ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ БАЪЗИ ЗАВОИД СУННАТЛАРИ
Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қилган ишлари учга бўлинади. Биринчиси – мусулмонларнинг ҳам қилиши лозим бўлган нарсалар. Буларга «суннат» дейилади. Иккинчиси – фақат Пайғамбаримизга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) хос бўлган нарсалар. Буларга «хасоис» дейилади. Уларни бошқаларнинг қилиши жоиз эмас. Учинчиси – одатга боғлиқ нарсалар. Уларни ҳар бир мусулмон яшаётган жойининг одатига мувофиқ қилиши лозим. Одатга мувофиқ бўлмаган ҳолда қилинса, фитна қўзғалади. Фитна қўзғатиш эса ҳаромдир.1
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) ўзлари ибодат сифатида қилган нарсаларни тарк этган кишини инкор қилмаган бўлсалар, яъни унга хафа бўлмаган бўлсалар, бундай ибодатларга «суннати ҳудо» дейилади. Агар уларни доимо қилиб келган бўлсалар, уларга «суннати муаккада» дейилади. Расулуллоҳнинг одат сифатида қилган нарсаларига «суннати зоида» ёки «мустаҳаб» дейилади.2 Масалан, яхши ишларни ўнгдан бошлаш, ўнг қўл билан қилиш, шунингдек, бино қуришда, ейишда, ичишда, ўтиришда, туришда (ётишда), кийимда, асбобларда у зотнинг қилган ва ишлатган нарсалари шундайдир. Кейин пайдо бўлган нарсаларга «бидъат» дейилади. Ун элаги, қошиқ ишлатиш каби «одатдаги бидъат» бўлган нарсаларни, яъни кейин пайдо бўлган одатларни қилиш залолат (адашиш) бўлмайди. Гуноҳ бўлмайди. Бундан маълум бўладики, стол атрофида овқатланиш, санчқи, қошиқ ишлатиш, каравотда ётиш, конференцияларда, мактабларда ахлоқ ва фан дарсларида радио, телевизор ва магнитофон ишлатиш, ҳар турли транспорт воситаларига миниш, кўзойнак, ҳисоблаш машинаси каби фан воситаларидан фойдаланиш жоиздир. Чунки булар одатдаги бидъатлардир. Одатдаги бидъатларни, янгиликларни ҳаром ишларда ишлатиш ҳаромдир. Намозда, азонда ва масжиддаги ваъз ва хутбада радио, овоз кучайтиргич, магнитофон ишлатиш ҳақида «Se’âdet-i Ebediyye» ва «İslâm Ahlâkı» китобларида кенг маълумот бор. Ибодатда бидъат қилиш, ҳатто кичик бир ўзгартириш киритиш жуда катта гуноҳ бўлади.3 Жиҳод, яъни ҳукуматнинг, қўшиннинг душманлар билан жанг қилиши ибодатдир. Лекин жангда ҳар турли фан воситаларини ишлатиш бидъат бўлмайди. Аксинча, жуда кўп савоб бўлади. Чунки жангда ҳар турли фан воситаларини ишлатиш буюрилган. Ибодатларда буюрилган нарсаларни қилишга ёрдамчи бўлган янгиликларни қилиш лозим. Ман қилинган нарсаларни қилишга ёрдамчи бўлган янгиликларни, ўзгаришларни киритиш бидъат бўлади. Масалан, азон айтиш учун минорага чиқиш лозим, чунки уни баланд жойда айтиш буюрилган. Лекин азонни овоз кучайтиргич билан айтиш бидъатдир, чунки уни асбоб билан айтиш буюрилмаган. Инсоннинг айтиши буюрилган. Шунингдек, намоз вақтларини билдириш ёки бошқа ибодатларни қилиш учун қўнғироқ чалиш, бурғу чалиш каби мусиқа асбобларини ишлатиш ҳам Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан ман қилинган.4
«Одатга боғлиқ нарсаларда ҳам Расулуллоҳга тобе бўлиш инсонга дунёда ва охиратда кўп нарса қозондиради ва турли саодатларга йўл очади» Мактуботи Раббоний, II, 5-мактуб
«Суннати ҳудо» деб аталганни тарк этиш макруҳдир. «Суннати зоида» деб аталганни тарк этиш эса макруҳ эмас.5
Пайғамбаримизнинг тозаликка, тартиб ва интизомга берган аҳамиятлари
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тозаликка, тартиб ва интизомга жуда катта аҳамият берар эдилар. Ҳар бир ишни ўнгдан бошлашни, ўнг қўллари билан қилишни яхши кўрар эдилар.6 Фақат истинжони чап қўллари билан қилар эдилар.
Иложи борича ҳар бир ишни тоқ сонда қилар эдилар. У зот: «Кимнинг сочи бўлса, унга яхши қарасин!» – дер эдилар.
Пайғамбаримиз масжидда эканларида, у ерга сочи-соқоли тўзғиган бир киши кирди. Севимли Пайғамбаримиз: «Бу кишининг сочини текислайдиган гул ёғи ҳам топилмайдими?» – деганларидан кейин, унга дарҳол ташқарига чиқиб, сочини, соқолини тузатиб келишини қўллари билан ишора қилиб билдирдилар. Ҳалиги киши шундай қилиб қайтгач, Пайғамбаримиз: «Сизлардан бирингизнинг шундай келиши яхшироқми ёки сочи-соқоли шайтонникидек тўзғиган ҳолда келишими?» – дедилар.
У зот сафарда ҳам шишада ёғ олиб юрар эдилар. Ёғ суртганларида бошларига аввал юпқа рўмол ўраб, бош кийимларини рўмол устидан кияр эдилар. Шу тариқа ёғ суртганлари ташқаридан билинмас эди. Пайғамбаримиз ҳар куни соқолларини икки марта тарар эдилар.
Анас ибн Молик шундай дейди: «Расул алайҳиссалом муборак сочларига тез-тез гул ёғи суртар, муборак соқолларини сув билан ҳўллаб тарар эдилар».7 Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак соқолларининг бўйидан ва ёнларидан бир оз олар эдилар. Жума намозига чиқишдан олдин муборак мўйловларини қисқартирар, муборак тирноқларининг ўсганини олар эдилар. Мусулмонларга ҳам мўйловларини қисқартиришни буюрар эдилар.
Пайғамбаримиз ойнага қараганларида ҳар сафар Аллоҳу таолога ҳамд айтар ва: «Аллоҳим! Суратимни гўзал яратганингдек, ахлоқимни ҳам гўзал қил!» – деб дуо қилар эдилар.
Пайғамбаримиз ҳар кечаси ухлашдан олдин муборак кўзларига уч марта сурма тортар эдилар. Сурмани муборак ўнг кўзларига уч, муборак чап кўзларига икки марта тортар эдилар. У зот: «Сурма тортинглар! Чунки у кўзни равшан қилади, сочни (киприкни) ўстиради», – дер эдилар.8
Ислом олимлари эркак кишининг даволаниш учун сурма тортиши жоиз, лекин зийнат учун тортиши жоиз эмаслигини билдирганлар. Жамол ва зийнат сўзларини бир-бири билан аралаштирмаслик керак.
Жамол – хунукликни кетказиш, виқор соҳиби бўлиш ва шукр қилиш учун неъматни кўрсатиш демакдир. Кўз-кўз қилиш учун, мақтаниш учун кўрсатиш жамол бўлмайди, кибр бўлади. Расулуллоҳ мисвок ишлатишга жуда катта аҳамият берар эдилар. Уни ёнларидан ҳеч айирмас эдилар. Пайғамбаримиз: «Арок дарахтининг чўпи билан мисвок қилинглар!» – дер эдилар. Мисвок оғизга хуш ҳид беради. Пайғамбаримиз: «У менинг ҳам, мендан олдинги пайғамбарларнинг ҳам суннатидир!» – деганлар.
Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Агар умматимга машаққат бермаганимда, уларга ҳар намоз учун мисвок ишлатишни буюрган бўлар эдим!»9 «Сизларга мисвок ишлатишни қаттиқ тавсия қиламан!»
«Мисвок – оғизнинг поклиги ва Раббимнинг розилигидир!» Севимли Пайғамбаримиз уйларига кирганларида биринчи ишлари муборак тишларини мисвок қилиш бўлар эди. Ёнларида мисвок бўлмаса ухламас эдилар, уйғонганларида ҳам муборак тишларини мисвок қилишдан бошлар эдилар. Кечаси таҳажжуд намозига турганларида ҳам муборак тишларини мисвок қилар эдилар.10 Ҳазрати Оиша онамиз (розияллоҳу анҳо): «Пайғамбар алайҳиссалом бирор кеча ёки кундуз ухлаб уйғонганларидан кейин таҳоратдан олдин мисвок ишлатмай қолмаганлар!» – деган. Севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўғиллари Иброҳим вафот этган эди. Дафн пайтида қабрга қўйилган ғиштлардан бири қийшиқ турган эди. Пайғамбаримиз аралашиб, уни тўғриладилар. Қийшиқ турган ғиштнинг вафот этган кишига ҳеч қандай фойдаси ҳам, зарари ҳам йўқлигини, лекин тартибсизликдан кўнгиллари безовта бўлишини билдирдилар.
Пайғамбаримизнинг Хонаи саодатлари
Севимли Пайғамбаримиз Мадинада масжидларини қурдирганларида, масжид ёнига хом ғиштдан иккита хона қурдириб, устини хурмо тўнкалари ва шохлари билан ёптирган эдилар. Масжиди шариф қурилаётганда Оиша ва Савда (розияллоҳу анҳумо) учун биттадан хона қурилди. Ҳазрати Оиша онамиз хонасининг эшиги масжидга борадиган йўлга қараган эди. Ҳазрати Савда онамиз учун қурилган хонанинг эшиги эса масжиднинг учинчи дарвозаси бўлган Оли Усмон дарвозасига қараган эди. Пайғамбаримиз бошқа завжаларга уйланганларидан кейин хоналар сони ортиб, тўққизтага етди. Улар ҳазрати Оиша онамизнинг хонаси билан қибла орасида қурилди. Хоналарнинг баъзилари хом ғиштдан, баъзилари тошдан эди. Баъзилари хурмо шохларидан (Бағдод услубида) ясалиб, устлари лой билан сувалган, шифтлари ҳам хурмо шохларидан қилинган эди. Ҳасан ибн Абул Ҳасан (розияллоҳу анҳу) шундай дейди: «Мен ўсмирлик чоғимда Расулуллоҳнинг уйларига кириб, қўлимни узатиб, шифтларига етказган эдим. Расулуллоҳ хоналарининг ёпинчиғи сарв ёки арча тўнкаси устига тортилган қил тўқимадан иборат эди».
Имоми Бухорийнинг билдиришига кўра, «Расулуллоҳнинг уйлари эшигида ҳалқа бўлмаган, у камон учи билан қоқилар эди». Муҳаммад ибн Ҳилол ва Ато Хуросоний ҳам Пайғамбаримизнинг завжалари хоналарини кўрганлар ва уларнинг хурмо шохларидан қилинганини, эшик ўрнида қора қилдан тўқилган палос пардалар осилганини билдирганлар. Ўз кўзи билан кўрган Довуд ибн Қайснинг айтишича, хоналарнинг эшикдан ён деворларгача бўлган кенглиги ҳар бирида 6–7 зироъ11 (3–3,5 м) чамаси, ички чуқурлиги эса тахминан ўн зироъ (4,8 м) эди. (Бир зироъ – 48 см.)
«Мисвок – оғизнинг поклиги ва Раббимнинг розилигидир!» Ҳадиси шариф
Халифа Абдулмаликдан Пайғамбаримизнинг завжаларига тегишли хоналарни сотиб олиб, масжидга қўшиш ҳақида мактуб келди. У Мадинада ўқилган куни кўп кишилар кўз ёшларини тия олмади, мадиналиклар Пайғамбаримиз вафот этган кундагидек йиғлашди.12
Саъид ибн Мусайяб ҳам: «Валлоҳи, уларнинг ўз ҳолида қолдирилишини қанчалик истар эдим! Мадиналиклардан янги етишиб чиққанлар ва Мадинага ташқаридан келганлар Расул алайҳиссаломнинг ҳаётларида нима билан қаноат қилганларини кўрар эдилар, одамлар ҳам молларининг кўп бўлишига ва у билан мақтанишга рағбат қилмас эдилар», – деб бу борадаги қайғусини изҳор қилган.
Пайғамбаримизнинг уй ичидаги ҳолатлари
Ҳазрати Ҳусайн ҳикоя қилади: «Отамдан Пайғамбаримизнинг уй ичидаги машғулотлари ҳақида сўрадим. Отам шундай ҳикоя қилди: Пайғамбаримиз уйларига кирганларидан бошлаб вақтларини учга – Аллоҳга ибодатга, оила аҳлининг ишларига ва ўзларининг шахсий ишларига ажратган эдилар. Ўзларига ажратган вақтни ҳам ўзлари билан одамлар ўртасида тақсимлаган эдилар. Ўша вақтда ҳузурларига одамлардан фақат сара саҳобалар кирар эди. У зот халққа диний масалаларни улар орқали етказар, халққа тегишли бирор нарсани ўзларида сақламас, йиғмас эдилар. Пайғамбаримизнинг умматларига ажратган вақтларини фазилат эгаларига, уларнинг диндаги афзаллик даражаларига қараб тақсимлаб, уларни шунга кўра ҳузурларига чақириш одатлари бор эди. Улардан баъзисининг битта ҳожати, баъзисининг иккита ҳожати, баъзисининг эса ундан ҳам кўп ҳожати бўлар эди. Пайғамбаримиз уларнинг диний ҳожатлари билан машғул бўлар, саволларига керакли жавобларни берар, сўнгра: „Буларни шу ерда бўлганлар бу ерда бўлмаганларга етказсин! Ўзи келиб ҳожатини менга айта олмаган кишининг ҳожатини сизлар менга етказинглар. Албатта, ҳожатини айта олмаганнинг ҳожатини етказган кишининг оёқларини Аллоҳ қиёмат куни Сирот устида собит қилади!“ – дер эдилар.
Пайғамбаримизнинг ҳузурларида бундан бошқа нарса эсланмас, тилга олинмас эди. Зотан, ўзлари ҳам ҳеч кимдан бундан бошқасини қабул қилмас эдилар. Пайғамбаримизнинг ҳузурларига кирганлар илм толиби бўлиб кирар, энг катта олим бўлиб, илм лаззатини татиб ва бошқаларга ҳам унга йўл кўрсатувчи бўлиб чиқар эдилар!»
Пайғамбаримизнинг уйдан ташқаридаги ҳолатлари
Ҳазрати Ҳусайн отаси ҳазрати Алидан Пайғамбаримизнинг уйдан ташқаридаги ҳолатлари ҳақида сўради. У буларни шундай ҳикоя қилди:
Коинот сарвари ташқарида гапирмас эдилар. Фақат гаплари мусулмонларга фойдали бўлса, уларни бир-бирларига илитса, ораларидаги айрилиқни, совуқликни кетказса, гапирар эдилар. Ҳар бир қавмнинг юксак хислатли кишисини икром қилар ва уни ўз қавми устига ноиб қилиб тайинлар эдилар.13 Халқни ёмонлардан ва ёмонликлардан ҳимоя қилар, ўзлари ҳам бундай ҳолатларга тушишдан сақланар эдилар. Ҳеч кимдан очиқ юзларини ва гўзал хулқларини аямас эдилар.
Саҳобаларини кўрмасалар, уларни излар, саҳобаларидан ораларида бўлиб ўтган воқеаларни сўрар эдилар. Яхшиликни мақтар ва мустаҳкамлар, ёмонликни эса қоралар ва заифлатар эдилар. Ҳар бир ишлари мўътадил, ихтилофсиз эди. Мусулмонлар ғафлатга тушмасин деб ташвишланиб, уларни огоҳлантириб туришдан тўхтамас эдилар. Ҳар бир ҳолатлари бир хил, ўзгармас эди. Пайғамбаримизда ибодат ва тоат учун тўлиқ истеъдод бор эди. На ҳақдан ошар, на уни адо этишда камчиликка йўл қўяр эдилар. У зотга яқин бўлганлар одамларнинг энг яхшилари эди.
У зотнинг наздида саҳобаларнинг энг афзали – насиҳати энг кенг қамровлиси, мартабаси энг улуғи эса муҳтожларга ёрдами ва яхшилиги энг гўзал бўлгани эди. Коинот сарвари Аллоҳни зикр қилмасдан на ўтирар, на турар эдилар.
Мажлисда ўзларига алоҳида жой белгиламас, шундай қилишни ман этар эдилар. Қаерда бўлмасин, ўтирган бир жамоат ёнига борганларида, тўрга ўтмас, мажлиснинг охирига ўтирар ва мусулмонларга ҳам шундай қилишни буюрар эдилар.
Ўзлари билан бирга ўтирган ҳар бир кишига насибасини берар, шундай икром қилар эдиларки, ҳар ким Расулуллоҳнинг наздида ўзидан қимматлироқ киши йўқ деб ўйлар эди. Ўзлари билан ўтирган ёки келиб ҳожатини айтган кишининг ҳамма нарсасига у қайтиб кетгунича чидар эдилар.14
Бирор киши у зотдан бирор ҳожат, истак сўраса, уни рад этмас: ё берар, ёки ширин ва юмшоқ сўз билан қайтарар эдилар. Гўзал ахлоқлари барча инсонларни ўз ичига оладиган даражада кенг эди. Уларга меҳрибон ота бўлган эдилар. Ҳақ масаласида ҳамма у зотнинг наздида тенг эди. Пайғамбаримизнинг мажлиси илм, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси эди.
Мажлисларида на овозлар кўтарилар, на бирор киши айбланар, на қилинган камчилик ва хато ошкор этилар эди. Коинот сарварининг мажлисида бўлганлар бир-бирларига тенг бўлиб, бир-бирларидан афзалликлари фақат тақво жиҳатидан эди. Ҳаммаси камтарин эди. Катталарни ҳурмат қилишар, кичикларга шафқат ва марҳамат кўрсатишар, ҳожатмандларни бошқалардан устун қўйиб, ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишар, ғарибларни, бегоналарни ҳимоя қилиб, уларга ғамхўрлик қилишар эди. Пайғамбаримиз доимо очиқ юзли, юмшоқ табиатли эдилар. Шафқатлари, кечиримлари кўп эди. Қаттиқ қалбли эмас эдилар. Ҳеч ким билан талашмас эдилар. Ҳеч бақириб-чақирмас, ёмон сўз айтмас эдилар. Ҳеч кимни айбламас эдилар. Хасис эмас эдилар. Ёқтирмаган нарсаларига кўз юмар эдилар. Умид қилганни умидсизликка туширмас, бирор нарсадан норозиликларини ошкор қилмас эдилар.
