Севимли Пайғамбарим

ҲИЛЙАИ САОДАТ

Ҳабиби акрам Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ташқи кўринишларига «Ҳилйаи саодат» дейилади. Ислом олимлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўриниб турадиган барча аъзоларини, шаклларини, сифатларини, гўзал хулқларини ва энг нозик жиҳатларигача бутун ҳаётларини санад ва ҳужжатлари билан очиқ-равшан ёзиб қолдирганлар. Бу маълумотлар бевосита Пайғамбаримизнинг ўз баёнлари бўлган ҳадиси шарифлардан ва саҳобалари хабар берган ривоятлардан жамланган. Уларни ўз ичига олган асарларга сийрат китоблари дейилади. Минглаб сийрат китоблари орасида Пайғамбаримизнинг ҳилйаи саодатларини баён қилган энг машҳур китоблар – имом Термизийнинг «Аш-Шамоилур-Расул», Қози Иёзнинг «Шифои шариф», имом Байҳақий ва Абу Нуайм Исфаҳонийнинг «Далоилун-нубувва» номли китоблари ва имом Қасталоний ҳазратларининг «Мавоҳиби ладуния» номли асаридир. Ҳадиси шарифларда ва саҳобаи киром хабар берган ривоятларда севимли Пайғамбаримизнинг ҳилйаи саодатлари шундай тасвирланади: «Фахри коинотнинг муборак юзлари, бутун шарафли аъзолари ва муборак овозлари барча инсонларнинг юзлари, аъзолари ва овозларидан гўзал эди.

Муборак юзлари бироз думалоқ эди, хурсанд пайтларида ойдек нурланарди.1 Севинганлари муборак пешоналаридан билиниб турарди.

Расулуллоҳ кундузи қандай кўрсалар, кечаси ҳам шундай кўрардилар. Олдиларидаги нарсаларни қандай кўрсалар, орқаларидагиларни ҳам шундай кўрардилар. Ёнга ёки орқага қарамоқчи бўлганларида, бутун баданлари билан бурилиб қарардилар. Ерга осмондан кўра кўпроқ қарардилар. Муборак кўзлари катта, киприклари узун эди. Муборак кўзларида бироз қизиллик бор эди, кўз қорачиқлари ниҳоятда қора эди, кечалари кўзларига сурма тортардилар. Фахри оламнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пешоналари очиқ эди.

Муборак қошлари ингичка, икки қошлари ораси очиқ эди. Икки қошлари орасидаги томир ғазабланганларида бўртиб чиқарди. Муборак бурунлари ниҳоятда чиройли, ўрта қисми бироз баландроқ эди. Муборак бошлари катта эди. Муборак оғизлари кичик эмас эди. Муборак тишлари оппоқ, олд тишлари сийрак эди. Гапирганларида гўё тишлари орасидан нур чиқарди. Аллоҳу таолонинг бандалари орасида у зотдан кўра фасоҳатлироқ ва ширин сўзлироқ бирор киши кўрилмаган.

Фахри олам етгач қирқ ёшига,
Қўйилди рисолат тожи бошига.
Дам-бадам овоз келарди: «Ё Амин,
Сизни қилдим раҳматан лил-оламин».

«Ўзим борган ҳар бир черковнинг епископидан Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) сифатларини ва ҳилйаларини (шакл-шамоилларини) сўрадим ва барчасини бирма-бир хотирамга жойладим. Мадинага қайтгач, барчасини Расулуллоҳга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтиб бердим. Бу у зотга маъқул бўлди» Муғийра ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)

