АҲЛИ СУННАТ ЭЪТИҚОДИ
Мусулмон бўлишнинг биринчи шарти – иймон келтиришдир. Тўғри иймон эса Аҳли суннат эътиқодига мувофиқ ишонишга боғлиқдир. Ақлли ва балоғатга етган эркак ва аёлнинг биринчи вазифаси – Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ишонганлари ва билдирганларидек иймон келтиришдир. Пайғамбаримиз ягона иймонни билдирдилар. Саҳобаи киромнинг ҳаммаси у зот билдирганларидек ишонди, уларнинг эътиқодда (ишончда) ҳеч қандай ихтилофи бўлмади. Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин инсонлар Исломни саҳобаи киромдан эшитиб ва сўраб ўргандилар. Уларнинг барчаси бир хил иймонни билдирдилар. Аҳли суннат олимлари китобларида ёзган иймон илмларини ўрганиш ва уларга мувофиқ ишониш лозимдир. Қиёматда жаҳаннам азобидан қутулиш улар билдирганларига ишонишга боғлиқ. Жаҳаннамдан қутуладиганлар фақат уларнинг йўлидан борганлардир. Уларнинг йўлидан борганларга (Сунний) ёки (Аҳли суннат) дейилади.
Бир ҳадиси шарифда: «Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади. Улардан фақат бир фирқа жаҳаннам азобидан қутулади, қолганлари эса ҳалок бўлади, жаҳаннамга киради», – дейилди. Бу етмиш уч фирқанинг ҳар бири Исломга эргашганини даъво қилади ва жаҳаннамдан қутулиши билдирилган фирқа ўз фирқаси эканини айтади. Мўминун сурасининг эллик учинчи ва Рум сурасининг ўттиз иккинчи ояти карималарида, маъноси: «Ҳар бир фирқа тўғри йўлда эканини ўйлаб, қувонмоқда», – дейилди. Ҳолбуки, бу турли фирқалар орасида қутулувчи бўлган фирқанинг аломатини, белгисини Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай билдирадилар: «Бу фирқада бўлганлар – менинг ва саҳобаларимнинг борган йўлида бўлганлардир». Саҳобаи киромдан биттасини бўлса ҳам севмаган киши Аҳли суннатдан ажралган бўлади. Аҳли суннат эътиқодида бўлмаган киши эса кофир ёки Аҳли бидъат, яъни адашган бўлади.
Иймонда, эътиқодда ягона мазҳаб бор.
Иймонда, эътиқодда ҳақ бўлган ягона фирқа, яъни ягона мазҳаб бор. Бу мазҳаб – Аҳли суннат вал жамоат мазҳабидир. Чунки Ислом барча инсонларга фақат битта иймонни ва битта эътиқодни буюради.
Иймон келтириладиган нарсаларда ихтилоф бўлмайди.
Бу иймоннинг асосларини ва қандай эътиқод қилиш кераклигини Пайғамбаримиз алайҳиссалом шахсан ўзлари таблиғ қилдилар. Инсонларга уларни ва ҳар нарсани яратган Аллоҳу таолони хабар берган Пайғамбаримиз Аллоҳу таолога, Унинг яратганларига ва Унинг амр ва наҳийларига иймон қандай бўлиши кераклигини ҳам билдирдилар. Иймон келтириладиган нарсаларда саҳобаи киромнинг ҳаммасига эргашиш лозим. Чунки эътиқод қилинадиган нарсаларда улар орасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Иймоннинг асл шарти – Аллоҳу таолога ва У севганларга муҳаббат қилиш, улар билан дўст бўлиш, Унинг душманларига эса душман бўлишдир. Бу ҳақда Муҳаммад Маъсум ҳазратлари шундай дейдилар: «Аллоҳу таоло: „Ё Мусо! Мен учун қандай амал қилдинг?“ – деди. У киши:
„Ё Раббим! Сен учун намоз ўқидим, рўза тутдим, закот бердим ва Сени зикр қилдим“, – деганларида, Аллоҳу таоло: „Намоз – сен учун бурҳон. Рўза – сени жаҳаннамдан сақлайдиган қалқон. Закот маҳшар куни, ҳамма иссиқдан ёнаётганда, сенга соя бўлади. Зикр ҳам у куни қоронғиликда сенга нур бўлади. Мен учун нима қилдинг?“ – деди. Ҳазрати Мусо: „Ё Раббим! Сен учун бўлган амал қайси?“ – деб сўрадилар. Аллоҳу таоло: „Мен севганни Мен учун севдингми ва Менинг душманимни душман билдингми?“ – деди.
