НАМОЗ ЎҚИШ
Исломнинг беш шартидан иккинчиси – намоз ўқишдир. Ҳар бир мусулмоннинг ҳар куни вақтлари киргач, беш марта намоз ўқиши ва уларнинг ҳар бирини ўз вақтида ўқиганини билиши фарздир. Намозларни фарзларига, вожибларига, суннатларига эътибор бериб ва кўнглини Аллоҳу таолога бериб, вақтлари ўтмасдан ўқиш лозим. Қуръони каримда намоз «салот» деб аталади. Салот луғатда инсоннинг дуо қилиши, фаришталарнинг истиғфор айтиши, Аллоҳу таолонинг марҳамат қилиши, раҳм қилиши демакдир. Исломда эса «салот» – илмиҳол китобларида билдирилган шаклда маълум ҳаракатларни қилиш ва маълум нарсаларни ўқиш демакдир.
Намознинг аҳамияти
Намоз – Аллоҳу таолонинг севимли Пайғамбаримиз ҳурматига мўминларга эҳсон этган энг улуғ, энг муҳим, энг гўзал амридир. Намоз – диннинг устунидир. Намозини доим, тўғри ва тўлиқ ўқиган киши динини барпо қилган, Ислом биносини тик тутиб турган бўлади. Намоз ўқимаган киши эса динини ва Ислом биносини йиқитган бўлади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Динимизнинг боши – намоздир». Бошсиз инсон бўлмагани каби, намозсиз дин ҳам бўлмайди.
Намоз – Ислом динида иймондан кейин биринчи фарз қилинган амрдир. Аллоҳу таоло бандалари фақат Ўзига ибодат қилишлари учун намозни фарз қилди. Қуръони каримда юздан ортиқ ояти каримада «Намоз ўқинглар!» деб буюрилмоқда. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Аллоҳу таоло ҳар куни беш вақт намоз ўқишни фарз қилди. Қадрлаб ва шартларига риоя қилиб, ҳар куни беш вақт намоз ўқиган кишини Аллоҳу таоло жаннатга киритишни ваъда қилди».
Намоз – динимизда қилиниши амр этилган барча ибодатларнинг энг қимматлисидир. Бир ҳадиси шарифда: «Намоз ўқимаган кишининг Исломдан насибаси йўқ!» – дейилди. Яна бир ҳадиси шарифда: «Мўминни кофирдан ажратиб турадиган фарқ – намоздир», – дейилди, яъни мўмин намоз ўқийди, кофир ўқимайди.
Намоз ўқиш – Аллоҳу таолонинг буюклигини ўйлаб, Унинг қаршисида ўзининг кичиклигини англашдир. Буни англаган киши ҳамиша яхшилик қилади. Ҳеч ёмонлик қила олмайди. Ҳар куни беш марта Раббининг ҳузурида эканини ният қилган кишининг қалби ихлос билан тўлади. Намозда қилиниши буюрилган ҳар бир ҳаракат қалбга ва баданга фойда келтиради. Масжидларда жамоат билан намоз ўқиш мусулмонларнинг қалбларини бир-бирига боғлайди. Улар орасида муҳаббат пайдо қилади. Улар бир-бирларининг биродар эканликларини англайдилар. Катталар кичикларга меҳрибон, кичиклар эса катталарга ҳурматли бўладилар. Бойлар камбағалларга, кучлилар заифларга ёрдамчи бўладилар. Соғломлар беморларни масжидда кўрмагач, уйларига бориб, ҳолларидан хабар оладилар. Улар «Дин биродарининг ёрдамига шошилган кишининг ёрдамчиси – Аллоҳу таолодир» ҳадиси шарифидаги хушхабарга эришиш учун бир-бирлари билан мусобақалашадилар.
Намоз инсонларни хунук, ёмон ва ман этилган нарсалардан тўсиб туради. У гуноҳларга каффорат бўлади. Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Беш вақт намоз бирортангизнинг эшиги олдидан оқиб турган дарёга ўхшайди. Бир киши у дарёга ҳар куни беш марта кириб ювинса, устида кир қолмагани каби, беш вақт намоз ўқиганларнинг ҳам кичик гуноҳлари худди шундай кечирилади». Намоз – Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймондан кейин барча амаллар ва ибодатларнинг энг афзалидир. Шунинг учун намозларни фарзларига, вожибларига, суннатларига, мустаҳабларига риоя қилиб ўқиш лозим. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Эй умматим ва саҳобаларим! Адосига тўлиқ риоя қилинган намоз Аллоҳу таоло ёқтирган барча амалларнинг энг афзалидир. У пайғамбарларнинг суннатидир. Фаришталар севган амалдир. Маърифатнинг, ернинг ва осмонларнинг нуридир. Баданнинг қувватидир. Ризқларнинг баракасидир. Дуонинг қабул бўлишига воситадир. Малакул мавтга [яъни ўлим фариштасига] шафоатчидир. Қабрда чироқ, Мункар ва Накирга жавобдир. Қиёмат куни эгасининг устида соябондир. Жаҳаннам ўти билан эгаси орасида қалқондир. Сирот кўпригидан яшиндек ўтказувчидир. Жаннатнинг калитидир. Жаннатда бошига тождир. Аллоҳу таоло мўминларга намоздан муҳимроқ нарса бермаган. Агар намоздан афзалроқ бир ибодат бўлганида, мўминларга аввало шуни берар эди. Чунки фаришталарнинг баъзилари доимо қиёмда, баъзилари рукуъда, баъзилари саждада, баъзилари эса ташаҳҳуддадир. Аллоҳу таоло буларнинг ҳаммасини бир ракат намозда жамлаб, мўминларга ҳадя қилди. Чунки намоз – иймоннинг боши, диннинг устуни, Исломнинг сўзи ва мўминларнинг меърожидир. У осмоннинг нури ва жаҳаннамдан қутқарувчидир».
Бир куни ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу ва каррамаллоҳу важҳаҳу) аср намози ўтиб кетган эди. У қайғусидан ўзини бир тепаликдан пастга ташлади. Инграб-инграб йиғлаб, фарёд қилди. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг бу ҳолидан хабар топгач, саҳобалари билан бирга ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) ёнига келдилар. Унинг ҳолини кўриб, Коинот сарвари бўлган Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам йиғлай бошладилар. Дуо қилдилар. Қуёш яна кўтарилди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Али! Бошингни кўтар, қуёш ҳали кўриниб турибди», – дедилар. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бундан жуда севинди ва намозини ўқиди. Бир кеча ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) кўп ибодат қилгани учун кеча охирида уни уйқу босди. Витр намози ўтиб кетди. У бомдод намозида Пайғамбаримизнинг ортларидан бориб, масжид эшиги олдида у зотнинг ҳузурларига келди ва: «Ё Расулаллоҳ! Мададимга етинг, витр намозим ўтиб кетди», – деб йиғлаб ёлворди. Расулуллоҳ ҳам йиғлай бошладилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб: «Ё Расулаллоҳ! Сиддиққа айтинг, Аллоҳу таоло уни кечирди», – деди. Авлиёнинг улуғларидан Боязид Бистомий қуддиса сирруҳ бир кеча уйқу босиб, бомдод намозига уйғона олмадилар. Шу қадар йиғлаб, инградиларки, ниҳоят бир овоз эшитдилар: «Эй Боязид! Бу хатоингни кечирдим. Бу йиғинг баракаси билан сенга қўшимча етмиш минг намоз савоби бердим». Бир неча ойдан кейин у кишини яна уйқу босди. Шайтон келиб, муборак оёқларидан тортиб уйғотди: «Тур, намозинг ўтиб кетай деяпти!» – деди. Боязид Бистомий ҳазратлари шундай дедилар: «Эй малъун, сен қандай қилиб бундай иш қиласан? Сен ҳар кимнинг намози қазо бўлишини, вақтини ўтказиб юборишини истайсан-ку. Мени нега уйғотдинг?» Шайтон деди: «Бомдод намозингни ўтказиб юборган кунинг йиғлаб, етмиш минг намоз савобини топган эдинг. Бугун шуни ўйлаб, сени уйғотдим: бир вақт намознинг савобини топгину, етмиш минг намоз савобига эриша олмагин!»
