Севимли Пайғамбарим

ЁШЛИКЛАРИ ВА УЙЛАНИШЛАРИ

Ёшликлари

Ҳар жиҳатдан инсонларнинг энг афзали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ёшлик йилларидаёқ Макка аҳли орасида тенгдошларига қараганда жуда манзур эдилар. Гўзал ахлоқлари, одамларга мисли кўрилмаган даражада яхши муомалалари, сокинликлари, юмшоқликлари ва бошқа юксак фазилатлари билан севилдилар. Одамлар у зотнинг бу хислатларига ҳайрон қолар эдилар. Маккаликлар у зотдаги ҳайратланарли даражадаги ростгўйлик ва ишончлиликни кўриб, у зотга «ал-Амин», яъни «ҳамиша ишонса бўладиган киши» деган лақаб бердилар. Шу тариқа у зот ёшликларида бу исм билан машҳур бўлдилар.

Пайғамбаримизнинг ёшлик йилларида араблар қоп-қоронғи жоҳилият даврини бошдан кечирар эдилар. Бутга сиғиниш, ичкилик, қимор, зино, судхўрлик ва яна кўп хунук ишлар улар орасида кенг ёйилган эди. Муҳаммад алайҳиссалом уларнинг бу бузуқ ҳолларидан беҳад нафратланар, ҳар бир ёмонликларидан доимо узоқ турар эдилар. Бутун Макка аҳли у зотнинг бу ҳолларини билар ва ҳайрон қолар эди. Бутлардан қаттиқ нафратланганлари учун, уларнинг ёнига асло яқинлашмас эдилар. Бутлар учун сўйилган қурбонликларнинг гўштидан ҳеч қачон емадилар. Болалик ва ёшликларида ўзларига тегишли қўйларни Жиёд тоғида ва унинг атрофида боқар, тирикчиликларини шу йўл билан ўтказар эдилар. Шу тарзда ҳаддан ташқари бузилган жамиятдан узоқ юрар эдилар. Бир куни у зот саҳобаи киромга: «Қўй боқмаган бирорта ҳам пайғамбар йўқдир», – дедилар. Улар: «Ё Расулаллоҳ! Сиз ҳам боққанмисиз?» – деб сўрашганда, у зот: «Ҳа, мен ҳам боққанман», – дедилар.

Севимли Пайғамбаримиз йигирма ёшларида бўлган пайтларида Маккада тинчлик бутунлай бузилган эди. Зулм ниҳоятда кенг ёйилиб, на мол, на жон, на номус хавфсизлиги қолган эди. Макканинг маҳаллий аҳолиси тижорат ва Каъбани зиёрат қилиш учун келган бегоналарга ноҳақлик ва зулм қилар эди. Зулм кўрган кишилар ҳақларини олиш учун мурожаат қиладиган бирор жой топа олмас эдилар. Шу пайтда тижорат мақсадида Маккага келган бир яманлик савдогарнинг молларини Ос ибн Воил исмли бир маккалик зўрлик билан қўлидан тортиб олган эди. Бу воқеадан кейин яманлик Абу Қубайс тоғига чиқиб, фарёд қилиб, ҳаққини олиб бериш учун қабилалардан ёрдам сўради. Зулм сўнгги чегарасига етганини кўрсатган бундай воқеалардан кейин Бану Ҳошим, Бану Зуҳра ва бошқа қабилаларнинг кўзга кўринган кишилари Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида йиғилдилар. Улар маҳаллий бўлсин, бегона бўлсин, ҳеч кимга зулм ва ноҳақлик қилинмаслигига, зулмга йўл қўймасликка ва ноҳақликка учраганларнинг ҳақларини олиб беришга қарор қилдилар. Шу мақсадда бир адолат жамиятини туздилар.1

Севимли Пайғамбаримиз ёш пайтларида қатнашган ва тузилишида ҳам катта таъсирлари бўлган бу жамиятга «Ҳилфул фузул» дейилди.

Бундан олдин Фазл исмли икки киши ва Фузайл исмли бир киши ҳам шундай бир жамият тузган эдилар. Уларнинг илгари тузган жамиятига нисбатан бу ном берилган эди.

«Бутун дунё қанчалик мукаммал инсон эканларини тасдиқлаган Муҳаммад алайҳиссаломни энг катта душманлари, ҳаддан ошган кофирлар ҳам ниҳоятда ростгўйликлари ва садоқатлари сабабли Муҳаммадул Амин (ишончли Муҳаммад) дер эдилар» Hüseyin Hilmi bin Sa’îd (раҳматуллоҳи алайҳ)

Арабистон ва унинг атрофидаги машҳур ярмаркалар ва бозорлар

Инсонга келур насиби,
Маҳрум қўймаслар ғарибни.
Не қилсин Айюбий жони,
Жонони шод бўлмагунча?
Шоҳим, Ҳабиби Кибриё,
Жамолингиз ҳар дардга даво.
Қандай бўлур сизга вафо,
Ошиқ жон бермагунча?