«Менинг умматим етмиш уч фирқага бўлинади. Улардан фақат бир фирқа жаҳаннам азобидан қутулади, қолганлари эса ҳалок бўлади, жаҳаннамга киради» Ҳадиси шариф
Ҳазрати Мусо Аллоҳу таоло севган амал Унинг дўстларини севиш ва душманларини севмаслик эканини англадилар. Демак, суюклининг севганларини севиш ва унинг душманларига душман бўлиш – муҳаббатнинг аломатидир. Мумтаҳана сурасининг 4-ояти – маъноси: „Иброҳим ва унинг сафдошлари кофирларга: Биз сизлардан ҳам, бутларингиздан ҳам узоқмиз; сизлар ягона Аллоҳга иймон келтирмагунингизча, орамизда душманлик давом этади, – дедилар. Уларнинг бу гўзал ҳоллари сизларга намуна бўлиши лозим“ – шуни кўрсатадики, иймон эгаси бўлиш учун бу душманлик шартдир, Аллоҳнинг душманларини севиш эса иймонни йўқ қилади. Расулуллоҳнинг суҳбатларига етишиш билан шарафланган саҳобаи киром бир-бирларини жуда севар эдилар. Улар бир-бирларига эмас, кофирларга душман эдилар. Фатҳ сурасининг 29-ояти, маъноси: „Кофирларга душман, бир-бирларига марҳаматли эдилар“, сўзимизни исботлайди» (ҳазрати Муҳаммад Маъсум, 29-мактуб).
«Кимёи саодат» китобининг бешинчи аслида шундай ёзилган: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Иймоннинг асоси ва энг кучли аломати – мусулмонларни севиш ва мусулмонларга душманлик қилганларни севмасликдир». Жаноби Ҳақнинг Исо алайҳиссаломга илоҳий амрининг маъноси шундай: «Ерлардаги ва осмонлардаги барча махлуқларнинг ибодатларини қилсанг ҳам, дўстларимни севмагунингча ва душманларимга душманлик қилмагунингча, ҳеч фойдаси бўлмайди». Ҳар бир мўмин Аллоҳу таолога душман бўлганларни севмаслиги, Исломга маҳкам ёпишганларни севиши лозим. Буни сўзларида ва, иложи бўлса, ҳаракатларида кўрсатиши керак. Осийлар ва фосиқлар билан дўстлашмаслиги, фисқи кўп бўлганлардан жуда узоқ туриши лозим. Золимлардан, мусулмонларга азият берганлардан эса янада кўпроқ узоқ туриши керак. Лекин фақат ўзига зулм қилганларни афв этиш ва уларнинг зулмига сабр қилиш лозим ва бу жуда яхшидир.1 Тўғри йўл Аҳли суннат олимлари билдирган иймон эканини Пайғамбаримиз хабар бердилар. Ундай экан, Аҳли суннатда бирлашиб, биродар бўлишимиз, бир-биримизни севишимиз керак. Бидъат фирқаларини Аҳли суннатнинг амалдаги тўрт ҳақ мазҳаби билан аралаштирмаслик керак. Тўрт мазҳаб бир-бирининг тўғри йўлда эканини айтади ва бир-бирини севади. Бидъат фирқалари эса мусулмонларни парчаламоқда. Бу тўрт ҳақ мазҳабни бирлаштириб бўлмаслигини Ислом олимлари иттифоқ билан билдирганлар. Аллоҳу таоло амалда мазҳабларнинг бирлаштирилишини эмас, алоҳида бўлишларини истайди. Шу билан Ислом динини осонлаштиради. «Умматим олимлари орасидаги ихтилоф – раҳматдир». Бу ҳадиси шариф бундай ихтилофнинг фойдали эканини хабар беради.
