Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатларини билдирган юзлаб китоблар бор. Фазилат – «афзаллик» деганидир. У зотнинг афзалликларидан баъзилари қуйида билдирилган: 1. Махлуқотлар ичида энг аввал Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури ва руҳлари яратилган. 2. Аллоҳу таоло у зотнинг исмларини Аршга, жаннатларга ва етти қават осмонларга ёзган. 3. Ҳиндистонда ўсадиган бир гулнинг баргларида «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб ёзилган. 4. Басра шаҳрига яқин бир дарёда тутилган балиқнинг ўнг томонида «Аллоҳ», чап томонида «Муҳаммад» деб ёзилгани кўрилган. Бунга ўхшаш воқеалар кўп. 1975 йилда Лондонда босилган A History of Fishes китобининг икки юзинчи саҳифасида думида Қуръони карим ҳарфлари билан «Шонуллоҳ» деб ёзилган балиқнинг расми бор. Берилган маълумотда думнинг иккинчи томонида ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб ёзилгани билдирилган. Бунинг мисоллари жуда кўп. 5. Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмларини айтишдан бошқа вазифаси бўлмаган фаришталар бор. 6. Фаришталарга ҳазрати Одамга сажда қилиш буюрилиши у кишининг пешоналарида Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури бўлгани учун эди. 7. Аллоҳу таоло барча пайғамбарларга Муҳаммад алайҳиссаломнинг келишларини билдирди, шунингдек, умматларига, агар у зотнинг замонларига етсалар, у зотга иймон келтиришларини буюришни билдирди. 8. Дунёга келишлари олдидан жуда катта аломатлар кўрилган. Улар тарих ва мавлид китобларида ёзилган. 9. Дунёга келганларида, киндиклари кесилган ва суннат қилинган ҳолда кўрилганлар. 10. Дунёга келганларидан кейин шайтонлар осмонга чиқа олмайдиган, фаришталардан хабар ўғирлай олмайдиган бўлиб қолди. 11. Дунёга келганларида, ер юзидаги барча бутлар, сиғиниладиган ҳайкаллар юзтубан йиқилди. 12. Бешикларини фаришталар тебратарди. 13. Бешикда эканларида осмондаги ой билан гаплашардилар. Муборак бармоқлари билан ишора қилган томонга ой оғарди. 14. Бешикда эканларида гапира бошладилар. 15. Болаликларида очиқ жойларда юрганларида, бошлари узра бир булут ҳам бирга ҳаракат қилиб, соя соларди. Бу ҳол пайғамбарликлари бошлангунча давом этди. 16. Ҳар бир пайғамбарнинг ўнг қўли устида пайғамбарлик муҳри бор эди. Муҳаммад алайҳиссаломнинг муҳрлари эса муборак орқаларининг ўртасида, чап куракка яқин, қалблари рўпарасида эди. Жаброил алайҳиссалом у зотнинг қалбларини ювиб, кўксларини ёпганда, жаннатдан келтирган муҳр билан орқаларига муҳр босган эди.

17. Олдиларини қандай кўрсалар, орқаларини ҳам шундай кўрардилар.

