МАЙЙИТГА ОИД ДИНИЙ ВАЗИФАЛАР
Ўлим аломатлари кўринганда қилинадиган ишлар
Ўлим яқинлашганининг аломати – оёқларнинг бўшашиб чўзилиши, буруннинг қийшайиши, чаккаларнинг ботиб кетишидир. Бундай бемор ўнг ёни билан ётқизилиб, юзи қиблага қаратилади. Шундай ётқизиш суннатдир. Оёқларини қибла томонга қилиб, чалқанча ётқизиш ҳам жоиз. Ҳозир шундай қилинмоқда. Лекин бошининг остига бирор нарса қўйиш керак. Шунда юзи қиблага қараган бўлади. Булар қийин бўлса, қандай осон бўлса, шундай ётқизиш ҳам жоиз. Калимаи тавҳидни талқин қилаётганда «Муҳаммадур Расулуллоҳ»ни ҳам айтиш яхши бўлади. Ўлим аломати – қотиб қолиш, совиш ва ҳид чиқишидир. Бу аломатлардан олдин ҳам ўлим маълум бўлса [нафас тўхтагани оғзига тутилган ойнанинг терламаганидан, юрак тўхтагани томир уришидан билингач], маййитнинг кўзларини юмиш ва иягини боғлаш суннатдир.
Вафот этганда қилинадиган ишлар
Кўзларини юмиш ва иягини боғлаш суннатдир. Ияги кенг мато билан бошининг устидан боғланади. Кўзларини юмаётганда «Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳ» дейиш ва дуосини ўқиш суннатдир. Бадан совимасдан олдин қўл бармоқларини, тирсакларини, тиззаларини букиб-ёзиб, қўлларини ва оёқларини тўғри ҳолда қўйиш суннатдир. Шунда уни ювиш ва кафанга ўраш осон бўлади. Бадан совимасдан олдин кийими ечилиб, кенг, енгил бир чойшаб билан ёпилади. Чойшабнинг бир учи бошининг остига, иккинчи учи оёқларининг остига қистирилади. Қорни устига, чойшабнинг устига ёки остига, шишиб кетмаслиги учун бирор нарса [пичоқ ёки бошқа темир] қўйилади. Унинг юз граммдан оғир бўлгани маъқул. Ювиш, кафанлаш, жаноза намозини ўқиш ва дафн қилиш фарзи кифоядир. Яъни керакли миқдордаги кишилар адо этгач, бошқаларга фарз бўлмайди. Боланинг ювиши ҳам жоиз. Аёллар бўлмаганда аёлни эркак юва олмайди. Лекин маййит бошдан-оёқ ёпиқ ҳолда, унинг қариндоши, қариндоши бўлмаса, бошқа бир киши, қўлига мато ўраб, қўлини ёпинчиқ остига тиқиб, унга таяммум қилдиради. Чунки ўликнинг аврати тирикнинг аврати кабидир. Қараш ҳаром бўлган жойга тегиниш ҳам ҳаромдир. Яхшиси, болага ўргатиб, унга ювдирилади. Ҳанафий мазҳабида аёлни эри юва олмайди ва унга тегина олмайди. Чунки аёл вафот этиши билан никоҳ дарҳол бекор бўлади. Унга қараш жоиз. Аёлни эрининг ювиши қолган уч мазҳабда жоиз. Аёлнинг эрини ювиши ҳанафий мазҳабида ҳам жоиз. Чунки эр вафот этгандан кейин никоҳ идда тугагунча [тўрт ою ўн кун] давом этади. Аёлни эркак, эркакни аёл юва олмайди. Қўлига мато ўраб, таяммум қилдиради. Таяммум қилдираётган эркак номаҳрам аёлнинг қўлларига қарай олмайди. У унинг қариндоши бўлса, қўлига мато ўраши шарт эмас. Чунки маҳрам қариндошининг қўлларига ва юзига қараш ва тегиниш жоиз. Кишининг фақат боши ёки баданининг ярми топилса, у ювилмайди ва намози