Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ЮКСАК АХЛОҚЛАРИ1

Аллоҳу таоло севимли Пайғамбарига (саллаллоҳу алайҳи васаллам) берган яхшиликлари ва эҳсонларини санаб, у зотнинг муборак кўнгилларини эркалаб: «Сиз гўзал хулқли қилиб яратилдингиз», – дейди.2

Ояти каримада шундай дейилди, маъноси: «Шубҳасиз, сиз хулқи азим устидасиз (сиз улуғ ахлоқ соҳибисиз)». Хулқи азим – Аллоҳу таоло билан ўртасида сир, яширин нарсалар бўлиш, одамлар орасида эса гўзал хулқли бўлиш деганидир. Ҳазрати Икрима шундай дейди: «Абдуллоҳ ибн Аббосдан эшитдим: бу ояти каримадаги „хулқи азим“, яъни гўзал хулқлар – Қуръони карим баён қилган ахлоқдир».

Кўп кишиларнинг Ислом динига киришига Расулуллоҳнинг гўзал ахлоқлари сабаб бўлди.

Сўзлари ниҳоятда ширин бўлиб, кўнгилларни олар, руҳларни жазб этарди. Ақллари шу қадар кўп эдики, Араб ярим оролидаги қўпол, ўжар одамлар орасига келиб, уларни жуда гўзал идора қилдилар, жафоларига сабр қилдилар ва уларни юмшоқликка ва итоатга келтирдилар. Уларнинг кўпчилиги динини ташлаб мусулмон бўлди, ҳатто Ислом дини йўлида оталарига ва ўғилларига қарши жанг қилди.

У зотнинг йўлида молларини, юртларини фидо қилиб, қонларини тўкишди. Ҳолбуки улар бундай нарсаларга одатланмаган эди. У зотнинг гўзал хулқлари, юмшоқликлари, афвлари, сабрлари, эҳсон ва икромлари шу қадар кўп эдики, ҳаммани ҳайратда қолдирарди. Кўрганлар ва эшитганлар севиб-севиб мусулмон бўларди. Бирорта ҳаракатларида, бирорта ишларида, бирорта сўзларида ҳеч қачон ҳеч бир хунуклик, ҳеч бир нуқсон кўрилмаган. Ўзлари учун ҳеч кимдан ранжимаган бўлсалар ҳам, дин душманларига, динга тил ва қўл узатганларга нисбатан қаттиқ ва шиддатли эдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг минглаб мўъжизалари кўринди, буни дўсту душман – ҳамма айтди. Бу мўъжизаларнинг энг қимматлиси у зотнинг одобли ва гўзал хулқли бўлишлари эди. Ҳазрати Абу Саъид Худрий шундай деди: «Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳайвонга ем берардилар. Туяни боғлардилар. Уйларини супурардилар. Қўйни соғардилар. Кавушларининг сўкилган жойини тикардилар, ички кийимларини ямардилар.3 Хизматкорлари билан бирга овқатланардилар. Хизматкорлари қўл тегирмонини айлантириб чарчаса, унга ёрдам берардилар. Бозордан у-бу нарсаларни олиб, халтага солиб, уйларига олиб келардилар. Фақир билан ҳам, бой билан ҳам, катта билан ҳам, кичик билан ҳам учрашганларида, биринчи бўлиб салом берардилар. Улар билан мусофаҳа қилиш учун муборак қўлларини биринчи бўлиб узатардилар. Қулни ҳам, хожани ҳам, бекни ҳам, қорани ҳам, оқни ҳам бир хил кўрардилар. Ким бўлишидан қатъи назар, чақирилган жойга борардилар. Олдиларига қўйилган нарсани, оз бўлса ҳам, арзимас санамасдилар.

Кечқурундан эртага ва эртадан кечқурунга овқат қолдирмасдилар. Гўзал хулқли эдилар. Яхшилик қилишни яхши кўрардилар, ҳамма билан яхши чиқишардилар. Очиқ юзли, ширин сўзли эдилар, гапираётганларида кулмасдилар. Ғамгин кўринардилар, лекин қовоқларини солмасдилар. Камтар кўнгилли эдилар, лекин паст табиатли эмас эдилар. Ҳайбатли бўлиб, ҳурмат ва қўрқув уйғотардилар, лекин қўпол эмас эдилар. Нозик ва сахий эдилар, лекин исроф қилмас, фойдасиз жойга бирор нарса бермас, ҳаммага раҳм қилардилар. Муборак бошлари ҳамиша олдинга эгик эди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса кутмасдилар. Саодат ва ҳузур истаган киши у зотга ўхшаши керак». Анас ибн Молик шундай деди: «Расулуллоҳга ўн йил хизмат қилдим. Менга бирор марта ҳам „Уф!“ демадилар. Ҳеч қачон: „Буни нега бундай қилдинг?“ ёки „Нега буни қилмадинг?“ – демадилар».4 Абу Ҳурайра шундай деди: «Бир ғазотда у зотдан кофирларнинг йўқ бўлиши учун дуо қилишларини сўрадик. У зот: „Мен лаънат қилиш учун ҳам, одамлар азоб чексин деб ҳам юборилмадим. Мен ҳаммага яхшилик қилиш учун ва одамлар ҳузурга эришсин деб юборилдим“, – дедилар».5 Аллоҳу таоло Анбиё сурасининг 107-ояти каримасида шундай марҳамат қилади, маъноси: «Биз сизни оламларга раҳмат, яхшилик учун юбордик».

