ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ МЎЪЖИЗАЛАРИ
Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳу таолонинг пайғамбари эканликларини кўрсатувчи гувоҳлар санаб адоғига етиб бўлмайдиган даражада кўпдир. Аллоҳу таоло: «Сиз бўлмаганингизда, Мен оламни яратмас эдим!» – деб марҳамат қилди.1 Бутун мавжудот Аллоҳу таолонинг борлигини ва бирлигини кўрсатганидек, Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларини ва афзалликларини ҳам кўрсатиб турибди. Умматларининг авлиёларида юзага чиқадиган кароматларнинг барчаси у зотнинг мўъжизаларидир. Чунки кароматлар у зотга тобе бўлганларда, у зотнинг изларидан борганларда юзага чиқади. Ҳатто барча пайғамбарлар у зотнинг умматларидан бўлишни истаганлари учун, тўғрироғи, уларнинг ҳаммаси у зотнинг нуридан яратилганлари учун, уларнинг мўъжизалари ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидан ҳисобланади. Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизалари замон жиҳатидан учга бўлинади:
Биринчиси – у зотнинг муборак руҳлари яратилганидан бошлаб, пайғамбарликлари билдирилган биъсат замонигача бўлганлари. Иккинчиси – биъсатдан вафотларигача бўлган давр ичидагилари.
Учинчиси – вафотларидан қиёматгача бўлган ва бўладиган нарсалар. Буларнинг биринчиларига ирҳос дейилади. Уларнинг ҳар бири, ўз навбатида, кўз билан кўрилган ва кўрилмай ақл билан англанган мўъжизалар сифатида яна иккига бўлинади. Барча мўъжизалар шу қадар кўпки, уларни чегаралаш, санаб чиқиш мумкин бўлмаган. Иккинчи қисмдаги мўъжизаларнинг уч мингга яқин экани билдирилган. Улардан энг машҳурларининг бир нечтаси қуйида келтирилади. 1. Муҳаммад алайҳиссалом мўъжизаларининг энг улуғи – Қуръони каримдир. Бугунгача келган барча шоирлар, адиблар Қуръони каримнинг назми ва маъноси олдида ожиз ва ҳайрон қолганлар. Улар бирор ояти кариманинг ҳам ўхшашини айта олмаганлар. Унинг иъжози ва сўз санъати инсон сўзига ўхшамайди. Яъни ундан бир сўз олиб ташланса ёки унга бир сўз қўшилса, лафзидаги ҳам, маъносидаги ҳам гўзаллик бузилади. Унинг бир сўзи ўрнига қўйиш учун бошқа сўз излаганлар ундай сўзни топа олмаганлар. Назми араб шоирларининг шеърларига ўхшамайди. У ўтмишда бўлган ва келажакда бўладиган неча-неча яширин нарсалардан хабар беради. Уни эшитганлар ҳам, ўқиганлар ҳам лаззатига тўймайдилар. Чарчасалар ҳам, зерикмайдилар. Уни ўқиш ва эшитиш ғам-ташвишларни кетказиши сон-саноқсиз тажрибалар билан маълум бўлган. Уни эшитиб, қалбларига даҳшат ва қўрқув тушганлар, ҳатто шу сабабдан жон берганлар ҳам кўрилган. Неча-неча ашаддий Ислом душманлари Қуръони каримни тинглаб, қалблари юмшаган ва иймонга келганлар. Ислом душманларидан ва муаттила, малоҳида, қаромита деб аталадиган, мусулмон номини кўтариб юрган зиндиқлардан Қуръони каримни ўзгартиришга, бузишга ёки унинг ўхшашини айтишга уринганлар бўлган бўлса-да, уларнинг ҳеч бири муродига ета олмаган. Таврот ва Инжил эса инсонлар томонидан ҳар доим ўзгартирилган ва ҳозир ҳам ўзгартирилмоқда. Ҳеч бир илм ва тажриба билан топиб бўлмайдиган гўзал нарсалар, яхши ахлоқ, инсонларга афзаллик берадиган фазилатлар, дунё ва охират саодатига етказадиган яхшиликлар, мавжудотнинг боши ва охири ҳақидаги билимлар, инсонлар учун фойдали ва зарарли бўлган нарсаларнинг барчаси Қуръони каримда очиқ ёки яширин ҳолда билдирилган. Яширин бўлганларини унинг аҳли тушуна олади. Барча само китобларида – Тавротда, Забурда ва Инжилда бўлган илмларнинг ва сирларнинг ҳаммаси Қуръони каримда билдирилган. Қуръони каримдаги илмларнинг барчасини фақат Аллоҳу таоло билади. Уларнинг кўпини У севимли Пайғамбарига (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) билдирди. Али ва Ҳусайн (розияллоҳу таоло анҳумо) бу илмларнинг кўпини билишларини хабар берганлар. Қуръони каримни ўқиш жуда улуғ неъматдир. Аллоҳу таоло бу неъматни Ўз Ҳабибининг умматига эҳсон қилди. Фаришталар бу неъматдан маҳрумдирлар. Шунинг учун улар Қуръони карим ўқиладиган жойга тўпланиб, уни тинглайдилар. Барча тафсирлар Қуръони каримдаги илмларнинг жуда оз қисминигина билдиради. Қиёмат куни Муҳаммад алайҳиссалом минбарга чиқиб, Қуръони карим ўқиганларида, тингловчилар унинг барча илмларини англаб етадилар. 2. Муҳаммад алайҳиссаломнинг машҳур мўъжизаларининг энг улуғларидан бири – ойни иккига бўлишларидир. Бу мўъжиза бошқа ҳеч бир пайғамбарга насиб бўлмаган. Муҳаммад алайҳиссалом эллик икки ёшда эканликларида Маккада қурайш кофирларининг сардорлари у зотнинг ҳузурларига келиб: «Пайғамбар бўлсанг, ойни иккига бўл!» – дейишди. Муҳаммад алайҳиссалом ҳамманинг, айниқса, танишларининг, қариндошларининг иймон келтиришини жуда истар эдилар. У зот қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Аллоҳу таоло дуони қабул қилиб, ойни иккига бўлди. Унинг ярми бир тоғнинг, иккинчи ярми бошқа бир тоғнинг устида кўринди. Кофирлар: «Муҳаммад бизга сеҳр қилди», – дейишди ва иймон келтирмадилар.
«Муҳаммад алайҳиссаломнинг минг мўъжизаси кўринди, дўсту душман – ҳамма буни айтди. Шунча мўъжизанинг энг қимматлиси – у зотнинг одобли эканликлари ва гўзал хулқлари эди» Риёзун носиҳин
Шеър:
Ойга қараб ит ҳурар,
Ойнинг бунда не айби бор?
Итлар доим ҳурар,
Аҳмоқ бундан не англар?
