Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ МУБОРАК ИСМЛАРИ

Севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) энг кўп айтиладиган исмлари – «Муҳаммад». Бу исм «жуда кўп мақталган, ниҳоятда маъқул кўрилган» деган маънони англатади. Бу исм Қуръони каримда тўрт марта келади: Оли Имрон сураси, 3:144; Аҳзоб сураси, 33:40; Фатҳ сураси, 48:29 ва Муҳаммад сураси, 47:2. Исо алайҳиссалом ҳам, Сафф сурасининг 6-ояти каримасида билдирилганидек, ўз умматларига шундай хабар берганлар, маъноси: «Эй Бани Исроил! Мен сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Мен Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлиб келдим, у пайғамбарнинг исми – Аҳмад». Аҳмад – «энг кўп мақталган, севилган» деганидир.

«Муҳаммад» ва «Аҳмад» исмларидан ташқари, севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони каримда Маҳмуд, Расул, Набий, Шоҳид, Башир, Назир, Мубашшир, Мунзир, Доъий илаллоҳ, Сирожи мунир, Рауф, Раҳим, Мусаддиқ, Музаккир, Муддассир, Абдуллоҳ, Карим, Ҳақ, Мунир, Нур, Хотамун набиййин, Раҳмат, Неъмат, Ҳодий, Тоҳа, Ёсин… деб зикр қилинганлар. У зотнинг муборак исмларининг бир қисми Қуръони каримда, бир қисми ҳадиси шарифларда, бир қисми эса аввалги пайғамбарларга юборилган муқаддас китобларда зикр қилинган. Баъзи ҳадиси шарифларда Пайғамбаримизнинг исмлари Моҳий, Оқиб, Муқаффий, Набиййур раҳма, Набиййут тавба, Набиййул малоҳим, Қаттол, Мутаваккил, Фотиҳ, Хотам, Мустафо, Уммий, Қусам (ҳар бир хайрни ўзида жамлаган) деб келади. Бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Менга хос бешта исм бор: мен – Муҳаммадман, мен – Аҳмадман, мен – Моҳийман: Аллоҳу таоло мен орқали куфрни йўқ қилади. Мен – Ҳоширман: қиёмат куни одамлар менинг изимдан ҳашр қилинадилар. Мен – Оқибман: мендан кейин пайғамбар йўқ».1

Севимли Пайғамбаримизга ҳазрати Хадичадан туғилган ва ёшлигида вафот этган ўғиллари Қосим сабабли «Абул Қосим» куньяси берилган. Шунингдек, пайғамбарликларидан олдин ҳам у зотдаги ростгўйлик, ишончлилик, омонатдорлик каби санаб адоғига етиб бўлмайдиган юксак фазилатлари учун Қурайш қабиласи орасида у зотни «Ал-Амин» деб чақирганлар. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қуръони каримда келган исмларидан бири – Қуръони каримнинг қалби бўлган Ёсин сурасидаги «Ёсин» калимасидир. Уламои росихиннинг улуғларидан бўлган Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари шундай дедилар: «Ёсин – „эй Менинг яқийн денгизимнинг сузувчиси бўлган Ҳабибим“, яъни „эй Менинг муҳаббат денгизимнинг ғаввоси бўлган Ҳабибим“ демакдир». Бу денгизнинг номини эшитганлар, уни узоқдан кўрганлар, унга яқин келганлар, ичига кириб, насибаларича чуқурга тушганларнинг барчаси умрларининг ҳар босқичида Расулуллоҳнинг ишқи билан ёниб-куйиб яшаганлар, бу ишқларини ўтли фарёдлар, ичдан тўкилган кўз ёшлари ва куйдирувчи мисралар билан изҳор қилганлар. Улар орасида энг улуғ ва машҳурларидан бири, бу муҳаббат денгизидан катта насиба олган зот – Мавлоно Холид Бағдодий ҳазратларидир. У киши Расулуллоҳга бўлган муҳаббатлари ва ишқларини изҳор қилган қасидаларидан бирида шундай ёзадилар:

«Эй Бани Исроил! Мен сизларга юборилган Аллоҳнинг пайғамбариман. Мен Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келадиган бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчи бўлиб келдим, у пайғамбарнинг исми – Аҳмад» Сафф: 6

Эй Сарвари олам, сизга ошиқ бўлиб ёнарман!
Қаерда бўлсам ҳам, ул гўзал жамолингиз истарман.
Қоба қавсайн тахтининг султони – сиз, мен эсам бир ҳеч,
«Меҳмонингизман» дейишни ҳам беадаблик санарман.
Жаҳонда ҳар нарса сизнинг шарафингизга яратилди,
Раҳматингиз менга ҳам ёғса, ўша он баҳорим бўлур.
Ҳар ким Каъбани тавоф этгани Ҳижозга келур,
Мен эса сизга етишмоқ шавқида тоғлардан ошарман.
Тушимда бошимга саодат тожини кийдирдилар,
Оёғингиз тупроғи юзимга сепилгандек сезарман.
Дўстини мадҳ этган ошиқларнинг булбули, эй Жомий!
Девонингдаги шу сатрлар менинг таржимоним бўлур:
«Тили осилган, ташна қолган, қўтир бир ит каби
Сизнинг эҳсон денгизингиздан бир томчи орзу қиларман».