18. Ёруғда қандай кўрсалар, қоронғида ҳам шундай кўрардилар. 19. Тупуклари аччиқ сувларни чучук қилди, беморларга шифо берди, чақалоқларга сутдек озуқа бўлди. 20. Кўзлари ухлаганда, қалблари уйғоқ бўларди. (Барча пайғамбарлар ҳам шундай эдилар.) 21. Умрларида бирор марта ҳам эснамадилар. 22. Муборак терлари гулдек хушбўй эди. Бир фақир киши қизини узатаётганда, у зотдан ёрдам сўраган эди. Ўша пайтда берадиган нарсалари йўқ эди. Кичик бир шишага терларидан солиб бердилар. Ҳалиги қиз уни юзига, бошига суртганда, уйи мушкдек хушбўй ҳидга тўларди. Унинг уйи «хушбўй уй» номи билан машҳур бўлди. 23. Ўрта бўйли бўлсалар ҳам, узун бўйли кишилар ёнида улардан баланд кўринардилар. 24. Қуёш ва ой ёруғида юрганларида, соялари ерга тушмасди. 25. Баданларига ва кийимларига пашша, чивин ва бошқа ҳашаротлар қўнмасди. 26. Ички кийимлари қанча кийсалар ҳам, ҳеч кирламасди. 27. Ҳар гал юрганларида, орқаларидан фаришталар келарди. Шунинг учун саҳобаларини олдинга ўтказиб юрардилар ва: «Орқамни фаришталарга қолдиринглар», – дердилар.1 28. Тош устига боссалар, тошда оёқларининг изи қоларди. Қум устида юрганларида эса ҳеч из қолдирмасдилар. Ҳожат чиқарганларида, ер ёрилиб, пешоб ва шунга ўхшаш нарсалар тупроқ ичида қоларди. (Барча пайғамбарлар ҳам шундай эдилар.) 29. Инсонлар ва фаришталар ичида энг кўп илм у зотга берилди. Уммий бўлсалар ҳам, яъни ҳеч кимдан бирор нарса ўрганмаган бўлсалар ҳам, Аллоҳу таоло у зотга ҳамма нарсани билдирди. Одам алайҳиссаломга ҳамма нарсанинг исми билдирилгани каби, у зотга ҳамма нарсанинг исми ва илми билдирилди. 30. Умматларининг исмлари, жисмлари ва улар орасида бўладиган нарсаларнинг ҳаммаси у зотга билдирилди. 31. Ақллари барча инсонларнинг ақлидан кўпроқдир. 32. Инсонларда бўлиши мумкин бўлган барча яхши хулқларнинг ҳаммаси у зотга эҳсон қилинди. Улуғ шоир Умар ибн Форизга: «Расулуллоҳни нега мадҳ этмадингиз?» – дейишганда, у: «У зотни мадҳ этишга кучим етмаслигини англадим. У зотни мадҳ этадиган сўз топа олмадим», – деган.

«Умматимдан бирортасининг жаҳаннамда қолишига рози бўлмайман» Ҳадиси шариф

33. Калимаи шаҳодатда, азонда, иқоматда, намоздаги ташаҳҳудда, кўп дуоларда, баъзи ибодатларда ва хутбаларда, насиҳат қилишда, машаққатли пайтларда, қабрда, маҳшарда, жаннатда ва ҳар бир махлуқнинг тилида Аллоҳу таоло у зотнинг исмларини Ўз исми ёнига қўйган. 34. Афзалликларининг энг улуғи – Ҳабибуллоҳ эканликларидир. Аллоҳу таоло у зотни Ўзига суюкли, дўст қилган. У зотни ҳаммадан, ҳар бир фариштадан ҳам кўпроқ севган. «Иброҳимни Халил қилган эсам, сизни Ўзимга Ҳабиб қилдим», – деган.

35. Ушбу ояти каримада, маъноси: «Сиз рози бўлгунингизча („Етар“ дегунингизча) Мен сизга ҳар тилаган нарсангизни бераман»,2 Аллоҳу таоло Ўз Пайғамбарига барча илмларни, барча афзалликларни, Ислом аҳкомларини, душманларига қарши ёрдам ва ғалабани, умматларига фатҳлар ва зафарларни, қиёматда эса турли шафоатлар ва тажаллийларни эҳсон қилишини ваъда қилади. Бу ояти карима нозил бўлганда, у зот Жаброил алайҳиссаломга қараб: «Умматимдан бирортасининг жаҳаннамда қолишига рози бўлмайман», – дедилар. 36. Аллоҳу таоло Қуръони каримда ҳар бир пайғамбарга ўз исми билан, Муҳаммад алайҳиссаломга эса «Эй Расулим! Эй Пайғамбарим!» деб хитоб қилган. 37. Араб тилининг ҳар бир лаҳжасида ниҳоятда очиқ, осон тушуниладиган тарзда гапирардилар. Турли жойлардан келиб сўраганларга ўз лаҳжаларида жавоб берардилар. Эшитганлар ҳайрон қоларди. У зот: «Аллоҳу таоло мени жуда гўзал тарбия қилди», – дердилар.3

38. Оз сўз билан кўп нарсани англатардилар. Юз мингдан ортиқ ҳадиси шарифлари у зотнинг «Жавомиъул калим» эканликларини кўрсатади.

