УЧИНЧИ ҚИСМ ИСЛОМ ДИНИ
Бу қисм İhlas Vakfı Hakikat Kitabevi нашриёти тайёрлаган «Tam İlmihâl Se’âdet-i Ebediyye», «Herkese Lâzım Olan Îmân», «İslâm Ahlâkı», «Kıyâmet ve Âhiret» ва «Namâz Kitabı» номли китоблардан танлаб тайёрланди. Ислом дини – Аллоҳу таоло Жаброил исмли фаришта воситасида севимли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга юборган, инсонларнинг дунёда ва охиратда роҳатда ва бахтли бўлишларини таъминлайдиган усул ва қоидалардир.
Барча афзалликлар, фойдали нарсалар – Исломдадир. Ислом олдинги динларнинг кўринган-кўринмаган барча яхшиликларини ўзида жамлаган. Барча саодатлар, муваффақиятлар – ундадир. У адашмайдиган, янглишмайдиган ақллар қабул қиладиган асослар ва ахлоқдан иборатдир. Яратилишида нуқсони бўлмаганлар уни рад этмайдилар ва ундан нафратланмайдилар. Исломнинг ичида ҳеч қандай зарар, ташқарисида эса ҳеч қандай манфаат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Исломдан ташқарида манфаат излаш – саробдан ичимлик кутиш кабидир. Ислом мамлакатларни обод қилишни, инсонларни фаровонликка, тўкин-сочинликка етказишни буюради, Аллоҳу таолонинг амрларига ҳурмат кўрсатишни ва махлуқотга марҳамат қилишни талаб қилади. Ислом деҳқончиликни, тижоратни ва ҳунарни қатъий буюради. Илмга, фанга, техникага, саноатга лойиқ даражада аҳамият беради. Инсонларнинг ўзаро ёрдамлашишини, бир-бирига хизмат қилишини жиддий талаб қилади. У инсоннинг қўл остидаги кишиларнинг, фарзандларнинг, оиланинг ва миллатларнинг ҳақларини ва уларни қандай идора қилишни ўргатади; тирикларга, ўтганларга ва келажак авлодларга нисбатан ҳақ ва масъулиятни кўзда тутади. Ислом саодати дорайнни, яъни дунё ва охират саодатини ўзида жамлаган. У инсонларнинг руҳий ва моддий фаровонлигини энг мукаммал тарзда таъминлайдиган тамойилларни келтирган. Инсоннинг ҳақ ва вазифаларини энг кенг тарзда тартибга солган. Қисқаси, Ислом динининг иймон, ибодат, мунокаҳот (уйланиш, никоҳ илмлари), муомалот (олди-берди ва ижтимоий ҳаёт илмлари) ва уқубот (жиноят ва жазо ҳуқуқи) асослари бор.
Аллоҳ – Раббим, набийим ҳақ – Муҳаммаддир Расулуллоҳ,
Динимдир Ислом дини, китобим – Каломуллоҳ.
Ақоидда мазҳабим Аҳли суннатдир, ҳамд бўлсин,
Амалда Абу Ҳанифа мазҳабидир мазҳабим, валлоҳ.
НАСИҲАТ
Аҳли суннат эътиқодин назм ила, эй жавон,
Сенга қуйида қилдик очиқ тил ила баён:
Тўғри эътиқодни истар бўлсанг агар, биродар,
Кеча-кундуз бу китобни ўқигил чин дилдан, жондан!
Ҳақ раҳмат айласин Абу Ҳанифанинг руҳига,
Қуръон йўлини кўрсатди бизга ул улуғ Нуъмон!
Дунёга кўнгил боғлама, умр оқар сув каби,
Исломга эргашган киши ҳар дам бўлур шодумон.
«Ислом саодати дорайнни, яъни дунё ва охират саодатини ўзида жамлаган» Саййид Абдулҳаким Арвосий (раҳматуллоҳи алайҳ)
Аввал илмиҳолни ўрган, фарзандингга ҳам ўргат;
Дин илмини ўрганмасанг, сўнгра бўлурсан пушаймон!
Душманларимиз қандай яширинча ҳужум қилар, боқ;
Сен ҳам динни ёймоқ учун тиришгил, бой берма замон!
Динсизлар ёлғон ила ёшларни алдамоқда,
Исломни йўқ қилмоқчилар; энди ғафлатдан уйғон!
Мусулмонлар ҳам адашган, кўпи тузоққа тушган;
Сўзда барчаси аҳли қибла, лекин ажралган ҳақ йўлдан.
Илмиҳолни ўрганмаган ўзини асрай олмас.
Кофир ёки адашган бўлур Аҳли суннатдан бўлмаган!
Тўғри илмларни ёйганларга ёрдам бер!
Жиҳод савобини қозон, бунга мол бўлсин равон.
Расулуллоҳ ҳеч тўхтадиларми, саҳобаси ухладими?
Динни ёймоқ учун барчаси бўлган эди қаҳрамон!
Тириш, бекор турма сен ҳам: дин душмани жуда қавий;
Ичдан-ташдан эзмоқчилар – кетгай дин ҳам, иймон!
Саҳобага ёмон сўз айтма, ҳаммасининг қадрини бил,
Бир-бирини севар эдилар, бунга гувоҳдир Қуръон!
Энг афзали – Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ҳам,
Муовияни ҳам кўп сев – ўшадир Қуръонни ёзган!
Раббимиз жисм эмасдир, замони, макони йўқ;
Моддага ҳулул қилмас – шундай бўлмоғи керак иймон!
Махлуққа муҳтож эмасдир, шериги, ўхшаши йўқ;
Ҳар нарсани яратган – У, борлиқда ҳам У тутган.
Яхши-ёмон, иймон, куфр, модда, қувват, энергия –
Ҳаммасини У бор этар, ярата олмас ҳеч инсон!
Ҳар кимга ақл, ирода берди, ҳам йўлни кўрсатди;
Ким яхшилик тиласа, дарҳол яратур Раҳмон.
Аввал эътиқодни тузат, амру наҳийга риоя эт;
Саодатга ета олмас Исломдан ажралган!
Азалдан одат бўлди: ким экса, ўшал ўрар;
Жуда алданди, зиён кўрди экмай буғдой умид қилган!
Етмиш уч фирқадан ёлғиз Аҳли суннат
Қутулгувчи;
Расулуллоҳнинг йўлини бизга улар кўрсатган!
