ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ШАФОАТЛАРИ
Расули акрам қиёмат куни умматларига шафоат қиладилар, уларни машаққат ва ғам-ғуссадан қутқарадилар. Бир ҳадиси шарифларида шундай дедилар: «Умматимнинг ярми жаннатга кириши билан шафоат орасида ихтиёр менга берилди. Мен шафоатни танладим, чунки у кенгроқ қамровлидир. Уни фақат тақвога эришганлар учун деб ўйламанглар, у хатога тушган гуноҳкорлар учун ҳамдир…»1
Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Менинг шафоатим – қалби тилини тасдиқлаган ҳолда, ихлос билан „Ла илаҳа иллаллоҳ“ деб калимаи шаҳодат келтирган кишигадир».2
Баъзи ҳадиси шарифларда ҳам шундай дедилар:
«Умматимдан аҳли байтимни севганларга шафоат қиламан». «Умматимдан катта гуноҳ қилганларга шафоат қиламан». «Саҳобаларимга тил текказганлардан бошқа ҳаммага шафоат қила оламан». «Умматимдан нафсига зулм қилганларга, нафсларига алданганларга шафоат қиламан». «Қиёмат куни энг аввал мен шафоат қиламан».3
«Шафоатимга ишонмаган киши унга эриша олмайди».4
Қиёмат куни Сурга пуфлашнинг даҳшатидан этлар жунжикади, кўзлар қаерга қарашини билмай қолади, мўминлар ҳам, кофирлар ҳам маҳшар жойига ҳайдаладилар. Бу – қиёмат кунининг шиддатини янада оширадиган бир азобдир. Бу пайтда Аршни саккиз фаришта кўтариб олиб боради. Улардан бир фаришта бир қадамида дунёнинг йигирма минг йиллик йўлини босиб ўтади. Фаришталар ва булутлар Арши аъло қарор топгунча ақллар англай олмайдиган тасбеҳлар билан тасбеҳ айтадилар. Шу тарзда Арши аъло Аллоҳу таоло у учун яратган оқ ер устида қарор топади. Бу пайтда ҳеч бир нарса тоқат қила олмайдиган Аллоҳу таолонинг азобидан бошлар қуйи эгилади. Бутун махлуқот ўз машаққати ичида маҳбус ва ҳайрон бўлиб, шафқат излайди. Маҳшарда одамларнинг ҳоли ниҳоятда ёмонлашади. Машаққат ва заҳматлари ортади. Одамларнинг ҳар бири дунёда маҳкам сақлаган молини бўйнига осиб олган бўлади. Туя закотини бермаганларнинг бўйнига туя юкланади. У шундай бўкиради ва шундай оғирлашадики, катта тоғлар каби бўлади. Сигир, қўй закотини бермаганлар ҳам шундай бўлади. Уларнинг фарёдлари гўё момақалдироқ гумбурлашидек бўлади.5 Экин закотини, яъни ушрини бермаганларнинг бўйнига экин қоплари юкланади. Дунёда қайси навдаги экиннинг закотини бермаган бўлса, ўша навдан қоплар юкланган бўлади: буғдой бўлса – буғдой, арпа бўлса – арпа. Унинг оғирлиги остида: «Во вайло, во сабуро!» – деб бақиради. («Вайл» – азоб калимаси. Инсон азобга тоқат қила олмаган пайтда шундай деб бақиради. «Сабур» эса ҳалокат пайтида ишлатилади.) Олтин, кумуш, (қоғоз) пул ва бошқа савдо молларидан закот бермаганларга даҳшатли бир илон мусаллат қилинади. Улар бақириб: «Бу нима?» – дейишганда, фаришталар: «Булар – дунёда закотини бермаган молларингиздир», – деб жавоб берадилар. Мана шу даҳшатли ҳол Оли Имрон сурасининг бир юз саксонинчи ояти каримасида билдирилган, маъноси: «Дунёда бахиллик қилган нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралади».
