Севимли Пайғамбарим

АҲКОМИ ИСЛОМИЯ (АҲКОМИ ШАРЪИЯ)

Ислом дини билдирган амрлар ва тақиқларга «Аҳкоми шаръия» ёки «Аҳкоми исломия» дейилади. Буларга «Афъоли мукаллафин» ҳам дейилади.

Мукаллаф деб кимга айтилади

Ақлли бўлган ва балоғат ёшига кирган эркак ва аёлларга «мукаллаф» дейилади. Мукаллаф бўлган кишилар Аллоҳу таолонинг амрлари ва тақиқлари учун масъулдирлар. Динимизда мукаллаф бўлган кишига аввал иймон келтириш, сўнгра ибодат қилиш амр этилган. Бундан ташқари, улар қилиниши ман этилган ҳаромлардан ва макруҳ ишлардан ҳам сақланишлари лозим. Ақл – англовчи бир қувватдир. У фойдалини зарарлидан ажратиш учун яратилган. Балоғат ёши – жисмоний етилиш ёши демакдир. Ўғил болаларнинг балоғат ёшига киришлари ўн икки ёшни тугатганда бошланади. Ўғил боланинг балоғат ёшига кирганини кўрсатадиган аломатлар бор. Агар бу аломатлар кўринмаса [ўғил болада маний келмаса], ўн беш ёш тўлганда, динда у балоғат ёшига кирган деб ҳукм қилинади. Қиз болаларнинг балоғатга етиши эса тўққиз ёшни тўлдирганда бошланади. Тўққиз ёшдаги қиз боланинг балоғатга етганини кўрсатадиган аломатлардан бирортаси ҳам кўринмаса [қиз ҳайз кўрмаса], ўн беш ёш тўлганда, у балоғат ёшига кирган деб ҳукм қилинади.

Афъоли мукаллафин

Афъоли мукаллафин (мукаллафларнинг ишлари) саккизтадир: фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, ҳаром, макруҳ ва муфсид. 1. ФАРЗ: Аллоҳу таоло ояти карима билан очиқ ва қатъий равишда қилинишини амр этган нарсаларга фарз дейилади. Фарзларни тарк этиш ҳаромдир. Уларга ишонмаган ва уларни бажаришга аҳамият бермаган киши кофир бўлади.

Иймон келтириш, таҳорат олиш, ғусл қилиш (яъни бутун баданни ювиш), беш вақт намоз ўқиш, Рамазон ойида рўза тутиш, бой бўлганда закот бериш ва ҳажга бориш каби ишлар фарздир.

2. ВОЖИБ: Қилиниши фарз каби қатъий бўлган амрларга вожиб дейилади. Масалан, витр намозини ва ҳайит намозларини ўқиш, бой бўлганда қурбонлик сўйиш, фитр садақаси (садақаи фитр) бериш. Вожибнинг ҳукми фарз кабидир.

3. СУННАТ: Аллоҳу таоло очиқ билдирмаган, фақат Пайғамбаримиз қилинишини мақтаган ёки ўзлари доим қилиб юрган ёхуд қилинаётганини кўриб, ман этмаган нарсаларга «суннат» дейилади. Суннатни ёқтирмаслик куфрдир. Уни ёқтириб, лекин қилмаган кишига азоб бўлмайди. Аммо уни узрсиз ва доим тарк этган киши итобга, танбеҳга ва унинг савобидан маҳрум қолишга лойиқ бўлади. Масалан, азон айтиш, иқомат айтиш, жамоат билан намоз ўқиш, намознинг суннатлари, суннат намозлар, таҳорат олаётганда мисвок ишлатиш, уйланган кечаси одамларга таом бериш ва ўғлини суннат қилдириш каби. 4. МУСТАҲАБ: Бунга мандуб, одоб ҳам дейилади. У суннати ғайри муаккада ҳукмидадир. Булар Пайғамбаримиз умрларида бир-икки марта бўлса ҳам қилган, яхши кўрган ва ёқтирган ишлардир. Янги туғилган болага еттинчи куни исм қўйиш, ўғил ва қиз бола учун ақиқа ҳайвони сўйиш, чиройли кийиниш, хушбўй нарса суртиш каби. Буларни қилган кишига кўп савоб берилади. Қилмаганга азоб бўлмайди.