ўқилмайди. Шундайича дафн қилинади. Баданининг ярмидан кўпи, боши бўлмаса ҳам, ёки баданининг ярми боши билан бирга топилса, у ювилади ва намози ўқилади. Маййит ювадиган кишининг олдин ғусл қилиб олиши мустаҳабдир. Жунубнинг ва ҳайз ҳолатидаги аёлнинг ювиши макруҳдир. Маййит ювилган сув мои мустаъмал бўлади. У нажс, ифлос бўлади. Шунинг учун ювувчиларнинг устига сачрамаслиги керак, улар фўта боғлашлари лозим. Маййит ювилгандан кейин пок бўлади. Ювиладиган жойга ювувчи ва унинг ёрдамчисидан бошқа ҳеч ким кирмайди. Ювувчилар ишончли кишилар бўлиши керак. Улар маййитда кўрган саодат аломатларини айтадилар, шақоват аломатларини айтмайдилар. Маййитнинг айбини ошкор қилмайдилар. Валий (васий) кириши мумкин. Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аббоснинг ўғли Фазл билан Али (розияллоҳу анҳумо) ювдилар. Усома (розияллоҳу анҳу) сув қуйиб турарди. Аббос (розияллоҳу анҳу) кириб-чиқиб турарди. Тирик кишига азият берадиган нарса ўликка ҳам азият беради. Шунинг учун уни жуда совуқ ва жуда иссиқ сув билан ювмайдилар. [Ҳидланмаслиги учун уни совутгичга ҳам қўймайдилар. Ҳидланмаслиги учун тез дафн қилиш керак, узоқдан йўловчи келади деб кутиб турмаслик лозим.] Замзам суви билан ювиш жоиз эмас.
«Ўлмасдан олдин ўлинглар. Ҳисобга тортилмасдан олдин ўзингизни ҳисобга тортинглар!» Ҳадиси шариф
Маййитни ювиш
Сарир, яъни ювиш тахтасининг атрофида аввал баҳур ёқилиб, уч марта айлантирилади, тутатилади. Беш марта ҳам бўлади. Баҳур – бир ўсимликдир. Унга уд (агар дарахти, Aquilaria) қириндилари ва стиракс дарахтининг елими ҳам аралаштирилиб, бир идишдаги оловга солинади ва ювиш тахтаси чиққан тутунга тутилади. Сарир киндик баробарида баланд ва бир оз қия бўлиши керак. Сидр дарахти барги ёки совун ўти билан қайнатилиб, кейин илитилган ёки кофур (камфора) деб аталадиган оқ, хушбўй нарса солинган сув тайёрланади. Сув жуда иссиқ бўлмаслиги, тузли бўлиши керак. Салқин ва тузли сув чиришни кечиктиради. Маййитни ювишда ният қилиш суннатдир. Ниятсиз ювилса, пок бўлса ҳам, фарз соқит бўлмайди. Ёпиқ ҳолдаги маййит тутатилган сарир устига чалқанча ёки қандай осон бўлса, шундай ётқизилади. Киндиги билан тиззаси ораси ёпиқ ҳолда ювилади. Чунки аёлнинг аёллар учун аврат жойи эркакнинг эркаклар учун аврат жойи кабидир. Сарир устида қиблага қаратиб ётқизиш суннатдир. Маййитга, бола бўлса ҳам, аввал таҳорат қилдирилади. Лекин оғзига, бурнига сув берилмай, улар мато билан тозаланади. Оғзига сув кириб кетса, тез чиришига сабаб бўлади. Аввал юзи ювилади. Сўнгра қўллари ювилиб, бошига, қулоқларига ва гарданига масҳ тортилади ва оёқлари ювилади. Боши ва соқоли хатмий ёки совун билан ювилади. Сўнгра чап ёнига ўгирилиб, ўнг ёнига сув қуйилиб ювилади. Сув тахтага теккан жойларигача оқизилиши