Севимли Пайғамбарим

НАМОЗНИНГ ЎҚИЛИШИ

Ёлғиз ўқийдиган эркакнинг намози

Масалан, бомдод намозининг суннати шундай ўқилади:

1. Аввал қиблага юзланилади. Оёқлар бир-биридан тўрт бармоқ энича очиқ ҳолда параллел тутилади. Қўлларнинг бош бармоқлари қулоқ юмшоқларига теккизилиб, кафтлар қибла томонга очилади. «Аллоҳ ризоси учун бугунги бомдод намозининг суннатини ўқишга ният қилдим, қиблага юзландим», – деб кўнгилдан ўтказилгач, «Аллоҳу акбар» деб, киндик остида ўнг қўл чап қўл устига боғланади. Ўнг қўлнинг бош бармоғи билан жимжилоғи чап билакни ҳалқадек маҳкам ушлаб туради.

2. Кўзларни сажда қилинадиган жойдан узмасдан:

а) «Субҳонака» ўқилади.

б) «Аъузу» ва Бисмиллаҳдан кейин Фотиҳа ўқилади.

в) Фотиҳадан кейин Бисмиллаҳ айтилмасдан бир замми сура, масалан, Фил сураси ўқилади. Бисмиллаҳ айтилса, мустаҳаб савобига ҳам эришилади.

3. Замми сурадан кейин «Аллоҳу акбар» деб рукуъга эгилинади. Қўллар билан тиззалар маҳкам ушланади, бел тўғри тутилади ва кўзлар оёқлардан узилмасдан, уч марта «Субҳона роббиял азийм» дейилади. 5, 7, 9 ёки 11 марта айтилса, мустаҳаб савобига ҳам эришилади. 4. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деб қад ростланаётганда шим тортилмайди ва кўзлар сажда жойидан узилмайди. Тўла тик турилгач, «Роббана лакал ҳамд» дейилади. (Бу тик туришга қавма дейилади.) 5. Қиёмда кўп турмасдан, «Аллоҳу акбар» деб саждага борилади. Саждага борилаётганда қуйидаги тартибда:

а) Ерга ўнг тизза, кейин чап тизза, ўнг қўл, кейин чап қўл, бурун ва пешона қўйилади. б) Оёқ бармоқлари қибла томонга букилади.

в) Бош икки қўлнинг орасига олинади. г) Қўл бармоқлари жипслаштирилади. д) Кафтлар ерга ёпиштирилади. Тирсаклар ерга теккизилмайди. е) Бу ҳолатда камида уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейилади. 5, 7, 9 ёки 11 марта айтилса, мустаҳаб савобига ҳам эришилади. Сўнгра:

6. «Аллоҳу акбар» деб ўтирилади. Бунда чап оёқ ерга ётқизилади, ўнг оёқнинг бармоқлари қибла томонга букилади ва сонлар устида бир марта «Субҳаналлоҳ» дейдиган муддат ўтирилади. Кафтлар тиззалар устига қўйилади, бармоқлар қибла томонга қараган ҳолда ўз ҳолига қўйилади.

«Аллоҳу таоло беш вақт намоз ўқишни буюрди. Ким гўзал таҳорат олиб, уларни ўз вақтида ўқиса ва рукуъларини, хушуъларини тўла адо этса, Аллоҳу таоло уни афв этишни ваъда қилди. Буларни қилмаган кишига ваъда бермади. Хоҳласа, уни афв этади, хоҳласа, азоблайди» Ҳадиси шариф

7. Сонлар устида кўп ўтирмасдан, «Аллоҳу акбар» деб яна саждага борилади. (Икки сажда орасидаги ўтиришга жалса дейилади.) 8. Саждада яна камида уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейилгач, «Аллоҳу акбар» деб иккинчи ракатга турилади. Саждадан турилаётганда ердан аввал пешона, кейин бурун, сўнгра чап ва ўнг қўл, сўнгра чап ва ўнг тизза кўтарилади. 9. Тик турилгач, Бисмиллаҳдан кейин Фотиҳа, ундан кейин замми сура ўқилади ва «Аллоҳу акбар» деб рукуъга эгилинади.

10. Иккинчи ракат биринчи ракатда тушунтирилгандек адо этилади. Фақат иккинчи саждадан кейин «Аллоҳу акбар» дейилгач, оёққа турилмасдан, сонлар устига ўтирилади ва: а) «Аттаҳиёту», «Аллоҳумма солли», «Аллоҳумма борик» ва «Роббана отина» дуолари ўқилгач, аввал ўнг томонга: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ», сўнгра чап томонга: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» деб салом берилади.