Эътиқодда эса Аллоҳу таоло бирликни буюради. Оли Имрон сурасининг бир юз учинчи ояти каримасининг маъноси: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг динига маҳкам ёпишинглар. Бир-бирингиздан ажралманглар!» Абус Суъуд афанди ҳазратлари буни изоҳлаб, шундай дедилар: «Аҳли китоб парчаланганидек парчаланиб, тўғри иймондан ажралманглар! Жоҳилият замонида бир-бирингиз билан урушганингиздек бўлинманглар!» Ибн Ҳажари Маккий ҳазратлари шундай дейдилар: «Бидъат эгаси – эътиқоди Аҳли суннат эътиқодидан ажралган кишидир. Ислом ёқтирмаган бирор нарсани пайдо қилган ҳар бир киши бидъат эгаси бўлади». (Фатовои ҳадисия). Аҳли суннат эътиқодига ишонганлар – Аҳли суннат, ишонмаганлар эса бидъат аҳли ёки кофир бўлади.
Аллоҳу таоло Аҳли суннат эътиқодига мувофиқ иймон келтирган мусулмонлардан розидир. Шундай ишонган бўлишнинг кўп шартлари бор.
Аҳли суннат эътиқодидаги баъзи муҳим масалалар
1. Иймоннинг олти шартига, яъни Аллоҳу таолонинг борлигига ва бирлигига, Унинг шериги ва ўхшаши йўқлигига, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират ҳаётига, хайр ва шарр, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳу таоло томонидан яратилганига ишониш керак. (Булар «Аманту»да билдирилган.) 2. Аллоҳу таолонинг охирги китоби бўлган Қуръони карим Аллоҳу таолонинг каломи эканига ишониш керак. 3. Мўмин ўз иймонидан ҳеч шубҳа қилмаслиги керак. 4. Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) иймон келтириб, у зот ҳаётлик чоғларида у зотни кўриш шарафига муяссар бўлган саҳобаи киромнинг ҳаммасини жуда севиш керак. У зотнинг тўрт халифасига, яқин қариндошлари бўлган аҳли байтига ва муҳтарама завжаларининг ҳеч бирига тил теккизмаслик керак. 5. Саҳобаи киромнинг ҳаммаси жаннатийдир. (Рофизийлар: «Бештасидан бошқа саҳобаларнинг ҳаммаси кофир», – дейдилар. Ҳолбуки, Қуръони каримда уларнинг ҳаммаси жаннатий, дейилади.)2 6. Абу Бакр Сиддиқ – саҳобаи киромнинг энг афзалидир.