«Намоз ўқимаган кишининг Исломдан насибаси йўқ!» Ҳадиси шариф
Буюк валий Жунайд Бағдодий ҳазратлари шундай дедилар: «Дунёнинг бир соати қиёматнинг минг йилидан яхшироқдир. Чунки бу бир соатда солиҳ, мақбул бир амал қилиш мумкин, у минг йилда эса ҳеч нарса қилиб бўлмайди». Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бир киши бир намозни билиб туриб кейинги намозга қўшиб юборса, жаҳаннамда саксон ҳуқба ёнади». Бир ҳуқба – охиратнинг саксон йилидир. Охиратнинг бир куни эса дунёнинг минг йилидир. Ундай бўлса, эй дин биродарим! Вақтингни бўш, фойдасиз нарсалар билан ўтказма. Замонингнинг қадрини бил. Вақтингни энг яхши ишларга сарфла. Севимли Пайғамбаримиз: «Мусибатларнинг энг каттаси – вақтни фойдасиз нарсалар билан ўтказишдир», – дедилар. Намозларингни вақтида ўқи, токи қиёмат куни пушаймон бўлмай, жуда катта савобга эришгин! Ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Бир намозни вақтида ўқимай, қазога қолдириб, уни адо этишдан олдин вафот этган кишининг қабрига жаҳаннамдан етмишта дераза очилиб, у қиёматгача азоб чекади».
Бир намозини вақтида билиб туриб ўқимаган, яъни намоз вақти ўтиб кетаётганда намоз ўқимагани учун қайғурмаган киши диндан чиқади ёки ўлаётганда иймонсиз кетади. Намозни хаёлига ҳам келтирмайдиганлар, намозни вазифа деб билмайдиганларнинг ҳоли не кечади? Намозга аҳамият бермаган, уни вазифа деб билмаганларнинг муртад, яъни кофир бўлишларини тўрт мазҳабнинг барча олимлари бир овоздан билдирганлар. Намозни билиб туриб ўқимай, уни қазо қилишни ўйламаган ва бунинг учун азоб чекишидан қўрқмаган кишининг ҳам муртад, яъни кофир бўлиши Абдулғаний Наблусий ҳазратларининг «Ҳадиқатун-надийя» китобининг «Тил офатлари» бобида ёзилган.
Намоз кимларга фарз
Намоз ўқиш ақлли бўлган ва балоғат ёшига кирган ҳар бир эркак ва аёл мусулмонга фарздир. Намоз фарз бўлиши учун уч шарт бор:
1. Мусулмон бўлиш. 2. Ақлли бўлиш. 3. Балоғат ёшига кириш.
Динимизда ақлли бўлмаган ва балоғат ёшига кирмаган кичик болалар намоз ўқишдан масъул эмаслар. Лекин ота-оналар болаларига дин илмларини ўргатишлари ва уларни ибодат қилишга одатлантиришлари лозим. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Ҳаммангиз бир сурувнинг чўпони кабисиз! Чўпон сурувини қўриқлагани каби, сизлар ҳам уйларингиздаги ва қўл остингиздаги кишиларни жаҳаннамдан қўриқлашингиз керак! Уларга мусулмонликни ўргатишингиз керак. Ўргатмасангиз, масъул бўласиз». Бошқа бир ҳадиси шарифда эса шундай дедилар: «Барча болалар мусулмонликка мувофиқ ва яроқли ҳолда дунёга келади. Кейин уларни оналари-оталари насроний, яҳудий ва динсиз қилади». Ундай бўлса, ҳар бир мусулмоннинг биринчи вазифаси – болаларига Исломни, Қуръони карим ўқишни, намоз ўқишни, иймоннинг ва Исломнинг шартларини ўргатишдир. Боласининг мусулмон бўлишини, дунёда ва охиратда роҳатга, осойишталикка эришишини истаган ота-оналар аввал шу вазифаларини бажаришлари лозим. Ислом илмлари ва гўзал ахлоқ берилмаган бола ёмон йўлдаги кишиларга тез алданади. У ота-онасига, давлатига ва миллатига зарарли бўлади.
Биз бу ерда намозга оид масалаларни ҳанафий мазҳабига кўра, шу мазҳабнинг буюк олимларининг китобларидан олиб, соддалаштириб билдирдик.
Мусулмонларга ўқиш буюрилган намозлар фарз, вожиб ва нафл бўлиб, уч турга бўлинади. 1. Фарз намозлар: беш вақт намознинг фарзлари, жума намозининг икки ракат фарзи ва жаноза намози фарз намозлардир. (Жаноза намози фарзи кифоядир.) 2. Вожиб намозлар: витр намози, ҳайит намозлари, назр қилинган намоз ва бошланиб, ярмида қолган нафл намозлардир. Қазога қолган витр намозини қазо қилиш ҳам вожибдир.
3. Нафл намозлар: беш вақт намознинг суннатлари, таровиҳ намози ва савоб топиш нияти билан ўқиладиган таҳажжуд, таҳиййатул масжид, ишроқ, зуҳо, аввобин, истихора, тасбеҳ намозлари каби намозлар нафл намозлардир. Яъни уларни ўқиш амр қилинмаган. Фарз ва вожиб намозлардан қарзи бўлмаган кишига нафл ибодатлари учун ҳам савоб берилади.
Беш вақт намоз
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай дедилар: «Аллоҳу таоло бандаларига ҳар куни беш марта намоз ўқишни фарз қилди. Гўзал таҳорат олиб, бу беш намозни вақтларида ўқиган ва рукуъ ва саждаларини яхши адо этганларни Аллоҳу таоло авф этади ва мағфират қилади».
Беш вақт намоз қирқ ракат бўлади. Улардан ўн етти ракати фарз, уч ракати вожиб, йигирма ракати суннатдир. Яъни: 1. Бомдод намози – тўрт ракат. Аввал икки ракат суннати, сўнгра икки ракат фарзи ўқилади. Бу суннат жуда кучлидир. Уни вожиб деганлар ҳам бор. 2. Пешин намози – ўн ракат. Аввал тўрт ракат аввалги суннати, сўнгра тўрт ракат фарзи, фарздан кейин эса икки ракат охирги суннати ўқилади.
3. Аср намози – саккиз ракат. Аввал тўрт ракат суннати, сўнгра тўрт ракат фарзи ўқилади.
4. Шом намози – беш ракат. Аввал уч ракат фарзи, сўнгра икки ракат суннати ўқилади. 5. Хуфтон намози – ўн уч ракат. Аввал тўрт ракат суннати, сўнгра тўрт ракат фарзи, сўнгра икки ракат охирги суннати, ундан кейин эса уч ракат витр намози ўқилади.
