Севимли Пайғамбарим

КАТТА ГУНОҲЛАР

Етмиш икки катта гуноҳ қуйидагилардир:

1. Ноҳақ одам ўлдириш.

2. Зино қилиш.

3. Ливота қилиш.

4. Шароб ва ҳар турли спиртли ичимликлар ичиш. (Пиво ичиш ҳаромдир.)

5. Ўғрилик қилиш.

6. Кайф учун гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш.

7. Бошқаларнинг молини зўрлик билан олиш, яъни ғасб қилиш.

8. Ёлғон гувоҳлик бериш.

9. Рамазон рўзасини узрсиз, мусулмонлар олдида еб бузиш.

10. Фоиз олиш ва бериш.

11. Кўп қасам ичиш.

12. Ота-онага осий бўлиш, уларга қарши чиқиш.

13. Маҳрам ва солиҳ қариндошлар билан силаи раҳмни (зиёратни) тарк этиш.

14. Жангда жанг майдонини ташлаб, душман олдидан қочиш.

15. Етимнинг молини ноҳақ ейиш.

16. Тарози ва ўлчовни тўғри ишлатмаслик.

17. Намозни вақтидан олдин ёки кейин ўқиш.

18. Мўмин биродарининг кўнглини синдириш. (Бу Каъбани бузишдан ҳам каттароқ гуноҳдир. Аллоҳу таолони энг кўп ранжитадиган куфрдан кейин кўнгил синдиришдек катта гуноҳ йўқдир.)

19. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтмаган сўзни айтиш ва уни у зотга нисбат бериш.

20. Пора олиш.

21. Ҳақ гувоҳликдан қочиш.

22. Молининг закотини ва ушрини бермаслик.

23. Кучи етадиган кишининг мункарни, гуноҳ қилаётган одамни кўрганда уни ман этмаслиги.

24. Тирик ҳайвонни оловда ёқиш.

25. Шони улуғ Қуръонни ўргангандан кейин уни ўқишни унутиш.

26. Шони улуғ Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш.

27. Мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, одамларга хиёнат қилиш.

28. Чўчқа гўштини ейиш.

29. Расулуллоҳнинг саҳобаларидан (ризвонуллоҳи таоло алайҳим ажмаъийн) бирортасини севмаслик ва сўкиш.

30. Қорни тўйгандан кейин ҳам ейишда давом этиш.

31. Хотиннинг эрининг тўшагидан қочиши.

32. Хотиннинг эридан рухсатсиз меҳмонга бориши.

33. Номусли аёлни «фоҳиша» деб аташ.

34. Намима, яъни мусулмонлар орасида гап ташиш. 35. Аврат жойини бошқаларга кўрсатиш. (Эркакнинг аврати – киндик билан тизза ораси, аёлнинг аврати – сочи, қўллари, оёқлари.) Бошқаларнинг аврат жойига қараш ҳам ҳаромдир.

36. Ўлакса ейиш ва бошқаларга едириш. 37. Омонатга хиёнат қилиш. 38. Мусулмонни ғийбат қилиш. 39. Ҳасад қилиш.

40. Шони улуғ Аллоҳга ширк келтириш. 41. Ёлғон гапириш. 42. Кибр, ўзини бошқалардан устун кўриш.

43. Ўлим тўшагидаги беморнинг ворисларидан мол яшириши. 44. Бахил, ўта хасис бўлиш.

45. Дунёга муҳаббат қўйиш.

46. Аллоҳу таолонинг азобидан қўрқмаслик. 47. Ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилмаслик.

48. Ҳалолни ҳалол деб эътиқод қилмаслик. 49. Фолбинларнинг фолига, ғайбдан хабар беришларига ишониш. 50. Динидан қайтиш, муртад бўлиш.

51. Узрсиз бегона аёлга, қизга қараш. 52. Аёлларнинг эркак либосини кийиши. 53. Эркакларнинг аёл либосини кийиши. 54. Каъба Ҳарамида гуноҳ қилиш. 55. Вақти кирмасдан азон айтиш ва намоз ўқиш.

56. Давлат одамларининг амрларига, қонунларга бўйсунмаслик, қарши чиқиш.

57. Хотинининг маҳрам жойларини онасининг маҳрам жойига ўхшатиш. 58. Хотинининг онасини сўкиш.

59. Бир-бирига қурол ўқталиш.