Пайғамбаримизни мадҳ этиб ёзилган айрим шеърлар ва мадҳияларни бир четга қўйганда ҳам, у зот ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Уларни ёзганлар орасида шуҳрати ва санъати бутун дунёни ва асрларни қамраб олганлар ҳам Расулуллоҳни мадҳ этишдан ожиз эканликларини баён қилганлар. У зотни кўриб, гўзалликларига ошиқ бўлганлар тиллари етганча у зотни тасвирлашга уринганлар ва бу гўзалликни билдиришга инсон кучи етмайди, деганлар.

Ислом олимларининг китобларида ўша ошиқлар хабар берган юзлаб нарсалар ёзилган. Уларни ўқиганлар Аллоҳу таоло Ўзининг севимли Пайғамбарини тасаввур қилиб бўлмайдиган бир мукаммалликда ва қараб тўйиб бўлмайдиган бир гўзалликда яратганини дарҳол англайдилар. Одамлар у зотни кўрмасдан ҳам у зотга кўнгил берадилар. Ҳабибуллоҳга ошиқ бўлганлар ҳар нафасда ўпкаларига кирган ҳавонинг салқинлигида у зотга бўлган муҳаббатнинг таъмини туядилар. Ойга ҳар қараганларида у зотнинг муборак кўзларидан келган нурларнинг аксини излаб, завқ оладилар. У зотнинг гўзаллик денгизидан бир томчига эришганларнинг ҳар бир зарраси шундай дейди:

Гўзал ёноғингизни таниган гулга ҳеч боқмас,
Сизнинг муҳаббатингизда эриган дармон ахтармас!

Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда шундай дейилган: «Мен унга фарзандидан ҳам, отасидан ҳам ва барча одамлардан ҳам севимлироқ бўлмагунимча, сизлардан ҳеч бирингиз иймон келтирган бўлмайди».2 Бир куни ҳазрати Умар Пайғамбаримизга: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолога қасам ичаманки, жонимдан бошқа ҳамма нарсадан сиз менга севимлироқсиз», – деди. Шунда Расулуллоҳ: «Мен унга ўз жонидан ҳам севимлироқ бўлмагунимча, сизлардан ҳеч бирингиз асло иймон келтирган бўлмайди», – дедилар. Шундан кейин ҳазрати Умар: «Ё Расулаллоҳ! Сизга Қуръони каримни нозил қилган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, сиз менга ўз жонимдан ҳам севимлироқсиз», – деди. Шунда Пайғамбаримиз: «Эй Умар, энди (комил) бўлди», – дедилар.

Фазо асри, компьютерлар,
Неча замонавий воситалар –
Барчасининг манбаи Қуръонда,
Сиз – раҳмат, ё Расулаллоҳ.
Тажрибага аҳамият бердингиз,
Илм-фанни ўрганишга,
Олға йўл кўрсатдингиз,
Сиз – нур, ё Расулаллоҳ.
Сизни севган – бизга ёрдир,
Сизсиз бизга дунё тордир,
Ҳар нарса сиз учун бордир,
Сиз – неъмат, ё Расулаллоҳ.
Сиздан олди фикрларни,
Илм-фанни ва санъатни,
Фойдаланди Шарқу Ғарб ҳам,
Сиз – пешво, ё Расулаллоҳ.
Нима десангиз, рост чиқди
Ўн беш аср аввалидан,
Муҳаммадул Амин – сиз,
Сиз – одил, ё Расулаллоҳ.
Яхшиликда, адолатда,
Саховатда, асолатда,
Марҳаматда, фазилатда
Сиз – намуна, ё Расулаллоҳ.

«Мен унга ўз жонидан ҳам севимлироқ бўлмагунимча, сизлардан ҳеч бирингиз асло иймон келтирган бўлмайди» Ҳадиси шариф

Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) масжиди шарифлари устидаги «Қуббаи Хазро / Яшил гумбаз» деб аталадиган гумбазнинг ташқаридан кўриниши