларда,
Сизнинг севгингиз яшар доим дилларда.

Сўнгра вафот этди ва ўша ерда дафн қилинди. Омина онамиз вафот этганда йигирма ёшда эди. Умму Айман Оламлар сарварини ёнига олиб, бир неча кун давом этган йўлдан кейин Маккага олиб келди ва боболари Абдулмутталибга топширди.5

Оналари ва оталари мўмин эдилар

Ҳабиби акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) оталари ва оналари Иброҳим алайҳиссаломнинг динида эдилар.6 Яъни улар мўмин эдилар. Ислом олимлари уларнинг Иброҳим алайҳиссаломнинг динида бўлганларини, Муҳаммад алайҳиссаломга пайғамбарлик билдирилгандан кейин эса у зотнинг умматларидан ҳам бўлишлари учун тирилтирилиб, калимаи шаҳодатни эшитганларини, айтганларини ва шу тариқа бу умматдан ҳам бўлганларини билдирганлар.7

Муборак боболарининг ёнида

Муҳаммад алайҳиссалом саккиз ёшгача боболарининг ёнида ўсдилар. Боболари Абдулмутталиб Маккада ҳамма севадиган ва кўп ишларни бошқарадиган зот эди; у ҳайбатли, сабрли, ахлоқли, ростгўй, мард ва сахий эди. У фақирларни тўйдирар, ҳатто оч ва ташна қолган ҳайвонларга ҳам озуқа берар эди.

У Аллоҳу таолога ва охиратга ишонар эди. Ёмонликлардан сақланар, жоҳилият даврининг ҳар турли хунук одатларидан узоқ турар эди. Маккада зулмга, ноҳақликка йўл қўймас, келган меҳмонларни иззат-икром билан кутиб олар эди. Рамазон ойида Ҳиро тоғида хилватга чекиниш унинг одати эди. Болаларни яхши кўрадиган ва шафқатли Абдулмутталиб севимли неварасини бағрига босиб, кечаю кундуз ёнидан айирмас эди. У зотга катта муҳаббат ва шафқат кўрсатар эди. Каъбанинг соясида фақат ўзига хос бўлган тўшакчасида у зот билан бирга ўтирар, бунга тўсқинлик қилмоқчи бўлганларга: «Ўғлимни тинч қўйинглар, у зотнинг шони улуғдир», – дер эди.8 Пайғамбаримизнинг энагалари Умму Айманга у зотга яхши қарашни қайта-қайта тайинлаб: «Ўғлимга яхши қара. Аҳли китоб менинг ўғлим ҳақида: „У зот бу умматнинг пайғамбари бўладилар“, – демоқда», – дер эди. Умму Айман шундай деган: «Болаликларида у зотнинг на очликдан, на ташналикдан шикоят қилганларини кўрмадим. Эрталаб бир қултум замзам ичар эдилар. У зотга овқат едирмоқчи бўлганимизда: „Истамайман, тўқман“, – дер эдилар.»

Абдулмутталиб ухлаганда ва хонасида ёлғиз бўлганда, у зотдан бошқа ҳеч кимни ёнига киритмас эди. У зотни шафқат билан бағрига босар, эркалар, сўзларидан ва ҳаракатларидан беҳад хурсанд бўлар эди. Дастурхонда у зотни ёнига олар, тиззасига ўтқазар, таомнинг энг яхшисини, энг мазалисини у зотга едирар ва у зот келмагунча дастурхонга ўтирмас эди. У зот ҳақида кўп тушлар кўрди ва кўп ҳодисаларга гувоҳ бўлди.

Бир сафар Маккада қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлди. Абдулмутталиб кўрган бир тушига кўра Муҳаммад алайҳиссаломнинг қўлларидан тутиб, Абу Қубайс тоғига чиқди ва: «Аллоҳим, шу бола ҳаққи учун бизни баракали ёмғир билан севинтир», – деб дуо қилди. Дуоси қабул бўлди ва мўл ёмғир ёғди. Ўша замоннинг шоирлари бу воқеани шеърларида васф этдилар.