б) Салом берилгач: «Аллоҳумма антассалому ва минкассалом, таборакта ё зал-жалоли вал-икром», – дейилади.

Ҳеч гапирмасдан, бомдод намозининг фарзига турилади ва худди шу тарзда фарзга ният қилиб, бомдод намозининг 2 ракат фарзи ўқилади. Чунки суннат билан фарз орасида гапириш намозни бузмаса ҳам, савобини камайтиради.

Намоз охирида салом бериб, «Аллоҳумма антассалому…» дейилгач, уч марта: «Астағфируллоҳал азийм, ал-карийм, аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қайюму ва атубу илайҳ», – деб ўқилади. Сўнгра Оятал курсий ўқилади ва ўттиз уч марта тасбеҳ, яъни «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта таҳмид, яъни «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз уч марта такбир, яъни «Аллоҳу акбар» айтилади ва бир марта таҳлил: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр», – деб ўқилади. Буларни овоз чиқармасдан ўқиш керак. Баланд овозда ўқиш бидъатдир. Сўнгра Аллоҳга дуо қилинади. Дуо қилинаётганда қўллар кўкрак баробарида кўтарилади. Улар тирсакдан букилмайди. Кафтлар очилиб, осмонга қаратилади. Чунки намознинг қибласи Каъба бўлгани каби, дуонинг қибласи осмондир. Дуодан кейин «Субҳона роббика…» ояти карима ўқилади ва қўллар юзга сурилади.

Бошқа намозларнинг ўқилиши

Намоз 3 ракатли (шом намози ва витр намози) бўлса, унинг икки ракати бомдод намозининг 2 ракати каби ўқилади. Шом намозининг учинчи ракатида фақат Фотиҳа ўқилади, замми сура ўқилмайди. Витр намозида Фотиҳадан кейин замми сура ҳам ўқилади, сўнгра такбир айтилиб, қўллар қулоқларга кўтарилади ва «Қунут» дуолари ўқилади. Учинчи ракатнинг рукуъ ва саждаларидан кейин ўтирилади.

Намоз 4 ракатли бўлса, унинг икки ракати бомдод намозининг 2 ракати каби ўқилади. Фарз ва вожиб намозларнинг, шунингдек, пешин намозининг аввалги суннатининг биринчи ўтиришларида фақат «Аттаҳиёту» ўқилади. Фарзларнинг учинчи ва тўртинчи ракатларида фақат Фотиҳа ўқилади, замми сура ўқилмайди. Ғайри муаккада суннатларнинг учинчи ракатларида «Субҳонака» дуосидан кейин «Аъузу» ва Бисмиллаҳ билан Фотиҳа ўқилади. Уларнинг биринчи ўтиришида «Аллоҳумма солли» ва «Аллоҳумма борик» ўқилади, учинчи ва тўртинчи ракатларда эса Фотиҳадан кейин замми сура ҳам ўқилади. Тўртинчи ракатнинг рукуъ ва саждаларидан кейин ўтирилади. Уч ракатли намозларнинг ҳам, тўрт ракатли намозларнинг ҳам охирги ўтиришида «Аттаҳиёту», «Аллоҳумма солли», «Аллоҳумма борик» ва «Роббана отина» дуолари ўқилгач, аввал ўнг томонга: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ», сўнгра чап томонга: «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» деб салом берилади. Салом берилгач: «Аллоҳумма антассалому ва минкассалом, таборакта ё зал-жалоли вал-икром», – дейилади.

Тўрт ракат қилиб ўқиладиган бошқа нафл намозлар ғайри муаккада суннатлар каби ўқилади.

Ёлғиз ўқийдиган аёлнинг намози

Масалан, бомдод намозининг суннатини у шундай ўқийди: баданининг шакли билинмайдиган қилиб, бошдан-оёқ ўранади. Фақат қўллари ва юзи очиқ қолади. Намозда ўқийдиган сура ва дуолари юқорида тушунтирилган ёлғиз ўқийдиган эркакнинг намозидагидек. Фарқли жиҳатлари эса қуйидагилар: а) У қўлларини эркаклардек қулоқларигача кўтармайди. Қўлларини елкалари баробарига келтириб, ният қилади, қўлларини енг учидан ташқарига чиқармайди. (Бу пайтда бармоқлари на очиқ, на жипс бўлиб, табиий ҳолатда туради.) Сўнгра такбир айтади, қўлларини – ўнг қўлининг кафтини чап қўли устига қўйиб – кўкраги устига қўяди ва намозни бошлайди.

