ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ АҲЛИ БАЙТИ
Севимли Пайғамбаримизнинг барча оила аъзоларига аҳли байт дейилади. У зотнинг муборак завжалари, қизлари ҳазрати Фотима билан ҳазрати Али, уларнинг муборак фарзандлари бўлмиш ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайн ҳамда уларнинг болалари ва набираларининг ҳаммаси, шунингдек, Пайғамбаримизнинг пок насллари боғлиқ бўлган Бану Ҳошим – аҳли байтдир. Расулуллоҳнинг аҳли байтлари уч қисмдир: биринчиси – насаб, насл жиҳатидан қариндош бўлганлар; аммалари ҳам шулар жумласидандир. Иккинчиси – у зотнинг пок завжалари. Учинчиси – завжаларининг сочларини тараш, таомларини пишириш, хоналарни супуриш, кир ювиш ва уй ишларини қилиш учун доимо уйларида бўладиган хизматчи аёллар. Ташқи ишларни бажарадиган, масжидда азон айтадиган Билол, Салмон ва Суҳайб ҳам Хонаи саодатдан еб-ичар эдилар. Бир куни Расулуллоҳ амакилари Аббоснинг уйига бориб, уни ва фарзандларини ёнларига ўтқазиб, уларнинг устини эҳромлари билан ёпиб: «Ё Раббим! Бу – менинг амаким, отамнинг биродари. Булар эса – менинг аҳли байтим. Уларни шу ёпинчиғим билан ёпганимдек, Сен ҳам уларни жаҳаннам оловидан ёп, сақла!» – дедилар.
Пайғамбаримизнинг уйланиш сабаблари
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) биринчи марта йигирма беш ёшларида ҳазрати Хадича (розияллоҳу анҳо) билан турмуш қурдилар. Ҳазрати Хадича қирқ ёшда ва тул аёл эди. Лекин унинг моли, жамоли, ақли, илми, шарафи, насаби, иффати ва одоби жуда юксак эди. Улар йигирма беш йил бирга яшадилар. Ҳазрати Хадича ҳаёт эканида Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бошқа ҳеч кимга уйланмадилар.
Ҳазрати Хадича онамиз (розияллоҳу анҳо) вафот этганидан кейин Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) иккинчи марта, эллик беш ёшларида, ҳазрати Абу Бакрнинг қизи ҳазрати Оиша онамизга (розияллоҳу анҳо) уйландилар. У зот Аллоҳу таолонинг амри билан у билан никоҳланган эдилар. Охиратга риҳлат қилгунларича у билан саккиз йил яшадилар. Оиша онамиз жуда оқила, зукко, олима, адиба, афифа ва солиҳа эди. Хотираси жуда кучли бўлгани учун саҳобаи киром кўп нарсаларни ундан сўраб ўрганар эдилар.
Бошқа никоҳларини эса у зот диний, сиёсий сабабларга кўра ёки марҳамат ва эҳсон юзасидан қилганлар. Бу аёлларнинг ҳаммаси тул бўлиб, кўпи ёши улуғ эди. Масалан, Маккадаги кофирларнинг мусулмонларга етказган озор ва зарарлари чидаб бўлмас даражага етганда, саҳобаи киромнинг бир қисми Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Ҳабашистон подшоҳи Нажоший насроний эди. У мусулмонлардан турли нарсаларни сўраб, олган етук жавобларидан ҳайратга тушиб, иймонга келди. Мусулмонларга кўп яхшиликлар қилди. Иймон келтирган бўлиб кўринган Убайдуллоҳ ибн Жаҳш эса камбағалликдан қутулиш учун руҳонийларга алданиб, муртад бўлган, динини дунёга алмаштирган эди.1 Расулуллоҳнинг аммаларининг ўғли бўлган бу малъун хотини Умму Ҳабибани ҳам диндан чиқиб, бой бўлишга мажбурлади ва ундади. Лекин аёл камбағалликка ҳам, ўлимга ҳам рози бўлишини, аммо Муҳаммад алайҳиссаломнинг динидан чиқмаслигини айтгач, уни талоқ қилди. Унинг хор-зор бўлиб, муҳтожликдан ўлишини кутаётган эди. Бироқ кўп ўтмай ўзи ўлди. Умму Ҳабиба Маккадаги Қурайшнинг ўша пайтдаги бош қўмондони Абу Суфённинг қизи эди. Расулуллоҳ ўша пайтларда Қурайш қўшинлари билан жуда шиддатли