Қуръони карим нозил бўлди оят-оят баййинот,
Зоҳир бўлди турли-турли мўъжизот.
Гарчи бошдан-оёқ нур эди ул пок зот,
Лек ҳар аъзосида бор эди мўъжизот.
Аввало шулки, ул зотнинг муборак жисми
Ерга солмас эди сояси-ю расми.
Бошдан-оёқ нур эди танаси ул зотнинг,
Аёндир: нурнинг бўлмас сояси.
Ҳам муборак бошлари узра ҳар замон
Бир парча булут бўларди соябон.
Қаерга борсалар, у ҳам бирга борарди,
Бошлари узра доимо турарди.
Ул муборак кўзларидаги мўъжиза
Қандай эканин ҳам айтайин сизга.
Олдиларида нечук кўрардилар аён,
Ортидагини ҳам кўрардилар ҳар он.
Эшитинг, ул муборак бурнининг
Мўъжизаси нечукдир, бир кўринг.
Ваҳий билан тушганда Жаброили Амин,
Кўкдан ажралган соатнинг ўзида
Жаброилнинг ҳидин сезардилар ул,
Ваҳий-ла тушганин билардилар ул.
Лабларин қимирлатсалар ул ой юзли зот,
Кўкда қуёш доираси ҳам қимирларди.

Муборак сўзлари жуда осон тушуниларди, кўнгилларни олар ва руҳларни ўзига тортарди. Гапирганларида сўзлари дурдек тизиларди. Бирор киши санамоқчи бўлса, сўзларини санаш мумкин эди. Баъзан яхши тушунилиши учун уч марта такрорлардилар. (Жаннатда Муҳаммад алайҳиссалом гапирганларидек гапирилади.) Муборак овозлари ҳеч кимнинг овози етмайдиган жойга етарди. Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) очиқ юзли эдилар. Табассум қилиб кулардилар ва шунда муборак олд тишлари кўринарди.

Кулганларида нурлари деворларга акс этарди. Йиғлашлари ҳам кулишлари каби енгил эди. Қаҳқаҳа билан кулмас, овоз чиқариб йиғламас эдилар, лекин хафа бўлганларида муборак кўзларидан ёш оқар, муборак кўксларидан овоз эшитиларди. Умматларининг гуноҳларини ўйлаганларида, Аллоҳу таолодан қўрққанларидан, Қуръони каримни эшитганларида ва баъзан намоз ўқиётганларида ҳам йиғлардилар. Фахри оламнинг муборак бармоқлари йирик, муборак билаклари гўштдор эди. Муборак кафтлари кенг эди. Бутун вужудларининг ҳиди мушкдан ҳам хушбўй эди. Муборак баданлари ҳам юмшоқ, ҳам бақувват эди. Анас ибн Молик шундай дейди: «Расулуллоҳга ўн йил хизмат қилдим. Муборак қўллари ипакдан ҳам юмшоқ эди».

Муборак таналари мушкдан ҳам, гуллардан ҳам хушбўйроқ эди. Муборак қўллари, оёқлари ва бармоқлари узун эди. Муборак оёқларининг бармоқлари йирик, оёқ кафтлари унча ботиқ бўлмай, юмшоқ эди. Муборак қоринлари кенг бўлиб, кўкслари билан бир текисда эди. Елка суякларининг бошлари йирик, муборак кўкслари кенг эди. Расулуллоҳнинг қалби шарифлари илоҳий назаргоҳ эди. Расули акрам жуда узун бўйли бўлмаганлари каби, паст бўйли ҳам эмас эдилар. Ёнларига узун бўйли бир киши келса, ундан узунроқ кўринардилар. Ўтирганларида муборак елкалари ўтирганларнинг ҳаммасиникидан баланд бўларди.

