Севимли Пайғамбарим

КОИНОТ СУЛТОНИ ПАЙҒАМБАРИМИЗ

Муҳаммад алайҳиссалом – Аллоҳу таолонинг ҳабиби (суюклиси); у зот яратилган барча инсонлар ва бошқа махлуқотнинг ҳар жиҳатдан энг афзали, энг гўзали ва энг шарафлисидирлар. У зот – Аллоҳу таоло мадҳ этган, барча инсонларга ва жинларга пайғамбар қилиб танлаб юборган охирги ва энг афзал Пайғамбардирлар.

У зот оламларга раҳмат қилиб юборилганлар, ҳамма нарса у зотнинг ҳурматлари учун яратилган. Муборак исмлари – Муҳаммад, бу исм «такрор-такрор мадҳ этилган, кўп мақталган» деган маънони билдиради. Аҳмад, Маҳмуд, Мустафо каби бошқа муборак исмлари ҳам бор. Оталарининг исми Абдуллоҳдир. Пайғамбаримиз ҳижратдан 53 (қуёш йили ҳисобида 51) йил олдин, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба кечаси, тонгга яқин Маккаи мукаррамада дунёга келдилар. Тарихчилар бу кун милодий 571 йилнинг 20 апрелига тўғри келишини ёзадилар.

Дунёга келишларидан бир неча ой олдин оталари Абдуллоҳ, олти ёшга кирганларида эса оналари Омина вафот этди. Шу сабабли Пайғамбаримизга «Дурри ятим» (коинот садафидаги ягона, йирик ва энг қимматли дур) лақаби ҳам берилган. Саккиз ёшгача у зот боболари Абдулмутталибнинг, у вафот этгач эса амакилари Абу Толибнинг қарамоғида яшадилар. Йигирма беш ёшларида Хадичаи Кубро онамизга уйландилар. Бу завжаларидан туғилган тўнғич ўғилларининг исми Қосим эди. Арабларда кишини тўнғич ўғлининг исми билан аташ – кунья бериш одати бор эди. Шу сабабли Пайғамбаримизни «Абул Қосим», яъни «Қосимнинг отаси» деб атадилар.

Қирқ ёшларида Аллоҳу таоло у зотга барча инсонларга ва жинларга пайғамбар эканликларини билдирди. Уч йилдан кейин у зот ҳаммани иймонга даъват қила бошладилар. Эллик икки ёшларида Меърож бўлди.1 Милодий 622 йилда, 53 (қуёш йили ҳисобида 51) ёшларида у зот Маккадан Мадинага ҳижрат қилдилар. У зот йигирма етти марта жанг қилдилар: тўққизтасида оддий жангчи сифатида ҳужумга кирдилар, қолганларида қўшиннинг бош қўмондони бўлдилар. У зот ҳижрий 11 йилда (милодий 632 йил), Рабиул аввал ойининг ўн иккинчи куни, душанба куни пешиндан олдин, 63 (қуёш йили ҳисобида 61) ёшларида, Мадинаи мунавварада вафот этдилар.

Аллоҳу таоло барча пайғамбарларига исмлари билан хитоб қилган бўлса-да, у зотга «Ҳабибим» (Суюклим) деб илтифот қилди. Жаноби Ҳақ бир ояти каримада, маъноси2: «Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик»3, бир ҳадиси қудсийда эса: «Сиз бўлмаганингизда, сиз бўлмаганингизда, Мен махлуқотни яратмас эдим!»4 – деб марҳамат қилди. Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари айтганларидек: «Ҳар бир пайғамбар ўз замонида, ўз юртида ўз қавмининг ҳаммасидан ҳар жиҳатдан афзалдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса дунё яратилган кундан то қиёмат қойим бўлгунча ҳар замонда, ҳар юртда ўтган ва келадиган барча мавжудотнинг ҳар жиҳатдан энг фазилатлиси, энг афзалидирлар. Ҳеч ким ҳеч бир жиҳатдан у зотдан афзал эмас. Жаноби Ҳақ у зотни шундай яратган.»

Муборак нурнинг яратилиши

Аллоҳу таоло ҳамма нарсадан олдин, яъни ҳеч бир нарсани яратмасдан олдин, севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак нурини яратди. Тафсир ва ҳадис олимларимизнинг кўпчилиги шундай билдирганлар: «Жаноби Ҳақ Ўз нуридан латиф ва улуғ бир гавҳар яратди. Бу гавҳардан бутун коинотни тартиб билан вужудга келтирди. Бу гавҳарга „Нури Муҳаммадий“ дейилади. Барча руҳлар ва жисмларнинг ибтидоси ва манбаи – шу гавҳардир.»

«Сиз бўлмаганингизда, сиз бўлмаганингизда, Мен махлуқотни яратмас эдим!» Ҳадиси қудсий

Бир куни саҳобаи киромдан Жобир ибн Абдуллоҳ: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло ҳамма нарсадан олдин нимани яратди?» – деб сўради. Расулуллоҳ шундай жавоб бердилар: «Ҳамма нарсадан олдин У Ўз нуридан сенинг Пайғамбарингнинг, яъни менинг нуримни яратди. У пайтда Лавҳ ҳам, Қалам ҳам, жаннат ҳам, жаҳаннам ҳам, фаришта ҳам, самовот (осмонлар) ҳам, арз (ер юзи) ҳам, қуёш ҳам, ой ҳам, инсонлар ҳам, жинлар ҳам йўқ эди».