Пайғамбаримиз уч нарсадан узоқ турар эдилар:
- одамлар билан талашишдан,
- кўп гапиришдан,
«Мен бирор нарсага суянган ҳолда таом емайман» Ҳадиси шариф
- фойдасиз, бўш нарсалар билан машғул бўлишдан.
Одамларни ҳам уч нарсада ўз ҳолларига қўяр эдилар:
- ҳеч кимни на юзига, на орқасидан қораламас, айбламас эдилар,
- ҳеч кимнинг айбу нуқсонини суриштирмас эдилар,
- ҳеч кимга у ҳақда савобли ва хайрли бўлмаган сўзни айтмас эдилар.
Пайғамбаримиз гапираётганларида ҳузурларида бўлганлар бошларига қуш қўнгандек жим ва қимирламай ўтиришар, у зот сўзларини тугатиб жим бўлганларидан кейин айтадиганларини айтишар, лекин у зотнинг ҳузурларида асло баҳслашмас ва талашмас эди. Пайғамбаримизнинг ҳузурларида бирор киши гапираётганда, у гапини тугатгунча бошқалар жим турар эди. Пайғамбаримиз учун энг охирги гапирганнинг сўзи билан энг биринчи гапирганнинг сўзи орасида фарқ йўқ эди. Мажлисларида бўлганлар бирор нарсага кулсалар, у зот ҳам улар билан бирга кулар, бирор нарсага ҳайрон бўлсалар, у зот ҳам улар билан бирга ҳайрон бўлар эдилар. Саҳобалари ҳам ўзлари каби муомала қилсинлар деб, ҳузурларига келган ғарибларнинг, бегоналарнинг сўзларидаги ва саволларидаги қўполлик ва дилозорликка сабр қилар эдилар. Пайғамбаримиз: «Бир ҳожатманднинг ҳожатини сўраётганини кўрсангиз, ҳожатига етишиши учун унга ёрдам беринглар!» – дер эдилар.
Пайғамбаримиз ҳақиқатга мос келмаган мақтовни қабул қилмас эдилар. Ҳаққа тажовуз қилмагунча ҳеч кимнинг сўзини бўлмас эдилар. Ҳаққа тажовуз қилганда эса ё уни ман этиб сўзини бўлар, ёки мажлисдан туриб кетар эдилар. Коинот сарварининг сукут қилишлари тўрт нарсага – ҳилмга, ҳазарга, тақдирга ва тафаккурга асосланар эди. Тақдирлари одамларга тенг қараш ва уларни тенг тинглашда дарҳол кўзга ташланар эди. Тафаккурлари дунё ва охират ишларини ўйлашларида кўринар эди.
Ҳилм ва сабрни ўзларида жамлаган эдилар. Дунёга оид ҳеч бир нарса у зотни ғазаблантирмас эди. Ҳазарга келсак, бу хулқлари туфайли у зотда тўрт хислат жамланган эди:
- энг яхшисини унга эргашиш учун олар эдилар,
- хунук нарсаларни улардан тийилиш учун тарк этар эдилар,
- фикрларини умматларига фойдали бўлган нарсаларга сарфлар эдилар,
- бор ҳимматларини умматларининг дунё ва охират саодатини таъминлайдиган нарсаларга қаратар эдилар.
Коинот сарварининг бирор нарсага «Йўқ!» деганлари бўлмаган. Қилишни истаган бир нарсалари сўралганда, «Майли!» – дер эдилар, қилишни истамаган нарсалари сўралганда эса сукут қилар эдилар ва уни қилишни истамаганлари шу сукутларидан англашилар эди. Ҳар кимнинг дунё ва охират саодати учун ҳаракат қилар эдилар. Бир ғазотда у зотдан кофирларнинг йўқ бўлиши учун дуо қилишлари сўралганда, шундай дедилар:
«Мен лаънат қилиш учун, одамларнинг азоб чекиши учун юборилмадим. Мен ҳар кимга яхшилик қилиш учун, одамларнинг осойишталикка эришиши учун юборилдим».
Анбиё сурасининг бир юз еттинчи оятида, маъноси: «Биз сизни оламларга раҳмат, яхшилик қилиб юбордик», – дейилган. Шунинг учун у зот доимо ҳар кимнинг яхшилиги учун ҳаракат қилар эдилар. Анас ибн Моликнинг хабар беришича, Пайғамбаримиз бирор киши билан учрашганларида у билан мусофаҳа қилар эдилар15, у киши қўлини тортмагунча Пайғамбаримиз ҳам қўлларини тортмас, у киши юзини бурмагунча Пайғамбаримиз ҳам ундан юзларини бурмас эдилар.
Ҳазрати Анас ибн Молик яна шундай ҳикоя қилади: «Пайғамбаримиздан: „Ё Расулаллоҳ! Бир-биримизга эгилайликми?“ – деб сўрадик. У зот: „Йўқ!“ – дедилар. „Бир-биримиз билан қучоқлашайликми?“ – деб сўрадик. У зот: „Йўқ! Лекин мусофаҳа қилинглар!“ – дедилар».16
Ҳазрати Баро ибн Озиб Пайғамбаримизнинг шундай деганларини ҳикоя қилди: «Икки мусулмон учрашиб, мусофаҳа қилсалар, улар бир-бирларидан ажралмасларидан олдиноқ мағфират қилинадилар!»
Коинот сарвари доимо ўйчан эдилар. Сукутлари гапиришларидан узоқроқ давом этар эди. Расулуллоҳ кераксиз жойда гапирмас эдилар. Сўз бошлаганларида ҳам, сўзни тугатганларида ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилар эдилар.
Гапирганларида қисқа ва мазмунли сўзлар билан гапирар эдилар. Расулуллоҳнинг сўзлари доимо ҳақ ва ўринли эди. Расулуллоҳ гапирганларида на ортиқча, на кам сўз ишлатар эдилар. Ҳеч кимнинг кўнглини синдирмас, ҳеч кимни камситмас эдилар.
Пайғамбаримиз дунё учун, дунё ишлари учун ғазабланмас эдилар. Лекин бирор ҳақ поймол қилинмоқчи бўлганда, у ҳақни олиб бермагунларича ҳеч нарса ғазабларининг олдини ола олмас эди.
Ўз шахслари учун асло ғазабланмас ва ўч олмас эдилар. Бирор нарсага ишора қилмоқчи бўлганларида бармоқ билан эмас, бутун қўллари билан ишора қилар эдилар. Ҳайрон бўлганларида қўлларининг ҳолатини тескари қилар, яъни кафтлари осмонга қараган бўлса ерга, ерга қараган бўлса осмонга қаратар эдилар. Гапирганларида қўл ҳаракатлари қилар, муборак ўнг қўлларининг кафтини чап қўлларининг бош бармоғининг ички томонига уриб турар эдилар. Ғазабланганларида ғазабдан дарҳол воз кечар ва ғазабларини билдирмас эдилар. Хурсанд бўлганларида, кўнгиллари очилганда муборак кўзларини юмар эдилар. Энг кўп кулишлари – табассум эди. Табассум қилганларида муборак тишлари марварид доналаридек кўринар эди.17
Яхши ишларда ўнг томондан бошлашни севардилар,
Таҳоратга, либосга шошардилар ул карам кони.
Ўнг ёнлари узра, юзлари қиблага қараб ётардилар,
Ҳар нафасда ғайбни сайр этардилар ул карам кони.
«Икки мусулмон учрашиб саломлашсалар ва мусофаҳа қилсалар, улар бир-бирларидан ажралмасларидан олдиноқ мағфират қилинадилар!» Ҳадиси шариф
Тўшаклари сахтиён эди, ёстиқлари хурмо толасидан,
Кечаси ётсалар, оз ухлардилар ул бедор карам кони.
Кўзлари ухласа ҳам, кўнгиллари Дўстлари ила ухламасди,
Азалдан Унинг ҳуснига ҳайрон эдилар ул карам кони.
Пайғамбаримизнинг ётишлари, ухлашлари
Пайғамбаримиз тўшакларида ухламоқчи бўлганларида муборак ўнг ёнлари билан ётар, муборак ўнг қўлларини муборак ўнг юзлари остига қўяр, сўнгра шундай дуо қилар эдилар: «Аллоҳим! Ўзимни Сенга таслим қилдим. Юзимни Сенга қаратдим. Ишимни Сенга топширдим. Орқамни Сенга таядим. Сенинг азобингдан қўрқаман, раҳматингни умид қиламан. Сенинг раҳматингдан бошқа сиғинадиган жой йўқ, Сенинг азобингдан бошқа сақланадиган нарса йўқ.
Фақат Сенинг раҳматингга сиғинилади ва фақат Сенинг раҳматинг билан нажот топилади. Сен нозил қилган китобингга ва Сен юборган Пайғамбарингга иймон келтирдим.
Эй Раббим! Ёнимни Сенинг исминг билан ерга қўйдим. Агар жонимни олиб қолсанг, унга раҳматинг билан муомала қил! Агар уни қайтарсанг, солиҳ бандаларингни ҳимоя қилганингдек, уни ҳам ҳимоя қил!
Аллоҳим! Сенинг исминг билан ўламан ва Сенинг исминг билан тириламан. Бизни едирган, ичирган, ҳар бир эҳтиёжимизни қондирган, бизга бошпана берган, паноҳ берган Аллоҳим! Сенга беҳисоб ҳамд айтаман. Қанча кишилар борки, на эҳтиёжларини қондирадиган, на бошпана берадиган кимсаси бор! Аллоҳим! Бандаларингни ҳузурингга тўплайдиган кунда мени азобингдан ҳимоя қил! Аллоҳим! Аввал – Сенсан! Сендан олдин ҳеч нарса йўқдир! Охир – Сенсан! Сендан кейин ҳеч нарса йўқдир! Зоҳир – Сенсан! Сендан юқорида ҳеч нарса йўқдир!»
Уйғонганларида шундай дуо қилар эдилар: «Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақат Сен борсан! Сени тасбеҳ ва танзиҳ қиламан. Аллоҳим! Гуноҳларимни мағфират қилишингни ва раҳматингни сўрайман.
Бизни ўлганимиздан кейин тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қиёмат куни қайтишимиз ҳам Унгадир».18 Сўнгра: «Аллоҳим! Илмимни зиёда қил! Менга тўғри йўлни кўрсатганингдан кейин қалбимни тойдирма! Улуғ даргоҳингдан менга раҳмат эҳсон эт! Чунки мағфирати энг кўп бўлган – Сенсан!» – деб дуо қилар эдилар. Ҳазрати Баро ибн Озиб ҳикоя қилади: Коинот сарвари менга шундай дедилар:
«Ётадиган жойингга борганингда, намоз учун таҳорат олгандек таҳорат ол! Сўнгра ўнг ёнинг билан ёт ва: „Аллоҳим! Ўзимни Сенга таслим қилдим. Юзимни Сенга қаратдим. Орқамни Сенга таядим. Сенинг азобингдан қўрқаман, раҳматингни умид қиламан. Сенинг раҳматингдан бошқа сиғинадиган жой йўқ, Сенинг азобингдан сақланадиган жой йўқ! Фақат Сенинг раҳматингга сиғинилади ва фақат Сенинг раҳматинг билан нажот топилади. Сен нозил қилган китобингга ва Сен юборган Пайғамбарингга иймон келтирдим!“ – деб айт! Ўша кечаси ўлсанг, Ислом фитрати устида ўласан. Ким буни айтиб, ўша кечаси ўлса, у Ислом фитрати устида ўлади!»
Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Сизлардан бирингиз кечаси тўшагидан туриб, сўнгра яна ётиш учун қайтса, уни уч марта қоқсин. Чунки у ўзи тургандан кейин нима бўлганини, тўшак устига нима келиб жойлашганини билмайди». Асҳоби суффадан Абдуллоҳ ибн Таҳфа (розияллоҳу анҳу) шундай ҳикоя қилади: «Мен саҳар вақтида масжидда қорним устида, яъни юзтубан ётиб ухлаётганимда, кимдир мени оёғи билан туртди.
– „Бу ким?“ – деб сўрадилар.
– „Мен Абдуллоҳ ибн Таҳфаман“, – деб жавоб бердим.
Не кўрай! У Коинот сарвари эканлар! Дарҳол ўрнимдан туриб ўтирдим.
– „Бу – улуғ Аллоҳ энг ёқтирмайдиган ётишдир!“ – дедилар».19 Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) таҳоратсиз ерга қадам босмас эдилар.
Расулуллоҳнинг ҳожатхонага бориб, кейин таҳорат олмаганларини ҳеч ким кўрмаган.
Пайғамбаримизнинг юришлари
Ҳазрати Ҳинд ибн Абу Ҳола шундай ҳикоя қилади: «Коинот сарвари юрганларида оёқларини ердан чаққон кўтарар, икки ёнга чайқалмас, қадамларини кенг ташлар, баланд жойдан тушаётгандек олдинга бир оз энгашар, виқор ва осойишталик билан, бемалол юрар эдилар.
Қарамоқчи бўлган томонларига бутунлай ўгирилиб қарар эдилар. Атрофга бепарво аланглаб қарамас эдилар.
Ерга қарашлари осмонга қарашларидан узоқроқ эди.
Ерга қарашлари ҳам кўз қири билан эди. Йўлда саҳобаларининг орқасидан юрар эдилар.
Бирор киши билан учрашганларида, аввал ўзлари салом берар эдилар».
Ҳазрати Абу Ҳурайра шундай ҳикоя қилади: «Юришда Коинот сарваридан тезроқ кишини кўрмадим. Юрганларида ер гўё у зотнинг оёқлари остида ўралиб борар эди! Биз у зотга етиб олиш учун ўзимизни ниҳоятда қийнар эдик. Коинот сарвари эса юрганларида ўзларини ҳеч қийнамас эдилар».20
Пайғамбаримизнинг ўтиришлари
Кўпинча тиз чўкиб ўтирар эдилар. Қурфусо шаклида, яъни тиззаларини тик қилиб, уларни қўллари билан қучоқлаб ўтирганлари ҳам кўрилган.21 Ҳеч қачон оёқларини мажлисларида бўлганларга томон узатмас эдилар. Одатда қиблага қараб ўтирар эдилар. Ҳузурларига келган меҳмонларнинг остига кўпинча елкаларидаги аболарини тўшаб, уларни унинг устига ўтқазар эдилар. Баъзан меҳмонларига ўзларининг тўшакчаларини ҳам берар эдилар. Ҳанзала ибн Ҳизям: «Пайғамбаримизнинг ҳузурларига борганимда, у зотни чордона қуриб ўтирган ҳолда кўрдим», – деб ҳикоя қилган. Жобир ибн Самура ҳам Пайғамбаримизнинг бомдод намозини ўқиганларидан кейин қуёш чиққунча намоз ўқиган жойларида чордона қуриб ўтирганларини билдирган.
«Аллоҳу таолонинг ахлоқи билан ахлоқланинглар!» Ҳадиси шариф
Шарид ибн Сувайд шундай дейди: «Коинот сарвари менинг ёнимга кириб ўтган эдилар. Ўшанда мен чап қўлимни орқамга қўйиб, кафтимнинг ярмига таяниб ўтирган эдим. Шунда Коинот сарвари: „Сен ғазабга учраганларнинг (яҳудийларнинг) ўтиришидек ўтирибсанми?“ – дедилар». Абу Жуҳайфа ҳикоя қилади: «Пайғамбаримиз: „Мен бирор нарсага суянган ҳолда таом емайман“, – дедилар».22
Чордона қурардилар, ё тиз чўкардилар, ё тиз кўтарардилар,
Ошкору ниҳон одобга тўла эдилар ул карам кони.
Уч бармоқлари ила еб, уларни лаззат-ла ялардилар,
Уч нафасда зилол сув ичардилар ул карам кони.
Асал, ҳолва, қовоқ, сирка, саридни севардилар, аммо
Арпа нонидан тўйгунча емадилар ул карам кони.
Муборак қоринларига гоҳо очликдан тош боғлардилар,
«Юрагим титрамасин», – дердилар ул карам кони.
Саодат хонасида неча ойлаб ўт ёқилмасди,
Қаноат-ла хурмо, анор ердилар ул карам кони.
Пайғамбаримизнинг ейишлари ва ичишлари
Пайғамбаримиз шундай дедилар:
«Таомнинг баракаси – таомдан олдин таҳорат олишда, таомдан кейин эса қўл ювишдадир!»23
«Ким қўлидаги гўшт, ёғ ҳидини, юқини ювмай ухлаб, бошига бирор нарса келса, ўзидан бошқа ҳеч кимни айбламасин!» «Таомнинг баракаси – унинг ўртасидадир! Сизлардан бирингиз таом еганда, товоқнинг ўртасидан эмас, четидан есин, чунки барака унинг ўртасига тушади!» Ҳазрати Оиша онамиз ҳикоя қилади: «Коинот сарвари шундай дедилар: „Сизлардан бирингиз таом емоқчи бўлганда, Бисмиллаҳир роҳманир роҳим десин, улуғ Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Таом ейишни бошлашдан олдин буни айтишни унутса, таомнинг аввали ва охири учун Бисмиллаҳир роҳманир роҳим десин!“»24
Умайя ибн Махшийнинг хабар беришича, бир киши бисмиллаҳ айтмасдан таом ер эди.
Пайғамбаримиз унинг бисмиллаҳ айтмаганини англаб: «Таомнинг аввали ва охири учун Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, деб айт!» – дедилар. Ҳалиги киши «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим» дегач, Пайғамбаримиз табассум қилдилар ва: «Шайтон сен билан бирга ейишда давом этаётган эди. Сен улуғ Аллоҳнинг исмини зикр қилганингда, шайтон қорнидаги ҳамма нарсани қусиб ташлади!» – дедилар.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умарнинг хабар беришича, Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Сизлардан бирингиз таом еганда, ўнг қўли билан есин. Бирор нарса ичганда ҳам, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан ейди ва чап қўли билан ичади!»25
Салама ибн Акваъ отасидан эшитиб, шундай ривоят қилди: Пайғамбаримиз Ашжаъ қабиласидан Буср ибн Роъийул Ийр деб танилган бир кишининг ёнларида чап қўли билан овқат еяётганини кўриб, унга: «Ўнг қўлинг билан е!» – дедилар. Ҳалиги киши: «Бунга кучим етмайди, ўнг қўлим билан ея олмайман!» – деб ёлғон гапирди. Шунда Пайғамбаримиз: «Кучинг етмасин! Уни ўнг қўли билан ейишдан фақат кибр ва ғурур тўсиб турибди!» – дедилар. Шу кундан бошлаб ҳалиги киши қўлини оғзига кўтара олмайдиган бўлиб қолди!26 Пайғамбаримиз: «Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳу таоло ейиладиган бир нарсани еб ёки ичиладиган бир нарсани ичиб, шунинг учун Ўзига ҳамд айтган бандасидан, албатта, рози бўлади», – дер эдилар.