Байт:
Оғиз таъмининг қочиши – беморлик нишонаси:
Энг ширин шарбат ҳам беморга аччиқ туюлар.
3. Муҳаммад алайҳиссалом баъзи ғазотларида сувсиз қолинганда, муборак қўлларини бир идишдаги сувга солар эдилар; бармоқлари орасидан сув оқиб, идиш тўхтовсиз тошиб турар эди. Бу сувдан гоҳ саксон, гоҳ уч юз, гоҳ бир минг беш юз, Табук ғазотида эса етмиш минг кишининг ҳаммаси ҳайвонлари билан бирга ичдилар ва фойдаландилар. Муборак қўлларини сувдан чиқарганларида, сувнинг оқиши тўхтар эди. 4. Бир куни у зот амакилари Аббоснинг уйига бориб, уни ва фарзандларини ёнларига ўтқаздилар. Уларнинг устини эҳромлари билан ёпиб: «Ё Раббим! Мен бу амакимни ва аҳли байтимни ёпганимдек, Сен ҳам уларни жаҳаннам оловидан сақла!» – дедилар. Деворлардан уч марта «Омин» деган овоз эшитилди.2 5. Бир куни у зот ўзларидан мўъжиза сўраганларга жавобан узоқдаги бир дарахтни чақирдилар. Дарахт илдизларини судраб келиб, салом берди ва: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ», – деди. Сўнгра бориб, яна ўз жойида қад кўтарди. 6. Хайбар жангида у зотнинг олдиларига заҳарланган қўй кабобини қўйганларида: «Ё Расулаллоҳ! Мени еманг, мен заҳарлиман!» – деган овоз эшитилди.
7. Бир куни у зот қўлида бути бўлган бир кишига: «Бутинг мен билан гаплашса, иймон келтирасанми?» – дедилар. Ҳалиги одам: «Мен унга эллик йилдан бери ибодат қиламан. У менга бирор сўз ҳам айтмади. Сенга қандай айтсин?» – деди. Муҳаммад алайҳиссалом: «Эй бут! Мен кимман?» – деганларида, «Сиз Аллоҳнинг пайғамбарисиз» деган овоз эшитилди. Бут эгаси дарҳол иймон келтирди.
8. Мадинада, Масжиди Набавийда тик турган бир хурмо тўнкаси бор эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хутба ўқиётганларида шу устунга суянар эдилар. Бу устунга Ҳаннона дейилар эди. Минбар ясалгач, у зот Ҳаннона ёнига бормай қўйдилар. Унинг йиғлаган овозини бутун жамоат эшитди. Пайғамбаримиз минбардан тушиб, Ҳаннонани қучоқладилар. Овоз тинди. Расулуллоҳ: «Агар уни қучоқламаганимда, у мендан айрилганидан қиёматгача йиғлар эди», – дедилар.
Бундай мўъжизалар кўп кўрилган ва хабар қилинган. 9. У зот қўлларига олган майда тошларнинг ва ушлаган таом бўлакларининг ари ғувиллашига ўхшаш овоз билан Аллоҳу таолога тасбеҳ айтгани кўп кўрилган.
10. Бир куни бир кофир келиб: «Сенинг пайғамбар эканингни мен қаердан билай?» – деди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мана бу хурмо дарахтидаги шингилни чақирсам ва у келса, иймон келтирасанми?» – дедилар. Кофир: «Ҳа, иймон келтираман», – деди. Расулуллоҳ хурмо шингилини чақирдилар, у сакраб-сакраб келди. Расулуллоҳ: «Жойингга қайт!» – дедилар. Шингил дарахтдаги жойига чиқиб осилди. Буни кўрган кофир иймон келтирди. 11. Маккада бир неча бўри бир сурувдан қўйларни илиб кетди. Чўпон ташланиб, қўйларни бўриларнинг оғзидан тортиб олганда, бўрилардан бири: «Аллоҳу таоло юборган ризқимизни қўлимиздан тортиб олаётганингда, Аллоҳу таолодан қўрқмадингми?» – деди. Чўпон: «Жуда ҳайрон қолдим, бўри ҳам гапирадими?» – деганда, бўри: «Бундан ҳам ажойиброқ нарсадан хабар берайми? Мадинада Аллоҳу таолонинг Пайғамбари Муҳаммад (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) мўъжизалар кўрсатмоқдалар», – деди. Чўпон келиб, буни Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтиб берди ва мусулмон бўлди.
12. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ўтлоқда кетаётганларида, уч марта: «Ё Расулаллоҳ!» – деган овозни эшитдилар. У зот ўша томонга қараб, боғлаб қўйилган бир кийикни кўрдилар. Унинг ёнида бир одам ухлаб ётар эди. Кийикдан нима истаганини сўраганларида, кийик: «Бу овчи мени тутиб олди. Рўпарадаги тепаликда иккита болам бор. Мени қўйиб юборинг! Бориб, уларни тўйдириб келай», – деди. Расул алайҳиссалом: «Сўзингда туриб, қайтиб келасанми?» – дедилар. Кийик: «Аллоҳ ҳаққи, сўз бераман. Келмасам, Аллоҳнинг азоби менинг бошимга тушсин!» – деди. Расулуллоҳ кийикни қўйиб юбордилар. Бир оздан кейин у қайтиб келди. Ҳалиги одам уйғониб: «Ё Расулаллоҳ! Бирор буйруғингиз борми?» – деди. Пайғамбаримиз: «Бу кийикни озод қил!» – дедилар. Ҳалиги одам кийикнинг арқонини ечиб, уни қўйиб юборди. Кийик: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва аннака Расулуллоҳ», – деди-да, кетди.
13. Бир куни у зот бир қишлоқ одамини иймонга даъват қилдилар. У: «Мусулмон қўшнимнинг вафот этган қизини тирилтирсангиз, иймон келтираман», – деди. Улар қизнинг қабрига бордилар, Расулуллоҳ қизни исми билан чақирдилар. Аввал қабр ичидан овоз эшитилди, сўнгра қиз ташқарига чиқди. Расулуллоҳ ундан: «Дунёга қайтишни истайсанми?» – деб сўрадилар. Қиз: «Ё Расулаллоҳ! Дунёга қайтишни истамайман. Бу ерда отамнинг уйидагидан ҳам роҳатдаман. Мусулмоннинг охирати дунёсидан яхшироқдир», – деди. Буни кўрган қишлоқи дарҳол иймон келтирди. 14. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу таоло анҳу) бир қўй пиширди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари билан уни едилар. У зот: «Суякларини синдирманглар!» – дедилар. Сўнгра суякларни йиғиб, муборак қўлларини уларнинг устига қўйиб, дуо қилдилар. Аллоҳу таоло қўйни тирилтирди. 15. Расулуллоҳнинг ҳузурларига катта бўлса ҳам, ҳеч гапирмайдиган бир болани олиб келишди. У зот: «Мен кимман?» – деб сўрадилар. Бола: «Сиз Расулуллоҳсиз», – деб жавоб берди. Шундан кейин у умрининг охиригача гапириб юрди.