Одам алайҳиссаломнинг қалблари ва муборак баданлари яратилгач, Нури Муҳаммадий у кишининг икки қошлари орасига қўйилди. У кишига руҳ берилганда, Одам алайҳиссалом пешоналарида Чўлпон юлдузидек порлаб турган бир нур борлигини сездилар.

Одам алайҳиссалом яратилганда, Жаноби Ҳақ у кишига Абу Муҳаммад, яъни Муҳаммаднинг отаси деб хитоб қилганини илҳом орқали англадилар. Одам алайҳиссалом: «Эй Раббим! Нега менга Абу Муҳаммад куньясини бердинг?» – деб сўраганларида, Аллоҳу таоло у кишига: «Эй Одам! Бошингни кўтар!» – деди. Одам алайҳиссалом бошларини кўтариб қараганларида, Арши аълода5 нурдан ёзилган севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) исмини – Аҳмад исмини кўрдилар. Шунда у киши: «Эй Раббим! Бу ким?» – деб сўрадилар. Аллоҳу таоло: «Бу – сенинг зурриётингдан бир пайғамбар. Унинг исми осмонларда – Аҳмад, ерда – Муҳаммад. Агар у бўлмаганида, Мен сени яратмас эдим. Ерларни ҳам, осмонларни ҳам яратмас эдим», – деди.6

Нурнинг пок пешоналардан пок пешоналарга ўтиши

Одам алайҳиссалом яратилганларида, у кишининг пешоналарига севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак нури қўйилди. Бу нур у кишининг пешоналарида порлай бошлади. «Тафсири Мазҳарий»да билдирилганидек, у Одам алайҳиссаломдан бошлаб пок оталар ва пок оналар орқали ўтиб, Пайғамбаримизгача етиб келди. Аллоҳу таоло буни ояти каримада7 шундай билдирди, маъноси:

«Сиз, яъни сизнинг нурингиз, доимо сажда қилувчилардан сажда қилувчиларга ўтказилиб, сизга етиб келди».8

Бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Аллоҳу таоло инсонларни яратди. Мени инсонларнинг энг яхши қисмидан вужудга келтирди. Сўнгра бу қисмларнинг энг яхшисини (Арабистонда) танлади. Мени улардан вужудга келтирди. Сўнгра уйлар, оилаларнинг энг яхшисини танлаб, мени улардан дунёга келтирди. Демак, менинг руҳим ҳам, жасадим ҳам – махлуқларнинг энг яхшиси. Менинг наслим, аждодим – инсонларнинг энг яхшиларидир».

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Аллоҳу таоло ҳамма нарсани йўқдан бор қилди. Ҳамма нарса ичидан инсонларни севди, уларни қадрли қилди; инсонлар ичидан танлаганларини Арабистонга жойлади. Арабистондаги танланганлар орасидан мени танлади. Мени ҳар замоннинг танланган, энг яхши инсонлари орасига жойлади. Демак, Арабистонда менга боғлиқ бўлганларни севганлар уларни мен учун севадилар. Уларга душманлик қилганлар менга душманлик қилган бўладилар».

Ҳақ таоло Одамни яратганда,
Одам ила зийнатлади оламни.
Фаришталар Одамга қилди сажда,
Карамли Рабб унга кўп лутф этди.
Мустафо нурин қўйди пешонасига,
«Бил, бу – Ҳабибимнинг нури», – деди.
Ўша нур унинг пешонасида қарор топди,
Не-не замонлар у билан бирга қолди.
Сўнг, билгин, Ҳавво пешонасига ўтди,
Унда ҳам неча ой, неча йил турди.
Шис туғилди – унга ўтди бу нур,
Пешонасида жилва қилди нур.
Етди Иброҳим, Исмоилга ҳам,
Сўз узаяр, қолганин айтсам.
Шундай занжир ҳалқасидек уланиб,
То Мустафога етгунча давом этди.
Келганда ул оламларга раҳмат,
Нур бориб, унда топди қарор.
Агар истасангиз ўтдан нажот,
Ишқ ила, дард ила айтинг салавот!

«Сиз, яъни сизнинг нурингиз, доимо сажда қилувчилардан сажда қилувчиларга ўтказилиб, сизга етиб келди» Шуаро: 219

Яратилган биринчи инсон Одам алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломнинг заррасини олиб юрганлари учун, у кишининг пешоналарида Пайғамбарнинг нури порлаб турарди. Бу зарра аввал ҳазрати Ҳаввога, ундан кейин Шис алайҳиссаломга ўтди ва шу тариқа пок эркаклардан пок аёлларга, пок аёллардан пок эркакларга ўтиб борди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури ҳам зарра билан бирга пок пешоналардан пок пешоналарга ўтди. Фаришталар қачон Одам алайҳиссаломнинг юзларига қарасалар, пешоналарида Муҳаммад алайҳиссаломнинг нурини кўрар ва унинг учун истиғфор айтишар эди.

Одам алайҳиссалом вафот этишлари олдидан ўғиллари Шис алайҳиссаломга шундай дедилар: «Болам! Пешонангда порлаб турган бу нур – охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг нуридир. Уни мўмина, иффатли, пок аёлларга топшир ва ўғлингга ҳам шундай васият қил!»