7. Ибодатларни иймоннинг бир қисми деб билмаслик керак. Аллоҳу таолонинг амр ва наҳийларига ишониб, дангасалик туфайли уларни бажармаган мўминларни кофир деб билмаслик керак. (Ваҳҳобийлар: «Амал – иймоннинг бир қисми, намоз ўқимаган ва ҳаром қилган киши кофир», – дейдилар.) Ҳаромларга аҳамият бермаганларнинг, уларни енгил санаганларнинг, Ислом динини масхара қилганларнинг иймони кетади. 8. Аҳли қибла эканликларини айтган, Аллоҳу таолога ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ишондим, деган ҳолда нотўғри эътиқодда бўлганларни такфир қилмаслик, уларнинг кофир эканини айтмаслик керак. Шунинг учун аҳли қибла такфир қилинмайди, уларга кофир дейилмайди. (Лекин ваҳҳобийлар ўзларидан бошқа ҳаммага кофир дейдилар.) 9. Очиқ гуноҳ қилгани маълум бўлмаган ҳар бир имомнинг ортида намоз ўқиш керак. Бу ҳукм жума ва ҳайит намозларини ўқитадиган амирларга, ноибларга ҳам тааллуқлидир. 10. Мусулмонлар бошларидаги амирларига, раҳбарларига қарши исён қилмасликлари керак. Хуруж, яъни исён қилиш фитна чиқариш бўлади ва турли фалокатларга олиб келади. Уларнинг хайрли иш қилишлари учун дуо қилиш ва фисқдан, гуноҳ ишлардан воз кечишлари учун ширин сўз билан насиҳат қилиш керак. 11. Таҳорат олаётганда оёқларни ювиш ўрнига, ҳеч қандай узр ва зарурат бўлмаса ҳам, эркак учун ҳам, аёл учун ҳам маҳси устидан ҳўл қўл билан бир марта масҳ тортиш жоиздир. Ялангоёққа ва оддий пайпоққа масҳ тортилмайди. 12. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Меърожлари ҳам руҳ, ҳам бадан билан бўлганига ишониш керак. Чунки Меърожга у зот муборак руҳлари ва баданлари билан бирга бордилар. «Меърож бир ҳолдир, яъни тушда бўлган», – дейдиганлар Аҳли суннатдан ажралган бўлади. 13. Иймон ортмайди ҳам, камаймайди ҳам. (Унинг ёрқинлиги ортади ва камаяди.) 14. Қуръони карим махлуқ (яратилган) эмас.
«Иймоннинг асоси ва энг кучли аломати – мусулмонларни севиш ва мусулмонларга душманлик қилганларни севмасликдир» Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ)
15. Аллоҳу таоло макондан муназзаҳдир. Яъни бирор жойни Аллоҳу таолонинг макони деб айтиш ва ишониш тўғри эмас. (Ваҳҳобийлар: «Аллоҳ осмонда ёки Аршда», – дейдилар. Бу куфрдир.) 16. Қабр саволи ва қабр азоби ҳақдир. Қабрда азоб руҳга ҳам, баданга ҳам бўлади. Қабр зиёрати жоиздир. Истиғоса, яъни пайғамбарлар ва авлиёнинг қабрларига бориб, уларнинг ҳурмати учун дуо қилиш ва улардан ёрдам сўраш жоиздир. (Ваҳҳобийлар эса буни ширк дейдилар. Шу сабабли суннийларга ва шиаларга мушрик, яъни кофир дейдилар.) 17. Ғайбни фақат Аллоҳ билади, хоҳласа, пайғамбарларига ва авлиёсига ҳам билдиради. 18. Авлиёнинг каромати ҳақдир. Каромат – Аллоҳнинг суюкли бандаларида юз берадиган фавқулодда ҳоллар бўлиб, Аллоҳу таолонинг одатидан ташқари, яъни физика, кимё ва биология қонунларидан ташқари икром ва эҳсон қилган нарсаларидир ва улар инкор қилиб бўлмайдиган даражада кўпдир. 19. Ўлдирилган киши ҳам, ўз жонига қасд қилган киши ҳам ўз ажали билан ўлган. 20. Пайғамбарлар гуноҳ қилмайдилар. 21. Бугунги кунда тўрт ҳақ мазҳабдан бирида бўлиш. 22. Пайғамбарларнинг биринчиси – Одам алайҳиссалом, охиргиси – Муҳаммад алайҳиссаломдир. (Ваҳҳобийлар ҳазрати Одамнинг, ҳазрати Идриснинг, ҳазрати Шиснинг пайғамбар бўлганини инкор қиладилар. Биринчи пайғамбар ҳазрати Нуҳ, дейдилар. Раҳбарларини расул (пайғамбар) деб атайдиган баъзи гуруҳлар ҳам: «Набий келмайди, лекин расул келади», – дейдилар. Шу сабабли «Мен расулман» дейдиган зиндиқлар ҳам пайдо бўлди.) 23. Шафоатга, сиротга, ҳисобга ва мезонга ишониш. 24. Руҳ ўлмайди. Кофир ва мусулмон ўликларнинг руҳлари эшитади. 25. Қиёмат аломатларидан бўлган Дажжолга, Доббатул арзга, ҳазрати Маҳдийнинг келишига, ҳазрати Исонинг осмондан тушишига, қуёшнинг ғарбдан чиқишига ва билдирилган бошқа қиёмат аломатларига ишониш.