жангларда эдилар, Абу Суфён эса Исломни йўқ қилиш учун бор кучи билан курашмоқда эди. Расулуллоҳ Умму Ҳабиба онамизнинг (розияллоҳу анҳо) динининг кучлилигини ва бошига тушган жуда аччиқ ҳолни эшитдилар. Нажошийга мактуб ёзиб: «Ўша ердаги Умму Ҳабибага уйланаман. Никоҳимни ўқи! Сўнгра уни бу ерга юбор», – деб талаб қилдилар. Нажоший бундан олдин мусулмон бўлган эди. У мактубга жуда катта ҳурмат кўрсатиб, ўша ердаги мусулмонларни саройига таклиф қилди ва зиёфат берди. Ҳижратнинг еттинчи йилида никоҳ ўқилиб, кўп ҳадя ва эҳсонлар қилинди. Шу тариқа Умму Ҳабиба иймонининг мукофотига эришиб, ўша ерда бой бўлиб, роҳат топди. Унинг шарофати билан бошқа мусулмонлар ҳам роҳат топдилар. Жаннатда аёллар эрларининг ёнида бўлишлари учун у жаннатнинг энг юксак даражаси ҳақида шундай хушхабар олдики, дунёнинг бутун лаззат ва неъматлари бу хушхабар олдида жуда кичик бўлиб қолади. Бу никоҳ Абу Суфённинг кейинчалик мусулмон бўлиш шарафига эришишини тайёрлаган сабаблардан бири бўлди. Кўриниб турибдики, бу никоҳ Расулуллоҳнинг ақллари, зеҳнлари, даҳолари, эҳсонлари ва марҳаматлари қай даражада эканини ҳам кўрсатмоқда.2
Иккинчи мисол: ҳазрати Умарнинг қизи Ҳафса онамиз (розияллоҳу анҳо) тул қолган эди. Ҳижратнинг учинчи йилида ҳазрати Умар ҳазрати Абу Бакрга ва ҳазрати Усмонга: «Қизимни оласанми?» – деганда, улар: «Ўйлаб кўрай», – дейишган эди. Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳар учаласи ва бошқалар ёнларида бўлганда: «Ё Умар! Сени хафа кўряпман, сабаби нима?» – деб сўрадилар. Шишадаги сиёҳнинг ранги осон кўринганидек, Расулуллоҳ ҳам ҳар кимнинг ўйини бир қарашда англар эдилар. Лозим кўрсалар, сўрар эдилар. У зотга, ҳатто ҳар кимга тўғри сўзлашимиз фарз бўлгани учун ҳазрати Умар ҳам: «Ё Расулаллоҳ! Қизимни Абу Бакрга ва Усмонга таклиф қилдим, олмадилар», – деб жавоб берди. Расулуллоҳ энг кўп севган бу уч саҳобаларининг хафа бўлишларини ҳеч истамаганлари учун, уларни севинтириш мақсадида дарҳол шундай дедилар: «Ё Умар! Қизингни Абу Бакрдан ва Усмондан ҳам яхшироқ бир кишига беришимни истайсанми?» Ҳазрати Умар ҳайрон бўлди. Чунки ҳазрати Абу Бакрдан ва ҳазрати Усмондан яхшироқ киши йўқлигини биларди. У: «Ҳа, ё Расулаллоҳ!» – деди. У зот: «Ё Умар, қизингни менга бер!» – дедилар. Шу тариқа ҳазрати Ҳафса ҳазрати Абу Бакрнинг, ҳазрати Усмоннинг ва барча мўминларнинг онаси бўлди, улар эса унинг хизматчилари бўлишди; ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон бир-бирларига янада яқинроқ ва янада азизроқ бўлишди.3
Учинчи мисол: ҳижратнинг бешинчи ёки олтинчи йилида Бану Мусталиқ қабиласидан олинган юзлаб асир орасида қабила бошлиғи Ҳориснинг қизи Жувайрия ҳам бор эди. Расулуллоҳ уни сотиб олиб, озод қилдилар ва унга уйландилар. Шунда саҳобаи киромнинг (алайҳимур ризвон) ҳаммаси: «Биз Расулуллоҳнинг оиласини, онамизнинг қариндошларини жория, хизматчи қилиб ишлатишдан ҳаё қиламиз», – дейишди. Ҳаммалари ўз асирларини озод қилишди. Бу никоҳ юзлаб асирнинг озод бўлишига сабаб бўлди. Ҳазрати Жувайрия онамиз (розияллоҳу анҳо) бу ҳолни доимо айтиб, фахрланар эди. Ҳазрати Оиша: «Жувайриядан хайрлироқ, баракалироқ аёлни кўрмадим», – дер эди.4 Бир ҳадиси шарифда шундай дейилди: «Барча завжаларим билан никоҳларим ва қизларимни турмушга беришим – ҳаммаси Жаброилнинг (алайҳиссалом) Аллоҳу таолодан келтирган изни билан бўлгандир».
