Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ САҲОБАЛАРИ

Пайғамбаримизнинг ҳамроҳлари: аёл ёки эркак, бола ёки катта бир мусулмон Расулуллоҳни жуда оз бўлса ҳам бир марта кўрса ёки кўзи ожиз бўлиб, у зот билан бир марта гаплашса ва иймон билан вафот этса, унга Соҳиб ёки Саҳобий дейилади. Уларнинг бир нечтасига Асҳоби киром, Саҳобаи киром ёки Саҳб дейилади (розияллоҳу анҳум ажмаъийн). Пайғамбаримизни кофир ҳолида кўриб, Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин иймонга келган ёки мусулмон ҳолида кўриб, кейин муртад бўлган (мусулмонликдан чиққан) киши саҳобий эмас. Саҳобий бўлгандан кейин муртад бўлиб, Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин яна иймонга келган киши саҳобий бўлади. Пайғамбаримиз жинларга ҳам пайғамбар бўлганлари учун жин ҳам саҳобий бўлади.

Пайғамбарлардан ва фаришталарнинг афзалларидан кейин барча махлуқотнинг энг афзали – саҳобаи киромдир. Уларнинг ҳар бирининг исмини «ҳазрати» ёки «розияллоҳу анҳу» деб, ҳурмат ва эҳтиром билан айтиш лозим. Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига ишонган ҳар бир кишига, яъни қайси ирқдан, қайси юртдан бўлишидан қатъи назар, ҳар бир мусулмонга Муҳаммад алайҳиссаломнинг уммати дейилади. Саҳобаи киромнинг ҳар бири бу умматнинг ҳаммасидан афзалдир. Саҳобаи киромнинг (розияллоҳу анҳум) фазилати ва афзаллиги ҳақидаги ояти карималарда шундай дейилади, маъноси: «Сизлар умматларнинг энг хайрлисисиз».1 «Муҳожирлар ва ансорлардан энг аввал иймон келтирганлардан ва уларга яхшиликда эргашганлардан (уларнинг йўлидан борганлардан) Аллоҳу таоло розидир. Улар ҳам Аллоҳу таолодан розидирлар. Аллоҳу таоло улар учун остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Улар у ерда абадий қоладилар. Бу – жуда буюк нажотдир».2 «Муҳаммад (алайҳиссалом) – Аллоҳу таолонинг Пайғамбаридир. У билан бирга бўлганларнинг (яъни саҳобаи киромнинг) ҳаммаси кофирларга қарши шиддатлидирлар, бир-бирларига эса меҳрибондирлар. Уларни кўп вақт рукуъда ва саждада кўрасиз. Улар бу ибодатлари билан, инсонларга кўрсатган шафқатлари ва муҳаббатлари билан Жаноби Ҳақнинг розилигини ва эҳсонини истайдилар. Кўп сажда қилганлари юзларидан билиниб туради (юзларида сажда қилишнинг аломат ва белгилари бор). Мана, Тавротда уларнинг ҳоли шундай. Инжилдаги сифатлари эса шундайдир: улар ниҳолини ёриб чиқариб, кучайган, йўғонлашган, танаси устида тик қад ростлаган бир экинга ўхшайдилар, бу эса деҳқонларни қувонтиради. (Мана, саҳобаи киром ҳам шундай эдилар. Улар аввал оз ва заиф бўлиб, кейин кўпайиб, кучайдилар.) Бу ўхшатиш кофирларни, инкор этувчиларни ҳам ғазаб ва нафратга солди. Аллоҳу таоло иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларга мағфират ва улуғ мукофот ваъда қилди».3

Саҳобаи киром ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифлар:

«Саҳобаларимни сўкманглар! Саҳобаларимдан кейин келганлардан бири тоғдек олтин садақа қилса ҳам, саҳобаларимдан бирининг бир ҳовуч арпа бериб эришган савобига ёки унинг ярмига ҳам ета олмайди!»4

«Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) – Аллоҳу таолонинг Расулидир. У билан бирга бўлганлар (саҳобаи киром) кофирларга қарши жуда шиддатли, бир-бирларига эса жуда марҳаматлидирлар (жуда шафқатлидирлар)» Фатҳ: 29

«Саҳобаларим осмондаги юлдузлар кабидир. Қайси бирига эргашсангиз, ҳидоятга эришасиз».5

«Саҳобаларимга душманлик қилишдан сақланинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Уларни севган мени севгани учун севади. Уларга душманлик қилган менга душманлик қилган бўлади. Уларни ранжитган мени ранжитган бўлади. Мени ранжитган эса, албатта, Аллоҳу таолони ранжитади».