Абу Саъид Худрий шундай деди: «Расулуллоҳнинг ҳаёлари бокира мусулмон қизларининг ҳаёсидан ҳам кўпроқ эди».6

Анас ибн Молик шундай дейди: «Расулуллоҳ бир киши билан мусофаҳа қилсалар, ўша киши қўлини тортиб олмагунча, муборак қўлларини ундан айирмасдилар.7 Ўша киши юзини бурмагунча, муборак юзларини ундан бурмасдилар. Бирор кишининг ёнида ўтирганларида, икки тиззалари устида ўтирардилар, унга ҳурмат юзасидан муборак оёқларини тикка қилиб ўтирмасдилар».

Жобир ибн Самура шундай дейди: «Расулуллоҳ кам гапирардилар. Зарур бўлганда ёки бирор нарса сўралгандагина гапирардилар». Бундан ҳар бир мусулмон беҳуда, фойдасиз гапларни гапирмай, жим туриши лозимлиги англашилади. Муборак сўзларида тартил ва тарсил бор эди, яъни ниҳоятда очиқ ва тартибли гапирардилар, сўзлари осон тушуниларди. Анас ибн Молик шундай деди: «Расул алайҳиссалом беморларни зиёрат қилардилар, жаноза ортидан юрардилар ва чақирилган жойга борардилар. Эшакка ҳам минардилар. Мен Расул алайҳиссаломни Хайбар жангида кўрдим. Жилови арқондан бўлган эшак устида эдилар. Расул алайҳиссалом бомдод намозидан чиққанларида, Мадинанинг болалари ва ишчилари сувга тўла идишларини у зотнинг олдиларига келтиришар, муборак бармоқларини уларга ботиришларини сўрашарди. Қиш бўлиб, сув совуқ бўлса ҳам, у зот уларнинг илтимосларини рад қилмас, кўнгилларини хуш қилардилар».8

Анас ибн Молик яна шундай дейди: «Бир кичкина қиз Расул алайҳиссаломнинг қўлларидан тутиб, у зотни бирор иш учун олиб борса, у зот у билан бирга борардилар ва унинг мушкулини ҳал қилардилар».

«Шубҳасиз, сиз хулқи азим устидасиз (сиз улуғ ахлоқ соҳибисиз)» Қалам: 4

Жобир шундай деди: «Расул алайҳиссаломдан бирор нарса сўралганда, „йўқ“ деганларини ҳеч ким эшитмаган».

Пайғамбаримиз ҳаё соҳиби бўлиш жиҳатидан ҳам барча яратилганлардан афзал эдилар. Номуносиб нарсалар олдида кўзлари гўё юмуқ эди. Ҳеч кимга у ёқтирмайдиган сўз билан хитоб қилмасдилар.

Ҳазрати Оиша онамиз шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳга бирор кишининг ёқимсиз бир иш қилгани хабар қилинса, исмини айтмасдан, умумий маънода: „Нега бундай қилмоқдалар?“ – дердилар. Шу тарзда исмини айтмасдан ўша кишини қилган ёки айтган ёмон ишидан қайтарардилар».9

Анас ибн Молик ҳикоя қилди: «Бир куни Пайғамбаримизнинг ҳузурларига юзига сариқ рангли бир нарса суртилган бир киши кирди. Пайғамбаримиз унга ҳеч нарса демадилар. Унинг кўнглини оғритадиган бирор сўз ҳам айтмадилар. У чиқиб кетгач: „Айтганингизда, юзидагини ювиб ташлаган бўларди!“ – дедилар».10

Расулуллоҳ қавмларни бирлаштирувчи эдилар. Уларни бир-биридан нафратлантирмасдилар. Ҳар бир қавмнинг улуғига икром кўрсатиб, уни тўрга ўтқазардилар.

Ҳеч кимни ўзларининг муборак жамолларидан маҳрум қилмасдилар. Саҳобаларини излардилар, келмаганларини сўрардилар. Ёнларида ўтирганларга насиҳат қилардилар, уларга ўз насибаларини берардилар.

У зотнинг муомалаларидан ҳеч кимнинг кўнглига «бировни бошқасидан кўпроқ севар эканлар» деган фикр келмасди. Ёнларига шикоят қилиб келган кишига сабр-тоқат кўрсатиб, уни тинглардилар.

