Севимли Пайғамбарим

КУФР БАҲСИ

Ёмонликларнинг энг ёмони – Аллоҳу таолога ишонмаслик, атеист бўлишдир. Ишониш лозим бўлган нарсага ишонмаслик куфр бўлади. Муҳаммад алайҳиссаломга ишонмаслик куфр бўлади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таоло ҳузуридан олиб келиб билдирганларининг ҳаммасига қалб билан ишониш ва тил билан ҳам иқрор қилиш, айтишга иймон дейилади. Айтишга бирор монелик бўлганда, айтмаслик афв қилинади. Иймон ҳосил бўлиши учун Ислом куфр аломати деб билган нарсаларни айтишдан ва ишлатишдан сақланиш ҳам лозимдир. Ислом аҳкомидан, яъни Исломнинг амр ва тақиқларидан бирини енгил санаш, Қуръони каримни, фариштани, пайғамбарлардан бирини (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) масхара қилиш куфр аломатларидандир. Инкор қилиш – эшитгандан кейин ишонмаслик, тасдиқ қилмаслик демакдир. Шубҳа қилиш ҳам инкор бўлади. Ислом иймонсизлик аломати деб билган сўзларни айтган ва ишларни қилган киши қалбида тасдиқ бўлса ҳам, ишонишини айтса ҳам, кофир бўлади. Ислом таҳқир қилишни буюрган нарсага таъзим кўрсатиш, таъзим қилишни буюрган нарсани таҳқирлаш куфрдир.

Куфрга сабаб бўладиган баъзи нарсалар

1. «Аллоҳу таоло Аршдан ёки осмондан бизга қараб турибди» дейиш куфрдир. Чунки Аллоҳу таоло макондан муназзаҳдир. У ҳақда «ерда, осмонда, пастда, юқорида, ўнгда, чапда» деб бўлмайди. 2. «Сен менга зулм қилганингдек, Аллоҳу таоло ҳам сенга зулм қиляпти» дейиш куфрдир. Аллоҳу таоло золим эмас. У бандаларига зулм қилмайди. «Зулм» сўзи Аллоҳу таоло ҳақида айтилмайди. 3. «Фалон мусулмон менинг кўзимда яҳудий кабидир» дейиш куфрдир. 4. Ёлғон бир сўз ҳақида «Аллоҳу таоло биладики, бу тўғри» дейиш куфрдир. 5. Фаришталарни камситадиган гапларни айтиш куфрдир.

6. Қуръони каримни, ҳатто унинг бир ҳарфини камситадиган сўз айтиш, унинг бирор ҳарфига ишонмаслик куфрдир. 7. Чолғу чалиб Қуръони карим ўқиш, муножот айтиш, азон айтиш, мавлид ўқиш куфрдир. 8. Пайғамбарларни камситадиган гапларни айтиш куфрдир. 9. Кўп яхшилик қиладиган бир киши ҳақида «У пайғамбардан ҳам яхшироқ» дейиш куфр бўлади. 10. Бир киши ўзини пайғамбар деса, унга ишонганлар ҳам кофир бўлади.

11. Охиратда бўладиган нарсаларни масхара қилиш куфр бўлади. 12. Қабрдаги ва қиёматдаги азобларга (ақлга, фанга мос эмас деб) ишонмаслик куфрдир.

13. Жаннатда Аллоҳу таолони кўришга ишонмаслик куфр бўлади.

14. Машҳур суннатлардан бирини ёқтирмаслик куфрдир.

15. Ислом илмларига ишонмаслик, уларни ва дин олимларини менсимаслик ҳам куфр бўлади. 16. Кофир бўлишни истаган киши бунга ният қилган лаҳзадаёқ кофир бўлади.

17. Куфрга сабаб бўлишини билиб туриб, ўз хоҳиши билан куфр сўзларини айтган киши кофир бўлади. Билмасдан айтса ҳам, олимларнинг кўпчилигига кўра, барибир кофир бўлади. 18. Белига зуннор деб аталадиган роҳиблар белбоғини боғлаш ва фақат куфрга хос бирор нарсани кийиш куфр бўлади. Савдогарнинг буларни дорул ҳарбда ҳам ишлатиши куфр бўлади. Буларни ҳазил-мутойиба учун, бошқаларни кулдириш учун, ўйин-кулги учун ишлатиш ҳам куфрга сабаб бўлади.