Намознинг фарзлари
Фарз – Аллоҳу таолонинг бир нарсанинг қилинишини истаган қатъий амридир. Бир ибодатнинг фарзлари бажарилмагунча, у ибодат саҳиҳ, тўғри бўлмайди. Намоз ўқиётганда ўн икки шартни бажариш фарздир. Бу фарзларнинг еттитаси намознинг ташқарисида, бештаси ичидадир. Ташқарисидаги фарзларга шартлар, ичидагиларга эса рукнлар дейилади. [Баъзи олимлар таҳрима такбири намознинг ичида эканини айтганлар. Уларга кўра, намознинг шартлари ҳам, рукнлари ҳам олтитадир.] Намознинг катта бир иш ва ибодатларнинг энг муҳими экани шартларининг бу қадар кўплигидан ҳам англашилади. Бундан ташқари, унинг вожиблари, суннатлари, мустаҳаблари, макруҳлари, муфсидлари ҳам буларга қўшилса, банда Раббининг ҳузурида қандай ҳолда бўлиши, қандай бўлиши лозимлиги англашилади. Бандалар ожиз, кучсиз, бечора махлуқлардир. Улар ҳар нафасда ўзларини яратган Аллоҳу таолога муҳтождирлар. Намоз – бандага ожизлигини билдирадиган ибодатдир.
«Бир намозни вақтида ўқимай, қазога қолдириб, уни адо этишдан олдин вафот этган кишининг қабрига жаҳаннамдан етмишта дераза очилиб, у қиёматгача азоб чекади» Ҳадиси шариф
А) Намознинг шартлари
Намознинг ташқарисидаги фарзлари, яъни шартлари еттитадир. Улар қуйидагилар:
1. Ҳадасдан таҳорат
Яъни таҳоратсиз кишининг таҳорат олиши, жунуб кишининг эса ғусл қилишидир.
Ҳанафий мазҳабига кўра таҳорат қандай олинади
Суннатга мувофиқ таҳорат олиш учун: 1. Таҳоратни бошлаётганда қўллар билакларгача уч марта ювилади. 2. Ўнг қўл билан оғизга уч марта сув берилади. 3. Ўнг қўл билан бурунга уч марта сув бериб, чап қўл билан қоқилади. 4. Ҳовучларга сув олиб, пешонадан иякнинг остигача ва чаккаларгача юз (уч марта) ювилади. Юзни бир марта ювиш фарздир. Юзни ювмоқчи бўлганда қалб билан ният қилинади. 5. Чап қўл билан ўнг қўл (уч марта) тирсаккача ювилади. 6. Ўнг қўл билан чап қўл (уч марта) тирсак билан бирга ювилади. Икки қўлни тирсаклари билан бирга бир марта ювиш фарздир. 7. Икки қўлни ювгандан кейин қўлларни яна ҳўллаб, ўша намлик билан бошга масҳ тортилади, бу фарздир. Ундан кейин қулоқларга ва энсага масҳ тортилади. Охирги учтасини бирга бажариш учун икки қўл ҳўлланади, икки қўлда ҳам бир-бирига туташ учта ингичка бармоқ бир-бирига ёпиштирилиб, уларнинг ички томони бошнинг олдига, соч бошланадиган жойга қўйиладиган қилиб икки қўл бошга қўйилади. Икки қўлнинг бу уч бармоғининг учлари бир-бирига тегиб туриши керак. Бош бармоқлар, кўрсаткич бармоқлар ва кафтлар ҳавода бўлиб, бошга тегмайди. Икки қўл орқага тортилиб, учтадан бармоқ билан бошга масҳ тортилади. Қўллар орқадаги соч чеккасига етгач, учтадан бармоқ бошдан ажратилади, икки қўлнинг кафтлари бошнинг ён томонидаги сочлар устига ёпиштирилиб, орқадан олдинга тортилади ва бошнинг ён томонларига масҳ тортилади. Сўнгра кўрсаткич бармоқлар қулоқларнинг ичига, бош бармоқларнинг ички юзи эса қулоқ орқасига қўйилиб, қулоқларга юқоридан пастга масҳ тортилади. Сўнгра қолган уч бармоқнинг ташқи юзи энсага қўйилиб, энсанинг ўртасидан икки томонига қараб тортилиб, масҳ тортилади. [Бошга шу тарзда масҳ тортиш моликий мазҳабида фарздир.] 8. Бўйинга масҳ тортгандан кейин оёқлар ювилади: аввал ўнг оёқ чап қўлнинг жимжилоғи билан, оёқнинг кичик бармоғидан бошлаб бош бармоғигача оёқ бармоқларининг орасини ҳилоллаб, тўпиғи билан бирга (уч марта) ювилади. Сўнгра чап оёқ, оёқ бармоқларининг орасини бу сафар бош бармоқдан бошлаб кичик бармоққа қараб, яна чап қўлнинг жимжилоғи билан ҳилоллаб, тўпиғи билан бирга (уч марта) ювилади. Шу тарзда икки оёқни икки ёндаги тўпиқ суяклари билан бирга бир марта ювиш фарздир.
Бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ шундай дедилар: «Ким таҳорат олгандан кейин „Инна анзалнаҳу“, яъни Қадр сурасини бир марта ўқиса, Аллоҳу таоло ҳазратлари уни сиддиқлардан ёзади. Икки марта ўқиса, шаҳидлардан ёзади. Уч марта ўқиса, пайғамбарлар билан бирга ҳашр қилинади».
Яна бир ҳадиси шарифда шундай дедилар: «Ким таҳорат олгандан кейин менга ўн марта салоту салом айтса, Аллоҳу таоло ҳазратлари унинг ғамини кетказиб, уни шод қилади ва дуосини қабул қилади».
Таҳоратни бузадиган нарсалар
Етти нарса таҳоратни бузади, улар қуйидагилар:
1. Олддан ва орқадан чиқадиган нарсалар. 2. Оғиздан чиқадиган нажас нарсалар: а) қусиш, оғиз тўлиб чиқса; б) тупурганда қон тупукдан кўп бўлса. 3. Теридан чиқадиганлар: а) қон, йиринг ва сариқ сув ўзи оқиб чиқса; б) чипқон ва ярадаги қонни, сариқ сувни пахта шимиб олса. 4. Ухлаш: ёнбошлаб ётиб ёки тирсагига, ёхуд бирор нарсага суяниб ухласа, таҳорат бузилади. 5. Ҳушдан кетиш, жинни бўлиш, тутқаноқ тутиши ёки юрганда чайқаладиган даражада маст бўлиш таҳоратни бузади. 6. Рукуъ ва саждалари бўлган намозда қаҳқаҳа билан кулиш намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузади. Лекин боланинг таҳорати бузилмайди.
Намозда табассум намозни ҳам, таҳоратни ҳам бузмайди. Кулгини ёнидагилар эшитса, унга қаҳқаҳа дейилади. Ўзи ҳам эшитмаса, табассум дейилади. 7. Мубошарати фоҳиша, яъни эркак ва аёлнинг яланғоч ҳолда аврат жойларини бир-бирига ишқалашлари эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам таҳоратини бузади. Таҳорат олганини билиб, кейин унинг бузилганидан шубҳа қилса, таҳорати бор деб ҳисобланади. Таҳорати бузилганини билиб, кейин таҳорат олганидан шубҳа қилса, таҳорат олиши лозим бўлади.
