Севимли Пайғамбарим

ИЙМОННИНГ ШАРТЛАРИ

Иймоннинг олти шарти «Аманту»да баён қилинган. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) иймон маълум олти нарсага ишониш эканини билдирганлар. Шунинг учун ҳар бир мусулмон фарзандига аввал «Аманту»ни ёдлатиши ва маъносини ҳам яхшилаб ўргатиши лозим. АМАНТУ: Аманту биллаҳи ва малоикатиҳи ва кутубиҳи ва русулиҳи вал явмил охири ва бил қадари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло, вал баъсу баъдал мавти ҳаққун. Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ.

1. Аллоҳу таолонинг борлигига ва бирлигига ишониш

(Аманту биллаҳи) – «Аллоҳу таолонинг борлигига ва бирлигига ишондим, иймон келтирдим, қалбим билан тасдиқ этдим, тилим билан иқрор қилдим» демакдир. Аллоҳу таоло бор ва бирдир. Унинг Зотида ҳам, сифатларида ҳам ҳеч бир жиҳатдан шериги йўқ. Бутун махлуқотнинг зоти ва сифатлари уларни Яратганнинг Зоти ва сифатларига ўхшамагани каби, Яратганнинг Зоти ва сифатлари ҳам Ўзи яратганларнинг бирортасининг зоти ва сифатларига ўхшамайди. Бутун махлуқотнинг ҳар бир аъзосини, ҳар бир ҳужайрасини яратувчи, йўқдан бор қилувчи ёлғиз Аллоҳу таолодир. Аллоҳу таоло Зотининг ҳақиқатини ҳеч ким била олмайди. У ақлга ва хаёлга келган барча нарсалардан муназзаҳдир, покдир. Унинг Зотини ақлга, хаёлга келтириш жоиз эмас. Фақат Қуръони каримда баён қилинган сифатларини, исмларини ёдлаб, Унинг улуҳиятини улар билан тасдиқ ва иқрор этиш лозим. Унинг барча сифатлари ва исмлари азалий ва абадийдир. Аллоҳу таоло модда, жисм ва ҳол эмас. Унинг ўхшаши, шериги, зидди йўқ. У биз биладиган, ўйлай оладиган нарсалар каби эмас. Унинг қандайлигини англаб ҳам, ўйлаб ҳам бўлмайди. Хаёлга келган ҳар бир нарса нотўғридир. Аллоҳу таоло бор, бирдир. Ундан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқ. Аллоҳу таоло замонли, маконли, жиҳатли эмас. У бирор жойда, бирор тарафда эмас. Замонларни, жойларни, жиҳатларни У яратган. Жоҳиллар Уни Арш устида ёки юқорида, осмонда деб ўйлайдилар. Аршни ҳам, юқорини ҳам, пастни ҳам У яратган. Кейин яратилган бирор нарса қадим [азалий] бўлган Зотга макон бўла олмайди. Унинг Зоти ҳеч бир жойда турмагани каби, маълум олти жиҳатдан ҳам муназзаҳдир. Яъни У олдинда, орқада, ўнгда, чапда, юқорида, пастда эмас. У коинотнинг на ичида, на ташқарисидадир. Ичида ёки ташқарисида бўлиш фақат мавжуд икки нарса орасида ўйланади.

Аллоҳу таоло ҳақида «ҳар жойда» дейилмайди. Аллоҳу таоло макондан муназзаҳ бўлгани учун «У ҳар жойдадир» дейиш Унга макон белгилаш бўлади. Барча маконларни, яъни ҳар бир жойни яратган – Аллоҳу таолодир. Яратилган нарса Яратганга макон бўла олмайди. Шунинг учун «ҳар жойда» эмас, балки «Аллоҳу таоло макондан муназзаҳдир» дейиш лозим. Шу сабабли «Аллоҳ ҳар жойда» дейилмайди. «Аллоҳу таоло ҳар замонда ва ҳар жойда ҳозир ва нозирдир» дейилади.

«Ҳар бир мусулмон фарзандига аввал „Аманту“ни ёдлатиши ва маъносини ҳам яхшилаб ўргатиши лозим» Hüseyin bin Sa’îd (раҳматуллоҳи алайҳ)

Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари ҳам шундай дейдилар:

«Аллоҳу таоло замонли ва маконли бўлмагани учун „ҳозир ва нозирдир“ деган сўз мажоздир. Яъни замонсиз ва маконсиз [ҳеч бир жойда бўлмасдан] ҳозирдир [мавжуддир] ва нозирдир [кўради] демакдир. Аллоҳу таолонинг барча сифатлари замонсиз ва маконсиз бўлгани каби, Унинг ҳозир ва нозир бўлиши ҳам замон билан ва макон билан эмас». Коинот хаёл мартабасида яратилган. Хаёл мартабасидаги оламнинг доим бор бўлиб кўриниши Аллоҳнинг қудрати билан бўлмоқда. Ҳар бир мавжудотнинг яратувчиси, эгаси, ҳокими – Удир. «Унинг ҳокими, амр берувчиси, Ундан улуғи йўқ», – деб ишониш лозим. Ҳар бир улуғлик, ҳар бир камол сифат Уникидир. Унда ҳеч бир қусур, ҳеч бир нуқсон сифат йўқ. Хоҳлаганини қила олади. Қилганлари Ўзига ёки бошқаларга фойдали бўлиш учун эмас. Бирор эваз учун қилмайди. Шу билан бирга, Унинг ҳар бир ишида ҳикматлар, фойдалар, лутфлар, эҳсонлар бор. У бандаларига яхши бўлганини, фойдали бўлганини беришга, баъзиларига савоб, баъзиларига азоб беришга мажбур эмас. Осийларни, гуноҳ қилганларнинг ҳаммасини жаннатга киритса, бу Унинг фазлига, эҳсонига ярашади. Итоат, ибодат қилганларнинг ҳаммасини жаҳаннамга ташласа, адолатга хилоф бўлмайди. Лекин У мусулмонларни, ибодат қилганларни жаннатга киритишни, уларга чексиз неъматлар, яхшиликлар беришни, кофирларни эса жаҳаннамда чексиз азоблашни хоҳлаган ва буни билдирган. У сўзидан қайтмайди. Барча жонзотлар иймон келтирса, итоат этса, Унга ҳеч бир фойдаси бўлмайди. Бутун олам кофир бўлса, ҳаддидан ошиб, туғёнга кетса, Унга қарши чиқса, Унга ҳеч бир зарар бермайди. Ширкдан, куфрдан бошқа ҳар қандай катта гуноҳни қилиб, тавбасиз ўлган кишини хоҳласа, кечиради. Кичик гуноҳ учун ҳам хоҳласа, азоблайди. Кофир, муртад бўлиб ўлганларни ҳеч қачон кечирмаслигини, уларни чексиз азоблашини билдирган.

Мусулмон ва аҳли қибла бўлиб, ибодат қилган, лекин эътиқоди Аҳли суннат эътиқодига мувофиқ бўлмаган ва тавба қилмасдан ўлган кишини жаҳаннамда азобласа ҳам, бундай бидъат соҳиби мусулмонлар жаҳаннамда абадий қолмайдилар.

Аллоҳу таолони дунёда бош кўзи билан кўриш жоиздир. Лекин ҳеч ким кўрмаган. Қиёмат куни маҳшар майдонида У кофирларга ва гуноҳкор мўминларга қаҳр ва жалол билан, солиҳ мўминларга эса лутф ва жамол билан кўринади. Мўминлар жаннатда Уни жамол сифати билан кўрадилар. Фаришталар ва аёллар ҳам кўрадилар. Кофирлар бундан маҳрум қоладилар.

Аллоҳу таоло устидан кеча-кундуз ва замон ўтишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Аллоҳу таолода ҳеч бир жиҳатдан ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани учун «ўтмишда шундай эди, келажакда бундай бўлади», – деб бўлмайди. Аллоҳу таоло ҳеч бир нарсага ҳулул қилмайди. Яъни ҳеч бир нарса билан бирлашмайди. Аллоҳу таолонинг зидди, акси, ўхшаши, шериги, ёрдамчиси, ҳимоячиси йўқ.