Пайғамбаримиз тупроқ устида ўтирар, овқатларини ҳам ерда ер эдилар. У зот: «Мен банда ўтирганидек ўтираман, банда егани каби ейман. Мен фақат бир бандаман! Суннатимдан юз ўгирган киши мендан эмас!» – дер эдилар.27
Умар ибн Абу Салама шундай дейди: «Мен Коинот сарварининг тарбиясида бўлган бир бола эдим. Овқат еганимда қўлим идишнинг ичида у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Коинот сарвари менга: „Ўғлим! Бисмиллаҳ айт. Ўнг қўлинг билан е! Ўз олдингдан е!“ – дедилар.28 Шундан кейин доим шундай овқатланадиган бўлдим». Пайғамбаримиз ҳеч бир таомни паст санамадилар, айбламадилар. Ҳеч бир неъматни ёққани учун мақтамас, ёқмагани учун ёмонламас эдилар. Бир таомни хоҳласалар ер, хоҳламасалар индамай қўя қолар эдилар. Энг кичик неъматга ҳам ҳурмат кўрсатар, ҳеч бир неъматни айбламас эдилар. Расулуллоҳ «буни тайёрланглар, уни тайёрланглар» демас эдилар. Нима бор бўлса, шуни ер эдилар. Ҳазрати Оиша онамиз ҳикоя қилади: Пайғамбаримиз ёнимга келиб: «Сенда ейдиган бирор нарса борми?» – деб сўрар эдилар. «Йўқ!» – дер эдим. Шунда у зот: «Ундай бўлса, мен рўзадорман!» – дер эдилар.29 Ҳазрати Оиша онамиз ҳикоя қилади: «Пайғамбаримиз Мадинага келганларидан то вафот этгунларига қадар у зотнинг оиласи кетма-кет уч кеча буғдой нонига тўймади.30 Кўпинча еганлари арпа нони билан хурмодан иборат бўлиб, булар ҳам кўп эмас эди. Пайғамбаримизнинг қоринларида бир кунда икки хил таом бирга жам бўлмади: муборак қоринларини хурмо билан тўйдирган кунлари нон билан тўйдирмадилар, нон билан тўйдирган кунлари эса хурмо билан тўйдирмадилар. Мени йиғлатган нарса ҳам мана шу!»31
Расулуллоҳ ҳолва ва асални, нон сариди, хурмо сариди ва кўкат таомларини яхши кўрар эдилар. У зотга сут келтириб тутилганда: «Сутда икки барака бор», – дер эдилар.32
«Сизлардан бирингиз овқат еганда ўнг қўли билан есин. Бирор нарса ичганда ҳам ўнг қўли билан ичсин, чунки шайтон чап қўли билан ейди ва чап қўли билан ичади!» Ҳадиси шариф
Абдуллоҳ ибн Аббос ҳикоя қилади: мен, Холид ибн Валид ва Коинот сарвари бирга холам Маймуна бинт Ҳориснинг уйига бордик. Холам: «Сизларга сут берайми?» – деб сўради.
Коинот сарвари: «Майли!» – дедилар. Холам бориб, бир идишда сут келтирди. Коинот сарвари уни олиб ичдилар. Мен Коинот сарварининг ўнг томонларида эдим, Холид ибн Валид эса чап томонларида эди. Расулуллоҳ сутдан ортганини менга бериб: «Сен ич. Истасанг, Холидни ўзингдан афзал кўриб, унга бер», – дедилар.
Мен: «Сиздан ортганини ичишда ҳеч қачон ҳеч кимни ўзимдан афзал кўрмайман!» – дедим. Шунда Расулуллоҳ шундай дедилар:
«Аллоҳу таоло бирор таом едирган киши: Аллоҳумма борик лана фийҳи ва атъимна хойран минҳу (Аллоҳим! Бу таомда бизга барака ато эт! Бизга ундан ҳам хайрлироғини едир!) десин!
Аллоҳу таоло сут ичирган киши эса: Аллоҳумма борик лана фийҳи ва зидна минҳу (Аллоҳим! Бу сутда бизга барака ато эт ва ундан бизга берадиган эҳсонингни зиёда қил!) десин! Чунки таомнинг ҳам, ичимликнинг ҳам ўрнини сутдан бошқа ҳеч нарса боса олмайди».33
Мадиналик мусулмонлар хурмоларининг илк пишганини кўрганларида, уни Пайғамбаримизга олиб келишар эди. Расулуллоҳ уни қўлларига олиб, барака дуосини қилганларидан кейин кўзлари тушган болаларнинг энг кичигини чақириб, унга берар эдилар. У зот: «Бир уйда хурмо бўлмаса, у уйнинг аҳли оч қолган бўлади», – дер эдилар. Пайғамбаримиз идишнинг тагида қолган овқатни ейишни яхши кўрар эдилар. У зот: «Ким бир товоқда, идишда овқат егандан кейин уни сидириб еса, у идиш унинг учун истиғфор айтади!» – дер эдилар. Пайғамбаримизнинг шундай деганлари ҳам ривоят қилинади: «Эй Абу Зарр! Гўшт пиширганингда, шўрвасини кўпайтир-да, қўшниларингни ҳам кўзда тут, ундан уларга ҳам улаш».34
«Қўшниси оч бўла туриб, ўзи қорнини тўйдирган киши комил мўмин эмас!»
«Аллоҳга ибодат қилинглар! Таом едиринглар! Саломни ёйинглар, шунда жаннатларга кирасизлар!»35
«Бир кишининг таоми икки кишига етади. Уч кишининг таоми тўрт кишига етади. Тўрт кишининг таоми саккиз кишига етади!»36
Ҳазрати Асмо бинт Абу Бакр шундай ҳикоя қилди: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пишган овқатни қайнаши ва буғи босилгунча ёпиб қўйишни тавсия қилар ва: «Бу – энг катта барака!» – дер эдилар. Макка фатҳида Расулуллоҳ амакилари Абу Толибнинг қизи ҳазрати Умму Ҳонийнинг уйига бордилар. Ундан: «Сизларда ейдиган бирор нарса борми?» – деб сўрадилар. Ҳазрати Умму Ҳоний: «Йўқ! Фақат қуриган нон увоқлари билан сирка бор, холос! Лекин уларни сизга тутишга уяламан!» – деди. Пайғамбаримиз: «Уларни келтир. Сувга ушатиб сол. Туз ҳам келтир!» – дедилар. Устидан сирка қуйиб, еганларидан кейин улуғ Аллоҳга шукр қилдилар ва: «Эй Умму Ҳоний! Сирка нонга қўшиб ейиладиган қандай яхши нарса! Сиркаси бор уй нонга қўшиб ейдиган нарсадан маҳрум ҳисобланмайди!» – дедилар.37 У зот нонни ҳеч нарсасиз ҳам, хурмо, сирка, мева, шўрва билан ҳам, зайтун ёғига ботириб ҳам ер эдилар. Товуқ, қуён, туя, оҳу, балиқ гўшти ва бастурма ҳамда пишлоқ ҳам ер эдилар. Гўштнинг қўл қисмини яхши кўрар эдилар. Уни қўллари билан ушлаб, тишлаб ер эдилар. (Пичоқ билан кесиб ейиш ҳам жоиз.) Кўпинча сут ичар ёки хурмо ер эдилар. Егуликлардан қўй гўштини, гўшт шўрвасини, қовоқни, ширинликларни, асални, хурмони, сутни, қаймоқни, тарвузни, қовунни, узумни ва бодрингни яхши кўрар эдилар.38 Сувни шошилмасдан, «Бисмиллаҳ» билан бошлаб, уч ҳўплаб ичар, охирида «Алҳамдулиллаҳ» деб, дуо қилар эдилар. Пайғамбаримиз Буютус Суқёдан келтирилган чучук сувдан ичар эдилар. Буютус Суқё Мадинадан икки кунлик йўлда эди.39 «Ичимликларнинг қайси бири лаззатлироқ?» – деб сўралганда, Пайғамбаримиз: «Чучук ва салқин сув!» – деб жавоб бердилар.40
Пайғамбаримиз: «Сизлардан бирингиз бирор нарса ичганда, идиш ичига нафас чиқармасин», – дер эдилар. У зот ейиладиган ва ичиладиган нарсалар ичига нафас чиқаришни ман қилганлари каби, олтин ва кумуш идишларда еб-ичишни ҳам ман қилар эдилар. Пайғамбаримиз сув ичганларида, бир қадаҳ сувни икки-уч марта нафас олиб ичар ва: «Бу фойдалироқ ва чанқоқни яхшироқ қондиради», – дер эдилар. Яна: «Сизлардан бирингиз бирор нарса ичганда, бир нафасда ичмасин», – дер эдилар. Ва: «Туяларга ўхшаб бир нафасда ичманглар! Икки ёки уч нафасда ичинглар! Ичаётганингизда „Бисмиллаҳ!“, оғзингизни идишдан узганингизда эса „Алҳамдулиллаҳ!“ денглар!» – дер эдилар.41
Ҳазрати Навфал ибн Муовия ҳикоя қилади: «Коинот сарвари бирор нарса ичганларида уч марта нафас олар эдилар. Аввалида улуғ Аллоҳнинг исмини зикр қилиб, „Бисмиллаҳир роҳманир роҳим“ дер, охирида эса „Алҳамдулиллаҳ“ деб ҳамд айтар эдилар».42
Абу Умома Боҳилийнинг ривоят қилишича, Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Азиз ва Жалил бўлган Раббим менга Макка водийсини олтинга айлантиришни таклиф қилганда, мен: „Йўқ! Ё Раббим! Бир кун тўқ бўлай, бир кун оч бўлай. Оч пайтимда Сенга ёлворай ва Сени зикр қилай. Тўқ пайтимда эса Сенга ҳамд айтай, шукр қилай!“ – дедим».43
Еб-ичиш илмини ўрганиш ибодат илмини ўрганишдан олдин туради. Овқатдан олдин ва овқатдан кейин қўл ювиш, ўнг қўл билан ейиш ва ўнг қўл билан ичиш Расулуллоҳнинг одатлари эди. Овқатдан олдин қўл ювилганда аввал ёшлар, овқатдан кейин эса аввал кексалар ювади.44 Товоқнинг четидан ейиш, ўз олдидан ейиш, ўнг оёқни тиклаб, чап оёқ устига ўтириш – Расулуллоҳнинг суннатидир. Жуда иссиқ нарсани емаслик ва ҳидламаслик керак.
«Қўшниси оч бўла туриб, ўзи қорнини тўйдирган киши комил мўмин эмас!» Ҳадиси шариф
Овқат пайтида умуман гапирмасликни Пайғамбаримиз маъқул кўрмас эдилар. Бу – оташпарастларнинг одатидир. Хушчақчақ суҳбатлашиб ўтириш керак.
Овқатни туз билан бошлаш ва туз билан тугатиш – Расулуллоҳнинг суннати ва шифодир. Исломда энг аввал пайдо бўлган бидъатлардан бири – тўйгунча ейишдир. Ҳар куни гўшт ейиш қалбга оғирлик беради. Фаришталар буни ёқтирмайди. Гўштни жуда кам ейиш эса ахлоқни бузади. Суфра, яъни ёйиладиган дастурхон устида овқатланиш ва уни ерга ёзиш яхшидир. Суфра илгари теридан бўлар эди. Ўсимлик таоми жуда фойдали. Кўкат таоми бўлмаган дастурхон ақлсиз чолга ўхшатилган.
Имом Жаъфари Содиқ: «Моли ва фарзандлари кўп бўлишини истаган киши кўкат таомларни кўп есин!» – деди. Аввал дастурхон атрофига ўтириб, таомни кейин келтириш керак.
Пайғамбаримиз: «Мен бандаман. Бандалар каби ерга ўтириб ейман», – дедилар.45
Очиқмасдан емаслик, тўймасдан олдин туриш [кўп емаслик], ажабланадиган нарса бўлмаса, кулмаслик керак. Пайғамбаримиз: «Яхшиликларнинг боши – очлик. Ёмонликларнинг боши – тўқлик», – дер эдилар. Таомнинг лаззати очлик қанча кучли бўлса, шунча ортади. Тўқлик унутувчанликка олиб келади. У қалбни кўр қилади, маст қилувчи ичимликлар каби қонни бузади. Очлик эса ақлни тозалайди, қалбни нурлантиради. Фосиқлар ва ёмон кишилар билан бирга еб-ичмаслик керак. Қайноқ таомни ёпиб совутиш керак.
Расулуллоҳ: «Ўнг қўл билан енглар. Ўнг қўл билан ичинглар», – дер эдилар. Уч бармоқ билан ейиш суннатдир. Пайғамбаримиз: «Ё Али! Таомни уч бармоғинг билан е, чунки шайтон икки бармоғи билан ейди», – дедилар. Пайғамбаримиз нонни ўнг қўллари билан олар, тарвузни эса кейин чап қўллари билан ер эдилар. Нонни бир қўл билан эмас, икки қўл билан синдириш керак.46 Луқма кичик бўлиши ва яхши чайналиши лозим. Ўнгга, чапга, тепага қарамай, ўз луқмасига ва олдига қараш керак. Оғизни жуда катта очмаслик керак. Дастурхон устида қўлни кийимга, сочга артиш ярамайди. Йўталганда ва аксирганда бошни орқага буриш керак. Чақирилмаган дастурхонга ўтирилмайди. Дастурхонда ҳаммадан кўп емаслик керак. Қорин тўйганда, бу тўқликни гуноҳ қилишда ишлатмаслик учун дуо қилиш лозим. Унинг қиёматдаги ҳисобини ўйлаш керак. Ибодат қилишга қувват олиш нияти билан ейиш керак. Оч бўлса ҳам, шошилмасдан ейиш керак. Аввал катталар бошлаши керак. Уч мартадан ортиқ «енг» деб, ҳеч кимни сиқувга олмаслик керак. Расулуллоҳ кам ер, кўп емасликка қаттиқ эътибор берар эдилар. У зот: «Инсон қалби даладаги экинга ўхшайди. Таом эса ёмғир кабидир. Ортиқча сув экинни қуритганидек, ортиқча озиқ қалбни ўлдиради. Кўп еювчини, кўп ичувчини Аллоҳу таоло севмайди», – дер эдилар.
Расулуллоҳ меъданинг учдан бирини таомга, учдан бирини ичимликка ажратишни тавсия қилар эдилар. Учдан бирининг ҳаво улуши, яъни бўш қолиши энг қуйи даражадир. Энг яхши даража – кам ейиш ва кам ухлашдир. Кўп ейиш – касалликларнинг боши, кам ейиш эса – даволарнинг боши. Меҳмон уй эгасидан туз билан нондан бошқа нарса кутмаслиги керак. Уй эгаси меҳмонга луқма узатиши, қўлига сув қуйиши лозим. Меҳмон яхши кўрган нарсани унинг оғзига тутиши керак. Меҳмон тоза жойга тушириб юборган нарсани олиб, унга бериши керак. Ифлосланган бўлса, мушукка ва бошқа ҳайвонларга қолдириши керак. Бундай уйнинг баракаси ортади. Ҳатто набираларига ҳам етади. Ерга тушганлар йиғиб олинмаса, уларни шайтон ейди.
Идишда қолганини сидириб ейиш суннатдир. Компот, айрон каби нарсаларнинг қолдиғига сув қуйиб, чайқатиб ичишнинг савоби кўпдир. Товоқда, стаканда қолдиқ қолдириш жоиздир. Расулуллоҳ мўминнинг қолдиғини ейишни яхши кўрар эдилар.
Овқатдан кейин тишларни мисвок ва тиш кавлагич билан тозалаш – Расулуллоҳнинг суннатидир. Бу – покликдир. Поклик иймонни мустаҳкамлайди. Овқатдан кейин уй эгасига барака, раҳмат ва мағфират тилаб дуо қилинади. Сўнгра кетишга изн сўралади. Уй эгаси ҳам таомга таклиф қилинади.
Овқат пайтида қўрқинчли ва жирканч нарсаларни гапирмаслик керак. Ўлим, касаллик ҳақида сўз очмаслик керак. Дастурхонга келтирилган таомларга тикилиб қараб ўтирмаслик керак. Бир луқмани ютмасдан, иккинчисини қўлга олмаслик керак. Овқат орасида бирор иш учун, ҳатто намоз учун ҳам дастурхондан турмаслик керак. Намозни олдинроқ ўқиб олиш керак. Агар тайёрланган таомлар совиб ёки бузилиб қоладиган бўлса ва намоз вақти уни овқатдан кейин ўқишга имкон берса, намоздан олдин ейиш керак. Дастурхон йиғиштирилгандан кейин туриш керак. Йўл устида, тик туриб, юриб кетаётиб емаслик керак. Оғизда, қўлда гўшт, таом ҳиди бўла туриб ётмаслик керак. Болаларнинг қўлини ҳам ювиш керак. Тўқ ҳолда ётмаслик керак. Озиқ-овқатни кераклигича ўлчаб олиш, ўлчовсиз, кўп олмаслик керак. Акс ҳолда исроф бўлади. Еб-ичиш идишларининг қопқоғи бўлиши керак. Дарёдан, ҳовуздан энгашиб, оғиз билан ичмаслик керак. Обдаста, кўзанинг оғзидан ҳам ичмаслик керак. Пиёла, стаканнинг кемтик жойидан ичмаслик керак. Ёзда салқин ичимлик ичиш керак. Расулуллоҳ салқин шарбат ичишни яхши кўрар эдилар. Замзам сувини тик туриб ичиш мумкин. Йўловчи ҳар қандай сувни тик туриб ичиши мумкин, дейилган. Оч қоринга сув ичмаслик керак. Сувни шошилмасдан, сўриб ичиш керак. Расулуллоҳ ҳалим таомини яхши кўрар эдилар. Ҳарисани, яъни ҳалим пиширишни Пайғамбаримизга Жаброил алайҳиссалом ўргатди. Ҳариса кишини жуда бақувват қилади. Барча пайғамбарлар арпа нони еганлар. Расулуллоҳ қовоқ ҳолвасини ва ясмиқ шўрвасини, ов гўштини ва қўй гўштини яхши кўрар эдилар. Қўйнинг қўл, тўш ва курак гўштини яхши кўрар эдилар. Улоқнинг курак гўштини эса жуда яхши кўрар эдилар. Улоқ гўшти осон ҳазм бўлади. У ҳар кимга мос келади.47
«Яхшиликларнинг боши – очлик. Ёмонликларнинг боши – тўқлик» Ҳадиси шариф
Эркак ҳайвоннинг гўшти урғочисиникидан, қорамтир гўшт оқ гўштдан осонроқ ҳазм бўлади. Ҳазм бўлишининг осонлиги ва лаззати жиҳатидан қўй гўшти ва сигир сути яхшироқдир.