Ғусл (бутун баданни ювиш)
Намоз саҳиҳ, яъни тўғри бўлиши учун таҳорат ва ғуслнинг тўғри бўлиши лозим. Жунуб бўлган ҳар бир аёл ва эркакка, шунингдек ҳайз ва нифосдан покланган аёлларга намоз вақтининг охирида ўша намозни ўқишга етадиган вақт қолганида ғусл қилиш фарздир. Жунуб бўлиш жимоъ ва эҳтилом билан бўлади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар: «Ғусл қилишга турган кишига баданидаги туклар сонича [яъни жуда кўп] савоб берилади, шунча гуноҳи кечирилади. Жаннатдаги даражаси кўтарилади. Ғусли учун унга бериладиган савоб дунёдаги ҳар бир нарсадан хайрлироқдир. Аллоҳу таоло фаришталарга: „Бу бандамга қаранглар! Кечаси эринмасдан туриб, Менинг амримни ўйлаб, жунубликдан ғусл қилмоқда. Гувоҳ бўлинглар, Мен бу бандамнинг гуноҳларини авф ва мағфират қилдим“, – дейди».
«Барча болалар мусулмонликка мувофиқ ва яроқли ҳолда дунёга келади. Кейин уларни оналари-оталари насроний, яҳудий ва динсиз қилади» Ҳадиси шариф
Ғуслнинг фарзлари
Ҳанафий мазҳабига кўра ғуслнинг фарзи учта: 1. Оғизнинг ичини ювиш. Оғизнинг ичида игна учичалик ҳўлланмаган жой қолса, тишларнинг усти ва тиш чуқурчалари ҳўлланмаса, ғусл бўлмайди.
2. Бурунни ювиш. Бурундаги қуриган кир остига ва оғиздаги чайналган нон остига сув ўтмаса, ғусл бўлмайди.
Ҳанбалий мазҳабида оғиз ва бурунни ювиш таҳорат олишда ҳам, ғуслда ҳам фарздир. Шофеъий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларида ғусл қилаётганда ният қилиш ҳам фарздир.
3. Баданнинг ҳамма жойини ювиш. Киндикнинг ичини, мўйлов, қош ва соқолни ва уларнинг остидаги терини ва бошдаги сочларни ювиш фарздир. Тирноқларда, лабда, кўз қовоғида ёки баданнинг бирор жойида сув ўтказмайдиган моддалар бўлса [тирноқда лак бўлса], ғусл қилинган бўлмайди.
Ғусл қандай қилинади
Ҳанафий мазҳабига кўра суннатга мувофиқ ғусл шундай қилинади:
1. Аввал, тоза бўлса ҳам, икки қўлни, аврат жойини ва баданида нажосат (кир) бўлган жойларни ювиш лозим.
2. Сўнгра тўлиқ намоз таҳоратини олиш, юзини ювишда ғуслга ният қилиш лозим. Оёқлари остида сув йиғилмаётган бўлса, оёқларини ҳам ювиш лозим.
3. Сўнгра бутун баданга уч марта сув қуйиш лозим: аввал уч марта бошга, сўнгра ўнг елкага, сўнгра чап елкага қуйилади. Ҳар қуйишда ўша томон тўлиқ ҳўлланиши керак. Биринчи қуйишда баданни ишқалаш лозим. Ғуслда бир аъзога қуйилган сув бошқа аъзоларга оқса, у ер ҳам покланади, чунки ғуслда бутун бадан бир аъзо ҳисобланади. Таҳорат олаётганда бир аъзога қуйилган сув билан бошқа аъзо ҳўлланса, ювилган ҳисобланмайди. Ғусл тугагач, яна таҳорат олиш макруҳдир. Лекин ғусл қилаётганда намоз таҳорати бузилса, уни яна олиш лозим бўлади.
Тишлари қопланган ва пломбали кишилар учун муҳим изоҳ
Ҳанафий мазҳабида тишларнинг ораси ва тиш чуқурчалари ҳўлланмаса, ғусл тугал бўлмайди. Шунинг учун тиш қоплатилганда ва пломбалатилганда, ғусл саҳиҳ бўлмайди. Инсон жанобатдан қутула олмайди. Олтин, кумуш ва нажас бўлмаган бошқа моддалардан қилинган қопламалар ва пломбалар остига сув кирмагани учун, ҳанафий мазҳаби олимларининг ҳаммасига кўра ғусл жоиз бўлмайди. Ўз мазҳабидаги бир фарзни бажара олмайдиган киши фақат шу фарзни бажариш учун бошқа мазҳабга тақлид қилиши лозим. Лекин бу ишни қилаётганда тақлид қилган мазҳабининг таҳоратга оид шартларини ҳам бажариши лозим. Моликий ёки шофеъий мазҳабларида ғуслда оғиз ичини ювиш фарз эмас.
Тиши қопланган ёки пломбали ҳанафий мазҳабидаги кишининг моликий мазҳабига [ёки шофеъий мазҳабига] тақлид қилиши учун ғуслда, таҳорат олишда ва намозга ният қилаётганда имом Моликка [ёки имом Шофеъийга] тобе бўлганини эслаши кифоя. Яъни ғусл қилишни бошлаётганда қалбидан: «Ғусл қилишга ва моликий мазҳабига [ёки шофеъий мазҳабига] эргашишга ният қилдим», – деб ўтказган кишининг ғусли саҳиҳ бўлади.
Оғзида қоплама ёки пломба бўлган ҳанафий мазҳабидаги киши шундай ният қилгач, унинг ғусли саҳиҳ бўлади. У жунубликдан қутулади, пок бўлади. Моликий [ёки шофеъий] мазҳабига тақлид қилгач, унинг таҳорати ва намозлари ҳам саҳиҳ бўлади. У қопламаси ва пломбаси бўлмаганларга ҳам имом бўла олади.
Қолган уч мазҳабда ғуслнинг фарзлари
Моликий мазҳабида:
1. Ният,
2. Далк,
3. Муволот,
4. Сочларни ва соқолни ҳилоллаш,
5. Баданнинг ҳамма жойини ювиш.
Шофеъий мазҳабида:
1. Ният,
2. Баданнинг ҳамма жойини ювиш. [Шофеъийда ғуслнинг фарзи учта дейилганда, баданидаги нажосатни тозалаш тушунилади. Бадан ювилгач, нажосат ҳам тозаланган бўлгани учун ғуслнинг фарзини иккита дейишнинг зарари йўқ.]
Ҳанбалий мазҳабида: ғуслнинг фарзи битта – бутун баданни ювишдир. Бу ғуслнинг рукни, яъни ғуслнинг ичидаги фарздир. Ғуслни бошлаётганда ният қилиш ва бисмиллаҳ айтиш ҳам фарздир. Оғиз ва бурун ичи баданнинг ташқариси ҳисоблангани учун уларни ювиш ҳам фарздир.
1. Ният қилиш,
2. Бисмиллаҳ айтиш,
3. Оғиз ичини ювиш,
4. Бурун ичини ювиш,
5. Баданнинг ҳамма жойини ювиш.
Қолган уч мазҳабда таҳоратнинг фарзлари
Моликий мазҳабида:
1. Ният,
2. Юзни ювиш,
3. Икки қўлни ювиш,
«Ғусл қилишга турган кишига баданидаги туклар сонича [яъни жуда кўп] савоб берилади, шунча гуноҳи кечирилади. Жаннатдаги даражаси кўтарилади» Ҳадиси шариф
4. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш [қулоқ юмшоғи баробаридаги тери ва сочлар бошга киради]. 5. Икки оёқни ювиш. 6. Муволот [аъзоларни танаффуссиз, кетма-кет ювиш],
7. Далк [ювилган жойни ишқалаш].