Бу жамият зулмнинг олдини олиб, Маккада бузилган тинчликни қайта тиклади. Унинг таъсири узоқ вақт давом этди. Расулуллоҳ ўзларига пайғамбарлик билдирилгандан кейин бу ҳақда саҳобаи киромга ҳикоя қилиб, шундай дедилар: «Абдуллоҳ ибн Жудъоннинг уйида бўлган қасамёдда мен ҳам қатнашган эдим. Ўша қасамёд мен учун қизил юнгли туяларга (бойликка) эга бўлишдан ҳам севимлироқдир. Ҳозир ҳам шундай бир мажлисга чақирилсам, ижобат қилардим».2

Тижорат билан машғул бўлишлари

Маккаликлар азалдан тижорат билан шуғулланиб, тирикчиликларини шу йўл билан ўтказар эдилар. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) амакилари Абу Толиб ҳам тижорат билан шуғулланар эди. Севимли Пайғамбаримиз йигирма беш ёшларида бўлганларида, Маккада тирикчилик машаққати янада ортган эди. Шу сабабли маккаликлар Шомга бориш учун катта бир савдо карвонини ҳозирладилар. Ўша кунларда Абу Толиб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, шундай деди: «Эй муҳтарам жияним! Камбағаллик сўнгги чегарасига етди. Қаҳатчилик ва кураш билан ўтган бу сўнгги йиллар қўлимизда ҳеч нарса қолдирмади. Мана, Қурайш карвони ҳозирланиб, Шомга йўлга чиқиш арафасида турибди. Хадича хоним ҳам карвон билан мол юборади. Албатта, бу ишни бажарадиган ишончли кишиларни излаётгандир. Шубҳасиз, унга сиздек амин, пок ва вафодор кишига эҳтиёж бор. Бориб гаплашсак-да, сизнинг вакил бўлиб боришингизни йўлга қўйсак, яхши бўларди. Шубҳасиз, у сизни бошқалардан афзал кўради. Аслида мен сизнинг Шомга боришингизни истамайман, чунки у ердаги яҳудийлар сизга бирор зарар етказишларидан қўрқаман. Аммо бошқа чора ҳам топа олмаяпман». Пайғамбаримиз унга: «Сиз қандай истасангиз, шундай қилинг», – дедилар.

Ҳазрати Хадича гўзаллиги, бойлиги, ақли, иффати, ҳаёси ва одоби билан Арабистонда катта шуҳрат қозонган бир хоним эди. Шу сабабли ҳар тарафдан унга совчи қўйган ва рағбат кўрсатган кишилар жуда кўп эди. Аммо кўрган бир туши туфайли у ҳеч кимга илтифот кўрсатмаган эди. Тушида осмондан ой тушиб, унинг қўйнига кирган, ойнинг нури қўлтиғидан чиқиб, бутун оламни ёритган эди. Эрталаб у бу тушни қариндошларидан Варақа ибн Навфалга айтиб берди. Варақа шундай деди: «Охир замон Пайғамбари дунёга келибдилар. У зот сенга уйланадилар ва сенинг замонингда у зотга ваҳий3 нозил бўлади. У зотнинг динларининг нури оламни тўлдиради. Энг аввал иймон келтирадиган – сен бўласан. Ўша Пайғамбар Қурайшдан ва Бану Ҳошимдан бўладилар».

Ҳазрати Хадича бу жавобдан жуда севинди ва ўша Пайғамбарнинг келишини кута бошлади.

Ҳазрати Хадича тижорат билан шуғулланар, келишган кишилари билан шериклик қилар эди. Абу Толиб ҳазрати Хадича онамизга аҳволни айтиб берди. Шундан кейин ҳазрати Хадича Расулуллоҳни кўриб, гаплашиш учун уйига таклиф қилди.

Пайғамбаримиз ташриф буюрганларида, у ниҳоятда катта таъзим ва ҳурмат кўрсатди. Пайғамбаримизнинг назокатларини, покиза ва нурли жамолларини кўриб, ҳайрон қолди. Расулуллоҳга: «Ростгўй, ишончли, омонатдор ва гўзал хулқли эканингизни биламан. Бу иш учун ҳеч кимга бермаган ҳақимнинг бир неча баробар ортиғини бераман…» – деди. Ҳақнинг миқдорини ҳам келишиб олгач, ҳазрати Хадича онамиз Расулуллоҳга бу хизматда керак бўладиган кийимларни бериб, хотиржамлик билан уйидан кузатиб қўйди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ йўлда кийишлари учун Майсарага бошқа қимматбаҳо кийимларни ҳам берди.