Муҳаммад алайҳиссаломгача барча оталар ўғилларига шундай васият қилдилар. Уларнинг ҳар бири бу васиятни бажо келтирди ва энг асил, энг одобли қизларга уйланди. Нур эркаклар ва аёлларнинг пок пешоналаридан ўтиб, ўзининг асл эгасига бориб етди. Расулуллоҳнинг боболаридан бирининг икки ўғли бўлса ёки бир қабила икки шохобчага бўлинса, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури ҳамиша энг шарафли ва хайрли тарафда бўларди. Ҳар асрда у зотнинг боболари бўлган киши юзидаги нурдан таниларди. У зотнинг нурини олиб юрувчи танланган бир насл бор эди; ҳар асрда шу наслдан бўлган кишининг юзи жуда гўзал ва ниҳоятда нурли бўларди. У бу нур туфайли ака-укалари орасида ажралиб турар, мансуб бўлган қабиласи бошқа қабилалардан афзалроқ, шарафлироқ бўларди.9

Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Менинг боболаримдан ҳеч бири зино қилмаган. Аллоҳу таоло мени пок, яхши оталардан ва пок оналардан дунёга келтирди. Боболаримдан бирининг икки ўғли бўлса, мен уларнинг энг хайрлисида, энг яхшисида бўлардим». Одам алайҳиссаломдан бери наслдан наслга ўтиб келган бу нур Торуҳга, ундан ўғли Иброҳим алайҳиссаломга, сўнгра ўғиллари Исмоил алайҳиссаломга ўтди. У кишининг ҳам пешоналарида қуёшдек порлаган нур авлодларидан Аднонга, ундан Маъадга, ундан Низорга ўтди. Низор туғилганда, отаси Маъад ўғлининг пешонасидаги нурни кўриб севинди. У катта зиёфат бериб: «Бундай ўғил учун бу зиёфат – арзимас нарса», – дегани учун ўғлининг исми Низор, яъни «арзимас нарса» бўлиб қолди. Шундан кейин нур ҳалқама-ҳалқа ўтиб, ўзининг асл эгаси – пайғамбарларнинг охиргиси (Хотамул анбиё), севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бориб етди.

Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифда шундай дедилар: «Мен Абдуллоҳ, Абдулмутталиб, Ҳошим (Амр), Абду Маноф (Муғийра), Қусай (Зайд), Килоб, Мурра, Каъб, Луай, Ғолиб, Фиҳр, Молик, Назр, Кинона, Хузайма, Мудрика (Омир), Илёс, Музар, Низор, Маъад, Аднон ўғли Муҳаммадман. Мен мансуб бўлган жамоа қачон иккига бўлинган бўлса, Аллоҳу таоло мени албатта уларнинг энг хайрли тарафига жойлади…»10

Яна бир ҳадиси шарифда у зот шундай дедилар: «Аллоҳу таоло Иброҳим авлодидан Исмоилни танлади. Исмоил авлодидан Бану Кинонани танлади. Бану Кинонадан Қурайшни танлади. Қурайшдан Бану Ҳошимни танлади. Бану Ҳошимдан Бану Абдулмутталибни танлади. Бану Абдулмутталибдан эса мени танлади».11

Пайғамбаримизнинг Аднонгача бўлган шарафли насаби шундай:

Муҳаммад алайҳиссалом Абдуллоҳ Абдулмутталиб (Шайба) Ҳошим (Амр) Абду Маноф (Муғийра) Қусай (Зайд) Килоб Мурра Каъб Луай Ғолиб Фиҳр Молик Назр Кинона Хузайма Мудрика (Омир) Илёс Музар Низор Маъад Аднон

Боболари ҳазрати Абдулмутталиб

Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қурайш қабиласининг Бану Ҳошим шохобчасидандирлар. Оталари – Абдуллоҳ. Абдуллоҳнинг отаси Шайба эди. Пайғамбаримизнинг боболари Шайба Мадинада туғилган. Отаси Ҳошим вафот этганда, Шайба ҳали гўдак эди. Бир куни у Мадинада, тоғаларининг уйи олдида дўстлари билан ўқ отишни машқ қилаётган эди. Уларни томоша қилиб турган катталар Шайбанинг пешонасида порлаётган нурдан унинг шарафли бир кишининг ўғли эканини тахмин қилиб, ҳайратда қолдилар.

Ўқ отиш навбати Шайбага келганда, у камонини тортиб, ўқини нишонга узди. Ўқ нақ нишонга теккач, у ҳаяжон билан: «Мен Ҳошимнинг ўғлиман. Албатта, ўқим нишонини топади!» – деб юборди. Унинг бу сўзларидан маккалик Ҳошимнинг ўғли эканини англадилар. Ўша пайтда Ҳошим аллақачон оламдан ўтган эди.

Бану Абду Манофдан бири Маккага қайтганда, Ҳошимнинг биродари Мутталибга: «Мадинада яшаётган жиянингиз Шайба жуда ақлли бола. Пешонасида ҳаммани ҳайратга солувчи бир нур порлаяпти. Шундай қимматли болани ёнингиздан узоқда тутишингиз тўғрими?» – деди. Шундан кейин Мутталиб дарҳол Мадинага борди ва жияни Шайбани Маккага олиб келди. Макка кўчаларида «Бу бола ким?» – деб сўраганларга у: «Бу – менинг қулим», – деб жавоб берарди. Шундан кейин Шайбанинг исми «Мутталибнинг қули» маъносидаги Абдулмутталиб бўлиб қолди.12

«Болам! Пешонангда порлаб турган бу нур – охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг нуридир. Уни мўмина, иффатли, пок аёлларга топшир ва ўғлингга ҳам шундай васият қил!» Одам алайҳиссалом