Муборак соч ва соқолларининг толалари на жуда жингалак, на жуда текис эди, яратилишдан тўлқинсимон эди. Муборак сочлари узун эди; аввалига кокил қўярдилар, кейинроқ сочларини иккига ажратадиган бўлдилар. Муборак сочларини баъзан ўстирардилар, баъзан кесиб, қисқартирардилар. Соч ва соқолларини бўямасдилар. Вафот этганларида соч ва соқолларидаги оқ толалар сони йигирматадан кам эди. Муборак мўйловларини қисқа қилиб қирқардилар. Мўйловларининг узунлиги ва шакли муборак қошлари каби эди. Хизматларида махсус сартарошлари бор эди.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мисвок ва тароқларини ёнларидан айирмасдилар. Муборак соч ва соқолларини тараганларида ойнага қарардилар. Фахри коинот олдиларига қараб, илдам юрардилар ва бирор жойдан ўтганлари хушбўй ҳидларидан билиниб турарди. Расулуллоҳ араб эдилар. Яъни юзларининг ранги қизилга мойил оқ бўлиб, ниҳоятда гўзал, нурли ва ёқимли эдилар». Пайғамбаримизни қора деган киши кофир бўлади. «Араб» сўзининг луғавий маъноси – «гўзал». Масалан, «лисони араб» – «гўзал тил» деганидир. Истилоҳий маъноси эса, яъни география бўйича араб – Арабистон деб аталадиган ярим оролда туғилиб ўсган, у ернинг иқлими, ҳавоси, суви ва озиғи билан улғайган ва ўша ердагиларнинг қонидан бўлган киши деганидир. Анатолиядаги турк қонидан келганларга турк, Болгарияда туғилиб ўсганларга болгар, Германиядагиларга немис деганлари каби, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам Араб ярим оролида туғилганлари учун арабдирлар. Араблар оқ, буғдойранг юзли бўладилар. Айниқса, Пайғамбаримизнинг сулолалари оқ юзли ва жуда гўзал эди. Зотан аждодлари Иброҳим алайҳиссалом ҳам оқ юзли бўлиб, Басра шаҳри аҳолисидан Торуҳ исмли оқ юзли бир мўминнинг ўғли эдилар. Кофир бўлган Озар Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси эмас, балки амакиси ва ўгай отаси эди.

«Расулуллоҳга ўн йил хизмат қилдим. Муборак қўллари ипакдан ҳам юмшоқ эди. Муборак таналари мушкдан ҳам, гуллардан ҳам хушбўйроқ эди» Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)

Севимли Пайғамбаримизнинг оталари Абдуллоҳнинг гўзаллиги Мисргача тарқалган эди ва пешонасидаги нур туфайли икки юзга яқин қиз унга турмушга чиқиш учун Маккага келган эди. Лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури Оминага насиб бўлди. У зотнинг амакилари Аббос ва Аббоснинг ўғли Абдуллоҳ ҳам оқ юзли эди. Пайғамбаримизнинг қиёматгача бўладиган авлодлари ҳам гўзал ва оқ юзлидир. Расулуллоҳнинг саҳобалари ҳам оқ юзли ва гўзал эди. Усмон (розияллоҳу анҳу) оқ юзли, сариқ сочли эди. Расулуллоҳнинг Византия императори Ҳирақл ҳукуматига юборган элчилари Диҳя Калбий жуда гўзал эди ва у кўчаларда юрганда, Византия қизлари унинг юзини кўриш учун кўчаларга чиқишарди. Жаброил алайҳиссалом кўпинча Диҳянинг (розияллоҳу анҳу) қиёфасида келарди. Миср, Шом, Африка, Сицилия ва Испаниянинг маҳаллий аҳолиси араб эмас. Лекин араблар Исломни дунёга ёйиш учун Араб ярим оролидан чиқиб, бу ерларга келганлари сабабли, бугун улар бу ерларда ҳам бор. Шунингдек, улар Анатолияда, Ҳиндистонда ва бошқа мамлакатларда ҳам бор. Лекин бугун бу мамлакатларнинг ҳеч бирининг аҳолисини араб деб аташ тўғри бўлмайди.

