Севимли Пайғамбарим

Пайғамбаримизнинг фарзандлари

Пайғамбаримизнинг уч ўғил ва тўрт қиз – етти фарзандлари бўлган. Ҳазрати Фотимадан бошқа ҳаммаси Расулуллоҳдан олдин вафот этган. Севимли Пайғамбаримизнинг насллари ҳазрати Фотима онамиз орқали давом этган. Набиралари ҳазрати Ҳусайннинг наслига саййид, ҳазрати Ҳасаннинг наслига шариф дейилади. Саййидларга ва шарифларга ҳурмат – Пайғамбаримизга ҳурматдир. Саййидларни ва шарифларни севиш сўнгги нафасда иймон билан кетишга сабаб бўлади.

Қосим (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳнинг уч ўғилларининг биринчисидир. Шунинг учун Расулуллоҳ «Абул Қосим» деб аталдилар. У пайғамбарликдан олдин Маккада туғилган. Онаси – Хадичаи Кубро. Ўн етти ойлик бўлганида вафот этди.1

Зайнаб (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг тўрт қизларининг биринчисидир. Пайғамбаримиз ўттиз ёшда эканликларида туғилди. Пайғамбарликдан олдин онаси Хадичанинг опа-синглисининг ўғли Абул Ос ибн Робиъга турмушга чиқди.2 Абул Ос аввал иймон келтирмади. Бадр жангида асир тушиб, хотинини Мадинага юбориш шарти билан озод қилинди. У Зайнабни ўз биродари билан юборди, лекин кофирлар Зайнабни йўлдан қайтаришди. Расул алайҳиссалом Зайд ибн Ҳорисани Маккага юбориб, Зайнабни кечаси яширинча Мадинага олиб келтирдилар. Абул Ос Ҳудайбия сафаридан кейин иймонга келди. Зайнаб яна унга қайтарилди. У ҳижратнинг саккизинчи йилида, ўттиз бир ёшида вафот этди. Икки фарзанди қолди. Бири Али бўлиб, у балоғатга етай деб қолган ёшда вафот этди. Иккинчиси – Умома. Зайнаб Фотимага (розияллоҳу анҳо) васият қилиб, болаларини имом Алига топширган эди. Ўғли Али Макка фатҳида Расулуллоҳнинг туяларида, у зотнинг орқаларида ўтирган эди. Умомага кейинчалик ҳазрати Али уйланди.3

Руқайя (розияллоҳу анҳо): Пайғамбаримизнинг иккинчи қизларидир. Пайғамбаримиз ўттиз уч ёшда эканликларида туғилди. Онаси – Хадичаи Кубро. Жуда гўзал эди. У ҳазрати Усмоннинг завжасидир. Аввал у Абу Лаҳабнинг ўғли Утбага унаштирилган эди. Абу Лаҳаб ва унинг хотини Расулуллоҳга озор бериш учун ўғлини бу унаштирувдан воз кечтиришди. «Таббат ядо» сураси нозил бўлгач, Утба тўйдан олдин уни талоқ қилди. Ваҳий келиб, у ҳазрати Усмонга никоҳлаб берилди. Улар бирга икки марта Ҳабашистонга, сўнгра Мадинаи мунавварага ҳижрат қилдилар. Ҳазрати Руқайя йигирма икки ёшида, Бадр жангидан олдин бетоб бўлиб қолди. Ҳазрати Усмонга Бадрга бормай, завжасига қараш буюрилди. У Бадр жанги ғалабасининг хушхабари Мадинаи мунавварага етиб келган куни вафот этди ва ўша куни дафн қилинди.4

Умму Кулсум (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг учинчи қизларидир. Абу Лаҳабнинг иккинчи ўғли Утайбага унаштирилган эди. «Таббат ядо» сураси нозил бўлгач, Утайба ҳали тўйлари бўлмасдан уни талоқ қилди ва Расулуллоҳга дилозор сўзлар айтди. Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Раббим! Унинг устига йиртқичларингдан бирини мусаллат қил!» – деб дуои бад қилдилар. Шом йўлида уни бир шер парча-парча қилди. Руқайя вафот этганидан кейин ваҳий келиб, Умму Кулсум ҳам ҳазрати Усмонга никоҳлаб берилди. У ҳижратнинг тўққизинчи йилида вафот этди. Жаноза намозини Расулуллоҳ ўқитдилар, дафн қилинаётганда у зот қабри ёнида турдилар ва муборак кўзларидан ёш оқар эди.5