Имоми Аъзам ҳазратлари: «Қиёмат аломатларига таъвилсиз ишониш керак», – дейдилар. Бир ҳадиси шарифнинг маъноси: «Қуёш ғарбдан чиқмагунча, қиёмат қойим бўлмайди. У вақтда ҳамма иймон келтиради, лекин иймон энди фойда бермайди». (Бухорий, Муслим)
26. Охиратда Аллоҳу таоло кўринади.
27. Кофирлар жаҳаннамда абадий қоладилар ва уларнинг азоблари енгиллашмайди, аксинча, тобора ортиб боради.
28. Қиёмат куни пайғамбарлар ва солиҳ, яхши зотлар шафоат қиладилар. Қабрда руҳлар тирик кишиларнинг қилганларини ва сўзлаганларини эшитадилар.
29. Қуръони карим ўқиш, садақа бериш ва ҳатто барча ибодатларимизнинг савобларини ўлганларнинг руҳларига юбориш уларга фойда беради, азобларининг енгиллашишига ёки кўтарилишига сабаб бўлади. Буларнинг ҳаммасига ишониш – Аҳли суннат эътиқодида бўлишнинг аломатларидандир. (Бу маълумотлар «Фиқҳи акбар», «Нухбатул лаолий», имоми Раббонийнинг «Мактубот», «Риёзун носиҳин» ва «Фароидул фавоид» китобларидан олинди.)
Амалда, яъни бажариладиган ибодатларда ҳақ бўлган тўрт мазҳаб бор. Саййид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари «Дуррул мухтор» китобига ёзган ҳошиясининг забоиҳ бўлимида шундай дейдилар: «Бугун ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирида бўлиши вожибдир. Тўрт мазҳабдан бирида бўлмаган киши Аҳли суннатдан ажралади. Аҳли суннатдан ажралган киши эса адашган ёки кофир бўлади».
Ибн Ҳазм, Шавконий, Абдуҳ, Рашид Ризо, Сиддиқ Ҳасан каби мазҳаб душманларининг бир қисми тақлидни ҳаром санаб, бир қисми эса талфиқ қилиб, кўп мусулмонларни залолатга судрадилар.
Эътиқоддаги ва амалдаги мазҳаб имомларимиз
Исломни саҳобаи киромдан ўрганган тобеъинлар ва улардан ўрганган табаъи тобеъинлар орасидан дин илмларида юксалиб, мутлақ мужтаҳидлик даражасига етган буюк имомлар етишиб чиқди.3 Улар амалда мазҳаб соҳиблари эдилар ва ҳар бирининг ижтиҳодларидан юзага келган ҳукмларга ўша олимнинг мазҳаби дейилди. Бу олимларнинг кўпининг мазҳаби китобларга ёзилмагани учун унутилди. Фақат тўрт буюк имомнинг ижтиҳодлари шогирдлари томонидан китобларга ёзилиб, сақлаб қолинди ва мусулмонлар орасида тарқалди. Ер юзидаги барча мусулмонларга тўғри йўлни кўрсатган ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлини ўзгартирмасдан, бузмасдан ўрганишимизга сабаб бўлган – тўрт буюк зотдир. Улар – амалдаги мазҳаб имомларимиздир. Биринчиси – имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нуъмон ибн Собит (розияллоҳу анҳу). У Ислом олимларининг энг буюкларидандир. У – Аҳли суннатнинг пешвосидир. Иккинчиси – имом Молик ибн Анас, учинчиси – имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, тўртинчиси – имом Аҳмад ибн Ҳанбал (раҳматуллоҳи алайҳим ажмаъийн). Бугун бу тўрт имомдан бирига ҳам эргашмаган киши катта хавф остидадир. У тўғри йўлдан адашгандир.