«Ё Раббим! Мен бу амакимни (Аббосни) ва аҳли байтимни ёпганимдек, Сен ҳам уларни жаҳаннам оловидан сақла!» Ҳадиси шариф
16. Бир киши илон тухумини босиб олиб, икки кўзи ҳам кўрмай қолди. Уни Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига олиб келишди. У зот муборак тупукларидан унинг кўзларига суртганларида, у кўра бошлади. Ҳатто саксон ёшида ҳам игнага ип ўтказар эди.
17. Муҳаммад ибн Ҳотиб шундай ҳикоя қилади: «Мен кичкина эдим. Устимга қайноқ сув тўкилди, баданим куйди. Отам мени Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) ҳузурларига олиб борди. У зот муборак қўллари билан тупукларини куйган жойларимга суртиб, дуо қилдилар. Куйган жойлар дарҳол тузалди».
18. Бир аёл кал ўғлини олиб келди. Расулуллоҳ муборак қўллари билан унинг бошини силадилар. Бола шифо топди, сочлари ўса бошлади.
19. Термизий ва Насоийнинг «Сунан» китобларида шундай дейилади: икки кўзи кўр бир киши келиб: «Ё Расулаллоҳ! Дуо қилинг, кўзларим очилсин!» – деди. Пайғамбаримиз унга раҳм қилиб, нуқсонсиз таҳорат олишини, сўнгра ушбу дуони ўқишини айтдилар: «Ё Раббим! Сенга ёлвораман. Севимли Пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссаломни ўртага қўйиб, Сендан сўрайман. Эй мен жуда севган Пайғамбарим ҳазрати Муҳаммад! Сизни васила қилиб, Раббимга ёлвораман. Сизнинг ҳурматингиз учун дуомни қабул қилишини сўрайман. Ё Раббим! Бу улуғ Пайғамбарни менга шафоатчи қил! У зотнинг ҳурматлари ҳаққи дуомни қабул эт!» Ҳалиги киши таҳорат олиб, дуо қилганда, кўзлари очилди. Мусулмонлар бу дуони доимо ўқиб келганлар ва тилакларига етганлар. 20. Расулуллоҳ Абу Толиб билан бир саҳрода кетаётган эдилар. Абу Толиб жуда чанқаганини айтди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) уловдан ерга тушиб: «Чанқадингизми?» – дедилар ва муборак оёқларининг товони билан ерга урдилар. Ердан сув отилиб чиқди. У зот: «Амакижон, бу сувдан ичинг!» – дедилар. 21. Ҳудайбия сафарида улар суви оз бўлган бир қудуқ ёнига тушишди. Аскарлар сувсизликдан шикоят қилишди. Расулуллоҳ бир челак сув сўрадилар. Ўша сувдан таҳорат олиб, ичига тупуриб, уни қудуққа тўктирдилар. Сўнгра бир ўқ олиб, қудуққа ташладилар. Кўп ўтмай қудуқ оғзигача сувга тўлганини кўришди.
22. Бир ғазотда қўшин сувсизликдан шикоят қилди. Расул алайҳиссалом сув излаш учун икки аскарни юбордилар. Улар туя устида икки мешда тўла сув олиб кетаётган бир аёлни кўриб, уни олиб келдилар. Расул алайҳиссалом аёлдан бир оз сув сўрадилар. Уни бир идишга қуйдирдилар. Бутун қўшин навбатма-навбат келиб, идишларини, мешларини тўлдирди. Аёлга бир оз хурмо беришди ва унинг мешларини ҳам сувга тўлдиришди.
Расулуллоҳ унга: «Сенинг сувингдан камайтирмадик. Бизга сувни Аллоҳу таоло берди», – дедилар.
23. Мадинада у зот минбарда хутба ўқиётганларида, бир киши: «Ё Расулаллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам)! Сувсизликдан болаларимиз, ҳайвонларимиз, экинзорларимиз ҳалок бўлмоқда. Бизга мадад беринг!» – деди. У зот қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Осмонда бирорта ҳам булут йўқ эди, лекин у зот муборак қўлларини юзларига суртмасларидан олдин булутлар тўпланди. Дарҳол ёмғир ёға бошлади. Ёмғир бир неча кун давом этди. У зот яна минбарда хутба ўқиётганларида, ўша киши: «Ё Расулаллоҳ! Ёмғирдан ҳалок бўладиган бўлдик», – деганда, Расул алайҳиссалом табассум қилдилар ва: «Ё Раббим! Раҳматингни бошқа бандаларингга ҳам эҳсон эт!» – дедилар. Булутлар тарқалиб, қуёш кўринди. 24. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу таоло анҳу) шундай ҳикоя қилади: қарзларим кўп эди. Буни Расулуллоҳга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) айтдим. У зот боғимга келиб, хурмо уюмининг атрофини уч марта айланиб чиқдилар. Сўнгра: «Қарз эгаларингни чақир, келсинлар!» – дедилар. Уларнинг ҳар бирига ҳаққи берилди, уюмдан эса ҳеч нарса камаймади. 25. Бир аёл ҳадя қилиб асал юборди. Расул алайҳиссалом асални қабул қилиб, бўш идишни қайтариб юбордилар. Аллоҳу таолонинг қудрати билан идиш асалга тўла ҳолда қайтиб келди. Аёл келиб: «Ё Расулаллоҳ! Гуноҳим нима? Ҳадямни нега қабул қилмадингиз?» – деди. У зот: «Ҳадянгни қабул қилдик. Кўрган асалинг – Аллоҳу таолонинг ҳадянг учун берган баракасидир», – дедилар. Аёл севиниб, асални уйига олиб кетди. Бола-чақаси билан уни ойлаб ейишди, асал ҳеч камаймади. Бир куни янглишиб асални бошқа идишга солишди. Ундан еб, тез тугатишди. Буни Расулуллоҳга хабар қилишганда, у зот: «Мен юборган идишда қолганида, дунё тургунча ер эдилар, ҳеч камаймас эди», – дедилар.
26. Абу Ҳурайра шундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳга бир неча хурмо олиб келдим ва уларга барака берилиши учун дуо қилишларини сўрадим. У зот уларнинг баракали бўлиши учун дуо қилдилар ва менга: «Буларни олиб, идишингга сол. Ундан олмоқчи бўлганингда, қўлинг билан ичидан ол, уни тўкиб, ердан олма!» – дедилар. Хурмолар солинган халтамни кечаю кундуз ёнимдан айирмай, Усмоннинг (розияллоҳу анҳу) замонигача ундан едим. Ёнимдагиларга ҳам едирдим, ҳовуч-ҳовуч садақа ҳам бердим. Усмон (розияллоҳу анҳу) шаҳид бўлган куни халтам йўқолди. 27. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Сулаймон алайҳиссалом каби барча ҳайвонларнинг тилини тушунар эдилар. Келиб, эгасидан ёки бошқалардан шикоят қилган ҳайвонлар кўп кўрилган. Расулуллоҳ буни саҳобаи киромга хабар қилар эдилар. Ҳунайн жангида у зот минган «Дулдул» номли оқ хачирга: «Чўк!» – дедилар. Дулдул дарҳол чўккач, у зот ердан бир ҳовуч қум олиб, кофирларнинг устига сочдилар.