Унинг онаси, отаси, ўғли, қизи, жуфти йўқ. У ҳамма вақт ҳозир, ҳамма нарсани иҳота қилувчи (муҳит) ва нозирдир. Ҳар кимга жон томиридан ҳам яқинроқдир. Лекин Унинг ҳозир бўлиши, иҳота қилиши, бирга ва яқин бўлиши биз тушунганимиз каби эмас. Унинг яқинлигини олимларнинг илми, фан аҳлининг заковати ва авлиёнинг кашфу шуҳуди билан англаб бўлмайди. Уларнинг ички моҳиятини инсон ақли идрок эта олмайди. Аллоҳу таоло Зотида ва сифатларида бирдир, уларнинг ҳеч бирида ўзгариш, бошқача бўлиб қолиш бўлмайди.

Аллоҳу таолонинг исмлари чексиздир. Унинг минг бир исми бор экани машҳур. Яъни У исмларидан минг бирини инсонларга билдирган. Муҳаммад алайҳиссалом келтирган динда улардан тўқсон тўққизтаси билдирилган. Уларга «Асмоул ҳусно» дейилади.

Аллоҳу таолонинг зотий ва субутий сифатлари

Аллоҳу таолонинг зотий сифатлари (сифоти зотия) олтитадир:

1. Вужуд: Аллоҳу таоло бордир. Унинг борлиги азалийдир. У Вожибул вужуддир, яъни Унинг борлиги лозимдир. 2. Қидам: Аллоҳу таоло борлигининг аввали, бошланиши йўқ.

3. Бақо: Аллоҳу таоло борлигининг охири, ниҳояси йўқ. У ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Унинг шериги бўлиши муҳол бўлгани каби, Зоти ва сифатлари учун ҳам йўқлик муҳолдир.

4. Ваҳдоният: Аллоҳу таолонинг Зотида, сифатларида ва ишларида шериги, ўхшаши йўқ.

5. Мухолафатун лил-ҳаводис: Аллоҳу таоло Зотида ва сифатларида ҳеч бир махлуқнинг зоти ва сифатларига ўхшамайди.

6. Қиём би нафсиҳи: Аллоҳу таоло Ўз Зоти билан қоимдир. У маконга муҳтож эмас. Модда ҳам, макон ҳам йўқ пайтда У бор эди. Чунки У ҳар бир эҳтиёждан муназзаҳдир. Бу коинотни йўқликдан борлиққа келтиришдан олдин Зоти қандай бўлса, чексиз равишда ҳамиша шундайдир.

Аллоҳу таолонинг субутий сифатлари (сифоти субутия) саккизтадир:

1. Ҳаёт: Аллоҳу таоло тирикдир. Унинг ҳаёти махлуқларнинг ҳаётига ўхшамайди: у Зотига лойиқ ва Ўзига хос бўлган, азалий ва абадий ҳаётдир. 2. Илм: Аллоҳу таоло ҳамма нарсани билади. Унинг билиши махлуқотнинг билиши каби эмас. У қоп-қоронғи кечада қора тош устида чумолининг юраётганини кўради ва билади. Инсонларнинг қалбидан ўтган фикрларини, ниятларини билади. Унинг билишида ўзгариш бўлмайди. Бу сифати азалий ва абадийдир.

3. Самъ: Аллоҳу таоло эшитади. Воситасиз, жиҳатсиз эшитади. Унинг эшитиши бандаларнинг эшитишига ўхшамайди. Бу сифати ҳам, Унинг ҳар бир сифати каби, азалий ва абадийдир. 4. Басар: Аллоҳу таоло кўради. Асбобсиз ва шартсиз кўради. Унинг кўриши кўз билан эмас. 5. Ирода: Аллоҳу таолонинг хоҳиши бор. У хоҳлаганини яратади. Ҳар бир нарса Унинг хоҳиши билан бор бўлади. Унинг иродасига монеъ бўла оладиган ҳеч бир куч йўқ.

6. Қудрат: Аллоҳу таоло ҳар нарсага қодирдир. Ҳеч бир нарса Унга оғирлик қилмайди.

7. Калом: Аллоҳу таоло сўзловчидир. Унинг сўзлаши асбоб, ҳарфлар, товушлар ва тил билан эмас.

8. Таквин: Аллоҳу таоло яратувчидир. Ундан бошқа яратувчи йўқ. Ҳамма нарсани У яратади. Аллоҳу таолодан бошқасига «яратувчи» демаслик керак. У барча мавжудотни йўқдан бор қилди. Инсонларнинг ва ҳайвонларнинг ҳаракатларини, сукунатларини [ҳаракатсизликларини], фикрларини, касалликларини, шифоларини, хайрларини, шаррларини, фойдаларини, зарарларини яратувчи ёлғиз Удир. Инсон ўз ҳаракатларини, фикрларини – ҳеч бир нарсани ярата олмайди. Инсоннинг фикрларини, ҳаракатларини, кашфларини, ихтироларини ҳамиша У ижод қилмоқда, яратмоқда. Ундан бошқасини «яратувчи» дейиш жоҳилона, ботил бир сўздир.

«Аллоҳу таоло замонли ва маконли бўлмагани учун „ҳозир ва нозирдир“ деган сўз мажоздир. Яъни замонсиз ва маконсиз [ҳеч бир жойда бўлмасдан] ҳозирдир [мавжуддир] ва нозирдир [кўради] демакдир» Саййид Абдулҳаким Арвосий (раҳматуллоҳи алайҳ)

Аллоҳу таолонинг субутий сифатлари ҳам, зотий сифатлари каби, қадимдир. Бу сифатлар ҳам Унинг Зотидан ажралмайди. Яъни Унинг сифатлари Зотининг, Ўзининг айни ҳам эмас, ғайри ҳам эмас. Ҳеч бир киши ва ҳеч бир нарса Аллоҳу таолонинг сифатларига шерик ҳам, ўхшаш ҳам бўла олмайди. Зотий сифатлар – Аллоҳу таолонинг Зотига хос бўлган сифатлардир. Бу сифатлар махлуқларнинг ҳеч бирида йўқ. Уларнинг махлуқлар билан ҳеч қандай боғлиқлиги ҳам йўқ. Субутий сифатлар эса махлуқлар билан боғлиқ бўлган сифатлардир. У яратиш сифатидан бошқаларини бандаларига ҳам, жузъий бўлса-да, чекланган ҳолда эҳсон қилган. Бу сифатларида ҳам ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Булар ҳам, зотий сифатлар каби, қадим, яъни азалийдир. Махлуқлар кейин яратилгани учун уларнинг махлуқларга бўлган боғлиқлиги эса ҳодисдир, яъни азалий эмас. Унинг бу сифатлари, яъни тирик бўлиши, билиши, эшитиши, кўриши, қудрати, хоҳлаши ва сўзлаши бандаларникига асло ўхшамайди, уларнинг фақат номлари ўхшайди. Унинг Зотини ва сифатларининг ҳақиқатини англаш мумкин эмас.

Ҳеч бир махлуқ ўз Яратувчисини асло англай олмайди, идрок эта олмайди. Пайғамбаримиз шундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳу таолонинг яратганлари ҳақида тафаккур қилинглар, Унинг Зоти ҳақида тафаккур қилманглар. Чунки сизлар Унинг қадрини ўлчай олмайсизлар, Уни англашга кучингиз етмайди». Бошқа бир ҳадиси шарифда эса шундай дейилди: «Аллоҳу таоло хаёлга келган ҳар бир нарсадан узоқдир».1

2. Фаришталарга ишониш

Ва малоикатиҳи: яъни фаришталарга ишонишдир. Фаришталар жисмдир. Улар латифдирлар, газ ҳолатидан ҳам латифроқдирлар. Нуронийдирлар. Тирикдирлар. Ақллидирлар. Инсонлардаги ёмонликлар фаришталарда йўқ. Улар ҳар қандай шаклга кира оладилар. Газлар суюқ ва қаттиқ ҳолга ўтгани ва қаттиқ бўлганда шакл олгани каби, фаришталар ҳам гўзал шаклларга кира оладилар. Фаришталар улуғ инсонларнинг баданидан ажралган руҳлар эмас. Насронийлар фаришталарни шундай руҳ деб ўйлайдилар. Улар энергия, қувват каби ҳам эмас. Қадимги файласуфларнинг бир қисми шундай гумон қилган.