Абдулмутталиб амакиси Мутталиб вафот этгунча унинг ёнида яшади. Абдулмутталибнинг муборак баданидан мушк ҳиди келиб турарди. Унинг пешонасида Аллоҳу таолонинг ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури порлаб, атрофига хайр-барака сочарди. Қачонки Маккада ёмғир ёғмай, қаҳатчилик бошланса, маккаликлар Абдулмутталибнинг қўлидан тутиб, уни Сабир тоғига олиб чиқар ва дуо қилишини сўраб ёлворар эдилар. У ҳеч кимнинг кўнглини ранжитмас, Аллоҳу таолодан ёмғир эҳсон қилишини сўраб дуо қиларди. Жаноби Ҳақ ҳам Абдулмутталибнинг пешонасида порлаган севимли Пайғамбаримиз нурининг баракоти ила унинг дуосини қабул қилар ва мўл-кўл ёмғир ёғдирарди. Шу тариқа Абдулмутталибнинг қадр-қиммати ва обрўси кундан-кунга ошиб борди. Маккаликлар уни ўзларига бошлиқ қилиб сайладилар. Унга қарши чиқадиган одам топилмас, амрига бўйсунганлар эса тинчлик ва осойишталик топардилар. Ўша давр ҳукмдорлари ҳам Абдулмутталибнинг фазилати ва улуғлигини эътироф этардилар. Фақат Эрон шоҳи (Кисро) уни кўра олмас, очиқ ҳам, яширин ҳам унга душманлик қиларди. Абдулмутталиб ҳаниф, яъни мусулмон эди.13 У тавҳид йўлида эди, Аллоҳнинг борлигига ва бирлигига ишонарди, Ундан бошқа ҳеч бир ўйи йўқ эди ва ҳаниф бўлган аждоди Иброҳим алайҳиссаломнинг динида эди. Шунинг учун у ҳеч қачон бутларга сиғинмади, ҳатто уларнинг ёнига ҳам йўламади.

У Каъба атрофида Аллоҳу таолога дуо қилар, Унга ибодат қиларди.

Замзам

Бир куни тушида бир киши унга: «Эй Абдулмутталиб! Тур, Таййибани қаз!» – деди-да, ғойиб бўлди. Эртаси куни у яна: «Тур, Баррани қаз!» – деди. Учинчи куни ўша киши: «Тур, Мазнунани қаз!» – деб буюрди. Тушлар узилмади. Тўртинчи куни ўша киши яна: «Эй Абдулмутталиб! Тур, Замзам қудуғини қаз!» – деганда, Абдулмутталиб: «Замзам нима? Қудуқ қаерда?» – деб сўради. У киши шундай деди: «Замзам – ҳеч қачон камаймайдиган ва тубига етиб бўлмайдиган сувдир. У дунёнинг тўрт тарафидан келган ҳожиларнинг барчасига етади. У Жаброил алайҳиссалом қаноти билан урган жойдан чиққан. У – Аллоҳу таоло Исмоил алайҳиссалом учун яратган сувдир. У ташналарни қондиради. Очларни тўйдиради, беморларга шифо бўлади. Унинг жойини айтайин. Қурбонлик сўйганларида, қолдиқларини бир ерга тўкадилар. Сен ўша ерда бўлганингда, тумшуғи қизил бир қарға келади.

У тумшуғи билан ерни титади. Қарға титган жойда сен чумоли инини ҳам кўрасан. Ана шу жой – Замзамнинг жойидир».14

Эрталаб Абдулмутталиб ўғли Ҳорисни ёнига олиб, Каъбага борди ва ҳаяжон билан кута бошлади. Бир оздан кейин тушда айтилганидек, тумшуғи қизил қарға келиб, у ердаги бир чуқурга қўнди ва тумшуғи билан ерни чўқий бошлади. Унинг остидан чумоли ини чиқди. Абдулмутталиб билан ўғли Ҳорис дарҳол у ерни қаза бошладилар. Бир муддат қазигач, қудуқнинг оғзи кўринди. Буни кўрган Абдулмутталиб: «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар!» – деб такбир айта бошлади.

Бошидан бери қудуқ қазилишини диққат билан кузатиб турган қурайшликлар унга ўгирилиб: «Эй Абдулмутталиб! Бу – отамиз Исмоилнинг қудуғи. Унда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор. Сен бизни бу ишга шерик қилишинг керак!» – дедилар. Абдулмутталиб эса дарҳол қарши чиқиб: «Йўқ! Бу иш – фақат менга эҳсон қилинган вазифа», – деб жавоб берди. Шунда қурайшликлар: «Сен ёлғизсан. Биттагина ўғлингдан бошқа ҳеч киминг йўқ. Бизга бундай қарши тура олмайсан!» – дедилар.

Замзам қудуғи

Замзам қудуғи

Масжидул Ҳаром ичида, Ҳажарул асвад бурчагининг рўпарасида эди. Унинг тош ҳалқаси бор эди. Ости мармар билан қопланган ва деворлар томон қия эди. Абдулҳамидхон I қудуқни сув сизмайдиган қилиб қурдирган эди. Тарихнинг қимматли ёдгорлиги бўлган бу гўзал санъат асари 1963 йилда бузиб ташланди. Қудуқнинг оғзи ва атрофидаги бир неча метр жой ердан бир неча метр пастга туширилди. Сўнгра унинг усти бутунлай ёпилиб, мармар ётқизилди. Ҳозир бу қудуқ кўринмайди.