Ов гўштларининг энг яхшиси – кийик гўшти. Қуён гўшти ҳалол. Пайғамбаримиз уни еганлар. У сийдик ҳайдайди, ортиқчаси уйқусизлик келтиради. У ҳар кимга мос келади. Қуш, жўжа гўшти ҳамма учун яхши. Уй паррандаларидан гўшти энг яхшиси – товуқ.
Пайғамбаримиз: «Сирка қандай яхши егулик!» – дедилар. Сирка – энг фойдали таом. Хурмо ҳам таомдир, яъни нон билан ейилади. Узум ҳам таом, ҳам мевадир. Узумни нон билан ейиш суннатдир. Хурмони тоқ ейиш суннатдир. Майиз, ёнғоқ, бодом ейиш суннатдир. Асалда шифо бор. Етмиш пайғамбар асалга барака тилаб дуо қилган. Расулуллоҳ хурмони жуда яхши кўрар эдилар. Хурмони қовун, тарвуз билан бирга ер эдилар. Қовун, тарвуз буйракларни тозалайди, бош оғриғини кетказади. Ичакдаги қуртларни туширади. Кўзларга қувват беради. Палов еганда салавот айтиш керак. Пайғамбаримиз бақлани пўсти билан ейишни мақтадилар. У зот: «Ҳаббатус савдо, яъни седана – дардларга даво», – дедилар. Ёнғоқни пишлоқ билан ейиш шифодир. Уларни алоҳида ейиш зарарлидир. Уларни бирор нарса билан бирга ейиш керак. Пайғамбаримиз узум бошини чап қўлларига олиб, узумни ўнг қўллари билан ер эдилар.48 Беҳи қалбдаги сиқилишни кетказади. Ҳар бир қовун, тарвуз ва анорда бир томчи жаннат суви бор. Анорни ёлғиз ейиш, унинг бир томчисини ҳам исроф қилмаслик керак. Анор юрак ўйноғига фойдали. У меъдани мустаҳкамлайди. Доналари билан бирга сиқиб ичилса, ўт ҳайдайди, ич қотишини кетказади. Анжир қалбга роҳат беради. У бел-елка оғриғини, ҳазм аъзоларининг санчиғини кетказади.
Яшил бодрингни туз билан ейиш, ёнғоқни хурмо ва асал билан ейиш – Расулуллоҳнинг суннатидир.49 Пайғамбаримиз бақлажонни мақтадилар ва: «Уни зайтун ёғи билан пиширинглар», – дедилар.
Семизўтни ҳам мақтадилар. Карафс унутувчанликни кетказади. У сийдик ҳайдайди. Қон ва сут ҳосил қилади. Жигарни тозалайди. Ҳаршаф, яъни артишок ўт тошини эритади, қонни тозалайди, томирлар қотишига яхши таъсир қилади. Тер ҳидини ҳам кетказади. Бир юртга келган кишининг аввал бироз хом пиёз ейиши соғлиққа фойдали. Пиёз микробларга қарши туриш кучини оширади. Пиёздан кейин карафс ейилса, унинг ёқимсиз ҳидини кетказади. Руда ўти таом билан ейилса ҳам ҳиди кетади, дейилган. Расулуллоҳнинг энг охирги еган таомлари ичида пиёз бор эди. У зот: «Пиёз ва саримсоқни пиширилган ҳолда енглар», – дер эдилар. Уларнинг ҳидидан фаришталар озор чекади. Турп сийдик ҳайдайди. Ҳазмни осонлаштиради.
Пайғамбаримизнинг муборак соқол ва сочлари
Пайғамбаримизнинг муборак сочлари ва соқол толалари жуда жингалак ҳам, бутунлай текис ҳам эмас, яратилишдан тўлқинсимон эди. Муборак сочлари узун эди. Аввалига сочларини пешоналарига тушириб юрар, кейинчалик икки томонга ажратадиган бўлдилар. Муборак сочларини баъзан ўстирар, баъзан эса кесиб, қисқартирар эдилар.
Расулуллоҳнинг муборак сочлари қандай бўлгани ҳақида ҳазрати Анас ибн Моликдан сўралганда, у шундай жавоб берди: «Жуда жингалак эмас эди, бутунлай текис ҳам эмас эди. Иккиси ўртасида, ўртача эди. Узунлиги эса қулоқлари билан елкалари усти ўртасигача етар эди».50 Ҳазрати Ибн Аббос: «Фахри олам муборак сочларини пешоналари устига тушириб юрар эдилар. Кейинчалик муборак сочларини икки томонга ажратадиган бўлдилар», – деди.51 Олимлар шундай дейишган: «Сочни икки томонга ажратиш – Фахри коинотнинг суннатидир, чунки кейинчалик у зот шундай қиладиган бўлган эдилар. Пешона устига тушириш ҳам жоиз, икки томонга ажратиш ҳам жоиз. Лекин ажратиш афзалроқ».
Ҳазрати Оишаи Сиддиқа онамиз: «Пайғамбаримизнинг муборак сочлари жуммадан юқорироқ, вафрадан пастроқ эди», – деди.52 Елка бошларига етадиган сочга «жумма» дейилади. Қулоқ юмшоғига етадиган сочга эса «вафра» дейилади. Хуллас, ҳазрати Оиша онамизнинг ривоятига кўра, Расулуллоҳнинг муборак сочлари муборак қулоқларининг юмшоғидан пастроқ тушар, лекин елкаларига етмас эди, яъни иккисининг ўртасида эди.
Қози Иёз ҳазратлари шундай дедилар: «Бу ривоятлар шундай мувофиқлаштирилади: муборак қулоқлари томонидаги сочлари муборак қулоқ юмшоқларига етадиган даражада эди. Орқа томондаги сочлари эса муборак елкаларига етар эди». Яна шундай дедилар: «Баъзи ривоятларда қулоқларигача тушар эди, баъзиларида муборак елкаларигача тушар эди, дейилишининг сабаби шуки, бир вақтда ундай, бошқа бир вақтда бундай бўлган. Ривоятларнинг ҳаммаси тўғри. Пайғамбаримиз муборак сочларини баъзан ўстирар эдилар, шунда сочлари елка бошларигача тушар эди. Баъзан эса кестирар эдилар, шунда муборак қулоқларининг юмшоғига ёки ўрталарига етар эди». Эркакларнинг бошларини қиртишлатиши ёки сочларини ўстириб, тараб, икки томонга ажратиши суннатдир. Вазиятга, одатга, замонга қараб иш тутиш керак. Сочни буриш, ўриш макруҳдир. Юзни аёлларникидек силлиқ қилиш, аёлларга ўхшаш учун соқолни қирдириш, иякни қиртишлаб, ёноқлар устида соқол ўстириш ҳаромдир.
Ҳазрати Анас Расулуллоҳнинг муборак соқолларини шундай тасвирлайди: «Пайғамбаримизнинг муборак соқолларида оқ жуда оз эди. Муборак бошларида ва муборак соқолларида оқ толалар ўн етти ёки ўн саккизтадан ортиқ эмас эди».
Бир куни ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ: «Оқариб қолибсиз, ё Расулаллоҳ», – деганда, Расулуллоҳ шундай дедилар: «Мени Ҳуд, Воқеа, Мурсалот, Набаъ (Амма ятасаалун) ва Таквир (Изаш-шамсу куввират) суралари оқартирди».53
Яъни бу сураларда жаннат ва жаҳаннам ҳоллари кўп зикр қилинган. «Умматимнинг ҳоли не кечаркин, деб ғам-қайғудан сочим ва соқолим оқарди», – дедилар. Амр ибн Шуъайб: «Расулуллоҳ муборак соқолларининг энидан ҳам, бўйидан ҳам олар эдилар», – деди. Термизий ҳазратлари билдирган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз: «Мўйловини қисқартирмаган киши биздан эмас», – дедилар.54 Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Соқолларингизни ўстиринглар ва мўйловларингизни яхшилаб қисқартиринглар», – дейилди.55 Ибн Абдулҳаким: «Мўйловни яхшилаб кесиш, соқолни эса кесмаслик керак. Мўйловни яхшилаб кесишдан мақсад – уни қиртишлаш эмас», – деди. Имом Нававий ҳазратлари: «Мўйлов кесишда тўғриси шуки, уни лабнинг чети кўрингунча кесиш, тагидан кесмай, қисқартириш керак», – дедилар.
«Пиёз ва саримсоқни пиширилган ҳолда енглар» Ҳадиси шариф
Олимлар мўйловнинг устини қирқиб, икки четидан учларини осилтириб қўйишни макруҳ санадилар. Ибн Умар шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳга мажусийлар (оташпарастлар) жамоаси ҳақида гапириб беришди. Шунда Расулуллоҳ: „Улар мўйловларининг учларини ўстирадилар ва соқолларини қирдирадилар. Ундай бўлса, сизлар уларга хилоф қилинглар“, – дедилар».56
Абу Умома: «Ё Расулаллоҳ! Аҳли китоб соқолларини қирқадилар ва мўйловларини ўстирадилар», – деганда, Расулуллоҳ: «Сизлар мўйловларингизнинг учини қирқинглар ва соқолларингизни ўстиринглар», – дедилар.
Олимларнинг билдиришича, мўйловни қирқиб, қошлар қадар қисқартириш суннатдир. Соқолни бир тутам узунликда қўйиш ва бир тутамдан ортиғини кесиш суннатдир. Соқолни бир тутамдан қисқа қолдириш ҳам суннатга мувофиқ эмас. Суннатга эргашиш нияти билан қисқа соқол қўйиш бидъат, ҳаром бўлади. Соқол қўйиш – суннати завоиддир. Амри маъруф учун, нафақа топиш учун, фитна чиқишининг олдини олиш учун соқолни бутунлай қирдириш жоиз ва лозим бўлади. Булар суннатни тарк қилишга узр бўлади. Лекин қисқа соқол қўйиб, бидъат қилишга узр бўлмайди.
Пайғамбаримиз кийган кийимлар
У зот кийиш жоиз бўлган кийимлардан нима топсалар, шуни кияр эдилар. Қалин матодан эҳром шаклида тикилмаган нарсаларга ўранар, белларига фўта ўрар, кўйлак ва жубба ҳам кияр эдилар. Улар пахтадан, жундан ёки қилдан тўқилган эди. Кўпинча оқ, баъзан яшил кийим кияр эдилар. Тикилган кийим кийган вақтлари ҳам бўлар эди. Жума ва ҳайитларда, чет эл элчилари келганда ва жанг пайтларида қимматбаҳо кўйлаклар, жуббалар кийиб чиқар эдилар. Кийимларининг ранги кўпинча оқ бўлар эди. Яшил, қизил ва қора бўлган вақтлари ҳам бўлар эди. Кийимлари қўлларини билакларигача, муборак оёқларини болдирнинг ярмигача ёпиб турар эди. Имом Термизий (раҳимаҳуллоҳу таоло) «Шамоили шариф» китобида шундай дейди: «Расулуллоҳ қамис, яъни кўйлак кийишни яхши кўрар эдилар. Кўйлакларининг енглари билакларигача узун эди. Кўйлакларининг енгида ва ёқасида тугма йўқ эди. Пойабзаллари теридан бўлиб, бир тасмаси ва икки қиболи бор эди. Қибол – бир учи ўша тасмага, иккинчи учи пойабзалнинг олд учига тикилган қайиш. У икки бармоқ орасидан ўтади. Кийим ва пойабзал кийишда одатга эргашилади. Одатдан четга чиқиш шуҳратга сабаб бўлади. Шуҳратдан сақланиш лозим. Маккага кирган вақтларида муборак бошларида қора салла ўралган эди». Кўпинча оқ, баъзан қора докани бошларига салла қилиб ўраб, учини икки елкалари орасига бир қарич чамаси осилтириб қўяр эдилар. Саллалари жуда катта ҳам, жуда кичик ҳам бўлмай, тахминан уч ярим метр узунликда эди. Саллаларини дўпписиз ўрар, баъзан салласиз қавилган дўппи кияр эдилар. Пайғамбаримизнинг пахта ва зиғир ипидан тўқилган йўл-йўл, чизиқли Яман матосидан тикилган Ҳибара деб аталадиган бир кийимлари бор эди. Бу кийимни кийишни жуда яхши кўрар эдилар. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир оқ кийимлари ҳам бор эди. У зот: «Кийимларингизнинг оқини кийинглар! Тирикларингиз оқ кийим кийсин. Ўликларингизни ҳам оқ кафанга ўранглар! Чунки у кийимларингизнинг энг хайрлиси ва энг яхшисидир!» – дер эдилар.57
«Шуҳрат ва кўз-кўз қилиш учун кийим кийган кишидан, уни ечмагунча, Аллоҳ юз ўгиради! Қиёмат куни унга хорлик кийимини кийдиради!» Ҳадиси шариф
Пайғамбаримизнинг яшил кийим кийганлари ҳам кўрилган. Ҳазрати Абу Римса Пайғамбаримизни устларида остки ва устки икки бўлакдан иборат яшил кийим бўлган ҳолда кўрганини айтади.58 Пайғамбаримиз ола-чалпоқ Ҳуллани ҳам кияр эдилар. Ҳазрати Баро ибн Озиб: «Қизил (ола) Ҳулла деб аталадиган кийимда, сочлари қулоқ юмшоғига етган кишилар орасида Расулуллоҳ алайҳиссаломдан чиройлироғини кўрмадим!» – деди.59 Пайғамбаримизнинг жума ва ҳайит кунлари кийадиган бир қизил жуббалари бор эди. Пайғамбаримизнинг Яманда тикилган бир жуббалари ҳам бор эди. Пайғамбаримиз енгларининг учи тор бўлган, Шомда тикилган жуббани сафарларда кияр эдилар. Пайғамбаримиз Эрон шоҳлари киядиган тайласон матосидан тикилган, ёқасига атлас парчаси тикилган, этагининг олд ва орқадаги икки очиқ жойида ва енгларида атлас ҳошияси бўлган жуббани жангларда душман билан юзма-юз келган пайтларида кийиб юрар эдилар.
Бу жубба ҳазрати Оиша вафот этгунча унинг ёнида турди, ундан кейин уни Асмо бинт Абу Бакр олди. Пайғамбаримиз кийган бу жубба ювилган сув билан касаллар ювинтирилар ва шифо топар эди.60 Думатул Жандал ғазотида олинган ўлжалар орасидаги бир жубба севимли Пайғамбаримизнинг улушларига тушди. Унинг арқоғи ҳам, танда ипи ҳам ибришимдан тўқилган, матоси атлас эди, нақш жойларига эса олтин зар билан хурмо барглари тикилган эди. Пайғамбаримиз бу жуббани кийиб, минбарга чиқиб ўтирдилар ва ҳеч нарса демай минбардан тушдилар. Саҳобаи киром қўлларини унга теккизишар, қарашар, чиройига ҳайрон қолишар эди. Пайғамбаримиз: «Бунинг чиройига ажабланяпсизларми? Бу сизларга жуда ёқдими?» – деб сўрадилар. Улар: «Биз бундан чиройлироқ кийим кўрмаганмиз!» – дейишди. Пайғамбаримиз: «Вужудим қудрат қўлида бўлган Аллоҳга қасамки, Саъд ибн Муознинг жаннатдаги рўмоллари сиз кўраётган нарсадан чиройлироқ ва ёқимлироқдир!» – дедилар.
Пайғамбаримиз: «Шуҳрат ва кўз-кўз қилиш учун кийим кийган кишидан, уни ечмагунча, Аллоҳ юз ўгиради! Қиёмат куни унга хорлик кийимини кийдиради!» – дедилар.
Яна Пайғамбаримиз: «Шуҳрат ва кўз-кўз қилиш учун кийим кийган кишига қиёмат куни Аллоҳ худди шундай кийим кийдиради. Сўнгра уни олов билан алангалатади!» – дедилар.
Ҳазрати Саҳл ибн Саъд шундай дейди: «Бир аёл Расулуллоҳ алайҳиссаломга ўзи тўқиган жияклик бир бурда61 келтирди ва: „Ё Расулаллоҳ! Буни ўз қўлим билан тўқидим. Олий зотингизга ҳадя қилиб келтирдим“, – деди. Расулуллоҳ ҳадясини қабул қилдилар. Бу бурдага ўраниб, олдимизга чиқдилар. Жамоатдан бири унга қўлини теккизиб: „Ё Расулаллоҳ! Бу бурдадан чиройлироғи бўлмайди! Уни менга берасизми?“ – деди. Расулуллоҳ: „Майли!“ – дедилар. Масжидда биз билан суҳбатлашиб, насиҳат қилганларидан кейин уйларига қайтдилар ва бурдани ўратиб, ҳалиги кишига юбордилар. Жамоат ҳалиги кишини: „Сен ҳеч ҳам яхши иш қилмадинг! Расулуллоҳ кийиб турган ва ўзларига керак бўлган нарсани у зотдан сўрадинг! Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳеч бир сўровчини рад қилмасликларини, қуруқ қайтармасликларини сен ҳам биласан-ку!“ – деб койишди. Ҳалиги киши: „Валлоҳи, мен уни кийиш учун сўрамадим. Ўлган куним кафаним бўлсин деб сўрадим!“ – деди. Ҳақиқатан ҳам, ўша бурда у вафот этган куни унинг кафани бўлди».62 Пайғамбаримизнинг қора жун кийим кийган вақтлари ҳам бўлган. Ҳазрати Оиша онамиз: «Расулуллоҳ алайҳиссалом учун қора жундан бир кийим тикилган эди. Уни кийиб терлаганларида, жуннинг ҳидини сездилар. Дарҳол уни устларидан ечиб қўйдилар, чунки у зот фақат хушбўй ҳидни ёқтирар эдилар», – деди. Пайғамбаримиз устдан кийиладиган тўннинг этагини фақат болдирнинг ярмигача ёки бироз пастроқ – тўпиқларгача туширишга рухсат берар, тўпиқлардан пастроқ, яъни ерда судраладиган қилиб туширишни ман қилар эдилар. Кибрланиб, тўнларини ерда судраб юрадиган эркакларга қиёмат куни улуғ Аллоҳ раҳмат назари билан қарамаслигини айтар эдилар.