«Бир мусулмон ҳалол касб қилиб, ҳеч кимга муҳтож бўлмаса ва қўшниларига, қариндошларига ёрдам берса, қиёмат куни ўн тўртинчи кечанинг ойидек порлоқ ва нурли бўлади» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Хадича онамиз пайғамбарлик аломатларини амакиваччаси, билимдон насроний Варақа ибн Навфалдан ўрганган эди. Расулуллоҳнинг бу ташрифларида ҳам у зотдаги пайғамбарлик сифатларини таниди. Шу сабабли Майсара исмли қулига шундай деди: «Карвон Маккадан чиқаётганда, маккаликлар бирор миш-миш тарқатмасликлари учун туянинг жиловини Муҳаммад алайҳиссаломнинг қўлларига бер. Шаҳардан узоқлашиб, кўздан йўқолганингиздан кейин эса бу қимматбаҳо кийимларни у зотга кийдир».

Сўнгра у туяларининг энг гўзалини султонларга муносиб тарзда безатди ва Майсарага шундай деди: «У зотни бу туяга катта ҳурмат билан миндириб, жиловни қўлингга ол ва ўзингни у ҳазратнинг хизматкори деб бил! У зотнинг изнисиз бирор иш қилма, у зотни муҳофаза қилиш, хавф-хатарлардан асраш учун жонингни аяма! Борган жойларингизда кўп қолиб кетманглар, тез қайтинглар, токи Бану Ҳошим олдида уялиб қолмайлик. Агар бу айтганларимни сўзма-сўз бажарсанг, сени озод қиламан ва истаганингча мол бераман».

Карвон ҳозир бўлди. Маккаликлар яқинлари билан хайрлашиш учун катта-катта тўда бўлиб йиғилдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг қариндошлари, амакилари ва Бану Ҳошимнинг катталари ҳам у ерда ҳозир эдилар. Пайғамбаримизнинг аммалари Аллоҳу таолонинг Расулини (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хизматкор кийимида ва туянинг жиловини қўлларига олган ҳолда кўрганда, тиззаларидан мадор кетди. У йиғлаб, фарёд қилди. Оҳ-воҳ қилиб, кўзларидан ёш тўкиб, дардини шундай изҳор этди: «Эй Абдулмутталиб! Эй Замзам қудуғини қазиган улуғ зот! Эй Абдуллоҳ! Қабрларингиздан туриб, бошингизни бу томонга буриб, бу муборак зотнинг ҳолини кўринглар!» Абу Толиб ҳам худди шундай туйғулар ва шундай ҳоллар ичида эди. Расулуллоҳнинг Ҳақни кўрган муборак кўзларидан дурдек ёшлар тўкилди ва у зот: «Мени асло унутманглар. Ғурбатда ғам-андуҳ чекаётганимни ёд этинглар», – дедилар. Бу сўзларни эшитганларнинг ҳаммаси йиғлашди. Осмондаги фаришталар ҳам бу ҳолга шерик бўлдилар ва: «Эй Раббимиз! Бу – Сен Ўзингга ҳабиб қилиб, энг улуғ мақомни эҳсон этган Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Бу ҳолнинг ҳикмати нима?» – дедилар. Аллоҳу таоло уларга шундай деди: «Ҳа, у – Менинг Ҳабибим. Лекин сизлар муҳаббат сиррини била олмайсизлар. Севилган ва севувчи орасидаги сирлардан воқиф бўла олмайсизлар. Бу мақомни ҳеч ким билмайди. Бу яширин ишдан ҳеч ким ҳеч нарса англамайди».

Ниҳоят, карвон йўлга тушиб, Макка кўринмай қолгач, Майсара олган буйруғига кўра қимматбаҳо кийимларни севимли Пайғамбаримизга кийдирди. Турли матолар билан ёпилган ва жуда чиройли безатилган туяга миндирди. Жиловни эса ўз қўлига олди.

Бу сафарда карвондагилар оламларга раҳмат қилиб юборилган севимли Пайғамбаримизнинг устида у зотга соя солиб турган бир булут ва қуш шаклига кирган икки фаришта сафар тугагунча у зот билан бирга ҳаракатланганини кўрдилар.4

Йўлда икки туя юра олмайдиган даражада толиқиб, карвондан ортда қолган эди. Пайғамбаримиз уларнинг оёқларини муборак қўллари билан силаганларидан кейин туялар бирдан тезлашди. Карвондагилар у зотнинг шу каби кўп ҳолларини кўргач, у зотни беҳад севиб қолишди ва у зотнинг шонлари жуда юксак бўлишини англашди.