Шофеъий мазҳабида:
1. Ният,
2. Юзни ювиш,
3. Икки қўлни ювиш,
4. Бошнинг оз бир қисмига масҳ тортиш,
5. Икки оёқни ювиш,
6. Тартиб [тартиб билан ювиш].
Ҳанбалий мазҳабида:
1. Ният,
2. Бисмиллаҳ айтиш,
3. Юзни ювиш,
4. Оғизни ювиш,
5. Бурунни ювиш,
6. Икки қўлни ювиш,
7. Бошнинг ҳаммасига масҳ тортиш [қулоқлар бошга киради],
8. Икки оёқни ювиш,
9. Тартиб. 10. Муволот.
Таяммум
Таяммум – тупроқ билан покланиш демакдир. Таҳорат олиш ёки ғусл қилиш учун сув топилмаса ёки сув бўлса ҳам, уни ишлатиш мумкин бўлмаган ҳолларда тоза тупроқ, қум, оҳак ва тош каби тупроқ жинсидан бўлган тоза нарса билан таяммум қилинади. Ҳанафийда намоз вақти кирмасдан олдин ҳам таяммум қилиш мумкин. Қолган уч мазҳабда вақт кирмасдан олдин жоиз эмас.
Таяммумнинг фарзлари
Таяммумнинг фарзи учта: 1. Ният қилиш. 2. Икки қўлнинг ичини тоза тупроққа суриб, юзнинг ҳаммасига масҳ тортиш. 3. Қўлларни тоза тупроққа уриб, аввал ўнг, сўнгра чап қўлга масҳ тортиш. Таяммумнинг фарзи иккита, деганлар ҳам бор. Улар иккинчи ва учинчи фарзни бир фарз сифатида айтадилар. Иккала шакли ҳам тўғридир.
Таҳорат олиш учун ҳам, ғусл қилиш учун ҳам таяммум бир хилдир.
Таяммум қандай қилинади
1. Аввал жунубликдан ёки таҳоратсизликдан покланиш учун ният қилинади. Таяммум билан намоз ўқий олиш учун фақат таяммумга ният қилишнинг ўзи кифоя қилмайди. Ибодат бўлган бирор нарсани, масалан, жаноза намозини ўқиш, тиловат саждасини қилиш учун ёки таҳорат учун, ёки ғусл учун таяммум қилишга ният лозим. Таяммумга ният қилаётганда таҳорат билан ғуслни ажратишга ҳожат йўқ. Таҳорат учун ният қилиш билан киши жанобатдан ҳам покланади. Жанобатдан покланишга ният қилинган таяммум билан намоз ўқиш мумкин. Таҳорат учун иккинчи таяммумга ҳожат йўқ.
2. Икки қўлнинг енгларини тирсаклардан юқорига шимариб, икки қўлнинг ичини тоза тупроққа, тошга, тупроқ ёки оҳак билан сувалган деворга суриб, камида уч бармоқ тегадиган қилиб, икки кафт билан юзга бир марта масҳ тортиш, яъни сийпалаш. Қўл юзнинг игна учичалик жойига тегмаса, таяммум қилинган бўлмайди. Юзга тўлиқ масҳ тортиш учун кафтлар очиқ, тўрт бармоқ бир-бирига ёпишган ва икки қўлнинг иккитадан узун бармоқларининг учлари бир-бирига тегиб турган ҳолда кафтлар соч чегарасига қўйилиб, иякка қараб секин туширилади. Бармоқлар ётиқ ҳолда пешонани, кўз қовоқларини, бурнининг икки ёнини, лабларнинг устини ва иякнинг юз қисмини яхшилаб сийпалаши керак. Бу пайтда кафтлар ҳам ёноқларни сийпалайди.
3. Икки кафтни яна тупроққа суриб, бир-бирига уриб, чанг-тупроғини қоқиб туширгандан кейин, аввал чап қўлнинг тўрт бармоғи ичи билан ўнг қўлнинг пастки юзини бармоқ учидан тирсакка қараб сийпалаб, сўнгра қўлнинг ички юзини чап кафт билан тирсакдан кафтгача сийпалаш ва сўнгра чап бош бармоқнинг ичи билан ўнг бош бармоқнинг ташқарисини сийпалашдир. Узукни чиқариш лозим. Сўнгра яна шундай ўнг қўл билан чап қўл сийпаланади. Кафтни тупроққа суриш лозим. Тупроқнинг, чангнинг қўлда қолиши шарт эмас.
Таяммумни бузадиган нарсалар
Таяммумни тақозо қилган узр ҳолати йўқолганда, сув топилганда, шунингдек таҳоратни ва ғуслни бузадиган ҳолларда таяммум ҳам бузилади.
Аёлларнинг ҳайз (ой кўриш) ва нифос (туғруқдан кейинги қон) ҳолатлари1
Ҳайз – саккиз ёшни тугатиб, тўққиз ёшга қадам қўйган ва соғлиғи жойида бўлган қиздан ёки одат вақтининг охирги дақиқасидан ўн беш кун ўтган аёлдан келадиган ва камида уч кун давом этадиган қондир. Оқдан бошқа ҳар бир рангдаги ва лойқа қонга ҳайз қони дейилади. Қиз ҳайз кўра бошлагач, балоғат ёшига киради, аёл ҳукмида бўлади ва диннинг амр ва тақиқларидан масъул бўлади. Қон кўринган пайтдан тўхтаган кунгача бўлган кунлар сонига одат вақти дейилади. Бу вақтнинг энг ози 3, энг кўпи 10 кундир. Ҳар бир аёл ўз одатининг кунлар сонини ва соатини билиши лозим. Саккиз ёшни тўлдирган қизга онасининг, онаси бўлмаса, бувиларининг, опаларининг, аммалари ва холаларининг ҳайз ва нифос илмини билдиришлари фарздир.
«Дуоларнинг ва истиғфорнинг қабул бўлиши учун намозларни ўқиш, ҳаромлардан сақланиш ва уларни таҳоратли ҳолда ўқиш лозим. Истиғфорни ва дуоларни таҳоратли ўқиш мустаҳабдир» Se’âdet-i Ebediyye
Нифос – туғруқдан кейинги ҳолат демакдир: аёлдан туғруқдан кейин келадиган қонга шундай дейилади. Бу қоннинг энг оз муддати йўқ. Қон тўхтаганда аёл дарҳол ғусл қилиши лозим. Унинг энг кўп муддати – 40 кун. 40 кун тўлгач, қон тўхтамаса ҳам, ғусл қилиб, намоз ўқий бошлайди. 40 кундан кейин келадиган қон истиҳоза (яъни узр) бўлади.
Аёллар нифос кунларини ҳам ёдлаб олишлари лозим. Қуйидаги қонлар истиҳоза [узр қони] ҳисобланади: 3 кундан, яъни етмиш икки соатдан беш дақиқа бўлса ҳам кам бўлган қон; янги бошланган қизда 10 кундан ортиқ давом этган қон; янги бўлмаганларда одатидан кўп бўлиб, 10 кундан ҳам ошган қон; шунингдек ҳомиладор аёлдан, 55 ёшдан ошган аёлдан (ойисадан) ва тўққиз ёшдан кичик қизлардан келадиган қонлар.