Малак – элчи, хабар берувчи демакдир. Кўплиги – «малоика». Фаришталар ҳар бир жонзотдан олдин яратилган. Шунинг учун китобларга иймондан олдин фаришталарга иймон келтириш билдирилди. Китоблар ҳам пайғамбарлардан олдин туради. Қуръони каримда ҳам ишониладиган нарсаларнинг номлари шу тартибда билдирилмоқда. Фаришталарга иймон бундай бўлиши керак: фаришталар Аллоҳу таолонинг бандаларидир. Улар Унинг шериклари эмас. Унинг қизлари эмас. Кофирлар, мушриклар шундай гумон қилдилар. Аллоҳу таоло фаришталарнинг ҳаммасидан розидир. Улар Аллоҳу таолонинг амрларига итоат қиладилар. Гуноҳ қилмайдилар. Амрларга исён қилмайдилар. Улар эркак ҳам, аёл ҳам эмаслар. Уйланмайдилар. Уларнинг болалари бўлмайди. Улар ҳаёт соҳиби, яъни тирикдирлар.

«Аллоҳу таолонинг яратганлари ҳақида тафаккур қилинглар, Унинг Зоти ҳақида тафаккур қилманглар. Чунки сизлар Унинг қадрини ўлчай олмайсизлар, Уни англашга кучингиз етмайди» Ҳадиси шариф

Аллоҳу таоло инсонларни яратишини билдирганида фаришталар: «Ё Раббим! Ер юзида фасод қиладиган ва қон тўкадиган махлуқларни яратасанми?» – деб сўрадилар. Фаришталарнинг «залла» деб аталадиган бундай саволлари уларнинг маъсум, айбсиз эканликларига зарар бермайди. Махлуқлар орасида сони энг кўп бўлгани – фаришталардир. Уларнинг сонини Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Осмонларда фаришталар ибодат қилмайдиган бўш бир жой йўқ. Осмонларнинг ҳар бир жойи рукуъда ёки саждада турган фаришталар билан тўладир. Осмонларда, ерларда, ўт-ўланларда, юлдузларда, жонлиларда, жонсизларда, ёмғир томчиларида, дарахт баргларида, ҳар бир молекулада, ҳар бир атомда, ҳар бир реакцияда, ҳар бир ҳаракатда – ҳамма нарсада фаришталарнинг вазифалари бор. Улар ҳар жойда Аллоҳу таолонинг амрларини бажарадилар. Улар Аллоҳу таоло билан махлуқлари орасида воситадирлар. Баъзилари бошқа фаришталарнинг бошлиғидир. Баъзилари инсонларнинг пайғамбарларига хабар келтиради. Баъзилари инсонларнинг қалбига яхши фикр солади, бунга илҳом дейилади.

Баъзиларининг эса инсонлардан ҳам, бутун махлуқлардан ҳам хабари йўқ: улар Аллоҳу таолонинг жамоли қаршисида ўзларидан кетганлар. Уларнинг ҳар бирининг маълум жойи бор, у ердан ажрала олмайдилар. Жаннат фаришталари жаннатдадир. Уларнинг улуғининг исми – Ризвон. Жаҳаннам фаришталарига Забоний дейилади. Улар жаҳаннамда ўзларига буюрилган вазифаларни бажарадилар. Жаҳаннам ўти уларга зарар бермайди, худди денгиз балиққа зарарли бўлмагани каби. Жаҳаннам забонийларининг улуғлари ўн тўққизта. Энг улуғининг исми – Молик. Ҳар бир инсоннинг яхши ва ёмон барча ишларини ёзадиган, иккитаси кечаси, иккитаси кундузи келадиган тўрт фариштага Кироман котибин ёки Ҳафаза фаришталари дейилади.

Ҳафаза фаришталарининг булардан бошқа экани ҳам ривоят қилинган. Ўнг тарафдаги фаришта чапдагисининг бошлиғидир ва яхши ишларни ёзади. Чапдагиси ёмонликларни ёзади. Қабрларда кофирларга ва осий мусулмонларга азоб берадиган фаришталар ва қабрда савол сўрайдиган фаришталар бор. Савол фаришталарига «Мункар ва Накир» дейилади. Мўминлардан сўрайдиганларига «Мубашшир ва Башир» ҳам дейилади. Фаришталарнинг бир-бирларидан афзалликлари бор. Уларнинг энг афзаллари тўртта. 1. Жаброил алайҳиссалом. Унинг вазифаси – пайғамбарларга ваҳий келтириш, амр ва тақиқларни билдиришдир. 2. Исрофил алайҳиссалом. У Сур деб аталадиган карнайни чалади. Сурни икки марта чалади. Биринчисида Аллоҳу таолодан бошқа ҳар бир тирик жон ўлади. Иккинчисида ҳаммаси қайта тирилади. 3. Микоил алайҳиссалом. Арзончилик ва қимматчилик, қаҳатчилик ва тўкинчилик келтириш, ҳар бир моддани ҳаракатга келтириш – унинг вазифасидир. 4. Азроил алайҳиссалом. Инсонларнинг руҳини олувчи – удир.

Бу тўрттаси – барча фаришталарнинг пайғамбарларидир. Бу тўрт фариштадан кейин афзал бўлганлари тўрт тоифадир: Ҳамалаи Арш деб аталадиган фаришталар тўртта бўлиб, қиёматда саккизта бўладилар; илоҳий ҳузурда бўлган фаришталарга Муқаррабин дейилади; азоб фаришталарининг улуғларига Карубиён дейилади; раҳмат фаришталарига Руҳониён дейилади. Буларнинг ҳаммаси фаришталарнинг хавоси, яъни афзалларидир.

Улар пайғамбарлардан бошқа барча инсонлардан афзалдирлар. Мусулмонларнинг солиҳлари ва валийлари фаришталарнинг авомидан афзалроқ, улуғроқдир. Фаришталарнинг авоми эса мусулмонларнинг авомидан, яъни осий ва фосиқлардан афзалдир.

3. Китобларга ишониш

Ва кутубиҳи: яъни «Аллоҳу таоло нозил қилган китобларга ишондим» демакдир. Аллоҳу таоло бу китобларни баъзи пайғамбарларга Жаброил исмли фаришта орқали ваҳий қилиб, яъни ўқитиб, баъзиларига лавҳа устига ёзилган ҳолда, баъзиларига эса фариштасиз эшиттириб нозил қилди. Уларнинг ҳаммаси Аллоҳу таолонинг каломидир. Улар азалий ва абадийдир. Махлуқ эмас. Улар фаришталарнинг ёки пайғамбарларнинг ўз сўзлари эмас. Аллоҳу таоло нозил қилган китобларнинг ҳаммаси ҳақдир, тўғридир. Бизга билдирилган самовий китоблар юз тўрттадир. Улардан ўн саҳифа Одам алайҳиссаломга, эллик саҳифа Шис (Шит) алайҳиссаломга, ўттиз саҳифа Идрис алайҳиссаломга, ўн саҳифа Иброҳим алайҳиссаломга нозил қилингани машҳур. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга ва Қуръони карим Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга нозил бўлган, туширилган. Қуръони карим барча китобларни насх қилган, уларнинг ҳукмларини бекор қилган. Қуръони каримда қиёматгача ҳеч қачон хато, унутилиш, зиёда ва камлик бўлмайди. Ўтмишдаги ва келажакдаги барча илмлар Қуръони каримда бор. Шунинг учун у барча китоблардан афзал ва қимматлидир. Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) энг буюк мўъжизалари – Қуръони каримдир. Барча инсонлар ва жинлар бир жойга тўпланиб, Қуръони каримнинг энг қисқа сураси каби бир сўз айтиш учун ҳаммаси уринсалар ҳам, айта олмайдилар. Бугун барча инсонларнинг Қуръони каримга тобе бўлишлари лозим. Ҳозир ҳеч бир мамлакатда ҳақиқий Таврот ва Инжил йўқ. Бузилган Инжиллар бор. Бу китоблар кейинчалик таҳриф қилинган, яъни инсонлар томонидан ўзгартирилган. Бузилмаган бўлганида ҳам, уларнинг кучи бўлмас эди: уларнинг ҳаммаси Аллоҳу таоло томонидан насх қилинган.

Қуръони карим оят-оят нозил бўлган ва 23 йилда тугалланган. Қуръони карим қиёматгача амалдадир. У кучини йўқотишдан ва инсонларнинг ўзгартиришидан сақланган. Қуръони каримда камлик ёки ортиқчалик бор деб ишонган киши Аллоҳу таолога ишонмаган бўлади. Ояти карималарда шундай дейилади, маъноси:

«Қуръони каримни Биз нозил қилдик, албатта, уни яна Биз сақлаймиз» (Ҳижр сураси, 15:9).