28. Бир куни у зот завжалари Ҳафсага (розияллоҳу анҳо): «Абу Бакр билан сенинг отанг умматимнинг идорасини қўлларига оладилар», – дедилар. Бу сўз билан у зот Абу Бакрнинг ва Ҳафсанинг отаси Умарнинг (розияллоҳу анҳумо) халифа бўлишлари ҳақида хушхабар бердилар.
«Эй Ҳафса! Абу Бакр билан сенинг отанг умматимнинг идорасини қўлларига оладилар» Ҳадиси шариф
29. У зот Абу Ҳурайрани (розияллоҳу таоло анҳу) Мадинада закот сифатида келган хурмоларни қўриқлашга тайинлаган эдилар. Абу Ҳурайра хурмо ўғирлаётган бир кишини тутиб олди ва унга: «Сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман», – деди. Ўғри: «Мен камбағалман, бола-чақам кўп», – деб ёлвора бошлагач, Абу Ҳурайра уни қўйиб юборди. Эртаси куни Расулуллоҳ Абу Ҳурайрани чақириб: «Кеча кечаси қўйиб юборган одаминг нима қилган эди?» – деб сўрадилар. Абу Ҳурайра айтиб бергач, у зот: «У сени алдабди. У яна келади», – дедилар. Эртаси кечаси у ҳақиқатан ҳам яна келди ва тутилди. У яна ёлвориб: «Аллоҳ ҳаққи, мени қўйиб юбор», – деди ва яна қутулди. Учинчи кечаси яна келиб тутилганда, ёлворишлари фойда бермади. Шунда у: «Мени қўйиб юборсанг, сенга бир неча нарсани ўргатаман, жуда фойдаси тегади», – деди. Абу Ҳурайра рози бўлди. У: «Кечаси ётаётганингда Оятал курсийни ўқисанг, Аллоҳу таоло сени ҳимоя қилади, ёнингга шайтон яқинлашмайди», – деди-да, кетди. Эртаси куни Расулуллоҳ Абу Ҳурайрадан яна сўраб, жавоб олгач: «Бу сафар у тўғрисини айтибди. Ҳолбуки, ўзи жуда ёлғончидир. Уч кечадан бери ким билан гаплашаётганингни биласанми?» – дедилар. Абу Ҳурайра: «Йўқ, билмайман», – деганда, у зот: «У шайтон эди», – дедилар.
30. У зот Византия императорининг қўшинлари билан жанг қилиш учун Мута деган жойга қўшин юборганларида, саҳобалардан уч амирнинг (Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа) бирин-кетин шаҳид бўлганини, ўзлари Мадинада минбар устида бўлсалар ҳам, Аллоҳу таолонинг кўрсатиши билан кўриб, ёнларидагиларга хабар қилдилар. 31. Муоз ибн Жабални (розияллоҳу таоло анҳу) Яманга ноиб қилиб юбораётганларида, у зот уни Мадинанинг ташқарисигача кузатиб бориб, унга кўп насиҳатлар қилдилар ва: «Сен билан қиёматгача энди учраша олмаймиз», – дедилар. Муоз Яманда эканида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада вафот этдилар.
32. Вафотлари олдидан у зот қизлари Фотимага: «Қариндошларим орасида менга биринчи бўлиб қовушадиган – сен бўласан», – дедилар. Олти ойдан кейин Фотима (розияллоҳу анҳо) вафот этди. Пайғамбаримизнинг қариндошларидан ундан олдин ҳеч ким вафот этмади.
33. У зот Қайс ибн Шаммосга (розияллоҳу анҳу): «Гўзал яшайсан ва шаҳид бўлиб ўласан», – дедилар. Абу Бакр (розияллоҳу таоло анҳу) халифалик қилган пайтда Қайс Ямомада Мусайламатул Каззоб билан бўлган жангда шаҳид бўлди. У зот ҳазрати Умарул Форуқнинг, ҳазрати Усмоннинг ва ҳазрати Алининг (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) шаҳид бўлишларини ҳам хабар бердилар. 34. У зот Эрон шоҳи Кисронинг ва Византия императори Қайсарнинг юртлари мусулмонлар қўлига ўтишини ва уларнинг хазиналари Аллоҳ йўлида тарқатилиши ҳақида хушхабар бердилар. 35. У зот умматларидан кўп кишининг денгиз орқали ғазотга боришини ва саҳобалардан Умму Ҳаром исмли аёлнинг ўша ғазотда бўлишини хабар бердилар. Ҳазрати Усмон халифалик қилган пайтда мусулмонлар кемаларда Кипр оролига бориб, жанг қилдилар. Бу аёл ҳам улар билан бирга эди. У ўша ерда шаҳид бўлди.3
36. Бир куни Расул алайҳиссалом бир баланд жойда ўтирган эдилар. Ёнларидагиларга ўгирилиб: «Мен кўраётган нарсани сизлар ҳам кўряпсизларми? Қасам ичаманки, уйларингиз орасида, кўчаларда чиқадиган фитналарни кўриб турибман», – дедилар. Усмон (розияллоҳу анҳу) шаҳид қилинган кунларда ва кейинчалик Язид замонида Мадинада катта фитналар чиқди, кўчаларда жуда кўп кишининг қони тўкилди.
37. Бир куни у зот ўз завжаларидан бирининг халифага қарши исён қилишини хабар бердилар. Оиша (розияллоҳу таоло анҳо) бу сўзга кулганда, у зот: «Ё Ҳумайро4! Бу сўзимни унутма! Ўша аёл сен бўлмагин!» – дедилар. Сўнгра Алига (розияллоҳу анҳу) ўгирилиб: «Унинг иши сенинг қўлингга тушса, унга юмшоқ муомала қил!» – дедилар. Ўттиз йилдан кейин Оиша (розияллоҳу анҳо) Али (розияллоҳу анҳу) билан жанг қилди ва унга асир тушди. Али (розияллоҳу анҳу) уни икром ва эҳтиром билан Басрадан Мадинага юборди.