Бусро деган жойга етиб келишганда, улар яна у ердаги монастирнинг яқинида тўхташди. Илгари кўп аломатлардан у зотнинг охирги пайғамбар бўлишларини англаб, буни айтган роҳиб Баҳиро вафот этган, ўрнига Настура исмли бошқа бир роҳиб келган эди. Роҳиб Настура монастирнинг яқинига келиб тушган Қурайш карвонини кузатиб турган эди. У яқиндаги бир қуруқ дарахт остида бир киши ўтирганини ва дарахт ўша он кўкариб кетганини кўриб, Майсарадан: «Ана у дарахт остидаги зот ким?» – деб сўради. Майсара: «Бу – Қурайш қабиласидан, Ҳарам аҳлидан бир зот», – деди. Роҳиб: «Шу пайтгача бу дарахт остида пайғамбардан бошқа ҳеч ким ўтирмаган», – деди. Сўнгра: «У зотнинг кўзларида бир оз қизиллик борми?» – деб сўради. Майсара: «Ҳа, бор ва у кўзларидан ҳеч кетмайди», – деди. Шунда Настура: «Исо алайҳиссаломга Инжилни нозил қилган Аллоҳу таоло ҳаққи учун, бу зот охирги пайғамбар бўладилар. Қани эди, у зотга пайғамбарлик буюриладиган замонга етсам!» – деди…

Муҳаммад алайҳиссалом Бусро бозорида Хадича хонимнинг молларини сотаётганларида, у зот билан савдолашган бир яҳудий ишонмай: «Лот ва Уззо деган бутлар номи билан қасам ичинг, шунда ишонаман», – деганда, Муҳаммад алайҳиссалом шундай дедилар: «Мен у бутлар номи билан асло қасам ичмайман! Уларнинг ёнидан ўтаётганимда юзимни бошқа томонга бураман». У зотдаги бошқа аломатларни ҳам кўрган яҳудий: «Сўз – сизнинг сўзингиз. Валлоҳи, бу зот пайғамбар бўладиган кишидирлар», – деди ва: «Олимларимиз китобларда у зотнинг сифатларини топганлар», – деб ҳайратини изҳор этди.

Майсара Расулуллоҳда кўрган ва у зот ҳақида эшитган ҳар бир нарсани хотирасига муҳрлаб борар, унинг у зотга бўлган ҳайрати кундан-кунга ортиб борар эди. Майсаранинг қалбида Оламлар сарварига нисбатан катта муҳаббат пайдо бўлган эди. Энди Майсара у зотга завқ ва ҳурмат билан хизмат қилар, энг кичик ишораларини ҳам катта ишқ билан бажо келтирар эди. Олиб борилган моллар сотилди, Пайғамбаримизнинг баракотлари билан одатдагидан бир неча баробар ортиқ фойда олинди. Карвон ортга қайтди. Марруз Заҳрон деган жойга етиб келишганда, Майсара севимли Пайғамбаримизга Маккага хушхабар олиб боришни таклиф қилди. У зот ҳам қабул қилиб, карвондан ажралдилар ва Макка томон туяларини тезлатдилар.

Нафиса бинт Мунья хоним шундай ҳикоя қилган: «Карвоннинг келиш вақти яқинлашиб қолган эди. Хадича хоним ҳар куни хизматкорлари билан уйининг томига чиқиб, карвоннинг йўлини кутар эди. Мана шундай кунларнинг бирида мен Хадичанинг ёнида эдим. Бирдан узоқдан туяга минган бир киши кўринди. Унинг устида бир булут ва қуш шаклига кирган икки фаришта у зотга соя солиб турар, Пайғамбаримизнинг муборак пешоналаридаги нур ойдек порлар эди. Хадича хоним келаётган ким эканини англаб, кўнгли таскин топди. Аммо билмасликка олиб: „Бу иссиқ кунда келаётган ким бўлиши мумкин?“ – деб сўради. Хизматкорлар: „Бу келаётган Муҳаммадга (алайҳиссалом) ўхшайди“, – дейишди ва кўрганларидан ҳайратга тушишди.»

Кўп ўтмай Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Хадича онамизнинг уйига келиб, бўлган воқеаларни айтиб бердилар. Келтирган хушхабарлари билан уни жуда севинтирдилар.