«Қуръони карим – жуда қимматли, ниҳоятда қудратли (тенгсиз) китобдир. Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил кела олмайди (ҳеч бир томондан, ҳеч бир йўл билан асли-асоси бўлмаган ҳеч нарса кира олмайди. Чунки) у ҳаким (ҳар бир сўзида ва ишида ҳикмат бўлган) ва маҳмуд (ҳар қандай мақтовга лойиқ) бўлган Аллоҳу таоло томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат сураси, 41:41–42). Қуръони карим ўтмишда бўлган ва келажакда бўладиган кўп яширин нарсалардан хабар беради. Уни эшитганлар ва ўқиганлар унинг лаззатига тўймайдилар. Чарчасалар ҳам, зерикмайдилар. Уни ўқиш ёки тинглаш ғам-ташвишларни кетказиши сон-саноқсиз тажрибалар билан аён бўлган. Уни эшитганлардан қалбларига даҳшат ва қўрқув тушганлар, ҳатто шу сабабли ўлганлар ҳам кўрилган. Исломнинг кўплаб ашаддий душманлари Қуръони каримни тинглаб, қалблари юмшаган ва иймонга келганлар.

Қуръони карим нозил бўлганидан бери ҳеч қандай ўзгаришга учрамаган, бундан кейин ҳам учрамайди. Қуръони карим – Аллоҳнинг каломидир. Бундай китобни инсонлар тузишлари мумкин эмас. Унинг бир оятига ўхшаш сўз айтиш ҳам ҳеч кимга насиб этмаган. Бугунгача келган барча шоирлар, адиблар Қуръони каримнинг назми ва маъноси олдида ожиз ва ҳайрон қолганлар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) охиратга риҳлат қилганларидан кейин у зотнинг биринчи халифалари бўлган ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримнинг оятларини бир жойга тўплатди. Шундай қилиб, бир Мусҳаф вужудга келди. Саҳобаи киромнинг ҳаммаси бу мусҳафнинг Аллоҳ каломи эканини бир овоздан билдирдилар. Учинчи халифа Усмон (розияллоҳу анҳу) бу мусҳафдан яна олтита нусха ёздирди ва уларни баъзи вилоятларга юборди.

Қуръони каримни аслидагидек ўқиш лозим. Бошқа ҳарфлар билан ёзилганларига Қуръони карим дейилмайди. Мусҳафни қўлга олаётганда таҳоратли бўлиш, қиблага қараб ўтириб, диққат билан, шошилмасдан, хушуъ билан ва мусҳафга қараб, ҳар бир оятнинг ҳаққини бериб, тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш лозим. Ўқиётганининг Аллоҳ каломи эканини ўйлаш ва Қуръони каримнинг амрларига ва тақиқларига бўйсуниш керак.

4. Пайғамбарларга ишониш

Ва русулиҳи: яъни «Аллоҳу таолонинг пайғамбарларига ишондим» демакдир. Пайғамбарлар инсонларни Аллоҳу таоло рози бўлган йўлга етказиш, тўғри йўлни кўрсатиш учун юборилганлар. Улар яратилиш, хулқ, илм ва ақл жиҳатидан ўз замонларидаги барча инсонлардан афзал, қимматли, муҳтарам зотлардир. Уларда ҳеч қандай ёмон хулқ ва ёқимсиз ҳоллар йўқ.

Пайғамбарларда исмат сифати бор. Яъни улар пайғамбар эканлари билдирилишидан олдин ҳам, билдирилганидан кейин ҳам кичик ва катта ҳеч бир гуноҳ қилмайдилар. Пайғамбар эканлари билдирилганидан кейин, пайғамбарликлари ёйилгунча, англангунча уларда кўрлик, карлик ва шунга ўхшаш айб ва нуқсонлар ҳам бўлмайди. Янги дин келтирган пайғамбарларга расул дейилади. Янги дин келтирмасдан, инсонларни олдинги динга даъват қилган пайғамбарларга набий дейилади. Амрларни етказишда ва инсонларни Аллоҳнинг динига чақиришда расул билан набий ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Пайғамбарларга иймон келтириш – улар орасида ҳеч бир фарқ кўрмасдан, ҳаммасининг содиқ, ростгўй эканига ишониш демакдир. Улардан бирига ишонмаган киши ҳеч бирига ишонмаган бўлади.

Душманларнинг кўплигига, ишонмаганларнинг масхара қилишларига, озор беришларига қарамай, пайғамбарлар Аллоҳу таолонинг амрларини инсонларга етказдилар, билдирдилар, душманлардан қўрқмадилар. Аллоҳу таоло пайғамбарларнинг сидқ соҳиби эканликларини, рост сўзлаганликларини кўрсатиш учун уларни мўъжизалар билан қувватлади. Ҳеч ким бу мўъжизаларга қарши тура олмади. Пайғамбарни қабул қилиб, унга ишонган кишига ўша пайғамбарнинг уммати дейилади. Қиёмат куни пайғамбарларга умматларидан гуноҳи кўп бўлганларга шафоат қилишлари учун изн берилади ва шафоатлари қабул бўлади. Аллоҳу таоло уларнинг умматларидан олим, солиҳ, валий бўлганларига ҳам шафоат қилишлари учун изн беради ва шафоатларини қабул қилади.

«Қуръонни Биз нозил қилдик, албатта, уни яна Биз сақлаймиз» Ҳижр: 9

Пайғамбарлар (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) қабрларида биз билмайдиган бир ҳаёт билан тирикдирлар. Уларнинг муборак баданларини тупроқ чиритмайди. Шунинг учун ҳадиси шарифда: «Пайғамбарлар қабрларида намоз ўқийдилар», – дейилди. Пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) муборак кўзлари ухлаганда, қалб кўзлари ухламайди. Пайғамбарлик вазифаларини адо этишда, пайғамбарлик фазилатларини ўзларида жамлашда барча пайғамбарлар тенгдирлар. Пайғамбарлар (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) инсонлардан бўлади. Инсонларга жинлардан, фаришталардан ва аёллардан пайғамбар бўлмайди. Жин ҳам, фаришта ҳам пайғамбарлар даражасига кўтарила олмайди. Пайғамбарларнинг бир-бирлари орасида афзалликлари бор. Масалан, умматларининг кўп бўлиши, юборилган юртларининг катта бўлиши, илм ва маърифатларининг кўп жойларга ёйилиши, мўъжизаларининг кўпроқ ва доимий бўлиши ва ўзларига хос алоҳида қадр-қимматлар ва эҳсонлар берилгани каби афзалликлар жиҳатидан охир замон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом барча пайғамбарлардан афзалдирлар. Улул азм пайғамбарлар бундай бўлмаганлардан, расуллар эса расул бўлмаган набийлардан афзалдирлар. Одам алайҳиссалом Аллоҳу таолонинг эҳсони билан танланиб яратилган пок зот маъносида Сафийуллоҳдирлар. Нуҳ алайҳиссалом доимо Аллоҳу таоло билан машғул бўлган, илоҳий файзларга эришган зот маъносида Нажийуллоҳдирлар. Иброҳим алайҳиссалом Халилуллоҳдирлар, чунки у кишининг қалбида Аллоҳ муҳаббатидан бошқа ҳеч бир махлуқнинг муҳаббати йўқ эди. Мусо алайҳиссалом Калимуллоҳдирлар, чунки Аллоҳу таоло билан сўзлашганлар. Исо алайҳиссалом Руҳуллоҳ ва Калиматуллоҳдирлар, чунки у кишининг оталари йўқ: фақат «Бўл!» деган илоҳий калима билан оналаридан дунёга келганлар. Бундан ташқари, у киши Аллоҳу таолонинг ҳикматга тўла калималарини ваъз айтиб, инсонларнинг қулоқларига етказар эдилар.

Махлуқларнинг яратилишига сабаб бўлган ва Одам болаларининг энг афзали, энг шарафлиси, энг қимматлиси бўлган Муҳаммад алайҳиссалом Ҳабибуллоҳдирлар. У зотнинг Ҳабибуллоҳ эканликларини, буюкликлари ва афзалликларини кўрсатадиган нарсалар жуда кўп. Шунинг учун у зот ҳақида «мағлуб бўлди», «енгилди» каби сўзлар айтилмайди. Қиёматда у зот ҳаммадан олдин қабрдан турадилар.