38. У зот ҳазрати Муовияга: «Бир куни умматим устидан ҳоким бўлсанг, яхшилик қилганларни мукофотла, ёмонлик қилганларни эса авф эт!» – дедилар. Ҳазрати Муовия ҳазрати Умар ва ҳазрати Усмон замонларида Шомда йигирма йил ноиблик қилди, сўнгра йигирма йил халифалик қилди. 39. Бир куни у зот: «Муовия ҳеч қачон мағлуб бўлмайди», – дедилар. Али (розияллоҳу таоло анҳу) Сиффин жангида бу ҳадисни эшитгач: «Агар буни олдинроқ эшитганимда, Муовия (розияллоҳу таоло анҳу) билан жанг қилмас эдим», – деди. 40. У зот Аммор ибн Ёсирга (розияллоҳу таоло анҳу): «Сени боғий, осий бўлган кимсалар ўлдиради», – дедилар. Аммор Али (розияллоҳу анҳу) билан бирга Муовияга (розияллоҳу анҳу) қарши жанг қилаётганда шаҳид бўлди. 41. У зот қизлари Фотиманинг ўғли Ҳасан (розияллоҳу таоло анҳумо) ҳақида: «Бу ўғлим жуда хайрлидир. Аллоҳу таоло уни мусулмонларнинг икки катта қўшини ўртасида сулҳ тузилишига сабаб қилади», – дедилар. Ҳасан катта бир қўшин билан Муовияга (розияллоҳу анҳу) қарши жанг қилмоқчи бўлганда, фитнанинг олдини олиш, мусулмонларнинг қони тўкилмаслиги учун ўзининг ҳаққи бўлган халифаликни Муовияга (розияллоҳу анҳу) топширди. 42. Абдуллоҳ ибн Зубайр (розияллоҳу таоло анҳумо) Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) қон олдирганларида чиққан қонларини ичди. Буни кўрган Пайғамбаримиз: «Одамлардан бошингга нималар келишини биласанми? Сендан ҳам одамларга кўп нарса келади. Жаҳаннам олови сени куйдирмайди», – дедилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр Маккада ўзини халифа деб эълон қилганда, Абдулмалик ибн Марвон Шомдан Маккага Ҳажжожни катта қўшин билан юборди. Улар Абдуллоҳни тутиб, ўлдиришди. 43. У зот Абдуллоҳ ибн Аббоснинг онасига қараб: «Сенинг бир ўғлинг бўлади. Туғилганда уни менга олиб кел!» – дедилар. Болани олиб келишганда, у зот унинг қулоғига азон ва иқомат айтиб, муборак оғизларининг сувидан унинг оғзига суртдилар. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйиб, онасининг қучоғига бердилар ва: «Халифаларнинг отасини олиб кет!» – дедилар. Боланинг отаси ҳазрати Аббос буни эшитиб, келиб сўраганда, у зот: «Ҳа, шундай дедим. Бу бола – халифаларнинг отасидир. Улар орасида Саффоҳ, Маҳдий ва Исо алайҳиссалом билан намоз ўқийдиган бир киши бўлади», – дедилар. Аббосийлар давлатининг тахтига кўп халифалар чиқди. Уларнинг барчаси Абдуллоҳ ибн Аббоснинг наслидан эди.
«Ё Муовия! Бир куни умматим устидан ҳоким бўлсанг, яхшилик қилганларни мукофотла, ёмонлик қилганларни эса авф эт!» Ҳадиси шариф
44. Бир куни у зот: «Умматим орасида рофизий деб аталадиган кўп кимсалар пайдо бўлади. Улар Ислом динидан чиқадилар», – дедилар.
45. У зот саҳобаларидан кўп кишига хайрли дуолар қилдилар, бу дуоларнинг барчаси қабул бўлиб, улар дуоларнинг фойдасини кўришди. Али (розияллоҳу таоло анҳу) шундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) мени Яманга қози (ҳакам) қилиб юбормоқчи бўлдилар. Мен: «Ё Расулаллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам)! Мен қозилик қилишни билмайман», – дедим. У зот муборак қўлларини кўксимга қўйиб: «Ё Раббим! Унинг қалбига тўғри нарсаларни билдир. Унга доимо тўғри сўзлашни насиб эт!» – дедилар. Шундан кейин менга шикоят билан келганлардан қайси бири ҳақ эканини дарҳол англар, ҳақ асосида ҳукм қилар эдим.
46. Расулуллоҳ жаннат билан хушхабар берган ўн кишига Ашараи мубашшара дейилади. Уҳуд жангида у зот улардан бири – Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу) учун: «Ё Раббим! Унинг ўқларини нишонга етказ ва дуоларини қабул эт!» – дедилар. Шундан кейин Саъднинг ҳар бир дуоси қабул бўлди ва отган ҳар бир ўқи душманга тегди.
47. У зот амакиваччалари Абдуллоҳ ибн Аббоснинг пешонасига муборак қўлларини қўйиб: «Ё Раббим! Уни динда чуқур олим қил, ҳикмат соҳиби эт! Унга Қуръони каримнинг илмларини эҳсон эт!» – дедилар. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Аббос барча илмларда, айниқса, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларида замонасининг ягонаси бўлди. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳамма нарсани ундан ўрганар эдилар. У «Таржимонул Қуръон», «Баҳрул илм» ва «Раисул муфассирин» номлари билан машҳур бўлди, Ислом юртлари унинг шогирдлари билан тўлди.5
48. У зот хизматчиларидан Анас ибн Молик учун: «Ё Раббим! Унинг молини ва болаларини кўп, умрини узун қил, гуноҳларини авф эт!» – деб дуо қилдилар. Вақт ўтган сари унинг мол-мулки кўпайди. Дарахтлари, боғлари ҳар йили мева берди. Жуда кўп фарзанди бўлди. У бир юз ўн йил яшади. Умрининг охирида у: «Ё Раббим! Ҳабибингнинг мен учун қилган дуоларидан учтасини қабул қилдинг, эҳсон этдинг! Тўртинчиси бўлган гуноҳларимнинг кечирилиши қандай бўларкин?» – деганда: «Тўртинчисини ҳам қабул қилдим. Кўнглингни хотиржам қил!» – деган овозни эшитди.
«Ё Раббим! Уни (Абдуллоҳ ибн Аббосни) динда чуқур олим қил, ҳикмат соҳиби эт! Унга Қуръони каримнинг илмларини эҳсон эт!» Ҳадиси шариф
49. У зот Молик ибн Робиъа (розияллоҳу таоло анҳу) учун: «Фарзандларинг баракали бўлсин!» – деб дуо қилдилар. Моликнинг саксон ўғли бўлди.
