Севимли Пайғамбарим

ОХИРАТ ҲАЁТИ

Охират ҳаёти ўлим билан бошланади

Ўлиш – йўқ бўлиш эмас. Бу – борлиқни бузмайдиган бир ишдир. Мавт – руҳнинг баданга бўлган боғлиқлигининг тугашидир. Бу – руҳнинг бадандан ажралишидир. Мавт – инсоннинг бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтишидир. Бу – бир уйдан бошқа уйга кўчишдир. Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деди: «Сизлар фақат абадият, чексизлик учун яратилгансизлар! Лекин бир уйдан бошқа уйга кўчасизлар!» Мавт – мўмин учун ҳадя, неъматдир. Гуноҳкорлар учун – мусибатдир. Фақирлар учун – роҳат, бойлар учун – азобдир. Ақл – Аллоҳу таолонинг ҳадясидир. Инсон ўлимни истамайди. Ҳолбуки, мавт фитнадан яхшироқдир. Инсон яшашни севади. Ҳолбуки, мавт унинг учун яхшироқдир. Солиҳ мўмин мавт билан дунёнинг азият ва машаққатидан қутулади. Мўмин руҳининг бадандан ажралиши асирнинг зиндондан қутулиши кабидир. Мўмин вафот этгандан кейин бу дунёга қайтиб келишни истамайди. Фақат шаҳидлар яна бир бор шаҳид бўлиш учун дунёга қайтиб келишни истайди. Дунёнинг яхшилиги кетди. Ғам-ғуссаси қолди. Шунинг учун ўлим ҳар бир мусулмон учун ҳадядир. Кишининг динини фақат қабри сақлайди. Мўминларга кўрсатиладиган икромларнинг биринчиси – ўлим онидаги севинчдир. Мўминни фақат Аллоҳу таолога етишиш роҳатлантиради. Ҳар бир мўмин учун мавт ҳаётидан яхшироқдир. Кофирларга ҳам мавт фойдалидир.

Мусулмон аёлларнинг ўлими ҳақида

Бир аёл нифос ҳолатида (туғруқдан кейинги қон ҳолатида) ёки ҳомиладор ҳолда, тоун касаллигидан ёки ич оғриғидан, ёхуд буларнинг бирортаси бўлмасдан ўлса ҳам, лекин номаҳрам эркакларга очиқ-сочиқ кўринмаган ва эри ундан рози бўлган бўлса, ўша аёл жон бераётганда унинг олдига жаннат фаришталари келиб, қаршисида саф-саф бўлиб турадилар ва унга иззат-икром билан салом бериб: «Эй Аллоҳу таолонинг суюкли, шаҳида бандаси, кел, чиқ, дунё саройида нима қиласан? Аллоҳу таоло сендан рози бўлди, бу касаллигингни баҳона қилиб, гуноҳингни кечирди, сенга жаннатни ато этди, кел, омонатингни топшир!» – дейдилар. Ўша аёл бу мартабани кўриб, жонини беришни истайди. Лекин атрофига қараб: «Мен билан дўстлик қилганларни мағфират қилсин, уларга раҳм қилсин, кейин топширай», – дейди. Фаришталар унинг илтижосини Жаноби Ҳаққа арз қиладилар. Шунда иззат хитоби келади: «Иззатим ҳаққи, бандамнинг барча дуосини ижобат қилдим». Фаришталар ҳам унга хушхабар берадилар. Сўнгра ўлим фариштаси бир юз йигирма раҳмат фариштаси билан келади. Уларнинг юзларининг нури Аршга етган, бошларида тожлар, елкаларида нурдан либослар, оёқларида олтин кавушлар ва яшил қанотлари бор.

Қўлларида ҳиди мушкдек бўлган жаннат мевалари бор. Улар келиб, иззат-икром билан салом берадилар ва: «Халлоқи олам сенга салом йўллайди, сенга жаннатни ато этиб, сени Ўз Ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга қўшни қилади ва ҳазрати Оишага ҳамсуҳбат қилади», – дейдилар.