Келган киши ўзи кетмагунча, уни ташлаб кетмасдилар. Барча одамларга гўзал хулқ ва ахлоқларини энг яхши тарзда намоён қилардилар. У зотнинг ҳузурларида ҳақ ва адолат жиҳатидан ҳамма тенг эди. Ҳеч кимнинг ҳеч кимдан устунлиги, фарқи йўқ эди. Ҳазрати Оиша онамиз шундай деди: «Мен Расулуллоҳдек гўзал ахлоқли бирор кишини ҳеч қачон кўрмадим. Саҳобаларидан ёки аҳли байтидан ким у зотни чақирса, албатта: „Лаббай!“ – деб жавоб берардилар».11

Расулуллоҳ саҳобаларини энг гўзал исмлар билан чақирардилар. Ҳеч кимнинг сўзини бўлмасдилар. Гаплашаётган киши сўзини тугатмагунча ёки кетиш учун ўрнидан турмагунча, унинг сўзини бўлмасдилар. У зотнинг гўзал муомалалари, шафқат ва марҳаматлари ҳақида Аллоҳу таоло Тавба сурасининг 128-ояти каримасида шундай марҳамат қилди, маъноси: «Сизларнинг машаққат чекишингиз унга оғир келади, уни хафа қилади. У сизларга жуда ғамхўрдир; мўминларга жуда марҳаматли, уларга жуда кўп яхшилик тилайди».

Яна Анбиё сурасининг 107-ояти каримасида шундай марҳамат қилди, маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Биз сизни фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик».

Пайғамбаримиз умматларига оғир келмасин, деган андиша билан баъзи нарсаларни енгиллаштирардилар. У зот шундай дедилар: «Умматимга қийинчилик туғдирмаганимда, уларга ҳар таҳоратда мисвок ишлатишни буюрган бўлардим».12 Сўзида туриш жиҳатидан ҳам одамлар орасида Пайғамбаримиздан афзалроқ бирор киши келмаган. Абдуллоҳ ибн Абул Ҳамсо ҳикоя қилди: «Пайғамбаримиз билан, ҳали у зотга пайғамбарлик билдирилмасдан олдин, олди-сотди қилган эдим. У зотнинг ҳисобига бир қолдиқ қолган эди. Мен у зотга фалон вақтда фалон жойда учрашишга сўз бердим-у, унутиб қўйдим. Уч кундан кейин берган сўзимни эслаб, дарҳол ўша жойга югурдим. У зотнинг уч кундан бери ўша ерда кутиб турганларини кўриб, ҳайратдан қотиб қолдим. У зот менга: „Йигит, мени чарчатдинг! Мен сени бу ерда роппа-роса уч кундан бери кутяпман“, – дедилар». Пайғамбаримиздаги тавозеъ хислати ҳеч бир кишида, ҳатто ҳеч бир пайғамбарда (алайҳимуссалом) бўлмайдиган даражада буюк ва тенгсиз эди.

Кибр туйғуси у зотда ҳеч қачон пайдо бўлмаган. Пайғамбаримиз подшоҳ пайғамбар бўлиш билан қул пайғамбар бўлиш орасида ихтиёрлари ўзларига қўйилганда, қул пайғамбар бўлишни танладилар.13 Шунда Исрофил алайҳиссалом Пайғамбаримизга: «Шубҳасиз, Аллоҳу таоло сиз тавозеъ кўрсатиб воз кечган ўша хислатни ҳам сизга берди. Чунки қиёматда Одам болаларининг энг улуғи – сиз. Қабрдан биринчи турадиган инсон – сиз. Биринчи шафоат қиладиган ҳам – сиз», – деди.

Пайғамбаримиз ҳазрати Оиша онамизга шундай дедилар:

«Менга Макканинг тошини ва тупроғини олтинга айлантириш таклиф қилинди. Мен: „Йўқ, ё Раббим! Бир кун оч қолай, бир кун тўқ бўлай. Оч қолган куним Сенга ёлвориб дуо қиламан. Тўқ бўлган куним Сенга ҳамду сано айтаман“, – дедим».14

Бир куни Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, шундай деди:

«Аллоҳу таоло сизга салом йўллади. Агар хоҳласалар, мана бу тоғларни у зот учун олтинга айлантирай. Қаерга борсалар ҳам, у олтин тоғлар у зот билан бирга бўлади».

Севимли Пайғамбаримиз шундай жавоб бердилар: «Эй Жаброил! Дунё – уйи йўқнинг уйидир. Яна у – моли йўқ кишининг молидир. Уни ақли йўқ киши йиғади».15 Шунда Жаброил алайҳиссалом: «Ё Муҳаммад! Аллоҳу таоло сизни қавли собит билан мустаҳкам қилди», – деди.