5. МУБОҲ: Қилиниши амр ҳам этилмаган, ман ҳам қилинмаган нарсаларга мубоҳ дейилади. Уни яхши ният билан қилишда савоб, ёмон ният билан қилишда азоб бор. Ухлаш, ҳалолидан турли таомлар ейиш, ҳалол бўлиш шарти билан турли кийимлар кийиш каби ишлар мубоҳдир. Булар Исломга эргашиш, амрларга маҳкам ёпишиш нияти билан қилинса, савоб бўлади. Соғлом бўлиб, ибодат қилишни ният қилган ҳолда ейиш-ичиш ҳам шундайдир.

«Илм ўрганинглар! Илм ўрганиш – ибодатдир. Илм ўргатганга ва ўрганганга жиҳод савоби бор» Ҳадиси шариф

6. ҲАРОМ: Булар Аллоҳу таоло Қуръони каримда «Қилманглар!» деб очиқ ман этган нарсалардир. Ҳаромларни қилиш ва ишлатиш қатъиян ман этилган. Ҳаромга ҳалол, ҳалолга ҳаром деган кишининг иймони кетади, у кофир бўлади. Ҳаром нарсаларни тарк этиш, улардан сақланиш фарздир. Одам ўлдириш, зино, ливота қилиш, қимор ўйнаш, шароб ва ҳар турли спиртли ичимликларни ичиш, ёлғон гапириш, ўғрилик қилиш, чўчқа гўшти, қон ва ўлакса ейиш, аёлларнинг ва қизларнинг бошлари, қўллари, оёқлари очиқ ҳолда кўчага чиқишлари ҳаромдир ва булар катта гуноҳлардир. Бир киши бу гуноҳларни қилаётганда бисмиллаҳ айтса ёки уларни ҳалол деб эътиқод қилса, ёхуд Аллоҳу таолонинг уларни ҳаром қилганига аҳамият бермаса, кофир бўлади. Уларнинг ҳаром эканига ишониб, қўрқа-қўрқа қилса, кофир бўлмайди. Лекин жаҳаннам азобига лойиқ бўлади. Агар бу гуноҳни қилишда давом этиб, тавбасиз ўлса, бу унинг иймонсиз кетишига сабаб бўлади. 7. МАКРУҲ: Аллоҳу таоло ва Муҳаммад алайҳиссалом ёқтирмаган ва ибодатларнинг савобини кетказадиган нарсаларга макруҳ дейилади. Макруҳ икки хил бўлади: Таҳриман макруҳ: бу – вожибни тарк этишдир; ҳаромга яқин бўлган макруҳлардир. Уларни қилиш азобни тақозо этади. Масалан, қуёш чиқаётганда, айни тиккага келганда ва ботаётганда намоз ўқиш. Танзиҳан макруҳ: бу – мубоҳга, яъни ҳалол ишларга яқин бўлган ёки қилинмаслиги қилинишидан яхшироқ бўлган ишлардир. Масалан, ғайри муаккада суннатларни ёки мустаҳабларни қилмаслик.

8. МУФСИД: Динимизда муфсид – машруъ (шариатга мувофиқ) бир ишни ёки бошланган бир ибодатни бузадиган нарсалардир: масалан, иймонни ва намозни, никоҳни ва ҳажни, закотни, олди-сотдини бузадиган нарсалар. Чунончи, Аллоҳни ва Китобни сўкиш куфрдир, у иймонни бузади. Намозда кулиш таҳоратни ҳам, намозни ҳам бузади. Рўзадор билиб туриб еб-ичса, рўзаси бузилади. Фарзларни, вожибларни ва суннатларни бажарган, ҳаромдан ва макруҳдан сақланган кишига ажр, яъни савоб берилади. Ҳаромларни, макруҳларни қилган ва фарзларни, вожибларни бажармаган кишига гуноҳ ёзилади. Бир ҳаромдан сақланишнинг савоби бир фарзни бажариш савобидан бир неча баробар кўпдир. Бир фарзнинг савоби бир макруҳдан сақланиш савобидан кўпдир. Макруҳдан сақланиш савоби эса суннат савобидан кўпдир.

Ибодат нима?

Ибодат – бизни ва бутун мавжудотни йўқдан бор қилган, ҳар лаҳза борлиқда тутиб турган, кўринган ва кўринмаган офатлардан, балолардан асраган ва ҳар лаҳза турли неъматлар, яхшиликлар бериб парвариш қилаётган Аллоҳу таолонинг амрларини ва тақиқларини бажо келтиришдир. Инсоннинг ўзига сон-саноқсиз неъматлар юборган Аллоҳу таолога кучи етганича шукр қилиши – инсонийлик вазифасидир. Бу – ақл буюрган бир вазифа, бир қарздир. Лекин инсонлар ўзларининг нуқсонли ақллари, қисқа қарашлари билан Аллоҳу таолога нисбатан шукр, ҳурмат бўла оладиган нарсаларни топа олмайдилар. Шукр қилишга, ҳурмат кўрсатишга ярайдиган вазифалар Аллоҳу таоло томонидан билдирилмаса, мақташ деб ўйланган нарсалар ёмонлаш бўлиб чиқиши мумкин.