Фотима (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг тўртинчи қизлари, ҳазрати Алининг завжаси ва ҳазрати Умарнинг қайнонасидир. Никоҳ ўқилганда ўн беш ёшда эди.6 Унинг маҳри тўрт юз мисқол кумуш бўлгани «Мавоҳиби ладуния» китобида, Савиқ ғазоти бобида ёзилган. Бу 57,14 мисқол олтинга тўғри келади. (Бугунги кун учун бу – 38 олтин лира.) Али (розияллоҳу анҳу) ўшанда йигирма беш ёшда эди. Фотима аҳли байтдандир. У оқ юзли, жуда гўзал эди. Ҳижратдан ўн уч йил олдин Маккада туғилди, ҳижратнинг ўн биринчи йилида йигирма тўрт ёшида вафот этди. Унинг Ҳасан, Ҳусайн ва Муҳсин исмли уч ўғли ҳамда Умму Кулсум ва Зайнаб исмли икки қизи бўлди.7

Расулуллоҳнинг насллари Фотимадан давом этди. Зайнаб Абдуллоҳ ибн Жаъфари Тайёрга турмушга чиқди, уларнинг Али ва Умму Кулсум исмли фарзандлари бўлди. Уларга Шарифи Жаъфарий дейилади.

«Аҳли байтим Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Уларга тобе бўлган нажот топади. Қолганлар ҳалок бўлади» Ҳадиси шариф

1. Жаннатул Бақиъ – Мадинаи мунаввара
2. Аҳли байт
3. Банотун Набий (Пайғамбаримизнинг қизлари)
4. Шуҳадоул Бақиъ (Жаннатул Бақиъ шаҳидлари)
5. Азвожун Набий (Пайғамбаримизнинг завжалари)
6. Имом Молик

Жаннатул Бақиъдаги мақбараларнинг бузилишидан олдинги ҳолати

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳнинг Хадичаи Кубродан бўлган охирги фарзандларидир. Пайғамбарликдан кейин туғилиб, эмизикли чоғида вафот этди. Унга Таййиб ва Тоҳир ҳам дейилади. Абдуллоҳ вафот этганда, Ос ибн Воил: «Муҳаммад абтар бўлди», – деди, яъни унинг насли кесилди, демоқчи бўлди. Аллоҳу таоло кофир Осга «Инно аътайно» сураси билан жавоб берди.8

Иброҳим (розияллоҳу анҳу): Расулуллоҳнинг ўғилларининг учинчиси ва барча фарзандларининг охиргисидир. Ҳирақлнинг Мисрдаги ноиби Муқавқис ҳадя қилиб юборган ҳазрати Мориянинг ўғлидир. Ҳижратнинг саккизинчи йилида туғилиб, бир ярим ёшида вафот этди. Бетоб бўлганида Расулуллоҳ уни қучоқларига олар, муборак кўзларидан ёш оқар эди. Иброҳим вафот этганда, у зот: «Ё Иброҳим! Ўлимингдан жуда қайғурдик. Кўзларимиз йиғлаяпти, қалбимиз ўртаняпти. Лекин Раббимизни ранжитадиган бирор сўз айтмаймиз», – дедилар.9 У Жаннатул Бақиъга дафн қилинди. Ўша куни қуёш тутилди. Одамлар: «Унинг вафоти сабабли қуёш тутилди», – дейишди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) буни эшитиб: «Ой ва қуёш Аллоҳу таолонинг борлигини ва бирлигини кўрсатувчи икки махлуқидир. Улар ҳеч кимнинг ўлиши ёки яшаши сабабли тутилмайди. Уларнинг тутилганини кўрганингизда, Аллоҳу таолони ёд этинглар!» – дедилар.