керак. Шу тарзда уч марта сув қуйилиб ювилади. Сўнгра худди шундай ўнг ёнига ётқизилиб, чап томонига елкадан оёққача уч марта сув қуйилиб ювилади. Сўнгра ўтқазилиб, қорни енгилгина босилади. Бирор нарса чиқса, ювилади [яъни сув қуйиб кетказилади]. Сўнгра чап ёнига ётқизилиб, ўнг томони яна ювилади [яъни елкадан оёққача сув қуйилади]. Шу тарзда суннатга мувофиқ, яъни уч марта ювилган бўлади. Ювилгандан кейин таҳоратни бузадиган нарсалар чиқса, қайта ювилмайди ва таҳорат қилдирилмайди. Сочлари тўкилса, кафанининг ичига солинади. Тирик кишининг ҳам тирноқлари, сочлари ва тишларини дафн қилиш суннатдир. Ювилгандан кейин тахта устида мато билан қуритилади. Сочлари ва соқоли орасига ҳанут деб аталадиган хушбўй нарсалар аралашмаси ёки кофур солинади. Заъфарон солиш макруҳдир. Сажда қилган аъзоларига [пешонасига, бурнига, тиззаларига, қўл ва оёқ бармоқларига] кофур сепилган пахта қўйилади. Оғзига, бурнига, қулоқ тешикларига, кўзларига пахта қўйиш жоиз. Сувга чўкиб ўлган киши ҳам уч марта ювилади ёки ювиш нияти билан сувда уч марта ҳаракатлантирилади. Ёмғирда ҳўл бўлган маййит ҳам ювилади.
«Қабрдаги маййит денгизда ғарқ бўлаётган кишига ўхшайди: отасидан, онасидан, биродарларидан ва дўстларидан келадиган бир дуони доим кутиб ётади» Ҳадиси шариф
Эркакни кафанлаш
Эркакнинг кафани уч қисмдан иборат бўлиши суннатдир. Истанбулда кафан учун эркакларга етти метр, аёлларга саккиз метр батист олиш одат бўлган. Эни – 130–140 сантиметр. 1. Изор: бошдан оёққачадир. Эни бир метрдан ортиқ. 2. Қамис [кўйлак каби узун либос]: унинг узунлиги елкадан оёққача бўлган узунликнинг икки бараваридир. Бу узунлик ўртасидан иккига букланиб, букланган жойидан бош сиғадиган қилиб тўғри кесилади. Енг ва этак жойлари кесилмайди. 3. Лифофа: у бошдан ҳам, оёқлардан ҳам узунроқ ва кенгроқдир. Бош устидан ва оёқ остидан учлари йиғилиб, мато билан боғланади. Имоми Раббоний ҳазратлари кафаннинг уч қисмдан ортиқ бўлиши бидъат бўлади, дейдилар. Кафанларни тобутга қўйишдан олдин уларнинг ҳар бирини алоҳида тутатиш яхшидир. Солиҳларнинг, валийларнинг ички кийимларидан, кийимларидан кафан қилиш ёки уларни кафан ичига, юзига, кўкрагига қўйиш фойдалидир. Тобутнинг ичига аввал лифофа ёйилади. Сўнгра унинг устига изор ёйилади. Қамис ҳам тобутнинг ичига қўйилади. Сўнгра тобутнинг атрофида уч ёки беш марта баҳур айлантирилади. Кафаннинг учала қисми устига ҳам ҳанут сепилади. Маййит қуритилгандан кейин қамис тобутдан олиниб, бошидан кийгизилади, ярми олдидан, ярми орқасидан оёқларигача узатилади. Маййит Бисмиллаҳ билан тобутнинг ичига, изорнинг устига ётқизилади. Изорнинг аввал чап томони, сўнгра ўнг томони маййит устига ёпилади. Лифофа ҳам шундай ёпилади. Яъни ўнг четлари чап четларининг устига ёпилади.
