ХУШХАБАРЛАР
Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишлари Одам алайҳиссаломдан бошлаб ҳар бир пайғамбарга ва уларнинг умматларига билдирилди; у зотнинг туғилишлари яқинлашганда, содир бўладиган воқеаларнинг кўпи ҳақида олдиндан хушхабар берилди.
Ҳақиқий Тавротда1 – Мусо2 алайҳиссаломга нозил қилинган ва кейинчалик ўзгартирилган китобда шундай ёзилган:
«У шундай муборак зотки, ҳиммати баланд, ёрдами мўл. У – фақирларнинг суюклиси, бойларнинг табиби. У – гўзалларнинг гўзали, покларнинг покидир. Суҳбатда юмшоқ, тақсимда адолатли, ҳар бир муомалада тўғри. Кофирларга қарши қаттиқ ва шиддатли. Кексаларга ҳурмат, кичикларга шафқат ва марҳамат кўрсатади. Оз нарсага ҳам шукр қилади. Асирларга раҳм қилади. Доим очиқ юзли. Кулгиси – табассум, қаҳқаҳа урмайди. У – уммий: ҳеч нарса ўқимасдан ва ёзмасдан, унга ҳамма нарса билдирилган. У – Аллоҳу таолонинг расули. У ёмон феълли ҳам, қаттиқ кўнгилли ҳам эмас. Бозорларда ва майдонларда баланд овоз билан бақирмайди. Унинг уммати – гўзал ахлоқ эгалари. Баланд жойларда улар Аллоҳу таолонинг исмини зикр қиладилар. Уларнинг муаззинлари миноралардан халқни намозга чорлайдилар. Улар таҳорат олиб, намоз ўқийдилар. Намозда сафларини тўғрилаб, бир текис турадилар. Кечалари уларнинг тасбеҳ овозлари асаларининг ғувиллашидек эшитилади. У Маккада туғилади. Мадинадан Шомгача ҳамма жой унинг бошқарувида бўлади. Унинг исми – Муҳаммад, Мен унга Мутаваккил деб ном бердим. Бузуқ динларни йўқ қилиб, тўғри бўлган ҳақ динни ёйиб, ўрнатмагунча, Мен уни дунёдан олмайман. У халқни Ҳаққа чақиради; унинг баракоти билан кўрмайдиган кўзлар очилиб, кўради, эшитмайдиган қулоқлар эшитади. Қалблардан ғафлат кетади…»3
Ҳақиқий Забурда4 – Довуд5 алайҳиссаломга нозил қилинган ва кейинчалик ўзгартирилган китобда шундай ёзилган:
«У – қўли очиқ, яъни сахий киши. У ҳеч қачон ғазабланмайди. Жуда юмшоқ табиатли. Юзи гўзал ва нурли, сўзи ширин. У – инсонларнинг табиби. Кўп йиғлайди, оз кулади. Оз ухлайди, кўп тафаккур қилади. Қадди-қомати келишган ва гўзал. Унинг сўзлари кўнгилларни ром қилади, руҳларни ўзига тортади… Эй Ҳабибим! Ҳиммат қиличингизни қинидан суғуриб, бутун кучингиз билан қаҳрамонлик майдонида кофирлардан интиқом олинг.