Баъзи олимлар шундай деганлар: «Муҳаммад алайҳиссалом Ислом динининг тўрт асосини тўрт ҳадис билан билдирганлар:

- „Амаллар ниятга қараб баҳоланади“.4

- „Ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир“.5

- „Даъвогарнинг гувоҳ келтириши ва даъво қилинувчининг қасам ичиши лозим“.6 ва

- „Бир киши ўзи учун истаган нарсани дин биродари учун ҳам истамагунча, иймони комил бўлмайди“.7 Бу тўрт ҳадиснинг биринчиси – ибодат, иккинчиси – муомалот, учинчиси – хусумот, яъни адолат ишлари ва сиёсат, тўртинчиси эса одоб ва ахлоқ илмларининг асосидир».8

39. Муҳаммад алайҳиссалом масун ва маъсум (гуноҳсиз) эдилар. Билиб ҳам, билмасдан ҳам, катта ҳам, кичик ҳам – қирқ ёшдан олдин ҳам, кейин ҳам – бирорта гуноҳ қилмаганлар. Бирорта хунук ҳаракатлари кўрилмаган. 40. Мусулмонларга намозда ўтирганда «Ассалому алайка айюҳаннабийю ва раҳматуллоҳи» деб ўқиб, Муҳаммад алайҳиссаломга салом бериш буюрилди. Намозда бошқа бирор пайғамбарга ёки фаришталарга салом бериш жоиз бўлмади. 41. Ҳадиси қудсийда: «Сиз бўлмаганингизда, Мен ҳеч нарсани яратмас эдим!» – дейилди.9

42. Бошқа пайғамбарлар кофирларнинг туҳматларига ўзлари жавоб берганлар. Муҳаммад алайҳиссаломга қилинган туҳматларга эса Аллоҳу таоло Ўзи жавоб бериб, у зотни ҳимоя қилган. 43. Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг сони бошқа пайғамбарлар умматларининг жами сонидан кўпроқдир. Бу уммат улардан афзалроқ ва шарафлироқдир. Жаннатга кирадиганларнинг учдан икки қисми шу умматдан бўлиши ҳадиси шарифларда билдирилган. 44. Расулуллоҳга бериладиган савоблар бошқа пайғамбарларга бериладиган савоблардан бир неча баробар ортиқдир.

Мақбул бир ибодат ёки хайрли бир иш қилган кишига берилган савоб миқдорида унинг устозига ҳам берилади. Устозининг устозига тўрт баробар, унинг устозига саккиз баробар, унинг ҳам устозига ўн олти баробар қилиб, Расулуллоҳгача ҳар бир устозга шогирдиникидан икки баробар савоб берилади. Масалан, йигирманчи устозига 524 288 савоб берилади. Муҳаммад алайҳиссаломга умматларининг ҳар бир кишисининг ҳар бир иши учун савоб берилади.

Муҳаммад алайҳиссаломга ҳар бир иш учун бериладиган савобларнинг сони шу ҳисоб бўйича ўйлаб кўрилса, уларнинг барчасининг миқдорини Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Салафи солиҳиннинг кейин келганлардан афзалроқ, улуғроқ эканлари билдирилган. Савоблар сони жиҳатидан бу афзаллик очиқ-ойдиндир. 45. У зотни исмлари билан чақириш, ҳузурларида баланд овоз билан гапириш, узоқдан у зотга қичқириб мурожаат қилиш, йўлда олдиларидан ўтиш ҳаром қилинган. Бошқа пайғамбарларнинг умматлари ўз пайғамбарларини исмлари билан чақирардилар. 46. Жаброил алайҳиссаломни фаришта шаклида икки марта кўрганлар. Бошқа бирорта пайғамбар уни асл шаклида кўрмаган. 47. У зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом йигирма тўрт минг марта келган. Бошқа пайғамбарлардан энг кўп Мусо алайҳиссаломга келган – тўрт юз марта.