Мана, инсонларнинг Аллоҳу таолога нисбатан қалб, тил ва бадан билан бажаришлари ва ишонишлари лозим бўлган шукр қарзи, бандалик вазифалари Аллоҳу таоло томонидан билдирилган ва Унинг севимли Пайғамбари томонидан бизга етказилган. Демак, ақли бор кишилар Аллоҳу таолога шукр қилиш, ибодат қилиш учун Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишлари лозим. Муҳаммад алайҳиссаломга эргашган киши мусулмондир. Аллоҳу таолога шукр қилишга, яъни Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишга «ибодат қилиш» дейилади.

Исломнинг бўлимлари

Ислом икки бўлимдан иборат: А. Қалб билан эътиқод қилиниши, ишонилиши лозим бўлган шартлар. Б. Бадан ва қалб билан бажариладиган ибодатлар.

Қалб билан эътиқод қилиниши, ишонилиши лозим бўлган шартлар

Иймон – Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳу таолонинг пайғамбари эканликларини ва Унинг томонидан танланган, хабар берувчи набий эканликларини тўғри деб билиш, ишониб айтиш; у зотнинг Аллоҳу таоло томонидан қисқача билдирганларига қисқача, кенг билдирганларига батафсил ишониш ва кучи етганича калимаи шаҳодатни тил билан ҳам айтишдир. Қувватли иймон шундайдир: киши оловнинг куйдиришига, илоннинг заҳарлаб ўлдиришига шубҳасиз ишонгани каби, чин кўнгилдан Аллоҳу таолони ва Унинг сифатларини улуғ билиб, Унинг ризосига ва жамолига интилиши, ғазабидан, жалолатидан қочиши ва иймонни мармар устига ўйиб ёзилган ёзув каби мустаҳкам қилиб кўнглига жойлаштириши лозим.

Албатта ишонишимиз лозим бўлган иймоннинг олти шарти бор.

Улар қуйидагилардир:

1. Аллоҳу таолонинг борлигига ва бирлигига ишониш. 2. Унинг фаришталарига ишониш.

3. Унинг китобларига ишониш. 4. Унинг пайғамбарларига ишониш. 5. Охират кунига ишониш. 6. Қадарга, яъни хайр ва шаррнинг (яхшилик ва ёмонликнинг) Аллоҳу таолодан эканига ишониш.

Бадан ва қалб билан бажариладиган ибодатлар

Ҳар бир мусулмоннинг албатта ибодат сифатида бажариши лозим бўлган вазифалари бор. Бу вазифаларга Исломнинг шартлари дейилади ва улар бешта: 1. Калимаи шаҳодат келтириш.

2. Ҳар куни беш марта, вақти киргач, намоз ўқиш. 3. Молнинг закотини бериш. 4. Рамазон ойида ҳар куни рўза тутиш.

5. Кучи етган кишининг умрида бир марта ҳаж қилиши.

«Билиб қилинган оз ибодат билмасдан қилинган кўп ибодатдан яхшироқдир» Ҳадиси шариф

Сени севган ошиқларнинг
Кўзи ўзгага боқмас экан,
Сени мақсад этганлар
Дунё-охиратни эсламас экан.
Кўнглин Сенга берганларнинг,
Илми Сенга етганларнинг,
Кўзи Сени кўрганларнинг
Толелари сўнмас экан.
Ўлмас экан ошиқ жони,
Ҳеч чиримас экан тани,
Ишқ кимни қилса фоний,
Унга завол етмас экан.
Амрингга бош эгганларнинг,
Висолингга етганларнинг,
Булбул каби сайраганларнинг
Тилин ҳеч ким билмас экан.
Ишқинг ила танишганлар,
Сен учун ўзаро севишганлар,
Хилватингга эришганлар
Ўлимдан ҳеч қўрқмас экан.
Ақлинг бўлса, эй биродар,
Ҳақни севмоқ бўлсин ишинг,
Ишқ таъмини тотмаганнинг
Қалби тоза бўлмас экан.