Нажронлик роҳиб

Бир куни Абдулмутталиб Каъбанинг ёнида ўтирганда, Нажрондан бир роҳиб келиб, у билан суҳбатлаша бошлади. Бир пайт у шундай деди: «Биз Исмоил авлодидан энг охирида келадиган пайғамбарнинг сифатлари китобларда ёзилганини ўқидик. Бу ер, яъни Макка – у зотнинг туғиладиган жойлари. У зотнинг сифатлари мана бундай-мана бундай!» – деб, уларни бирма-бир санай бошлади. Шу пайт уларнинг ёнига севимли Пайғамбаримиз келдилар. Нажронлик роҳиб у зотни диққат билан кузата бошлади; сўнгра яқин келиб, кўзларига, елкаларига, оёқларига қаради ва ҳаяжон билан шундай деди:

«Жаноби Ҳақ сизни миллатлар орасида азалдан давом этиб келаётган бутлардан ва бутпарастликдан муҳофаза қилиб, асрайди» Омина хоним

«Мана, у зот – шу! Бу бола сенинг наслингданми?» Абдулмутталиб: «Бу – менинг ўғлим!» – деганда, нажронлик роҳиб: «Китобларда ўқиганимизга кўра, у зотнинг оталари тирик бўлмасликлари керак!» – деди. Абдулмутталиб: «Бу – ўғлимнинг ўғли. Бу бола туғилмасидан олдин, онаси ҳомиладорлигида отаси вафот этган эди», – деганда, роҳиб: «Ана энди тўғрисини айтдинг», – деди. Шундан кейин Абдулмутталиб ўғилларига: «Биродарингизнинг ўғли ҳақида айтилганларни эшитинглар, у зотга кўз-қулоқ бўлинглар ва у зотни яхши қўриқланглар», – деди.

Муборак боболарининг вафоти

Абдулмутталибнинг вафоти яқинлашганда, у ўғилларини йиғиб, шундай деди: «Энди дунёдан охиратга кўчиш вақтим келди. Ягона ташвишим – шу етим. Қани эди, умрим узоқ бўлса-ю, бу хизматни севиб давом эттирсам! Аммо қўлдан нима келади? Умр вафо қилмайди. Энди кўнглим ҳам, тилим ҳам шу ҳасрат ўтида ёнмоқда. Бу дурдонани орангиздан бирингизга омонат қилиб топширмоқчиман. Қайси бирингиз у зотнинг ҳақларини лойиқ даражада адо этади ва у зотга хизмат қилишда ҳеч камчилик қилмайди?» Абу Лаҳаб тиз чўкиб: «Эй арабларнинг улуғи! Агар бу омонатни топшириш учун кўнглингизда бирор киши бўлса, жуда яхши, бўлмаса, бу хизматни мен адо этай», – деди. Абдулмутталиб унга: «Молинг кўп. Аммо сен қаттиқ қалблисан, раҳминг оз. Етимнинг қалби эса ярали ва нозик бўлади. У тез синади», – деди. Бошқа ўғилларидан баъзилари ҳам шу истакни такрорладилар. Абдулмутталиб уларнинг ҳар бирининг хусусиятларини айтиб, ҳеч бирини қабул қилмади. Навбат Абу Толибга келганда, у шундай деди: «Мен буни ҳаммадан кўра кўпроқ истайман. Аммо катталарим турганда, олдинга ўтиш муносиб эмас эди. Молим оз, лекин менинг садоқатим биродарларимникидан ортиқдир». Абдулмутталиб: «Тўғри айтасан. Бу хизматга лойиқ киши – сенсан. Лекин мен ҳар ишда у зот билан маслаҳатлашаман ва у зотнинг истакларига қараб иш тутаман. Ҳар гал тўғри натижага етаман. Бу ишда ҳам у зот билан маслаҳатлашай. У зот қайси бирингизни танласалар, мен ҳам ўшани қабул қиламан», – деди.