«Аҳли байтимга душманлик қилган киши мунофиқдир» Ҳадиси шариф

48. Исрофил алайҳиссалом ҳам Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳузурларига кўп марта келган. Бошқа пайғамбарларга (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) фақат Жаброил алайҳиссалом келган. 49. Аллоҳу таолога Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаққи учун қасам бериб сўраш жоиздир, бошқа пайғамбарлар ва фаришталарнинг ҳаққи учун эса жоиз эмас. 50. Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин у зотнинг завжаларини бошқаларнинг никоҳлаб олиши ҳаром қилинган ва шу жиҳатдан уларнинг мўминларнинг оналари эканликлари билдирилган.

Бошқа пайғамбарларнинг (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) завжалари уларга ё зарарли, ё фойдасиз бўлганлар. Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак завжалари (розияллоҳу таоло анҳунна) эса дунё ва охират ишларида у зотга ёрдамчи бўлганлар, фақирликка сабр қилганлар, шукр қилганлар ва Исломни ёйишда жуда кўп хизмат қилганлар. 51. Насаб ва сабаб жиҳатидан, яъни қон ва никоҳ жиҳатидан бўлган қариндошликнинг қиёматда фойдаси йўқ. Расулуллоҳнинг қариндошлари бундан мустасно. 52. Расулуллоҳнинг исмларини олиш дунёда ҳам, охиратда ҳам фойдалидир. У зотнинг исмларини кўтариб юрган ҳақиқий мўминлар жаҳаннамга кирмайдилар. 53. У зотнинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир ишлари тўғридир. Ҳар бир ижтиҳодлари Аллоҳу таоло томонидан тасдиқланади. 54. У зотни севиш ҳар кимга фарздир. У зот: «Аллоҳу таолони севган киши мени ҳам севади», – деганлар. У зотни севишнинг белгиси – у зотнинг динларига, йўлларига, суннатларига ва ахлоқларига эргашишдир. Қуръони каримда у зотга: «Менга эргашсангизлар, Аллоҳу таоло сизларни севади», – деб айтиш буюрилган.

55. У зотнинг аҳли байтларини севиш вожибдир. У зот: «Аҳли байтимга душманлик қилган киши мунофиқдир», – деганлар. Аҳли байт – у зотнинг закот олишлари ҳаром бўлган қариндошларидир. Улар – у зотнинг завжалари ва боболари Ҳошим наслидан бўлган мўминлар, яъни Али, Уқайл, Жаъфари Тайёр ва Аббоснинг наслидан бўлганлардир.

56. У зотнинг барча саҳобаларини севиш вожибдир. У зот: «Мендан кейин саҳобаларимга душманлик қилманглар! Уларни севиш – мени севишдир. Уларга душман бўлиш – менга душман бўлишдир. Уларни ранжитган киши мени ранжитган бўлади. Мени ранжитган эса Аллоҳу таолони ранжитади. Аллоҳу таоло Ўзини ранжитганга азоб беради», – дедилар.

57. Аллоҳу таоло Муҳаммад алайҳиссалом учун осмонда икки ва ерда икки ёрдамчи яратган. Улар – Жаброил, Микоил, Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн).10 58. Эркак бўлсин, аёл бўлсин, улғайиб вафот этган ҳар бир кишидан қабрида Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида сўралади. «Раббинг ким?» дейилгани каби: «Пайғамбаринг ким?» – деб ҳам сўралади. 59. Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ўқиш – ибодатдир. Ўқиган кишига савоб берилади.