Миср аҳолиси қорачадир. Ҳабашистон аҳолиси қора танли, уларга ҳабаш дейилади. Зангибар аҳолисига занжи дейилади, улар ҳам қора танли. Пайғамбаримизнинг қариндошларини, набираларини севиш ва ҳурмат қилиш – ибодатдир. Уларни ҳар бир мусулмон севади. Анатолияга меҳмон бўлиб келган қора танли фаллоҳлар, ҳабашлар, занжилар ҳурмат ва иззат-икром кўриш учун ўзларини араб деб таништирганлар, Анатолиянинг соф кўнгилли мусулмонлари эса уларнинг сўзларига ишониб, уларни севганлар. Чунки бу муҳаббатда қора ва оқнинг фарқи йўқ. Қора танли бир мусулмон оқ танли бир кофирдан бир неча баробар афзал, қимматли ва севимлидир. Инсоннинг қора танли бўлиши иймоннинг шарафини камайтирмайди. Ҳазрати Билол Ҳабаший ва Расулуллоҳ жуда яхши кўрган Усома қора танли эдилар. Ёмонликлари ва пастликлари ҳаммага маълум бўлган кофирлар Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳл оқ танли эди. Аллоҳу таоло инсоннинг рангига эмас, иймонининг қувватига ва тақвосига қиймат беради. Лекин қораларнинг ўзларини араб деб таништиришлари Ислом душманлари – яҳудийларнинг ишига яради. Бир томондан, улар қора танли одамларни паст ва жирканч қилиб кўрсатдилар. Уларни қул қилиб ишлатдилар.

Иккинчи томондан, қора мушукларни, итларни «Араб, араб» деб чақириб, газета ва журналларда босган қора расмлар ва карикатураларни араб деб атаб, ёшларга арабни қора қилиб кўрсатишга, шу йўл билан мусулмон болаларини Пайғамбаримиздан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) совутишга уриндилар.

Гўзал хулқларнинг барчаси севимли Пайғамбаримизда жамланган эди. У зотнинг гўзал хулқлари ваҳбий, яъни Аллоҳу таоло томонидан берилган бўлиб, касбий, яъни кейинчалик ҳаракат қилиб эришилган эмас эди. У зот ҳеч қачон бирор мусулмоннинг исмини айтиб лаънат қилмаганлар ва муборак қўллари билан ҳеч кимни урмаганлар. Аллоҳ учун интиқом олганлар, ўзлари учун эса ҳеч кимдан интиқом олмаганлар. Қариндошларига, саҳобаларига ва хизматкорларига тавозеъ билан яхши муомала қилардилар. Уйда жуда юмшоқ ва очиқ юзли эдилар. Беморларни зиёрат қилардилар, жанозаларда ҳозир бўлардилар. Саҳобаларининг ишларига ёрдам берардилар, болаларини қучоқларига олардилар. Лекин қалблари булар билан банд бўлмасди. Муборак руҳлари фаришталар оламида эди. Расулуллоҳни тўсатдан кўрган кишини қўрқув босарди. Агар ўзлари юмшоқ муомала қилмаганларида, пайғамбарлик ҳолатлари туфайли ҳеч ким ёнларида ўтира олмас, сўзларини эшитишга тоқат қила олмас эди. Ҳолбуки ўзлари ҳаёлари туфайли муборак кўзлари билан ҳеч кимнинг юзига тикилиб қарамасдилар.

Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотдан бирор нарса сўралганда, «йўқ» деганларини ҳеч ким кўрмаган. Сўралган нарса бўлса, берардилар, бўлмаса, жавоб бермасдилар.

У зотнинг шунчалик кўп яхшиликлари, шунчалик кўп эҳсонлари бор эдики, Византия императорлари ҳам, Эрон шоҳлари ҳам, бошқа бирор ҳукмдор ҳам у зотчалик эҳсон қила олмасди. Лекин ўзлари танг ҳолатда яшашни яхши кўрардилар; шундай бир ҳаёт кечирардиларки, ейиш-ичиш хаёлларига ҳам келмасди. Ҳеч қачон: «Овқат келтиринглар, ейлик» ёки «Фалон овқатни пиширинглар», – демасдилар. Овқат келтирилса, еярдилар, қандай мева беришса ҳам, қабул қилардилар. Баъзан ойлаб оз еярдилар, очликни яхши кўрардилар. Баъзан кўп ҳам еярдилар. Овқатдан кейин сув ичмасдилар. Сувни ўтириб ичардилар.2 Бошқалар билан овқатланганларида, ҳаммадан кейин қўл тортардилар.3 Ҳар кимнинг ҳадясини қабул қилардилар. Ҳадя келтирган кишига ҳадясидан бир неча баробар ортиғини қайтарардилар.