Сўнгра у севимли Пайғамбаримизга ўгирилиб: «Эй кўзларимнинг нури! Сизнинг ҳасратингиз билан охиратга юзландим. Амакиларингиздан қайси бирини танлайсиз?» – деб сўради.

Пайғамбаримиз ўша он ўринларидан туриб, Абу Толибнинг бўйнидан қучоқладилар ва унинг тиззасига ўтирдилар. Шунда Абдулмутталибнинг кўнгли жуда таскин топди ва у: «Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин. Менинг истагим ҳам шу эди», – деди. Сўнгра Абу Толибга ўгирилиб: «Эй Абу Толиб! Бу дурдона ота-она меҳрини кўрмади. Шунинг учун у зотга кўнглингдагидек қара ва устларида парвона бўл. Мен сени бошқа болаларимдан афзал кўраман. Бу улуғ ва ниҳоятда қимматли омонатни сенга топширдим. Чунки сен билан у зотнинг оталари бир онадан туғилгансизлар. У зотни ўз жонингдек асра. Бу васиятимни қабул қилдингми?» – деб сўради. У:

«Ҳа, қабул қилдим», – деганда, Абдулмутталиб севимли Пайғамбаримизни қучоқлади, муборак бошларидан, юзларидан ўпди ва ҳидлади. Сўнгра: «Ҳаммангиз гувоҳ бўлинглар: мен бундан хушбўйроқ ҳидни ҳидламадим ва бундан гўзалроқ юзни кўрмадим», – деди.9

Абу Толибнинг ҳимоясида

Боболари вафот этгандан кейин Коинот сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саккиз ёшларидан бошлаб амакилари Абу Толибнинг ёнида яшай бошладилар ва унинг ҳимоясида ўсдилар. Ўша пайтда Абу Толиб ҳам отаси Абдулмутталиб каби Маккада Қурайшнинг кўзга кўринган кишиларидан – ҳамма севадиган, ҳурмат қиладиган ва сўзи ўтадиган зот эди. У ҳам Пайғамбаримизга катта муҳаббат ва шафқат кўрсатди. У зотни ўз болаларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар, ёнига олмасдан ухламас, бирор жойга бормас ва: «Сиз жуда хайрлисиз, жуда мубораксиз!» – дер эди. Абу Толиб у зот қўл узатмагунча таомга бошламас, аввал у зотнинг бошлашларини истаб кутар эди. Баъзан у зотга алоҳида дастурхон ҳам ёздирар эди. Эрталаб уйғонганларида, юзлари ойдек порлаб турганини, сочлари таралганини кўришар эди. Абу Толибнинг моли кўп эмас, оиласи эса катта эди. Расули акрамни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳимоясига олгандан кейин у мўл-кўлчилик ва баракага эришди. Маккада бўлган қурғоқчилик сабабли халқ қийналиб қолганда, Абу Толиб у зотни Каъбанинг ёнига олиб бориб, дуо қилди. У зотнинг баракотлари билан мўл ёмғир ёғди. Улар қурғоқчилик ва қаҳатчиликдан қутулдилар.10

Ғолиб наслидан бир Пайғамбар чиққай,
Замзам билан Ҳажар орасида турғай.
Бутун шаҳар аҳли билан у зотга ёрдам беринглар,
Эй Бану Омир, саодат – у зотга ёрдам этмакда.

