ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ИСТИҒФОРЛАРИ1
Пайғамбаримиз яратилганларнинг энг афзали бўлганлари каби, Аллоҳу таолони ҳаққи билан таниган ва Ундан энг кўп қўрқадиган зот ҳам эдилар. Жаноби Ҳақ у зотни гуноҳ қилишдан муҳофаза қилган бўлса ҳам, у зот тинмай ибодат қилардилар, Аллоҳу таолога дуо ва истиғфор қилардилар. Кечанинг аввалида (хуфтондан кейин) ухлардилар, охирида эса ибодат қилардилар. Ибн Аббос шундай ҳикоя қилади: «Бир кеча мўминларнинг онаси ҳазрати Маймунанинг уйида меҳмон бўлдим. Расулуллоҳ ярим кечагача ёки ундан бироз олдин ё кейинроқ вақтгача ухладилар. Сўнгра уйғониб ўтирдилар, қўллари билан юзларидан уйқу изларини кетказдилар. Туриб, осилиб турган сув обдастасини олиб, таҳорат олдилар. Оли Имрон сурасининг охиридан ўнта ояти карима ўқиб, намозга турдилар. Мен ҳам туриб, Расулуллоҳ олганлари каби таҳорат олдим ва намозда у Сарварнинг ёнларида турдим. Расулуллоҳ икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра яна икки ракат ўқидилар. Унинг ортидан яна икки ракат ўқидилар. Сўнгра витр намозига турдилар. Шундан кейин бомдод азони айтилгунча ётдилар. Сўнгра туриб, яна икки ракат намоз ўқидилар ва масжидга чиқиб, бомдод намозининг фарзини ўқидилар».2 Ҳазрати Оиша онамиз шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ бир кеча ухлаган эдилар. Уйғонганларида: „Эй Оиша, изн берсанг, бу кеча Раббимга ибодат билан машғул бўлай“, – дедилар. Сўнгра турдилар. Қуръони карим ўқиб, йиғладилар. Ҳатто кўз ёшларидан икки тиззалари ҳўл бўлди. Ўқишда давом этдилар, ўқиган сайин муборак кўз ёшлари баданларининг теккан ҳар бир жойини ҳўл қилди. Бу ҳол тонггача давом этди.
Эрталаб Билол Ҳабаший келиб, бу ҳолни кўргач: „Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло сизнинг ўтган ва келадиган хатоларингизни кечирмадими?“ – деди. Расулуллоҳ: „Эй Билол! Нега мен шукр қилувчи банда бўлмайин? Ахир Аллоҳу таоло бу кеча3 Оли Имрон сурасининг 190-ояти каримасини нозил қилди, унинг маъноси: «Осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг кетма-кет келишида ақл эгалари учун, албатта, кўп оятлар, ишоралар бор»“, – дедилар». «Муслим»да келтирилган ҳадиси шарифда ҳам у зот: «Қалбимга шундай нарсалар келадики, улар туфайли ҳар куни ва ҳар кеча етмиш марта Аллоҳу таолога истиғфор қиламан» ва «Қалбимда (илоҳий нурларнинг келишига тўсиқ бўладиган) парда ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳар куни 70 марта истиғфор қиламан», шунингдек: «Аллоҳу таолога ҳар куни юз марта истиғфор қиламан», – дедилар.4
Пайғамбаримизнинг Аллоҳу таолодан қўрқишлари шу даражада кучли эдики, қаҳқаҳа билан кулганлари ҳеч қачон кўрилмаган. Имом Термизийнинг Абу Заррдан марфуъ5 ҳолда ривоят қилган ҳадиси шарифида шундай дейилади: «Шубҳасиз, сизлар кўрмаганни мен кўраман, сизлар эшитмаганни мен эшитаман. Осмонда фаришталар сажда қилмаган тўрт бармоқлик бўш жой йўқ. Валлоҳи, менинг билганимни билсангизлар эди, оз кулиб, кўп йиғлардингизлар. Йўлларга чиқиб, овозингиз борича Аллоҳу таолога ёлворардингизлар».6
Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ шундай дедилар: «Ҳеч кимни амали жаннатга олиб бормайди». «Сизни ҳам олиб бормайдими, ё Расулаллоҳ?» – деб сўралганда: «Ҳа, мени ҳам амалим жаннатга олиб бормайди. Лекин Аллоҳу таолонинг фазли ва раҳмати мени ўраб олади», – дедилар.
Ибн Умар шундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ билан бирга бир мажлисда бўлганимизда, у зотнинг юз марта: „Ё Раббим! Мени кечир ва тавбамни қабул қил. Сен тавбаларни қабул қилувчи ва Раҳимсан“, – деганларини санардик».7
Анас ибн Молик нақл қилди: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) доимо: „Аллоҳумма ё муқаллибал қулуб, саббит қалбий ало динак“, – дердилар».8 Термизий Абу Саъид Худрийдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Тўшагига ётаётганда уч марта: „Астағфируллоҳал азим, аллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қаййум ва атубу илайҳ“, – деган кишининг гуноҳлари денгиз кўпиклари ёки Тамим юртининг қумлари ёки дарахт баргларининг сони ёки дунё кунлари қадар кўп бўлса ҳам, Аллоҳу таоло унинг гуноҳларини кечиради».
Бухорий ва Муслимнинг нақл қилишларича, Расулуллоҳ шундай истиғфор қилардилар: «Аллоҳуммағфир лий хатийъатий ва жаҳлий ва исрофий фий амрий ва ма анта аъламу биҳи минний». (Аллоҳим! Сен билган ва менинг (билиб ёки) билмасдан ҳаддимдан ошиб қилган, содир этган хатоларимни кечир!)
Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай ҳам истиғфор қилардилар:
«Аллоҳуммағфир лий ҳазлий ва жиддий ва хатаий ва амдий ва куллу золика индий. Аллоҳуммағфир лий ма қаддамту ва ма аххорту ва ма асрорту ва ма аъланту ва ма анта аъламу биҳи минний, антал муқаддиму ва антал муаххиру ва анта ало кулли шайъин қодир».9 (Аллоҳим! Ҳазилда ҳам, жиддийликда ҳам, унутиб ҳам, билиб ҳам қилишим мумкин бўлган барча камчиликларимни мағфират қил. Аллоҳим! Олдин ва кейин қилганларимни, яширин ва ошкора қилганларимни – Сен билган ҳар турли камчиликларимни кечир. Олдинга сурувчи ҳам – Сен, ортга сурувчи ҳам – Сен. Ҳар нарсага қодир бўлган ҳам – Сен.)
Расулуллоҳ кундуз рўзадор бўлардилар,
Кечалари намозда қоим бўлардилар.
Агар уммат бўлсанг ул Мужтабога,
Суннатга, макруҳга доим диққат эт.
«Қалбимда (илоҳий нурларнинг келишига тўсиқ бўладиган) парда ҳосил бўлади. Шунинг учун ҳар куни 70 марта истиғфор қиламан» Ҳадиси шариф
