ҚУРБОН СЎЙИШ
Қурбон – қўй, эчки, қорамол ва туядан бирини Қурбон ҳайитининг дастлабки уч кунида қурбон нияти билан сўйишдир. 1. Мусулмон, ҳур, оқил ва балоғатга етган, 2. муқим, яъни шаръий маънода мусофир бўлмаган, 3. эҳтиёжидан ортиқ нисоб миқдорида, яъни 96 грамм олтини ёки шу қийматдаги пули бўлган бой кишига қурбонлик сўйиш вожибдир. Эҳтиёж буюмлари – бир уй ва унинг жиҳозлари, уч қават кийимдир. Қурбонлик қўй ва эчкидан, туя ва қорамолдан сўйилади. Бир туя ёки бир қорамол етти қурбонлик ўрнига ўтади, яъни бир қорамолни етти кишининг қурбон қилиши жоиз. Яна бир киши: «Мен ҳам шерик бўлай», – деса, саккизтасининг ҳам қурбонлиги фосид бўлади.
Қурбон нисоби фитр нисобининг айнан ўзидир. Ибн Обидин (раҳимаҳуллоҳу таоло) айтишича, улардан бирортасининг улуши еттидан бирдан кам бўлса, ҳеч бирининг қурбонлиги жоиз бўлмайди. Шунинг учун еттитадан кам кишининг шерик бўлиши жоиз. Сотиб олаётганда шерик бўлиш саҳиҳдир. Сотиб олингандан кейин шерик бўлиш ҳам саҳиҳ бўлса-да, сотиб олишдан олдин шерик бўлиш яхшироқдир. Киши бировнинг қорамолига еттидан бирдан еттидан олтигача шерик бўлиши мумкин. Гўштини шу нисбатда тақсимлайдилар. Шериклардан бири ўлса ва унинг меросхўрлари: «Унинг учун ҳам, ўзингиз учун ҳам сўйинглар», – дейишса, саҳиҳ бўлади.
Ақиқа
Ақиқа – фарзанд неъмати учун Аллоҳу таолога шукр қилиш нияти билан ҳайвон сўйишдир.
Ҳанафий мазҳабида болага нафақа бериши вожиб бўлган кишининг еттинчи куни болага исм қўйиши, бошини қириб, сочининг оғирлиги миқдорида ўғил бола учун олтин ёки кумуш, қиз бола учун кумуш садақа бериши ва ўз молидан ўғил бола учун икки, қиз бола учун бир ақиқа ҳайвонини сўйиши мустаҳабдир. Ақиқа ҳайвони қурбонлик ҳайвони каби бўлиши керак. Уни кейинроқ ҳам сўйиш мумкин. [Уни исталган пайтда сўйиш мумкин. Қурбон ҳайитида ҳам сўйиш мумкин. «Ширъа» китобида Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарликдан кейин ўзлари учун ақиқа сўйганлари ёзилган. Ўлик туғилган болага исм қўйилмайди ва унинг учун ақиқа сўйилмайди.] Гўштидан сўйган кишининг ўзи ейиши ва пишган ёки хом ҳолда бой-фақир ҳар кимга бериши мумкин.
Ақиқа сўйиш шофеъий ва моликий мазҳабларида суннати муаккададир. Шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида суяклари ташланмайди, синдирилмайди. Бўғинларидан ажратилиб, тўпланади. Тоза, оқ бир матога ўралиб кўмилади. Ҳанафий ва моликий мазҳабларида суякларини синдириш мумкин. Ақиқа болаларни бало-офатлардан, касалликлардан асрайди.
«Хасисларнинг энг ёмони – [сўйиши вожиб бўла туриб] қурбонлик сўймаган кишидир» Ҳадиси шариф
ПАНОҲИНГИЗГА КЕЛДИМ, Ё РАСУЛАЛЛОҲ
Кўнгил қон бўлди шавқингиздан, қонга бўялдим, ё Расулаллоҳ,
Билмам, қандай бу оловга бардош бердим, ё Расулаллоҳ,
Азал базмида тинмас бир фиғон эдим, ё Расулаллоҳ,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Ёнган қалбга давосиз сиз, топилмас бир шифосиз сиз,
Улуғ бир саховатсиз сиз, тиласангиз, юз кўрсатгувчисиз сиз,
Ҳабиби Кибриёсиз сиз, Муҳаммад Мустафосиз сиз,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Гул очилмас, шаршара оқмас, илоҳий нурингиз бўлмаса,
Олам сўнар, нафас қолмас, фалакда назарингиз бўлмаса,
Фироқ йиғлар, висол йиғлар, азал сиздан шод бўлмаса,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Эрир жонлар жон бахш этгувчи гул ифорингиз ҳавасидан,
Қаранг, қуёш титрар, ёнар дийдорингизга иштиёқидан,
Паришон бир илтижо инграр ҳаётнинг поёнидан,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Сувсиз қолиб ёнган чўлларда жон берсам ҳам, алам сезмам,
Ёнар тоғлар ёнар бағримда, уммонларда нам сезмам,
Алангалар ёғса кўкдан, мен уни сўрсам ҳам, сезмам,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Не давлатдир – кўз юмиб ишқингиз ила, йўлингизда жон бермак,
Насиб бўлмасми, султоним, Ҳарамингизда жон бермак,
Сўнаркан кўзларим, осон бўлур сизга оҳ уриб жон бермак,
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Бош эгдим, паришонман, бу дарднинг чораси сиздадир,
Лабим куйди ишқингиздан, зикрингиз пойингизда айланур,
Кўнглим қачон тиласа, бу Қитмирга илтифот айланг,1
Жамолингиз ила шод айланг, ёндим, ё Расулаллоҳ.
Yaman Dede