«Энди дунёдан охиратга кўчиш вақтим келди. Ягона ташвишим – шу етим. Қани эди, умрим узоқ бўлса-ю, бу хизматни севиб давом эттирсам! Аммо қўлдан нима келади? Умр вафо қилмайди. Энди кўнглим ҳам, тилим ҳам шу ҳасрат ўтида ёнмоқда» Абдулмутталиб

Макка – Бусро сафари

Роҳиб Баҳиро

Севимли Пайғамбаримиз ўн икки ёшларида эканлар, бир куни Абу Толибнинг тижорат учун сафарга ҳозирлик кўраётганини кўрдилар. Амакилари ўзларини олиб кетмоқчи эмаслигини сезгач, хафа бўлиб, Абу Толибга шундай дедилар: «Бу шаҳарда мени кимга ташлаб кетяпсиз? На отам бор, на менга раҳми келадиган бирор кишим!…» Бу сўз Абу Толибга қаттиқ таъсир қилди ва у жиянини ҳам ўзи билан олиб кетишга қарор қилди. Тижорат карвони узоқ йўлдан кейин Бусрода насронийларга хос бир монастир яқинида тўхтади.11

Бу монастирда Баҳиро исмли бир роҳиб яшар эди. Илгари яҳудий олимларидан бўлиб, кейин насроний бўлган бу билимдон роҳибнинг қўлида қўлдан-қўлга ўтиб, яширин сақланиб келган бир китоб бор эди ва у сўралган саволларга шу китобга қараб жавоб берар эди. Қурайш карвони илгариги йилларда бу ердан кўп марта ўтиб кетган бўлса-да, у карвонга ҳеч эътибор бермаган эди. У ҳар тонгда монастирнинг томига чиқиб, карвонлар келадиган томонга қараб, нимадир излагандек, қизиқиш билан кутар эди. Бу гал эса роҳиб Баҳирога бир ҳол бўлди: у ҳаяжон билан сесканиб, ўрнидан сапчиб турди. Чунки Қурайш карвони узоқдан кўринганда, карвоннинг устида улар билан бирга сузиб келаётган бир булут борлигини пайқаган эди. Бу булут Пайғамбаримизга соя солиб турар эди. Карвон дам олиш учун тўхтаганда, Баҳиро Ҳабиби акрам остида ўтирган дарахтнинг шохлари у зотнинг устига эгилганини ҳам кўриб, баттар ҳаяжонланди. Дарҳол дастурхонлар ёздирди. Сўнгра одам юбориб, Қурайш карвонидагиларнинг ҳаммасини таомга таклиф қилди. Карвондагилар севимли Пайғамбаримизни молларининг ёнида қолдириб, роҳибнинг олдига бордилар. Баҳиро келганларга диққат билан қараб: «Эй Қурайш жамоаси, орангизда таомга келмаган киши борми?» – деб сўради. Улар: «Ҳа, бир киши бор», – дейишди. Чунки қурайшликлар келган бўлсалар ҳам, булут ҳамон ўша ерда эди. Буни кўриб, у карвонда бир киши қолганини англаган эди. Роҳиб Баҳиро у зотнинг ҳам келишларини қаттиқ туриб илтимос қилди. У зот келишлари биланоқ, Баҳиро у зотга диққат билан қараб, кузата бошлади. Абу Толибдан: «Бу бола сенинг наслингданми?» – деб сўради. Абу Толиб: «Ўғлим», – деганда, Баҳиро: «Китобларда бу боланинг оталари тирик бўлмаслиги ёзилган; у зот сенинг ўғлинг эмаслар», – деди. Бу гал Абу Толиб: «У зот – укамнинг ўғли», – деб жавоб берди. Баҳиронинг: «Оталарига нима бўлди?» – деган саволига у: «Оталари у зот туғилишларидан бир оз олдин вафот этган», – деди. Баҳиро: «Тўғри айтдинг. Оналарига нима бўлди?» – деганда, Абу Толиб: «У ҳам вафот этган», – деб жавоб берди. «Тўғри айтдинг», – деди Баҳиро ва Пайғамбаримизга ўгирилиб, бутлар номи билан қасам бериб сўрамоқчи бўлди. Аммо севимли Пайғамбаримиз унга шундай дедилар: «Мендан бутларнинг номи билан қасам бериб сўраманг. Дунёда мен учун улардан каттароқ душман йўқ. Мен улардан нафратланаман».

Шундан кейин Баҳиро у зотдан Аллоҳу таолонинг номи билан қасам бериб: «Ухлайсизми?» – деб сўради. У зот: «Кўзларим ухлайди, аммо қалбим ухламайди», – дедилар.