Илоҳим! Фотима авлоди ҳурматига,
Сўнгги сўзим калимаи тавҳид бўлсин!
Бу дуомни рад этсанг ҳам, қабул этсанг ҳам, –
Ёпишдим Набий аҳли байтининг этагига.

Аҳли байти Расул (Оли Расул – Оли Або)

Аллоҳу таоло Қуръони каримда аҳли байтга шундай марҳамат қилмоқда, маъноси: «Аллоҳу таоло сизлардан рижсни, яъни ҳар қандай нуқсон ва кирларни кетказишни ва сизларни мукаммал поклик билан поклашни истайди».10

Саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ! Аҳли байт кимлар?» – деб сўрашди. Шу пайт имом Али келди. Пайғамбаримиз уни муборак аболари остига олдилар. Сўнгра навбат билан Фотимаи Заҳро, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн келишди. У зот уларнинг ҳар бирини бир ёнларига олиб: «Мана булар – менинг аҳли байтимдир», – дедилар. Бу юксак зотларга «Оли Або ва Оли Расул» ҳам дейилади.11

Аҳли байти Набавийни севиш охиратга иймон билан кетишга, сўнгги нафасда нажот топишга сабаб бўлади. Аҳли байтни севиш ҳар бир мўминга фарздир. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қиладилар: «Аҳли байтим Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир. Уларга тобе бўлган нажот топади. Қолганлар ҳалок бўлади».12

Аҳли байти Набавийнинг фазилатлари ва камолотлари жуда кўпдир. Уларни санаб тугатиб бўлмайди. Уларни баён қилишга, мадҳ этишга инсоннинг кучи етмайди. Уларнинг қадр-қиммати ва улуғлиги фақат ояти карималар орқали англанади.

Али билан Ҳасан, Ҳусайн андадир,
Севгиси – кўнгилда, муҳаббати – жонда.
Эртага маҳшар куни, улуғ девонда
Ё Муҳаммад, жоним орзулар сизни.
Арафот тоғидир бизнинг тоғимиз,
Анда қабул бўлур бизнинг дуомиз,
Мадинада ётур Пайғамбаримиз,
Ё Муҳаммад, жоним орзулар сизни.

Имом Шофеъий буни энг гўзал тарзда шундай билдирган: «Эй аҳли байти Расул! Сизларни севишни Аллоҳу таоло Қуръони каримда буюради. Намозларида сизларга дуо қилмаганларнинг намозлари қабул бўлмаслиги сизларнинг қадрингизни ва юксак даражангизни кўрсатади. Шарафингиз нақадар улуғки, Аллоҳу таоло Қуръони каримда сизларга салом бермоқда!» Ҳазрати Анас шундай дейди: «Расулуллоҳдан: „Аҳли байтдан кимни энг кўп севасиз?“ – деб сўрашди. У зот: „Ҳасан билан Ҳусайнни“, – дедилар».13

Ҳазрати Абу Ҳурайра шундай дейди: «Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Ҳасан келди. Расулуллоҳ: „Ё Раббим! Мен уни севаман. Сен ҳам уни сев ва уни севганларни ҳам сев“, – дедилар, бошқа бир сафар эса: „Ҳасан билан Ҳусайн – дунёда менинг хушбўй гулларимдир“, – дедилар». Пайғамбаримиз яна шундай дедилар: «Мендан кейин сизларга икки нарсани қолдиряпман. Уларга ёпишсангиз, йўлдан адашмайсиз. Биринчиси иккинчисидан улуғроқдир. Бири – Аллоҳу таолонинг китоби Қуръони карим бўлиб, у осмондан ергача чўзилган мустаҳкам арқондир. Иккинчиси – аҳли байтимдир. Бу иккиси бир-биридан ажралмайди. Уларга эргашмаган киши менинг йўлимдан ажралади».14

Ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайн (розияллоҳу анҳумо) бетоб бўлиб қолишган эди. Пайғамбаримиз ҳазрати Али ва ҳазрати Фотимага: «Бу жигарбандларингиз учун назр қилинглар!» – дедилар. Ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг Фидда исмли жориялари уч кундан рўза тутишни назр қилишди. Ўша икки жаннат гули шифо топди. Лекин уйларида ейиладиган ҳеч нарса йўқ эди. Ҳазрати Али бир яҳудийдан уч соъ15 арпа қарз олди. Учаласи ҳам назр қилган рўзаларига ният қилишди. Ҳазрати Фотима арпанинг бир ўлчовини тегирмонда тортиб, беш дона нон ёпди. Улар беш киши эдилар. Ифтор вақти бўлди. Фотима беш нондан бирини ҳазрати Алининг олдига, бирини ҳазрати Ҳасаннинг олдига, бирини ҳазрати Ҳусайннинг олдига, бирини жория Фидданинг олдига, бирини эса ўз олдига қўйди. Улар ифтор қилмоқчи эдилар. Шу пайт бир мискин келиб: «Эй Расулуллоҳнинг аҳли байти! Мен мискин мусулмонлардан бир мискинман. Менга ейишга бирор нарса беринглар! Аллоҳу таоло сизларни жаннат неъматлари билан мукофотласин», – деди. Улар қўлларидаги нонларни унга садақа қилиб бердилар, ўзлари эса сув билан ифтор қилдилар. Эртаси куни яна рўза тутдилар. Хизматчи яна бир ўлчов арпани тортиб, яна беш дона нон ёпди. Ифтор вақтида нонларни олдиларига олиб, ифтор қилмоқчи бўлиб турганларида, бир етим келди. Бешовлон ҳам нонларини унга бериб, етимни севинтирдилар, ўзлари эса сув билан ифтор қилиб, ухладилар. Учинчи куни яна рўза тутдилар. Қолган охирги бир ўлчов арпадан ҳам беш дона нон ёпиб, олдиларига қўйдилар. Ифтор қиладиган пайтда бир асир келиб: «Уч кундан бери очман. Мени боғлаб қўйдилар, овқат ҳам бермадилар. Аллоҳу таоло ҳаққи, менга раҳм қилинглар!» – деди. Бешовлон ҳам нонларини унга бериб, яна сув билан ифтор қилдилар. Шундан кейин нозил бўлган ояти карималарда Аллоҳу таоло шундай марҳамат қилди, маъноси: «Улар назрларини адо этдилар. Узоқ ва давомли бўлган қиёмат кунидан қўрққанлари учун ўзлари жуда истаган ва кўнгиллари тусаган таомларни мискинга, етимга ва асирга бердилар ва: „Биз сизларни Аллоҳу таолонинг розилиги учун таомлантирдик. Сизлардан эвазига на бир ташаккур, на бирор нарса кутмадик, ҳеч нарса истамаймиз“, – дедилар».16 «Шунинг учун Жаноби Ҳақ уларга шароби таҳур (покиза ичимлик) ичирди…»17 Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Сизларнинг яхшиларингиз – мендан кейин аҳли байтимга яхшилик қилганлардир».

«Сирот кўпригидан оёқлари тоймай ўтадиганлар – аҳли байтимни ва саҳобаларимни жуда севганлардир» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Али Пайғамбаримизнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Аҳли байтимга яхшилик қилганларга қиёмат куни шафоат қиламан». «Сирот кўпригидан оёқлари тоймай ўтадиганлар – аҳли байтимни ва саҳобаларимни жуда севганлардир».

Имоми Раббоний ҳазратлари келтирган бир ҳадиси шарифда: «Алини севган, албатта, мени севган бўлади. Унга душманлик қилган, албатта, менга душманлик қилган бўлади. Уни ранжитган, албатта, мени ранжитган бўлади. Мени ранжитган эса Аллоҳу таолони ранжитган бўлади», – дейилди.

Расулуллоҳ шундай дедилар: «Аллоҳу таоло менга тўрт кишини севишни буюрди. Уларни Ўзи ҳам севишини билдирди». «Улар кимлар? Уларнинг исмларини бизга айтасизми?» – дейилганда,

у зот: «Али улардандир, Али улардандир, Али улардандир; ва Абу Зарр, Миқдод ва Салмон», – дедилар.

«Оилам сабабли мени ранжитганларга қаттиқ азоб бордир».

