ҲАЖГА БОРИШ
Исломнинг бешинчи шарти – ҳажга боришдир. Яъни кучи етган кишининг умрида бир марта ҳаж қилишидир. Йўл хавфсиз ва бадан соғлом бўлганда, Маккаи мукаррама шаҳрига бориб келгунча ортида қолдирган бола-чақасини боқишга етадиган молдан ортиб қолган пул билан у ерга бориб кела оладиган кишига умрида бир марта эҳромли ҳолда Каъбаи муаззамани тавоф қилиш ва Арафот майдонида туриш фарздир.
Ҳаж фарз бўлишининг шартлари
Ҳаж фарз бўлишининг шартлари саккизта: 1. Мусулмон бўлиш. 2. Балоғатга етган бўлиш. 3. Оқил бўлиш. 4. Соғлом бўлиш. 5. Қул бўлмаслик. 6. Мавжуд молнинг асосий эҳтиёжларидан ортиқ бўлиши. 7. Ҳаж вақти кирган бўлиши. Ҳаж вақти – арафа куни ва ҳайитнинг тўрт кунидир. Йўл муддати ҳам ҳисобга олинади. 8. Маккадан сафар масофаси узоқликда бўлган аёлнинг ёнида эри ёки у билан никоҳи абадий жоиз бўлмаган маҳрами бўлиши.
Бу саккиз шартга эга бўлган кишига умрида бир марта ҳажга бориш фарз бўлади. Бир мартадан кўп борса, кейинги йилларда қилган ҳажлари нафл бўлади. Нафл ибодат – фарз ҳам, суннат ҳам бўлмай, кишининг ўз хоҳиши билан қиладиган ибодатидир. Нафл ибодатнинг савоби фарз ибодатнинг савоби ёнида денгиз ёнидаги бир томчи сувчалик оздир. Ислом олимлари Маккадан узоқ юртларда яшайдиганларга қайта ҳажга боришга изн бермаганлар. Абдуллоҳ Деҳлавий (қуддиса сирруҳ) олтмиш учинчи мактубида шундай дейди: «Ҳаж йўлида кўпинча ибодатлар тўла адо этилмайди. Шунинг учун имоми Раббоний (раҳматуллоҳи алайҳ) 123- ва 124-мактубларида умрага ва нафл ҳажга боришдан рози эмаслигини билдирди». Бирор фарзнинг адо этилишига, аёлларнинг ўранишига монеъ бўладиган нафл ҳаж ҳаром бўлади. Бундай нафл ҳажга бориш савоб эмас, гуноҳ бўлади. Умрага бориш ҳам шундай.
Ҳажнинг фарзлари
Ҳажнинг фарзи учта:
1. Эҳромга кираётганда ҳажга ният қилиш.
2. Арафотда вақфада туриш. 3. Зиёрат тавофини қилиш.
Ҳаж учун эҳромга ният қилиш фарздир. Эҳром матосига ўраниш суннатдир. Тикилган кийимдан холи бўлиш вожибдир.
Арафотда вақфада туришнинг аввалги вақти – Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни завол вақтидан эртаси куни тонг отгунчадир. [Арафотда бир кун олдин ёки бир кун кейин вақфада турилса, ҳаж ботил бўлади. Ваҳҳобийлар ҳилолни кўрмаган ҳолда бир кун олдин ҳайит қилмоқдалар. Вақтида вақфада турмаганларнинг ҳажлари саҳиҳ бўлмаяпти.]
СИЗСИЗ, Ё РАСУЛАЛЛОҲ
Барча расулларнинг сарвари
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Яқийн фалакларининг тўлин ойи
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Нурингиз – порлаб ёнган чироқ,
Оламлар сизга муҳтож,
Тожу Меърож соҳиби
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Раҳмоннинг ойнаси,
Субҳоннинг пок нури,
Етти маънонинг сирри
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Исро кечасининг шоҳиди:
«Субҳаналлазий асро»,
Барча исмларни жамлаган
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Эй лутфу саховат манбаи,
Ўрнингиз – Мақоми Маҳмуд,
Яратилганлардан мақсуд
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Жонлар ичра жонон,
Илму ирфон кони,
Бобом, пирим ва султоним
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Тавҳид йўлин очган,
Тафрид сиррин топган,
Ҳудоийнинг умиди
Сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Aziz Mahmûd Hüdâyî
«Энг қимматли амал – ҳажжи мабрурдир. Ҳажжи мабрур қилган кишининг гуноҳлари афв этилади. У дунёга янги келгандек бўлади» Ҳадиси шариф