Турли либослар кийиш одатлари эди. Чет давлатларнинг элчилари келганда, безаниб, қимматбаҳо ва нафис либослар кийиб, гўзал юзларини кўрсатардилар. Тоши ақиқдан бўлган кумуш узук тақардилар ва уни муҳр сифатида ишлатардилар. Узукларида «Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб ёзилган эди. Тўшаклари теридан бўлиб, ичи хурмо дарахтининг толалари билан тўлдирилган эди. Баъзан шу тўшак устида, баъзан ерга тўшалган тери устида, баъзан эса бўйра ёки қуруқ тупроқ устида ётардилар. Муборак кафтларини ўнг ёноқлари остига қўйиб, ўнг ёнлари билан ётардилар.4 Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) закот молини олмасдилар, хом пиёз ва саримсоқ каби нарсаларни емасдилар ва шеър айтмасдилар. Пайғамбаримизнинг муборак кўзлари ухларди, қалби шарифлари эса ухламасди. Оч ётиб, тўқ турардилар. Ҳеч эснамасдилар. Муборак вужудлари нурли эди, сояси ерга тушмасди. Либосларига пашша қўнмасди, чивин ва бошқа ҳашаротлар муборак қонларини сўрмасди.

Аллоҳу таоло у зотнинг Расулуллоҳ эканликларини билдиргандан кейин, шайтонлар осмонларга чиқиб хабар ололмайдиган, коҳинлар ҳам олдиндан хабар бера олмайдиган бўлиб қолдилар. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳозир ҳам биз билмайдиган бир ҳаёт билан тирикдирлар. Жасади шарифлари асло чиримайди. Қабрларида бир фаришта туриб, умматлари айтган салавотларни у зотга етказиб туради. Минбарлари билан қабри шарифлари орасидаги жойга Равзаи мутаҳҳара дейилади. Бу жой – жаннат боғларидан биридир. Қабри шарифларини зиёрат қилиш – тоатларнинг энг улуғи ва ибодатларнинг энг қимматлисидир. Саҳобаи киромнинг улуғлари Пайғамбаримизнинг гўзалликларини шундай таърифладилар. Абу Ҳурайра шундай деди: «Мен Расулуллоҳдан гўзалроқ бирор кишини кўрмадим. Гўё қуёш бутун ёғдуси билан у зотнинг юзларида порларди. Кулганларида тишлари деворларга ёруғлик сочарди».

«Умматим ичида мени энг кўп севганлар – мендан кейин келадиган, мени кўриш учун аҳлини ва молини фидо қиладиган кишилардир» Ҳадиси шариф

Ибн Абу Ҳола шундай деди: «Пайғамбаримизнинг муборак юзлари ўн тўртинчи кечанинг ойидек порларди». Ҳазрати Али шундай деди: «У зотни тўсатдан кўрган кишини ҳайбатларидан қўрқув босарди. У зот билан суҳбатлашиб таниган киши эса дарҳол у зотга меҳр қўйиб, севиб қоларди».

Жобир ибн Самура шундай деди: «Расулуллоҳ муборак қўллари билан юзимни силадилар. Қўлларида гўё атторларнинг, яъни хушбўй нарсалар сотадиган кишиларнинг халтасидан янги чиқарилгандек ёқимли ҳид ва салқинлик сездим. Расулуллоҳ мусофаҳа учун бирор кишининг қўлига қўлларини теккизсалар, кун бўйи ўша кишининг қўлидан бу хушбўй ҳид кетмасди».5

Ҳазрати Оиша онамиз шундай деди: «Расулуллоҳ бирор боланинг бошини силасалар, бошқа болалар орасида ўша бола хушбўй ҳидидан дарҳол билиниб турарди».6

Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уйларида ухлаб ётган эдилар. Анас ибн Моликнинг онаси Умму Сулайм келди. Уйқу пайтида Расулуллоҳнинг муборак юзларида тер томчилари пайдо бўлган эди. Умму Сулайм Пайғамбаримизнинг муборак терларини йиғишга киришди. У зот уйғониб, бунинг сабабини сўраганларида, Пайғамбаримизнинг сут холалари бўлган Умму Сулайм: «Уни атирларимизга қўшамиз. Терингиз – хушбўй нарсаларнинг энг гўзали, энг ёқимли ҳидлисидир», – деди.7

Абу Ҳурайра шундай деди: «Юришда Расулуллоҳдан тезроқ юрадиган кишини кўрмадим. Гўё ер у зотнинг олдиларида йиғилиб борарди. У зот билан бирга юрганимизда, бор кучимизни сарфлаб, ўзимизни зўрлардик».

Пайғамбаримиз ниҳоятда гўзал гапирардилар. Сўзни қаердан бошлаб, қаерда тугатиш кераклигини энг мукаммал тарзда билардилар. Сўзлари айтилиш жиҳатидан тиниқ, ниҳоятда фасиҳ ва таъсирли эди. Сўз ва калималарида маънонинг тўғрилиги ҳамиша ўзини кўрсатиб турарди. Ифода қудратлари ниҳоятда юксак бўлгани учун гапирганларида асло чарчамасдилар ва қийналмасдилар.

Пайғамбаримизнинг гўзалликлари

«Уламои росихин» деб аталадиган, зоҳир ва ботин илмларда устоз ва Пайғамбаримизнинг ворислари бўлган улуғ Ислом олимлари у зотни бутун гўзалликлари билан кўриб, у зотга ошиқ бўлганлар. Уларнинг бошида Абу Бакр Сиддиқ туради. У Расулуллоҳдаги (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пайғамбарлик нурини кўриб, у зотнинг афзалликлари, гўзалликлари ва юксакликларини идрок этиб, ошиқ бўлди ва бу йўлда шу даражада илгарилаб кетдики, бошқа ҳеч ким унга ўхшай олмади. Ҳазрати Абу Бакр ҳар лаҳзада, қаерга қарамасин, Расулуллоҳни кўрарди. Бир гал ҳолини шундай арз қилган эди: «Ё Расулаллоҳ! Қаерга қарасам, сизни кўраман». Яна бир гал: «Бутун яхшиликларимни сизнинг бир саҳвингизга (янглишингизга) алмаштирардим», – деган эди. Расулуллоҳнинг гўзалликларини энг яхши кўриб, англаб, баён қилганлардан бири мўминларнинг онаси ҳазрати Оиша онамиз эди. Ҳазрати Оиша олима, мужтаҳид, оқила, зийрак ва адиба эди. Ниҳоятда фасиҳ ва таъсирли гапирарди. Қуръони каримнинг маъноларини, ҳалол ва ҳаромларни, араб шеъриятини ва ҳисоб илмини жуда яхши биларди. Расулуллоҳни мадҳ этган шеърлари бор. Қуйидаги икки байтни ҳазрати Оиша онамиз айтган:

«Расулуллоҳ бирор боланинг бошини силасалар, бошқа болалар орасида ўша бола хушбўй ҳидидан дарҳол билиниб турарди» Ҳазрати Оиша (розияллоҳу анҳо)

Ва лав самиъу аҳлу Мисра авсофа хаддиҳи,
Ламо базалу фи савми Юсуфа мин нақдин.
Лаваими Залийҳо лав раайна жабинаҳу,
Лаосарна бил қатъил қулуби алал айди.
Таржимаси:
Мисрдагилар ул зот ёноқларининг ҳуснини эшитсалар эди,
Юсуф алайҳиссалом савдосида ҳеч пул бермас эдилар.
(Бутун молларини ул ёноқларни кўриш учун сақлардилар.)
Зулайҳони айблаган аёллар ул зотнинг порлоқ пешонасини кўрсалар эди,
Қўлларининг ўрнига қалбларини кесардилар (ва оғриғини ҳам сезмасдилар).