У зот маҳшар майдонига биринчи бўлиб борадилар. Жаннатга ҳаммадан олдин кирадилар. У зотнинг гўзал ахлоқлари санаб адо қилинмайди, уларни баён этишга инсоннинг кучи етмайди.

Қиёмат куни барча пайғамбарлар у зотнинг байроқлари остида соя топадилар. Аллоҳу таоло ҳар бир пайғамбарга шундай амр қилди: «Махлуқларим ичидан Мен танлаб севган Ҳабибим Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўладиган замонига етсангизлар, унга иймон келтиринглар ва ёрдам беринглар!» Барча пайғамбарлар ҳам ўз умматларига шундай васият ва амр қилдилар. Муҳаммад алайҳиссалом «Хотамул анбиё»дирлар, яъни у зотдан кейин ҳеч бир пайғамбар келмайди.

Пайғамбарлардаги сифатлар

Пайғамбарларда (алайҳимуссалом) етти сифат борлигига ишониш лозим:

1. Исмат: гуноҳ қилмаслик. Пайғамбарлар бирор динда ҳаром бўлган ва ҳаром бўладиган кичик ва катта ҳеч бир гуноҳни қилмайдилар.

«Пайғамбарлар қабрларида намоз ўқийдилар» Ҳадиси шариф

2. Омонат: Пайғамбарлар ҳар жиҳатдан ишончли зотлардир. Улар асло омонатга хиёнат қилмайдилар.

3. Сидқ: Пайғамбарлар сўзларида, ишларида ва ҳар турли хатти-ҳаракатларида тўғри ва ростгўй инсонлардир. Улар асло ёлғон гапирмайдилар.

4. Фатонат: Пайғамбарлар ўта ақлли ва ўта зийрак зотлардир. Кўрлик, карлик каби нуқсонлари бўлган кишилардан ва аёллардан пайғамбар келмаган. 5. Таблиғ: Пайғамбарлар инсонларга билдириб, тушунтирган нарсаларининг ҳаммасини Аллоҳу таолодан келган ваҳий билан ўрганганлар. Улар билдирган амр ва тақиқларнинг ҳеч бири ўзларининг фикри эмас. Улар ўзларига буюрилган нарсаларнинг ҳаммасини билдирганлар. 6. Адолат: Пайғамбарлар асло зулм ва ноҳақлик қилмайдилар. Ҳеч кимнинг кўнгли учун адолатдан четга чиқмайдилар. 7. Амнул азл: Улар пайғамбарликдан четлатилмайдилар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳамиша пайғамбардирлар.

Пайғамбарларнинг сони маълум эмас. Уларнинг юз йигирма тўрт мингдан кўп экани машҳур. Улардан уч юз ўн учтаси расулдир. Ҳар икки расул орасида ўртача минг йил бор. Расуллар ичидан олтитаси янада юксакдир. Уларга Улул азм пайғамбарлар дейилади. Улар – Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад Мустафо алайҳимуссалом. Ўттиз уч пайғамбарнинг исмлари машҳурдир. Улар – Одам, Идрис, Шис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуъайб, Мусо, Ҳорун, Хизр, Юшаъ ибн Нун, Илёс, Ал-Ясаъ, Зулкифл, Шамъун, Ишмоил, Юнус ибн Матто, Довуд, Сулаймон, Луқмон, Закариё, Яҳё, Узайр, Исо ибн Марям, Зулқарнайн ва Муҳаммад (алайҳи ва алайҳимуссалоту вассалом).

Улардан фақат йигирма саккизтасининг исми Қуръони каримда билдирилган. Зулқарнайн, Луқмон, Узайр ва Хизрнинг пайғамбар бўлган-бўлмаганлари ҳақида ихтилоф бор. Муҳаммад Маъсум ҳазратлари 2-жилд, 36-мактубда Хизр алайҳиссаломнинг пайғамбар эканини билдирган хабар кучли эканини ёзадилар. 182-мактубда эса Хизр алайҳиссаломнинг инсон шаклида кўриниши ва баъзи ишларни қилиши унинг ҳаётда эканини кўрсатмаслигини айтадилар: Аллоҳу таоло унинг ва кўплаб пайғамбарларнинг ва валийларнинг руҳлари инсон шаклида кўринишига изн берган. Уларни кўриш уларнинг ҳаётда эканликларини кўрсатмайди.

5. Охиратга ишониш

Вал явмил охири: яъни «Охират кунига ишондим» демакдир. Бу замоннинг бошланиши – инсоннинг ўлган кунидир, у қиёматнинг охиригача давом этади. Унга «охирги кун» дейилиши – ортидан кеча келмагани учундир. Ёхуд дунёдан кейин келгани учундир. Қиёматнинг қачон қойим бўлиши билдирилмади. Лекин Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг кўплаб аломатларини хабар бердилар:

Дин илмлари унутилади. Фисқ, ёмонлик кўпаяди.

Динсиз, ахлоқсиз, номуссиз кишилар амир бўлади. Аллоҳу таолонинг амрлари бажартирилмайди. Ҳаромлар ҳар жойда қилинади. Ҳазрати Маҳдий келади. Исо алайҳиссалом осмондан Шомга тушадилар. Дажжол чиқади. Яъжуж ва Маъжуж деб аталадиган қавмлар ҳар жойни бир-бирига қориштириб юборади. Қуёш ғарбдан чиқади. Катта зилзилалар бўлади. Ямандан олов чиқади. Осмонлар ва тоғлар парчаланади. Қуёш ва Ой қораяди. Денгизлар бир-бирига қўшилиб кетади, қайнаб қурийди…2

Гуноҳ ишларни қиладиган мусулмонларга фосиқ дейилади. Фосиқларга ва барча кофирларга қабрда азоб бор. Бунга албатта ишониш лозим.

Қабр саволи бордир. Маййит қабрга қўйилгач, номаълум бир ҳаёт билан тирилади, роҳатда бўлади ёки азоб кўради. Мункар ва Накир исмли икки фариштанинг номаълум, қўрқинчли инсон шаклида қабрга келиб, савол сўрашларини ҳадиси шарифлар очиқ билдирмоқда.3

Қабр саволи баъзи олимларга кўра ақидаларнинг баъзиларидан, баъзиларига кўра эса барча ақидалардан бўлади. Шунинг учун болаларга қуйидаги савол ва жавобларни ёдлатиш лозим:

«Раббинг ким? Пайғамбаринг ким? Дининг қайси дин? Китобинг нима? Қибланг қаер? Эътиқодда ва амалда мазҳабинг қайси?»

«Раббим – Аллоҳу таоло, Пайғамбарим – Муҳаммад алайҳиссалом, диним – Ислом, китобим – Қуръони карим, қиблам – Каъбаи шариф, эътиқодда мазҳабим – Аҳли суннат вал жамоат, амалда мазҳабим – имоми аъзам Абу Ҳанифа мазҳабидир. Мўминман, мусулмонман, алҳамдулиллаҳ».

Аҳли суннатдан бўлмаган кишининг тўғри жавоб бера олмаслиги «Тазкираи Қуртубий»да ёзилган. Гўзал жавоб берганларнинг қабри кенгаяди, уларга жаннатдан бир дераза очилади. Эрталаб ва кечқурун улар жаннатдаги жойларини кўрадилар, фаришталар уларга яхшиликлар қиладилар, хушхабарлар берадилар. Агар маййит яхши [тўғри] жавоб бера олмаса, уни темир гурзилар билан шундай урадиларки, унинг фарёдини инсон ва жиндан бошқа ҳар бир махлуқ эшитади. Қабр шу қадар торайиб, суякларини бир-бирига киргизиб юборгудек сиқади. Жаҳаннамдан бир тешик очилади. У эрталаб ва кечқурун жаҳаннамдаги жойини кўриб, қабрда маҳшаргача аччиқ азоблар чекади.

Ўлгандан кейин яна тирилишга ишониш лозим. Суяклар, этлар чириб, тупроқ ва газ бўлгандан кейин ҳаммаси яна бир жойга тўпланади, руҳлар баданларига киради ва ҳар ким қабрдан туради. Шунинг учун бу вақтга Қиёмат куни дейилади. Барча жонзотлар маҳшар майдонида тўпланади.

Ҳар бир инсоннинг амал дафтарлари учиб эгасига келади. Буларни ерларни, осмонларни, зарраларни, юлдузларни яратган, чексиз қудрат соҳиби бўлган Аллоҳу таоло қилади. Буларнинг бўлишини Аллоҳу таолонинг Расули Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хабар берганлар. У зотнинг айтганлари, албатта, тўғридир. Албатта, ҳаммаси бўлади.

