Севимли Пайғамбарим

ЗАКОТ БЕРИШ

Исломнинг учинчи шарти – закот беришдир.

Олтин, кумуш ва тижорат молларининг закотини бериш учун уларнинг нисоб миқдорида бўлиши лозим. Нисоб – бойлик билан фақирлик орасидаги чегарадир. Олтин учун нисоб – 96 грамм. Кумуш учун – 672 грамм. Рўзғор учун зарур буюмлардан ташқари, ҳар турдаги моли нисоб миқдорида бўлган кишига бой дейилади. Бунча моли бўлмаган кишига фақир дейилади. Олтин пуллар ва олтин буюмлар, аёлларнинг зеб-зийнатлари ва тишлардаги олтин қопламаларнинг умумий оғирлиги ҳар турдаги тижорат молларининг олтин билан ҳисобланган қиймати билан бирга 96 грамм, кумуш буюмларники эса 672 грамм бўлса ва улар шундан кейин бир ҳижрий йил, яъни 354 кунлик арабий йил давомида мулкида турса, у ҳолда уларнинг (тижорат молларининг эса қийматининг) қирқдан бири ажратилиб, Қуръони каримда билдирилган саккиз тоифа кишилардан бирига ёки бир нечасига берилади. Бунга закот дейилади. Масалан, 100 грамм олтини бор киши бир арабий йил ўтгач, закот нияти билан икки ярим (2,5) грамм олтинни ажратиб, ўзи хоҳлаган мусулмон фақирга бериши керак. Закотни қурбон нисобига эга бўлмаган фақирларга, қарздор мусулмонга, ўз юртида бой бўлса ҳам, турган жойида фақир қолган кишига, жиҳод ва ҳаж йўлида муҳтож қолган кишига бериш лозим.

Яшаш учун зарур бўлганидан ортиқ, лекин қурбон нисобидан кам моли бор кишига фақир дейилади. Маоши қанча бўлишидан қатъи назар, уйини зўрға тебратаётган ҳар бир хизматчи закот олиши мумкин ва унга қурбонлик сўйиш, фитр садақасини бериш вожиб бўлмайди. Дин илмларини ўргатаётган ва ўрганаётган киши, қирқ йиллик нафақаси бўлса ҳам, закот олиши мумкин. Закот пулига масжид қурилмайди, жиҳод қилинмайди, ҳаж қилинмайди. Бой киши закотни ўз ота-онасига, фарзандларига, хотинига бера олмайди. Ака-ука ва опа-сингилларига, келинига, куёвига, қайнонасига ва қайнотасига, аммасига ва холасига, амакисига ва тоғасига бериши мумкин. Буларга бериш савоблироқдир. Фақирга нисобдан кам берилади. Лекин унинг оиласи, бола-чақаси бўлса, уларнинг ҳар бирига тушадиган улуш нисобга етмайдиган миқдорда кўп бериш мумкин. Молини исроф қиладиганга, уни ҳаромга сарфлайдиганга закот берилмайди. Саййидлар ҳозир ўлжадан (ғаниматдан) ўз ҳақларини ола олмаганлари учун уларга ҳам берилади.

Мол-мулкка мағрур бўлма, «Мендек ким бор?» – дема!

Бир тескари шамол эсса, барини хирмондек совуради!

Закот бериладиган молнинг тўрт тури бор:

1. Олтин ва кумуш.

2. Тижорат учун сотиб олинган ҳар турдаги мол.

3. Далада ва яйловда ўтлаб юрадиган тўрт оёқли ҳайвонлар. 4. Ер маҳсулотлари, яъни ушр.

«У куни Менинг раҳматим фақат Мендан қўрқиб, кофир бўлишдан ва гуноҳ қилишдан сақланганларга, закотини берганларга, Қуръони каримга ва Пайғамбарим алайҳиссаломга иймон келтирганларга хосдир» Аъроф: 156

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳу таоло) шундай дейди: «Ёмғир ёки дарё суви билан суғорилиб, ердан унган экин, мева ва сабзавотнинг, шунингдек, асалнинг миқдори қанча бўлишидан қатъи назар, ҳосили йиғиб олиниши биланоқ ундан ўндан бирини фақирларга бериш фарздир. Бунга ушр дейилади. Ушрини бермасдан ҳосилни ейиш ҳаромдир».

Тижорат молларининг нисоби қиймат жиҳатидан 96 грамм олтин тангага тенг бўлса, тижорат молларининг сотиб олинган нархи бўйича қийматининг қирқдан бири олтин билан берилади. Ёки тижорат молларининг ўзидан берилади. Қарзга берган моли бор, қўлида тилхатлари бўлган киши уларнинг закотини бериши лозим. Закот қўлдаги молдан берилади. Молни фақирнинг қўлига топшириш лозим.

Қоғоз пулларнинг нисоби фақат олтин танга билан ҳисобланади ва қирқдан бири олтин билан берилади. Закот фарз бўлишининг шартлари олтита: 1. Мусулмон бўлиш. 2. Балоғатга етган бўлиш. 3. Оқил бўлиш. 4. Ҳур бўлиш. 5. Закот нисоби миқдорида ҳалол закот молига эга бўлиш. 6. Қўлидаги молнинг эҳтиёжидан ва қарзидан ортиқ бўлиши. Закот фарз бўлгандан кейин уни мусулмон фақирга бермаган ёки бошқа қарзи бўлган кишининг хайрия ишлари ва садақалари савоб бўлмайди, гуноҳ бўлади. Закотини бериш ва қарзини тўлаш – унинг зиммасидаги фарздир.

Рамазон келди, етишди,
Масжидлар нурга бурканди.
Тўп отилди, қандил ёнди,
Барчамиз бунга ишондик.
Аввалги ўн куни – раҳмат мўл,
Сўнгра гуноҳлар афв бўлур.
Ҳайит кечаси мўминлар
Жаҳаннамдан озод бўлур.
Биродарим, рўза тут сен ҳам,
Намозларингни ҳам ўқи!
Ҳар дам гуноҳдан сақлан,
Жаҳаннамда азоб кўпдир!
Душман сенга ҳужум қилар,
«Рўза ҳолсизлантирар» дер.
Илму фанни у топтар,
Хоин, доим ёлғон сўйлар!
Уйғон! Умрингнинг кўпи ўтди,
Рўза тут, англа очу тўқни!
Ислом китобларини ўқи,
Инсонликдан ол бир ҳидни!