Буларга истиҳоза [узр қони] дейилади. Бу қон касаллик белгисидир. Унинг узоқ вақт оқиши хавфли бўлиб, шифокорга мурожаат қилиш лозим. Истиҳоза кунларида бўлган аёл бурни тез-тез қонайдиган киши кабидир: у бу ҳолда намоз ўқий олади ва рўза тута олади. Ҳайз ва нифос ҳолатида аёл намоз ўқий олмайди ва рўза тута олмайди. Тиловат ва шукр саждасини қила олмайди. Қуръони каримга [мусҳафи шарифга] тега олмайди. Жоме масжидига ҳам, оддий масжидга ҳам кира олмайди, Каъбани тавоф қила олмайди. Эри билан яқинлик қила олмайди. Покланганда рўзаларини қазо қилади, намозларини қазо қилмайди. Сажда оятини эшитган жунуб ёки таҳоратсиз киши покланганидан кейин тиловат саждасини қилади. Лекин ҳайзли ва нифосли аёлга покланганидан кейин ҳам тиловат саждаси лозим бўлмайди.
Аёл ҳайз бошланганини эрига билдириши лозим. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Ҳайзнинг бошланганини ва тугаганини эридан яширган аёл малъундир». Ҳайз ва нифос тўхтагач, дарҳол ғусл қилиб ювиниш Аллоҳу таолонинг амри, яъни фарздир.
Моликий мазҳабида ҳайз ва нифос
Моликий мазҳабида тўққиз ёшга етган қизнинг олдидан ҳеч бир сабабсиз оқиб чиқадиган қизил, сариқ ёки лойқа қонга ҳайз қони дейилади. У оқа бошлагач, ҳайз бўлади. Давом этса, 15 кундан ками одат бўлади, ортиғи истиҳоза бўлади. Кейинги ойда одати ўзгарса, одатларининг энг кўпидан 3 кун ортиғи ҳайз бўлади. Ундан ортиғи ва 15 кундан ортиғи истиҳоза бўлади. Курсуф қуруқ ёки оқ ҳўл бўлса, ҳайзнинг тўхтагани англашилади. 70 ёшдан кейин келадиган қон ҳайз бўлмайди, истиҳоза бўлади. Қон узилишлар билан давом этса, тўхтаган кунлар пок деб ҳисобланади. Покликнинг энг оз муддати – 15 кун. 15 кундан олдин келадиган қон истиҳоза бўлади. Бундай поклик муддатининг чеки йўқ. Қон тўхтаб, 15 кундан кейин бошланса, ҳайз бўлади. Туғруқдан олдин келадиган қон ҳайздир. Қорин ёрилиб бола олинганда келадиган қон нифос бўлмайди. Нифоснинг энг кўп муддати – 60 кун. Қон 15 кун тўхтаса, аёл тоҳир (пок) бўлади. Ундан кейин келадиган қон ҳайз бўлади.
Шофеъий мазҳабида ҳайз ва нифос
Ҳайзнинг энг ози – 1 кун, энг кўпи эса 15 кун. 15 кундан ортиқ келса, истиҳоза [узр] бўлади. Поклик муддати – 15 кун.
15 кун бўлмасдан қон келса, бу ҳайз эмас, истиҳозадир. 9 ёшдан кичик қиздан ва ойисадан [60 ёшдан кейин] келадиган қон ҳайз бўлмайди, узр бўлади.
Нифоснинг энг кўп муддати – 60 кун. Унинг ози учун чегара йўқ. Ҳомиладордан келадиган қон ҳайздир. Нифос қонлари орасидаги поклик кунлари 15 кундан кам бўлса, нифос ҳисобланади. Нифос қонлари орасида 15 ёки ундан кўп кун поклик бўлса, нифос энди тугаган демакдир. 60 кунни кутиш шарт эмас. Покликдан 15 ёки ундан кўп кун кейин қон келса, бу нифос қони эмас, ҳайз қони бўлади.
Ҳанбалий мазҳабида ҳайз ва нифос
Ҳайзнинг энг ози – 1 кун, энг кўпи эса 15 кун. 15 кундан ортиқ келса, истиҳоза [узр] бўлади. Иккинчи ҳайз бўлиши учун орадан камида 13 кун ўтиши лозим. 13 кун ўтмасдан қон келса, бу ҳайз эмас, истиҳозадир. 9 ёшдан кичик қиздан ва ойисадан [50 ёшдан кейин] келадиган қон ҳайз бўлмайди, узр бўлади.
Ҳомиладордан келадиган қон ҳайз эмас, истиҳозадир. Нифоснинг энг кўп муддати, ҳанафийдаги каби, 40 кун. Унинг ози учун чегара йўқ. Нифос кўраётганда қон келмаган кунлар покдир: аёл ғусл қилиб, барча ибодатларини адо этади. Қон келган кунлари намозини, рўзасини тарк этади. 40 кунгача шундай давом этади.
2. Нажосатдан таҳорат
Баданда, кийимда ва намоз ўқиладиган жойда нажосат, кир бўлмаслигидир. Рўмол, бош кийим, салла, махси ва кавуш ҳам кийимдан ҳисобланади. Бўйинга ўралган шарфнинг осилиб турган қисми намоз ўқувчи билан бирга ҳаракат қилгани учун кийим ҳисобланади ва бу жой тоза бўлмаса, намоз қабул бўлмайди. Жойнамознинг оёқ босган ва бош қўйилган жойи тоза бўлса, бошқа жойида нажосат бўлса ҳам, намоз қабул бўлади, чунки жойнамоз шарф каби баданга туташ эмас. Лекин ёпиқ шиша ичида сийдик олиб юрган кишининг намози жоиз бўлмайди, чунки шиша сийдик ҳосил бўладиган жой эмас. [Бундан англашиладики, чўнтагида ёпиқ одеколон, спирт, йод шишаси ёки ёпиқ қутида қонли рўмолча, нажас латта бўлган ҳолда намоз ўқиш жоиз эмас.] Икки оёқ босадиган ва сажда қилинадиган жой тоза бўлиши лозим. Нажосат устига ёпилган мато, шиша, нейлон устида ўқилган намоз қабул бўлади. Саждада кийимнинг этаклари қуруқ нажосатга тегса, зарари йўқ.
«Ҳайзнинг бошланганини ва тугаганини эридан яширган аёл малъундир» Ҳадиси шариф
Истинжо, истибро ва истинқо
Маълум жойлардан (олддан ва орқадан) нажосат чиққач, бу жойларни тозалашга истинжо дейилади.
Истибро – кичик ҳожатдан кейин қовуқнинг намлиги кетгунча юриб ёки бошқа йўл билан вақт ўтказишдир. Истинқо – сийдик йўлида сийдик қолмаганига ёки баданда нажосат қолмаганига қалбнинг хотиржам бўлишидир.
Аёллар истибро қилмайдилар. Эркакларнинг юриб, йўталиб ёки чап томонга ётиб истибро қилишлари, яъни сийдик йўлида томчи қолдирмасликлари вожибдир. Сийдик томчиси қолмаганига қаноат ҳосил бўлмасдан таҳорат олмаслик керак. Бир томчи сизиб чиқса, ҳам таҳорат бузилади, ҳам кийим ифлосланади. Ички кийимга кафт кенглигидан оз сизса, қайтадан таҳорат олиб ўқилган намоз макруҳ бўлади. Кўп сизса, намоз қабул бўлмайди. Истиброда қийналадиганлар сийдик тешигига арпа донидек ўсимлик пахтасидан қилинган пилик қўйишлари лозим. Сизиб чиққан сийдикни пахта шимиб олади. Фақат пахтанинг учи ташқарида қолмаслиги лозим.