Гўзал тил билан Менинг ҳамдимни ва санойимни ҳар ерга ёйинг. Барча кофирларнинг бошлари сизнинг кароматли қўлларингиз олдида эгилади…»
Ҳақиқий Инжилда6 – Исо7 алайҳиссаломга нозил қилинган ва кейинчалик ўзгартирилган китобда шундай ёзилган:
«Ё Раббим! Мени Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматидан қил!» Мусо алайҳиссалом
«У кўп емайди, бахил эмас. Ҳийла қилмайди, ҳеч кимни ёмонламайди, ҳеч шошилмайди. Ўзи учун интиқом олмайди. Танбал эмас. Ҳеч кимни ғийбат қилмайди…»
Келажак пайғамбарнинг исми нима экани ва унинг келиш аломатлари қандай бўлишини сўраган бир коҳинга Исо алайҳиссалом шундай дедилар:
«Расулнинг исми ҳайратланарли даражада гўзалдир. Аллоҳу таоло унинг руҳини яратганда, унга шу исмни қўйди, уни Ўзининг самовий улуғворлиги ичига қўйди ва шундай деди: „Кутинг, эй Аҳмад! Сизнинг ҳурматингиз учун Мен жаннатни, дунёни ва кўп махлуқотни яратдим. Буларни сизга ҳадя қиляпман. Сизни қадрлаган Мендан қадр топади. Сизни лаънатлаган (сўккан) кишини Мен лаънатлайман. Мен сизни дунёга нажоткор Расулим қилиб юбораман. Сўзингиз соф ҳақиқат бўлади. Ер ҳам, осмон ҳам йўқ бўлиши мумкин, аммо сизнинг йўлингиз абадий қолади“. Унинг муқаддас исми – Аҳмаддир.» Шундан кейин Исо алайҳиссаломнинг атрофига йиғилган халқ овозини баланд кўтариб: «Эй Аҳмад! Дунёни қутқариш учун тезроқ келинг!» – деб қичқирди.
Исо алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломга – ҳатто бугунги Инжилларда ҳам хушхабари берилган, насронийлар «Параклит» деб атайдиган, таржимада «Тасалли берувчи» деб ўгириладиган ва ягона ҳақиқий тасалли берувчи бўлган зотга – уммат бўлиш учун кўп дуо қилдилар. Қиёматга яқин Аллоҳу таоло Исо алайҳиссаломни қайтадан ерга туширади. Ўшанда Исо алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломнинг дини бўйича амал қиладилар: Муҳаммад алайҳиссалом ҳалол деганларини ҳалол, ҳаром деганларини ҳаром дейдилар. Параклит – Аҳмад деганидир. Аҳмад эса Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмларидан биридир.
Инжилда яна шундай ёзилган:
«Рабб тарафидан чиқиб келадиган ўша Мунҳаманно, Рабб тарафидан чиқиб келадиган ўша Руҳул қудс келганида эди, у мен ҳақимда гувоҳлик берар эди. Сизлар ҳам гувоҳлик берасизлар, чунки анчадан бери мен билан бирга бўлиб келяпсизлар. Мен буларни сизларга шубҳага тушмаслигингиз ва тойилмаслигингиз учун айтдим.» Бу ердаги Мунҳаманно сўзи сурёний тилида Муҳаммад деган маънони билдиради.8
Жоҳилият даври
Фахри коинот дунёга келмасларидан олдин бутун олам маънавий жиҳатдан даҳшатли зулматга, қоронғиликка ғарқ бўлган эди. Одамлар чексиз даражада ҳаддан ошиб кетган эдилар; Аллоҳу таоло юборган динлар унутилган, илоҳий ҳукмларнинг ўрнини одамларнинг калласидан чиққан фикрлар, ўйлар эгаллаган эди. Барча махлуқот инсонларнинг ваҳшийлиги ва зулмидан қаттиқ азият чекарди.
Ер юзидаги барча миллатларда Аллоҳу таоло унутилган, тинчлик, саодат ва шодлик манбаи бўлган тавҳид эътиқоди йўқ бўлиб кетган эди. Куфр бўрони қалблардан иймонни суғуриб ташлаган, кўнгилларда Аллоҳу таолога ишониш ўрнига бутларга сиғиниш фикри ўрнашиб олган эди.
Мусо алайҳиссалом келтирган дин унутилган, Таврот бузилган эди. Бани Исроил бир-бири билан низолашиб кетган эди. Исо алайҳиссалом келтирган Исо дини ҳам бутунлай бузилиб, ҳақиқий дин билан ҳеч қандай алоқаси қолмаган эди. Таслис, яъни уч худолик ақидаси қабул қилинган эди. Инжилнинг асли йўқолган, руҳонийлар уни хоҳлаганларича ўзгартириб юборган эдилар. Иккала китоб ҳам Аллоҳнинг каломи бўлишдан чиққан эди. Мисрда бузилган Тавротнинг ҳукми, Византияда эса ўзгартирилган Исо дини, яъни насронийлик ҳукм сурарди. Эронда оловга сиғинишар, оташпарастларнинг олови роппа-роса минг йилдан бери ўчирилмас эди. Хитойда конфуцийлик, Ҳиндистонда буддизм каби уйдирма динлар ҳукмрон эди.