50. Нобиға исмли машҳур шоир шеърларидан бир нечтасини ўқиганда, Пайғамбаримиз араблар орасида машҳур бўлган «Аллоҳу таоло тишларингни тўкмасин!» деган дуони айтдилар. Нобиға юз ёшга етган эди, тишлари эса оппоқ ва тиниқ бўлиб, марваридек тизилиб турар эди. 51. У зот Урва ибн Жаъд (розияллоҳу таоло анҳу) учун: «Ё Раббим! Унинг тижоратига барака бер!» – дедилар. Урва шундай ҳикоя қилади: «Шундан кейин қилган тижоратларимнинг барчаси фойдали бўлди. Бирор марта ҳам зарар кўрмадим». 52. Бир куни у зотнинг қизлари Фотима (розияллоҳу таоло анҳо) ҳузурларига келди. Очликдан унинг ранги сарғайиб кетган эди. У зот қўлларини унинг кўксига қўйиб: «Эй очларни тўйдирувчи Раббим! Муҳаммаднинг қизи Фотимани оч қолдирма!» – дедилар. Фотиманинг юзига дарҳол қон югурди, у жонланди. Умрининг охиригача у бошқа ҳеч қачон очлик ҳис қилмади.
53. У зот Ашараи мубашшарадан Абдурраҳмон ибн Авф учун барака тилаб дуо қилдилар. Унинг моли шу қадар кўпайдики, тилларда достон бўлди.
54. У зот: «Ҳар бир пайғамбарнинг дуоси қабул бўлади. Ҳар бир пайғамбар дунёда ўз уммати учун дуо қилди. Мен эса қиёмат куни умматимга шафоат қилишимга изн берилиши учун дуо қиляпман. Иншоаллоҳ, дуом қабул бўлади. Мушрик бўлмаганларнинг барчасига шафоат қиламан», – дедилар.
55. У зот Маккада баъзи қишлоқларга бориб, уларнинг иймон келтиришлари учун кўп уриндилар. Улар қабул қилишмади. Шунда у зот уларнинг Юсуф пайғамбар (алайҳиссалоту вассалом) замонида Мисрда бўлган қаҳатчилик каби машаққат чекишлари учун дуо қилдилар. Ўша йили у ерларда шундай қаҳатчилик бўлдики, одамлар ҳатто ўлимтик едилар. 56. Амакилари Абу Лаҳабнинг ўғли Утайба Расулуллоҳнинг (алайҳиссалоту вассалом) куёвлари бўлгани ҳолда, Расулуллоҳга иймон келтирмади ва у Сарварни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жуда кўп хафа қилди. У зотнинг муборак қизлари Умму Кулсум хонимни талоқ қилди, хунук гаплар гапирди. Пайғамбаримиз бундан жуда хафа бўлиб: «Ё Раббим! Унинг устига итларингдан бирини мусаллат қил!» – дедилар. Утайба тижорат учун Шомга кетаётганда, бир кечаси ҳамроҳлари орасида ухлаб ётган эди. Бир шер келиб, ҳамроҳларини ҳидлаб, уларга тегмади. Навбат Утайбага етганда, шер уни илиб, парча-парча қилиб ташлади. 57. Бир киши чап қўли билан овқат ер эди. Пайғамбаримиз: «Ўнг қўлинг билан е!» – дедилар. У: «Ўнг қўлим ҳаракат қилмайди», – деб ёлғон гапирди. Пайғамбаримиз: «Ундай бўлса, ўнг қўлинг бундан буён ҳаракат қилмасин!» – дедилар.6 Ўлгунча у ўнг қўлини оғзига олиб бора олмади.
58. У зот Эрон шоҳи Хусрав Парвизга иймон келтириши учун мактуб юбордилар. Пасткаш Хусрав мактубни йиртиб ташлади ва уни олиб борган элчини шаҳид қилди. Расул алайҳиссалом буни эшитиб, жуда хафа бўлдилар ва: «Ё Раббим! У менинг мактубимни парчалаганидек, Сен ҳам унинг мулкини парчала!» – дедилар. Расулуллоҳнинг ҳаётлик чоғларидаёқ Хусравни ўз ўғли Шеруя ханжар билан парчалаб ўлдирди. Умар (розияллоҳу таоло анҳу) халифалик қилган пайтда эса мусулмонлар Эрон юртини бутунлай фатҳ қилдилар ва Хусравнинг на насли, на мулки қолди.
59. Расул алайҳиссалом бозорда амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб, насиҳат бераётганларида, Марвоннинг отаси Ҳакам ибн Абул Ос исмли бир пасткаш Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) орқаларидан юриб, кўзларини очиб-юмиб, юзини буриштириб, шу тариқа у зотни масхара қилар эди. Расул алайҳиссалом орқаларига ўгирилиб, унинг бу хунук ҳолини кўрганларида: «Ўзингни қандай кўрсатган бўлсанг, шундайлигича қол!» – дедилар. Ўлгунча унинг юз-кўзи учиб-тортишиб турди. 60. Аллоҳу таоло Ўз Ҳабибини балолардан ҳимоя қилар эди. Абу Жаҳл Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) энг катта душмани эди. У катта бир тошни у зотнинг муборак бошларига уриш учун кўтарганда, Расулуллоҳнинг икки елкаларида биттадан илон кўрди, тош қўлидан тушиб кетди ва у қочди.
61. Пайғамбаримиз Каъбаи муаззама ёнида намоз ўқиётганларида, пасткаш Абу Жаҳл яна: «Айни вақти», – деб, пичоқ билан у зотнинг устларига юрмоқчи бўлди, лекин бирдан орқасига қайтиб қочди. Шериклари кейин ундан: «Нега қўрқдинг?» – деб сўрашганда, у: «Муҳаммад (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) билан менинг орамда олов тўла бир хандақ кўрдим. Кўп одамлар мени кутиб турган эди. Бир қадам ташласам, мени тутиб, оловга ташлар эдилар», – деди. Мусулмонлар буни эшитиб, Расулуллоҳдан (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) сўраганларида, у зот: «Аллоҳу таолонинг фаришталари уни тутиб, парча-парча қилар эдилар», – дедилар.
62. Ҳижратнинг тўртинчи йилида, Бану Назир қабиласи ёнида Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) яҳудийларнинг қалъа деворлари остида саҳобалари билан гаплашиб турганларида, бир яҳудий юқоридан катта бир тегирмон тошини у зотнинг устларига ташламоқчи бўлди. Тошга қўлини узатганда, икки қўли ҳам шол бўлиб қолди. 63. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида узоқ жойлардан одамлар тўп-тўп бўлиб келиб, иймон келтирар эдилар. Омир ва Арбад исмли икки кофир келувчилар орасига қўшилди. Омир Расулуллоҳга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) иймонга келишганини айтаётганда, Арбад орқага ўтиб, қиличини қинидан суғурмоқчи бўлди. Бироқ қўли ишламай қолди. Омир рўпарадан: «Нега турибсан?» – дегандек ишора қилганда, Расул алайҳиссалом: «Аллоҳу таоло мени иккалангизнинг зарарингиздан сақлади», – дедилар. Улар у ердан кетгач, Омир Арбаддан: «Нега сўзингда турмадинг?» – деб сўради. У: «Нима қилай? Неча марта қилични суғурмоқчи бўлдим, ҳар сафар сени иккаламизнинг ўртамизда кўрдим», – деди. Бир неча кундан кейин ҳаво очиқ турган пайтда тўсатдан осмонни булут қоплади. Арбадга яшин тушиб, у туяси билан бирга ўлди.