Расулуллоҳнинг кўп уйланишларининг муҳим бир сабаби Ислом динини билдириш эди. Ҳижоб ояти нозил бўлмасдан олдин, яъни аёлларга ўраниш буюрилмасдан олдин, аёллар ҳам Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, билмаганларини сўраб ўрганишар эди. Расулуллоҳ бирор кишининг уйига борсалар, аёллар ҳам келиб ўтиришар, тинглашар, фойдаланишар эди. Ҳижоб ояти нозил бўлиб, аёлларнинг бегона эркаклар билан ўтиришлари, гаплашишлари ман қилингач, у зот бегона аёлларни қабул қилмадилар. Уларга билмаганларини муборак завжалари ҳазрати Оишадан сўраб ўрганишларини буюрдилар. Келиб сўровчиларнинг кўплигидан ҳазрати Оиша ҳаммасига жавоб беришга улгурмас эди. Бу муҳим хизматни осонлаштириш ва Оиша онамизнинг юкини енгиллатиш учун у зот лозим бўлган миқдорда аёлга уйландилар. Аёлларга оид юзлаб нозик билимларни мусулмон аёлларига муборак завжалари орқали билдирдилар. Агар битта завжалари бўлганида, барча аёлларнинг ундан сўраши қийин, ҳатто имконсиз бўлар эди. Аллоҳу таолонинг динини тўлиқ билдириш учун у зот кўп уйланиш юкини ҳам елкаларига олдилар.
Пайғамбаримизнинг муборак завжалари
Хадичаи Кубро (розияллоҳу анҳо): У Қурайшнинг асилзода, мўътабар оиласидандир. Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусайнинг қизидир. Расулуллоҳнинг биринчи завжаларидир. Отаси – Хувайлид, онаси – Фотима. У қирқ ёшда ва тул бўлганида Расулуллоҳга турмушга чиқди. Расулуллоҳ ўшанда йигирма беш ёшда эдилар. Ундан у зотнинг тўрт қизи ва икки ўғли бўлди. Тул бўлган пайтида у тижорат қилар эди. Унинг хизматчилари, котиблари ва қуллари бор эди. Жуда бой, олима ва оқила эди. У иймонга келган биринчи озод аёлдир. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳга биринчи марта кўринганда, у зот қўрққан эдилар. Бу ҳолни Хадичага айтдилар. Энг аввал Хадича (розияллоҳу анҳо) иймон келтирди. Кофирлар бутларга сиғинишар, Расулуллоҳга ишонишмас, у зотни масхара қилишар эди. Жуда кўп озор беришарди. Хадича (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳга тасалли ва ғайрат берар эди. Бутун мол-мулкини у зотнинг йўлларида фидо қилди. Расулуллоҳга йигирма беш йил садоқат билан хизмат қилди. Бирор марта ҳам у зотнинг кўнгилларига озор бермади.
У ҳижратдан уч йил олдин, Абу Толибнинг ўлимидан уч кун кейин, олтмиш беш ёшида Маккаи мукаррамада вафот этди.
Расулуллоҳ вафотларигача уни доимо мақтар эдилар. Ҳатто бир куни уйда уни мақтаётганларида Оиша онамиз чидай олмай: «Жаноби Ҳақ сизга ундан ҳам яхшироғини берди», – деди. Шунда у зот: «Йўқ! Ундан яхшироғи берилмади. Ҳамма мени ёлғончи деган кунларда у менга ишонди. Ҳамма менга озор бераётганда, у менга ёр бўлди. Ғам-ташвишларимни кетказди», – дедилар.
Ҳазрати Хадича билан қизи Фотимаи Заҳро – бир ҳадиси шарифда дунёдаги барча аёлларнинг энг афзаллари экани билдирилган тўрт аёлнинг иккитасидир. Учинчиси – Фиръавннинг хотини ҳазрати Осиё, тўртинчиси – ҳазрати Марям (розияллоҳу таоло анҳунна).