Ҳазрати Оиша онамиз шундай ҳикоя қилади: «Бир куни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак кавушларининг тасмаларини ечаётган эдилар, мен эса ип йигираётган эдим. Муборак юзларига қарадим. Порлоқ пешоналаридан тер томарди. Ҳар бир тер томчиси атрофга нур сочиб, кўзларимни қамаштирарди. Ҳайратдан қотиб қолдим. У зот менга қараб: „Сенга нима бўлди, нега бундай хаёлга чўмиб қолдинг?“ – дедилар. Мен: „Ё Расулаллоҳ! Муборак юзингиздаги нурларнинг порлашига ва муборак пешонангиздаги тер доналари сочаётган ёғдуларга қараб, ўзимни йўқотиб қўйдим“, – дедим. Расулуллоҳ туриб, ёнимга келдилар. Икки кўзимнинг орасидан ўпиб: „Ё Оиша! Аллоҳу таоло сенга яхшиликлар берсин! Сен мени севинтирганингдек, мен сени севинтира олмадим“, – дедилар». Яъни: «Сенинг мени севинтиришинг менинг сени севинтиришимдан кўпроқдир», – дедилар. У зот ҳазрати Оишанинг икки муборак кўзи орасидан ўпдилар, чунки у Расулуллоҳни севиб, у зотнинг жамолларини англаб кўрарди. Шу сабабли у қадрланди ва тақдирланди.

Мисраъ:

Офарин кўзларимга, сизнинг гўзаллигингизни кўра олади!

Байт:

Нақадар яхши у кўзлар – гўзалга боқмоқда!
Нақадар бахтли у қалб – ул зот учун ёнмоқда!

Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак баданларида жамланган, ботиний гўзалликларни кўрсатадиган зоҳирий гўзалликлар ҳеч бир кишининг баданида жамланмаган.

Имом Қуртубий ҳазратлари шундай ривоят қилганлар: «Расули акрамнинг гўзалликлари бутунлай кўринмаган. Агар ҳақиқий гўзалликлари кўринганида, саҳобаи киром у зотга қарашга тоқат қила олмас эди. Агар ҳақиқий гўзалликларини кўрсатганларида, ҳеч ким қарашга чидай олмас эди».

Юсуф алайҳиссалом одамларга зоҳирий, Расулуллоҳ эса ботиний гўзалликлари билан кўриндилар. Юсуф алайҳиссаломнинг жамоли кўрилганда, қўллар кесилди. Расулуллоҳнинг камоллари билан эса зуннорлар кесилди, бутлар синдирилди ва куфр булутлари тарқалди. Саҳобаи киром Пайғамбаримиздан: «Ё Расулаллоҳ! Сиз гўзалроқмисиз ёки Юсуф алайҳиссалом гўзалроқмидилар?» – деб сўрашди. Пайғамбаримиз жавобан: «Биродарим Юсуф мендан собиҳ (гўзал), мен эса ундан малиҳман (ёқимлиман). Унинг кўринадиган гўзаллиги менинг кўринадиган гўзаллигимдан кўпроқ», – дедилар.

Бир ҳадиси шарифларида Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Аллоҳу таоло юборган ҳар бир пайғамбар гўзал юзли, гўзал овозли бўлган. Сизларнинг Пайғамбарингиз эса уларнинг энг гўзал юзлиси ва энг гўзал овозлисидир».

Бир киши Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳу таолонинг Расули! Қиёмат қачон қойим бўлади?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Қиёмат учун нима тайёрладинг?» – дедилар. Ҳалиги киши: «Тўғриси, мен қиёматга кўп намоз ўқиб, рўза тутиб, садақа бериб тайёргарлик кўрмадим. Лекин мен Аллоҳу таолони ва Унинг Расулини севаман», – деди. Шунда Пайғамбаримиз: «Киши севгани билан биргадир», – дедилар.8

Расулуллоҳни севиш барча мусулмонларга фарзи айндир.