Арабистон аҳли эса баттар адашиб, йўлдан озган эди. Аллоҳу таоло жуда қадрлаган Каъбаи муаззамага улар уч юз олтмишта (360) бут ўрнатган эдилар. Каъбаи муаззама эса Аршда фаришталар зиёрат қиладиган «Байтул Маъмур»нинг худди шундай катталикдаги нусхаси эди. Каъбага ҳурматсизлик қилган кишини Жаноби Ҳақ тез орада ҳалок қилган эди.
Журҳум қабиласи ҳам зино ва фаҳшда ҳаддан ошган эди. Бу қабиланинг ўта ҳурматсиз ва жуда пасткаш қилмишларини кўрган ҳукмдорлари уларга шундай насиҳат қилди: «Эй журҳумликлар! Аллоҳу таолонинг Ҳарами шарифини ва Ҳарамнинг хавфсизлигини кўзлаб, ўзингизга келинглар! Сизлардан олдин ўтган Ҳуд, Солиҳ ва Шуъайбнинг (алайҳимуссалом) умматларидан ҳар бирининг бошига қандай кунлар тушганини ва улар қандай ҳалок бўлганини биласизлар. Бир-бирингизни яхшиликка буюринглар, ёмонликлардан қайтаринглар. Ўткинчи кучингизга ишониб алданманглар. Маккада Ҳақдан юз ўгиришдан ва зулмдан сақланинглар, чунки зулм инсонларнинг ҳалокатига сабаб бўлади. Аллоҳу таолонинг номи билан қасам ичиб айтаманки, кимлар бу ҳудудда яшаб, зулм қилган, Ҳақдан юз ўгирган бўлса, Аллоҳу таоло уларнинг наслини қуритмай, илдизини қўпормай ва ўрнига бошқа бир қавмни келтирмай қўймаган. Бузуқлигида давом этаётган ва Ҳақдан юз ўгирган Макка аҳли учун бу ерда узоқ қолиш йўқ. Сизлардан олдин бу ҳудудда яшаган, сизлардан узоқроқ умр кўрган, сизлардан кучлироқ, сизлардан кўпроқ ва бойроқ бўлган Тасм, Жадис ва Амолиқа халқларининг бошига нималар тушганини биласизлар. Уларнинг Ҳарами шарифни писанд қилмаганлари, Ҳақдан юз ўгириб зулмга ботганлари уларнинг бу муборак жойдан ҳайдаб чиқарилишига сабаб бўлди. Аллоҳу таоло баъзиларининг устига майда чумолиларни юбориб, кимларнидир қаҳатчилик билан, баъзиларини эса қилич билан ҳайдаб чиқарганини кўрган ва эшитгансизлар!»