64. Бир куни Расул алайҳиссалом таҳорат олиб, маҳсиларидан бирини кийиб, иккинчисига қўл узатаётганларида, бир қуш маҳсини илиб олиб, ҳавода силкитди. Ичидан бир илон тушди. Сўнгра қуш маҳсини ерга ташлади. Шу кундан бошлаб пойабзални кийишдан олдин аввал уни силкитиш суннат бўлди. 65. Расул алайҳиссалом ғазотларда ва саҳроларда ўзларини ҳимоя қилиш учун саҳобаларидан соқчилар ажратган эдилар. Моида сурасининг маъноси «Аллоҳ сизни инсонларнинг зараридан сақлайди» бўлган олтмиш еттинчи ояти карима нозил бўлгач, у зот бундан воз кечдилар. Душманлар орасида ёлғиз юрар, ёлғиз ётар, ҳеч қўрқмас эдилар.
«Эй шонли Пайғамбар! Аллоҳ сизни инсонларнинг зараридан сақлайди» Моида: 67
66. Ҳазрати Анас шундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳнинг муборак юзларини артадиган бир рўмолчалари бор эди. У зот у билан юзларини артар, кир бўлганда эса уни оловга ташлар эдилар. Кирлар ёнар, рўмолча эса ёнмас, топ-тоза бўлиб чиқар эди. 67. У зот бир қудуқнинг сувини челакдан ичдилар, қолганини қудуққа тўкдилар. Шундан кейин қудуқдан доимо мушк ҳиди келиб турар эди. 68. Утба ибн Фарқаднинг (розияллоҳу анҳу) баданида эшакеми (уртикария) деган касаллик пайдо бўлди. Расул алайҳиссалом уни ечинтириб, ўзларининг муборак қўлларига тупуриб, қўллари билан унинг баданини силадилар. Бемор шифо топди. Унинг баданидан мушкдек хуш ҳид келиб турар эди. Бу ҳол узоқ вақт давом этди. 69. Расул алайҳиссалом намоз ўқиётганларида шайтон келиб, у зотнинг намозларини бузмоқчи бўлганда, у зот уни муборак қўллари билан тутиб олдилар. Бошқа келмаслиги ва намозни буздирмаслиги ҳақида ундан сўз олиб, қўйиб юбордилар.
70. Мадинадаги мунофиқларнинг бошлиғи бўлган Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ўлими яқинлашганда Расулуллоҳни чақирди. «Устингиздаги кўйлакни менга кафан қилинг», – деб ёлворди. Ҳар сўралган нарсани бериш одатлари бўлгани учун, у зот унга кўйлакларини эҳсон қилдилар. Ҳатто жаноза намозини ҳам ўқидилар. Мадинада бўлган минг мунофиқ Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) бу эҳсонларидан ҳайратга тушиб, ҳаммаси иймонга келди. 71. Қурайш кофирларидан Валид ибн Муғийра, Ос ибн Воил, Ҳорис ибн Қайс, Асвад ибн Яғус ва Асвад ибн Мутталиб Расулуллоҳга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) жафо ва озор беришда бошқалардан ҳаддан ошиб кетган эдилар. Жаброил алайҳиссалом келиб, Ҳижр сурасининг маъноси «Сизни масхара қилувчиларга жазоларини берамиз…» бўлган тўқсон бешинчи оятини келтирди ва Валиднинг оёғига, иккинчисининг товонига, учинчисининг бурнига, тўртинчисининг бошига, бешинчисининг кўзларига ишора қилди. Валиднинг оёғига бир ўқ санчилди. У жуда кибрли бўлгани учун энгашиб, ўқни суғуриб ташлаш унга оғир келди. Ўқнинг темири товон пайига санчилиб, у ишиас касаллигига дучор бўлди. Оснинг товонига тикан кирди ва товони мешдек шишиб кетди. Ҳориснинг бурнидан тўхтовсиз қон оқди. Асвад бир дарахт остида хушчақчақ ўтирганда, бошини дарахтга уриб олди, иккинчи Асвад эса кўр бўлди ва уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди.
72. Мадинада Бану Нажжор қабиласидан ҳусну жамол соҳибаси бўлган бир аёл бор эди. Бир жин унга ошиқ бўлиб, доимо унинг ёнига келар эди. Расул алайҳиссалом Мадинага келганларидан кейин, бир куни бу жин аёлнинг уйи олдидаги девор устида ўтирганда, аёл уни таниб: «Нега менинг ёнимга келмай қўйдинг?» – деди. Жин: «Аллоҳу таолонинг Пайғамбари (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) зинони ва барча ҳаромларни ман қилдилар», – деди.
73. Биъри Маъуна деб аталган жангда кофирлар берган сўзларини бузиб, етмиш саҳобадан бир-иккитасидан бошқа ҳаммасини шаҳид қилдилар. Улар орасида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) қулликдан озод қилган ва илк иймон келтирганлардан бўлган Омир ибн Фуҳайра (розияллоҳу таоло анҳу) ҳам бор эди. Омир ибн Фуҳайрани найза билан санчишганда, фаришталар уни кофирларнинг кўз ўнгида осмонга кўтардилар. Буни Расулуллоҳга (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) хабар қилишганда, у зот: «Уни жаннат фаришталари дафн қилдилар ва унинг руҳи жаннатга кўтарилди», – дедилар.
74. Саъд ибн Муоз (розияллоҳу таоло анҳу) Хандақ жангида яраланди ва бир муддатдан кейин вафот этди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) унинг жаноза намозида етмиш минг фаришта бўлганини хабар бердилар. Қабри қазилаётганда, атрофга мушк ҳиди тарқалди. 75. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) завжаларидан Умму Салама (розияллоҳу таоло анҳо) озод қилган Сафина исмли саҳоба Расулуллоҳнинг хизматларидан ҳеч айрилмас эди. Византияликларга қарши қилинган ғазотда у қўшиндан ажралиб қолиб, кофирларга асир тушди. Қочиб келаётганда, рўпарасидан даҳшатли бир шер чиқди. Сафина: «Мен Расулуллоҳнинг хизматчисиман», – деб, бошидан кечирганларини шерга айтиб берди. Шер унга юз-кўзини суртиб, ёнида юриб борди. Душмандан бирор зарар етмасин деб, ундан ажралмади. Ислом қўшини кўрингач, ортига қайтиб кетди. 76. Жаҳжоҳ Ғифорий исмли бир киши халифа Усмонга (розияллоҳу таоло анҳу) қарши исён қилди. У Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) доимо қўлларида олиб юрадиган асоларини тиззасига уриб синдирди. Бир йилдан кейин тиззасида шерпанжа (куйдирги) деган касаллик пайдо бўлиб, ўлимига сабаб бўлди.