Ҳазрати Оиша онамиз шундай деди: «Баъзан роппа-роса бир ой ўтарди, биз уйимизда (овқат пишириш учун) ўт ёқмасдик. Фақат хурмо билан сув бўларди».

Ибн Аббос шундай деди: «Расулуллоҳ ва у зотнинг аҳли байтлари кўп кечалари кечки овқат емасдан ётардилар. Кечқурун ейишга бирор нарса топа олмасдилар». Оиша онамиз шундай деди: «Расулуллоҳнинг муборак қоринлари ҳеч қачон таомга тўймаган. Бу ҳақда ҳеч кимга шикоят ҳам қилмаганлар. Муҳтожлик у зот учун бойликдан яхшироқ эди. Бутун кеча очликдан тўлғаниб чиқсалар ҳам, бу ҳол у зотни кундузги рўзаларидан тўхтатмасди.16

«Менга Макканинг тошини ва тупроғини олтинга айлантириш таклиф қилинди. Мен: „Йўқ, ё Раббим! Бир кун оч қолай, бир кун тўқ бўлай. Оч қолган куним Сенга ёлвориб дуо қиламан. Тўқ бўлган куним Сенга ҳамду сано айтаман“, – дедим» Ҳадиси шариф

Агар хоҳласалар, Раббиларидан ер юзининг барча хазиналарини, ризқларини ва фаровон ҳаётни сўраган бўлардилар. Қасам ичаманки, у зотнинг бу ҳолларини кўрганимда, жоним ачиб, йиғлардим. Қўлим билан муборак қоринларини силаб:

„Жоним сизга фидо бўлсин! Сизга қувват берадиган бу дунёдан баъзи манфаатлар олсангиз, бўлмайдими?“ – дердим.

У зот эса: „Эй Оиша! Мен дунёни нима қиламан? Улул азм пайғамбарлардан бўлган биродарларим бундан ҳам оғирроғига сабр қилдилар. Лекин улар ўша ҳолларида яшашни давом эттирдилар. Раббиларига қовушдилар. Шу сабабли Раббилари уларнинг Ўзига қайтишларини жуда гўзал қилди, савобларини оширди. Мен фаровон ҳаёт кечиришдан ҳаё қиламан, чунки бундай ҳаёт мени улардан ортда қолдиради. Мен учун энг гўзал ва энг севимли нарса – биродарларимга, дўстларимга қовушиш ва уларга қўшилишдир“, – дердилар».

Ҳазрати Оиша онамиз шундай деди: «Расулуллоҳ бу сўзларидан бир ойча вақт ўтгач, вафот этдилар». Пайғамбаримиз сахийликлари билан ҳам тилларда достон эдилар. Бу гўзал хулқда ҳам ҳеч ким Пайғамбаримизга ета олмаган.

Ибн Аббос шундай деди: «Расулуллоҳ яхшилик қилиш жиҳатидан одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазони шарифда ва Жаброил алайҳиссалом билан учрашган пайтларида тонг шамолидан ҳам сахийроқ бўлардилар». Анас ибн Молик шундай дейди: «Мен Расул алайҳиссалом билан бирга кетаётган эдим. Эгниларида бурди Нажроний, яъни Яман матосидан тикилган устки кийим бор эди. Орқадан қишлоқлик бир киши келиб, у зотни ёқаларидан шундай қаттиқ тортдики, ҳатто кийимнинг ёқаси муборак бўйинларини тирнаб, из қолди. Расул алайҳиссалом бу кишининг бу қилиғига кулиб қўйдилар ва унга бирор нарса беришни буюрдилар». Расул алайҳиссаломнинг қўшниси бўлган бир кампир бор эди. У қизини Расул алайҳиссаломнинг ҳузурларига юборди ва: «Намоз ўқиш учун ёпинадиган кийимим йўқ. Менга намозда ёпинадиган бир кийим юборинг», – деб ёлворди. Расул алайҳиссаломнинг ўша пайтда бошқа кийимлари йўқ эди. Муборак эгниларидаги кўйлакларини ечиб, ўша аёлга юбордилар. Намоз вақти киргач, кийимсиз масжидга чиқа олмадилар. Саҳобаи киром бу ҳолни эшитгач: «Расул алайҳиссалом шунчалик сахийлик қилмоқдаларки, кўйлаксиз қолиб, масжидга жамоатга кела олмаяптилар. Биз ҳам бор нарсамизни фақирларга тарқатайлик», – дейишди. Аллоҳу таоло дарҳол Исро сурасининг 29-ояти каримасини нозил қилди. Аввал Ҳабибига шундай марҳамат қилди, маъноси:

«Қўлларингизни бўйнингизга боғламанг, уларни бутунлай очиб ҳам юборманг (хасислик қилманг, ҳеч нарса бермай ҳам қўйманг)», – деб, сўнгра: «Молингизни ўзингизга қолмайдиган қилиб (қийинчиликка тушиб, намозни қолдириб хафа бўладиган даражада ҳам) тарқатиб юборманг! (Садақада ўртача бўлинг.)» – деди.