б) Рукуъга эгилаётганда оёқларини жуфтламайди. Қўлларини тиззалари устига қўяди, тиззаларини чангалламайди, бармоқларини очмайди, бир-бирига ёпиштириб тутади. Рукуъда бутунлай тўғри турмайди: орқасини, бошини, оёқларини ва қўлларини тик тутмайди.

в) Саждада қўлларини қорнига яқин қилиб, тирсакларигача ерга ёяди. Қорнини сонларига тегизиб туради. г) Ташаҳҳудда оёқларини ўнг томондан ташқарига чиқариб, ерга ўтиради (таваррук). Қўлларини сонлари устига қўяди. Бармоқлари бир-бирига жипс бўлади.

д) Дуо қилаётганда қўлларини олдинга чўзмайди, юзига қаратиб, қия тутади. Аёллар учун намозда яхши ўранган бўлишнинг энг осон йўли – қўлларини ҳам ёпадиган кенг рўмол ва оёқларини ҳам ёпадиган кенг, узун этакдир.

Намоздан кейин ўқиладиган дуо намунаси

«Алҳамдулиллаҳи Роббил оламийн. Ассалоту вассалому ала Расулина Муҳаммадин ва Олиҳи ва Соҳбиҳи ажмаъийн. Ё Раббим! Ўқиган намозимни қабул айла! Охиримни ва оқибатимни хайрли айла. Сўнгги нафасимда калимаи тавҳидни айтишни насиб айла. Вафот этган яқинларимни афв ва мағфират айла. Аллоҳуммағфир варҳам ва анта хойрур роҳимийн. Таваффаний муслиман ва алҳиқний бис-солиҳийн. Аллоҳуммағфир лий ва ли волидаййа ва ли устозиййа ва лил мўъминийна вал мўъминати явма яқумул ҳисоб. Ё Раббим! Мени шайтоннинг ёмонлигидан, душманнинг ёмонлигидан ва ёмонликка ундовчи нафсимнинг (нафси аммора) ёмонлигидан асра! Уйимизга яхшиликлар, ҳалол ва хайрли ризқлар ато айла! Мусулмонларга омонлик ато айла! Мусулмонларнинг душманларини қаҳр айла ва паришон қил! Кофирларга қарши жиҳод қилаётган мусулмонларга илоҳий мададинг билан мадад бер! Аллоҳумма иннака афуввун карийм, туҳиббул афва фаъфу анний. Ё Раббим! Беморларимизга шифо, дардлиларимизга даво ато айла! Аллоҳумма инний асъалукас-сиҳҳата вал-офията вал-омоната ва ҳуснал-хулқи вар-ризоа бил-қадари бироҳматика ё арҳамар роҳимийн. Онамга, отамга, фарзандларимга, қариндош ва дўстларимга ҳамда барча дин биродарларимга хайрли умр, гўзал ахлоқ, соғлом ақл, саломатлик ва омонлик, тўғри йўл (ҳидоят) ва истиқомат ато айла, ё Раббим! Омин. Вал ҳамду лиллаҳи Роббил оламийн. Аллоҳумма солли ала…, Аллоҳумма борик ала…, Аллоҳумма Роббана отина… Вал ҳамду лиллаҳи Роббил оламийн. Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳал азийм, ал-карийм, аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қайюму ва атубу илайҳ».

«Аллоҳу таоло зиммасида қазога қолган намоз қарзи бўлган кишининг ва ҳаром кийим (жилбоб) кийган кишининг намозини қабул қилмайди» Ҳадиси шариф

Намознинг вожиблари

Намознинг вожиблари қуйидагилар: 1. Фотиҳа сурасини ўқиш.

2. Фотиҳадан кейин бир сура ёки камида уч қисқа оят ўқиш. 3. Фотиҳани сурадан олдин ўқиш.

4. Фотиҳани ва ундан кейин замми сурани ўқиш. (Фотиҳани фарзларнинг биринчи ва иккинчи ракатларида, суннатларнинг эса ҳар бир ракатида ўқиш вожибдир.)