Ҳадиси шариф ўқиш учун таҳорат олиш, тоза кийим кийиш, хушбўй нарса суртиш, ҳадиси шариф китобини баланд жойга қўйиш, ўқиётган кишининг ташқаридан келганлар учун ўрнидан турмаслиги ва тингловчиларнинг ўзаро гаплашмаслиги мустаҳабдир. Ҳадиси шарифларни доим ўқийдиганларнинг юзлари нурли, ёруғ ва гўзал бўлади. Қуръони карим ўқиётганда ҳам бу одобларга риоя қилиш лозим. 60. Муборак руҳларини олиш учун Азроил алайҳиссалом инсон шаклида келди. Ичкарига кириш учун изн сўради. 61. Қабрларида биз билмайдиган бир ҳаёт билан тирикдирлар. Қабрда Қуръони карим ўқийдилар, намоз ўқийдилар. (Барча пайғамбарлар ҳам шундайдирлар.) 62. Дунёнинг ҳар бир жойида Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) салавот ўқиган мусулмонларни эшитган фаришталар у зотнинг қабрларига келиб, хабар берадилар. Қабрларини ҳар куни минглаб фаришталар зиёрат қилади. 63. Қабрлари ичидаги тупроқ ҳар бир жойдан ҳам, Каъбадан ҳам, жаннатлардан ҳам афзалдир. 64. Умматларининг амаллари ва ибодатлари ҳар куни эрталаб ва кечқурун у зотга кўрсатилади. Уларни қилганларни ҳам кўрадилар, гуноҳ қилганларнинг кечирилиши учун дуо қиладилар. 65. Қабрларини зиёрат қилиш аёлларга ҳам мустаҳабдир. Бошқа қабрларни эса улар фақат одам кам бўлган пайтларда ва мусулмон аёлга ярашадиган кийимда зиёрат қилишлари жоиздир. 66. Тирикликларида бўлганидек, вафотларидан кейин ҳам дунёнинг ҳар бир жойида, ҳар доим у зотга тавассул қилганларнинг, яъни у зотнинг ҳурматлари ва ҳақлари учун сўраганларнинг дуосини Аллоҳу таоло қабул қилади.

Қишлоқлик бир киши у зотнинг қабрлари ёнига келиб: «Ё Раббим! Сен қул озод қилишни буюрдинг. Бу – Сенинг Пайғамбаринг, мен эса – Сенинг қулларингдан бириман. Пайғамбарингнинг ҳурмати учун мени жаҳаннам оловидан озод қил!» – деди. Шунда: «Эй қулим! Нега фақат ўзингнинг озод бўлишингни сўрадинг? Барча қулларимнинг озод бўлишини нега сўрамадинг? Қани, бор! Сени жаҳаннамдан озод қилдим», – деган овоз эшитилди.

Авлиёнинг машҳурларидан Ҳотим Асам Расулуллоҳнинг қабрлари ёнида туриб: «Ё Раббим! Пайғамбарингнинг қабрини зиёрат қилдим. Мени қуруқ қўл билан қайтарма!» – деди. Шунда: «Эй қулим! Ҳабибимнинг қабрини зиёрат қилишингни қабул қилдим. Сени ва сен билан бирга зиёрат қилганларни мағфират қилдим», – деган овоз эшитилди.

Имом Аҳмад Қасталоний (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай дейди: «Бир неча йил бир касалликдан азоб чекдим. Табиблар унга чора топа олмадилар. Маккада бир кеча Расулуллоҳга кўп ёлвордим. Ўша кечаси тушимда бир кишини кўрдим. Унинг қўлидаги қоғозда: „Бу ерда Расулуллоҳнинг изни билан Аҳмад Қасталонийнинг касаллиги учун дори ёзилган“, – деган ёзувни ўқидим. Уйғонганимда, касаллигимдан асар ҳам қолмаган эди». Қасталоний яна шундай дейди: «Бир бечора қизча тутқаноқ касалига чалинган эди. Тузалиши учун Расулуллоҳга кўп ёлвордим. Тушимда бир киши қизчани касал қилган жинни ёнимга олиб келди-да: „Буни сенга Расулуллоҳ юбордилар“, – деди. Мен жинга аччиқландим, унга бақирдим. У қизчани ранжитмасликка менга қасам ичди ва мен уйғондим. Кўп ўтмай қизчанинг тутқаноқ касалидан қутулганини эшитдим».