«Барча завжаларим билан никоҳларим ва қизларимни турмушга беришим – ҳаммаси Жаброилнинг (алайҳиссалом) Аллоҳу таолодан келтирган изни билан бўлгандир» Ҳадиси шариф
Оиша (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг иккинчи пок завжаларидир. Абу Бакр Сиддиқнинг қизидир. Онаси – Умму Румон. Ҳижратдан саккиз йил олдин туғилган. Фарзанди бўлмаган. Хадичаи Кубронинг вафотидан бир йил кейин ва ҳижратдан икки йил олдин никоҳланди. Уч йилдан кейин Мадинада Ҳужраи саодатга келтирилиш шарафига мушарраф бўлди. Ақли, зеҳни, иффати ва тақвоси ҳайрон қоларли даражада эди. Расулуллоҳ уни жуда севар ва кўп мақтар эдилар. Никоҳи Аллоҳу таолонинг амри билан бўлди. Ояти карима билан мадҳ этилган. Саҳобаи киром мушкулларини ҳал қилиш учун унга мурожаат қилар эдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) вафот этганларида у ўн саккиз ёшда эди. Ижтиҳоди ҳазрати Алиникига мос келмагани учун Туя воқеасида ҳазрати Али билан жанг қилган саҳобаи киром билан бирга бўлди. Ҳазрати Али шаҳид қилинганда жуда қайғурди. Ҳуруфийлар унга кўп туҳмат қилмоқдалар. «Ҳазрати Алини севмас эди», – дейдилар. Ҳолбуки, «Алини севиш иймондандир» ҳадиси шарифини ҳазрати Оишанинг ўзи хабар берган. Шу тариқа уни севганини ва ҳамма уни севиши лозимлигини билдирди. Ҳижратнинг эллик еттинчи йилида, олтмиш беш ёшида Мадинада вафот этди. Қабри Бақиъ қабристонидадир.
Савда бинт Замъа (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг учинчи завжаларидир. Эри билан бирга иймонга келиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Маккага қайтгач, эри вафот этди. Расулуллоҳ аввал ҳазрати Оишани, сўнгра Савдани никоҳладилар. Савдани Маккада, ҳазрати Оишани эса Мадинада уйларига олдилар. У жуда меҳрибон ва иффатли хоним эди. Ҳазрати Умар замонида вафот этди.5
Ҳафса (розияллоҳу анҳо): Ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳу) қизидир. Биринчи эри Хунайс эди. Улар бирга Ҳабашистонга ва Мадинага ҳижрат қилдилар. Ёш пайтида тул қолгач, отаси уни ҳазрати Абу Бакрга, сўнгра Усмонга таклиф қилди. Иккаласи ҳам узр сўради. Ҳазрати Умар хафа бўлди. Ҳижратнинг учинчи йилида Ҳафса Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланди. Расулуллоҳ бир муддатдан кейин Ҳафсани талоқ қилдилар. Сўнгра Жаброил алайҳиссаломнинг ишораси билан уни яна никоҳларига олдилар. У кўп рўза тутар, кўп намоз ўқир эди. Ҳижратнинг 41-йилида, олтмиш ёшида вафот этди.