3. Сатри аврат (аврат жойини ёпиш)
Бир кишининг очиши, бошқага кўрсатиши ва бошқанинг қараши ҳаром бўлган жойларига аврат жойи дейилади. Эркакларнинг аврат жойи киндикдан тиззанинг остигачадир. Тизза авратдир. Бу жойлар очиқ ҳолда ўқилган намоз қабул бўлмайди. Намоз ўқиётганда баданнинг бошқа қисмларини (қўлларни, бошни) ёпиш, (пайпоқ кийиш) эркакларга суннатдир. Бу жойлар очиқ ҳолда намоз ўқишлари уларга макруҳдир. Аёлларнинг кафтлари ва юзларидан бошқа ҳамма жойлари, қўлларининг усти, сочлари ва оёқлари тўрт мазҳабда ҳам авратдир. Шунинг учун аёлларга «аврат» дейилган. Бу жойларини ёпиш уларга фарздир. Аврат аъзоларидан бирортасининг тўртдан бири бир рукн давомида очиқ қолса, намоз бузилади. Ози очилса, бузилмайди, лекин намоз макруҳ бўлади. Юпқа бўлиб, остидаги аъзонинг шакли ёки ранги кўриниб турадиган мато йўқ ҳисобланади.
Аёлларнинг намоздан ташқарида, ёлғиз бўлганда тизза билан киндик орасини ёпишлари фарз, белини ва қорнини ёпишлари вожиб, бошқа жойларини ёпишлари эса одобдир.
4. Истиқболи қибла (қиблага юзланиш)
Яъни намозни Каъбага қараб ўқишдир. Маккаи мукаррама шаҳридаги Каъба биносининг йўналишига қибла дейилади. Қибла аввал Қуддус эди. Ҳижратдан ўн етти ой кейин, Шаъбон ойининг ўртасида, сешанба куни Каъбага юзланиш амр қилинди.
Қибла – Каъбанинг биноси эмас, балки у турган ердир. Яъни ердан Аршгача бўлган ўша бўшлиқ қибладир. Шунинг учун денгиз ва қудуқ тубларида, баланд тоғларда ва самолётларда шу томонга қараб намоз ўқилади. Кўз асабларининг кесишган йўналишлари орасидаги тахминан 45 градуслик кенглик Каъбага тўғри келса, намоз саҳиҳ бўлади.
5. Вақт
Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифда шундай дедилар: «Жаброил алайҳиссалом Каъба эшиги ёнида икки кун менга имом бўлди. Иккимиз тонг отаётганда бомдод намозини, қуёш тиккадан оғганда пешинни, ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйича бўлганда асрни, қуёш ботаётганда [устки чеккаси ғойиб бўлганда] шомни ва шафақ қоронғилашганда хуфтонни ўқидик. Иккинчи куни эса бомдод намозини ҳаво ёришганда, пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйининг икки баробари бўлганда, асрни ундан дарҳол кейин, шомни рўза очиладиган пайтда, хуфтонни кечанинг учдан бири ўтганда ўқидик. Сўнгра у: „Ё Муҳаммад! Сизнинг ва ўтган пайғамбарларнинг намоз вақтлари шудир. Умматингиз беш вақт намознинг ҳар бирини биз ўқиган шу икки вақт орасида ўқисинлар“, – деди».
Ҳар куни ўқилиши амр қилинган намозлар сони беш экани бундан ҳам англашилади. Бомдод намози вақти: тонг отишидан, яъни шарқда оқлик бошланишидан бошлаб қуёш чиққунчадир.
Пешин намози вақти: жисмларнинг сояси қисқариб, узая бошлаган пайтдан бошланади ва соя бир баробар узайгунча давом этади.
Аср намози вақти: пешин вақти тугагач бошланади ва қуёш ғойиб бўлгунча давом этади.
Лекин қуёш сарғайгандан кейин, яъни уфқ чизиғига бир найза бўйи яқинлашгач, яъни шомга 40 дақиқа қолганидан бошлаб ҳар қандай намозни ўқиш ҳаромдир. Яъни аср намозини шу қадар кечиктириш ҳаромдир. Лекин аср намозини ўқимаган бўлса, қуёш ботгунча бўлса ҳам ўқиш лозим.
Шом намози вақти: қуёш ғойиб бўлгандан кейин бошланиб, шафақ қоронғилашгунча, яъни ғарбда қизиллик йўқолгунча давом этади. Хуфтон намози вақти: шом намози вақти чиққандан бошлаб тонг оқаргунча давом этади. Хуфтон намозини узрсиз шаръий ярим кечадан кейинга қолдириш макруҳдир.
Намозларни вақтларидан олдин ва кейин ўқиш ҳаромдир. Бу катта гуноҳдир. «Türkiye» газетаси тайёрлаган девор тақвимларида намоз ва имсок вақтлари тўғри билдирилган.
«Ибодатларнинг энг қимматлиси – аввал вақтида ўқилган намоздир» Ҳадиси шариф
Кароҳат вақтлари
Намоз ўқиш таҳриман макруҳ, яъни ҳаром бўлган вақтлар учта. Бу уч вақтда бошланган фарзлар саҳиҳ бўлмайди. Улар – қуёш чиқаётган, қуёш ботаётган ва куннинг айни ўртаси бўлган вақтлардир. Бу уч вақтда олдиндан тайёрланган жанозанинг намози, тиловат саждаси ва саҳв саждаси ҳам жоиз эмас. Қуёш ботаётганда фақат ўша куннинг аср намози ўқилади.
Азон ва иқомат
Азон – ҳаммага билдириш демакдир. Беш вақт намоз ва қазо намозлари учун ҳамда жума намозида хатиб қаршисида эркакларнинг азон айтиши суннати муаккададир. Аёлларнинг азон ва иқомат айтиши макруҳдир. Азон бошқаларга вақтни билдириш учун баланд жойда айтилади. Азон айтаётганда икки қўлни кўтариб, икки қулоқ тешигига биттадан бармоқ тиқиш мустаҳабдир. Иқомат айтиш азондан афзалроқдир. Азон ҳам, иқомат ҳам қиблага қараб айтилади. Улар айтилаётганда гапирилмайди, саломга алик олинмайди. Азоннинг айтилиши: Аллоҳу акбар (4 марта), Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ (2 марта),
Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ (2 марта),
Ҳайя алас-салоҳ (2 марта),
Ҳайя алал-фалоҳ (2 марта),
Аллоҳу акбар (2 марта),
Ла илаҳа иллаллоҳ (1 марта).
Фақат бомдод азонида «Ҳайя алал-фалоҳ»дан кейин икки марта (Ассалоту хайрум минан навм) айтилади. Иқоматда эса азондаги барча калималар билан бирга «Ҳайя алал-фалоҳ»дан кейин икки марта (Қад қоматис салоту) дейилади.
6. Ният
Ният ифтитоҳ такбири айтилаётганда қилинади. Намозга ният қилиш – унинг номини, вақтини, қиблани, имомга иқтидо қилишни қалбдан ўтказиш демакдир.
Ифтитоҳ такбиридан кейин қилинган ният саҳиҳ бўлмайди ва у намоз қабул бўлмайди. Фарзларда ва вожибларда ният қилаётганда қайси фарз ва қайси вожиб эканини билиш лозим. Ракатлар сонига ният қилиш лозим эмас. Суннатни ўқиётганда «Намозга» деб ният қилиш кифоя. Жаноза намозига: «Аллоҳ учун намозга, Пайғамбаримиз учун салавотга, маййит учун дуога, ҳозир бўлган имомга иқтидо қилдим», – деб ният қилинади.