5. Саждаларни кетма-кет адо этиш. 6. Уч ва тўрт ракатли намозларнинг иккинчи ракатида ташаҳҳуд миқдори ўтириш вожибдир. Охирги ўтириш фарздир. 7. Иккинчи ракатда ташаҳҳуддан ортиқ ўтирмаслик. 8. Саждада бурунни пешона билан бирга ерга қўйиш. 9. Охирги ракатда ўтирганда «Аттаҳиёту» дуосини ўқиш. 10. Намозда таъдили арконга риоя қилиш. 11. Намоз охирида «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ» дейиш. 12. Витр намозининг учинчи ракати охирида «Қунут» дуосини ўқиш. 13. Ҳайит намозларида такбир айтиш. 14. Имомнинг бомдод, жума, ҳайит, таровиҳ, витр намозларида ҳамда шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракатида овоз чиқариб ўқиши. 15. Имомнинг ва ёлғиз ўқувчининг пешин ва аср фарзларида, шомнинг учинчи ракатида, хуфтоннинг учинчи ва тўртинчи ракатларида паст овозда ўқиши вожибдир. Имомга овоз чиқариб ўқиш вожиб бўлган жойларда ёлғиз ўқувчига овоз чиқариб ўқиш ҳам, паст овозда ўқиш ҳам жоиз. Қурбон ҳайитидан олдинги арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб ҳайитнинг тўртинчи кунидаги аср намозигача йигирма уч фарз намознинг ҳар биридан кейин ташриқ такбирини айтиш вожибдир.

Саҳв саждаси (янглишиш ва унутиш саждаси)

Намозхон намозда фарз бўлган бирор нарсани билиб ёки унутиб тарк этса, намози бузилади. Агар бирор вожибни унутиб тарк этса, намози бузилмайди, лекин унга саҳв саждаси қилиш лозим бўлади. Саҳв саждасини била туриб қилмаган ёки намознинг вожибларидан бирини билиб тарк этган кишига ўша намозни қайтадан ўқиш вожиб бўлади. Ўқимаса, гуноҳкор бўлади. Суннат тарк этилганда саҳв саждаси керак бўлмайди. Саҳв саждаси бирор фарз кечиктирилганда ёки такрорланганда, шунингдек, бирор вожиб тарк этилганда, ўзгартирилганда, такрорланганда ёки кечиктирилганда қилинади. Намозда бир неча марта саҳв саждаси лозим бўлса, бир марта қилиш кифоя қилади. Имомнинг янглишиши унга иқтидо қилганларга ҳам саҳв саждасини лозим қилади. Имомга иқтидо қилган киши янглишса, у имомдан алоҳида саҳв саждаси қилмайди.

Саҳв саждасини қилиш учун «Аттаҳиёту» ўқилиб, бир томонга салом берилгач, икки сажда қилиниб ўтирилади ва «Аттаҳиёту», «Солли» билан «Борик» ва «Роббана» дуолари ўқилиб, намоз тугатилади. Саҳв саждасини «Солли» билан «Борик» ўқилгандан ва бир ёки икки томонга салом берилгандан кейин ёки умуман салом бермасдан ҳам қилиш мумкин.

Саҳв саждасини лозим қиладиган ҳолатлар

Ўтириш лозим бўлган жойда туриш. Туриш лозим бўлган жойда ўтириш. Овоз чиқариб ўқиш лозим бўлган жойда паст овозда ўқиш. Паст овозда ўқиш лозим бўлган жойда овоз чиқариб ўқиш. Дуо ўқиладиган жойда Қуръони каримдан ўқиш. Қуръони каримдан ўқиладиган жойда дуо ўқиш. Масалан, Фотиҳа сураси ўрнига «Аттаҳиёту» дуосини ўқиш ёки «Аттаҳиёту» ўқиладиган жойда Фотиҳа ўқиш. Бу ҳолда Фотиҳа тарк этилган бўлади. Намозни тугатмасдан салом бериш.

Фарз намозларнинг биринчи ва иккинчи ракатларида замми сура ўқимасдан, уни учинчи ва тўртинчи ракатларда Фотиҳадан кейин ўқиш. Аввалги икки ракатда Фотиҳадан кейин замми сура ўқимаслик. Ҳайит намозининг вожиб такбирларини тарк этиш. Витр намозида «Қунут» дуосини тарк этиш.

Намознинг суннатлари

1. Намозда қўлларни қулоқларга кўтариш.

2. Кафтларни қиблага қаратиш.

«Намоз ўқиган киши дин биносини қурган бўлади. Намоз ўқимаган киши динини бузган бўлади. Намоз – мўминнинг меърожидир» Ҳадиси шариф

3. Такбирдан кейин қўл боғлаш.

4. Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш.

5. Эркакнинг қўлларини киндигидан пастга, аёлнинг эса кўкрагига қўйиши. 6. Ифтитоҳ такбиридан кейин «Субҳонака» ўқиш. 7. Имомнинг ва ёлғиз ўқувчининг «Аъузу» ўқиши. 8. Бисмиллаҳ айтиш. 9. Рукуъда уч марта «Субҳона роббиял азийм» дейиш. 10. Саждада уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейиш. 11. Охирги ўтиришда салавот дуоларини ўқиш.