Зайнаб бинт Хузайма (розияллоҳу анҳо): Кўп ибодат қилар, кўп садақа берар эди. Аввал Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг хотини эди. Абдуллоҳ Расулуллоҳнинг аммалари Умайманинг ўғли эди. У Уҳуд жангида шаҳид бўлди. Зайнаб Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланган бўлса-да, саккиз ойдан кейин вафот этди.6
Умму Салама (розияллоҳу анҳо): Исми Ҳинд эди. Эри Абу Салама билан Ҳабашистонга биринчилардан бўлиб ҳижрат қилдилар. Абу Салама Расулуллоҳнинг аммалари Барранинг ўғли Убайдуллоҳ ибн Жаҳшнинг биродари бўлиб, Мадинада, ҳижратнинг тўртинчи йилида Уҳуд жангида олган жароҳатидан вафот этди. Умму Салама Абу Бакр ва Умарнинг никоҳ таклифларини қабул қилмади. Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланди. Эллик тўққизинчи йилда Мадинада саксон тўрт ёшида вафот этди. Расулуллоҳнинг завжаларидан энг охирги вафот этгани шу эди.7
«Йўқ! Ундан (Хадичадан) яхшироғи берилмади. Ҳамма мени ёлғончи деган кунларда у менга ишонди. Ҳамма менга озор бераётганда, у менга ёр бўлди. Ғам-ташвишларимни кетказди» Ҳадиси шариф
Жувайрия (розияллоҳу анҳо): Бану Мусталиқ қабиласининг бошлиғи Ҳориснинг қизи эди. Ҳижратнинг бешинчи йилида бўлган Мурайсиъ жангида асир олинган эди. Амакиваччаси бўлган эри жангда ўлдирилди. У йигирма ёшда, жуда ҳасно, яъни гўзал эди. Жувайрия сотувга чиқарилганда, бир ривоятга кўра, отаси уни сотиб олиш учун Мадинага бир пода туя олиб келди. Икки аъло туяни қиймай, уларни шаҳар ташқарисида яшириб қўйди. Расул алайҳиссалом: «Фалон жойда яширган икки туянгни ҳам олиб кел», – дедилар. Ҳорис ҳайрон бўлиб, икки ўғли ва яна кўп кишилар билан бирга иймон келтирди. Расул алайҳиссалом туяларни олиб, қизини қайтариб бердилар. Қизи ҳам иймонга келди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Жувайрияни отасидан сўраб, унга уйландилар. У ҳижратнинг эллик олтинчи йилида вафот этди.
Зайнаб бинт Жаҳш (розияллоҳу анҳо): Расулуллоҳнинг аммалари Умайманинг қизи, Абдуллоҳ ибн Жаҳшнинг опа-синглиси эди. Отасининг исми Бурра эди. Иймон келтирмагани учун уни Жаҳш деб аташди. Зайнаб биринчи иймон келтирганлардандир.
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уни аввал асраб олган ўғиллари Зайд ибн Ҳорисага никоҳлаб бердилар. Зайд Зайнабнинг ҳаққига риоя қила олмагани учун ҳижратнинг учинчи йилида улар ажрашдилар. Расул алайҳиссалом унга уйланмоқчи бўлдилар. Зайнаб буни эшитгач, севинганидан икки ракат намоз ўқиб: «Ё Раббим! Расулинг мени сўраяптилар. Агар менинг у зотга завжа бўлиш шарафига эришишимни тақдир қилган бўлсанг, мени у зотга Ўзинг бер», – деб дуо қилди. Дуоси қабул бўлиб, Аҳзоб сурасининг маъноси «Зайд ундан ҳожатини адо қилгач (яъни Зайнабни талоқ қилгач), Биз уни сизга завжа қилдик» бўлган ўттиз еттинчи ояти нозил бўлди. Зайнабнинг никоҳини Аллоҳу таоло қилгани учун Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) алоҳида никоҳ ўқитмадилар. Зайнаб (розияллоҳу анҳо) бу билан доимо фахрланар ва: «Ҳар бир аёлни отаси турмушга беради. Мени эса Аллоҳу таоло никоҳлади», – дер эди. Ўшанда у ўттиз саккиз ёшда эди. Ҳижратнинг йигирманчи йилида, эллик уч ёшида вафот этди.8 Хайри ва эҳсони кўп бўлиб, садақа беришни жуда яхши кўрар эди. Қўл ишларида ҳам моҳир эди. Ўзи тиккан нарсаларни ва қўлига тушган ҳар бир нарсани қариндошларига ва фақирларга берар эди. Ҳатто халифа Умар Расулуллоҳнинг пок завжаларининг ҳар бирига ўн икки минг дирҳам берар эди. Зайнаб бинт Жаҳш уни олиши биланоқ ҳаммасини садақа қилиб тарқатар эди. Ҳазрати Оиша уни бунинг учун кўп мадҳ ва сано қилди. «Завжаларим орасида менга энг аввал қовушадигани – қўли очиқ бўлганидир»9 ҳадиси шарифи унинг энг аввал вафот этишини хабар қилган эди. Чунки энг кўп садақа берадиган шу эди.
Французлардан бўлган одобсиз ва туҳматчи шоир Вольтер Расулуллоҳнинг ҳазрати Зайнабни завжаликка қабул қилишлари ҳақида тарихларга, воқеа ва хабарларга мутлақо зид, уйдирма ва пасткаш туҳматлар билан шеър тўқиб, бир театр асари ёзган. Адабиёт ва фикр аҳлига ярашмайдиган бу хунук, жирканч ёзуви уни черковдан қувган катта душмани – папага ёқиб, папа унга эркаловчи мактуб ёзган. Мусулмонларнинг халифаси султон Абдулҳамидхон II бу пьесанинг саҳнада қўйилишини эшитгач, Франция ва Англия ҳукуматларига ультиматум бериб, дарҳол унинг олдини олган ва бутун инсониятни юзни қизартирадиган пасткашликлардан қутқарган.