Солиҳларнинг, яхшиларнинг дафтари ўнг томонидан, фосиқларнинг, ёмонларнинг дафтари эса орқа ёки чап томонидан берилади. Яхши ва ёмон, катта ва кичик, яширин ва ошкора қилинган ҳар бир иш дафтарда бўлади. Кироман котибин фаришталари билмаган ишлар ҳам аъзоларнинг хабар бериши билан, Аллоҳу таолонинг билдириши билан юзага чиқарилади, ҳар бир нарсадан савол сўралади ва ҳисоб олинади. Маҳшарда Аллоҳу таоло хоҳлаган ҳар бир яширин нарса юзага чиқади. Фаришталардан: «Ерларда, осмонларда нималар қилдингизлар?» – деб, пайғамбарлардан: «Аллоҳу таолонинг ҳукмларини бандаларга қандай билдирдингизлар?» – деб, ҳаммадан эса: «Пайғамбарларга қандай эргашдингизлар? Сизларга билдирилган вазифаларни қандай бажардингизлар? Бир-бирингиз орасидаги ҳақларга қандай риоя қилдингизлар?» – деб сўралади. Маҳшарда иймони бўлиб, амали ва ахлоқи гўзал бўлганларга мукофотлар ва эҳсонлар бўлади, ёмон хулқли, бузуқ амалли бўлганларга эса оғир жазолар берилади.

«Менга айтилган салавот Сирот кўприги устида сизларга нур бўлади» Ҳадиси шариф

Аллоҳу таоло Ўз адолати билан баъзи кичик гуноҳлар учун ҳам азоб беради, хоҳлаган мўминларининг катта ва кичик барча гуноҳларини эса Ўз фазли, эҳсони билан кечиради. Ширкдан ва куфрдан бошқа ҳар бир гуноҳни хоҳласа кечиради, хоҳласа кичик гуноҳ учун ҳам азоблайди. У мушрик ва кофир бўлиб ўлган кишини ҳеч қачон кечирмаслигини билдирмоқда. Китобли ва китобсиз кофирлар, яъни Муҳаммад алайҳиссаломнинг барча инсонларга пайғамбар эканликларига ишонмаган, у зот билдирган аҳкомдан, яъни амр ва тақиқлардан бирортасини бўлса ҳам ёқтирмаган кишилар шу ҳолда ўлсалар, албатта, жаҳаннамга киритиладилар ва абадий азоб чекадилар.

Қиёмат куни амалларни, ишларни ўлчаш учун биз билмаган бир Мезон – бир ўлчов асбоби, бир тарози бор. Ер ва осмон унинг бир палласига сиғади. Савоб палласи ёруғ бўлиб, Аршнинг ўнгида, жаннат тарафидадир. Гуноҳ палласи эса Аршнинг чапида, жаҳаннам тарафида, қоронғиликдадир. Дунёда қилинган ишлар, сўзлар, фикрлар, қарашлар у ерда шакл олиб, яхшиликлар ёруғ, ёмонликлар қоронғи ва жирканч кўриниб, бу тарозида тортилади. Бу тарози дунё тарозиларига ўхшамайди. Унинг оғир томони юқорига кўтарилади, енгил томони пастга тушади, дейилган. Олимларнинг бир қисмига кўра, турли тарозилар бўлади.

Сирот кўприги бордир. Сирот кўприги Аллоҳу таолонинг амри билан жаҳаннамнинг устига қурилади. Ҳар кимга бу кўприкдан ўтиш амр қилинади. У куни барча пайғамбарлар: «Ё Раббим! Саломатлик бер!» – деб ёлворадилар. Жаннатий бўлганлар кўприкдан осонгина ўтиб, жаннатга борадилар. Улардан баъзилари яшин каби, бир қисми шамол каби, баъзилари чопаётган от каби ўтадилар. Сирот кўприги қилдан ингичка, қиличдан ўткирдир. Дунёда Исломга эргашиш ҳам шундайдир: Исломга тўлиқ эргашишга уриниш Сирот кўпригидан ўтиш кабидир. Бу дунёда нафс билан курашиш машаққатига чидаганлар у дунёда Сиротдан осон ва роҳат ўтадилар. Шунинг учун Аллоҳу таоло Ислом кўрсатган тўғри йўлга «Сироти мустақим» номини берди. Бу ном ўхшашлиги ҳам Ислом йўлида бўлиш Сирот кўпригидан ўтиш каби эканини кўрсатади. Жаҳаннамий бўлганлар Сиротдан жаҳаннамга қуладилар. Сирот кўпригига ишониш фарздир, чунки Сирот кўприги насс билан собитдир. Қуръони каримда шундай дейилади, маъноси: «Уларни жаҳаннам Сиротига олиб бориб, ҳибс қилинглар! Чунки улар масъулдирлар. (Уларни ҳисоб жойида тўхтатинглар! Улар ҳисобга тортиладилар; улардан эътиқодлари ва қилган ишлари ҳақида сўралади.)» (Соффот сураси, 37:23–24).

«Нухбатул-лаолий» китобида шундай дейилади: Сирот жаҳаннам устидаги бир кўприкдир. Ояти каримада шундай дейилади, маъноси: «Ичингизда у ердан ўтмайдиган бирор киши йўқдир» (Марям сураси, 19:71). Аҳли суннат олимлари «Сизлар у ердан ўтасизлар» ояти каримасини Сирот устидан ўтиш деб тафсир қилганлар. [Birgivî Vasiyetnâmesi] Ҳадиси шарифларда шундай дейилди:

«Жаҳаннам устига Сирот кўприги қурилади. Ундан умматим билан биринчи бўлиб ўтадиган пайғамбар – менман». [Бухорий]

«Қиёматда Сирот кўпригининг бошида туриб, умматимнинг ўтишини кутаман. Аллоҳу таоло: „Хоҳлаганингизни сўранг, хоҳлаганларингизга шафоат қилинг, шафоатингиз қабул қилинади“, – дейди. Умматимга шафоат қилганимдан кейин ҳам ёлворишда давом этаман. Раббим менга: „Умматингиздан ихлос билан бир марта «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган ва иймон билан ўлган ҳар бир кишини жаннатга киритинг“, – демагунча жойимдан турмайман». [Имом Аҳмад]

«Сирот кўпригидан ўтиш ҳар кимнинг нурига боғлиқдир. Баъзилари кўз очиб юмгунча, баъзилари яшин каби, баъзилари юлдуз учгандек, баъзилари чопаётган от каби Сиротдан ўтадилар. Нури жуда оз бўлган киши эса юзтубан судралади. Қўллари ва оёқлари тояди, яна ёпишади. Ниҳоят, судрала-судрала қутулади». [Табароний] «Аҳли байтимни ва саҳобаларимни кўп севган кишининг Сирот кўпригидан ўтаётганда оёғи тоймайди». [Дайламий] «Ҳеч бир бидъат аҳли Сиротдан ўта олмайди, жаҳаннамга қулайди». [Ибн Асокир]

«Кўп кишилар Сиротдан ўтганларини билмай, фаришталарга: „Сирот ва жаҳаннам қаерда қолди, биз улардан ўтдикми?“ – дейдилар. Фаришталар эса шундай жавоб берадилар: „Сизлар жаҳаннам устидаги Сиротдан ўтдингизлар; лекин жаҳаннам ўти сизларнинг нурингиздан чекиниб, беркилиб қолган эди“». [Жомиъус-сағир]

«Сирот қилдан ингичка, қиличдан ўткирдир. Фаришталар мўминларни қутқаришга уринадилар. Жаброил алайҳиссалом мени белимдан ушлайди. Мен эса: „Ё Раббим, умматимга саломатлик бер, уларни қутқар!“ – деб дуо қиламан. У куни оёғи тойиб қулайдиганлар кўп бўлади». [Байҳақий]

Пайғамбаримизнинг умматидан бўлган баъзи кишилар қабрдан тургач, тўғри жаннатга борадилар. Фаришталар улардан сўрайдилар: – Ҳисоб бердингизларми? – Йўқ, биз ҳеч қандай ҳисоб бермадик. – Сирот кўпригидан ўтдингизларми? – Йўқ, биз ҳеч қандай Сирот кўрмадик. – Жаҳаннамни кўрдингизларми? – Йўқ, жаҳаннамни ҳам кўрмадик. – Қандай амал қилдингизларки, ҳисоб бермасдан, Сиротга учрамасдан тўғри жаннатга келдингизлар? – Бизнинг иккита хислатимиз бор эди. Шу туфайли бу неъматга етишдик. Аллоҳдан уялар эдик, ёлғиз қолганимизда ҳам гуноҳ қилмас эдик. Яна Аллоҳ берган оз ризққа рози бўлар эдик.