Ўша куни намоздан кейин ҳазрати Али Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Бугун бола-чақамни боқиш учун саккиз дирҳам кумуш қарз олган эдим. Унинг ярмини сизга берай. Ўзингизга бир кўйлак (кийим) олинг», – деди. Расул алайҳиссалом бозорга чиқиб, икки дирҳамга бир кўйлак сотиб олдилар. Қолган икки дирҳамга егулик олгани кетаётганларида, ўтирган бир кўзи ожизни кўрдилар. У: «Аллоҳ розилиги учун ва жаннат либосларига эришиш учун ким менга бир кўйлак беради?» – дерди. Расул алайҳиссалом сотиб олган кўйлакни унга бердилар. Кўзи ожиз кўйлакни қўлига олгач, мушкдек хушбўй ҳидни сезди. У бу хушбўй ҳид Расул алайҳиссаломнинг муборак қўлларидан келганини англади, чунки Расул алайҳиссалом бир марта кийган ҳар бир нарса, эскириб титилиб кетса ҳам, ҳар бир парчаси мушкдек хушбўй ҳидли бўларди.

Кўзи ожиз дуо қилиб: «Ё Раббим! Шу кўйлак ҳурмати учун кўзларимни оч!» – деди. Унинг икки кўзи ҳам дарҳол очилди. Расул алайҳиссалом у ердан кетдилар. Бир дирҳамга бир кўйлак сотиб олдилар. Қолган бир дирҳамга егулик олгани кетаётганларида, бир хизматчи қизнинг йиғлаётганини кўриб: «Қизим, нега бундай йиғлаяпсан?» – деб сўрадилар. Қиз: «Мен бир яҳудийнинг хизматчисиман. У менга бир дирҳам берди-да, ярим дирҳамга бир шиша, қолган ярмига ёғ сотиб олишимни буюрди. Мен уларни сотиб олиб, кетаётган эдим. Улар қўлимдан тушиб кетди. Шиша ҳам, ёғ ҳам зое бўлди, энди нима қилишимни билмай қолдим», – деди. Расул алайҳиссалом охирги дирҳамларини қизга бердилар. У зот: «Бунга шиша билан ёғ олиб, уйингга элт», – дедилар. Лекин бечора қиз: «Уйга кечикканим учун яҳудий мени уради, деб қўрқаман», – деди. Расул алайҳиссалом: «Қўрқма! Мен сен билан бирга бораман ва унга сенга ҳеч нарса қилмаслигини айтаман», – дедилар. Уйга келиб, эшикни тақиллатишди. Яҳудий эшикни очиб, Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кўргач, ҳайрон бўлиб қолди. Расулуллоҳ яҳудийга бўлиб ўтган воқеани айтиб бердилар ва қизга ҳеч нарса қилмаслиги учун шафоат қилдилар. Яҳудий Расулуллоҳнинг оёқларига йиқилиб: «Минглаб инсонларнинг бош тожи бўлган, минглаб арслонлар амрини бажаришга кутиб турган эй улуғ Пайғамбар! Бир хизматчи қиз учун мендек бир мискиннинг эшигини шарафладингиз. Ё Расулаллоҳ! Сизнинг ҳурматингиз учун бу қизни озод қилдим. Менга иймонни, Исломни ўргатинг. Ҳузурингизда мусулмон бўлай», – деди. Расул алайҳиссалом унга Исломни ўргатдилар. У мусулмон бўлди. Уйига кириб, оиласига бўлган воқеани айтиб берди. Уларнинг ҳаммаси мусулмон бўлди. Буларнинг барчаси Расулуллоҳнинг гўзал хулқлари баракоти билан бўлди.

Ҳар бир мусулмон Расулуллоҳнинг бу ҳолларини ўзига намуна қилиб олиши керак. Аллоҳу таолонинг ахлоқи билан ахлоқланиш ҳар бир мусулмонга лозимдир. Чунки Расулуллоҳ: «Аллоҳу таолонинг ахлоқи билан хулқланинглар!» – дедилар. Масалан, Аллоҳу таолонинг сифатларидан бири – «Саттор». Яъни У – гуноҳларни ёпувчидир.

Мусулмон ҳам дин биродарининг айбини, камчилигини ёпиши керак. Аллоҳу таоло бандаларининг гуноҳларини кечирувчидир. Шунинг учун мусулмонлар ҳам бир-бирларининг камчиликларини, айбларини кечиришлари керак. Аллоҳу таоло – Карим ва Раҳим. Яъни Унинг лутфи, эҳсони мўл ва марҳамати кўпдир. Мусулмон сахий ва марҳаматли бўлиши керак. Бутун гўзал ахлоқ ҳам шундайдир.