Ҳазрати Сафийя (розияллоҳу анҳо): Хайбар яҳудийларининг бошлиғи Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи эди. Хайбарда бир яҳудийга унаштирилган эди. Сўнгра жуда бой бўлган Кинона ибн Ҳақиқ билан турмуш қурган эди. Ҳижратнинг еттинчи йилида Хайбар фатҳ қилинганда, Сафийя ҳам асир олинди. У Расулуллоҳнинг улушларига тушди ва у зот уни озод қилдилар. У иймон келтирди ва Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланди. Ҳижратнинг элликинчи йилида Мадинада вафот этди.10
Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо): Абу Суфён ибн Ҳарб ибн Умайянинг қизи, ҳазрати Муовиянинг опа-синглиси эди. Онасининг исми Ҳинд эди. Эри Убайдуллоҳ ибн Жаҳш билан бирга мусулмон бўлиб, Ҳабашистонга ҳижрат қилган эди. Қизи Ҳабиба Ҳабашистонда туғилгани учун ўзи ҳам Умму Ҳабиба (Ҳабибанинг онаси) куньяси билан машҳур бўлди. Эри у ерда руҳонийларга алданиб, муртад бўлди ва ўлди. Умму Ҳабиба ёлғиз, ғариб ва фақир бўлиб қолди. У: «Расулуллоҳнинг динидан ажралмайман», – деди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уни севинтириш учун унга уйланмоқчи бўлдилар. Ҳижратнинг еттинчи йилида Нажошийга мактуб ёздилар. Нажоший Пайғамбаримизнинг бу амрига биноан уни Расули акрамга никоҳлаб, Мадинага юборди. Умму Ҳабиба ҳижратнинг қирқ тўртинчи йилида Мадинада вафот этди.
Ҳазрати Маймуна (розияллоҳу анҳо): Исми Барра эди, Расулуллоҳ уни Маймуна деб ўзгартирдилар. Маймунанинг эри вафот этган эди. Хайбар фатҳидан кейин умра учун Маккага борилиб, Мадинага қайтилаётганда, у Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланди. Ҳижратнинг эллик учинчи йилида Маккада бетоб бўлиб қолди. У: «Мени Маккадан олиб чиқинглар! Чунки Расулуллоҳ менинг Маккадан ташқарида вафот этишимни хабар берганлар», – деди. Уни олиб чиққанларида, Расулуллоҳ билан никоҳи ўқилган жойда (Сариф деб аталадиган ерда) вафот этди.11
Ҳазрати Мория (розияллоҳу анҳо): Пайғамбаримизнинг жориялари бўлган пайтида иймон келтирди ва у зотнинг никоҳлари билан шарафланди. Морияни Миср ва Искандария ҳукмдори Муқавқис ҳадя қилиб юборгани учун унинг насаби (силсиласи) ва туғилган йили аниқ маълум эмас. Расули акрамнинг ҳазрати Мория онамиздан Иброҳим исмли бир ўғиллари бўлган. Ҳазрати Мория жуда сокин, камгап ва ўз ҳолида яшайдиган аёл эди. У ҳазрати Умар халифалигининг сўнгги йилларида, милодий 637 (ҳижрий 16) йилда вафот этди. Бақиъ қабристонига дафн қилинди.12
Ҳазрати Райҳона (розияллоҳу анҳо): Пайғамбаримизнинг жориялари бўлган пайтида мусулмон бўлди. Мадинада яшаган яҳудийларнинг Бану Қурайза қабиласидан эди. Насаби (силсиласи) Райҳона бинт Шамъун ибн Язид ёки Райҳона бинт Зайд ибн Амр ибн Ханафа ибн Шамъун ибн Язиддир. Туғилган йили аниқ маълум эмас. У Пайғамбаримиздан олдин, милодий 631 (ҳижрий 10) йилда Мадинада вафот этди. Бақиъ қабристонига дафн қилинди.13
«Саййидларни ва шарифларни севиш сўнгги нафасда иймон билан кетишга сабаб бўлади» Абу Мужоҳид Анвар ибн Нозиф (раҳматуллоҳи алайҳ)