«Шафоатимга ишонмаган киши унга эриша олмайди» Ҳадиси шариф
Бошқа бир гуруҳнинг аврат жойларидан йиринг ва зардоб оқади. Уларнинг бадбўй ҳидидан атрофдагилар жуда безовта бўлади. Булар – зино қилганлар ва ҳаром ишлаганлардир. Яна бир гуруҳ дарахт шохларига осилган бўлади. Булар – дунёда ливота қилганлардир.
Яна бир гуруҳнинг тиллари оғизларидан чиқиб, кўксларига осилиб тушган, жуда хунук ҳолатда бўладилар. Одамлар уларга қарашни истамайди. Булар – ёлғон ва туҳмат гапирганлардир.
Яна бир гуруҳнинг қоринлари баланд тоғлар қадар шишиб кетган бўлади. Булар – дунёда заруратсиз ва муомала йўлини тутмасдан фоизли мол ва пул олиб-берганлардир. Бундай ҳаром ишлаганларнинг гуноҳлари энг шармандали ҳолда ошкор қилинади. Пайғамбарларга ва олимларга қўрқув келади. Авлиё ва шаҳидлар Аллоҳу таолонинг тоқат қилиб бўлмайдиган азобидан фарёд қиладилар. Улар шу ҳолатда турганларида, қуёш нуридан анча кучлироқ бир нур уларни ўз ичига олади. Зотан қуёшнинг ҳароратига тоқат қила олмаган кишилар буни кўргач, батамом саросимага тушадилар. Минг йил шу ҳолатда турадилар. Аллоҳу таоло томонидан уларга ҳеч нарса айтилмайди. Шунда одамлар биринчи пайғамбар – Одам алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, ёлворишади: «Ё Одам алайҳиссалом! Сиз азиз ва шарафли пайғамбарсиз. Аллоҳу таоло сизни яратди, фаришталарга сизга сажда қилдирди ва сизга Ўз руҳидан пуфлади. Ҳисоб бошланиши учун бизга шафоат қилинг, токи Аллоҳу таоло нимани ирода қилса, шу билан ҳукм қилинайлик ва У қаерга буюрса, ҳамма ўша ёққа кетсин. Ҳар нарсанинг ҳокими ва молики бўлган Аллоҳу таоло махлуқларига хоҳлаганини қилсин».
Одам алайҳиссалом шундай дейдилар: «Мен Аллоҳу таоло ман қилган дарахтнинг мевасидан едим. Шунинг учун ҳозир Аллоҳу таолодан уяламан. Лекин сизлар Нуҳга боринглар». Шундан сўнг улар минг йил ўзаро маслаҳатлашиб туришади. Сўнгра Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб: «Ҳеч чидаб бўлмайдиган ҳолатдамиз. Ишимиз тезроқ кўрилиши учун шафоат қилинг. Мана шу маҳшар жазосидан қутулайлик», – деб ёлворишади. Нуҳ алайҳиссалом уларга шундай жавоб берадилар: «Мен Аллоҳу таолога дуо қилдим ва ўша дуо сабабли ер юзида қанча инсон бўлса, ҳаммаси ғарқ бўлди. Шунинг учун Аллоҳу таолодан уяламан. Лекин сизлар Халилуллоҳ бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига боринглар. Аллоҳу таоло Ҳаж сурасининг охирги оятида шундай марҳамат қилган, маъноси: „Отангиз Иброҳимнинг (алайҳиссалом) динига эргашинглар. Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши, сизлар эса одамларга гувоҳ бўлишингиз учун Аллоҳу таоло бундан олдинги китобларда ҳам, Қуръони каримда ҳам сизларни мусулмонлар деб атаган“. Балки у киши сизларга шафоат қиладилар».