Бир муддатдан кейин карвон Маккага кирди. Майсара ҳазрати Хадича онамизга сафар давомида Пайғамбаримизга соя солинганини, роҳиб Настуранинг айтганларини, заиф туяларнинг қандай тезлатилганини ва шунга ўхшаш кўрган кўп фавқулодда ҳолларни бирма-бир айтиб берди. Пайғамбаримизни тили етганича мақтади. Ҳазрати Хадича буларни билар эди, аммо бу сўзлар унинг ишончини янада оширди. У Майсарага: «Бу кўрганларингни ҳеч кимга айтма!» – деб қаттиқ тайинлади.5

«Мен у бутлар номи билан асло қасам ичмайман! Уларнинг ёнидан ўтаётганимда юзимни бошқа томонга бураман» Ҳадиси шариф

Хадича онамиз бу эшитганларини хабар бериш учун Варақа ибн Навфалнинг олдига борди. Бўлган воқеаларни катта ҳайрат билан тинглаган Варақа шундай деди: «Эй Хадича, агар бу айтганларинг тўғри бўлса, Муҳаммад алайҳиссалом бу умматнинг пайғамбари бўладилар».

Пайғамбаримиз 12 ёшларида амакилари Абу Толиб билан тижорат учун Бусрогача, 17 ёшларида амакилари Зубайр билан Яманга, 20 ёшларида ҳазрати Абу Бакр билан Шомга ва 25 ёшларида ҳазрати Хадича онамизнинг молларини сотиш учун яна Шомга бордилар.6 Шундай қилиб, жами тўрт марта сафарга чиқдилар. Бу сафарларидан бошқа ҳеч қаерга сафар қилмадилар.

Ҳазрати Хадича онамизга уйланишлари

Ҳазрати Хадича онамиз Варақа ибн Навфал берган хушхабардан кейин ва севимли Пайғамбаримизнинг гўзал хислатларини кўриб, у зотнинг завжалари бўлиш, хизматлари билан шарафланишга мойил бўлди. Нафиса бинт Мунья бу ҳолни сезиб, ўртага тушди. Шу ният билан Расули акрамнинг юксак ҳузурларига келиб: «Ё Муҳаммад! Олий зотингизни уйланишдан нима тўсиб турибди?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Уйланиш учун қўлимда етарли маблағ йўқ», – дедилар. Нафиса хоним: «Ё Муҳаммад! Агар иффатли ва шарафли, мол ва жамол соҳибаси бўлган бир хонимга уйланишни истасангиз, хизматингизга тайёрман», – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «У хоним ким?» – деб сўраганларида, у: «Хадича бинт Хувайлид», – деди. Расулуллоҳ: «Бу ишга ким восита бўлади?» – деб сўраганларида эса: «Бу ишни мен бажараман», – деди-да, ҳузурларидан чиқиб кетди. Ҳазрати Хадичанинг олдига бориб, унга хушхабар берди. Ҳазрати Хадича қариндоши Амр ибн Асадни ва Варақа ибн Навфални чақириб, аҳволни айтиб берди. Расулуллоҳга ҳам хабар юбориб, белгиланган бир соатда ташриф буюришларини сўраб, таклиф қилди. Абу Толиб ва унинг биродарлари ҳам ҳозирлик кўришди ва Пайғамбаримиз билан бирга боришди.

Ҳазрати Хадича онамиз уйини жиҳозлаб безатди. Бу куннинг шукронаси учун барча зеб-зийнатларини хизматкорларига ҳадя қилди. Сўнгра уларни озод қилди. Расулуллоҳ амакилари билан Хадича онамизнинг уйига ташриф буюрдилар. Абу Толиб шундай деди: «Бизни Иброҳим алайҳиссаломнинг авлодидан ва Исмоил алайҳиссаломнинг наслидан қилган Яратганимизга ҳамд бўлсин. У бизни Байтуллоҳнинг посбонлари қилди. Инсонларнинг қибласи бўлган ва оламлар тавоф қиладиган ўша муборак уйни, ҳар қандай ёмонликдан Ўзи қўриган Ҳарами шарифни бизга насиб этди. Укам Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад шундай бир зотки, Қурайшдан ким билан қиёсланса ҳам, устун келадилар. Гарчи моллари оз бўлса-да, молга эътибор қилинмайди. Чунки мол соя кабидир: қўлдан-қўлга ўтиб, кетиб боради. Жиянимнинг шарафи, афзаллиги ҳаммангизга маълум. Энди у зот Хадича бинт Хувайлидни ҳалол никоҳга сўрайдилар. Молимдан қанча маҳр7 берилишини истайсизлар? Қасам ичаманки, Муҳаммаднинг мартабалари, шубҳасиз, юксак бўлади». Варақа ибн Навфал бу сўзларни тасдиқлади.