19. Бир мусулмонни ёмонлаш учун унга «кофир» дейиш куфр бўлмайди. Унинг кофир бўлишини истаб айтиш эса куфр бўлади. 20. Болалигида никоҳ қилинган қиз оқил ва балоғатга етганда иймонни, Исломни билмаса, сўралганда айтиб бера олмаса ёки уларга ишонмаса, эридан ажралган бўлади, ўзи эса муртад бўлади. Ўғил бола ҳам шундай.

21. Бир кишини ноҳақ урган ёки ўлдирган золимга «Яхши қилдинг, у бунга лойиқ эди» дейиш куфр бўлади.

22. Фарз эканига ишонмасдан, енгил санаб намоз ўқимаслик, рўза тутмаслик, закот бермаслик куфр бўлади. 23. Аллоҳнинг раҳматидан умид узиш куфр бўлади. 24. Ўлакса, чўчқа гўшти, шароб каби ўзи ҳаром бўлган нарсаларга «ҳароми ли айниҳи» дейилади. Уларга ҳалол дейиш куфр бўлади. 25. Ҳаром экани қатъий маълум бўлган барча гуноҳларга ҳалол дейиш ҳам куфр бўлади.

26. Азон, масжид, фиқҳ китоблари каби Ислом қадрлайдиган нарсаларни таҳқирлаш куфр бўлади. 27. Таҳоратсиз эканини билиб туриб намоз ўқиш куфр бўлади. 28. Билиб туриб қибладан бошқа томонга қараб намоз ўқиш куфр бўлади. «Намозни қиблага қараб ўқиш лозим эмас» деган киши кофир бўлади. 29. Бир киши бир Ислом олимига сабабсиз буғз қилса ёки уни сўкса, унинг куфрга тушишидан қўрқилади. 30. Олимлар айтишича, бир киши ёқтирмаган одамига «Сенинг юзинг менга жон олувчиникидек кўринади» деса, кофир бўлади. Чунки жон олувчи фаришта (Азроил алайҳиссалом) улуғ фариштадир.

«Аллоҳу таоло Ўзига ширк келтирганларни, яъни кофирларни кечирмайди, ширкдан, яъни куфрдан бошқа гуноҳларни эса кечиради» Нисо: 116

31. Зино, ливота, фоиз, ёлғон каби ҳар бир динда ҳаром бўлган бирор нарса ҳақида «Ҳалол бўлганида эди, мен ҳам қилардим» деб орзу қилиш куфрдир. 32. Муҳаммад алайҳиссаломнинг охир замон Пайғамбари эканликларини билмаган киши кофир бўлади. 33. Бир киши ипак кийса, бошқа бир киши унга «Муборак бўлсин» деса, ўша иккинчи кишининг куфрга тушишидан қўрқилади.

34. Тафсир ва фиқҳ китобларини ҳақорат қиладиган, уларни ёқтирмайдиган, ёмонлайдиган киши кофир бўлади. 35. Бир киши «Жаброилнинг бузоғидек шир яланғоч бўлиб қолибсан» деса, бу – офатдир, фариштани масхара қилишдир. 36. «Пайғамбар (алайҳиссалоту вассалом) қора эдилар» деган киши кофир бўлади. 37. «Намоз ўқимаслик – яхши иш» деган киши кофир бўлади. Олимлар айтишича, бир киши бошқа бир кишига «Кел, намоз ўқи» деса, у эса «Намоз ўқиш менга оғир иш» деса, кофир бўлади. 38. «Аллоҳ бобо» деган киши кофир бўлади. 39. Бир киши «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) таом егандан кейин муборак бармоқларини ялар эдилар» деса, бошқа бир киши эса «Бу – адабсизлик» деса, ана шу кейинги киши кофир бўлади. 40. Қуръони каримга ўз ақли билан маъно берган киши кофир бўлади.

41. Қуръони карим ёзилган тасмалар ва пластинкалар мусҳафи шариф каби қимматлидир. Уларга ҳурматсизлик қилиш ҳам куфр бўлади. 42. Жинлар билан таниш фолбинларга, юлдузномага қараб сўралган ҳар бир нарсага жавоб берадиганларга ва сеҳргарларга бориб, уларнинг айтганларига, қилганларига ишониш – гоҳо тўғри чиқса ҳам – Аллоҳу таолодан бошқасининг ҳар нарсани билишига ва ҳар истаганини қила олишига ишониш демакдир ва куфр бўлади. (Фан билимларига ишонмаслик бундай эмас.) 43. Суннатни енгил санаб, унга аҳамият бермасдан тарк қилиш куфр бўлади. 44. «Сеҳргар сеҳри билан истаганини албатта қилади, сеҳр албатта таъсир қилади» деган ва бунга ишонган киши кофир бўлади.