Улар яна аввалгидек минг йил ўзаро гаплашиб туришади. Сўнгра Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Эй мусулмонларнинг отаси! Сиз Аллоҳу таоло Ўзига халил қилган зотсиз. Бизга шафоат қилинг! Аллоҳу таоло махлуқот орасида Ўз ҳукмини чиқарсин», – дейишади. Иброҳим алайҳиссалом уларга: «Мен дунёда уч марта киноя сўз айтдим. Уларни айтиб, дин йўлида курашдим. Энди бу мақомда Аллоҳу таолодан шафоатга изн сўрашдан уяламан. Сизлар Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурларига боринглар, чунки Аллоҳу таоло у киши билан сўзлашди ва у кишига маънавий яқинлик кўрсатди. У киши сизлар учун шафоат қиладилар», – дейдилар. Шундан сўнг улар яна минг йил туриб, бир-бирлари билан маслаҳатлашишади. Лекин бу пайтда уларнинг ҳоли ниҳоятда оғирлашади. Маҳшар жойи жуда торайиб кетади. Сўнгра Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб: «Ё Имроннинг ўғли! Сиз Аллоҳу таоло ўзингиз билан сўзлашган ва сизга Тавротни нозил қилган пайғамбарсиз. Ҳисоб бошланиши учун бизга шафоат қилинг! Чунки бу ерда туришимиз жуда узоқ чўзилди. Тиқилинчдан оёқлар бир-бирининг устига тўпланди», – дейишади. Мусо алайҳиссалом уларга шундай дейдилар: «Мен Аллоҳу таолога Фиръавн қавмининг йиллар давомида ёқтирмайдиган нарсалар билан жазоланиши учун дуо қилдим. Сўнгра кейин келадиганларга ибрат бўлишларини сўрадим. Энди шафоат қилишдан уяламан. Лекин Жаноби Ҳақ раҳмат ва мағфират соҳибидир. Сизлар Исо алайҳиссаломнинг ҳузурларига боринглар, чунки яқийн жиҳатидан расулларнинг энг саҳиҳи, маърифат ва зуҳд жиҳатидан энг афзали ва ҳикмат жиҳатидан энг юксаги – у кишидир. У киши сизларга шафоат қиладилар». Маҳшар машаққатидан қутулиш учун сўнгра Исо алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, шундай дейишади: «Сиз Аллоҳу таолонинг руҳи ва калимасисиз. Аллоҳу таоло сиз ҳақингизда Оли Имрон сурасининг қирқ бешинчи оятида шундай марҳамат қилган, маъноси: „Дунёда ҳам, охиратда ҳам важиҳ, яъни ниҳоятда қадрли (шарафли ва обрўли)“. Раббингиз ҳузурида бизга шафоат қилинг!»
Исо алайҳиссалом шундай дейдилар: «Менинг қавмим мени ва онамни Аллоҳдан бошқа илоҳлар қилиб олди. Бу ҳолда мен қандай шафоат қилай? Улар менга ибодат ҳам қилдилар; менга ўғил, Аллоҳу таолога ота дедилар. Лекин сизлар бирингизнинг ҳамёни бўлиб, унинг ичида озуқаси йўқлигини ва оғзи муҳрланмаганини кўрдингизми? Ўша муҳрни бузмасдан у озуқага етиб бўладими? Пайғамбарларнинг энг афзали ва охиргиси Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) боринглар. Чунки у зот даъват ва шафоатларини умматлари учун ҳозирлаб қўйганлар. Қавмлари у зотга кўп марта азият бердилар. Муборак пешоналарини ёрдилар. Муборак тишларини синдирдилар. У зотга жиннилик туҳматини қилдилар. Ҳолбуки у улуғ Пайғамбар фахр жиҳатидан уларнинг энг яхшиси ва шараф жиҳатидан энг юксаги эдилар. Уларнинг чидаб бўлмайдиган азият ва жафоларига қарши у зот Юсуф алайҳиссаломнинг биродарларига айтган сўзлари келтирилган ояти карима билан жавоб берардилар, унинг маъноси: „Бугун мен сизлардан қилган ишларингиз учун ҳисоб сўрамайман (хатоларингизни юзингизга солмайман). Сизларни Арҳамур роҳимин бўлган Жаноби Аллоҳ мағфират қилади“».6 Исо алайҳиссалом Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) фазилатларини айтиб бергач, уларнинг ҳаммаси имкон қадар тезроқ у зотга етишишни истайди. Улар дарҳол Муҳаммад алайҳиссаломнинг минбарлари ёнига келиб: «Сиз – Ҳабибуллоҳсиз! Ҳабиб эса воситаларнинг энг фойдалисидир. Бизга шафоат қилинг! Чунки биз пайғамбарларнинг биринчиси – Одам алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордик. У киши бизни Нуҳ алайҳиссаломга юбордилар. Биз Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордик. У киши бизни Иброҳим алайҳиссаломга юбордилар. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордик; у киши бизни Мусо алайҳиссаломга юбордилар. Мусо алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордик; у киши бизни Исо алайҳиссаломга юбордилар. Исо алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордик; у киши бизни сизнинг ҳузурингизга юбордилар. Ё Расулаллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам)! Сиздан кейин борадиган жой йўқ», – дейишади.