12. Салом бераётганда икки томонга қараш.

13. Имомнинг жума ва ҳайит намозларидан бошқа ҳар бир намозда биринчи ракатда иккинчи ракатда ўқийдиганидан икки баравар узун ўқиши.

14. Рукуъдан туришда имомнинг ва ёлғиз ўқувчининг «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дейиши.

15. Рукуъдан тургач, «Роббана лакал ҳамд» дейиш.

16. Саждада оёқ бармоқларини букиб, учларини қиблага қаратиш. 17. Рукуъ ва саждаларга тушаётганда ва саждалардан тураётганда «Аллоҳу акбар» дейиш. 18. Қўлларни ва тиззаларни ерга қўйиш. 19. Тўпиқларни қиёмда бир-биридан тўрт бармоқ энича узоқликда, рукуъда, қавмада ва саждада эса жуфт тутиш. 20. Фотиҳадан кейин «Омин» дейиш, рукуъдан олдин такбир айтиш, рукуъда қўлларни бармоқлар очиқ ҳолда тиззалар устига қўйиш, сажда учун такбир айтиш, чап оёқни ерга ётқизиб, ўнг оёқни тик қўйиб ўтириш, икки сажда орасида ўтириш. Шом намозида қисқа суралар ўқилади.

Бомдод намозида биринчи ракат иккинчисига қараганда узунроқ қилинади. Имомга иқтидо қилган киши Фотиҳани ва замми сурани ўқимайди. У «Субҳонака»ни ўқийди. Такбирларни айтади. «Аттаҳиёту»ни ва муборак салавотларни ўқийди.

Намознинг мустаҳаблари

1. Намоз ўқиётганда сажда жойига қараш. 2. Рукуъга борганда оёқларга қараш.

3. Саждада бурун қўйилган жойга қараш. 4. Ташаҳҳудга ўтирганда тиззалар устига қараш.

5. Фотиҳадан кейин ўқиладиган оятларнинг бомдод ва пешин намозларида узун, шом намозида эса қисқа бўлиши. 6. Имомга иқтидо қилган кишининг такбирни паст овозда айтиши.

7. Рукуъда бармоқларни очиб, қўлларни тиззалар устига қўйиш.

8. Рукуъда бошни бўйин билан бирга тўғри тутиш.

9. Саждага бораётганда ерга аввал ўнг, кейин чап тиззани қўйиш. 10. Саждани икки қўлнинг орасида қилиш.

11. Саждада пешонани бурундан кейин қўйиш. 12. Намоз пайтида эснаса, оғзини қўлининг орқаси билан ёпиш.

13. Эркакларнинг саждада тирсакларини кўтариб тутиши. Аёллар эса қўлларини ерга ёядилар. 14. Эркакларнинг саждада қўлларини ва оёқларини қорнидан узоқ тутиши. 15. Рукуъда ва саждада учтадан тасбеҳ айтадиган муддат туриш.

16. Саждадан бош кўтарилгач, қўлларни ердан кўтариш.

17. Қўлларни кўтаргач, тиззаларни кўтариш.

18. Ташаҳҳудда қўлларни сонлар устига қўйиб, бармоқларни қиблага қаратиб тўғри ва учлари тизза учига етадиган қилиб тутиш, уларни букмаслик ва ҳеч бирини қимирлатмаслик.

19. Ўнгга ва чапга салом бераётганда бошни буриш. 20. Салом бераётганда елка учларига қараш.

Намознинг макруҳлари

1. Кийимни киймасдан, елкага ташлаб намоз ўқиш. 2. Саждага тушаётганда этакларни, шим почаларини кўтариш.

3. Кўйлакнинг этаклари, енглари шимарилган ҳолда намозга туриш. 4. Абас, яъни фойдасиз ҳаракатлар қилиш. 5. Иш кийими билан ва катталарнинг олдига кийиб чиқиб бўлмайдиган кийим билан намоз ўқиш.

6. Оғизда қироатга халал бермайдиган бирор нарсани сақлаш. Халал берса, намоз бузилади. 7. Бош очиқ ҳолда намоз ўқиш.

8. Кичик ёки катта ҳожат қистаб турганда ёки ел сиқиб турганда намозга туриш. 9. Намозда сажда жойидаги тош-тупроқни қўл билан супуриш.

«Ибодатларини ихлос билан адо этувчиларга хушхабар бўлсин! Улар – ҳидоят (тўғри йўл) юлдузларидир. Улар фитналарнинг зулматларини йўқ қиладилар» Ҳадиси шариф

10. Намозга тураётганда ва намоз ичида бармоқларни қирсиллатиш.