Бир куни Пайғамбаримиз ҳазрати Жобир ибн Сулаймга шундай дедилар: «Тўнингнинг этагини болдирингнинг ярмигача тушир! Буни қила олмасанг, тўпиқларинггача тушир! Ерда судраладиган қилиб туширишдан сақлан! Чунки бу – ғурур аломатидир. Аллоҳу таоло эса ғурурланишни севмайди!» Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳумо) тўнини болдирининг ярмигача тушириб кияр эди.63
«Яман томонидан раҳмат шамоли эсаётганини сезяпман» Ҳадиси шариф
Пайғамбаримизнинг бир қават пахта ипидан тўқилган бўздан тикилган кўйлаклари бор эди. Ҳазрати Оиша онамиз ҳикоя қилади: ҳазрати Абу Жаҳм Пайғамбаримизга усти нақшли бир жойнамоз ҳадя қилган эди. Бир куни Пайғамбаримиз бу жойнамоз устида намоз ўқиётганларида, муборак кўзлари нақшга тушди. Салом бергач, у зот: «Буни Абу Жаҳмга олиб боринглар. У ҳозиргина намозимда хаёлимни чалғитди. Менга нақшсиз, оддийсини келтирсин», – дедилар.
Мадина тупроғи нам ва шўр бўлгани учун Пайғамбаримиз вафот этганларида бу жойнамоз у зотнинг муборак қабрлари тагига тўшалди.
Вайсул Қараний ҳазратларига юборган Хирқаи шарифлари
Увайс ибн Омир Қарний (розияллоҳу анҳу) тобеъинларнинг улуғларидандир. У Ямандаги Қарн қишлоғидан. Мусулмон бўлгач, бутун умри давомида севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ишқлари билан ёниб-ўртанди, бир лаҳза ҳам Раббини унутмади. Бандаликда шундай даражага етдики, унинг ҳар бир ҳоли, ҳар бир ҳаракати ва ҳар бир сўзи инсонларга ибрат ва насиҳат бўлди. У ҳеч кимдан ранжимади ва ҳеч кимни ранжитмади. Унинг энг муҳим сифатлари – Пайғамбаримизга бўлган ишқи, ибодатни жону дили билан канда қилмаслиги ва онасига бўлган ҳурматидир. Онасига кўп хизмат қилиб, унинг хайрли дуосини олди. Унинг севимли Пайғамбаримизга бўлган бу муҳаббати ва Исломга садоқати Пайғамбаримизнинг уни мадҳ этишларига сабаб бўлди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) вақт-вақти билан муборак юзларини Яман томонга буриб: «Яман томонидан раҳмат шамоли эсаётганини сезяпман», – дер эдилар. Яна шундай дедилар: «Қиёматда Аллоҳу таоло Увайс суратида етмиш минг фаришта яратади ва улар Увайсни ўз ораларида Арасотга олиб борадилар. У жаннатга киради ва Аллоҳу таоло хоҳлаганларидан (билдирганларидан) бошқа бирор махлуқ уларнинг қайси бири Увайс эканини билмайди». «Умматимдан бир киши борки, у қиёматда Робиъа ва Музар қабилалари қўйларининг жунлари сонича кишига шафоат қилади». Саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ, у ким?» – дейишди. У зот: «Аллоҳнинг бандаларидан бири», – дедилар. Улар: «Биз ҳаммамиз бандамиз; унинг исми нима?» – дейишди. У зот: «Увайс», – дедилар. Улар: «Қаерлик?» – деб сўрашди. Расулуллоҳ: «Қарнлик», – дедилар. «У сизни кўрганми?» – деб сўрашганда, у зот: «Бош кўзи билан кўрмаган», – дедилар.
Улар: «Ажабо, сизга шунчалик ошиқ бўлсину, хизматингизга, ҳузурингизга шошилиб келмаса», – дейишди. Расулуллоҳ: «Икки сабабдан. Биринчиси – у ўз ҳолларига мағлуб. Иккинчиси эса – менинг динимга садоқатли бўлгани учун. Унинг кекса онаси бор, у иймон келтирган. Кўзлари кўрмайди, қўл-оёқлари ҳаракатланмайди. Увайс кундузлари туя чўпонлиги қилиб, олган ҳақини ўзининг ва онасининг нафақасига сарфлайди», – дедилар. «Биз уни кўрамизми?» – дейишди. Ҳазрати Абу Бакрга у зот: «Сен уни ўз замонингда кўрмайсан», – дедилар. Ҳазрати Умар билан ҳазрати Алига эса: «Сизлар уни кўрасизлар. Унинг бадани туклидир. Чап биқинида ва кафтининг ичида бир кумуш танга катталигида оқлик бор. Бу пес касаллигининг оқлиги эмас. Унинг олдига борганингизда, менинг саломимни етказинглар ва умматимга дуо қилишини айтинглар», – дедилар.
Вайсул Қараний (Увайс Қарний) ҳазратлари оналари вафот этгандан кейин Қарн қишлоғидан чиқиб, Куфа шаҳрига кетдилар. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотлари яқинлашганда: «Хирқангизни кимга берайлик?» – дейишди. У зот: «Увайс Қарнийга беринглар», – дедилар. Расулуллоҳ вафот этганларидан кейин ҳазрати Умар билан ҳазрати Али Куфага келишганда, ҳазрати Умар: «Эй Нажд аҳли, орангизда Қарндан бирор киши борми?» – деди. Улар: «Ҳа», – дейишди. У улардан ҳазрати Увайс ҳақида сўради. Улар: «Биламиз. У сиз излайдиган даражадан анча паст бир кимса. Девона, ақлсиз, одамлардан қочиб юрадиган бир ҳолатда», – дейишди.
«Ё Раббим! Бу Хирқаи шариф ҳурматига, севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳурматига Муҳаммад умматининг ҳаммасини афв эт» Ҳазрати Увайс (розияллоҳу анҳу)
Хирқаи шариф
Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Вайсул Қараний (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратларига ҳадя қилган муборак хирқаларини муборак Рамазон ойида Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги Хирқаи шариф масжидида зиёрат қилиш мумкин.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу): «Мен уни излаяпман; у қаерда?» – деди. Улар: «У Арна водийсида туяларимизни боқади, биз ҳам бунинг эвазига унга кечки овқат берамиз. Сочи-соқоли тўзғиган, шаҳарларга келмайди, ҳеч ким билан суҳбатлашмайди, одамлар еган нарсани емайди. Қайғуни ҳам, шодликни ҳам билмайди: одамлар кулганда у йиғлайди, одамлар йиғлаганда у кулади», – дейишди. Ҳазрати Умар: «Мен худди шуни излаяпман», – деди. Улар унинг қаердалигини айтиб беришди. Ҳазрати Умар билан ҳазрати Али унинг олдига боришди. Уни намоз ўқиётган ҳолда кўришди. Аллоҳу таоло унинг туяларини боқиш учун бир фариштани вазифалантирган эди. Увайс намозини тугатиб, салом бергач, ҳазрати Умар ўрнидан туриб, салом берди. У саломга алик олди. Ҳазрати Умар: «Исминг нима?» – деб сўради. У: «Абдуллоҳ, яъни Аллоҳнинг бандаси», – деди. Ҳазрати Умар: «Ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаларимиз; асл исминг нима?» – деб сўраганда, у: «Увайс», – деди. Ҳазрати Умар: «Ўнг қўлингни кўрсат», – деди. У кўрсатгач, ҳазрати Умар шундай деди:
«Пайғамбаримиз сизга салом айтдилар. Муборак хирқаларини сизга юбориб: „Олиб кийсин, умматимга ҳам дуо қилсин“, – деб васият қилдилар».
Увайс: «Ё Умар! Мен заиф, ожиз ва гуноҳкор бир бандаман.
Диққат қилинг, бу васият бошқа бировга тегишли бўлмасин?» – деганда, ҳазрати Умар: «Йўқ, ё Увайс, биз излаган киши – сенсан. Пайғамбаримиз сенинг қиёфангни ва сифатларингни аниқ билдирдилар», – деб жавоб берди.
Шундан кейин ҳазрати Увайс Хирқаи шарифни ҳурмат билан олди, ўпди, ҳидлади, юз-кўзига суртди. Узоқ йиғлади ва: «Сизлар шу ерда кутиб туринглар», – деб, уларнинг ёнидан кетди. Бироз нарида саждага бош қўйди. Кўз ёшлари ичида Аллоҳу таолога ёлвориб, Муҳаммад умматининг афв этилиши учун дуо қила бошлади. Ҳўнграб йиғлаб, ёлвориб, шундай дуо қилди: «Ё Раббим! Севимли Пайғамбаримиз, гарчи муносиб бўлмасам ҳам, Сенинг бу фақир, ожиз бандангга ҳазрати Умар ва ҳазрати Али орқали Хирқаи шарифларини юборибдилар. Гуноҳкор умматимга дуо қилсин, дебдилар. Ё Раббим! Бу Хирқаи шариф ҳурматига, севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳурматига Муҳаммад умматининг ҳаммасини афв эт… Афв эт, Аллоҳим, афв эт… Аллоҳим…» Кўплаб гуноҳкор мусулмонларнинг афв этилгани билдирилгач, Хирқаи шарифни ҳурмат билан кийди.
Вайсул Қаранийга ҳадя қилинган бу Хирқаи шариф Ван атрофидаги Ирисон бекларигача етиб келган ва 1618 йилда усмонли подшоҳларидан султон Усмонхон II ҳузурига келтирилиб, ҳадя қилинган. Султон Абдулмажидхон бу Хирқаи шариф учун Фотиҳда «Хирқаи шариф масжиди» деб аталадиган масжид қурдирган. Севимли, шарафли Пайғамбаримизнинг муборак таналарининг гул ҳидини ҳамон ўша тароватда сақлаб келаётган ва асал кўпигидек крем рангидаги бу муборак Хирқаи шариф ҳар йили муборак Рамазон ойида ойна ортида халққа зиёрат қилдирилади.
Ҳазрати Каъб ибн Зуҳайрга берган Хирқаи саодатлари
Шоирлар оиласининг фарзанди бўлган ҳазрати Каъб ибн Зуҳайр (розияллоҳу анҳу) ҳам шоир эди. Илгари у Пайғамбаримизга ва Исломга қарши шеърлар айтар эди. Буни Пайғамбаримизга хабар қилишди ва у зот уни қаерда кўрилса, ўша ерда ўлдиришни буюрдилар.
«Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқ. Муҳаммад алайҳиссалом – Унинг бандаси ва расулидир» Каъб ибн Зуҳайр (розияллоҳу анҳу)
Ундан олдинроқ мусулмон бўлган биродари ҳазрати Бужайр (розияллоҳу анҳу) унга мактуб орқали бу қарорни хабар қилди ва агар мусулмон бўлса, раҳмат денгизи бўлган севимли Пайғамбаримиз уни афв этишларини ёзди. Мактубни ўқиган ҳазрати Каъб чуқур ўйга толди. Бутларга сиғинишнинг маъносизлигини, Исломнинг улуғлигини ва Пайғамбаримизнинг буюкликларини англай бошлади, кўнгли ёриша бошлади. Ниҳоят, мусулмон бўлишга қарор қилиб, нурли Мадина йўлига тушди. Пайғамбаримизни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мадҳ этган, ўзининг тавба қилиб, мусулмон бўлганини билдирган узун бир шеър ёзди. Мадинага етиб келгач, Жуҳайна қабиласидан бўлган бир дўсти билан Пайғамбаримизнинг ҳузурларига борди. Пайғамбаримиз саҳобалари билан суҳбатлашиб ўтирган эдилар. Ҳазрати Каъб ўзини танитмасдан олдин: «Ё Расулаллоҳ! Каъб ибн Зуҳайр қилганларига пушаймон бўлиб, мусулмон бўлиб, омонлик сўраб келибди. Уни ҳузурингизга келтирсам, унга омонлик бериб, мусулмон бўлишини қабул қиласизми?» – деди. Пайғамбаримиз: «Ҳа», – дедилар. Шунда ҳазрати Каъб: «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа ибодатга лойиқ илоҳ йўқ. Муҳаммад алайҳиссалом – Унинг бандаси ва расулидир», – деди. Пайғамбаримиз: «Сен кимсан?» – деб сўрадилар. У: «Мен – Каъб ибн Зуҳайрман, ё Расулаллоҳ», – деди. Ансорлардан бири: «Ё Расулаллоҳ, изн беринг, сизга душманлик қилган бу кимсанинг бошини танидан жудо қилай», – деганда, Пайғамбаримиз: «Уни қўй. У аввалги ҳолидан пушаймон бўлиб, Ҳаққа қайтиб келди», – дедилар. Шундан кейин Каъб ибн Зуҳайр (розияллоҳу анҳу) ўзининг мусулмон бўлганини, севимли Пайғамбаримизнинг ва саҳобаи киромнинг улуғлиги ва қадрини баён қилган машҳур қасидасини ўқиди. «Бонат Суъод / Севгили узоқлашди» сўзлари билан бошланиб, шундай давом этадиган бу қасида Пайғамбаримизга жуда ёқди:
Ҳар бир инсон, шубҳасиз, бир кун тобут устида кўтарилур…
Узр сўраб келдим, ё Расулаллоҳ, олий ҳузурингизга…
У зотнинг афви – энг кўп умид қилинган нарса…
У зотнинг ҳузурида узр қабул бўлур…
Менга раҳм қилинг, ё Расулаллоҳ…
Мени афв этинг, ё Расулаллоҳ…
Шубҳасиз, Расулуллоҳ – Ҳақ таолонинг
Ёмонликларни йўқ қилувчи, қинидан чиққан ўткир қиличларидан бир қиличдирлар…
У зот – ҳидоят сочувчи, тўғри йўлни кўрсатувчи бир нурдирлар…
У зот уни афв этдилар. Каъб эса мана бу байтга етганда:
Иннар-Расула ла нурун юстазоу биҳи,
Муҳаммадун мин суюфиллаҳи маслулу.
Расулуллоҳ бир нурдирлар, у зот ила халқ зиё топур,
Ҳақ таолонинг қинидан чиққан қиличларидан бир қиличдирлар,
икки жаҳон сарвари, Фахри олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак елкаларидан «Хирқаи саодат» деб аталадиган хирқаларини ечиб, ҳазрати Каъб ибн Зуҳайрнинг елкаларига ёпдилар.64
Ҳазрати Муовия халифалиги даврида Каъб ибн Зуҳайрга: «Расулуллоҳнинг хирқаларини бизга сот!» – деб хабар юборди. Унга ўн минг дирҳам юборди. Каъб ибн Зуҳайр: «Расулуллоҳнинг хирқаларини кийиш масаласида мен ҳеч кимни ўзимдан афзал кўра олмайман!» – деб, ҳазрати Муовиянинг истагини рад этди. Ҳазрати Каъб ибн Зуҳайр вафот этгач, ҳазрати Муовия уни Каъбнинг ўғилларидан йигирма минг дирҳамга сотиб олди. Пайғамбаримизнинг ҳазрати Каъб ибн Зуҳайрга берган бу муборак хирқалари халифадан халифага мерос бўлиб ўтди.
Умавийлар салтанати қулагандан кейин уни Аббосийларнинг биринчи халифаси Абул Аббос Саффоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад уч юз динорга сотиб олди. Ҳайитларда уни халифалар кияр эди. Аббосийлар Мисрга келишганда уни ўзлари билан олиб келишди. Явуз султон Салимхон ҳазратлари Мисрни олиб, халифа бўлганларида, бу муборак хирқа Мисрдаги бошқа «Муборак омонатлар» билан бирга Истанбулга келтирилди. Уни Истанбулда, Топқопи саройининг «Хирқаи саодат хонаси»да ҳамма зиёрат қилиши мумкин.
Бу муборак хирқа 124 сантиметр узунликда, кенг енгли, қора жун матодан тикилган. Хирқанинг ичи крем рангли жун мато билан қопланган. У бир неча тугунчага ўралган ҳолда султон Муродхон III ясатган, устидан очиладиган қопқоқли олтин сандиқ ичида сақланади. Хирқаи саодатнинг бу сандиғи санъат жиҳатидан ғаройиб асар бўлиб, бунинг устига зумрадлар билан ҳам безатилган. Сандиқ устида шундай ёзилган:
«Ла илаҳа иллаллоҳ, ва мо арсалнака илла раҳматан лил оламийн. Ла илаҳа иллаллоҳул маликул ҳаққул мубийн, Муҳаммадур Расулуллоҳ, ас-содиқул ваъдил амийн».
Пайғамбаримизнинг тўшаклари
Пайғамбаримиз устида ётиб ухлайдиган тўшакнинг (ўриннинг) усти теридан эди. Ичига хурмо толаси тўлдирилган эди. Унинг устида ўзлари ҳам, завжалари ҳам ётар эдилар. Пайғамбаримиз муборак бошлари остига қўядиган ёстиқнинг ҳам усти теридан бўлиб, ичига хурмо толаси тўлдирилган эди. Пайғамбаримиз дунёга ва дунёдаги нарсаларга аҳамият бермас эдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд ҳикоя қилади: Коинот сарвари бир бўйра устида ётиб ухлаган эдилар ва бўйра у зотнинг муборак биқинларида из қолдирган эди. Уйғонганларида, муборак биқинларини уқаладим ва: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Бизга айтганингизда эди, бўйра устига сиз учун ундан сақлайдиган бирор нарса ёзар эдик!» – дедим. Сўнгра: «Сизга юмшоқ бир тўшак олсак-чи?» – дедим.
Коинот сарвари: «Дунёга оид нарсалар менга нимага керак? Менинг дунё билан мисолим, ҳолим – бир дарахт соясида бироз дам олгач, уни қолдириб, йўлида давом этган бир отлиқнинг мисоли, ҳоли кабидир!» – дедилар.65 Ҳазрати Оиша онамиз ҳикоя қилади: Ёнимга ансорлардан бир аёл келди. Расул алайҳиссаломнинг тўшакларини кўриб, бориб, ичига жун тўлдирилган бир тўшак юборди.
Расул алайҳиссалом ёнимга келиб: «Бу нима?» – деб сўрадилар. Мен: «Ё Расулаллоҳ! Ансорлардан фалончи аёл ёнимга келган эди. Тўшагингизни кўриб, бориб, сизга буни юборибди», – дедим. У зот: «Буни ҳозироқ унга қайтариб бер!» – дедилар. Лекин мен қайтармадим. Унинг уйимда бўлиши менга ёққан эди. Расул алайҳиссалом бу сўзларини уч марта такрорладилар. Охирида: «Валлоҳи, эй Оиша! Агар истасам эди, Аллоҳ олтин ва кумуш тоғларини ёнимда юргизиб қўяр эди!» – дедилар.66 Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрпачалари ҳам икки абодан иборат эди.