Аёлни кафанлаш
Аёлнинг кафани беш қисмдан иборат бўлиши суннатдир: қамис, изор, лифофа, химор ва кўкракбанд. Химор – етмиш беш сантиметрча узунликдаги рўмолдир. Унинг учлари юзга осилиб туради, бошга ўралмайди. Кўкракбанд елкадан тиззагачадир. Тобутнинг ичига аввал лифофа ёйилади. Сўнгра унинг устига изор ёйилади. Қамис ҳам тобутнинг ичига қўйилади. Изордан олдин ёки кейин кўкракбанд ёйилади. Аёлнинг қамиси ёпилгач, сочлари иккига ажратилиб, икки томондан кўкраги устига, қамиснинг устига қўйилади. Сочлари устига химор қўйилиб, устидан изор ёпилади. Изордан олдин ёки кейин кўкракбанд ўралади. Сўнгра лифофа ёпилади. Лифофанинг бош ва оёқ учлари ҳамда ўртаси [яъни меъда баробаридан] бир мато билан ўраб боғланади. Катта ўғил бола эркак каби кафанланади. Катта қиз бола аёл каби кафанланади. Кичик ўғил бола бир қисм, кичик қиз бола икки қисм кафанга ўралади. Ўлик туғилган бола, тушган ҳомила ва инсон аъзоси [масалан, қўли] кафанланмайди, бир матога ўралиб дафн қилинади. Тобут михсиз, тахталарни бир-бирига кийгизиб ясалган бўлиши лозим. Қисқа бир дуодан ва ҳақ-ҳуқуқлар ҳалоллангандан кейин мусаллога олиб борилиб, намози ўқилади.
Қабр зиёрати ва Қуръони карим ўқиш
«Ширъатул-ислом» китобининг охирида қабр зиёрати суннатдир, дейилади. [Ҳафтада бир марта, ҳеч бўлмаганда ҳайитларда зиёрат қилинади. Пайшанба ёки жума ёхуд шанба куни зиёрат қилиш савоблироқдир.] Зиёрат қилган киши маййитнинг чириганини ўйлаб, ибрат олади. Усмон (розияллоҳу анҳу) қабр ёнидан ўтаётганда кўп йиғлар, соқоли ҳўл бўлиб кетар эди. Маййит ҳам қилинган дуодан фойдаланади. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қариндошларининг ва саҳобаларининг (розияллоҳу таоло анҳум) қабрларини зиёрат қилар эдилар. Салом ва дуодан кейин қиблага орқа ўгириб, қабрга қараб ўтирилади. Қабрга қўлни, юзни суриш, тупроқни ўпиш насронийларнинг одатидир. Фақат ота-онанинг қабр тупроғини ўпиш жоиздир.
Ҳадиси шарифларда шундай дейилди:
«Бир киши танишининг қабрига бориб салом берса, у уни танийди ва саломига алик олади». «Бир киши мўминнинг қабрини зиёрат қилиб: „Аллоҳумма инний асъалука би ҳаққи Муҳаммадин ва оли Муҳаммадин ан ла туъаззиба ҳазал маййит“, – деса, маййитнинг азоби кўтарилади». «Ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума зиёрат қилган киши афв этилади».
Улуғ зотларнинг қабрини зиёрат қилиш учун узоқ юртларга бормаслик, бошқа бир иш билан борилганда зиёрат қилиш яхши бўлади. Фақат Пайғамбаримизни (алайҳиссалоту вассалом) зиёрат қилишга бориш савобдир. Пайғамбарларни (алайҳимуссалом) ва авлиёни (алайҳимур раҳма) зиёрат қилган киши уларнинг муборак руҳларидан фойда олади. Уларга бўлган муҳаббати, садоқати қанча бўлса, қалби шунча покланади. Мақбараларда гуноҳ қиладиганлар бўлса, масалан, очиқ юрадиган аёллар ҳам келса, зиёратни тарк этмаслик керак; уларни ман эта олмаса, қалби билан нафратланиши лозим. Худди шунингдек, аёллар бўлган, қўшиқ, муножотлар айтиладиган, нутқлар сўзланадиган мўминнинг жанозасига ҳам бориш лозим. Қабр бошида ёки бошқа жойда Қуръони карим ўқиб, савобини ўтганларга ҳадя қилиш ва улар учун дуо қилиш керак. Чунки Қуръони карим ўқилган жойга раҳмат ва барака ёғилади. У ерда қилинган дуо қабул бўлади.