67. Қиёмат куни қабрдан энг аввал Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) турадилар. Устларида жаннат либоси бўлади. Буроқ устида маҳшар жойига борадилар, қўлларида «Ливоул ҳамд» деб аталадиган байроқ бўлади. Пайғамбарлар ва барча инсонлар шу байроқ остида турадилар. Минг йил кутишдан ҳаммалари жуда қийналадилар. Одамлар навбат билан Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо пайғамбарларга (алайҳимуссалом) бориб, ҳисоб бошланиши учун шафоат қилишларини сўрайдилар. Уларнинг ҳар бири узрини айтиб, Аллоҳу таолодан уялишларини ва қўрқишларини билдирадилар ва шафоат қилишдан тортинадилар. Сўнгра Расулуллоҳга бориб ёлворганларида, у зот саждага бориб, дуо қиладилар ва шафоатлари қабул бўлади. Аввал у зотнинг умматларининг ҳисоби кўрилади, Сиротдан энг аввал улар ўтадилар, жаннатга энг аввал улар кирадилар. Борган ҳар бир жойларини нурлантирадилар.

Ҳазрати Фотима (розияллоҳу анҳо) Сиротдан ўтаётганда: «Ҳамма кўзларини юмсин! Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари келмоқда», – дейилади.

68. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жаннатдаги мақомларининг номи – Васила. Бу – жаннатнинг энг юксак даражаси. Жаннатдаги ҳар бир кишига бир шохи узатилган Сидратул мунтаҳо дарахтининг илдизи ўша ердадир. Жаннатдагиларга неъматлар шу шохлардан келади.

69. Одам алайҳиссалом замонида намоз учун айтилган азонда Муҳаммад алайҳиссаломнинг исмлари ҳам айтиларди.

70. Тавротда, Инжилда ва Забурда Муҳаммад алайҳиссалом, у зотнинг тўрт халифалари, саҳобалари ва умматларидан баъзилари гўзал сифатлар билан билдирилган ва мадҳ этилган. Аллоҳу таоло Ўзининг Маҳмуд исмидан «Муҳаммад» калимасини чиқариб, Ҳабибига исм қилиб қўйган. Аллоҳу таоло Ўз исмларидан Рауф ва Раҳим исмларини Ҳабибига ҳам берган. 71. Уч ёшларида, қирқ ёшларида пайғамбарликлари билдирилганда ва эллик икки ёшларида Меърожга олиб чиқилаётганларида фаришталар у зотнинг кўксларини ёрдилар. Жаннатдан келтирган тоғора ичида жаннат суви билан қалбларини ювдилар. 72. Савр (ҳўкиз, буқа) буржи ёнидаги «Сурайё» деб аталадиган юлдузлар туркумидаги етти юлдузни кўзлари билан кўриб, сонини билдирган эдилар. Бу юлдузлар туркумига Парвин ва Ҳулкар ҳам дейилади. 73. Ҳижома қонидан ичганлар бўлди. Бири уни ичганда, у зот: «Жаҳаннам олови уни куйдирмайди», – дедилар. 74. Буюк мўъжизаларидан бири – Меърожга олиб чиқилишларидир. Буроқ деб аталадиган жаннат ҳайвони билан Маккадан Қуддусга олиб борилдилар. У ердан осмонларга ва Аршга олиб чиқилдилар. У зотга ажойиб нарсалар кўрсатилди. Аллоҳу таолони бош кўзи билан, лекин англаб бўлмайдиган тарзда кўрдилар. (Лекин бу кўриш модда оламидан ташқарида, яъни охират оламида бўлди.) Бир лаҳзада яна уйларига қайтарилдилар. Меърож мўъжизаси бошқа бирорта пайғамбарга берилмаган.

75. Умрларида бир марта у зотга салавот ва салом айтиш умматларига фарз бўлди. Аллоҳу таоло ҳам, фаришталар ҳам у зотга салавот ва салом йўллайди.