Баҳиро яна кўп саволлар бериб, уларнинг жавобларини олди. Олган жавоблари илгари ўқиган китобларига айнан мос келар эди. Сўнгра у севимли Пайғамбаримизнинг муборак кўзларига қараб, Абу Толибдан сўради:

«Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳу таолонинг расулисиз!… Мана, Оламлар сарвари… Мана, оламлар Раббининг Расули… Мана, Аллоҳу таоло оламларга раҳмат қилиб юборган улуғ Пайғамбар!» Роҳиб Баҳиро

– «Бу қизиллик у зотнинг муборак кўзларида доим бўладими?»

– «Ҳа, унинг кетганини ҳеч кўрмадик», – деди.

Бу аломатнинг ҳам мос келганини кўргач, Баҳиро қалбида тўла ишонч ҳосил бўлиши учун муҳри нубувватни кўришни истади. Аммо Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) одоб юзасидан муборак елкаларини очишни истамадилар.

Шунда амакилари: «Эй кўзимнинг нури! Унинг бу истагини ҳам бажо келтиринг!» – деди. Пайғамбаримиз муборак елкаларини очдилар, Баҳиро эса муҳри нубувватни бутун гўзаллиги билан тўйиб-тўйиб, узоқ вақт ҳайрат билан томоша қилди. Ҳаяжон билан уни ўпди, кўзларидан селдек ёш оқди. Сўнгра шундай деди:

– «Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳу таолонинг расулисиз!» Овозини янада баландлатиб, шундай деди: «Мана, Оламлар сарвари… Мана, оламлар Раббининг Расули… Мана, Аллоҳу таоло оламларга раҳмат қилиб юборган улуғ Пайғамбар…»

У ерда бўлган қурайшликлар ҳайратда қолиб: «Бу роҳибнинг ҳузурида Муҳаммаднинг қадри қанчалик баланд экан!» – дейишди.

Шундан кейин Баҳиро Абу Толибга ўгирилиб, шундай деди:

– «Бу зот – пайғамбарларнинг охиргиси ва энг шарафлисидирлар. У зотнинг дини бутун ер юзига ёйилади ва олдинги динларни бекор қилади. Бу болани Шомга олиб борма. Чунки Бани Исроил у зотга душман. Муборак баданларига зарар етказишларидан қўрқаман. У зот ҳақида кўп аҳд ва паймонлар олинган».

Абу Толиб сўради:

– «Бу қандай аҳд ва паймонлар?» Баҳиро жавоб берди:

– «Аллоҳу таоло барча пайғамбарлардан, энг охирида эса Исо алайҳиссаломдан умматларига охир замон Пайғамбарининг келишини билдиришлари ҳақида сўз олган».

Баҳиронинг бу сўзларидан кейин Абу Толиб Шомга боришдан воз кечди. Молларини Бусрода сотиб, Маккага қайтди.12 Баҳиродан эшитганлари умрининг охиригача Абу Толибнинг қулоқларида жаранглаб турди. У Пайғамбаримизни янада кўпроқ севди. У зотни умрининг охиригача ҳимоя қилди ва ҳар бир ишларида ёрдамчи бўлди.

Амакилари Зубайр билан Яманга боришлари

Ҳар бир ҳолатида фазилатлар ва гўзалликлар соҳиби бўлган тенгсиз инсон – севимли Пайғамбаримиз улғайиб, ўн етти ёшга кирган эдилар. Шу пайт тижорат учун Яманга кетаётган амакилари Зубайр тижорати баракали бўлсин деб, у зотни ҳам ўзи билан олиб кетди. Бу сафарда ҳам у зотнинг кўп ажойиб ҳоллари кўринди. Маккага қайтганларидан кейин бу ҳоллар ҳикоя қилинди ва Қурайш қабиласи орасида: «У зотнинг шонлари жуда юксак бўлади», – деб гапира бошлашди.13