«Ота-онасининг ёки улардан бирининг қабрини ҳар жума зиёрат қилган киши афв этилади» Ҳадиси шариф
«Жилоул-қулуб» китобида шундай дейилади: қабристонга келган киши тик туриб: «Ассалому алайкум, ё аҳла дорил қавмил мўъминийн! Инна иншоаллоҳу ан қарийбин бикум лоҳиқун», – дейди. Сўнгра Бисмиллаҳ билан ўн бир марта Ихлос сурасини ва бир марта Фотиҳани ўқийди. Сўнгра: «Аллоҳумма роббал ажсодил болияҳ, вал изомин нахиротиллатий харажат минад дунё ва ҳийа бика мўъминатун, адхил алайҳа равҳан мин индика ва саламан минний», – деган дуони ўқиши керак. Қабрнинг ёнига келганда маййитнинг ўнг томонидан [қабрнинг қибла томонидан] ва оёқ томонидан яқинлашади. Салом беради. Тик туриб, чўнқайиб ёки ўтириб, Бақара сурасининг бошини ва охирини, Ёсини шариф сурасини, Таборака (Мулк), Такосур, Ихлоси шариф ва Фотиҳа сураларини ўқиб, савобини маййитга ҳадя қилади. «Китобул-фиқҳ алал-мазоҳибил-арбаъа» китобида шундай дейилади: «Ўликдан ибрат олиш ва охиратни ўйлаш учун қабр зиёрат қилиш эркакларга суннатдир. Яқин ва узоқ ҳар бир қабр зиёрат қилинади. Айниқса, солиҳларни, валийларни (раҳимаҳумуллоҳу таоло) зиёрат қилиш учун узоқ жойга бориш суннатдир. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак қабрларини зиёрат қилиш ибодатларнинг энг қимматлиларидандир. Кекса аёлларнинг ҳам ўранган ҳолда зиёрат қилишлари жоиз. Зиёрат қилаётганда қабр атрофида тавоф қилиш, тошни, тупроқни ўпиш, ўликдан у қила олмайдиган бирор нарсани сўраш жоиз эмас». Авлиёдан (раҳимаҳумуллоҳу таоло) шафоат қилишлари, сўровчи учун дуо қилишлари ва Аллоҳу таолонинг беришига восита бўлишлари сўралади.
Ул Сарвар – Раббимизнинг шундай бир бандасидирларки,
Ҳар бир хатар онида умид қилинур шафоатлари.
У зот шундай бир Расулдирларки, Аллоҳга ибодатга
Чорлайдилар инсонларни – у зотга эргашинг, албатта!
Шундай қилган ҳеч узилмас, маҳкам бир арқонга ёпишгандек
Ўзини омонликда сезар, ором топар кўнгли.
Илоҳим, изн бергил: у зотнинг оиласига, саҳобаларига ҳам,
Уларга эргашган аҳли тақвога ҳам
Раҳмат булутларининг ёғиши доимий бўлсин,
Ҳалим ва карим бандаларинг раҳматингга етишсин.
Ё Рабб, сабо шамоли эсиб тургунча,
Бон дарахти шохлари сабо ила тебрангунча,
Карвонбоши ул ширин-ширин наволари ила
Туяларини ишққа келтиргунча,
Фахри коинотга, у зотнинг оиласи ва саҳобаларига,
Уларга эргашганларга ҳам раҳмат булутин юборгил!
Қасидаи Бурда
Мақоми Иброҳим Иброҳим алайҳиссаломнинг муборак оёқ изи қолган қоя; у зот уни Каъба биносини қураётганларида ҳавоза ва миниладиган тош сифатида ишлатганлар, шу ерда туриб инсонларни Аллоҳга даъват қилиш вазифасини адо этганлар. Иброҳим алайҳиссаломнинг мўъжизаси билан бу қоя лифт каби у зотга керакли баландликка кўтарилиб-тушиб, бинони қуришга ёрдам берган. Бу муборак тош турган хона (мақсура) Саудия ҳукмдори Файсал даврида бузиб ташланган, ўрнига ҳозир ҳам турган олти бурчакли ойнаванд ҳимоя қутиси қўйилган ва усти бутунлай очиб ташланган.