Аммо улар қулоқ солмадилар. Натижада Аллоҳу таоло уларни ҳам шу бузуқликлари сабабли паришон қилди… Мана шундай бир замонда ер юзининг маркази бўлган муборак Маккада куфр селдек оқар, Байтуллоҳнинг ичи Лот, Уззо, Манот каби юзлаб бутлар билан тўлдирилган эди. Зулм сўнгги чегарасига етган, ахлоқсизлик фахр сабаби деб ҳисобланарди. Арабистон диний, руҳий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатдан кенг ёйилган қоронғиликда, тўла жаҳолатда, ҳаддан ошиш, бузуқлик ва йўлдан озишда яшарди. Жоҳилият даври деб аталган бу замонда одамлар асосан кўчманчи ҳаёт кечирар ва қабилаларга бўлинган эдилар. Жоҳилият даври – зулматга тўла давр эди. Доимо низолашиб юрган араб қабилалари босқинчилик ва талончиликни ўзлари учун тирикчилик воситаси деб билардилар. Зулм ва талончилик кенг тарқалган қабилалардан иборат бўлган Арабистонда на сиёсий низом, на ижтимоий тартиб бор эди. Бундан ташқари, ичкилик, қимор, зино, ўғрилик, зулм, ёлғон ва ахлоқсизлик деган нима бўлса – ҳаммаси чексиз ёйилган эди. Зулм кучлининг кучсизга қарши ишлатадиган энг шафқатсиз ва одамнинг этини жунжиктирадиган қуроли эди. Аёлларни оддий бир мол каби олиб-сотардилар. Баъзилари қиз боланинг туғилишини бало ва шармандалик деб ҳисоблардилар. Бу даҳшатли қараш шундай даражага етган эдики, улар кичкина қиз болаларни қумда қазилган чуқурларга тириклайин ётқизиб, болалар оталарининг бўйнидан қучоқлаб: «Отажон! Отажон!…» – деб аччиқ-аччиқ фарёд қилишларига мутлақо қулоқ солмай, устларига тупроқ тортиб, ўлимга ташлаб кетардилар. Бу ишлари учун уларнинг виждони заррача қийналмас, ҳатто буни қаҳрамонлик деб ҳисоблардилар. Қисқаси, ўша замон одамлари орасида шафқат, марҳамат, яхшилик ва адолат каби гўзал хислатлар йўқ бўлиб кетгандек эди.
«Мендан кейин Аҳмад исмли бир расул келишини сизларга хушхабар берувчиман» Исо алайҳиссалом
Аммо бу даврда араблар орасида эътиборга молик бир жиҳат бор эди: адабиёт, сўз санъати ва фасоҳат қадр топиб, энг юксак чўққига кўтарилган эди. Улар шоирга ва шеърга катта аҳамият берардилар, буни улкан ифтихор сабаби деб билардилар. Кучли шоир ўзига ҳам, қабиласига ҳам обрў келтирарди. Маълум вақтларда ярмаркалар ташкил қилинар, шеърият ва нотиқлик мусобақалари ўтказиларди. Ғолибларнинг шеърлари ёки нутқлари Каъба деворига осиб қўйиларди. Жоҳилият даврида Каъба деворига осилган энг машҳур етти шеър «Муаллақотус сабъа», яъни «Етти осма шеър» деб аталарди.
Ўша пайтда Арабистонда одамлар эътиқод жиҳатидан ҳам тарқоқ эдилар. Баъзилари мутлақо ишонмас ва дунё ҳаётидан бошқа ҳеч нарсани тан олмасди. Баъзилари Аллоҳу таолога ва охират кунига ишонар, аммо инсонлар орасидан бир пайғамбар келишини тан олмасди. Баъзилари Аллоҳу таолога ишонар, лекин охиратга ишонмасди. Яна катта бир қисми Аллоҳу таолога ширк келтириб, бутларга сиғинарди. Мушрикларнинг ҳар бирининг уйида биттадан бут бор эди.
Олам шу қадар қоронғилашган, атрофни зулмат шу даражада қоплаган эдики, одамлар ҳамма нарсанинг Яратувчиси бўлган Аллоҳу таолога иймон келтириш ва Унга ибодат қилишни тарк этган эдилар. Саросималари туфайли улар коинотда содир бўлаётган ҳодисаларга ва Жаноби Ҳақ яратган нарсаларга, айниқса, ўз қўллари билан тошдан ва ёғочдан йўниб ясаган бутларига «илоҳ» деб сиғинардилар.
Булардан ташқари, ҳазрати Иброҳим билдирган динда бўлган ва «ҳаниф» деб аталган тўғри иймонли мўминлар ҳам бор эди. Улар Аллоҳу таолога ишонар ва бутлардан узоқ турардилар. Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ, боболари Абдулмутталиб, оналари ва баъзи бошқа кишилар Иброҳим алайҳиссаломнинг динида эдилар.
Ҳаниф мўминлардан бошқа барча гуруҳлар ботил йўлда бўлиб, катта зулмат ва қоронғиликка ботган эдилар.