Бу иймонли аёл бу сўзларни эшитади, кўзининг пардаси очилади ва иймон аҳли бўлган аёлларни ҳам, гуноҳкор бўлиб азобланаётганларни ҳам кўради ва: «Уларнинг гуноҳларини кечир, Раббим!» – деб ёлворади. Улуғ Аллоҳдан бир хитоб келади: «Ё бандам! Барча муродингни ҳосил қилдим, омонатингни топшир. Ҳабибимнинг завжаси ва қизи сени кутмоқдалар». Бу хитобни эшитиши ҳамон жони титрайди, оёқлари силкинади, терга ботади ва жон бериш олдидан икки фаришта келади. Уларнинг қўлларида оловдан таёқлар бор. Бири унинг ўнг томонида, иккинчиси чап томонида туради. Шайтон ҳам – унга лаънат бўлсин – югуриб келади ва: «Бундан бизга фойда йўқ бўлса ҳам, бир кўрай-чи», – деб, қўлига жавоҳирли косада музли сув олиб, шу қиёфада келиб, унга сувни кўрсатади. Ўша фаришталар бу хабисни кўргач, қўлларидаги таёқлар билан уриб, қўлидаги косани синдириб, ўзини қувиб юборадилар. Мусулмон аёл буни кўриб, кулимсирайди. Сўнгра ҳур қизлари унга жавоҳирли косада Кавсар шаробини берадилар, у ичади. Жаннат шаробининг лаззатидан унинг жони сакраб косага ёпишади ва ўлим фариштаси унинг жонини ўша косадан олади. Фаришталар бир-бирларини чақириб: «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», – дейдилар. Жонни олиб, унга осмонларни кўрсатадилар, жаннатга олиб борадилар, у ердаги мақомини кўрсатадилар ва дарҳол яна маййитнинг бош томонига келтирадилар. Унинг кийимларини ечиб, сочларини ёйганларида, руҳи дарҳол жасадининг бош томонига келиб шундай дейди: «Эй ювувчи! Секин-секин ушла! Чунки баданим Азроилнинг панжасидан жон яраси еди, жуда кўп машаққат чекди ва ларзага келди». Ювиш тахтасига келтирилганда, руҳ яна келиб шундай дейди: «Сувни жуда иссиқ қилманглар! Баданим жуда заиф. Мени тезроқ қўлларингиздан халос қилинглар, роҳат топай». Ювиб, кафанга ўралгач, бир оз туриб, яна чақириб шундай дейди: «Бу – дунёни сўнгги бор кўришим. Қариндош-уруғларимни кўрай, улар ҳам мени кўрсинлар ва ибрат олсинлар. Чунки улар ҳам яқинда мен каби ўладилар, ортимдан фарёд чекмасинлар. Мени унутмасдан, Қуръони карим ўқиб, доимо ёд этсинлар. Қабрда азоб кўрмаслигим учун меросим сабабли ўзаро талашмасинлар. Жумаларда ва ҳайитларда ҳам мени эсласинлар».

Сўнгра маййит мусалло тоши устига қўйилганда, руҳ яна чақиради: «Омон қолинглар, эй ўғлим ва қизим, онам ва отам! Бу кундек айрилиқ куни йўқдир. Соғиниб кўришишимиз қиёматга қолди. Алвидо сизларга, эй ортимдан кўз ёши тўкувчилар!»

Унинг намози ўқилиб, елкага олинганда, у яна чақириб шундай дейди: «Мени секин-секин олиб боринглар! Мақсадингиз савоб бўлса, менга азият берманглар! Сизлардан Аллоҳу таолога розилик олиб борай!»

Уни қабр четига қўйганларида, у яна чақириб шундай дейди: «Менинг ҳолимга қараб, ибрат олинглар! Энди сизлар мени қоронғи жойга қўйиб кетасизлар. Мен амалим билан қоламан. Бу дамларни кўриб, вафосиз, ёлғончи дунёнинг макрига алданманглар!»