Хадича онамизнинг амакиси Амр ибн Асад: «Гувоҳ бўлинглар: мен Хадича бинт Хувайлидни Муҳаммад алайҳиссаломга хотинликка бердим», – деди. Шу тариқа никоҳ ақди тамом бўлди. Бир ривоятга кўра маҳр 400 мисқол олтин, бошқа бир ривоятга кўра беш юз дирҳам, яна бир ривоятга кўра эса 20 туя эди.8

Абу Толиб тўй зиёфати учун бир туя сўйиб, ўша кунгача кўрилмаган бир таом берди. Никоҳ амалга ошди. Ҳазрати Хадича онамиз бутун бор-будини Пайғамбаримизга ҳадя қилди ва: «Бу молларнинг ҳаммаси олий зотингизга тегишлидир. Мен эса сизга муҳтожман ва сиздан миннатдорман», – деди.

Ҳазрати Хадича онамиз бутун оилавий ҳаёти давомида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга доим хизмат қилди ва у зотнинг ёрдамчилари бўлди. Пайғамбаримизнинг бу никоҳлари Хадича онамиз вафот этгунча йигирма беш йил давом этди. Унинг ўн беш йили биъсатдан олдин, ўн йили биъсатдан (пайғамбарлик билдирилганидан) кейин бўлди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом биринчи завжалари ҳазрати Хадича ҳаёт эканида бошқа ҳеч кимга уйланмадилар. Иккитаси ўғил, тўрттаси қиз – олти фарзандлари бўлди. Улар: Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима ва Абдуллоҳ (Таййиб ёки Тоҳир). Пайғамбарлик даврида уйланган ҳазрати Мориядан ҳам Иброҳим исмли бир ўғиллари бўлган эди. Бошқа завжаларидан фарзандлари бўлмади. Зайнаб қизларининг энг каттаси эди. Энг кичик қизлари Фотима оталарининг энг суюклиси эди. У ҳижратдан ўн уч йил олдин туғилди. Ўғиллари ёш пайтларида вафот этганлари каби, ҳазрати Фотимадан бошқа барча қизлари ҳам у зотдан олдин вафот этдилар. Фотима онамиз эса Пайғамбаримиздан олти ой кейин вафот этди. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг наслари ҳазрати Фотиманинг фарзандлари орқали давом этди.9

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Хадича онамизга уйланганларидан кейин ҳам тижорат билан машғул бўлдилар. Топган даромадлари билан меҳмонларни иззат-икром қилар, етимларга ва фақирларга ёрдам берар эдилар.

Зайд ибн Ҳориса

Зайд ибн Ҳориса ёш болалигида онаси Суъдо билан бирга қариндошларини зиёрат қилгани кетган эди. Шу пайт улар бошқа бир қабиланинг босқинига учрадилар. Зайдни асир олдилар. Уни Маккага, Суқи Укоз деб аталадиган ярмаркага олиб келиб, сотувга қўйдилар. Ҳазрати Хадичанинг жияни Ҳаким ибн Ҳизом Зайдни 400 дирҳамга сотиб олди. Ҳаким ибн Ҳизом Зайд ибн Ҳорисани аммаси ҳазрати Хадичага ҳадя қилди, у эса уни Пайғамбаримизга ҳадя қилди. Пайғамбаримиз уни дарҳол озод қилдилар ва ўз ёнларида олиб қолдилар. Чунки озод бўлган Зайд ибн Ҳорисанинг борадиган жойи ҳам йўқ эди, унга Расулуллоҳдан яхшироқ қарайдиган кимсаси ҳам йўқ эди. У ҳам жон деб Расулуллоҳнинг ёнларида қолди.

Пайғамбаримиз пайғамбарликлари билдирилишидан олдин ҳам адолат, инсоф, марҳамат, инсонларни севиш, очиқ юзлилик, карам, сахийлик, аҳдга вафо (сўзида туриш), омонатга риоя, ёрдамсеварлик, фидокорлик, ишончлилик, мазлумни, бечорани, фақирни ҳимоя қилиш, болаларга меҳр ва муҳаббат кўрсатиш, ростгўйлик, тўғри сўзлилик, назокат, тавозеъ, мўътадиллик, инсонларни гўзал тарзда бошқариш, мардлик ва шижоат каби кўринган-кўринмаган, маълум ва номаълум ҳар турли гўзал ахлоқни камолга етказиш учун яратилган эдилар. У зот ҳар жиҳатдан ўтган ва келадиган барча махлуқотдан афзал эдилар, ҳамманинг ишончини қозониб, «ал-Амин» лақабини олган эдилар. Зайд ибн Ҳориса у зотдан кўрган гўзал муомала сабабли Пайғамбаримизни отасидан ҳам, онасидан ҳам кўпроқ севар, у зотнинг ёнларидан ҳеч айрилишни истамас эди.