«Умматимнинг энг яхшилари – мен бўлган замонда яшаганлардир. Улардан кейин энг яхшилари – улардан кейин келганлардир. Улардан кейин энг яхшилари – яна улардан кейин келганлардир».

«Мени кўрган ва мени кўрганларни кўрган мусулмонни жаҳаннам олови куйдирмайди».6

Юқоридаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар саҳобаи киромнинг афзаллиги ва фазилатини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.

Саҳобаи киром – диний ҳукмлар масаласида энг мўътабар манбадир. Чунки улар Қуръони каримни Пайғамбаримиздан ўрганиб, ўзларидан кейингиларга ўргатганлар ва тушунтирганлар. Пайғамбаримизнинг қилган ва айтган нарсалари ҳақидаги маълумотлар уларнинг бевосита кўриб, эшитиб нақл қилган нарсаларига асосланади.

Уларнинг ҳаммаси бирдек нақл қилган мана шу ҳукмлар ҳадиси шарифларнинг асосини ташкил қилган. Исломда ижмоъи уммат, яъни олимларнинг якдил фикри, фақат саҳобалар замонида тўлиқ ва мукаммал тарзда амалга ошган. Бундан ташқари, саҳобаларнинг ҳар бири динда сўзи ҳужжат ва далил бўлган мужтаҳид олимлардандир. Улар кейин келган мужтаҳидлардан афзалдирлар. Аҳли суннат олимлари саҳобаи киромнинг афзаллик тартибини учга ажратганлар: 1. Муҳожирлар: Макка шаҳри фатҳ қилинишидан олдин Маккадан ёки бошқа жойлардан ватанларини, яқинларини тарк этиб, Мадина шаҳрига ҳижрат қилганлардир. Улар Расулуллоҳнинг ҳузурларига иймон билан келганлар ёки келгач иймон келтирганлар. Ҳазрати Амр ибн Ос ҳам шулардандир (розияллоҳу анҳум ажмаъийн).

2. Ансорлар: Мадина шаҳрида ёки бу шаҳарга яқин жойларда яшаган ва Авс ҳамда Хазраж номли икки қабиладан бўлган мусулмонларга ансорлар дейилади. Чунки улар Пайғамбаримизга ва маккаликларга ҳар турли ёрдам ва фидокорлик кўрсатишга сўз берганлар ва сўзларида турганлар (розияллоҳу анҳум ажмаъийн).

3. Бошқа саҳобаи киром: муҳожир ҳам, ансор ҳам бўлмаган, лекин бошқа жойлардан келиб, Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) суҳбатлари билан шарафланган мусулмонлардир. Макка шаҳри фатҳ қилинганда ёки бошқа жойларда иймонга келганлар шулардандир. Уларга фақат саҳобий дейилади (розияллоҳу анҳум ажмаъийн). Саҳобаи киромнинг энг афзаллари – Расулуллоҳнинг тўрт халифаларидир. Улар хилофат тартибига кўра: ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Усмон ва ҳазрати Али. Улардан кейин энг афзаллари – Ашараи мубашшарадан, яъни жаннат билан хушхабар берилган ўн кишидан қолган олтитаси (Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом, Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд ибн Абу Ваққос, Саъид ибн Зайд, Абу Убайда ибн Жарроҳ) ва ҳазрати Ҳасан билан ҳазрати Ҳусайндир (розияллоҳу анҳум ажмаъийн).