«Ғафлат билан, аҳамият бермасдан намоз ўқийдиганлар ва намозларини одамлар олдида нифоқ ва риё билан ўқиб, ёлғиз қолганда тарк этадиганлар учун қаттиқ азоб бор» Моъун: 4–6
Имомнинг эркакларга имом бўлишга ният қилиши шарт эмас. Лекин имом ҳозир бўлган жамоатга имом бўлдим деб ният қилмаса, жамоат билан ўқиш савобига эриша олмайди. Имом бўлишга ният қилса, бу савобга ҳам эришади. Имомнинг «аёлларга имом бўлишга» ният қилиши лозим. Ибодатларни адо этаётганда фақат оғиз билан айтишга ният дейилмайди. Қалб билан ният қилинмаса, ибодатлар қабул бўлмайди.
7. Таҳрима такбири
Намозни «Аллоҳу акбар» деб бошлаш демакдир. Қўллар кафтлари қиблага қараган ҳолда қулоқларгача кўтарилади. Бош бармоқларнинг учлари қулоқ юмшоғига теккизилади. «Аллоҳу акбар» дейилаётганда қўллар туширилади ва айтиб бўлинганда қўллар киндик остида боғланган бўлади. Аёллар қўлларини елкаларигача кўтариб такбир айтадилар ва қўлларини кўкрак устида чап қўл остда, ўнг қўл устда бўладиган қилиб тутадилар, эркаклар каби билакни ушламайдилар.
Б) Намознинг рукнлари
Намознинг ичидаги фарзлари, яъни рукнлари бештадир. Улар қуйидагилар:
1. Қиём
Намознинг беш рукнидан биринчиси қиёмдир. Қиём – тик туриш демакдир. Тик тура олмайдиган бемор ўтириб ўқийди. Ўтира олмайдиган бемор чалқанча ётиб, боши билан ишора қилиб ўқийди. Юзи осмонга эмас, қиблага қараб туриши учун бошининг остига ёстиқ қўйилади. Оёқларини тиклаб қўяди, қибла томонга узатмайди. Тик турганда икки оёқ бир-биридан тўрт бармоқ кенглигича очиқ бўлиши лозим.
2. Қироат
Суннатларнинг ва витрнинг ҳар бир ракатида ва ёлғиз ўқиганда фарзларнинг икки ракатида тик туриб Қуръони каримдан бир оят ўқиш фарздир. Қисқа сура ўқиш савоблироқдир.
Қироат сифатида Фотиҳа ўқиш вожибдир. Тўрт ракатли фарзларнинг аввалги икки ракатида Фотиҳа ва бир замми сура ёки камида уч қисқа оят ўқиш вожиб, охирги икки ракатида Фотиҳа ўқиш суннатдир. Вожиб бўлган витр ва суннат намозларнинг ҳар бир ракатида Фотиҳа билан бир замми сура ўқиш вожибдир. Фотиҳани сурадан олдин ва бир марта ўқиш ҳам вожибдир. Фотиҳага оид бу беш вожибдан бири унутилса, саҳв саждаси қилиш лозим бўлади. Қироатда Қуръони каримнинг таржимасини ўқиш жоиз эмас. У аслидагидек, арабча ўқилади.
3. Рукуъ
Қиёмда қироатдан кейин такбир айтиб, рукуъга эгилинади. Рукуъда эркаклар бармоқларини очиб, тизза қопқоқларини яхшилаб ушлаб, белларини ва бошларини текис тутадилар. Рукуъда камида уч марта «Субҳона роббиял азийм» дейилади (3, 5, 7, 9 ёки 11 марта айтиш мустаҳабдир). Рукуъда қўллар ва оёқлар тик тутилади. Аёллар бармоқларини очмайдилар. Белларини, оёқларини ва қўлларини тик тутмайдилар.
Рукуъдан қавмага қад ростлаётганда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» дейиш имомга ва ёлғиз ўқувчига суннатдир. Жамоат буни айтмайди. Унинг ортидан дарҳол «Роббана лакал ҳамд» дейилади ва қавмада тик турилади, сўнгра «Аллоҳу акбар» деб саждага борилаётганда аввал ўнг, сўнгра чап тизза, сўнгра ўнг, сўнгра чап қўл, сўнгра бурун ва пешона ерга қўйилади.
4. Сажда
Саждада камида уч марта «Субҳона роббиял аъло» дейилади (3, 5, 7, 9 ёки 11 марта айтиш мустаҳабдир). Қўл бармоқлари бир-бирига туташган, қиблага қараган, қулоқлар баробарида, бош эса икки қўл орасида бўлиши лозим. Пешонани тоза жойга, яъни тош, тупроқ, тахта, жойнамоз устига қўйиш фарз бўлиб, бурунни ҳам бирга қўйиш вожиб дейилган. Узрсиз фақат бурунни қўйиш жоиз эмас. Фақат пешонани қўйиш макруҳдир.
Икки оёқни ёки ҳеч бўлмаса ҳар бирининг биттадан бармоғини ерга қўйиш фарз ёки вожибдир. Яъни икки оёқ ерга қўйилмаса, намоз қабул бўлмайди ёки макруҳ бўлади. Саждада оёқ бармоқларини букиб, учларини қиблага қаратиш суннатдир.
Эркаклар қўлларини ва сонларини қориндан ажратиб тутадилар. Қўлларни ва тиззаларни ерга қўйиш суннатдир. Товонларни қиёмда бир-биридан тўрт бармоқ кенглигича узоқ, рукуъда, қавмада ва саждада эса туташ тутиш суннатдир. Саждага бораётганда шим почаларини юқорига тортиш макруҳдир, уларни юқорига тортиб, қайириб намозга туриш ҳам макруҳдир. Енглари, почалари, этаклари шимарилган, қайрилган, калта ҳолда намоз ўқиш макруҳдир. Дангасалик билан ёки бошни ёпиб ўқишнинг аҳамиятини ўйламасдан, боши очиқ ҳолда намоз ўқиш макруҳдир. Намозга аҳамият бермаслик эса куфрдир. Кир кийим билан ва иш кийими билан намоз ўқиш ҳам макруҳдир.
5. Қаъдаи охира
Охирги ракатда «Аттаҳиёту»ни ўқийдиган миқдорда ўтириш фарздир. Ўтирганда қўл бармоқлари билан ишора қилинмайди. Эркаклар чап оёқларини бармоқ учлари ўнгга қараган ҳолда ерга тўшайдилар. Шу оёқ устига ўтирадилар. Ўнг оёқни тик тутадилар; унинг бармоқлари ерга тегиб, бармоқ учлари қиблага қараб бироз букилган бўлади. Шундай ўтириш суннатдир. Аёллар таваррук билан, яъни думбаларини ерга қўйиб ўтирадилар. Сонлари бир-бирига яқин бўлади. Ўнг оёқларини ўнг томондан ташқарига чиқарадилар. Чап оёқлари бармоқ учлари ўнгга бурилган ҳолда остида қолади.
Салам дарахтлари ўсган ердаги
Пайғамбар дўстлари ёдими сени йиғлатган?
Айт, Мадина шамолими сени йиғлатган,
Ё кечаси Изам тоғидан чақнаган яшинми?
Қасидаи Бурда
