Севимли Пайғамбарим

АВРАТ ЖОЙЛАРИ ВА АЁЛЛАРНИНГ ЎРАНИШИ

Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Эркак эркакнинг, аёл аёлнинг аврат жойларига қарамасин!» Кўриниб турибдики, эркакларнинг аёлларнинг, аёлларнинг эса эркакларнинг аврат жойларига қараши ҳаром бўлгани каби, эркакларнинг эркак авратига, аёлларнинг аёл авратига қараши ҳам ҳаромдир. Эркакнинг эркак учун ҳам, аёл учун ҳам аврат жойи – тиззаси билан киндиги орасидир. Аёлнинг аёл учун аврат жойи ҳам шундай. Аёлнинг номаҳрам эркак учун аврат жойи эса қўлларию юзидан бошқа бутун баданидир. Шунинг учун аёлларга «аврат» дейилади. Мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, бегона аёлнинг юзига шаҳват билан қараш, аврат жойига эса шаҳватсиз қараш ҳам ҳаромдир.

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бегона аёлнинг уйида тунаманглар!»

Уқба ибн Омир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бегона аёл билан бир хонада ёлғиз қолманглар! Аёл эрининг биродари ёки унинг ўғли билан ёлғиз қолса, ўлимгача судралиб боради». Яъни бу фитналарга сабаб бўлади. Бундан жуда сақланиш керак. Бу ҳадиси шариф «Бухорий» ва «Муслим» китобларида ёзилган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Аёлнинг бадани авратдир». Яъни уни ёпиш лозим. «Аёл кўчага чиққанда, шайтон доим унга қараб туради». (Яъни эркакларни алдаш, уларни гуноҳга солиш учун уни тузоқ қилади.)

Бурайда (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Алига шундай дедилар: «Ё Али! Бир аёлни кўриб қолсанг, юзингни ундан бур. Унга қайта қарама! Тўсатдан кўриб қолиш гуноҳ бўлмаса ҳам, қайта қараш гуноҳ бўлади». Буни Абу Довуд ва Доримий ривоят қилди.

Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Ё Али! Сонингни очма ва ўликми, тирикми – ҳеч кимнинг сонига қарама!» Бу ҳадиси шарифни Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилди. Бундан маълум бўладики, ўликнинг аврат жойига қараш тирикникига қараш кабидир. [Спортчиларнинг ва денгизда сузаётганларнинг аврат жойларига қарашдан жуда сақланиш керак.]

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Аврат жойларингизни очманглар! [Яъни ёлғиз қолганингизда ҳам очманглар.] Чунки ёнингиздан ҳеч ажралмайдиган зотлар бор. Улардан ҳаё қилинглар ва уларга ҳурмат кўрсатинглар!» Булар Ҳафаза деб аталадиган фаришталардир. Улар инсонни жинларнинг зараридан сақлайди ва ундан фақат ҳожатхонада ва эр-хотин яқинлик қилганда ажралади.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) айтади: Маймуна (розияллоҳу анҳо) билан бирга Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида эдик. Ибн Умму Мактум (розияллоҳу анҳу) изн сўраб кирди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уни кўриб, бизга: «Парда ортига ўтинглар!» – дедилар. Мен: «У кўр эмасми? Бизни кўрмайди-ку», – дедим. У зот: «Сизлар ҳам кўрмисизлар? Сизлар уни кўрмайсизларми?» – дедилар. Яъни: «У кўр бўлса ҳам, сизлар кўр эмассизлар-ку», – дедилар. Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд (раҳимаҳумуллоҳу таоло) ривоят қилди. Бу ҳадиси шарифга кўра, эркакнинг номаҳрам аёлга қараши ҳаром бўлгани каби, аёлнинг ҳам номаҳрам эркакка қараши жоиз эмас. Мазҳаб имомларимиз (раҳимаҳумуллоҳу таоло) бошқа ҳадиси шарифларни ҳам ҳисобга олиб, шундай дедилар: «Аёл учун номаҳрам эркакларнинг бошларига, сочларига қарамаслик қийин. Бажариш қийин бўлган амрлар – азимат бўлади. Эркакнинг аёл учун аврат жойи – тиззаси билан киндиги орасидир. Бу жойга қарамаслик осон. Бажариш осон бўлган амрлар – рухсатдир».