Шунда унинг юраги эзилди, чунки уни ёлғизлиги билан камситаётган эдилар. У қўлларини осмонга кўтариб: «Ё Раббим! Менга ўнта ўғил эҳсон қил. Агар бу дуоимни қабул қилсанг, улардан бирини Каъба олдида қурбон қиламан», – деб ёлворди.15

Абдулмутталиб қазиш иши хавфли тус олаётганини, оқибатда шиддатли тўқнашувлар бўлиши мумкинлигини ўйлади. Шунинг учун қазишни тўхтатиб, келишув йўлини танлади.

У бу масалани бир ҳакам ҳал қилишини истади. Ниҳоят, Шомда яшайдиган бир коҳин бунга чора топади, деган қарорга келдилар. Қурайшнинг кўзга кўринган кишиларидан бир гуруҳ билан йўлга чиқдилар. Йўлда ташналик ва жазирамадан ҳолдан тойган карвон жойидан қўзғала олмай қолди. Улар энди бир томчи сув учун жон беришга тайёр эдилар. Ягона орзулари шу бўлса-да, куйдирувчи саҳро ўртасида сув топиш имконсиз эди.

Ҳамма умидини узган бир пайтда Абдулмутталиб уларга: «Келинглар, келинглар! Йиғилинглар! Сизларга ҳам, ҳайвонларингизга ҳам етадиган сув топдим!» – деб қичқирди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак нурини пешонасида олиб юрган Абдулмутталиб сув излаб юрганида туясининг оёғи бир катта тошга илинган, тош жойидан қўзғалгач, остидан сув отилиб чиққан эди. Ҳамма югуриб келди.

Улар қониб-қониб сув ичиб, гўё қайта ҳаёт топгандек бўлдилар.

Абдулмутталибнинг бу улуғлиги олдида хижолат тортган қурайшликлар: «Эй Абдулмутталиб! Энди сенга айтадиган гапимиз қолмади. Замзам қудуғини қазишга энг лойиқ киши сенсан. Бу хусусда сен билан энди талашмаймиз. Ҳакамга боришга ҳам ҳожат қолмади, ортга қайтамиз», – дедилар. Сўнг Макка йўлини тутдилар. Пешонасида порлаган нур ҳурматига Абдулмутталиб Замзам қудуғини қазиб, сувини чиқариш шарафига муяссар бўлди.16

«Замзам тўйдирувчи ва беморга шифо берувчидир» Ҳадиси шариф

Қурбонлик ўғил

Абдулмутталиб Замзам қудуғини қазигандан кейин унинг шон-шуҳрати янада ошди. Орадан йиллар ўтди. Жаноби Ҳақ унинг қалб тубидан чиққан дуосини қабул қилиб, Абдулмутталибга Ҳорисдан ташқари ўнта ўғил ва олтита қиз эҳсон этди. Ўғилларининг исмлари Қусам, Абу Лаҳаб, Абдулкаъба, Ҳажл, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ғайдоқ, Зирор ва Муқаввим эди (Ҳамза билан Аббос ҳали туғилмаган эди). Қизлари эса Сафийя, Отика, Умму Ҳаким Байзо, Барра, Умайма ва Арво эди. Абдулмутталиб фарзандлари орасида энг кўп Абдуллоҳни яхши кўрарди, чунки ўз пешонасидаги нур Абдуллоҳнинг пешонасида порлай бошлаган эди.

Бир куни Абдулмутталибга тушида: «Эй Абдулмутталиб! Назрингни бажо келтир!» – дейилди.

Эрталаб Абдулмутталиб бир қўчқорни қурбон қилди. Кечаси тушида унга: «Ундан каттароғини қурбон қил!» – деб буюрилди. Эрталаб у бир сигирни қурбон қилди. Тушида унга яна ундан каттароғини қурбон қилиш буюрилганда, у: «Ундан каттароғи нима?» – деб сўради. Шунда унга: «Сенга ўнта ўғил эҳсон қилинса, ўғилларингдан бирини қурбон қилишни назр қилган эдинг. Назрингни бажо келтир!» – дейилди.

Эртаси куни Абдулмутталиб фарзандларини йиғиб, йиллар олдин қилган дуоси ҳақида гапириб берди. Сўнгра ўғилларига улардан бирини қурбон қилиши лозимлигини билдирди. Ўғилларидан ҳеч қандай қаршилик кўрмади. Аксинча, улар: «Отажон! Назрингизни бажо келтиринг! Хоҳлаганингизни қилишга ихтиёрингиз бор!» – деб розилик билдирдилар. Абдулмутталиб қурбон бўладиган ўғли кимлигини билиш учун қуръа ташлади. Қуръа энг севимли ўғлига – пешонасида Аллоҳу таолонинг ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломнинг нурини олиб юрган Абдуллоҳга чиқди. Абдулмутталиб бир лаҳза довдираб қолди, кўзлари ёшга тўлди. У Аллоҳу таолога берган сўзини бажариши керак эди. Бир қўлига пичоқни, бир қўлига жигарбанди Абдуллоҳни олиб, Раббига берган сўзини бажариш учун Каъбага келди. Кўзлари ёшли ота Абдуллоҳни қурбон қилиш учун барча тайёргарликни тугатди. Ўша пайтда Қурайшнинг кўзга кўринган кишилари ҳайрат тўла нигоҳ билан бўлаётган воқеани кузатиб турардилар.