60. Итнинг сарқитини еб-ичиш. 61. Қилган яхшилигини миннат қилиш. 62. Ипак кийиш (эркаклар учун). 63. Жоҳилликда оёқ тираб туриш. (Аҳли суннат эътиқодини, фарзларни, ҳаромларни ва зарур бўлган ҳар бир илмни ўрганмаслик.)

64. Аллоҳу таолодан ва Ислом билдирган исмлардан бошқа нарса билан қасам ичиш.

65. Илмдан қочиш.

66. Жоҳилликнинг мусибат эканини англамаслик.

67. Кичик гуноҳни қайта-қайта қилишда оёқ тираб туриш. 68. Заруратсиз қаҳқаҳа отиб кўп кулиш.

69. Бир намоз вақтини ўтказиб юборадиган муддат давомида жунуб ҳолда юриш. 70. Ҳайз ва нифос ҳолидаги хотинига яқинлик қилиш.

71. Тағанний қилиш. Ахлоқсиз қўшиқлар айтиш, мусиқа ва чолғу асбобларини ишлатиш. 72. Ўз жонига қасд қилиш, яъни ўзини ўлдириш.

Гўзал ахлоқ

Ислом гўзал ахлоқ билан ахлоқланишни, нафсни ёмон хулқлардан тозалашни, яхши хулқли бўлишни, ҳар жиҳатдан иффатли ва ҳаёли бўлишни буюради. Бу билимларни ва йўлларни ўргатадиган илмга тасаввуф дейилади.

Бадан саломатлигига оид билимларни тиб илми ўргатганидек, қалбнинг, руҳнинг ёмон хулқлардан қутулишини тасаввуф илми ўргатади. У инсонни қалб касаллигининг аломатлари бўлган ёмон ишлардан узоқлаштириб, Аллоҳ розилиги учун яхши ишлар қилишни ва ибодат қилишни таъминлайди.

Ислом аввал илм ўрганишни, кейин ўрганганларига мувофиқ иш ва ибодат қилишни, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ розилиги учун бўлишини, қисқача айтганда, илм, амал ва ихлосни буюради. Инсоннинг маънан юксалиши, дунё ва охират саодатига эришиши бир самолётнинг учишига ўхшатилса, иймон билан ибодат унинг танаси ва моторларига ўхшайди.

Тасаввуф йўлида олға юриш эса унинг ёқилғиси, яъни бензинидир. Мақсадга етиш учун самолёт қўлга киритилади, яъни иймон ва ибодат касб қилинади. Ҳаракатга келиш учун эса куч, яъни тасаввуф йўлида олға юриш лозимдир.

Тасаввуфнинг икки мақсади бор:

Биринчиси – иймоннинг виждоний бўлиши, яъни қалбга ўрнашиши ва шубҳа уйғотадиган таъсирлар билан чайқалмаслигидир. Ақл билан, далил ва исбот билан қувватлантирилган иймон бундай мустаҳкам бўлмайди. Аллоҳу таоло Қуръони каримда Раъд сурасининг 28-оятида шундай марҳамат қилди, маъноси: «Қалбларга иймоннинг сингиши, ўрнашиши фақат ва фақат зикр биландир». Зикр – ҳар бир ишда ва ҳар бир ҳаракатда Аллоҳу таолони эслаш, Унинг розилигига мувофиқ иш қилиш демакдир.

Тасаввуфнинг иккинчи мақсади – фиқҳ илми билдирган ибодатларни севиб, осонлик билан адо этиш ва нафси амморадан туғиладиган дангасалик ва қийинчиликларни кетказишдир. Ибодатларни осонлик билан, севиб адо этиш ва гуноҳ ишлардан нафратланиб узоқлашиш фақат тасаввуф илмини ўрганиб, бу йўлда олға юриш билангина мумкиндир.

Тасаввуф йўлини тутиш ҳамма билмаган нарсаларни кўриш, ғайбдан хабар бериш, нурларни, руҳларни ва қимматли тушларни кўриш учун эмас.

Тасаввуф орқали қўлга киритиладиган маърифатларга, билимларга ва ҳолларга эришиш учун аввал иймонни тузатиш, Исломнинг амр ва тақиқларини ўрганиб, уларга мувофиқ иш ва ибодат қилиш лозимдир. Зотан, бу учтасини қилмагунча, қалбни поклаш, ёмон хулқлардан тозалаш, нафсни тазкия қилиш, тарбиялаш мумкин эмас.