[Кўриниб турибдики, Пайғамбаримизнинг пок завжалари (Азвожи тоҳирот) (розияллоҳу таоло анҳунна) ва саҳобаи киром (розияллоҳу анҳум) азимат билан амал қилар, рухсатлардан ҳам сақланар эдилар. Исломни ичдан йиқитишга уринаётган инглизларнинг ва зиндиқларнинг: «Пайғамбар замонида аёллар ўранмас эдилар. Ҳозир кўриб турганимиз – аёлларнинг алвастидек ўраниб юриши у пайтда йўқ эди. Ҳазрати Оиша боши очиқ юрар эди. Ҳозирги ўранишни кейинчалик мутаассиблар, фиқҳчилар тўқиб чиқарган», – каби сўзлари хунук туҳматдир.]

Умарул Форуқ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бир эркак бегона аёл билан холи қолса, уларнинг учинчиси шайтон бўлади». Бу ҳадиси шарифни Термизий ривоят қилди. [Бир ёки бир неча бегона аёл билан холи қолиш, яъни ёпиқ жойда ёлғиз қолиш ҳаромдир. Ибн Обидин имомлик ҳақида гапирар экан, шундай дейди: «Бошқа бир эркак ёки зурраҳм маҳрами бўлган аёл ҳам бўлса, холи қолиш бўлмайди».] Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Эри узоқда бўлган аёлларнинг олдига борманглар! Чунки шайтон томирларингизда қон каби айланиб юради». «Сизнинг томирларингизда ҳам айланадими?» – деб сўрашганида, у зот: «Меникида ҳам айланади. Лекин Аллоҳу таоло унга қарши менга ёрдам берди. Уни мусулмон қилди, у менга бўйсунди», – дедилар. Бу ҳадиси шарифни Термизий (раҳимаҳуллоҳу таоло) ривоят қилди.

Умму Салама (розияллоҳу анҳо) айтади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) менинг ёнимда эдилар. Хонада биродарим Абдуллоҳ ибн Абу Умайянинг қули ҳам бор эди. Бу қул муханнас эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу муханнасни кўриб, овозини эшитгач: «Бунақаларни уйларингизга киритманглар!» – дедилар. Бу ҳадиси шариф «Бухорий» ва «Муслим» китобларида ёзилган. Муханнас – ахлоқини, ҳаракатларини, сўзларини ва қиёфасини аёлларникига ўхшатадиган кимсадир. Шундай қилувчилар лаънатлидир. Улар ҳақида ҳадиси шарифда: «Ўзларини аёлларга ўхшатадиган эркакларга ва эркакларга ўхшатадиган аёлларга Аллоҳ лаънат қилсин!» – дейилди. Заруратсиз эркакларга ўхшаб кийинадиган, улардек сочини олдирадиган ва эркакларга хос ишларни қиладиган аёллар, шунингдек, аёллардек соч ўстириб, ясан-тусан қиладиган эркаклар ҳам шу ҳадиси шарифнинг ҳукмига киради.