«Жаннатда ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган ва ҳатто хаёлига ҳам келтира олмаган неъматлар бор» Ҳадиси шариф

Фаришталар: «Бу неъматлар – сизларнинг ҳаққингиз», – дейдилар. [Ибн Ҳиббон] «Сирот кўприги» дейилганда, уни биз биладиган кўприклар каби деб ўйламаслик керак! Масалан, биз: «Синфдан синфга ўтиш учун имтиҳон кўпригидан ўтилади», – деймиз. Ҳолбуки имтиҳоннинг кўприкка ўхшаш ҳеч бир томони йўқ. Сирот кўприги ҳам маълум кўприкларга ҳам, имтиҳон кўпригига ҳам асло ўхшамайди.4

Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хос бўлган Кавсар ҳовузи бор. Унинг катталиги бир ойлик йўлдек. Суви сутдан оқроқ, ҳиди мушкдан хушбўйроқдир. Атрофидаги қадаҳлар юлдузлардан ҳам кўпроқдир. Ундан бир марта ичган киши, жаҳаннамда бўлса ҳам, қайта чанқамайди. Шафоат ҳақдир. Тавбасиз ўлган мўминларнинг кичик ва катта гуноҳлари кечирилиши учун пайғамбарлар, валийлар, солиҳлар, фаришталар ва Аллоҳу таоло изн берган кишилар шафоат қиладилар ва шафоатлари қабул қилинади.

Жаннат ва жаҳаннам ҳозир ҳам бордир. Жаннат етти қават осмонларнинг устидадир. Жаҳаннам ҳамма нарсанинг остидадир. Саккизта жаннат, еттита жаҳаннам бор. Жаннат ер шаридан, қуёшдан ва осмонлардан каттароқдир. Жаҳаннам ҳам қуёшдан каттадир. «Дунё мўмин учун зиндон кабидир». [Муслим] «Дунё она қорнига нисбатан жаннат, жаннатга нисбатан эса ахлатхона кабидир». [Ma’rifetnâme] Ахлатхонани жаннат билан қиёслаб бўладими? Она қорнидаги бола дунёга келиб, турли воқеаларга дуч келишини била олмагани каби, жаннатга борадиган мўмин ҳам у ерда эришадиган неъматларини била олмайди.

Ҳадиси шарифларда шундай дейилди: «Жаннатда ҳеч ким кўрмаган, эшитмаган ва ҳатто хаёлига ҳам келтира олмаган неъматлар бор». [Муслим] «Жаннат неъматлари билан дунёдагилар орасида фақат ном ўхшашлиги бор». [Байҳақий]

Аллоҳу таолонинг чексиз қудратига ишонган киши Унинг билдирган ҳар бир нарсасига ишониши лозим. Жаноби Ҳақ жаннатда ҳеч қандай машаққат бўлмаслигини, жаннат аҳлига истаган ҳар бир неъмати берилишини билдирмоқда.

Жаннат неъматлари олдида дунё неъматлари уларнинг сояси, сурати каби ҳам эмас. Дарахтнинг сурати билан дарахтнинг ўзи бир нарса бўлмагани каби, жаннат неъматлари олдида дунёдагилар ҳам шундайдир. Аллоҳу таоло дунёга хос неъматларни йўқдан яратгани каби, охиратда ҳам хаёлга, тасаввурга келмайдиган неъматларни йўқдан яратади. Аллоҳу таоло учун қийинчилик йўқ. Жаннатда ғам-ғусса, машаққат йўқ. Бир неча ояти карималарнинг маъноси: «Яхшилик қилганлар учун энг гўзал мукофот ва яна зиёдаси (Аллоҳу таолонинг жамолини мушоҳада қилиш) бор. Уларнинг юзларини на қаролик (доғ), на хорлик қоплайди. Ана ўшалар жаннат аҳлидир. Улар у ерда абадий қоладилар» (Юнус сураси, 10:26). «Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар учун Фирдавс жаннати манзил бўлади. Улар у ерда абадий қоладилар ва у ердан чиқишни ҳеч истамайдилар» (Каҳф сураси, 18:107–108). «Жаннатнинг қаерига қарасангиз ҳам, мўл неъмат ва улуғ мулк (салтанат, буюк эҳсонлар) кўрасиз» (Инсон сураси, 76:20).

Ҳадиси шарифларда яна шундай дейилди: «Аллоҳу таоло: „Солиҳ бандаларим учун кўзлар кўрмаган, қулоқлар эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган нарсаларни тайёрладим“, – деди». [Бухорий] «Жаннатга кирган киши ўлмайди, абадий яшайди. Ҳамиша бахтли бўлади, ғамгин бўлмайди, ноумид бўлмайди, кийими эскирмайди ва ёшлиги кетмайди». [Ибн Абу Дунё] «Жаннат аҳли ҳеч касал бўлмайди ва қаримайди; ҳеч ғамгин бўлмайди ва ҳамиша шод бўлади». [Муслим] «Жаннатга кирган киши: „Отга минай“, – деса, минади; „Учай“, – деса, учади». [Термизий] «Жаннатнинг энг қуйи даражасидаги кишига: „Нимани хоҳласанг, сўра“, – дейилади. У ҳам кўнглидан нима ўтса, ҳаммасини сўрайди. Унга: „Ҳар бир хоҳлаганингнинг икки баробари сенга берилади“, – дейилади». [Муслим] «Ҳамма 33 ёшда бўлади». [Термизий, Қуртубий, Нававий]

6. Қадарга ишониш

Вал қадари хойриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло: яъни «Қадарга, хайр ва шаррнинг Аллоҳу таолодан эканига ишондим» демакдир. Инсонларга келадиган хайр ва шарр, фойда ва зарар, ютуқ ва зиённинг ҳаммаси Аллоҳу таолонинг тақдир қилиши биландир.

Аллоҳу таолонинг бир нарсанинг борлигини хоҳлашига «қадар» дейилган. Қадарнинг, яъни борлиги тақдир қилинган нарсанинг бор қилинишига «қазо» дейилади. Қадар ва қазо калималари бир-бирининг ўрнида ҳам ишлатилади. Азалдан абадгача бўладиган нарсаларни – ашёларни, уларнинг хусусиятларини, ҳаракатларини, воқеаларни У азалда билганига мувофиқ равишда яратмоқда. Инсонларнинг яхши ва ёмон барча ишларини, мусулмон бўлишларини, куфрларини, ихтиёрий ва ихтиёрсиз барча ишларини Аллоҳу таоло яратмоқда. Яратувчи, қилувчи ёлғиз Удир. Сабаблар вужудга келтирган ҳар бир нарсани яратувчи – Удир. У ҳар бир нарсани бир сабаб билан яратмоқда. Пайғамбарлар илм ва фаннинг энг юксак даражасида бўлганлар, ҳақиқатларни тўлиқ кўрганлар. Улар ҳам, ўша улуғларнинг изидан бориб, илм денгизларидан томчиларга эришган Ислом олимлари ҳам бугун куйдирувчи, бунёд этувчи деб ўйланган нарсалар ожиз, бечора бир восита ва махлуқ эканини, ҳақиқий Бунёд этувчи, Яратувчи ўртага қўйган сабаблар эканини билдирмоқдалар. Куйдирувчи – Аллоҳу таолодир.