«Бу молларнинг ҳаммаси олий зотингизга тегишлидир. Мен эса сизга муҳтожман ва сиздан миннатдорман» Хадичаи Кубро (розияллоҳу анҳо)

Онаси ва отаси ўғилларини қаерга олиб кетишганини, унга нима қилинганини билмас эдилар. Отаси Ҳориса фарзанд ўтида ёниб-куйиб, юртма-юрт кезиб, ўғлини излар эди. У Ямандан турли юртларга кетаётган қариндошлари ва танишларига ўғли Зайддан бирор хабар келтиришларини қаттиқ тайинлар, шеърлар айтиб, кўз ёши тўкар эди:

Зайдим учун йиғладим, билмам, не бўлди унга?
Тирикми ё ажал етдими унга?
Сўрама, эй кўнгил, беҳуда уни!
Билолмассан: қабри текисликдами, ё қоялар аро.
Ўғлига бўлган соғинчини изҳор этган яна бир шеъри шундай:
Зайдим, болам! Кетган қайтишин билсам эди, оҳ!
Сендан бошқасининг қайтишин истамам, валлоҳ.
Шамол эсганда, қаерда бир бола кўрсам, эслайман уни,
Ҳар саҳар қуёш чиқаркан, эслатар сени.
Фарёд, жигарбандим учун минглаб фарёд,
Уловимга миниб излайман, гарчи ҳолим барбод.
Мен ҳам, уловим ҳам билмаймиз толиш, ҳориш,
Модомики, бор экан ўғлим топилиб, қаршимга чиқиш.
Умид инсонни қанча алдаса ҳам, у фонийдир охир,
Ўғилларим! Қайс, Амр, Язид, Жабал! Зайдим сизга омонат.

Ниҳоят, Ислом келишидан олдин Бану Калб қабиласидан Каъбани зиёрат қилгани келганлардан баъзилари ҳазрати Зайдни кўриб, танидилар. Ҳазрати Зайд уларга: «Оиламнинг мен учун фарёд-фиғон қилишини биламан, бу байтларни уларга етказинглар», – деб, қуйидаги шеърни айтди:

Ёнмоқда юрагим, йироқман мен уямдан,
Каъбага қўшниман, йироқ бўлсам ҳам онам-отамдан.
Ғамингиз асло юрагингизни куйдирмасин,
Мен учун фарёдингиз Аршгача етмасин.
Ҳамд бўлсин Мавлога, шундай бир уядаманки,
Кўрган шараф ва хайрим учун доим дуодаман.

Бу хабардан Ҳориса жуда севинди. Дарҳол ёнига кўп пул олиб, биродари Каъб билан бирга Маккага келди. Маккага етгач, Пайғамбаримизнинг уйларини сўраб топиб, ҳузурларига кирди ва шундай деди: «Эй Қурайш қавмининг сарвари, эй Абдулмутталибнинг набираси, эй Бану Ҳошим наслининг фарзанди! Сиз Ҳарами шарифнинг қўшнисисиз. Меҳмонларга икром, асирларга эҳсон қиласиз, уларни асирликдан қутқарасиз. Қулингиз бўлган ўғлимизни қутқариш учун қанча пул истасангиз, шуни берайлик; уни озод қилинг, илтимос, бу тилагимизни рад этманг!» Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Зайдни чақириб, унга аҳволни билдирайлик. Ихтиёрни унинг ўзига берайлик. Агар у сизларнинг ёнингизга боришни танласа, ҳеч қандай пул бермасдан уни олиб кетишингиз мумкин. Агар у мени танласа ва ёнимда қолишни истаса, Аллоҳга қасамки, мени танлаган кишини ҳеч кимга бермайман, у ёнимда қолади».

Ҳориса ва унинг биродари Пайғамбаримизнинг бу жавобларидан жуда мамнун бўлиб: «Сиз бизга жуда адолатли ва инсофли муомала қилдингиз», – дейишди.

Шундан кейин Пайғамбаримиз Зайдни ҳузурларига чақириб, ундан: «Буларни танийсанми?» – деб сўраганларида, у: «Ҳа, бири – отам, бошқаси – амаким», – деди. Шунда у зот шундай дедилар: «Эй Зайд! Сен менинг кимлигимни билдинг, сенга бўлган шафқатим ва марҳаматимни, муомаламни кўрдинг. Булар сени олиб кетгани келибдилар. Энди ё мени танла-да, ёнимда қол, ё уларни танла-да, кет».

Отаси билан амакиси энди у бизни танлайди, Зайдни олиб кетамиз, деб кутар эдилар. Зайд шундай деди: «Мен ҳеч кимни сиздан афзал кўрмайман. Сиз мен учун ҳам амаким, ҳам отам ўрнидасиз. Сизнинг ёнингизда қолишни истайман».