Улардан кейин афзал бўлганлар – илк мусулмон бўлган қирқ киши. Сўнгра – Бадр жангида қатнашган уч юз ўн уч саҳобий. Сўнгра – Уҳуд жангида қатнашган етти юз қаҳрамон. Улардан кейин афзал бўлганлар – ҳижратнинг олтинчи йилида дарахт остида Расулуллоҳга: «Ўлиш бор, қайтиш йўқ!» – деб сўз берган бир минг тўрт юз киши. Бу аҳдлашувга «Байъати Ризвон» дейилади.7

Саҳобаи киромнинг сони: Макка фатҳида ўн икки минг, Табук ғазотида ўттиз минг, Видо ҳажида тўқсон минг саҳобий бор эди, Расулуллоҳ вафот этганларида эса ер юзида бир юз йигирма тўрт мингга яқин саҳобий бор эди. Бу ҳақда бошқа ривоятлар ҳам бор.8

Саҳобаи киромдан энг охирги вафот этганлар: Абдуллоҳ ибн Авфо милодий 705 (ҳижрий 86) йилда Куфада вафот этди. Абдуллоҳ ибн Яср милодий 706 (ҳижрий 88) йилда Шомда, Саҳл ибн Саъд милодий 709 (ҳижрий 91) йилда 100 ёшида Мадинада, Анас ибн Молик милодий 711 (ҳижрий 93) йилда Басрада, Абут Туфайл Омир ибн Восила милодий 718 (ҳижрий 100) йилда Маккада вафот этди (розияллоҳу анҳум ажмаъийн). Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин, тўрт халифа даврида ҳам саҳобаи киром Ислом динини ёйиш, жиҳод қилиш борасида сўзларига содиқ қолдилар. Сўзларидан асло қайтмадилар. Ҳаммалари иттифоқ ҳолда ер-юртларини тарк этиб, Арабистондан чиқиб, ҳар томонга тарқалдилар. Кетганларнинг кўпи қайтмай, борган жойларида умрининг охиригача жиҳод қилди ва Ислом динини ёйди. Шу тариқа оз вақтда кўп юртлар фатҳ қилинди. Фатҳ қилинган жойларда Ислом тез ёйилди. Саҳобаи киромнинг ҳаммаси одилдир. Исломни билдиришда уларнинг ҳаммаси шерикдир. Қуръони каримни улар жамладилар. Ҳадиси шарифларни Пайғамбаримиздан улар нақл қилдилар. Уларнинг ҳаммасини севиш – Аҳли суннат эътиқодида бўлишнинг энг муҳим, ажралмас шартидир. (Саҳобаи киромнинг Ислом динига қилган хизматларини, ибратли ҳаётларини, фазилатларини, ҳаммасининг исмлари ва таржимаи ҳолларини ёзган кўп асарлар таълиф қилиниб, нашр этилган. Hakikat Kitabevi томонидан нашр қилинган «Eshâb-ı kirâm» ва «Menâkıb-ı Çihâr Yâr-i Güzîn» китоблари жуда қимматлидир.)

«Саҳобаларим осмондаги юлдузлар кабидир. Қайси бирига эргашсангиз, ҳидоятга эришасиз» Ҳадиси шариф

Оламлар Раббининг маҳбуби – Муҳаммаддир,
Жисми пок, исми Аҳмад, оламларга раҳматдир.
Хулқи азим соҳиби, «Лавлока…» хитобининг эгаси,
Илм, одоб, файз, нур ва муҳаббат манбаидир.
Ҳақ билан банда аро ҳақиқий восита – ул зот,
Сўзи – руҳларга шифо, исми – кўнгил зангига.
Ноумид қалб беморига ҳақиқий табиб – ул зот,
Ёлғиз ўзлари эмас, умматлари ҳам фаришталардан юксакдир.
Бу энг сара бандасига Ҳақ ёрдамчилар берди,
Энг севган бандаларини ул зотга саҳоба қилди.
Расулуллоҳ: «Уларнинг йўли – менинг йўлим», – дедилар,
Асрларнинг яхшиси шу аср эканин кўрсатдилар.
Муҳаммад Мустафони жонларидан ортиқ севдилар,
Мол-мулк, мансабларини ул зот йўлида тарк этдилар.
Исломни ёймоқ учун севиб-севиб жон бердилар,
Ё Раббим, бу не гўзал ҳол, ё Раббим, бу не иззатдир!
Ул зотнинг бир суҳбатида нафслари пок бўлди,
Қалбларига маърифат, файз, нур, тажаллий тўлди.
Авлиё ҳолларини улар бир онда топдилар
Ва доим ул зотга эргашдилар – бу не буюк шарафдир!
Уларнинг ҳаммаси одил, ҳеч кимга зулм этмаслар,
Нафслари учун асло хилофат истамаслар.
Шу сабаб урушмаслар, бир-бирини ранжитмаслар,
Энг юксак мақомдалар ва ҳаммаси мужтаҳиддир.