«Ё Али! Бир аёлни кўриб қолсанг, юзингни ундан бур. Унга қайта қарама! Тўсатдан кўриб қолиш гуноҳ бўлмаса ҳам, қайта қараш гуноҳ бўлади» Ҳадиси шариф

Ислом дини мусулмон аёлнинг ости кўриниб турадиган даражада юпқа ёпинчиқ билан ўранишини ҳаром қилди. «Муслим» ва «Муватто» китобларидаги ҳадиси шарифда: «Ўраниб туриб яланғоч бўлган ва бошларини туянинг ўркачидек кўтариб олган аёллар жаннатга кирмайди. Ҳатто унинг ҳидини ҳам сезмайди. Ҳолбуки, жаннатнинг ҳиди жуда узоқлардан сезилади», – дейилди. Бу ҳадиси шариф аёлларнинг юпқа, шаффоф ёки баданга ёпишиб турадиган тор кийим, пайпоқ, рўмол билан ўранишини ва сочларини бошининг устида уюм қилиб тўплашини ман қилади. Бундай ўраниш яланғоч юриш кабидир. Мусулмон аёллар, қизлар юпқа, тор нарсалар билан ўранмасликлари, ўз сочларини ёки тақиб олган ясама сочининг (парикнинг) толаларини туянинг ўркачидек бошларининг устида тўпламасликлари, сочларини тугун қилиб боғламасликлари керак. Буларнинг жаҳаннамга олиб борадиган гуноҳ эканини билишлари лозим. «Ҳиндия» китобида шундай дейилади: «Қалин ва кенг мато билан ўранган аёлга қараш жоиз. Юпқа, тор кийим билан ўранган аёлга қараш жоиз эмас. Ўранган аёлнинг ҳам юзига шаҳват билан қараш ҳаромдир. Шаҳватсиз, лекин кераксиз қараш макруҳдир. Мусулмон бўлмаган аёлларга қараш ҳам шундай. Уларнинг фақат сочларига қараш жоиз, дейилди».

Қалин, кенг, тўпиқ суякларигача узун, енглари билакларни ёпадиган тўқ рангли пальто билан ўраниш икки қисмли чаршаф билан ўранишдан яхшироқдир. «Ҳалабийи кабир» китобида шундай дейилади: «Ҳур аёлнинг қулоқларигача тушиб турган сочи олимларнинг бир фикрига кўра авратдир. Қулоқдан пастга тушиб турган қисми ҳам олимларнинг кўпчилигига кўра шундайдир.

Баъзиларига кўра, осилиб турган қисми намозда аврат бўлмайди. Лекин номаҳрамнинг унга қараши ҳам жоиз эмас». Аёл барча сочини қалин рўмол билан ёпиши керак. Бу рўмолнинг ўртасининг олд қисми пешонага ёпишиб, қошларга яқин тушиши, икки чети икки қошнинг четидан иякка туширилиб, ияк устида тўғноғич билан бириктирилиб, кўкракка осилиб туриши, ўртасининг орқа қисми эса елкани ёпиши керак. Фитна хавфи бўлганда, юзнинг икки ёнини ҳам ёпиш лозим. Тўқ рангли, қалин пайпоқ ҳам кийиш керак. Аёлнинг осилиб турган сочининг тўртдан бири бир рукн давомида очиқ қолса, намози саҳиҳ бўлмайди. Ундан ози очиқ қолса, макруҳ бўлади. Бу борада ҳеч бир китоб аёлнинг кекса ёки ёш бўлишини ажратмаган. Кекса аёлнинг саломига алик олиш, у билан қўл бериб кўришиш (мусофаҳа) ва холи қолиш жоиз дейишган бўлса ҳам, кекса аёлнинг сочини очиши ёки унинг сочига қараш жоиз, деган киши бўлмаган. Мусулмон бўлмаган аёлнинг сочига қараш жоиз, деганлар бўлди. Лекин кекса мусулмон аёлнинг сочига қараш жоиз, деган ҳеч ким йўқ. Кекса аёлнинг масжидга ва қабр зиёратига бориши жоиз, деганлар ҳам сочи, боши ёпиқ бўлиш шартини билдирганлар.