Бир ҳадиси шарифларида яна: «Фотима менинг бир бўлагимдир (яъни мендан бир парчадир). Уни ранжитган мени ранжитади», – дедилар. Ҳазрати Абу Ҳурайра шундай дейди: «Пайғамбаримиз ҳазрати Алига: „Фотима менга сендан севимлироқдир. Сен эса менга ундан азизроқсан (яъни қимматлироқсан)!“ – дедилар».18

Яна шундай дедилар: «Сизларга Ислом динини келтирганим учун бирор эваз сўрамайман. Фақат менга яқин бўлган аҳли байтимни севишингизни истайман».

Ислом олимлари аҳли байтни севишни сўнгги нафасда иймон билан кетишнинг шарти деб билганлар. Уларда Расулуллоҳнинг зарралари бор. Аҳли байтни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Буюк Ислом олими имоми Раббоний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деди: «Отам зоҳир ва ботин, яъни қалб илмларида жуда катта олим эди. Доимо аҳли байтни севишни тавсия қилар ва бунга ундар эди. Бу муҳаббат инсоннинг сўнгги нафасда иймон билан кетишига кўп ёрдам беради, дер эди. Вафот этаётганида бош учида эдим. Сўнгги дамларида ҳуши сусайганда, у кишига бу насиҳатларни эслатдим ва у муҳаббат қандай таъсир қилганини сўрадим. Ўша ҳолатда ҳам: „Аҳли байт муҳаббатининг денгизида сузяпман“, – деди. Дарҳол Аллоҳу таолога ҳамду сано айтдим. Аҳли байт муҳаббати – Аҳли суннатнинг сармоясидир. Охират фойдаларининг ҳаммасини шу сармоя келтиради».

Ҳазрати Фотима ва унинг қиёматгача бўладиган фарзандлари – аҳли байтдир. Улар гуноҳкор бўлсалар ҳам, уларни севиш лозимдир. Уларни севиш, уларга қалб, бадан ва мол билан ёрдам бериш, ҳурмат ва риоя қилиш иймон билан ўлишга сабаб бўлади. (Суриянинг Ҳама шаҳрида саййидлар учун маҳкама бор эди. Бу муборак сулоладан туғилган болалар икки гувоҳ билан қози ҳузурида рўйхатга олинар эди. Бу маҳкамани инглизларнинг содиқ дўсти Мустафо Рашид пошо бекор қилди.) Аҳли суннат имомлари иймон ва фиқҳ билимларининг, тасаввуф маърифатларининг, ҳатто тафсир ва ҳадис билимларининг кўпини аҳли байт имомларидан ўргандилар. Уларнинг тарбияси билан етишиб чиқдилар. Уларнинг таважжуҳи билан юксалдилар. Улардан хушхабарлар олдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳнинг аҳли байтини (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) ҳаммадан кўп севадилар ва аҳли байтни севганларни ҳам севадилар. Аҳли байтни севганларга, аҳли байтнинг йўлидан борган тўғри мусулмонларга (Аҳли суннат) дейилади. Аҳли суннатнинг ҳаммаси ҳар бир намозида аҳли байтга хайрли дуо қилади.

Расулни кўрган мўминга «саҳобий» номи берилди,
Ҳаммасини билдириш учун «саҳобаи киром» дейилди.
Пайғамбарни севган ҳар қалб бир онда нурга тўларди,
Унга саҳоба бўлганлар Қуръонда мадҳ этилди.
Ҳаммаси Расулуллоҳ учун молини, жонини берди,
Сулҳда илм ёяр эди, жангда шердек ўкирарди.
Ҳадиси шарифда саҳоба юлдузларга ўхшатилди,
Қай бирига эргашган етар нурли йўлларга.
Саҳобалар жуда севишар, бир-бирини мақтар эди,
Кейин келган мусулмонлар ҳаммаси шундай дер эди.
Қуръонни ва ҳадисларни бизга улар билдирди,
Қалбларининг поклиги зеҳнларга ишонч берди.
Сўкилса булардан бири, яраланур Ислом дини,
Саҳобийни ёмонлаган инкор этар Қуръони каримни.
Ҳақиқий мусулмон бўлсанг, ҳурмат кўрсат ҳар бирига,
Аввал салот, салом айт Расулнинг аҳли байтига!