Улар орасидан Абдуллоҳнинг тоғаси: «Эй Абдулмутталиб! Тўхта! Сенинг бу ўғлингни сўйишингга биз асло рози эмасмиз. Агар шундай иш қилсанг, бу қурайшликлар орасида одат бўлиб қолади. Ҳар ким ўғлини қурбонликка назр қилиб сўйишга киришади. Бундай ишга йўл очувчи бўлма! Раббингни бошқа йўл билан рози қил!» – деди. Сўнгра: «Бир коҳиндан сўра, у сенга йўл кўрсатсин», – деб таклиф қилди.

Бу сўздан кейин Абдулмутталиб Хайбарда яшайдиган Қутба (ёки Сажоқ) исмли коҳиннинг олдига бориб, аҳволни айтиб берди. Коҳин: «Сизларда бир одамнинг хунбаҳоси қанча?» – деб сўради. «Ўнта туя», – деган жавобни олгач, у: «Ўнта туя билан ўғлингиз ўртасида қуръа ташланг. Қуръа ўғлингизга чиқса, яна ўнта туя қўшинг ва қуръа туяларга чиққунча шу тариқа қўшиб-қўшиб қуръа ташлашни давом эттиринг», – деди.

Абдулмутталиб дарҳол Маккага қайтди ва коҳин айтганидек қилди. У ҳар гал туялар сонини ўнтадан ошириб, кўп марта қуръа ташлади. Қуръа ҳар гал Абдуллоҳга чиқаверди. Аммо туялар сони юзтага етганда, қуръа туяларга чиқди. Ишончли бўлсин деб, у яна икки марта қуръа ташлади. Иккала сафар ҳам қуръа туяларга чиқди. Абдулмутталиб «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» деб такбир айта-айта туяларни қурбон қилди. Уларнинг гўштидан на ўзи, на ўғилларидан бирортаси олди. Гўштнинг ҳаммасини фақирларга тарқатди.17

Одам алайҳиссаломдан бери бўлган қурбонлик воқеаларидан бири Исмоил алайҳиссаломнинг қурбон қилиниши воқеасидир. Пайғамбаримизнинг насаби Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалгани учун у зот: «Мен икки қурбонликнинг ўғлиман», – дедилар.18

Оталари ҳазрати Абдуллоҳ

Икки жаҳон сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг нурини пешонасида олиб юрган Абдуллоҳ туғилганда, аҳли китоб бир-бирларига: «Охир замон Пайғамбарининг отаси Маккада дунёга келди», – деб хабар бердилар. Бани Исроилнинг қўлида жундан тўқилган бир жубба бор эди; у Яҳё алайҳиссаломники бўлиб, Яҳё алайҳиссалом шаҳид бўлганларида уни кийиб турган эдилар ва у кишининг муборак қонлари шу жуббага томган эди. Уларнинг китобларида: «Бу қон қачон янгиланиб томчилай бошласа, охир замон Пайғамбарининг отаси дунёга келади», – деб ёзилган эди. Мана шу аломатни кўрган аҳли китоб Абдуллоҳнинг туғилганини англадилар. Улар ҳасад қилиб, неча бор уни ўлдиришга уриндилар, лекин Аллоҳу таоло Абдуллоҳни пешонасидаги нурнинг баракоти билан асради.

Абдуллоҳ балоғатга етганда, гўзал ахлоқи билан ҳам, келишган қадди-қомати билан ҳам одамлар орасида ажралиб турди. Айниқса, ўн саккиз ёшга кирганда, унинг гўзаллиги тилларда достон бўлди. Пешонасидаги нур қуёшдек порлар, уни кўрган қизларнинг кўнгли беихтиёр унга мойил бўларди. Унинг гўзаллиги ва шуҳрати Мисргача етиб борди.

Узоқ-яқиндан ҳар ким унга қизини бериш учун бир-бири билан мусобақалашди. Кўплаб ҳукмдорлар Абдулмутталибнинг олдига келиб, қизларини ўғлига олишни таклиф қилдилар. Бунинг учун ҳар қандай фидокорликка тайёр эканликларини ҳам билдирдилар. Шунингдек, икки юзга яқин қиз Маккагача келиб, Абдуллоҳга турмушга чиқмоқчи эканликларини билдирдилар. Аммо Абдулмутталиб уларнинг ҳар бирига муносиб сўзлар билан рад жавобини берарди.

Чунки Абдулмутталиб ўғлига Иброҳим алайҳиссаломдан бери эргашиб келаётган ота-боболари динига содиқ, энг одобли, энг асил ва энг гўзал, ҳаниф, яъни мусулмон бир қиз излаётган эди.

Китобларида билдирилган охир замон Пайғамбари ўз қавмларидан чиқмаслигини англаган Бани Исроил ҳасад туфайли Абдуллоҳни ўлдиришга қасамёд қилдилар. Шу мақсадда Маккага етмишта қуролли киши юбордилар. Улар қулай фурсатни кута бошладилар. Ниҳоят, бир куни Абдуллоҳ шаҳар ташқарисига чиққанда, ҳеч ким кўрмаяпти, деб ўйлаган бир пайтда қиличларини яланғочлаб, унга ташландилар. Ўша куни илоҳий ҳикмат19 тақозоси билан Абдуллоҳнинг қариндошларидан Ваҳб ибн Абду Маноф ҳам бир неча ҳамроҳи билан овга чиққан эди. Улар айни шу пайтда Абдуллоҳга ташланган Бани Исроилни кўриб қолдилар. Қариндошлик ғайрати билан Абдуллоҳни қутқариш учун ёрдам беришга қарор қилдилар. Аммо қаршидагилар жуда кўп эди. Бу тўқнашувда мағлуб бўлишлари аниқ эди. Охири улар насиҳат йўлини танладилар. Уларга яқинлашганларида, бу дунёда ҳеч кимга ўхшамайдиган, қора отларга минган, қўлларида қилич тутган кўплаб кишиларнинг ғайбдан яшиндек пайдо бўлганини, такбир садолари билан Бани Исроилга ҳужум қилганини, уларнинг ҳаммасини қиличдан ўтказиб, ғойиб бўлганини кўрдилар. Ваҳб бу ҳолдан лол қолди ва Абдуллоҳнинг қандай муҳофаза қилинаётганини, Аллоҳу таоло ҳузурида қанчалик қадрли эканини англади.