Зулумот ва оби ҳаёт
Абу Мужоҳид Анвар ибн Нозиф раҳматуллоҳи алайҳ: «Оби ҳаёт зулумотда бўлади», – деди. Оби ҳаёт – ичган одамни ўлмас қиладиган тириклик суви, зулумот эса қоронғилик деганидир. Бу сув болта тегмаган ўрмонларда, йиртқич ҳайвонлар орасида, қоп-қоронғи зулматда, ўрмонларнинг энг ичкарисида бўлади, деб фараз қилинади.
Бу сувга етиш имконсиз дейиладиган даражада қийин. Бу машаққатли тўсиқлардан ўтиб, ўша сувга етган кишининг ўлмаслиги ривоят қилинади. Аҳли суннат эътиқоди ҳам худди Қоф тоғининг ортида, болта тегмаган ўрмонларнинг энг узоқ бурчагидаги оби ҳаётга ўхшайди. Абадиятга оқаётган бу сувдан бир томчи ичганлар абадий неъматларга эришадилар. Бир мисрада айтилганидек: «Оби ҳаёт қоронғи жойларда бўлади!»
Ҳусайн Ҳилмий ибн Саид қуддиса сирруҳ ҳазратлари шундай дедилар: «Ким ундан бир томчи ичса, энди унга ўлим йўқ, жаннатда уни абадий ҳаёт кутади. Оби ҳаёт ёмон, бузуқ кимсаларнинг, бидъатларнинг ва куфрнинг бор жойида бўлади.»
Коинот султони келмоқда
Олам маҳзун, мавжудот маҳзун, кўнгиллар маҳзун эди, юзлар эса кулишни унутган эди. Аллоҳу таоло бошқа махлуқлардан афзал қилиб яратган инсонларнинг жаҳаннамдан қутулишига сабаб бўладиган бир қаҳрамон керак эди. У зотнинг дунёга келишларига жуда оз вақт қолган эди. Олам Одам алайҳиссаломдан бугунгача пок пешоналардан пок пешоналарга ўтиб келган нурнинг эгасини кутиб олишга ҳозирланарди. Инсонларга ва жинларга абадий саодатни кўрсатадиган Тенгсиз Инсон келаётган эдилар!… Шафоат ва марҳамат манбаи, Раббининг ахлоқи билан ахлоқланган Улуғ Инсон келаётган эдилар!…
Мақоми Маҳмуд соҳиби, шафоатчиларнинг бош тожи келаётган эдилар!… Коинотнинг муаллими, мавжудотнинг асл моҳияти, инсонларнинг сарвари келаётган эдилар! Маҳшар куни мададга етувчи, пайғамбарларнинг султони келаётган эдилар!… Аллоҳу таолонинг Ҳабиби, суюклиси, у зотнинг ҳурматлари учун биз яратилган, оламларга раҳмат бўлмиш севимли Пайғамбаримиз келаётган эдилар!… Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи васаллам) келаётган эдилар…
Дедилар: ўғлингдек бир ўғил
Жаҳон яралгандан бери келмаган.
Ўғлингга берилган бу улуғ қадрни
Ҳеч бир онага бермаган ул Жалил.
Улуғ давлат топдинг, эй Омина, сен,
Сендан туғилгай ул гўзал хулқли зот.
Бу келган – илми ладун султони,
Бу келган – тавҳиду ирфон кони.
Бир исми – Маҳмуд, бир исми – Аҳмад,
Борлиғи – бутун оламларга раҳмат.
Бу келган ишқида айланар осмон,
Юзига муштоқдир фаришта, инсон.
«Қиёмат куни мен аввалгиларнинг ва кейингиларнинг саййидиман. Ҳақиқатни билдиряпман, фахрланмайман» Ҳадиси шариф
Маккаи мукаррама минтақаси
Бир оқ қуш келди қанотин қоқиб,
Елкамни силади қувват ила шул он.
Туғилди шул соат ул Дин султони,
Нурга ғарқ бўлди осмону замин.
Агар истасангиз ўтдан нажот,
Ишқ ила, шавқ ила айтинг салавот!
Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Саййидал аввалийна вал охирийн.