«Дунё учун у ерда қанча қолсангиз, шунча, охират учун у ерда қанча қолсангиз, шунча ҳаракат қилинглар!» Ҳадиси шариф

Уни қабрига қўйганларида, руҳ бош томонига келади. Ҳеч бир маййитни талқинсиз қолдирмаслик керак. [Дафн қилингандан кейин солиҳ бир кишининг талқин бериши суннатдир. Ваҳҳобийлар талқин беришнинг суннат эканига ишонмайдилар. Бидъат, дейдилар. Ўлик эшитмайди, сезмайди, дейдилар. Аҳли суннат олимлари (раҳимаҳумуллоҳу таоло) турли китоблар ёзиб, талқин беришнинг суннат эканини исботладилар.] Аллоҳу таолонинг амри билан маййит қабрда уйқудан уйғонгандек уйғонади ва қоронғи бир жойда эканини кўради. Хизматкорини, жориясини ёки ўзига доимо ёрдам берган кишини чақириб: «Менга шам келтиринглар!» – дейди. Ҳеч қандай садо келмайди. Қабр ёрилиб, икки савол фариштаси [Мункар ва Накир] пайдо бўлади. Уларнинг оғизларидан аланга, бурунларидан қора тутун чиқиб туради. Шу ҳолда унга яқин келиб: «Ман роббука ва ма динука ва ман набиййука (яъни: Раббинг ким, дининг қайси дин ва пайғамбаринг ким)?» – дейдилар. Буларга тўғри жавоб берса, ўша фаришталар унга Ҳақ таолонинг раҳмати ҳақида хушхабар бериб кетадилар. Шу онда қабрнинг ўнг томонидан бир дераза очилади ва ундан ой юзли бир киши чиқиб, унинг ёнига келади. Бу иймонли аёл унга қараб шодланади. «Сен кимсан?» – деб сўрайди. У: «Мен сенинг дунёдаги сабрингдан ва шукрингдан яратилдим. Қиёматгача сенга йўлдош бўламан», – деб жавоб беради.

Кофирларнинг ўлими ҳақида

Бир кофир, бир муртад Исломни ёқтирмайди, Қуръони каримни «саҳро қонуни» дейди, инсонларнинг энг афзали, энг шарафлиси, пайғамбарларнинг сарвари Муҳаммад алайҳиссаломни (ҳошо) «туя чўпони» дейдиган даражада илм ва ахлоқдан маҳрумдир. Инсониятга осойишталик ва саодат бахш этувчи, илм, ахлоқ, поклик, саломатлик ва адолат манбаи бўлган, маданиятга нур сочувчи Исломни ўзининг руҳсиз, ўлимтик қутисидан бошқа нарса бўлмаган хабис бошига сиғдира олмай, «динларга ҳожат йўқ» дейдиган даражада тубанлашган, жиловини нафсининг қўлига тутқазиб қўйган шундай бир аҳмоқ ўлар чоғида кўзидан парда кўтарилади. Унга жаннат кўрсатилади. Гўзал бир фаришта унга: «Эй кофир! Мусулмонларни „қолоқ“, шаҳватлари кетидан югурганларни, ахлоқ принципларини оёқ ости қилганларни эса „зиёли, илғор“ деган пасткаш! Сен нотўғри йўлда эдинг. Ҳақ дин бўлган Ислом динини ёқтирмас эдинг. Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таоло ҳузуридан келтирган билимларига ишонган ва уларга ҳурмат кўрсатган кишилар бу жаннатга киради», – дейди. У жаннатдаги неъматларни кўради. Жаннат ҳурлари ҳам: «Иймон келтирганлар Аллоҳу таолонинг азобидан қутуладилар», – дейдилар. Бир оздан кейин шайтон бир насроний руҳонийси қиёфасида кўринади ва: «Эй фалончининг ўғли фалончи! Ҳалиги келганлар ёлғон гапирди. Сен кўрган неъматларнинг барчаси сеники бўлади», – дейди. Сўнгра унга жаҳаннам кўрсатилади. Унда оловдан тоғлар, хачирлардек чаёнлар ва қирқоёқлар бор. У ҳадиси шарифларда билдирилган азобларни кўради. Жаҳаннамдаги Забонийлар деб аталадиган азоб фаришталари оловдан таёқлар билан урадилар. Уларнинг оғизларидан аланга чиқади. Бўйлари минорадек, тишлари ҳўкиз шохидекдир. Улар момақалдироқдек наъра тортадилар. Кофир уларнинг овозидан титраб, юзини шайтонга буради. Шайтон қўрқувдан чидай олмай қочади. Фаришталар шайтонни тутиб, ерга урадилар. Улар бу кофирнинг олдига келиб: «Эй Ислом душмани! Дунёда сен Расулуллоҳга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) ишонмадинг. Энди фаришталарга ҳам ишонмадинг, лаънати шайтонга яна алдандинг», – дейдилар.