Уйига келгач, у бўлиб ўтган воқеани хотинига айтиб берди. Иккиси ҳам қизларининг тенги Абдуллоҳ эканига ишонч ҳосил қилиб, Оминани унга беришга қарор қилдилар.

«Мен икки қурбонликнинг ўғлиман» Ҳадиси шариф

Абдулмутталиб ҳам Бану Зуҳра қабиласининг каттаси Ваҳбнинг қизи Оминанинг ҳусну жамоли, иффати, ҳаёси ва диндорлиги ҳақида эшитган эди. Насаб жиҳатидан ҳам улар қариндош эдилар, наслари бир неча авлод юқорида бирлашарди. У ўғли Абдуллоҳга бу қизни сўраш учун Ваҳбнинг уйига борди. Абдулмутталиб Ваҳбнинг қизини ўғли Абдуллоҳга сўраганда, Ваҳб: «Эй амакимнинг ўғли! Биз бу таклифни сиздан олдин олдик», – деди-да, илгари ўзи гувоҳ бўлган воқеани айтиб берди, сўнг шуни ҳам қўшимча қилди: «Оминанинг онаси бир туш кўрди. Айтишича, уйимизга бир нур кирибди ва унинг ёғдуси ерни ҳам, осмонларни ҳам тутиб кетибди. Мен ҳам бу кеча тушимда бобомиз Иброҳим алайҳиссаломни кўрдим. У киши менга: „Абдулмутталибнинг ўғли Абдуллоҳ билан қизинг Оминанинг никоҳини мен ўқидим. Сен ҳам буни қабул қил!“ – дедилар. Бугун эрталабдан бери шу тушнинг таъсири остидаман. Улар қачон келишаркин, деб ўйланиб ўтирган эдим». Бу сўзларни эшитган Абдулмутталибнинг тилидан: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» – деган сўзлар тўкилди.

Ниҳоят, у ўн саккиз ёшли ўғли Абдуллоҳни Ваҳбнинг ўн тўрт ёшли қизи Оминага уйлантирди. Омина билан Абдуллоҳнинг никоҳи ҳақида бошқа ривоятлар ҳам бор.20

Муборак нурнинг оналарига ўтиши

Сарвари оламнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак нури оналарига ўтганда, бўрилар ва қушлар бир-бирларига шундай хушхабар бердилар:

«Коинот сарварининг дунёни шарафлантирадиган пайтлари яқинлашди; у зот – ер юзининг амини21, замонанинг қуёши». Ўша кеча Каъбадаги барча бутлар юзтубан йиқилди. Шайтонлар ожиз қолиб, ишларини қила олмай қолдилар. Фаришталар Иблиснинг тахтини синдириб, денгизга улоқтирдилар, Иблиснинг ўзини эса қирқ кун жазолаб, азобладилар. Сўнгра у қочиб, Абу Қубайс тоғига чиқди ва аччиқ фарёд қилди. Иблиснинг бу фарёдини эшитган барча лашкарлари унинг атрофига йиғилди. У уларга: «Ҳолингизга вой! Муҳаммад алайҳиссаломнинг туғилиши яқинлашди. Бундан кейин Лот ва Уззога сиғинилмайди. Тавҳид нури бутун оламни қамраб олади», – деди. Ўша кеча барча сеҳргарлар ва коҳинлар ишларида ожиз қолдилар. Коҳинлик барҳам топди. Уларнинг сеҳрлари таъсирсиз қолди. Ўша кеча ер юзидагилар осмондан: «Охир замон Пайғамбарининг минглаб яхшиликлар ва эҳсонлар билан келадиган вақти яқинлашди», – деган бир овоз эшитдилар.

Ўша пайтда Маккаи мукаррамада қаҳатчилик эди. Неча йиллардан бери ёмғир ёғмаган эди. Дарахтларда биронта яшил барг йўқ, ҳосилдан ном-нишон қолмаган эди. Одамлар қийин аҳволга тушиб, нима қилишларини билмай қолган эдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг муборак нури ҳазрати Абдуллоҳдан ҳазрати Оминага ўтгандан кейин шундай ёмғир ёғди, шундай мўл ҳосил бўлдики, ҳатто ўша йилга «тўкинчилик йили» деб ном бердилар. Ҳазрати Омина у зотга ҳомиладор бўлган тўққиз ой давомида ҳеч қандай оғриқ ва машаққат чекмади.