11. Намозда қўлни биқинга қўйиш.

12. Бошни ва юзни атрофга буриш, кўзлар билан атрофга қараш. Кўкракни бурса, намоз бузилади.

13. Ташаҳҳудда итга ўхшаб ўтириш.

14. Эркакларнинг саждада қўлларини ерга ёйиши. 15. Одамнинг юзига қараб ва баланд овозда гаплашаётганларнинг орқасига қараб намоз ўқиш.

16. Бировнинг саломига қўл ёки бош билан алик олиш. 17. Намозда ва намоздан ташқарида эснаш. 18. Намозда кўзларни юмиш. 19. Имомнинг меҳроб ичида туриши. Қибла деворидаги ўйиқ жойга меҳроб дейилади. Имомнинг оёқлари меҳробдан ташқарида бўлганда, меҳроб ичига сажда қилиши макруҳ бўлмайди. Киши оёқлари турган жойда ҳисобланади. Чунки насроний руҳонийлари алоҳида хонада туриб ибодат қилдирадилар. Масжидларда биринчи жамоатнинг имоми меҳробда намоз ўқитмаса, макруҳ бўлади.

20. Имомнинг ёлғиз ўзи жамоатдан ярим метр баландда туриши танзиҳан макруҳдир. 21. Имомнинг ёлғиз ўзи пастда туриши ҳам танзиҳан макруҳдир. 22. Олдинги сафда бўш жой бўла туриб, орқадаги сафда туриш ва сафда жой бўлмаганда саф орқасида ёлғиз туриш. 23. Устида жонли расм бўлган кийим билан намоз ўқиш.

24. Жонли расм намоз ўқувчининг бошининг тепасида, олдида, ўнг ёки чап томонида деворга чизилган ёки матога, қоғозга солиниб осилган ёки қўйилган бўлса, макруҳдир. Хоч расми ҳам жонли расм кабидир.

25. Аланга олиб турган оловга қараб намоз ўқиш. 26. Намозда оятларни, тасбеҳларни қўл билан санаш. 27. Бошдан-оёқ бир матога ўраниб намоз ўқиш.

28. Очиқ бошга салла ўраб, тепаси очиқ ҳолда намоз ўқиш.

29. Оғиз ва бурунни ёпиб намоз ўқиш. 30. Узрсиз томоқдан балғам чиқариш. 31. Қўлни бир-икки марта қимирлатиш. 32. Намознинг суннатларидан бирини тарк этиш.

33. Заруратсиз, қучоғида бола бўлган ҳолда намозни бошлаш.

34. Қалбни банд қиладиган, хушуъни кетказадиган нарсалар ёнида, масалан, безакли нарсалар қаршисида, ўйин, чолғу ёнида ва иштаҳаси тортиб турган таом қаршисида намоз ўқиш. 35. Фарз ўқиётганда узрсиз деворга ёки устунга суяниш. 36. Рукуъга эгилаётганда ва ундан қад ростлаётганда қўлларни қулоқларга кўтариш.

37. Қироатни рукуъга эгилганда тугатиш.

38. Саждаларга ва рукуъга бошни имомдан олдин қўйиш ва кўтариш.

39. Нажс бўлиш эҳтимоли бор жойларда намоз ўқиш. 40. Қабрга қараб намоз ўқиш.

41. Ташаҳҳудларда суннатга мувофиқ ўтирмаслик.

42. Иккинчи ракатда биринчисидагидан уч оят узун ўқиш.

43. Иккинчи ракатда биринчисида ўқиган оятни ёки ундан олдинги бир оятни қайта ўқиш. Унутиб ўқиса, макруҳ бўлмайди.

44. Бир сурани ташлаб, ҳатлаб ўқиш.

Намоздан ташқари макруҳ бўлган нарсалар

1. Ҳожатхонада ва ҳар қандай жойда ҳожат чиқараётганда ва истинжо қилаётганда қиблага юз ёки орқа билан ўгирилиш. 2. Қуёшга ва ойга қараб ҳожат чиқариш.

3. Кичик болаларни қиблага қаратиб тутиб, ҳожатини чиқартириш – уларни тутиб турган катта кишига макруҳдир. Шунинг учун катталарга ҳаром бўлган нарсани болаларга қилдириш қилдирган кишига ҳаром бўлади.

4. Узрсиз қибла томонга оёқларни ёки бир оёқни узатиш. 5. Мусҳафга ва диний китобларга қараб оёқ узатиш. Улар баландда бўлса, макруҳ бўлмайди.

Намозни бузадиган нарсалар

1. Узрсиз йўталиш ёки томоқ қириш.