77. Муовия (розияллоҳу таоло анҳу) Шомдан ҳажга келиб, Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) Мадинадаги муборак минбарларини барака учун Шомга олиб кетмоқчи бўлди. Минбарни жойидан қўзғатишганда, қуёш тутилди. Ҳамма ёқ қоронғилашиб, юлдузлар кўринди. Муовия бу истагидан воз кечди. 78. Уҳуд жангида Абу Қатоданинг бир кўзи чиқиб, ёноғи устига тушди. Уни Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келишди. У зот муборак қўллари билан кўзни жойига қўйиб: «Ё Раббим! Унинг кўзини гўзал қил!» – дедилар. Бу кўзи иккинчисидан гўзалроқ бўлди ва ундан ҳам кучлироқ кўрар эди. Абу Қатоданинг набираларидан бири халифа Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурига келганда, халифа: «Сен кимсан?» – деб сўради. У бир байт ўқиб, Расулуллоҳ муборак қўллари билан кўзини жойига қўйган зотнинг набираси эканини билдирди. Халифа бу байтларни эшитгач, унга кўп икром ва эҳсон кўрсатди. 79. Иёс ибн Салама шундай ҳикоя қилади: Хайбар жангида Расулуллоҳ мени юбориб, Алини (розияллоҳу анҳу) чақиртирдилар. Алининг кўзлари оғриётган эди. Мен уни қўлидан тутиб, қийинчилик билан олиб келдим. У зот муборак бармоқларига тупуриб, Алининг кўзларига суртдилар. Байроқни унинг қўлига бериб, Хайбар дарвозасида жанг қилишга юбордилар. Анчадан бери очиб бўлмаётган дарвозани Али (розияллоҳу анҳу) жойидан суғуриб олди ва саҳобаи киром қалъага кирдилар. 80. Бир куни Расулуллоҳ қизлари ҳазрати Фотиманинг уйига кириб, ҳолларини сўрадилар. Ҳазрати Фотима: «Отажон! Уч кундан бери болаларим билан ҳеч нарса еб-ичмадик. Очликка сабр қиляпмиз. Меники муҳим эмас. Лекин Ҳасан билан Ҳусайннинг аҳволи мени жуда хафа қиляпти», – деб жавоб берди. Шунда Сарвари олам: «Эй Фотима! Жон қизим! Сен уч кундан бери очсан. Мен эса тўрт кундан бери очман», – дедилар. У зот муборак набиралари ҳазрати Ҳасан ва Ҳусайннинг оч қолганларидан жуда хафа бўлдилар… 81. Ҳазрати Али ишлаб, пул топиб, муборак болаларига бирор нарса олиш ва уларни тўйдириш учун йўлга чиқди. Мадинадан ташқарига чиққанда, бир қудуқ бошида туяларини суғормоқчи бўлиб турган бир қишлоқини кўрди. Ҳазрати Али унинг ёнига бориб: «Эй араб! Туяларингни ҳақ эвазига суғориш учун бирор кишига эҳтиёжинг борми?» – деди. Қишлоқи: «Ҳа. Мен ҳам шундай бир кишини излаб юрган эдим. Хоҳласанг, кел, туяларимни суғор! Тортган ҳар бир челагинг учун уч дона хурмо бераман», – деди. Ҳазрати Али рози бўлиб, сув торта бошлади. Тўққиз челак сув чиқарган эдики, челакнинг арқони бирдан узилиб кетди ва челак қудуқ ичида қолди. Буни кўрган қишлоқи ғазаб билан жойидан туриб, бадбахтлик қилиб, ҳазрати Алининг юзига қўли билан уриб юборди. Сўнгра саккиз челак сув эвазига йигирма тўрт дона хурмо берди. Бундан жуда хафа бўлган ҳазрати Али қўлларини қудуққа узатди. Ичидаги челакни олиб, қудуқ бошига қўйди ва у ердан кетди. Қишлоқи ҳайратдан қотиб қолди! Унинг қўли шунча чуқур қудуқнинг тубига қандай етди?! Ёки бу зот келиши хабар қилинган диннинг аҳлиданмикан? Шу ўйлар ичида ҳайратга тушган қишлоқи: «Унинг Пайғамбари – ҳақ пайғамбар. Иймон келтирдим!» – деди. Бир оз олдин кўрсатган журъатига, қилган катта жиноятига пушаймон бўлди. «Бундай кишига кўтарилган қўллар кесилиши, суяклари синдирилиши керак!» – деб, бир қўлига қиличини олиб, билагига шиддат билан туширди… Истагига етди. Жуда қаттиқ оғриқ сезди, лекин энди қалби хотиржам эди. Кесилган қўлини иккинчи қўлига олиб, тўғри Масжиди Набавийга келди. Саҳобаи киромдан уларнинг Пайғамбари қаердалигини сўради. У зотнинг қизлариникига кетганларини айтишди. Ҳазрати Фотиманинг уйини суриштириб топиб, ўша ерга борди. Шу пайтда Пайғамбаримиз набиралари ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайнни муборак тиззаларига ўтқазиб, ҳазрати Али келтирган хурмоларни едираётган эдилар. Қишлоқи қилган хатосининг катталигини ўйлаган сари ақлдан озгудек бўлар, кўзларидан булоқдек ёш оқар эди. Шу ҳолда ҳазрати Фотиманинг уйига келиб, эшикни қоқди. Ичкаридан Оламлар сарвари қуёшдек нур сочиб, ташқарига чиқдилар. Қишлоқи Пайғамбаримизни кўриши биланоқ: «Иймон келтирдим, сиз Аллоҳнинг Расулисиз! Қилганимга пушаймон бўлдим, мени кечиринг, ё Расулаллоҳ!» – деб ёлворди. Севимли Пайғамбаримиз: «Қўлингни нега кесдинг?» – деб сўраганларида, у: «Сизга иймон келтирган муборак юзга урган бу қўлни кўтариб юришдан ҳаё қилганим учун!… Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!» – деди. Марҳамат дарёси бўлмиш севимли Пайғамбаримиз қишлоқининг қўлидан узилган қўлни олиб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», – деб, қони оқаётган билагига туташтирдилар. Аллоҳу таолонинг изни билан, Пайғамбаримизнинг бир мўъжизаси сифатида қўл аввалги ҳолига қайтди. Аллоҳу таоло ҳар нарсага қодирдир, ҳар нарсага кучи етади.
«Ё Раббим! Бу – менинг амаким, отамнинг биродари. Булар эса – менинг аҳли байтим. Уларни шу ёпинчиғим билан ёпганимдек, Сен ҳам уларни жаҳаннам оловидан ёп, сақла!» Ҳадиси шариф