«Ҳа! Сизларнинг ҳамма нарсани қилишингизни биламан. Лекин иш қилаётганлардан ажралиб ўтиришни истамайман. Аллоҳу таоло шерикларидан ажралиб ўтирган кишини яхши кўрмайди» Ҳадиси шариф

Расул алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари жуда кўп. Ҳар бир мусулмон уларни ўрганиши ва улар каби ахлоқланиши лозим. Шундагина дунёда ҳам, охиратда ҳам фалокатлардан, машаққатлардан қутулиш ва у икки жаҳон сарварининг шафоатига эришиш насиб бўлади.

У зотнинг гўзал ахлоқларидан баъзилари:

1. Расулуллоҳдаги (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) илм, ирфон, фаҳм, яқийн, иқон, ақл, зако, саховат, тавозеъ, ҳилм, шафқат, сабр, ғайрат, ҳамият, садоқат, омонатдорлик, шижоат, маҳобат (ҳайбат), мардлик, нотиқлик, фасоҳат, фатонат, малоҳат (гўзаллик), вараъ, иффат, карам, инсоф, ҳаё, зуҳд ва тақво барча пайғамбарлардагидан кўпроқ эди.

2. Дўстларидан ҳам, душманларидан ҳам кўрган зарарларни, азиятларни афв қилардилар. Уларнинг ҳеч бирига жавоб қайтармасдилар. Уҳуд жангида кофирлар муборак ёноқларини қонатиб, тишларини синдирганларида, буни қилганлар учун: «Ё Раббим! Уларни афв эт! Жоҳилликлари учун кечир», – деб дуо қилган эдилар.

3. Шафқатлари кўп эди. Ҳайвонларга сув берардилар. Сув идишини қўллари билан тутиб, улар тўйгунча кутиб турардилар. Минган отларининг юзини ва кўзларини артардилар.

4. Ҳар бир чақирган кишига «Лаббайк» («Лаббай») деб жавоб берардилар. Ҳеч кимнинг ёнида оёқларини узатмасдилар. Тиз чўкиб ўтирардилар. 5. Ўзларини ҳеч кимдан устун тутмасдилар. Бир сафарда бир қўй кабоби тайёрланадиган бўлганда, бири: «Мен сўяман», – деди. Бошқаси: «Мен терисини шиламан», – деди. Яна бири: «Мен пишираман», – деди. Расулуллоҳ: «Мен эса ўтин тераман», – деганларида, улар: «Ё Расулаллоҳ! Сиз дам олинг! Биз ўзимиз терамиз», – дейишди. У зот: «Ҳа! Сизларнинг ҳамма нарсани қилишингизни биламан. Лекин иш қилаётганлардан ажралиб ўтиришни истамайман. Аллоҳу таоло шерикларидан ажралиб ўтирган кишини яхши кўрмайди», – дедилар ва туриб, ўтин теришга кетдилар. 6. Саҳобалари (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) ўтирган жойга келганларида, тўрга ўтмасдилар. Кўрган бўш жойларига ўтирардилар. Бир куни қўлларида ҳасса билан кўчага чиққанларида, кўрганлар ўринларидан туришди. У зот: «Бошқалар бир-бирларига ҳурмат юзасидан ўриндан турганлари каби, мен учун ўринларингиздан турманглар! Мен ҳам сизлар каби бир инсонман. Ҳамма қатори ейман. Чарчасам, ўтираман», – дедилар.

7. Ейишда, кийинишда ва ҳар нарсада хизматкорларини ўзларидан ажратмасдилар. Уларнинг ишларига ёрдам берардилар. Бирор кишини урганлари, сўкканлари ҳеч қачон кўрилмаган.

Ҳамиша у зотнинг хизматларида бўлган Анас ибн Молик шундай дейди: «Расулуллоҳга ўн йил хизмат қилдим. У зотнинг менга қилган хизматлари менинг у зотга қилганимдан кўп эди. Менга ранжиганларини, қаттиқ гапирганларини ҳеч қачон кўрмадим».17

8. Сўкилган, йиртилган кийимларини ўзлари ҳам ямардилар, қўйларини ўзлари ҳам соғардилар, ҳайвонларига ўзлари ҳам ем берардилар. Бозордан сотиб олган нарсаларини уйга ўзлари олиб борардилар. Сафарда ҳайвонларига ем берардилар, баъзан уларни тимор ҳам қилардилар. Буларни баъзан ёлғиз ўзлари қилардилар, баъзан хизматкорларига ёрдамлашардилар. 9. Баъзи кишиларнинг хизматкорлари келиб, у зотни чақиришганда, Мадинанинг одатига кўра, улар билан қўл ушлашиб юрардилар.