Омина онамизнинг ҳомиладорлигига икки ой бўлганда, эри Абдуллоҳ тижорат учун Шомга кетган эди. Қайтаётганда у бетоб бўлиб қолди. У ўн саккиз ёки йигирма беш ёшида Мадина яқинидаги Дорун Нобиғада, тоғалари – Бану Нажжорнинг олдида вафот этди.22 Бу хабар Маккага етиб келганда, бутун шаҳар қайғуга ботди.23

«Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ ўғиллари дунёга келмасларидан олдин вафот этганда, фаришталар: „Эй Раббимиз! Расулинг етим қолди“, – дедилар» Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)

Саҳобаи киромдан Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) шундай ривоят қилди: «Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳ ўғиллари дунёга келмасларидан олдин вафот этганда, фаришталар: „Эй Раббимиз! Расулинг етим қолди“, – дедилар. Аллоҳу таоло: „Мен унинг ҳимоячиси ва ёрдамчисиман“, – деди».

Омина хоним эрининг вафотидан қаттиқ қайғурди. Бир шеърида у эрининг ўлимидан чеккан ҳасратини шундай ифода этди:

Кутилмаган бир онда уни ажали олиб кетди,
Ҳолбуки у шундай сахий, шундай меҳрибон эди.

Фил воқеаси

Фил воқеаси

Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дунёга келишларига икки ойча вақт қолган эди. Айни шу пайтда Фил воқеаси юз берди. Одамларнинг ҳар тарафдан тўп-тўп бўлиб келиб, Каъбани зиёрат қилишига тўсқинлик қилмоқчи бўлган Абраҳа – Ҳабашистон подшоҳлигининг Ямандаги ноиби – Византия императорининг ёрдами билан Санъода «Қулайс» деб аталган катта бир черков қурдирди. У одамлар шу черковни зиёрат қилишларини истади. Аммо араблар қадимдан Каъбани зиёрат қилиб келганлари учун бу черковга ҳеч қандай эътибор бермадилар. Унга ҳақорат назари билан қарадилар. Ҳатто улардан бири черковни булғади.

Бундан ғазабланган Абраҳа Каъбани бузишга қарор қилди. Шу мақсадда катта қўшин тайёрлаб, Маккага юриш қилди. Абраҳанинг қўшини Маккага яқинлашганда, аскарлар қурайшликларнинг молларини талон-тарож қила бошладилар. Улар Абдулмутталибга тегишли икки юз туяни ҳам қўлга олдилар. Абдулмутталиб Абраҳанинг олдига бориб, туяларини қайтариб беришини сўради. Абраҳа: «Мен сизларнинг муқаддас Каъбангизни бузгани келдим. Сен уни ҳимоя қилишни истамай, туяларингни сўраяпсанми?» – деди.

Абдулмутталиб: «Мен туяларнинг эгасиман. Каъбанинг ҳам, албатта, Эгаси бор. Уни У ҳимоя қилади», – деди. «Уни мендан ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ!» – деди Абраҳа ва туяларни Абдулмутталибга қайтариб бериб, уни жўнатиб юборди. Сўнгра қўшинига Каъба томон юришни буюрди. Абраҳанинг қўшинида «Маҳмуда» деган бир фил бор эди; уни қўшиннинг олдида юргизар эдилар, чунки шундай қилсак ғалаба қозонамиз, деб ишонардилар. Абраҳанинг йўл кўрсатувчиларидан Нуқайл ибн Лабиб улкан филнинг қулоғига эгилиб: «Эй Маҳмуда, бузгани кетаётган уйинг – Аллоҳу таолонинг уйидир. Ҳозироқ чўк! Асло олдинга юрма! Йўқса ҳалок бўласан!» – деди. Абраҳа филни Каъба томон бурганда, у ерга чўкди ва қимирламади. Яман томонга бурсалар эса, дарҳол чопиб кетарди.

Шундай қилиб, Маккага яқинлашиб ҳужум қилишга кучи етмаган Абраҳа қўшинининг устига Аллоҳу таоло абобил, яъни тоғ қалдирғочи деб аталадиган бир гала қуш юборди. Бу қушларнинг ҳар бири нўхат ёки ясмиқ катталигидаги учтадан тош кўтариб келаётган эди: биттаси тумшуғида, иккитаси оёқларида. Улар буларни Абраҳа қўшинининг устига ташладилар. Тошлар аскарларнинг бошидан кириб, уларни тиккасига тешиб ўтарди. Тош теккан ҳар бир аскар дарҳол ўларди. Ояти каримада билдирилганидек, қўшин ейилган экин баргидек бўлиб қолди. Буни кўрган Абраҳа саросимага тушиб, қочмоқчи бўлди. Лекин қоча олмади. Тошларнинг асл нишони у эди, тошлар унга ҳам тегди. У қочган сари эти парча-парча бўлиб тўкилди ва ўлди. Бу воқеа Қуръони каримнинг Фил сурасида шундай билдирилган, маъноси: «(Эй Расулим! Каъбани бузмоқчи бўлган) фил эгаларига (филлар билан қуролланган Абраҳа қўшинига) Раббингиз қандай муомала қилганини кўрмадингизми? У уларнинг (Каъбаи муаззамани вайрон қилиш шаклидаги) ҳийлаларини барбод қилмадими? Уларнинг устига тўп-тўп қушлар юборди. У қушларнинг ҳар бири уларнинг устига лойдан ясалиб, оловда пиширилган тош отар эди. Ниҳоят, Аллоҳу таоло уларни куя еган экин баргидек йўқ қилиб юборди. (Қуртлар кемириб, майдалаб ташлаган экин барглари ҳолига келтириб қўйди.)»24

«Мен туяларнинг эгасиман. Каъбанинг ҳам, албатта, Эгаси бор. Уни У ҳимоя қилади» Шайбатул Ҳамд

Арабистон ва унинг атрофидаги маданият марказлари