«Дунёда бахиллик қилган нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралади» Оли Имрон: 180
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дейдилар: «Аллоҳу таоло изн берса ва рози бўлса, шафоат қиламан».
У зот Суродиқотул жалол деб аталадиган жойга, яъни жалол пардасига борадилар. Аллоҳу таолодан шафоат учун изн сўрайдилар. У зотга изн берилади. Пардалар кўтарилади. Арши аълога кирадилар. Саждага йиқиладилар. Минг йил саждада турадилар. Шундан кейин Жаноби Ҳаққа олам яратилгандан бери ҳеч ким айтмаган бир ҳамд билан ҳамд айтадилар. Баъзи орифлар: «Аллоҳу таоло оламларни яратганда, Ўзини шундай ҳамдлар билан мадҳ этган», – деганлар. Аллоҳу таоло шундай марҳамат қилади, маъноси: «Ё Муҳаммад, бошингизни саждадан кўтаринг! Сўзланг – тингланади. (Нима десангиз, тингланади. Нима сўрасангиз, берилади.) Шафоат қилинг – қабул қилинади». Шундан сўнг Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Раббим! Бандаларинг орасидан яхшиларни ёмонлардан ажрат, чунки уларнинг кутиши жуда узоққа чўзилди. Уларнинг ҳар бири гуноҳлари туфайли Арасот майдонида расво ва шарманда бўлди», – дейдилар.
Жаноби Ҳақ жаннатни келтиришни буюради. Жаннат ҳар хил зийнат билан безатилиб, Арасот майдонига келтирилади. Унинг хушбўй ҳиди беш юз йиллик йўлдан сезилади. Бундан қалблар яйрайди, руҳлар тирилади. (Лекин кофирлар, муртадлар, мусулмонлар устидан кулганлар, ёшларни алдаб, иймонларини ўғирлаганлар ва) амаллари хабис, ёмон бўлганлар жаннатнинг ҳидини сезмайдилар.
Фаришталар жаҳаннамни занжирлар билан боғлаб, маҳшар майдонига келтирадилар. Жаҳаннам бўкиради ва гувиллайди, ўт сочади ва бутун осмонни қоп-қора қиладиган қуюқ тутун чиқаради. Унинг бўкириши, гумбурлаши ва иссиғи чидаб бўлмас даражада бўлади. Ҳар кимнинг тиззалари бўшашиб, турган жойига чўкиб қолади. Ҳатто пайғамбарлар ва расуллар ҳам ўзларини тута олмайдилар. Ҳазрати Иброҳим, ҳазрати Мусо, ҳазрати Исо Арши аълога ёпишадилар. Иброҳим алайҳиссалом қурбон қилмоқчи бўлган Исмоил алайҳиссаломни унутадилар. Мусо алайҳиссалом биродарлари Ҳорун алайҳиссаломни, Исо алайҳиссалом оналари ҳазрати Марямни унутадилар. Уларнинг ҳар бири: «Ё Раббим! Бугун ўзимдан бошқа ҳеч нарса сўрамайман», – дейдилар.
Муҳаммад алайҳиссалом эса: «Ё Раббим! Умматимга саломатлик ва нажот бер!» – дейдилар. У ерда бунга тоқат қила оладиган ҳеч ким йўқ. Чунки Аллоҳу таоло буни хабар бериб, Жосия сурасининг йигирма саккизинчи оятида шундай марҳамат қилган, маъноси: «Ҳар бир умматни Жаноби Ҳақнинг қўрқувидан тиз чўккан ҳолда кўрасиз. Уларнинг ҳар бири дунёда қилган амалларининг китобига чақирилади».