У оловсиз ҳам куйдиради. Лекин олов билан куйдириш – Унинг одатидир. Куйдиришни хоҳламаса, олов ичида ҳам куйдирмайди. У Иброҳим алайҳиссаломни оловда куйдирмади: у кишини жуда севгани учун одатини бузди. Аллоҳу таоло хоҳлаганида, ҳар бир нарсани сабабсиз яратар эди: оловсиз куйдирар, едирмасдан тўйдирар эди. Лекин лутф қилиб, бандаларига яхшилик қилиб, ҳар бир нарсани яратишини бир сабабга боғлади. Маълум нарсаларни маълум сабаблар билан яратишни хоҳлади. Ишларини сабаблар остида яширди. Қудратини сабаблар остида сақлади. Унинг бир нарсани яратишини истаган киши ўша нарсанинг сабабига ёпишади ва ўша нарсага эришади. Чироқни ёқмоқчи бўлган киши гугурт ишлатади. Зайтун ёғи чиқармоқчи бўлган киши пресс ишлатади. Боши оғриган киши аспирин ичади. Жаннатга бориб, абадий неъматларга эришмоқчи бўлган киши Исломга эргашади. Ўзига тўппончадан ўқ узган, заҳар ичган киши ўлади. Терлаган ҳолда сув ичган киши касал бўлади. Гуноҳ қилган, куфрга тушган киши ҳам жаҳаннамга кетади. Ҳар ким қайси сабабга мурожаат қилса, ўша сабаб восита қилинган нарсага эришади. Мусулмон китобларини ўқиган киши мусулмонликни ўрганади, уни севади, мусулмон бўлади. Динсизлар орасида яшаган, уларнинг сўзларини тинглаган киши дин жоҳили бўлади. Дин жоҳилларининг кўпи иймонсиз бўлади. Инсон қаерга борадиган уловга минса, ўша ерга боради. Аллоҳу таоло ишларини сабаблар билан яратмаганида, ҳеч ким ҳеч кимга муҳтож бўлмас эди. Ҳар ким ҳамма нарсани Аллоҳу таолодан сўрар, ҳеч бир нарсага мурожаат қилмас эди. Шундай бўлганда, инсонлар орасида бошлиқ ва хизматчи, ишчи ва ҳунарманд, талаба ва устоз каби кўплаб инсоний алоқалар қолмас, дунё ва охиратнинг низоми бузилар эди. Гўзал билан хунук, яхши билан ёмон, итоаткор билан осий орасида фарқ қолмас эди.

«Нафсга яхшилик ва ёмонликни берган Аллоҳу таолога қасамки, нафсини поклаган, уни куфр ва исёндан тозалаган киши қутулди. Нафсини уларда қолдирган эса зиён кўрди» Шамс: 7–10

КЎРАЙЛИК, МАВЛО НЕ АЙЛАР

Ҳақ шаррларни хайр айлар,
Гумон этма, ғайр айлар,
Ориф ани сайр айлар,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Ҳар бир иши фойиқдир,
Бир-бирига лойиқдир,
Не айласа, мувофиқдир,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Сен Ҳаққа таваккул қил,
Тафвиз эт-у роҳат топ,
Сабр айла-ю рози бўл,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Дилдан ғамни дур айла,
Раббинг ила ҳузур айла,
Ҳар ишни тафвиз айла,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Қалбинг Унга банд айла,
Тадбирингни тарк айла,
Тақдирини дарк айла,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Адлни зулм деб санама,
Таслим бўл, ўтда ёнма,
Сабр эт, зинҳор толма,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Халлоқу Раҳим Улдир,
Раззоқу Карим Улдир,
Фаъъолу Ҳаким Улдир,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Дема: «Бу нечун бундай?»
Бир неча вақт у шундай,
Охирига боқ, сабр айла,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Бил Қозийул ҳожотни,
Қил Унга муножотни,
Тарк айла муродотни,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Ҳеч кимсага хор боқма,
Озор берма, дил йиқма,
Нафсинг ёнин ҳеч олма,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Бир ишга ёпишиб олма,
Бўлдими, ўжарлик этма,
Ҳақдандир у, рад этма,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Ночор қоладиган ерда
Ногоҳ очилгай парда,
Дармон берар ул дардга,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Ҳақдандир бутун ишлар,
Бекордир ғам-ташвишлар,
У Ўз ҳикматин ишлар,
Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…
Ҳар дам Уни зикр айла,
Зийракликни нари айла,
Ҳаққа ҳайрон бўл, сўйла:
«Кўрайлик, Мавло не айлар,
Не айласа, гўзал айлар…»
İbrâhim Hakkı Erzurûmî

Аллоҳу таоло бандаларига ирода берган ва уларнинг бу иродаларини, хоҳишларини ишларни яратишига сабаб қилган. Банда бирор ишни қилишни хоҳлаганида, Аллоҳу таоло ҳам хоҳласа, ўша ишни яратади. Банда хоҳламаса, Аллоҳу таоло ҳам хоҳламайди ва ўша нарсани яратмайди.

Бандаларнинг ихтиёрий ҳаракатлари икки нарсадан вужудга келади. Биринчиси – банданинг иродаси ва қудрати биландир. Шунинг учун банданинг ҳаракатларига, яъни ният қилинган ишларнинг аъзолар томонидан бажарилишига «касб қилиш» дейилади. Касб – инсоннинг сифатидир. Иккинчиси – Аллоҳу таолонинг яратиши, бор қилиши биландир. Аллоҳу таолонинг амрлари, тақиқлари, савоб бериши ва азоб бериши инсонда касб бўлгани учундир. Аллоҳу таоло ўтган ва келадиган ҳар бир нарсани Ўзининг азалий илми билан билади. Масалан, У бир кофирнинг абадий кофир бўлиб қолиш-қолмаслигини билади. Бўладиган нарсаларнинг қандай бўлишини билади. Барча ҳайвонларнинг, ўсимликларнинг, жонсиз мавжудотларнинг, қаттиқ жисмларнинг, суюқликларнинг, газларнинг, юлдузларнинг, молекулаларнинг, атомларнинг, электронларнинг, электромагнит тўлқинларнинг, қисқаси, ҳар бир мавжудотнинг ҳаракати, физик ҳодисалар, кимёвий реакциялар, ядро реакциялари, энергия алмашинуви, жонлилардаги физиологик фаолият, ҳар бир нарсанинг бўлиш-бўлмаслиги, бандаларнинг яхши ва ёмон ишлари, уларнинг дунёда ва охиратда буларнинг жазосини кўришлари – ҳамма нарса азалда Аллоҳу таолонинг илмида бор эди. У буларнинг ҳаммасини азалда билар эди. Тақвимларга бир йил ичида қуёшнинг қачон чиқиб, қачон ботиши ҳисоблаб ёзилади. Қуёш тақвимда кўрсатилган соатларда чиқади ва ботади. Лекин қуёш тақвимга шундай ёзилгани учун маълум соатларда чиқиб-ботмайди. Тақвимга ёзилиши қуёшнинг чиқишига ва ботишига таъсир қилмайди. Аллоҳу таоло ҳам инсонларнинг бошига нима келишини билгани учун буларни Лавҳул маҳфузга ёзган. Аллоҳу таолонинг баъзи кишиларнинг насибасиз бўлишларини билдириши – уларнинг ўз хоҳишлари билан куфрда қолишни истаганлари ва иймон келтиришни истамаганлари учундир. Йўқса, уларнинг кофир бўлиши Аллоҳу таоло хабар бергани учун эмас. Қуръони каримда шундай марҳамат қилади, маъноси: «Жаноби Ҳақ инсонга хайрни ва шаррни (ёки тоат ва гуноҳни) ва бу иккисининг ҳолларини ўргатиб, улардан бирини қила олиши учун унга ихтиёр (танлаш ҳаққи, иродаи жузъия) берди. Нафсини поклаган (ёмонликлардан тозалаб, фазилатлар билан тўлдирган) киши қутулди. Нафсини гуноҳда, жаҳолатда, залолатда қолдирган киши эса зиён кўрди» (Шамс сураси, 91:7–10). Инсон иродаи жузъиясини ишлатишда эркиндир, мажбур эмас. Яъни иродаи жузъия яхшиликка ишлатилса, Аллоҳу таоло яхшилик яратади, ёмонликка ишлатилса, ёмонлик яратади. Банда иродаи жузъиясини ишлатади, Аллоҳу таоло эса яратади. [İrade-i cüziyye risalesi] Демак, яхшилик истаганга У яхшилик беради, у насибали бўлади. Ёмонлик истаганга ёмонлик беради, у эса насибасиз бўлади. Бу ерда ҳеч қандай мажбурлаш йўқ. Яъни Аллоҳу таоло мажбурлаб гуноҳ қилдирмайди, мажбурлаб жаҳаннамга ташламайди. Натижада адолатга хилоф бирор нарса бўлмайди. Аллоҳу таоло амрларини бажарган ва тақиқларидан сақланган бандаларига мукофот, аксини қилганларга эса жазо беришини билдирган.