«Қул бўлган ҳолда пайғамбарлик истайман» Ҳадиси шариф

76. Кечаси ҳам, уйғоқликларида ҳам, уйқуда ҳам, ёлғиз пайтларида ҳам, кўпчилик орасида ҳам, сафарда ҳам, уйда ҳам, жангда ҳам, кулаётганларида ҳам, йиғлаётганларида ҳам муборак қалблари ҳамиша Аллоҳу таоло билан эди. Баъзи пайтларда эса фақат Аллоҳу таоло билан эди.

Дунёдаги вазифаларини адо эта олишлари ва муборак қалбларини башарият оламига қаратишлари учун завжалари Оиша (розияллоҳу анҳо) ҳузурига келиб: «Эй Оиша! Мен билан бироз гаплаш (ўзимга келай)», – дердилар, сўнгра саҳобаларига насиҳат қилиш ва уларни иршод этиш учун борардилар. Бомдод намозининг суннатини уйларида ўқиб, Оиша (розияллоҳу анҳо) билан бироз гаплашгандан кейин, саҳобаларига фарзни ўқитиш учун масжидга борардилар. Бу ҳол Пайғамбарга хос хусусиятлардандир. Оиша (розияллоҳу анҳо) билан гаплашмасдан ташқарига чиқсалар эди, илоҳий тажаллийлар ва нурлар туфайли юзларига ҳеч ким қарай олмас эди. 77. Мартабани, салтанатни истамаганлар, пайғамбарликни ва фақирликни истаганлар. Бир куни эрталаб Жаброил алайҳиссалом билан гаплашаётганларида, бу кеча уйларида ейишга бир луқма ҳам йўқлигини айтдилар. Шу онда Исрофил алайҳиссалом келиб: «Аллоҳу таоло айтганингизни эшитди ва мени юборди. Хоҳласангиз, қўлингиз теккан ҳар бир тош олтин, кумуш ёки зумрад бўлсин. Хоҳласангиз, подшоҳ бўлиб пайғамбарлик қилинг», – деди. Расулуллоҳ уч марта: «Қул бўлган ҳолда пайғамбарлик истайман», – дедилар.

78. Бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) муайян бир замонда, муайян бир юртда пайғамбарлик қилганлар. Муҳаммад алайҳиссалом эса ер юзидаги барча инсонларга ва жинларга қиёматгача пайғамбар қилиб юборилганлар. У зотнинг фаришталарнинг ҳам, ҳайвонларнинг ҳам, ўсимликларнинг ҳам, жонсиз нарсаларнинг ҳам, қисқаси, барча махлуқотнинг Пайғамбари эканликларини билдирган олимлар ҳам бор.

79. Раҳматлари, фойдалари барча мавжудотга ёйилган. Мўминларга фойдалари очиқ-ойдин. Бошқа пайғамбарлар (алайҳимуссалавоту ваттаслимот) замонидаги кофирларга дунёдаёқ азоблар берилар, улар йўқ қилинар эди. У зотга иймон келтирмаганларга эса дунёда азоб берилмади. Бир куни у зот Жаброил алайҳиссаломга: «Аллоҳу таоло менинг оламларга раҳмат эканимни билдирди. Менинг раҳматимдан сенга ҳам насиба тегдими?» – дедилар. Жаброил: «Аллоҳнинг улуғлиги, даҳшати қаршисида оқибатим қандай бўлишидан доим қўрқувда эдим. Амин эканимни билдирган оятларни (Таквир сурасининг 20 ва 21-оятларини) келтирганимда, бу мақтов билан даҳшатли қўрқувдан қутулдим, хотиржам бўлдим. Бундан катта раҳмат бўладими?» – деди. 80. Аллоҳу таоло Муҳаммад алайҳиссаломнинг рози бўлишларини истаган. (35-фазилатда билдирганимиздек, Аллоҳу таоло у зот рози бўлгунларича истаган нарсаларини беради. Бу ҳақда Зуҳо сурасида билдирилган.)