Мусулмонман деган киши қиладиган ҳар бир ишининг Исломга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини билиши лозим. Билмаса, бир Аҳли суннат олимидан сўраб ёки бу олимларнинг китобларини ўқиб ўрганиши керак. Иш Исломга мувофиқ бўлмаса, у гуноҳдан ёки куфрдан қутула олмайди. У ҳар куни чин дилдан тавба қилиши лозим. Тавба қилинган гуноҳ ва куфр, шубҳасиз, афв этилади. Тавба қилмаса, дунёда ҳам, жаҳаннамда ҳам унинг азобини, яъни жазосини тортади. Эркакларнинг ва аёлларнинг намозда ҳам, ҳар жойда ҳам ёпиши лозим бўлган жойларига аврат жойи дейилади. «Аврат жойини очиш ва бошқаларнинг аврат жойига қараш ҳаромдир». Исломда аврат жойи йўқ, деган киши кофир бўлади. Аврат жойини ёпишни динимиз буюради. Аврат жойи очиқ бир эркак ёки аёл бўлган жойга, шунингдек, чолғу, қимор, маст қилувчи ичимлик ва аёл овози бўлган жойга фисқ мажлиси дейилади. Фисқ мажлисига бориш ҳаромдир. Қалбнинг пок бўлиши ҳам лозим. Қалбнинг поклиги – гўзал ахлоқли бўлишдир. Қалб Исломга бўйсуниш билан покланади. Исломга бўйсунмаган кишининг қалби пок бўла олмайди.

Ижмоъ билан, яъни тўрт мазҳабда ҳам аврат бўлган бир жойини очишни ва бошқаларнинг бундай аврат жойига қарашни ҳалол деган ёки бунга эътибор бермаган, яъни унинг азобидан қўрқмаган киши кофир бўлади. Аёлларнинг аврат жойларини очишлари, шунингдек, эркаклар олдида қўшиқ айтишлари ва мавлид ўқишлари ҳам шундай. «Мен мусулмонман» деган киши иймоннинг ва Исломнинг шартларини, шунингдек, ижмоъ, яъни тўрт мазҳабнинг бир фикри билан билдирилган фарзларни ва ҳаромларни ўрганиши ва уларга эътибор бериши лозим. Билмаслик узр эмас. Бу – билиб туриб ишонмаслик кабидир. «Аёлларнинг юзлари ва қўлларидан бошқа жойлари тўрт мазҳабда ҳам авратдир». Ижмоъ билан аврат бўлмаган, яъни қолган уч мазҳабдан бирига кўра аврат саналмайдиган бир жойини эътибор бермасдан очган киши кофир бўлмаса ҳам, ўз мазҳабига кўра катта гуноҳ қилган бўлади. Эркакларнинг тизза билан қов орасини, яъни сонларини очишлари шундайдир. Билмаганини ўрганиш фарздир. Ўрганиши билан дарҳол тавба қилиши ва у жойни ёпиши керак.

«Ўзларини аёлларга ўхшатадиган эркакларга ва эркакларга ўхшатадиган аёлларга Аллоҳ лаънат қилсин!» Ҳадиси шариф

Нима бўлди кўзларингга, «тўхта» десам, оқаверар?
«Ўзингга кел» деганим сари қалбинг жўшиб ёнаверар?
Ҳазрати Муҳаммаднинг карам ёмғирларидан
Бир томчи олмоқ истар барча пайғамбарлар.
Зоҳирий ва ботиний, руҳоний ва жисмоний –
Борлиқларнинг барчасидан Ҳаққа энг суюкли у зот.
Чексиздир у зотнинг фазилати ва камоли,
Тил билан баён этиб бўлмас бу камолни.
Агар Расулуллоҳнинг барча мўъжизалари у зотнинг улуғлигини тилга кўчира олганида,
Муборак исмлари тилга олинган ҳамон барча чириган суяклар
Бир лаҳзада тирилиб кетар эди.
Тоқатимиздан ортиқ юк юкламадилар бизга,
Бош ва кўз устидадир амру наҳйлари.
Қасидаи Бурда