«Расулуллоҳ олтин ва темир узукларни ечтирар, кумуш узукларга монеълик қилмас эдилар» Амр ибн Шуъайб (розияллоҳу анҳу)
Бир кеча ёнимга келганларида, мен бу абони икки қават қилиб буклаб, торайтириб қўйган эдим. У зот унинг устида ухладилар. Сўнгра: «Эй Оиша! Бу кечаги тўшагим нега ҳар доимгидек эмас эди?» – деб сўрадилар. Мен: «Ё Расулаллоҳ! Уни сиз учун буклаб, торайтирдим», – дедим. У зот: «Сен уни аввалги ҳолига қайтар!» – дедилар.67
Ҳазрати Оиша яна шундай ҳикоя қилади: «Қурайшликлар учун Маккада каравот устида ухлашдан ёқимлироқ нарса йўқ эди. Расул алайҳиссалом Мадинага келиб, Абу Айюбнинг уйига тушганларида, ундан: „Эй Абу Айюб! Сизларда каравот йўқми?“ – деб сўрадилар. Абу Айюб: „Валлоҳи, йўқ“, – деди. Ансорлардан Саъд ибн Зурора (розияллоҳу анҳу) буни эшитгач, Расулуллоҳга оёқлари тик дарахтидан ясалган, усти зиғир толасидан тўқилган бўйра билан қопланган бир каравот юборди. Расулуллоҳ ўз уйларига кўчгунларича шунинг устида ухладилар, вафот этгунларича ҳам шунинг устида ухладилар. Расул алайҳиссаломни ювиб, кафанлашганда, у зотни шу каравот устига қўйишди ва жаноза намозлари ҳам у зот шу каравот устида турган ҳолда ўқилди. Одамлар ўликларини кўтариб бориш учун уни биздан сўраб олишар ва у билан табаррук қилишар эди. Ҳазрати Абу Бакрнинг ва ҳазрати Умарнинг жанозалари ҳам унинг устида кўтарилди».
Ҳазрати Оиша шундай дейди: «Расул алайҳиссаломнинг бир бўйралари бор эди, кечаси унинг устида намоз ўқир, кундузи эса уни ёзиб, устида одамлар билан ўтирар эдилар».68
Пайғамбаримизнинг узуклари
Эркакларга фақат кумуш узук ҳалол экани, олтин, темир ва жездан узук тақиш эса ҳаром эканини Пайғамбаримиз билдирдилар. Ўзлари ҳам вафот этгунларича фақат кумуш узук тақдилар.
Расулуллоҳ узукларини муборак ўнг қўлларига тақар эдилар. Чап қўлларига таққанлари ҳам кўрилган. Ўнг қўлга ҳам, чап қўлга ҳам тақиш жоиз. Узук жимжилоққа ёки унинг ёнидаги бармоққа тақилади. Ҳайитларда ҳар кимнинг узук тақиши мустаҳабдир. Кўз-кўз қилиш, мақтаниш учун тақиш ҳаромдир.
Ҳабашистон Нажошийси Асҳаманинг Пайғамбаримизга юборган ҳадялари орасида кўзи Ҳабаш тошидан бўлган бир олтин узук ҳам бор эди. Севимли Пайғамбаримиз Абул Оснинг қизи, ўз набиралари ҳазрати Умомани чақириб: «Қизим! Буни сен тақ!» – дедилар.69
Бир куни ҳазрати Нуъмон ибн Башир Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига келди. Бармоғида олтин узук бор эди. Пайғамбаримиз: «Жаннатга кирмасингдан олдин нега жаннат зийнатини ишлатдинг?» – дедилар. У темир узук тақа бошлади. Буни кўриб, Пайғамбаримиз: «Нега жаҳаннам ашёсини тақиб юрибсан?» – дедилар. У буни ҳам ечиб, бронзадан узук тақди. Буни кўриб, Пайғамбаримиз: «Нега сендан бут ҳидини сезяпман?» – дедилар. У: «Ё Расулаллоҳ! Қандай узук тақай?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Кумуш узук тақишинг мумкин. Унинг оғирлиги бир мисқолдан (4,8 г) ошмасин ва уни ўнг қўлингга тақ!» – дедилар.
Ҳазрати Амр ибн Шуъайб шундай дейди: «Расулуллоҳ олтин ва темир узукларни ечтирар, кумуш узукларга монеълик қилмас эдилар».
Севимли Пайғамбаримиз Эрон шоҳига, Рум қайсарига ва Ҳабашистон Нажошийсига мактуб ёздирмоқчи бўлганларида, у зотга: «Ё Расулаллоҳ! Улар муҳр босилмаган мактубни ўқимайдилар!» – дейишди. Шунда Пайғамбаримиз кумушдан бир узук ясаттирдилар, унинг кўзига уч қатор қилиб «Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб нақш қилинган эди.
Муҳр узукдаги ёзув юқоридан пастга қараб уч қатор бўлиб турар эди: «Аллоҳ» – бир қатор, «Расул» – бир қатор ва «Муҳаммад» – бир қатор. Пайғамбаримизнинг кумуш узукларидаги тош Ҳабаш тоши эди.70 Бу кумуш узукнинг кўзи ҳам кумушдан бўлгани ривоят қилинади.
Ҳазрати Амр ибн Саъид Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келган эди. Севимли Пайғамбаримиз унинг бармоғидаги узукни кўриб: «Қўлингдаги бу узук нима?» – деб сўрадилар. Ҳазрати Амр ибн Саъид: «Ё Расулаллоҳ! Бу – бир ҳалқа. Уни ўзим ясадим», – деди. Пайғамбаримиз: «Унинг нақши нима?» – деб сўрадилар. Амр ибн Саъид (розияллоҳу анҳу): «Муҳаммадур Расулуллоҳ», – деди. Пайғамбаримиз: «Бер-чи, бир кўрай», – дедилар. Уни олиб, шахсий муҳр сифатида ишлатдилар ва бошқаларга узукларига «Муҳаммадур Расулуллоҳ» сўзларини нақш қилишни ман қилдилар.71 Севимли Пайғамбаримиз муборак бармоқларида шу муҳр узук бўлган ҳолда вафот этдилар.
Пайғамбаримиз узукларининг кўзли томонини муборак кафтлари ичига қаратиб тақар эдилар. Ҳожатхонага кирадиган бўлсалар, узукларини муборак бармоқларидан ечиб қўяр эдилар. Севимли Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин у зотнинг муҳр узукларини ҳазрати Абу Бакр, ундан кейин ҳазрати Умар, ҳазрати Умардан кейин эса ҳазрати Усмон тақди. Ҳазрати Усмон халифалиги пайтида бир куни Арис қудуғи бошида ўтирганида, уни қудуққа тушириб юборди. Қудуқнинг бутун суви тортиб олинган, уч кун изланган бўлса ҳам, бу муборак узук топилмади.72 Узук тошига ёзув ёзиш одати Пайғамбаримиздан кейин ҳам давом этди.
Ҳазрати Абу Бакрнинг узугида «Ниъмал қодиру Аллоҳ» (Аллоҳу таолонинг қудрати ҳар нарсага нақадар гўзал етади), ҳазрати Умарникида «Кафо бил мавти воъизан ё Умар» (Насиҳат сифатида ўлим кифоя) деб ёзилган эди.
Ҳазрати Усмоннинг узугида «Ла насбиранна» (Албатта, сабр қиламиз), ҳазрати Алиникида «Ал-мулку лиллаҳ» (Мулк фақат Аллоҳу таолоникидир) деб ёзилган эди.
«Яҳудийларга ўхшамаслик учун намозларни кавуш билан ўқинглар» Ҳадиси шариф
Ҳазрати Ҳасаннинг узугида «Ал-иззату лиллаҳ» (Азамат, улуғлик Аллоҳу таолоникидир) деб ёзилган эди.
Ҳазрати Муовиянинг узугида «Роббиғфир лий» (Раббим, афв эт), ҳазрати Ибн Абу Лайлоникида «Ад-дунё ғарурун» (Дунё алдовчидир, ёлғончидир) деб ёзилган эди.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг узугида «Қулил хойро ва илла фаскут» (Ё яхши сўз айт, ё жим тур!) деб ёзилган эди.
Имом Абу Юсуф ҳазратларининг узугида «Ман амила бираъйиҳи надима» (Ўз фикри билан иш тутган пушаймон бўлади), имом Муҳаммад Шайбоний ҳазратлариникида «Ман собара зафира» (Сабр қилган ғалаба қозонади) деб ёзилган эди.
Имом Шофеъий ҳазратларининг узугида «Ал-барокату фил қаноъа» (Барака – қаноатда) деб ёзилган эди. Улар узукларини муҳр сифатида ишлатар эдилар.
Пайғамбаримизнинг Нақши қадами шарифлари
Нақши қадами шариф – севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак оёқ изларидир. Пайғамбаримизнинг мўъжизаларидан бири шу эди: у зот юмшоқ нарсага, масалан, қумга босганларида оёқ излари қолмас, тошга, қаттиқ нарсага босганларида эса излари қолар эди. Муборак оёқлари босиб, из қолдирган баъзи тошлар ва мармарлар ёдгорлик сифатида асрлар давомида сақланган, қўлдан қўлга омонат қилиб топширилган ва улар билан табаррук қилинган.
Айниқса мусулмон давлат арбоблари, подшоҳлар бу қимматли ёдгорликларни муҳим жойларда махсус муҳофаза остига олиб сақлаганлар, ўзлари зиёрат қилганлар ва бошқаларга ҳам зиёрат қилдирганлар. Нақши қадами шарифлардан маълум ва сақланиб келаётганларининг энг машҳурлари қуйидагилардир: 1. Ҳиндистонда Фируз шоҳ Туғлуқнинг ўғли Фатҳхоннинг мақбарасидаги Нақши қадами шариф. 2. Қоҳирада Қойитбой мақбарасидаги икки муборак оёқ изи. 3. Қоҳирада Осорун Набий масжидидаги икки муборак оёқ изи. 4. Истанбулда Холид ибн Зайд Абу Айюб Ансорий (Айюб Султон) мақбарасидаги муборак ўнг оёқ изи. Бу Нақши қадами Пайғамбарий Маҳмудхон I амри билан 1734 йилда саройдан мақбарага келтирилган.
5. Абдулҳамидхон I мақбарасида, Янги масжид томонидаги деворда жавон ичида сақланаётган икки оёқ изи.
6. Лалелида султон Мустафохон III мақбарасида деворда махсус ясалган жавон ичида сақланаётган тош устидаги икки муборак оёқ изи. 7. Истанбулда, Топқопи саройининг Муқаддас омонатлар бўлимидаги оёқ излари. Топқопи саройининг Хирқаи саодат бўлимида тўрттаси тош, иккитаси ғишт туридан бўлган олтита Нақши қадами шариф бор. Улардан бири – Пайғамбаримиз Меърожга кўтарилаётганларида босган қоя устида қолган муборак оёқ изи бўлиб, у Хирқаи саодат хонасида жавон ичида сақланмоқда. Расулуллоҳ Меърожга кўтарилаётганларида босган бу муборак қоя устига Қуббатус Сахро номи билан машҳур бино қурилган. Нақши қадами шарифлар ҳозирги жойларига кўчирилишидан олдин асрлар давомида турли жойларда сақланган. Энг охирида бугунги жойларига қўйилган. Ҳақиқий Нақши қадами шарифлар эса табаррук учун зиёрат қилинади.
Қадами шариф ва султон Аҳмадхон I
Ўн уч ёшида тахтга чиққан ва йигирма саккиз ёшида вафот этган усмонли подшоҳ султон Аҳмадхон I Исломга ва Расулуллоҳга чин дилдан боғланган эди. У Бахтий ва Аҳмадий тахаллуслари билан шеърлар ҳам ёзган. Султон Аҳмадхон I Нақши қадами шариф шаклида қимматбаҳо тошлар билан безатилган бир жиға ясаттирган, ўртасига эса зангори сир устига олтин билан ўзининг мана бу мисраларини ёздирган эди:
Не бўлгай, тожимдек бошимда доим кўтарсам
Расуллар шоҳи – ул ҳазратнинг пок қадамини.
Пайғамбарлик гулзорининг гули – ул қадам соҳиби;
Эй Аҳмад, турма, юзингни сурт ул Гулнинг қадамига.
Sultan I. Ahmed (Bahtî)
Султон Аҳмадхон I жума ва ҳайит кунларида, бошқа муборак кунларда ҳам бу жиғани бошига тақар эди. Айинтоблик Меҳмед Муниб афанди султон Абдулҳамидхон I мақбарасидаги Нақши қадами шарифнинг топилиши ва мақбарага қўйилишини ҳикоя қилган Âsâr-ul-Hikem fî Nakş-il Kadem номли бир асар ёзган. Султон Аҳмадхон бу қитъани ўз хати билан ёзиб, шайхи Азиз Маҳмуд Ҳудоий афандига юборган. Бундан ташқари, султон Аҳмад бу шеърни бир тахта устига ёздириб, салтанат тахти олдига осдирган. Шеър ёзилган бу лавҳа ҳозир ҳам Султон Аҳмад масжидида осиғлиқ турибди.
Пайғамбаримизнинг Наълайни шарифлари
Пайғамбаримиз замонида кийиладиган кавушлар бугунгиларидан фарқ қилар эди. Уларнинг таги теридан, усти очиқ, тасмали пойабзал шаклида эди. Расулуллоҳ ва саҳобаи киром кўчада кийиб юрадиган кавушлари билан намоз ўқир эдилар. Уларнинг кавушлари тоза эди, Масжиди Набавийнинг ерига эса қум тўшалган эди. Ифлос кавуш билан у ерга кирилмас эди.
Ҳадиси шарифда: «Яҳудийларга ўхшамаслик учун намозларни кавуш билан ўқинглар», – дейилди.
Наълайни саодатнинг ҳатто расми ҳам баракага сабаб бўлишига ишонилар, уни уйларга, иш жойларига осишар эди. Хирқаи саодат бўлимида Наълайни саодат билан бирга уларнинг металл ва ёғочдан ясалган нусхалари ҳам сақланади.
Пайғамбаримиз ёнларида олиб юрадиган етти нарса
Севимли Пайғамбаримиз ёнларида тароқ, ойна, мисвок, гул ёғи, сурма ва қайчи бўлган ҳолда сафарга чиқар, сафарда ҳам, уйда ҳам уларни ўзларидан айирмас эдилар. Ҳазрати Оиша: «Ғазотлар учун Расул алайҳиссаломнинг гул ёғини, тароғини, ойнасини, икки қайчисини, сурмадонини ва мисвогини тайёрлаб қўяр эдим», – деди. Яна ҳазрати Оиша онамиз шундай деди: «Сафарда ҳам, уйда ҳам Расул алайҳиссалом ёнларида етти нарсани олиб юрар эдилар:
1. гул ёғи шишаси, 2. тароқ, 3. ойна, 4. сурмадон, 5. мисвок, 6. икки қайчи, 7. соч ажратадиган суяк».73
Пайғамбаримизнинг асолари ва таёқлари
Пайғамбаримиз жума кунлари хутба ўқиганларида асога ёки ёйга, сафарда эса ёйга таянар эдилар. Севимли Пайғамбаримиз асога таяниш пайғамбарлар ахлоқидан эканини айтар, ўзлари ҳам асога таянар ва таянишни тавсия қилар эдилар. Муовия ибн Абу Суфённинг (розияллоҳу анҳумо) халифалиги даврида Пайғамбаримизнинг асолари Саъдул Қаразда эди. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён ҳижратнинг элликинчи йилида ҳажга келган эди. У севимли Пайғамбаримизнинг масжидларидаги минбарни сўктириб, Шомга кўчирмоқчи бўлди. Саъдул Қаразда бўлган асони ҳам сўраттирди. Ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ билан ҳазрати Абу Ҳурайра унинг олдига бориб: «Эй мўминлар амири! Расул алайҳиссаломнинг минбарини қўйилган жойидан сўкиб олиб кетиш ҳам, асоларини Шомга кўчириш ҳам тўғри бўлмайди!» – дейишди. Шундан кейин ҳазрати Муовия бу ниятидан қайтиб, узр сўради.
Пайғамбаримиз ҳазрати Абдуллоҳ ибн Унайсни масжиддан уйларига олиб бориб, унга бир асо бердилар ва: «Бу асони ёнингда сақла, эй Абдуллоҳ ибн Унайс!» – дедилар. Абдуллоҳ ибн Унайс (розияллоҳу анҳу) бу асо билан одамлар олдига чиққанда, ундан: «Бу қандай асо?» – деб сўрашди. У: «Буни менга Расул алайҳиссалом бердилар ва ёнимда сақлашимни буюрдилар», – деди. Улар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Унайсга: «Расул алайҳиссаломнинг олдиларига қайтиб бориб, буни сенга нима учун берганларини сўрасанг-чи!» – дейишди.
Пайғамбаримизнинг Наълайни шарифлари шакли
Наълайни шариф
Наълайни Расулуллоҳ кўкларга юксалур,
Бутун махлуқот унинг соясида бўлур.
Турда Мусога: «Ечгин наълингни», – дейилганда,
Арш устида у зотга: «Сиз ечманг», – дейилур.
Энг шарафли Расулнинг наълайни шаклидир бу,
Юлдузлар ҳам у зот босган тупроқ бўлмоқ истар.
Унинг орзусидадир етти қават кўк аҳли,
Султонларнинг тожлари унга ҳавас этар.
Тенги топилмас Мустафонинг наълайнининг,
Кўзга нур, қалбга ҳузур – бари ундан келар.
Ниҳоятда азиз тут наълайн суратини,
Бутун бошлар унга оёқ бўлмоқни тилар.
Ҳар ённи бало ва мусибатлар қамраганда,
Наълайни шариф менга омон қалъа бўлур.
Бу мустаҳкам қалъада омондирман, хотиржам,
Унинг гўзал шаклидан паноҳ тиласам, у асрар.
Кўнгил наълайни шариф шаклига хизмат ила
Икки дунёда унинг соясида яшамоқ истар.
Ибн Масъуд наълайнга хизмат ила саодат топди,
Менинг саодатим эса унинг тимсоли ила бўлур.