Унинг бўйнига оловдан занжирлар соладилар, оёқларини бошидан ошириб, ўнг қўлини чап биқинига, чап қўлини ўнг биқинига тиқиб, орқасидан чиқарадилар. Бу ҳолни ояти карима хабар беради.1 У бақиради, дунёдаги хушомадгўйларини чақиради. Забонийлар унга жавоб бериб: «Эй кофир, эй мусулмонларни масхара қилган аҳмоқ! Ёлворадиган вақт ўтди. Энди иймон қабул бўлмайди, дуо қабул бўлмайди. Куфрингнинг жазосини тортадиган вақт келди», – дейдилар. Тилини гарданидан тортиб чиқарадилар. Кўзларини ўйиб оладилар. Турли-туман жуда аламли азоблар бериб, унинг хабис жонини оладилар ва жаҳаннамга ташлайдилар.

Аллоҳу таоло бизларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг динида ва улуғ Пайғамбарнинг динини бизларга тўғри етказган Аҳли суннат олимларининг китобларида ёзилган эътиқодда бўлган ҳолда жон беришимизни насиб айласин! Омин.

Мўминларнинг гуноҳлиларига ҳам, гуноҳсизларига ҳам – ҳаммасига қабр саволи бор. Фақат гуноҳлари афв этилмаганларига ва барча кофирларга қабр азоби ҳам бор. Мусулмонлар орасида гап ташийдиганларга ва ҳожатхонада устига сийдик сачратадиганларга қабрда азоб бўлади. [Қабр азоби фақат руҳга эмас, ҳам руҳга, ҳам жасадга бўлади. Ақл етмайдиган нарсаларни ақл билан ечишга уринмаслик керак.]

Агар у киши иймонсиз ўлган бўлса, маҳшар кунигача [сўнгра жаҳаннамда абадий] шиддатли азоблар билан азобланади.

«Инсонлар уйқудадир, ўлганларида уйғонадилар» Ҳадиси шариф

У зотнинг ҳақиқий қадрини баён этишдан ожизмиз,
Бу жиҳатдан мақтагандан сукут қилмоғимиз яхшироқ.
Билингки, Пайғамбаримиз қуёш кабидирлар,
Расулларнинг юлдузлари у зотдан зиё олади.
Аллоҳ у зотни ахлоқда зийнатлаб яратди,
Гўзал хулқ, очиқ юз билан зотларини безади.
Гул ва чечак мисоли латиф яратилганлар,
Ўн тўртинчи кеча ойидек порлоқ ва шарафлидирлар.
Замон каби ҳимматли ва ғайратлидирлар ул Набий,
У зотнинг саховатлари олдида уммонлар – бир томчи.
Муборак баданларини қучган тупроқнинг
Ифори мушку анбардек хушдир, ишонинг.
Не бахт ул тупроқни ҳидлаб ўпганларга,
Ул муборак ифорни кўксига тортганларга!
Араб бўлсин, бўлмасин – барча инсонларнинг
Сарваридирлар, ҳам жаҳоннинг юз сувидирлар.
Ёмонликни ман этиб, яхшиликка буюрадилар,
Амру наҳйлари – илоҳий бир амрдир.
Қасидаи Бурда