45. Мусулмон ўзига «кофир» деган кишига «Лаббай» каби рози эканини билдирадиган жавоб қайтарса, у ҳам кофир бўлади. 46. Никоҳи ҳаром бўлган аёлга уйланишни ҳалол деган киши кофир бўлади.

47. Бир киши қўлидаги қатъий ҳаром бўлган молдан садақа берса ва бунинг учун савоб умид қилса, уни олган фақир ҳам молнинг ҳаромдан эканини билиб туриб, берувчига «Аллоҳ сендан рози бўлсин» деса, берувчи ёки бошқа бир киши «Омин» деса, уларнинг ҳаммаси кофир бўлади.

48. Аллоҳу таолодан бошқасини, қандай мақсадда бўлмасин, «Яратувчи» деб аташ куфрдир. 49. «Абдулқодир» ўрнига қасддан «Абдулқўйдир» дейиш куфрдир. «Абдулазиз» ўрнига «Абдулузайз», «Муҳаммад» ўрнига «Мемо», «Ҳасан» ўрнига «Ҳассо», «Иброҳим» ўрнига «Ибо» дейиш ҳам шундайдир. Бу исмларни оёқ кийимлари ва шиппакларга ёзганларнинг ва уларни босиб юрганларнинг иймонлари кетишидан қўрқилади. 50. «Жоҳиллар авлиёларни яратувчи деб ўйлашларидан қўрққанимиз учун мақбараларни бузяпмиз» деган сўз куфрдир. 51. Устида ёзув, ҳатто бир ҳарф бўлган қоғозни, дастурхонни, жойнамозни ерга қўйиш (ҳақорат учун тўшаш ёки ишлатиш) куфр бўлади. 52. «Абу Бакр Сиддиқ ва Умарул Форуқнинг (розияллоҳу таоло анҳумо) хилофатга ҳақлари йўқ эди» дейиш куфрдир. 53. Бошқа бировнинг, айниқса, ўз боласининг кофир бўлишига сабаб бўлган кишининг ўзи ҳам кофир бўлади. 54. Қуръони каримнинг радиода ва карнайда айтиладиган, ўқиладиган айнан ўхшашига ҳурматсизлик қилиш ҳам куфр бўлади.

55. Суннат бўлган бир ишни ёқтирмаслик куфрдир. Суннатга аҳамият бермаслик куфрдир. 56. Маййитни тупроққа кўмиш фарздир. Бу фарзга аҳамият бермасдан бу хизматдан қочган ва илмни, фанни баҳона қилиб, «Ўликларни кўмиш – қолоқлик. Буддавий, браҳман, коммунист кофирлар каби ўликларни ёқиш яхшироқ» деган кишининг иймони кетади, у муртад бўлади. 57. «Тез берувчи бобо» дейиш жуда хунук бўлиб, куфрга сабаб бўлади. 58. Зинони, ливотани жоиз дейиш куфрдир. 59. Насс (яъни оят ва ҳадис) ва ижмоъ билан билдирилган ҳаромга аҳамият бермаслик куфрдир.

60. Катта гуноҳларни давом эттириш, уларда ўжарлик қилиш куфрга олиб боради. Намозга аҳамият бермаслик куфрдир. 61. Аллоҳу таолонинг валийларидан ўлигини ёки тиригини тил ёки қалб билан инкор қилиш куфрдир. 62. Авлиёга ва илми билан амал қилувчиларга душманлик куфрдир. 63. «Авлиёда исмат сифати бор» дейиш куфрдир. (Исмат сифати фақат пайғамбарларда бўлади.)

64. Бирор ҳодисанинг ўз-ўзидан бўлганига ишониш ва «ҳайвонлар бир ҳужайралилардан мураккаб тузилишлиларга томон бир-бирига айланиб, ниҳоят инсонга айланган» дейиш куфрдир.