Юсуф Набҳоний
Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Унайс Пайғамбаримизнинг олдиларига қайтиб бориб: «Ё Расулаллоҳ! Бу асони менга нима учун бердингиз?» – деб сўради. Севимли Пайғамбаримиз: «Бу – қиёмат куни ўртамиздаги бир белги! У вақтда жаннатда асога таянадиган кишилар жуда оз бўлади! Сен жаннатда бунга таянасан!» – дедилар. Абдуллоҳ ибн Унайс уни қиличи билан бирга олиб юрди, ўзидан ҳеч ажратмади. Ўлим тўшагига ётганда, оиласига уни кафанининг ичига солишларини ва ўзи билан бирга кўмишларини васият қилди. Асони унинг бадани билан кафани орасига қўйишди ва васияти бажо келтирилди. Пайғамбаримизнинг бир аршин (68 см) ёки ундан бироз узунроқ бир миҳжанлари бор эди. Миҳжан – учи эгри таёқ. Пайғамбаримиз Ҳажарул асвадга узоқдан у билан ишора қилиб истилом қилар эдилар. Пайғамбаримиз туяга минганларида уни олдиларига осиб қўяр эдилар. Пайғамбаримизнинг Уржун деб аталадиган (қуруқ хурмо шохидан ясалган) бир миҳсарралари ҳам бор эди. Дарахт шохидан ясалган таёққа миҳсарра дейилади. Пайғамбаримиз Бақиъул Ғарқадга борганларида уни ўзлари билан олар, унга таянар, ўтирганларида уни қўлларида айлантирар эдилар. Пайғамбаримизнинг қўлларида шу миҳсарра бўлган ҳолда хутба ўқиган вақтлари ҳам бўлар эди. Пайғамбаримизнинг тоғ дарахтларидан кесиб ясалган, Мамшуқ деб аталадиган бир қазиблари (чўп таёқлари) ҳам бор эди. Ҳазрати Усмон Пайғамбаримизнинг қазибларини қўлида тутиб, минбарда хутба ўқиётганида, Жаҳжоҳ ибн Саъид ёки Жаҳжоҳ ибн Қайс келиб, ҳазрати Усмоннинг қўлидан қазибни олди-да, тиззасига тираб букди, синдирди. Одамлар Жаҳжоҳга бақиришди. Бу илоҳий ғайратга тегди ва Аллоҳу таоло Жаҳжоҳнинг қўлига ёки тиззасига акила (қичима) касаллигини берди. Ҳазрати Усмон шаҳид бўлгандан кейин бир йил ўтмай, Жаҳжоҳ қашиниб-қашиниб ўлди.
«Тенги топилмас Мустафонинг наълайнининг, кўзга нур, қалбга ҳузур – бари ундан келар» Юсуф Набҳоний (раҳматуллоҳи алайҳ)
Пайғамбаримизнинг қиличлари
Пайғамбаримизнинг тўққизта қиличлари бор эди.
Оталаридан қолган ва Маъсур деб аталган қилич Пайғамбаримиз Мадинага ҳижрат қилганларида ёнларида эди.74 Абд: бу қилични Пайғамбаримизга ҳазрати Саъд ибн Убода ҳадя қилган эди, у зот Бадр жангига борганларида уни ўзлари билан олиб бордилар.
Зулфиқор: Қурайш мушрикларидан Мунаббиҳ ибн Ҳажжожнинг ёки Ос ибн Мунаббиҳнинг қиличи бўлиб, Бадр жангида ўлжа сифатида қолган эди. Пайғамбаримиз Зулфиқорни ҳазрати Алига ҳадя қилдилар. Унинг дастасининг боши, боғичининг ҳалқалари ва занжирлари кумушдан эди.75
Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин ҳазрати Аббос ҳазрати Абу Бакрга мурожаат қилиб, Зулфиқорни ҳазрати Алидан сўраб олмоқчи бўлганда, ҳазрати Абу Бакр: «Мен бу қилични ҳамиша унинг қўлида кўрдим. Уни ундан тортиб олишни хуш кўрмайман!» – деди. Ҳазрати Аббос ҳам уни ҳазрати Алида қолдирди.
Пайғамбаримизнинг найзалари
Пайғамбаримизга Бану Қайнуқоъ яҳудийларидан учта найза ўлжа бўлиб қолган эди. Пайғамбаримизнинг найзаларидан бирининг исми Мусвий, иккинчисиники Мусно эди. Пайғамбаримизнинг Байзо деб аталадиган бир катта ҳарбаси ва Аназа деб аталадиган, найзадан кичикроқ бир ҳарбаси ҳам бор эди. Ҳабашистон Нажошийси ҳазрати Асҳама севимли Пайғамбаримизга Набъа деб аталадиган учта аназа (найза) ва бир ҳарба юборган эди. Пайғамбаримиз улардан бирини ўзларига олиб қолдилар, иккинчисини ҳазрати Алига, учинчисини ҳазрати Умарга бердилар.
Рамазон ва Қурбон ҳайитларида Билол Ҳабаший (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг найзаларини намозгоҳгача у зотнинг олдиларида кўтариб борар ва у ерда Пайғамбаримизнинг олдиларига қадаб қўяр эди. Севимли Пайғамбаримиз ҳайит намозини унга қараб ўқитар эдилар. Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин ҳазрати Билол Ҳабаший ҳайитларда бу найзани ҳазрати Абу Бакрнинг олдида кўтариб бориб, намозгоҳда унинг олдига қадаб қўяр эди. Ҳазрати Абу Бакрдан кейин ҳазрати Умар, ундан кейин ҳазрати Усмон даврида бу вазифани муаззин ҳазрати Саъдул Қараз худди шундай адо этди. Мадина ноиблари замонида ҳам шундай қилиш давом этди.
Пайғамбаримизнинг ёйлари
Севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) олтита ёйлари бор эди. Улардан Равҳо, Байзо ва Сафро деб аталган учтаси Бану Қайнуқоъ яҳудийларидан ўлжа бўлиб қолган эди. Сафро ёйи набъ дарахтидан ясалган эди.76 Катум номли ёй ҳам набъ дарахтидан ясалган бўлиб, Уҳуд жангида синган эди. Синган ёйни ҳазрати Қатода ибн Нуъмон ёдгорлик сифатида олди. Бундан ташқари, Пайғамбаримизнинг Садад ва Завро номли ёйлари ҳам бор эди.77
«Алидан бошқа йигит, Зулфиқордан бошқа қилич йўқ!» Ҳадиси шариф
Пайғамбаримизнинг қалқонлари
Пайғамбаримизнинг учта қалқонлари бор эди. Залуқ деб аталган қалқон устида қўчқор боши сурати бор эди. Бу қалқон Пайғамбаримизга ҳадя қилинган эди. Лекин суратли бўлгани учун у Пайғамбаримизга ёқмади. Тонг отганда, Аллоҳ ўша суратни қалқондан кетказиб, йўқ қилган эди.78
Пайғамбаримизнинг совутлари
Расулуллоҳнинг еттита совутлари бор эди. Бу совутлар қуйидагилар:
Зотул фузул: уни Пайғамбаримизга ҳазрати Саъд ибн Убода Бадр жангига чиқаётганларида ҳадя қилган эди.79
Саъдия ва Физза: бу икки совут ҳам Пайғамбаримизга Бану Қайнуқоъ яҳудийларидан ўлжа бўлиб қолган эди. Саъдия номли совут Довуд алайҳиссаломнинг Жолут билан жанг қилиш учун кийган тарихий совутлари эди. Уҳуд жангида Пайғамбаримиз Фузул билан Физзани устма-уст кийдилар.80 Пайғамбаримиз вафот этганларида Зотул фузул номли совут оила аъзоларининг эҳтиёжи учун олинган ўттиз соъ арпа эвазига Бану Зафардан Абуш Шаҳм исмли бир яҳудийга гаровга қўйилган эди.81
У зотнинг бошқа совутлари – Зотул вишоҳ, Зотул ҳавоший, Батро ва Хирниқ.82
Ҳунайн жангида Пайғамбаримиз Зотул фузул билан Саъдияни кийдилар.83
Пайғамбаримизнинг дубулғалари
Расулуллоҳнинг дубулғаларидан биринчиси – Мувашшаҳ. Бу дубулға Бану Қайнуқоъ яҳудийларидан ўлжа бўлиб қолган эди. Зус субуғ ёки Зус сусуб, ёки Машбуғ номли дубулға Пайғамбаримизнинг Уҳуд жангида бошларига кийган дубулғалари эди. Мушрикларнинг қилич зарбаларидан ва отган тошларидан у синиб, икки ҳалқаси севимли Пайғамбаримизнинг муборак ёноқларига қадалди.
Пайғамбаримиз Маккани фатҳ қилиш учун кирганларида ҳам бошларида дубулға бор эди.
Отланди лашкар, кўтариб байроқ ва алам,
Меҳтар84 чалиб, ноғора ва доира ҳам.
Пайғамбаримизнинг байроқ ва санжоқлари
Пайғамбаримиз ғазотларда икки хил байроқ (санжоқ) ишлатар эдилар. Роялари қора, ливолари эса кичикроқ ва оқ эди. Муҳаммад ибн Қосимнинг озод қилган қули Юнус ибн Убайд шундай ҳикоя қилади: «Муҳаммад ибн Қосим мени Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг байроқлари ҳақида сўраш учун Баро ибн Озибнинг олдига юборди. Баро ибн Озиб: „У қора, тўрт бурчакли, намирадан (қора-оқ йўл-йўл жун матодан) эди“, – деди». Бу байроқ ҳазрати Оишанинг усти туя эгари нақшлари билан безатилган, жундан тўқилган бел фўтаси бўлиб, қора эди. Уни Уқоб деб атар эдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг байроқлари ҳазрати Алида турар эди. Хайбар жангида Пайғамбаримиз: «Байроқни шундай бир йигитга бераманки, у Аллоҳни ва Унинг Расулини севади, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳам уни севади!» – дедилар ва ҳазрати Алини чақириб, байроқни унга бердилар.85 Аллоҳу таоло Хайбар фатҳини ҳазрати Алига насиб қилди.
Расулуллоҳнинг Ливоул ҳамд деб аталадиган байроқлари устида «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб ёзилган эди. Харрор сарийясида Пайғамбаримиз ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос учун бир оқ санжоқ (байроқ, ливо) боғладилар. Ҳазрати Алини Яманга юборганларида, найза бошига бир саллани боғлаб: «Ливо мана шундай бўлади!» – дедилар. Ливони фақат қўшин қўмондони тутар ва кўтариб юрар эди. Пайғамбаримизнинг оқ санжоқларини Абво (Ваддон) ғазотида ҳазрати Ҳамза, Бувот ғазотида Саъд ибн Абу Ваққос, Курз ибн Жобир Фиҳрийни таъқиб қилганда ҳазрати Али, Зул Ушайра ғазотида ҳазрати Ҳамза кўтарди.
Бадр жангига чиқаётганларида Пайғамбаримиз оқ санжоқларини (ливоларини) Мусъаб ибн Умайрга бердилар, ҳазрати Али эса Пайғамбаримизнинг олдиларида у зотнинг қора санжоқларини (рояларини) – Уқобни кўтариб борди.86 Пайғамбаримизнинг оқ санжоқларини (ливоларини) Бану Қайнуқоъ ғазотида ҳазрати Ҳамза; Қарқаратул Кудр ғазотида, Уҳуд жангида ва Кичик Бадр ғазотида ҳазрати Али; Хандақ жангида эса Зайд ибн Ҳориса кўтарди. Пайғамбаримиз Маккани ҳам оқ санжоқлари билан фатҳ қилдилар. Табук ғазотида Пайғамбаримиз катта санжоқларини ҳазрати Абу Бакрга, кичик санжоқларини эса Зубайр ибн Аввомга кўтартирдилар.
Пайғамбаримизнинг отлари
Севимли Пайғамбаримизнинг биринчи отлари – Мадинада Бану Фазорадан бўлган бир бадавийдан ўн уқия87 кумушга сотиб олган, саҳро аҳли Дорис, Пайғамбаримиз эса Сакб деб атаган от. Пайғамбаримиз Уҳуд жангида шунга минган эдилар.88 Сакбнинг лабида оқлик бор эди. Уч оёғи ола, ўнг оёқларидан бири эса оласиз эди. Сакб жуда йўрға эди, яъни юрганда сувдек оқар эди. Муртажиз номли отларини Пайғамбаримиз Бану Муррадан бўлган бир бадавийдан сотиб олган эдилар. Муртажиз чиройли, келишган от эди ва гўё шеър ўқигандек оҳангдор кишнар эди.89 Лизоз номли отни Пайғамбаримизга Искандария подшоҳи Муқавқис ҳадя қилган эди. Лизоз жуда тез чопар эди.90
Зариб номли отни Пайғамбаримизга Фарва ибн Умайр Жузомий ҳадя қилган эди. Зариб жуда кучли ва чидамли от эди.
Лаҳиф (ёки Луҳайф). Бу отни Пайғамбаримизга Робиъа ибн Абу Баро Калбий ҳадя қилган эди. Лаҳифнинг думи узун эди. Думи ерни супурар эди. Яъсуб Пайғамбаримизнинг отларининг энг яхшиси эди.
«Байроқни шундай бир йигитга бераманки, у Аллоҳни ва Унинг Расулини севади, Аллоҳ ва Унинг Расули ҳам уни севади!» Ҳадиси шариф
Муровиҳ – пойга оти бўлиб, уни Убайд ибн Ёсир Пайғамбаримизга Табукда ҳадя қилган эди. Муровиҳ шамолдек тез чопар эди.
Мирвоҳ номли отни ҳижратнинг ўнинчи йилида Мадинага келган Бану Раҳо вакиллари Пайғамбаримизга ҳадя қилишган эди. Мирвоҳ Пайғамбаримизнинг олдиларида миниб юргизиб кўрсатилганда, бу Пайғамбаримизга жуда ёққан эди. Вард – бу отни Пайғамбаримизга Тамим Дорий ҳадя қилган эди. Варднинг ранги тўриқ эди. Пайғамбаримиз уни ҳазрати Умарга ҳадя қилдилар. Ҳазрати Умар Вардни миниб, Аллоҳу таолонинг йўлида жанг қилди, уни ғазотдан ғазотга чоптирди. Пайғамбаримиз отларидан учтасини пойгага солар эдилар. Зарибнинг чавандози ҳазрати Саҳл ибн Саъд, Лизозники эса ҳазрати Абу Усайд Соидий эди. Лизоз энг олдинда, Зариб унинг ортида, Сакб эса Зарибнинг ортида борар эди.
Пайғамбаримизнинг эшак ва хачирлари
Расулуллоҳнинг эшаклари ҳам, хачирлари ҳам бор эди. Искандария подшоҳи Муқавқис Пайғамбаримизга бир кулранг хачир билан бир кулранг эшак ҳадя қилган эди. Хачирни Дулдул, эшакни эса Яъфур ёки Уфайр деб аташар эди.91 Исломда биринчи кўрилган оқ хачир Дулдул бўлди. Пайғамбаримизнинг Хайбар жангида минган хачирлари шу кулранг хачир, Ҳунайн жангида минганлари эса бошқа кулранг хачир эди. Пайғамбаримиз хачирларини ниқтаб, Ҳавозин қабиласи устига юрмоқчи бўлдилар; ҳазрати Аббос хачирнинг жиловидан, ҳазрати Абу Суфён ибн Ҳорис эса узангисидан ушлаб, унинг тезлигини пасайтиришга ва Пайғамбаримизнинг душман орасига кириб кетишларига тўсқинлик қилишга уринишди. Хайбар жангида Яъфурнинг устига палон уриб, бошига хурмо толасидан эшилган арқондан нўхта кийдириб, Пайғамбаримизнинг унга ҳам минганлари ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Видо ҳажидан қайтганларида Яъфур ўлган эди, Дулдул эса Пайғамбаримиз вафот этганларидан кейин ҳазрати Алига қолди. Унга ҳазрати Али шаҳид бўлгунича ўзи, сўнгра ҳазрати Ҳасан, сўнгра ҳазрати Ҳусайн, ундан кейин ҳазрати Муҳаммад ибн Ҳанафия минди. Дулдул ҳазрати Муовия давригача яшади.
Пайғамбаримизнинг туялари
Қасво: Пайғамбаримизнинг Жадъо ва Азбо номлари билан ҳам аталган бу туялари Бану Қушайр ибн Каъб ибн Робиъа ибн Омирнинг ёки Ҳурайш ибн Каъбнинг ҳайвонларидан бўлиб, ҳазрати Абу Бакр уни тўрт юз дирҳамга сотиб олиб, худди шу нархда севимли Пайғамбаримизга берди. Пайғамбаримиз Мадинага Қасвога миниб ҳижрат қилдилар. Ҳудайбия умрасига унга миниб бордилар. Маккани ҳам унга миниб фатҳ қилдилар. Пайғамбаримиз Қасвони пойгага солар эдилар ва ҳеч бир туя ундан ўзиб кета олмас эди. Лекин бир бадавий икки ёшли бир туя билан пойгага тушиб, ундан ўзиб кетди. Видо ҳажида Пайғамбаримиз Арафот хутбасини Қасво устида ирод қилдилар. Ҳазрати Абу Бакр халифалиги даврида Қасво Жаннатул Бақиъ қабристонига қўйиб юборилди. У ерда ўз ҳолича ўтлаб юриб, ўлди.92
«Аллоҳим! Суратимни гўзал яратганингдек, ахлоқимни ҳам гўзал қил» Ҳадиси шариф
Абу Жаҳлдан ўлжа олинган туя: Бадр жангида Абу Жаҳлнинг машҳур туяси ўлжа бўлиб, севимли Пайғамбаримизнинг улушларига тушди. Ҳудайбия умрасигача Пайғамбаримиз бу туяга миниб ғазотларга ҳам чиқар эдилар. Умра учун унга қурбонлик белгисини қўйдилар. Мушриклар унинг ўрнига юзта туя бериб, уни олмоқчи бўлишди. Пайғамбаримиз: «Агар уни қурбонлик деб ажратиб белгиламаганимизда, истагингизни бажо келтирар эдим», – дедилар. Соғин туялар: Пайғамбаримизнинг Зулжадр ва Жамма яйловларида ўтлаб юрадиган, Ҳанно, Самро, Урайс, Саъдия, Бағум, Ясира ва Даббо деб аталган еттита соғин туялари бор эди; Пайғамбаримизнинг оила аъзолари уларнинг ҳар кеча келтириладиган икки меш тўла сути билан кун кечирар эдилар.93 Лекин Пайғамбаримиз вафот этганларида улардан ҳеч бири қолмаган эди.