81. «Мавоҳиби ладуния» китобида «Умматимнинг залолат устида бирлашмасликларини Раббимдан сўрадим. Қабул қилди» деган ҳадиси шарифнинг машҳур экани айтилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дедилар: «Аллоҳу таоло сизларни уч нарсадан сақлади. Биринчиси – сизларни залолат устида бирлашишдан сақлади. Иккинчиси – юқумли касалликдан вафот этган киши шаҳидлик савобига эришади. Учинчиси – икки солиҳ мусулмон бир мусулмон ҳақида: „У яхши киши“, – деб гувоҳлик берса, ўша мусулмон жаннатга киради».

Бир ҳадиси шарифда: «Саҳобаларимнинг ихтилофи сизлар учун раҳматдир» ва «Умматимнинг ихтилофи (амалда мазҳабларга бўлиниши) раҳматдир», – дедилар. У зотнинг умматлари ҳақни, тўғрини топиш учун ҳаракат қилаётганда, ихтилофга тушадилар. Бу ҳаракатлари эса раҳматга сабаб бўлади. Бу ҳадиси шарифни икки тоифа киши инкор қилган: бири – можин, иккинчиси – мулҳид. Можин – динни дунё касбига восита қиладиган ҳийлагардир. Мулҳид эса ояти карималарга дунё манфаатларига қараб маъно бериб, кофир бўлган адашгандир. Яҳё ибн Саъид шундай дейди: Ислом олимлари енгиллаштирувчилардир. Бир ишга бири «ҳалол», бошқаси «ҳаром» деган. Солиҳ кишилар учун ҳалол деганларига фасод замонида ҳаром деганлар. Юқоридаги ҳадиси шарифлар кўрсатадики, ижмои уммат, яъни мужтаҳид деб аталадиган олимларнинг якдил фикри, адиллаи шаръийядандир. Яъни у дин илмларининг тўрт манбаидан биридир ва тўрт мазҳаб ҳақдир. Мазҳаблар – мусулмонларга Аллоҳу таолонинг раҳматидир. 82. Расулуллоҳнинг муборак қизлари ва завжалари (розияллоҳу таоло анҳунна) – дунё аёлларининг энг афзалларидир. У зотнинг барча саҳобалари ҳам пайғамбарлардан кейин барча инсонларнинг энг афзалларидир. У зотнинг шаҳарлари бўлган Маккаи мукаррама ва сўнгра Мадинаи мунаввара – ер юзининг энг қимматли жойларидир. Масжиди шарифларида ўқилган бир ракат намозга минг ракат савоби ёзилади. Бошқа ибодатлар учун ҳам шундай.

У зотнинг қабрлари билан минбарлари ораси – жаннат боғидир. У зот шундай дедилар:

«Вафотимдан кейин мени зиёрат қилган киши мени тириклигимда зиёрат қилган кабидир. Ҳарамайндан бирида вафот этган мўмин қиёмат куни омонликда тирилтирилади». Макка ва Мадина шаҳарларига Ҳарамайн дейилади. 83. Ҳар кимнинг насли ўғли орқали давом этади. Муҳаммад алайҳиссаломнинг насллари эса қизлари Фотимадан давом этади. Бу ҳадиси шарифда ҳам билдирилган. 84. Ҳар бир инсоннинг жинлардан бир ҳамроҳи бор. Бу шайтон кофирдир. У васваса бериб, инсоннинг иймонини олишга, унга гуноҳ қилдиришга уринади. Расул алайҳиссалом ўзларининг ҳамроҳи бўлган жинни иймонга келтирганлар.

85. Расулуллоҳ (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) вафот этадиган пайтларида Жаброил алайҳиссалом келиб, у зотга Аллоҳу таолодан салом келтирди ва Аллоҳу таоло у зотнинг ҳолларини сўраганини айтди. Вафот этишларини билдирди, у зотнинг ўзлари ва умматлари учун кўп хушхабарлар берди.

Оёғингиз тупроғига жаҳонни олмасман, ё Расулаллоҳ!
Бир соч толангизга етти осмонни алишмасман, ё Расулаллоҳ!
Сиддиқнинг талаби – биргина саҳвингиздир, ё Расулаллоҳ!
Ирфоннинг муроди – пойингизга тупроқдир, ё Расулаллоҳ!