У Сарварнинг муҳаббати бир кўнгилга жойлашса, Ислом бўйича яшаш, иймон ва Исломнинг таъмига, тўйиб бўлмас лаззатига эришиш жуда осон бўлади. Бу муҳаббат икки жаҳон сарварига тўлиқ эргашишга сабаб бўлади. Бу муҳаббат билан инсон Аллоҳу таоло Ўз Ҳабибига ато қилган чексиз ва таърифлаб бўлмайдиган неъматлар ва баракотларга эришиш шарафига мушарраф бўлади. Каттаю кичик ҳар бир мусулмонни тўғридан-тўғри Расулуллоҳнинг муҳаббатига олиб борадиган Аҳли суннат олимлари ва уларнинг китоблари – бу баракотларнинг санадларидир.

Расул алайҳиссаломнинг муборак исмларини зикр қилган ёки эшитган мўмин гўё Расулуллоҳнинг шарафли мажлисларида тургандек сукунат, одоб ҳамда қалби ва бадани билан таъзимда бўлиши вожибдир.

Расулуллоҳнинг муборак сўзлари ва ишларидан билдирилган бирор нарсага у зотнинг шонларини юксалтирадиган бирор нарса билан жавоб бериш у зотга таъзим ва ҳурматдандир. Одамлар орасида паст ва тубан мартаба учун ишлатиладиган сўзлар билан Расулуллоҳни васф қилмаслик ҳам у зотга таъзимдандир.

Масалан, Расулуллоҳга фақир дейилмайди. Чўпон дейилмайди. «Расулуллоҳ фалон нарсани яхши кўрардилар», дейилганда: «Мен эса уни яхши кўрмайман», – демаслик у зотга таъзимдандир. Шунингдек, Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен бирор нарсага ёнбошлаб, суяниб овқат емайман»,9 – деганларига: «Мен эса суяниб ейман», – деб, кейин ёнбошлаб еб, у зотга қарши чиқмаслик керак. Буларга риоя қилиш Расулуллоҳга бўлган таъзимга киради. Буларга аҳамият бермаслик нияти билан атайлаб риоя қилмаслик куфр эшикларини очади.

Қуръони карим ва ҳадиси шариф китобларининг устига бошқа бирор китоб ёки бирор уй буюмини қўймаслик ҳам Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига таъзимдандир. Улар устидаги чангни артиш, ичида Аллоҳу таолонинг исми шарифи ёки Расулуллоҳнинг муборак исмлари ёзилган қоғозни ташламаслик Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига таъзимдир. Бундай қоғозлар йиртилмайди. Ислом ҳарфлари билан ёзилган қоғозларга янада кўпроқ ҳурмат кўрсатиш лозим. Агар ичида Аллоҳу таолонинг исми шарифи ва ояти карималар бўлган китоблар ва қоғозлар эскиргани сабабли йиртилса, уларни тоза матога ўраб, тупроққа кўмиш, ёки сув билан ювиб, ёзувларини ўчириш, ёки ёқиш керак. Ёқилса, кули кўмилади. Ёқиш ювиб ёзувларни кетказишдан яхшироқдир, чунки ювишда ишлатилган сув оёқ остида қолиши мумкин.

Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳарамлари бўлган Мадинаи мунавварани улуғлаш ва ҳурмат қилиш, у ерда тақиқланган нарсалардан (ёки гуноҳ қилишдан) сақланиш ва Мадинаи мунаввара аҳлига икром кўрсатиш ҳам Расулуллоҳга таъзимдан ҳисобланади.

Вужудим мулкининг султони – сиз,
Шаксиз, жонимнинг жонони – сиз,
Сезоий энди борини маҳв этди,
Бор бўлган ягона эҳсон – сиз.
Hasan Sezâî

«Биродарим Юсуф мендан собиҳ (гўзал), мен эса ундан малиҳман (ёқимлиман). Унинг кўринадиган гўзаллиги менинг кўринадиган гўзаллигимдан кўпроқ» Ҳадиси шариф