10. Беморларни зиёрат қилардилар, жанозаларда ҳозир бўлардилар. Кўнгил олиш учун кофирлар ва мунофиқларнинг беморларини ҳам зиёрат қилардилар. 11. Бомдод намозини ўқитиб бўлгач, жамоатга қараб ўтириб: «Бемор бўлган биродаримиз борми? Зиёратига борайлик!» – дердилар. Бемор бўлмаса: «Жанозаси бўлган киши борми? Ёрдамга борайлик!» – дердилар. Жаноза бўлса, уни ювишда, кафанлашда ёрдам берардилар, жаноза намозини ўқитардилар ва қабригача борардилар. Жаноза бўлмаса: «Туш кўрган киши бўлса, айтсин! Эшитайлик, таъбир қилайлик!» – дердилар.

12. Саҳобаларидан бирини уч кун кўрмасалар, уни сўраб-суриштирардилар. Сафарга кетган бўлса, унга хайрли дуо қилардилар, шаҳарда бўлса, зиёратига борардилар. 13. Йўлда учратган мусулмонга биринчи бўлиб ўзлари салом берардилар. 14. Туяга, отга, хачирга ва эшакка минардилар, баъзан орқаларига бошқа бировни ҳам мингаштирардилар.

15. Меҳмонларига, саҳобаларига хизмат қилардилар ва: «Бир қавмнинг сарвари, энг афзали – уларга хизмат қилганидир», – дердилар.

16. Қаҳқаҳа билан кулганлари ҳеч қачон кўрилмаган. Овозсиз табассум қилардилар. Баъзан кулганларида муборак олд тишлари кўринарди.

17. Ҳамиша ўйчан, ғамгин кўринар, кам гапирардилар. Гапни табассум билан бошлардилар. 18. Кераксиз ва фойдасиз бирор нарса гапирмасдилар. Зарур бўлганда, қисқа, фойдали ва маъноси очиқ қилиб гапирардилар. Яхши тушунилиши учун баъзан уч марта такрорлардилар.

19. Бегоналар билан ҳам, танишлар билан ҳам, болалар билан ҳам, кекса аёллар билан ҳам ва маҳрам аёллари билан ҳам ҳазил-мутойиба қилардилар. Лекин бу у зотнинг Аллоҳу таолони бир лаҳза ҳам унутишларига сабаб бўлмасди.

20. Ҳайбатларидан ҳеч ким юзларига қарай олмасди. Бир киши келиб, муборак юзларига қарагач, титрай бошлади. У зот: «Тортинма! Мен подшоҳ эмасман, золим эмасман. Қуритилган гўшт ейдиган бир бечора аёлнинг ўғлиман», – дедилар. Ҳалиги кишининг қўрқуви кетиб, дардини айта бошлади.

21. Қоровуллари, дарбонлари йўқ эди. Ҳар ким бемалол ёнларига келиб, дардини айта оларди. 22. Ҳаёлари кўп эди. Гаплашаётган кишининг юзига қарашдан уялардилар.

«Бир қавмнинг сарвари, энг афзали – уларга хизмат қилганидир» Ҳадиси шариф

23. Ҳеч кимнинг айбини юзига солмасдилар. Ҳеч кимдан шикоят қилмас, ҳеч кимнинг орқасидан гапирмасдилар. Бирор кишининг сўзини ёки ишини ёқтирмаганларида: «Баъзи кишилар нега бундай қилишаркин?» – дердилар.

24. Аллоҳу таолонинг суюклиси, расули ва мақбули бўла туриб: «Орангизда Аллоҳу таолони энг яхши танийдиганингиз ва Ундан энг кўп қўрқадиганингиз – менман», – дердилар. «Мен кўрганни кўрганингизда, оз кулиб, кўп йиғлардингиз», – дердилар.18 Осмонда булут кўринганда: «Ё Раббим! Бу булут билан бизга азоб юборма!» – дердилар. Шамол эсганда: «Ё Раббим! Бизга хайрли шамол юбор!» – деб дуо қилардилар. Момақалдироқ гумбурлаганда: «Ё Раббим! Бизни ғазабинг билан ўлдирма, азобинг билан ҳалок қилма ва бундан олдин бизга офият эҳсон эт!» – дердилар.

Намозга турганларида, йиғлаётган кишининг ичини тортганидек, кўксларидан овоз эшитиларди. Қуръони карим ўқиганларида ҳам шундай бўларди. 25. Қалбларининг қуввати, шижоатлари ҳайрон қоларли даражада кўп эди. Ҳунайн жангида мусулмонлар тарқалиб кетиб, у зот уч-тўрт киши билан қолган эдилар. Бир неча марта кофирларнинг ҳужумига ёлғиз ўзлари қарши турдилар ва асло орқага чекинмадилар. Уларга қарши туриб, қочирдилар.

26. Ниҳоятда сахий эдилар. Юзлаб туя ва қўйларни ҳадя қилар, ўзларига ҳеч нарса қолдирмасдилар. Неча-неча тошбағир кофирлар бу эҳсонларини кўриб, иймонга келганлар.