«Ё Раббим! Сендан охири куфр билан тугамайдиган иймон сўрайман!» Ҳадиси шариф

65. Кофирларнинг ибодатларини ибодат сифатида бажариш, масалан, улар черковларида чаладиган орган каби чолғуларни ва қўнғироқларни масжидларда чалиш ҳамда Ислом кофирлик аломати деб санаган нарсаларни заруратсиз ва мажбур бўлмасдан ишлатиш куфр бўлади. 66. Саҳобаи киромни сўккан кишига мулҳид дейилади. Мулҳид кофирдир. 67. Расмда тасвирланган, ҳайкалда гавдалантирилган шахсда, хочда ёки юлдуз, қуёш, сигир каби бирор нарсада илоҳлик сифати бор деб ишониб, масалан, «истаганини яратади, ҳар истаганини қилади, касалга шифо беради» деб унга таъзим қилиш куфр бўлади. 68. Ҳазрати Оишага туҳмат қилган (уни фоҳиша деган) ва отасининг саҳобий эканига ишонмаган киши кофир бўлади. 69. Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари ҳам ҳар ким билиши зарур бўлган нарсадир. Бунга ишонмаган киши кофир бўлади. 70. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда жаннат билан хушхабар берилган кишига кофир дейиш куфрдир. 71. Мусулмон аёлнинг боши, қўллари ва оёқлари очиқ ҳолда кўчага чиқиши, уларни эркакларга кўрсатиши ҳаромдир, гуноҳдир. Агар у бунга аҳамият бермаса, парво қилмаса, иймони кетади, кофир бўлади. 72. Фаришталарнинг ва жинларнинг борлигига ишонмаган киши кофир бўлади.

73. Мусулмонга «Эй кофир!» деган (ёки мусулмонни масон, коммунист деган) ва уни кофир деб эътиқод қилган кишининг ўзи кофир бўлади. 74. Пайғамбарларнинг сони аниқ маълум эмас. Бирор сонни айтиш пайғамбар бўлмаганни пайғамбар деб ҳисоблаш ёки пайғамбар бўлганни пайғамбар деб тан олмаслик бўлиши мумкин. Бу эса куфрдир. Чунки пайғамбарлардан бирини тан олмаслик – уларнинг ҳеч бирини тан олмаслик демакдир. Ислом олимлари бу масалада пайғамбарларнинг сони бир юз йигирма тўрт мингдан ортиқ эканини билдирганлар. Олимлар иттифоқ билан куфрга сабаб бўлади деб билдирган сўз ёки ишни эркак бўлсин, аёл бўлсин, бир мусулмон куфрга сабаб бўлишини билиб туриб, қасддан (таҳдидсиз, ўз хоҳиши билан) жиддий ёки ҳазил қилиб, кулдириш учун айтса ёки қилса, маъносини ўйламаган бўлса ҳам, иймони кетади. У муртад бўлади. Аввалги ибодатларининг савоблари йўқ бўлади. Тавба қилса ҳам, улар қайтиб келмайди. Бой бўлса, унга қайта ҳажга бориш лозим бўлади. Тавба қилиш учун фақат калимаи шаҳодатни айтиш кифоя қилмайди. Куфрга сабаб бўлган ўша нарсадан ҳам тавба қилиш лозимдир. (Исломдан қайси эшикдан чиққан бўлса, ўша эшикдан кириши лозим.) Билмаслиги узр ҳисобланмайди, балки катта гуноҳдир. Чунки ҳар бир мусулмонга билиши лозим бўлган нарсаларни ўрганиш фарздир. Куфрга сабаб бўладиган сўзни хато қилиб, янглишиб ёки таъвил билан айтган кишининг иймони ҳам, никоҳи ҳам бузилмайди. Фақат унинг тавба ва истиғфор қилиши, яъни таждиди иймон қилиши яхши бўлади.

Бир кофир бир калимаи тавҳидни айтиш билан мўмин бўлганидек, бир мўмин ҳам бир сўз айтиш билан кофир бўлади. Ҳар бир мусулмон эрталаб ва кечқурун мана бу иймон дуосини ўқиши, иккинчисини эса ўқиб, тавба қилиши, иймонини ва никоҳини янгилаши (таждиди иймон ва никоҳ қилиши) лозим:

«Аллоҳумма инний аъузу бика мин ан ушрика бика шайъан ва ана аъламу ва астағфирука лимо ло аъламу, иннака анта алломул ғуюб».

«Аллоҳумма инний уриду ан ужаддидал иймона ван никоҳа таждидан би қавли ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ».

Изингизни излаб-излаб топсайдим,
Изингиз тупроғига юзим суртсайдим.
Ҳақ насиб айласа, юзингиз кўрсайдим…
Ё Муҳаммад, жоним сизни соғинар.
Муборак бир сафар бўлса-ю кетсам,
Каъба йўлларида қумларга ботсам.
Гўзал жамолингиз тушда бир кўрсам…
Ё Муҳаммад, жоним сизни соғинар.
Заррача ҳийла қолмади қалбимда,
Ихлос ила кирдим мен бу ҳақ йўлга
Абу Бакр, Умар, Усмон ила бирга.
Ё Муҳаммад, жоним сизни соғинар.

«„Ла илаҳа иллаллоҳ“ деб, иймонингизни янгиланглар!» Ҳадиси шариф