Отаси билан амакиси ҳайратда қолиб, донг қотдилар. Отаси жаҳл билан Зайдга: «Ҳолингга вой! Демак, сен қулликни озодликдан, онангдан, отангдан ва амакингдан афзал кўрасан!» – деди. Зайд отасига: «Отажон, мен бу зотдан шундай шафқат ва муомала кўрдимки, энди ҳеч кимни у зотдан афзал кўра олмайман», – деб жавоб берди.

Пайғамбаримиз Зайдни жуда яхши кўрар эдилар. Унинг ўзларига бундай садоқатини ва муҳаббатини кўргач, уни Каъбаи муаззаманинг ёнидаги Ҳижрга олиб бордилар ва у ердагиларга хитоб қилиб: «Гувоҳ бўлинглар: Зайд – менинг ўғлим. У менга ворис, мен унга ворисман», – дедилар. Буни кўргач, Зайднинг отаси ва амакисининг жаҳли босилди. Улар севиниб, юртларига қайтдилар. Шундан кейин саҳобаи киром Зайдни Зайд ибн Муҳаммад (Муҳаммаднинг ўғли Зайд) деб атай бошладилар. Кейинчалик Аллоҳу таоло Аҳзоб сурасининг 5-оятидаги: «Болаларингизни оталарининг исми билан чақиринглар, шундайи Аллоҳ ҳузурида тўғрироқдир» ва 40-оятидаги: «Муҳаммад (алайҳиссалом) сизлардан бирорта эркакнинг (Зайд каби) отаси эмас» деган амрлари билан фарзандликка олишни ҳам бекор қилгач, ҳазрати Зайдни отасининг исми билан, яъни «Ҳорисанинг ўғли Зайд» (Зайд ибн Ҳориса) деб чақира бошлашди.10

Каъба низосида ҳакам бўлишлари

Расулуллоҳ ўттиз беш ёшларида Каъба низосида ҳакамлик қилдилар. Ўша пайтда ёмғирлар ва селлар Каъбанинг деворларини анча емириб юборган эди. Бундан ташқари, чиққан бир ёнғин Каъбага шикаст етказган эди.11 Бинони қайтадан қуриш лозим эди. Шунинг учун Қурайш қабиласи Каъбани Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдеворгача бузиб, қайтадан қура бошлади. Ҳар бир қабилага бир қисмини бериб, деворларни кўтардилар. Бу ишнинг улуғ шараф эканини билган қабилалар Ҳажарул асвад тошини жойига қўйиш масаласида келиша олмадилар. Ҳар бир қабила бу шарафга эришишни истагани учун, улар орасида катта низо чиқди. Бану Абдуддор: «Бу ишни биздан бошқа бирор киши қилса, қон тўкамиз», – деб аҳд қилдилар. Тўрт-беш кун давом этган бу низо сабабли қон тўкилишига оз қолди.

«Мен ҳеч кимни сиздан афзал кўрмайман. Сиз мен учун ҳам амаким, ҳам отам ўрнидасиз. Сизнинг ёнингизда қолишни истайман» Зайд ибн Ҳориса (розияллоҳу анҳу)

Бир душанба куни эди. Абдулмутталибнинг тоғаси, кекса ва ҳурматли зот Ҳузайфа ибн Муғийра Каъбага очиладиган Бану Шайба эшигини кўрсатиб, шундай деди: «Эй Қурайш жамоаси! Келиша олмаётган ишингиз ҳақида ҳукм чиқариш учун мана шу эшикдан биринчи бўлиб кирадиган кишини орангизда ҳакам қилинглар». У ердагилар бу таклифни қабул қилдилар ва Бану Шайба эшигига қараб, биринчи бўлиб кирадиган ва шу нозик пайтда низони ҳал қиладиган кишини кута бошладилар. Ниҳоят, эшикдан Муҳаммад алайҳиссалом кириб келганларини кўрдилар. Улар у зотнинг ростгўйликларини, юксак ахлоқларини беҳад қадрлар ва у зотни доим ал-Амин, яъни «ҳамиша ишонса бўладиган киши» деб атар эдилар. «Мана, ал-Амин. У зотнинг ҳукмларига розимиз», – дейишди.

Бўлган воқеани севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга айтиб беришганда, у зот хирқаларини ечиб, ерга ёздилар. Ҳажарул асвадни муборак хирқаларининг устига қўйиб: «Ҳар бир қабиладан бир киши унинг бир четидан ушласин», – дедилар. Шу тариқа тошни қўйиладиган жойигача кўтартирдилар.

Сўнгра тошни ўзлари қучоқлаб, шарафли қўллари билан жойига қўйдилар. Чиқай деб турган катта тўқнашувнинг шу тариқа олди олинганини кўрган қабилалар бу ишдан мамнун бўлдилар. Улар деворларни қолган жойидан давом эттириб, қуриб битирдилар.12