27. У зотдан бирор нарса сўралганда, «йўқ» деганлари ҳеч қачон эшитилмаган. Бор бўлса, берардилар, йўқ бўлса, сукут қилардилар.

28. Аллоҳу таоло: «Сўранг, берай», – деган бўлса ҳам, дунё бойлигини сўрамадилар. Эланган буғдой унидан пиширилган нонни ҳеч қачон емадилар. Ҳамиша эланмаган арпа унидан пиширилган нон еярдилар. Тўйгунча еганлари кўрилмаган. Уйда икки-уч ой овқат пиширилмай, нон ёпилмай, фақат хурмо еган ойлари ҳам бўлган. Икки-уч кун ҳеч нарса емаган пайтлари ҳам бўларди.

29. Вафот этганларида, темир совутлари ўттиз килограмм арпа учун бир яҳудийда гаровда қолгани маълум бўлди. 30. Бирор таомни ёқтирмаганлари эшитилмаган. Ёқтирганини еярдилар, ёқтирмаганини емасдилар ва ҳеч нарса демасдилар. Кунига бир марта овқатланардилар. Баъзан эрталаб, баъзан кечқурун еярдилар. Уйга келганларида: «Егулик борми?» – деб сўрардилар, йўқ дейилса, рўза тутардилар. Таомни дастурхон, патнис, стол каби нарса устига қўймай, ерга қўяр, тиз чўкиб, ҳеч нарсага суянмай еярдилар. Таомга басмала айтиб бошлардилар. Ўнг қўллари билан еярдилар. 31. Завжаларига ва бир неча хизматкорларига баъзан бир йиллик арпа ва хурмо ажратиб қўяр, ундан фақирларга садақа ҳам берардилар.

32. Бошқа пайғамбарлар каби, садақа ҳам, закот моли ҳам олмасдилар. Ҳадяни қабул қилардилар. Кўпинча унинг эвазини ортиғи билан қайтарардилар.

33. Тўшаклари ичи хурмо толалари билан тўлдирилган ошланган теридан эди. Ичи жун билан тўлдирилган бир тўшак келтиришганда, уни қабул қилмадилар ва: «Ё Оиша! Аллоҳу таолога қасамки, агар истасам, Аллоҳу таоло ҳар ерда ёнимда олтин ва кумуш уюмларини муҳайё қилиб қўяр эди», – дедилар. Баъзан бўйра, тахта, тўшак, жундан босилган кигиз ёки қуруқ тупроқ устида ётардилар.

34. Хуфтондан кейин ярим кечагача ухлаб, сўнгра бомдод намозигача ибодат қилардилар. Ўнг ёнлари билан ётиб, ўнг қўлларини ёноқлари остига қўяр, баъзи сураларни ўқиб ухлардилар. 35. Тафаъул қилардилар. Яъни биринчи кўрган, тўсатдан кўрган нарсаларини яхшиликка йўярдилар. Ҳеч нарсани шумлик белгиси санамасдилар.

36. Ғамгин пайтларида соқолларини ушлаб, ўйга толардилар.

37. Хафа бўлганларида, дарҳол намозга киришардилар. Намознинг лаззати ва сафоси билан ғамни кетказардилар. 38. Ғийбат қилувчининг, яъни бошқаларнинг орқасидан гапирувчининг сўзини асло тингламасдилар.

39. Юрганларида ён тарафга ёки орқага қараш керак бўлса, бутун баданлари билан бурилиб қарардилар. Фақат бошларини буриб қарамасдилар. 40. Пайғамбаримизнинг Аллоҳу таолодан қўрқишлари, Унга итоат ва ибодат қилишлари шу қадар кўп эдики, у зотнинг бу ҳолларига ҳеч ким тоқат қила олмасди. Муборак оёқлари шишгунча намоз ўқирдилар. «Ё Расулаллоҳ! Сизнинг ўтган ва келадиган барча хатоларингиз кечирилган бўлса ҳам, нега ўзингизни бунчалик қийнайсиз?» – дейилганда: «Мен Аллоҳу таолонинг энг кўп шукр қиладиган бандаси бўлмайинми?» – деб жавоб бердилар.

Жон булбули бир гулни тинмай истар,
Ўйлама ҳеч, ағёр ила жанжал истар деб.
Тўхтамай теварагида паргор каби айланиб,
Бирдан хилватга талпинмоқни истар.
Англадим: ул гўзал гул ғайрга сирин очмаган,
Ғунча каби, булбулни доимо истар.
Ағёрдан яширган ул дилбар ёноғини,
Улар эса беҳуда қуруқ савдо истар.
Зотий! Висол йўлида Мажнун каби юрар,
Ўзини эритиб, Лайлони истар.

«Мен Аллоҳу таолонинг энг кўп шукр қиладиган бандаси бўлмайинми?» Ҳадиси шариф