Аллоҳу таоло Мулк сурасининг саккизинчи оятида шундай марҳамат қилади, маъноси: «Ғазаби ва шиддатининг кўплигидан олов иккига бўлиниб кетгудек бўлади».
Шундан сўнг Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўртага чиқиб, жаҳаннамни тўхтатадилар. Шундай дейдилар: «Ҳақир ва хор ҳолда орқага қайт! Сенга аҳлинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб келгунча кут». Жаҳаннам ҳам: «Ё Муҳаммад! Менга йўл беринг! Чунки сиз менга ҳаромсиз», – дейди. Аршдан нидо келади: «Эй жаҳаннам! Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзларини тингла ва у зотга итоат эт!» Сўнгра Расулуллоҳ жаҳаннамни тортиб, Арши аълонинг чап томонидаги бир жойга жойлаштирадилар. Маҳшардагилар Пайғамбаримизнинг бу марҳаматли муомалаларини ва шафоатларини бир-бирларига хушхабар сифатида етказишади. Қўрқувлари бироз камаяди. Анбиё сурасининг бир юз еттинчи ояти каримасининг маъноси – «Биз сизни оламларга раҳмат қилиб юбордик» – рўёбга чиқади.7
Хуллас, Расулуллоҳ беш жойда шафоат қиладилар.8
Биринчиси – Мақоми Маҳмуд деб аталадиган шафоатлари билан барча инсонларни маҳшарда кутиш азобидан қутқарадилар.9
Иккинчиси – шафоатлари билан жуда кўп кишиларни ҳисобсиз жаннатга киритадилар. Учинчиси – гуноҳи кўп бўлган мўминларни жаҳаннамдан чиқарадилар. Тўртинчиси – савоби ва гуноҳи тенг бўлиб, «Аъроф» деб аталадиган жойда кутаётганларнинг жаннатга киришлари учун шафоат қиладилар. Бешинчиси – жаннатдагиларнинг даражалари кўтарилиши учун шафоат қиладилар.
Шафоатлари билан ҳисобдан қутқарган етмиш минг кишининг ҳар бирининг шафоати билан яна етмиш мингтадан киши ҳисобсиз жаннатга киради.
ШАФОАТ, Ё РАСУЛАЛЛОҲ!
Жуда муҳтожман, сизга келдим,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Айбим нима – ўзим билдим,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Гуноҳкорман, юзим қаро,
Балки тушгайман ўт аро,
Сиздан бўлгай фақат чора,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Муҳаббатингиз ҳар нарсадан авло,
Илмингиз ҳаммадан аъло,
Сизни мадҳ этгувчи – Мавло,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Сизни қандай мақтасин инсон?
Фақат сиздан бўлгай эҳсон,
Мадад айланг, беринг омон!
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Сизсиз менга дунё – зиндон,
Ишим бузуқ, ҳолим ёмон,
Фақат сиздан бўлгай дармон,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Нур сочдингиз бу жаҳонга,
Салоту салом бўлсин сизга,
Ўлик-тирик мусулмонга
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Албатта, кўпдир исёним,
Ҳам ожизман, бор нуқсоним,
Лекин тўғридир иймоним,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Жаҳаннам қайнаб тошса гар,
Не келур бошга – ким билар,
Жиҳод қилган биродарга
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Кўзларимдан кўтарилсин парда,
Сиз давосиз ҳар бир дардга,
Мўмин бўлган ҳар бир фардга
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Шонингизга «Лавлока» дейилди,
Яна «Аътайнока» дейилди,
Сиз – шоҳи «Арсалнока»,
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Динимизни ёйганларга,
Суннатингизга эргашганларга,
Йўлингизга бош қўйганларга
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Умматингизнинг ҳақирига,
Шокирига, зокирига,
Бойига ва фақирига
Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Muhammed Hâdimî (раҳматуллоҳи алайҳ)
«Ҳар бир умматни Жаноби Ҳақнинг қўрқувидан тиз чўккан ҳолда кўрасиз. Уларнинг ҳар бири дунёда қилган амалларининг китобига чақирилади» Жосия: 28