Пайғамбаримиз вақф қилган мулклар
Исломда биринчи вақф – Уҳудда шаҳид бўлган Мухайриқнинг еттита боғ ва полизи эди. У буларни Пайғамбаримизга топширилишини васият қилган, Пайғамбаримиз эса қабул қилиб олиб, вақф қилган эдилар. Улар қуйидаги номлар билан аталар эди: 1. Мисаб, 2. София, 3. Далол, 4. Ҳусно, 5. Бурқа, 6. Аъвоф, 7. Машраба.94 Мусулмон бўлишидан олдин яҳудий олимлари ва бойларидан бўлган Мухайриқ Уҳуд жангида қавмдошларини тўплаб, уларга ўз фикрини шундай билдирди: «Сизлар ҳам жуда яхши биласизларки, Муҳаммад – охир замон набийсидирлар. Тавротда у зотнинг сифатлари очиқ-ойдин ёзилган. Энди бизга ярашадигани – у зотга эргашиш, оғир кунларида ёнларида бўлишдир». Яҳудийлар: «Ҳақсан, лекин бугун шанба. Бугун иш билан машғул бўлинмайди!» – дейишди. Қайсарлик қилишнинг фойдаси йўқлигини кўриб, у қиличини тақиб, мусулмон бўлганини эълон қилди. Яқинларига: «Агар ўлдирилсам, бутун молларим Муҳаммадникидир. Уни хоҳлаганларича ишлатишда эркиндирлар», – деб васият қилди. Бориб, Ислом қўшинига қўшилди. Ва шаҳодат шарбатини ичди, розияллоҳу анҳу.
Ниҳоят, жанг тугади, яралар боғланди. Мухайриқнинг яқинлари васиятга содиқ қолиб, унинг мулкини Ҳабибуллоҳга топширишди. Пайғамбаримиз бу салқин сувли, мўл мевали ерларни вақф қилиб, фақир-мискинларнинг фойдаланишига очиб бердилар. Мана, Ислом маданиятида биринчи вақф анъанаси шундай бошланди. Пайғамбаримиз уни: «Мухайриқ – яҳудий наслидан бўлган хайрли бир киши», – деб мақтадилар.
Пайғамбаримизнинг Мадинадаги вақфлари, умуман, Мухайриқнинг молларидан эди.
Ибн Ҳумайд шундай дейди: «Халифа Умар ибн Абдулазиз Мухайриқнинг вақф хурмозорларидан хурмо келтиришларини истади. Уни бир товоқда келтирдилар. Умар ибн Абдулазиз: „Абу Бакр ибн Ҳазм менга бу хурмо Расул алайҳиссаломнинг давридан қолган хурмо дарахтидан эканини ва Расул алайҳиссалом ундан еганларини ёзди“, – деганда, мен: „Эй мўминлар амири! Буни орамизда тақсимланг!“ – дедим. У тақсимлади. Ҳар биримизга тўққизтадан хурмо тегди».
Умар ибн Абдулазиз: «Мен Мадина ноиби бўлиб ўша хурмозорга кирганимда, ўша хурмо дарахтининг хурмосидан еган эдим ва унингдек мазали, ширин хурмони кўрмаган эдим!» – деди.
Амр ибн Муҳожир шундай дейди: «Расул алайҳиссаломнинг буюмлари Умар ибн Абдулазизнинг ёнида бир хонада сақланар эди, у ҳар куни уларга қараб турар эди. Қурайшликлардан келиб, ёнида тўпланганларни ҳам бу хонага киритар, сўнгра бу буюмларга юзланиб: „Мана, Аллоҳ сизларни у билан шарафлантирган зотнинг мероси!“ – дер эди». Улар қуйидагилардир: 1. хурмо барглари билан ўрилган бир каравот,
2. усти теридан бўлиб, ичига хурмо толаси тўлдирилган бир ёстиқ, 3. каттагина бир товоқ, 4. бир сув қадаҳи,
5. бир кийим, 6. бир қўл тегирмони,
7. бир ўқдон, 8. бир бахмал кўрпа.
(Бу кўрпа Расулуллоҳнинг муборак баданларидан сингган хуш ҳидлар туфайли мушкдан ҳам хушбўй эди. Умар ибн Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) касал бўлганда, ўша кўрпа ювилган сув билан ювинар ва шифо топар эди.)
Ишқ денгизи тўлқин урган замон,
Ул тенгсиз дур («Дурри ятим») бўлди аён.
Унинг шаънида деди Холиқи пок:
«Лавлока лама халақтул афлок».
Ул Қуёш туғилганда, нури ёйилди,
Бутун коинот у нур ила тўлди.
Ким борса унинг изидан ҳар дам,
Яхшилик топар ҳар ишида ҳам.
Мамлакатлар гарчи амрида эди,
Уч кўйлакка ҳам эга эмас эди.
Уйида мол-дунё кам эди,
Вафотида совути гаровда эди.
Кўп замон кўрганлари олдида
Бу дунё не қадар қимматга арзир?
Эҳсони кўп эди ҳар бир кишига,
«Йўқ» деган сўз йўқ эди тилида.
Баъзан шу қадар кўп берар эди,
Душманлари ҳам бош эгар эди.
Ҳар нокасга ҳам шафқати мўл эди,
Ҳар етимга меҳрибон ота эди.
Ҳар ишида кўп ҳикмат бор эди,
Ҳеч кимсага миннат қилмас эди.
Касални доим зиёрат қилар эди,
Дардлига шифо бахш этар эди.
«Ё Расулаллоҳ! Сизни мадҳ этмоққа йўқ мадорим, барчамиз яратилдик сизнинг ҳурматингизга. Хуллас, эй вафо иқлимининг Шоҳи, сизга жоним ҳам фидо, ҳар нарса фидо!» Hüseyin Hilmi bin Sa’îd (раҳматуллоҳи алайҳ)
Таҳажжудни ҳеч тарк этмас эди,
Аллоҳ қўрқувидан ухламас эди.
Пайғамбар ҳар бир кишини ҳамиша
Ўзи билан баробар тутар эди.
Бандалик билан фахрланар эди,
Хулқи – илоҳий хулқ эди.
Ким бу йўлга ҳавас қилса агар,
Гўзал сифатлар ила безанар.
Бир мактабга доим қатнар эди,
Унинг муаллими Аллоҳ эди.
Уни баён этмоқ учун Раҳмон
Қуръонда гўзал қилди баён.
Маҳшаргача пайғамбарлар шоҳига
Бўлсин беадад салавотлар!
Унинг Олига, саҳобаларига ҳам
Салоту салом бўлсин ожизона!
Олтин тарнов / Каъба
Масжиди Набавийнинг ташқи кўриниши / Мадинаи мунаввара
ҲИЛЙАИ САОДАТ Саҳобага насиҳатдан сўнгра Фахри олам деди: мендан сўнгра Пок ҳилйамни ким кўрса агар, Юзимни кўрган каби бўлар. Кўрганда кўнглида муҳаббат туғилса, Яъни гўзаллигимга ошиқ бўлса, Мени кўрмоқликни этса орзу, Қалби муҳаббатим ила тўлса у, Жаҳаннам унга бўлгай ҳаром, Раббим жаннатни этгай икром. Ҳақ уни ҳашрда яланғоч қилмас, Ҳақнинг мағфиратидан у айрилмас. Дейилди: Расулнинг ҳилйасини Кимнинг қўли севиб ёзса уни, Ҳақ уни қўрқувдан этгай омон, Бало ила тўлса ҳам бу жаҳон. Дунёда танига касал келмас, Бутун бадани ҳеч оғриқ кўрмас. Гуноҳ қилган бўлса ҳамки бу одам, Жаҳаннам унинг жисмига ҳаром. Охиратда азобдан қутулур, Дунёда ҳар иши осон бўлур. Жалил Рабби уни ҳашр этгай яна Дунёда Расулни кўрганлар ила. Набий ҳилйасин баён этмак душвор, Бошлаймиз, қанча имконимиз бор. Зул-Жалолга сиғиниб, илтижо ила, Васф этамиз уни ожизона. Бу сўзда иттифоқ этди умматлар: Фахри олам оқ-қизил эди, дерлар. Муборак юзи соф оқ эди, Гул сингари қизғимтир эди. Юзидаги тер – инжу-дур эди, У гўзал гавҳарни зийнатлар эди.
Терлаганда ул сурур булоғи
Мавж урарди гўё нур денгизи.
Кўзлари доим сурмали кўринарди,
Гўзал кўзлари қалбларни тортарди.
Кўзининг оқи ғоят оқ эди,
Рабби уни оят ила мадҳ этди.
Қорачиғи кичик эмас эди,
Яқин ҳам, узоқ ҳам унга бир эди.
Кенг, гўзал ва латиф эди кўзи,
Нур сочарди доим муборак юзи.
Мустафонинг кўриш қуввати
Кечаси ҳам кундуздек эди қавий.
Бир томонга боқмоқ истаса агар,
Пок жисми ҳам у томонга бурилар.
Бошига тобе эди жасади,
Буни абадий тарк этмади.
Гарчи жисм эди Расули акрам,
«Руҳи мужассам» десам, ярашур ҳам.
Гўзал ҳам севимли эди Расул,
Ҳаққа ғоят суюкли эди Расул.
Молик ила Абу Ҳола шундай деди:
Ҳилолдек очиқ қошли эди.
Икки қоши ораси ҳар замон
Кумуш каби кўринарди аён.
Муборак юзи бироз думалоқ эди,
Териси тиниқ ҳам ялтироқ эди.
Унинг қора қошининг меҳроби
Бутун жаҳоннинг эди қиблагоҳи.
Ёндан қаралса, муборак бурни
Ўртаси бироз баланд кўринарди.
Жуда гўзал, қирра ва латиф эди,
Кўрган киши тўла таъриф этолмас эди.
Тишларининг ораси сийрак эди,
Гўё инжу қатори янглиғ порлар эди.
Олд тишлари қачонки бўлса зуҳур,
Ҳар томонни қоплар эди бир нур.
Кулса агар икки жаҳон сарвари,
Жонли-жонсиз ҳар нарсанинг пайғамбари,
Кўринарди олд тишлари ғоят пок,
Дўл доналаридек латиф, тобнок.
Ибн Аббос дейди: Аллоҳнинг Ҳабиби
Кулишдан тортинар, уялар эди.
Ҳаёсидан ул – диннинг санади –
Ҳеч қаҳқаҳа уриб кулмади, дерлар.
Нозик, ҳаёли эди жаноб Расул,
Қарашга ҳам доим тортинарди ул.
Юзи ўхшарди тўлин ойга,
Зоти ойна эди улуғ Мавлога.
Нурли эди доим ул гўзал чеҳра,
Порлашидан боқиб бўлмасди сира.
Кўнгилларни олди ул гўзал Набий,
Ошиқ бўлди унга юз минг саҳобий.
Тушида бир бор кўрганлар ҳатто
Дедилар: бундай завқ йўқ дунёда.
Гўзал ёноқлари ҳам, билсинлар,
Ортиқ этли эмас эди, десинлар.
Жаноби Холиқ севиб уни яратди,
Юзин оқ, пешонасин очиқ айлади.
Бўйнининг нури ҳар лаҳза, ҳар он
Сочлари орасида бўлур эди тобон.
Муборак соқолидан, яхши бил,
Оқарган эди фақат ўн етти қил.
На жингалак эди, на узун ул,
Ҳар аъзоси янглиғ мавзун эди ул.
Офоқлар Расулининг пок гардани
Ғоят оқ, ғоят тиниқ эди, бил буни.
Саҳобадан кўп одоб аҳли
Дедилар: қорни кўкси ила тенг эди.
Агар очилса муборак кўкси,
Файз95 сочар эди илм хазинаси.
Ишққа бўлгач ул маҳалли ташриф,
Бошқа бўлурми ул садри шариф?
Муборак кўкси кенг эди,
Унга илми ладун инган эди.
Оқ ва тиниқ эди ул садри кабир,
Кўрганлар ўйларди: бадри мунир.
Азалий Зот ишқининг олови
Ўтларга солган эди ул гўзални.
Буни, албатта, билур пиру жавон:
Курак суяги ясси эди Фахри жаҳон.
Елкасининг ўртаси этли эди,
Карам соҳиби, давлатли эди.
Кумуш танида латофат бор эди,
Йирикроқ пайғамбарлик муҳри бор эди.
Елкасида эди пайғамбарлик муҳри,
Ўнг томонга яқин эди, бил, ўзи.
Таъриф этганлар бизга билдирди:
Шарафли муҳр бир катта хол эди.
Ранги сариққа яқин қора эди,
Каптар тухумидек бор эди.
Атрофида гўё хатлар бор эди –
Бир-бирига туташ майин туклар эди.
Ул олий насабни васф этганлар
Дедилар: йирик суякли эди Набий.
Ҳар суяги йирик, мардона эди,
Сурати, сийрати шоҳона эди.
Муборак аъзоларининг ҳар бири
Мутаносиб, ҳам қавий эди бари.
Ҳар бир аъзоси эди шундай гўзал,
Қуръоннинг оятлари каби мукаммал.
Қўлларининг кафти ул султоннинг,
Оёқлари таги ҳам унинг
Кенг ва пок эди, нозик, марғуб,
Янги гул каби латиф ва маҳбуб.
Ғоят мавзун эди, дер аҳли назар,
Ул кароматли муборак қўллар.
Бировга салом берса агар,
Доим табассум этарди Пайғамбар.
Бир-икки кун ўтса ҳам орадан,
Ҳатто ой ҳам ўтиб кетса бундан,
Хуш ҳидидан ажралиб турарди
Ул киши одамлар орасидан.
Биллур каби эди туксиз бадани,
Қандай мадҳ этай ул пок танани?
Дўстни томоша этиш учун ул шариф
Кўз бўлган эди бутун жисми латиф.
Камолда эди нозик бадани,
Халлоқ кўрсатган эди ҳикматини.
Кўксида, қорнида йўқ эди асло
Бирор тук – гўё кумуш лавҳа.
Кўкси ўртасидан пастга ёлғиз
Бир қатор тук тизилган эди, шаксиз.
Бу қора хат ул муборак баданда
Ой ҳоласи янглиғ гўзал эди онда.
Умр бўйи муборак аъзолари
Ёшликдагидек қолди, сўлмади.
Ёши Набавий ортган сари
Ғунча каби янгиланарди бари.
Ҳам яна, Коинотнинг Султони
Семиз эди, деб гумон қилма они.
На заиф эди, на ортиқ этли эди,
Мўътадил, ҳам ғоят қувватли эди.
Аҳли дил деди: на ортиқ, на кам –
Бир-биридан аъзолари тенг эди ҳам.
Ул бадан саройин Устод қурди,
Адлу дод ила асосин урди.
Эътидолда эди пок бадани,
Нурга ғарқ бўлган эди бутун тани.
Ўрта бўйли эди ул Сидра макон,
У ила тартиб топди бутун жаҳон.
Қоматининг мўъжизасин кўрганлар
Ҳазратини мадҳ этиб, шундай дерлар:
Кўрмадик бундай гул юзли гўзал,
Бўйи ҳам, хулқи ҳам, юзи ҳам гўзал.
Ўрта бўйли бўлса ҳам ул Набий,
Узун бир кимса ила юрса агар,
Ул эр қанча узун бўлмасин, ҳар дам
Баландроқ кўринар эди Пайғамбар ҳам.
Узун бўйлидан ул гавҳар
Баланд эди бир кафт баробар.
Бир йўлга кетса иззат ила,
Ғоят тез юрар эди йўлида.
Шариф васфида яна айтайлик:
Юрганда олдинга эгилар эди.
Яъни бир қияликдан тушгандек,
Доим олдинга бироз эгиларди.
Шону шавкатли эди ул Жалил,
Ифтихор этар эди руҳи Халил.
Ҳақ кимни истаса, ул зотнинг, бегумон,
Ҳар аъзоси бўлур аъло, ҳар замон.
Йўлда кетаётиб, агар бир кимса
Тўсатдан Расулуллоҳни кўрса,
Қалбига тушар эди унинг ҳайбат
Расулуллоҳнинг улуғлигидан, албат.
Ва агар бир киши Набий ила доим
Суҳбат этиб, сўйласа калом,
Сўзларидаги лаззат ила ул
Қул бўлур эди, қабул этса Расул.
Азалий Халлоқ уни қилган эди
Ҳусни хулқ ила бемисл, бебадал.
Ё Расулаллоҳ, сизни мадҳ этмоққа йўқ мадорим,
Барчамиз яратилдик сизнинг ҳурматингизга.
Хуллас, эй вафо иқлимининг Шоҳи,
Сизга жоним ҳам фидо, ҳар нарса фидо!
Hüseyin Hilmi Işık
(қаддасаллоҳу таоло сирраҳул азиз)
Маккаи мукарраманинг қадимги бир кўриниши
АҲЛИ СУННАТ ҚАСИДАСИ
Аҳли суннат эътиқоди – сенга аввал керак бўлган,
Етмиш уч фирқа бор, аммо жаҳаннамлик – қолган.
Мусулмонлар – барча сунний; ҳаммасининг пешвоси – Нуъмон.
Жаннат ила хушхабар олди иймонда буларга эргашган.
Эътиқодни мустаҳкам қил; сўнгра Исломга боғлан!
Исломнинг беш шартин адо эт; ҳаромлардан сақлан ҳамон!
Агар бир гуноҳ қилсанг, тавба эт, ўтказма замон!
Ким Исломга эргашмаса, бир кун бўлур, албат, пушаймон.
Динсизга алданмагин, ҳалок бўлурсан сен ҳам, ҳар он!
Ширин сўзга ишонсанг, сўнгра ҳолинг бўлур ёмон!
Икки юзлилар кўпайди: таши – фаришта, ичи – илон,
Тузоққа тушириш учун дўст кўринар, ҳам-да жондан.
Ҳар ким ўзин ҳақли санар: «Ёмон, – дер, – менга эргашмаган».
Исломдир ул тарозу, ҳақлини ажратган, бегумон!
Билки, Исломга эргашмаган – тўғри йўлдан озган инсон.
Бу сўзга, албатта, ишонур тарихни яхши англаган.
Нега табибга чопар бирор жойи оғриган?
Чунки ўлимни севмас ҳеч ким; ҳар нарсадан ширинроқ – жон.
Абадий яшаш орзуси менда йўқ, дея борми айтган?
Ўлим – йўқ бўлиш эмасдир; қабр ҳаётига ишон!
Жаннат абадий, жаҳаннам ҳам; буни хабар берди Қуръон,
Абадий дарддан сақланмоқ керак, бўлса ҳамки бир гумон.
Бунга ишонмаган ҳам бор; кўршапалак қочар зиёдан.
Қарға ахлатдан лаззат олур; булбулдир гулни излаган.
Исломни, албатта, сева олмас нафсга, кайфга берилган.
Бу иккиси бир бўлурми? Яхши ажралур ёмондан!
Мусулмонлар Ҳақни танир, ҳар махлуққа қилур эҳсон,
Иймонсизлар – илон каби; лаззат олур жон куйдиришдан.
Омон, ё Раббим, ал-омон! Қандай мушкул охир замон,
Дин илми унутилди; жуда озайди намоз ўқиган.
