Севимли Пайғамбарим

ИСЛОМНИНГ ШАРТЛАРИ

Ислом динига кирганларга, яъни мусулмонларга фарз бўлган, албатта бажарилиши лозим бўлган беш вазифа бор. Улар қуйидагилар:

1. Исломнинг шартларидан биринчиси – калимаи шаҳодат келтиришдир. Калимаи шаҳодат келтириш – «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ» деб айтиш демакдир. Яъни ақлли, балоғатга етган ва гапира оладиган кишининг: «Ерда ҳам, осмонда ҳам Аллоҳдан бошқа ибодат қилинишга ҳаққи бўлган ва сиғинишга лойиқ бўлган ҳеч бир нарса ва ҳеч бир киши йўқ. Ҳақиқий маъбуд фақат Аллоҳу таолодир». У Вожибул вужуддир. Ҳар бир улуғлик Ундадир. Унда ҳеч бир қусур йўқ. Унинг исми – «Аллоҳ»дир, – деб айтиши ва бунга қалби билан қатъий ишонишидир. Шунингдек, ўша гул рангли, оқ-қизил, нурли, ёқимли юзли, қора қошли ва қора кўзли, муборак пешоналари очиқ, гўзал хулқли, сояси ерга тушмайдиган, ширин сўзли, Арабистонда, Маккада туғилганлари учун араб деб аталган, Ҳошим авлодидан бўлган «Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг бандаси ва расули, яъни Пайғамбаридирлар». У зот Ваҳбнинг қизи ҳазрати Оминанинг ўғилларидирлар. Алҳамдулиллаҳ, у зот бизнинг ҳам севимли Пайғамбаримиздирлар (саллаллоҳу алайҳи васаллам).

2. Исломнинг беш шартидан иккинчиси – шартларига ва фарзларига мувофиқ равишда ҳар куни беш марта вақти киргач, намоз ўқишдир. Одам алайҳиссаломдан бери ҳар бир динда бир вақт намоз бор эди. Уларнинг ҳаммаси ўқиган намозлар бир жойга жамланиб, бизга фарз қилинди. Намоз ўқиш иймоннинг шарти бўлмаса ҳам, намознинг фарз эканига ишониш иймоннинг шартидир. Мукаллаф [яъни ақлли ва балоғатга етган] бўлган ҳар бир мусулмоннинг ҳар куни беш вақт намоз ўқиши – фарзи айндир. Беш вақт намоз Меърож кечасида амр қилинди. Меърождан олдин фақат бомдод ва аср намози бор эди.

3. Исломнинг беш шартидан учинчиси – молининг закотини беришдир. «Закот» сўзининг луғавий маъноси – поклик, мақташ ва яхши, гўзал ҳолга келиш демакдир. Исломда закот – эҳтиёжидан ортиқ ва нисоб деб аталадиган маълум бир чегара миқдорида закот моли бўлган кишининг молидан маълум бир миқдорини ажратиб, Қуръони каримда билдирилган мусулмонларга миннат қилмасдан бериши демакдир. Тўрт мазҳабда ҳам тўрт хил закот моли бор: олтин ва кумуш закоти, тижорат моли закоти, йилнинг ярмидан кўпида яйловда ўтлайдиган тўрт оёқли сўйиладиган ҳайвонлар закоти ва ер маҳсулотлари закоти. Бу тўртинчи закотга ушр дейилади. Ердан ҳосил олиниши биланоқ ушр берилади. Қолган уч закот мол нисоб миқдорига етганидан бир йил кейин берилади.

4. Исломнинг беш шартидан тўртинчиси – муборак Рамазон ойида ҳар куни рўза тутишдир. Рўза тутишга савм дейилади. Савм луғатда бир нарсани бир нарсадан сақлаш демакдир. Исломда эса шартларига риоя қилиб, Рамазон ойида Аллоҳу таоло амр қилгани учун ҳар куни ўзини уч нарсадан сақлаш демакдир. Бу уч нарса – ейиш, ичиш ва жимоъдир.

5. Исломнинг беш шартидан бешинчиси – кучи етган кишининг умрида бир марта ҳаж қилишидир. Бунинг учун йўл хавфсиз ва бадан соғлом бўлиши, киши эса Маккаи мукаррама шаҳрига бориб келгунча орқада қолдирган оила аъзоларининг тирикчилигига етадиган молдан ортиб қолган пул билан у ерга бориб кела олиши керак. Шундай кишининг умрида бир марта эҳромли ҳолда Каъбаи муаззамани тавоф қилиши ва Арафот майдонида вақфада туриши фарздир.

«Қуръони каримда бандаларга лозим бўлган ҳар бир нарса билдирилган, ишонмаганлар азоб билан қўрқитилган, Исломнинг шартларини бажарган мўминларга жаннат хушхабари берилган» Имоми Раббоний (раҳматуллоҳи алайҳ)

Келинг, намоз ўқийлик, қалбдан зангни артайлик,
Аллоҳга яқин бўлмас, намоз ўқилмагунча!
Қаерда намоз ўқилса, гуноҳлар ҳам тўкилур,
Инсон комил бўлолмас, намоз ўқимагунча!
Қуръони каримда Ҳақ намозни кўп мадҳ этди,
Деди: «Севмам кишини, намоз ўқимагунча!»
Бир ҳадиси шарифда: иймоннинг аломати
Инсонда маълум бўлмас, намоз ўқимагунча!
Бир намозни ўқимаслик – кабоирнинг каттаси,
Тавба билан авф бўлмас, қазоси ўқилмагунча!
Намозни енгил билган иймондан чиқар шу он,
Мусулмон бўлолмас у, намоз ўқимагунча!
Намоз қалбни поклайди, ёмонликдан ман этар,
Мунаввар бўлолмайсан, намоз ўқимагунча!