Бу тўрт имомнинг шогирдларидан иккитаси иймон илмларида жуда юксалди. Шундай қилиб, эътиқодда мазҳаб иккита бўлди. Қуръони каримга ва ҳадиси шарифларга мувофиқ иймон – шу иккиси билдирган иймондир. Фирқаи ножия бўлган Аҳли суннатнинг иймон илмларини ер юзига тарқатган – шу иккисидир. Бири – Абу Мансур Мотуридий, иккинчиси – Абул Ҳасан Али Ашъарий (раҳматуллоҳи алайҳимо). Бу икки имом бир хил иймонни билдирдилар. Улар орасидаги бир неча фарқ муҳим эмас. Ҳақиқатда улар бир хилдир. Ислом олимлари Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда мақталади. Бир ояти каримада, маъноси: «Биладиганлар билан билмайдиганлар баробар бўлурми?»4 – дейилди. Бошқа бир ояти каримада, маъноси: «Эй мусулмонлар! Билмаганларингизни биладиганлардан сўранглар!»5 – дейилди.
«Бугун ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан бирида бўлиши вожибдир. Тўрт мазҳабдан бирида бўлмаган киши Аҳли суннатдан ажралади. Аҳли суннатдан ажралган киши эса адашган ёки кофир бўлади» Саййид Аҳмад Таҳтовий (раҳматуллоҳи алайҳ)
Ҳадиси шарифларда шундай дейилди:
«Инсонларга яхшилик ўргатадиган мусулмонларга Аллоҳу таоло раҳмат қилади, фаришталар ва ҳар бир жонзот эса уларга дуо қилади».
«Қиёмат куни аввал пайғамбарлар, сўнгра олимлар, сўнгра шаҳидлар шафоат қиладилар».
«Эй инсонлар, билингларки, илм олимдан эшитиб ўрганилади». «Илм ўрганинглар. Илм ўрганиш – ибодатдир. Илм ўргатганга ҳам, ўрганганга ҳам жиҳод савоби бор».
«Илм ўргатиш – садақа бериш кабидир. Олимдан илм ўрганиш – таҳажжуд намози ўқиш кабидир».
«Илм ўрганиш барча нафл ибодатлардан кўра савоблироқдир. Чунки унинг ўзига ҳам, у ўргатадиган кишиларга ҳам фойдаси бор».
«Бошқаларга ўргатиш учун ўрганган кишига сиддиқлар савоби берилади».
«Илм – хазинадир. Унинг калити – сўраб ўрганишдир».
«Илм ўрганинглар ва ўргатинглар».
«Ҳар нарсанинг манбаи бор. Тақвонинг манбаи – орифларнинг қалбларидир».
«Илм ўргатиш – гуноҳларга каффоратдир».
Бошдан-оёқ одоб, ҳаё,
Нури – зулматга зиё,
Ул Хотамул анбиё –
Севимли Пайғамбарим.
Пайғамбарлик булоғи,
Марҳаматнинг манбаи,
Ожизларнинг паноҳи –
Севимли Пайғамбарим.
Елкасида муҳри набий,
Энг шафқатли ул Набий,
Шафоатнинг сабаби –
Севимли Пайғамбарим.
Маҳшардаги талотўпни
Тугатгувчи ягонаси,
Нариги дунё хабарчиси –
Севимли Пайғамбарим.