2. Намоз ўқиётган кишининг бировнинг аксирганига «Ярҳамукаллоҳ» дейиши. 3. Намозни ёлғиз ўқиётган киши бошқа бир жамоатнинг имоми қироатда янглишганини эшитиб, унга огоҳлантириш берса, ўзининг намози бузилади. Агар имом ҳам бу кишининг огоҳлантиришига қулоқ солиб шундай ўқиса, имомнинг ҳам намози бузилади. 4. Намоз ичида бировга жавоб бериш мақсадида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, намози бузилади. Агар мақсади намозда эканини билдириш бўлса, намози бузилмайди. 5. Аврат жойини очиш.

«Кучинг етса, ерга сажда қил! Ерга эгила олмасанг, юзингга бирор нарсани кўтариб, унинг устига сажда қилма! Имо билан ўқи ва саждада рукуъдагидан кўпроқ эгил!» Ҳадиси шариф

6. Оғриқ ёки бошқа бирор дард сабабли йиғлаш. (Жаннат ёки жаҳаннам зикр қилиниб, киши улар ҳақида ўйлаб, шу сабабли йиғласа, намоз бузилмайди.) 7. Қўл ёки тил билан алик олиш.

8. Қазога қолган намозлар сони бештадан ошмаган бўлса ва намоз ичида улар эсига тушса.

9. Намозхон уни кўрган киши «бу намоз ўқимаяпти» деб ўйлайдиган даражада ҳаракат қилса, намози бузилади. 10. Намоз ичида бирор нарса еб-ичиш. 11. Намоз ичида гапириш.

12. Ўз имомидан бошқа кишининг хатосини тузатиш. 13. Намоз ичида кулиш.

14. Намоз ичида инграш ва «оҳ» уриш.

ИЗОҲ: стулда намоз дуруст бўлмайди

Ўтириб ва имо билан намоз ўқиш

Бирор аъзосидаги дард сабабли тик тура олмайдиган ёки тик туришдан зарар кўрадиган, боши айланадиган киши фарзларни ҳам ўтириб ўқийди. Рукуъ учун эгилади, сажда учун бошини ерга қўяди. Деворга, устунга, одамга суяниб бир оз тик тура оладиган кишига тик турган ҳолда такбир айтиш ва қанча қодир бўлса, шунча тик туриб ўқиш фарздир. Фарз ўқиётганда узрсиз деворга, устунга суяниш макруҳдир. Узр бўлса, макруҳ бўлмайди. Суяниб тик туриш ёки ўтириш мумкин бўла туриб, ётиб имо билан ўқиш жоиз эмас. Тўғри ўтира олмайдиган киши қандай хоҳласа, шундай ўтиради. Бирор жойини ёстиққа ёки бошқа бирор нарсага суяйди.

Ҳомиладор аёл ёки бемор ўнг ва чап томонига кичик хонтахтага ўхшаш бирор нарса қўйиб, уларга таяниб оёққа тура олса, шундай ўқиши лозим.

Бирор нарсага суяниб ҳам, бирор киши ушлаб турганда ҳам ерда ўтира олмайдиган бемор чалқанча ётиб ўқийди. Оёқларини қибла томонга узатади. Боши остига ёстиқ қўяди. Юзи қиблага қараган бўлади. Ёки қиблага қараб ўнг ёки чап ёни билан ётади. Рукуъ ва саждалар учун боши билан имо қилади. Боши билан ҳам имо қила олмайдиган ақли жойида бўлган бемор, бу ҳол бир кундан ортиқ давом этиб, намозини умуман ўқий олмаса, у ҳол тугагунча намоз ундан соқит бўлади, яъни унга фарз бўлмайди ва ўқий олмаган намозларининг ҳеч бирини қазо қилмайди. Самовий сабаб билан, яъни ўз ихтиёридан ташқари, масалан, касаллик туфайли ёки беҳуш бўлиб, ёхуд ракат ёки сажда сонларини унутадиган даражада ҳушсиз ҳолда бештадан ортиқ намозини ўқий олмаган киши ҳам шундай. Маст қилувчи ичимликлар ичиб ёки дори қабул қилиб, шу тарзда беҳуш, ҳушсиз бўлиб қолган киши ўқий олмаган намозларининг ҳаммасини қазо қилиши лозим.

Стулга ўхшаш баланд бир нарса устига ўтириб, оёқларини осилтириб намоз ўқиш жоиз эмас. Бундай намоз қабул бўлмайди. Чунки стулда ўтиришга зарурат йўқ. Стулда ўтира оладиган киши ерда ҳам ўтира олади. Ерда ўтира оладиган кишининг ерга ўтириб ўқиши лозим.

Намоздан кейин ердан тура олмайдиган, стулдан эса осон турадиган беморни ердан бошқа бир киши турғизади. Агар тура олмаса, қиблага қаратиб қўйилган каравотда ўтириб, оёқларини осилтирмасдан, қибла томонга узатиб ўқийди. Намоздан кейин оёқларини каравотнинг бир четига осилтириб, стулдан тургандек туради. Ёки стулга ўтиради, лекин олдига бошқа бир стул ёки кичик хонтахта қўйиб, оёқларини унинг устига қўяди. Намоз тугагач, оёқларини стулдан ёки хонтахтадан тушириб тура олади.

Ўтириб ва имо билан намоз ўқиганда эътибор бериладиган нарсалар

Сажда қила олса, намозни тик туриб бошлайди. Тик тура олганича ўқийди ва рукуъ қилади. Умуман тик тура олмайдиган киши ўтириб бошлайди. Тиз чўкиб ўтиради ва саждаларни қилиб, намозини ўқийди. Бу тарзда намоз ўқишга ўтириб намоз ўқиш дейилади.

Ўтириб ўқиётганда қиёмда қўлларини киндиги остида боғлайди. (Аёллар кўкраклари устига қўядилар.) Иқоматни, агар тик туриб бошлаган бўлса, тик турган ҳолда, ўтириб ёки имо билан ўқиётган бўлса, ўтирган ҳолатида айтади. Сажда қила олмаса, имо билан ўқийди. Яъни ўзига қандай осон бўлса – тиз чўкиб ёки чордона қуриб ўтиради. Бундай ўтира олмаса, оёқларини қибла томонга узатади.

Ифтитоҳ такбирини ўтириб айтади. Рукуъ учун гавдасини бир оз эгади, сажда учун ундан ҳам кўпроқ эгади. Гавдасини эга олмайдиган киши бошини худди шундай эгади ва шу тарзда намозини имо билан ўқиган бўлади. Қиём ҳолатида оёқларига, ўтирганда этагига қарайди. Имо билан ўқиётганда эркаклар қиёмда қўлларини киндиклари остида боғлайдилар. (Аёллар қўлларини кўкраклари устига қўядилар.) Рукуъ учун бир оз эгилаётганда қўлларини тиззалари устига қўядилар. Сажда учун ундан ҳам кўпроқ эгиладилар. Қўлларини тиззалари устига ёки бир оз олдинроққа қўядилар. «Аттаҳиёту» ўқиётганда қўлларини одатдаги намоздагидек сонлари устига қўядилар. Салом бераётганда елка учларига қаралади. Бу тарзда намоз ўқишга имо билан намоз ўқиш дейилади.

Кўз билан имо бўлмайди. Киши 24 соат, яъни бир кеча-кундуз давомида бошини эга олмаса, намоз ундан соқит бўлади ва уни қазо қилиши ҳам керак бўлмайди.

Тик туриб жамоат билан намоз ўқилаётганда оёқлар турган жойга эътибор берилади. Кишининг товони имомнинг товонидан олдинда бўлса, унинг намози саҳиҳ бўлмайди. Лекин имо билан ўқилаётганда бундай эмас: у пайтда товонларга эмас, бош турган жойга эътибор берилади. Имо қилувчининг боши имомнинг бошидан орқада ёки у билан бир текисда бўлса, оёқлари имомнинг оёқларидан олдинда бўлса ҳам, намози саҳиҳ бўлади. [Ибн Обидин] Тик туриб ўқувчи ўтириб ўқувчига иқтидо қила олади, лекин имо билан ўқувчига иқтидо қила олмайди.

Ишқингиз ила ошиқлар ёнсин, ё Расулаллоҳ,
Ишқингиз шаробин ичиб қонсин, ё Расулаллоҳ.
Сизни севган ҳар бир киши бошин қўйди йўлингизга,
Икки жаҳон қуёши – сизсиз, ё Расулаллоҳ.
Сизни севганларга – уларга шафоат айланг,
Мўмин бўлган таналарга жонсиз, ё Расулаллоҳ.
Ошиқман ул дийдорга, булбулман ул гулзорга,
Сизни севмаган ўтга ёнсин, ё Расулаллоҳ.
Сизни Субҳон севди, бўлдингиз барчага султон,
Жоним йўлингизга қурбон бўлсин, ё Расулаллоҳ.
Дарвиш Юнуснинг жони, олам шафоат кони,
Икки жаҳон султони – сизсиз, ё Расулаллоҳ!