Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗ БИЛАН ТАВАССУЛ

Пайғамбаримиз билан ҳар доим – у зот яратилишларидан олдин ҳам, яратилганларидан кейин ҳам, дунёдаги ҳаётларида ҳам, вафотларидан кейин барзах (қабр) оламида ҳам – тавассул1 қилинган; қиёмат куни тирилгандан кейин Арасот майдонида ва жаннатда ҳам қилинади. Васила – Аллоҳу таоло Ўз ҳузурида яқинликка ва ҳожатларнинг раво бўлишига сабаб қилган ҳар бир нарсадир. Расули акрам билан тавассул, яъни Расулуллоҳни Аллоҳу таоло ҳузурида васила қилиш, у зотнинг ёрдамларини ва шафоатларини сўраш жоиздир. Булар салафи солиҳин (саҳоба, тобеъин ва табаъи тобеъин), уламо ва бошқа мусулмонлар қилган ишлардандир. Мусулмонлардан ҳеч ким буни ёмон кўрмаган. Шу пайтгача бузуқ эътиқодли кимсалардан бошқа буни қабул қилмайдиган ҳеч кимга дуч келинмаган. Инсонларнинг отаси Одам алайҳиссалом ерга туширилганларида Пайғамбаримизни васила қилганлар. Буни севимли Пайғамбаримиз бир ҳадиси шарифларида шундай ҳикоя қилганлар: «Одам (алайҳиссалом) хатолари сабабли жаннатдан чиқарилганларида: „Ё Раббим! Мени Муҳаммаднинг ҳурмати учун кечир“, – дедилар. Аллоҳу таоло: „Ё Одам! Муҳаммадни қаердан билдинг? Ахир Мен уни ҳали яратганим йўқ“, – деди. Одам (алайҳиссалом): „Ё Раббим! Мени яратиб, менга руҳ берганингда, кўзимни очиб қараганимда, Аршнинг четида «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб ёзилганини кўрдим. Исмини Ўз исминг билан бирга севганинг – ўшадир“, – дедилар. Аллоҳу таоло: „Тўғри айтдинг, эй Одам! Махлуқотимдан энг кўп севганим – ўшадир. Унинг ҳурмати учун афв сўраганинг сабабли сени кечирдим“, – деди».2 Бир ривоятга кўра эса Аллоҳу таоло: «У – сенинг зурриётингдан келадиган бир Пайғамбардир. Агар уни яратмаганимда, сени ҳам, авлодингни ҳам яратмас эдим. Уни шафоатчи қилиб кўрсатганинг учун сени кечирдим, афв этдим», – деди.3

Бунга оид минглаб мисоллар бор. Улардан бир нечтаси қуйида келтирилади. Икки кўзи кўр бир киши кўзларининг очилиши учун Расулуллоҳдан дуо сўради. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Истасанг, дуо қиламан. Лекин сабр қилиб чидасанг, сен учун яхшироқ бўлади», – дедилар. У: «Сабр қилишга кучим қолмади. Дуо қилишингизни ёлвориб сўрайман», – деди. Шунда у зот: «Ундай бўлса, таҳорат олиб, ушбу дуони ўқи!» – дедилар:

«Аллоҳумма инний асъалука ва атаважжаҳу илайка би Набиййика Муҳаммадин Набиййир роҳмаҳ. Ё Муҳаммад, инний атаважжаҳу бика ила Роббий фи ҳожатий ҳазиҳи, литуқзо лий. Аллоҳумма шаффиъҳу фиййа».

Бу киши шу дуони ўқиганида, Аллоҳу таоло дуосини қабул қилиб, кўзлари очилганини ҳадис олимларидан имом Насоий ривоят қилади. Расулуллоҳнинг васила қилинишлари ҳақида ҳазрати Усмон ибн Ҳаниф ушбу воқеани ҳикоя қилади: «Усмон ибн Аффон халифа эканида, катта бир қийинчилиги бўлган бир киши халифанинг олдига чиқишга уялгани учун менга дардини айтган эди. Мен унга: „Дарҳол таҳорат ол! Масжиди саодатга бор! Юқорида билдирилган дуони қил ва тилагингни айт“, – дедим. Бечора дуо қилгандан кейин халифа турган жойга борибди ва уни халифанинг ҳузурига киритибдилар. Халифа уни жойнамози устига ўтқазиб, дардини тинглабди ва тилагини қабул қилибди. Бечора ишининг бирдан битганини кўриб, севиниб менинг олдимга келди. „Аллоҳу таоло сиздан рози бўлсин! Агар сиз халифага айтмаганингизда, бу қийинчиликдан қутула олмас эдим“, – деди. У мени халифа билан гаплашган деб ўйлаган экан».

«(Эй Одам!) У – сенинг зурриётингдан келадиган бир Пайғамбардир. Агар уни яратмаганимда, сени ҳам, авлодингни ҳам яратмас эдим. Уни шафоатчи қилиб кўрсатганинг учун сени кечирдим, афв этдим» Ҳадиси қудсий

Ҳазрати Умар халифа эканида бир марта қаҳатчилик бўлди. Саҳобаи киромдан Билол ибн Ҳорис Расулуллоҳнинг турбаларига бориб: «Ё Расулаллоҳ! Умматингиз очликдан ўлай деб турибди. Ёмғир ёғиши учун васила бўлишингизни ёлвориб сўрайман», – деди. Расулуллоҳ ўша кеча унинг тушида кўриниб: «Халифанинг олдига бор! Мендан салом айт! Ёмғир дуосига чиқсин!» – дедилар. Ҳазрати Умар ёмғир дуосига чиққанда, ёмғир ёға бошлади. Аллоҳу таоло севган бандаларининг хотири учун дуоларни қабул қилади. Аллоҳу таоло Муҳаммад алайҳиссаломни жуда севишини билдирган. Шунинг учун бир киши: «Аллоҳумма инний асъалука би жоҳи Набиййикал Мустафо», – деб дуо қилса, дуоси рад қилинмайди. Шунга қарамай, майда-чуйда дунё ишлари учун Расулуллоҳни васила қилиш одобга тўғри келмайди. Бурҳониддин Иброҳим Моликий шундай деди: «Жуда оч қолган бир фақир Ҳужраи саодатга бориб: „Ё Расулаллоҳ! Қорним оч“, – деди. Бир оздан кейин бир киши келиб, фақирни уйига олиб кетди ва қорнини тўйдирди. Фақир қилган дуоси қабул бўлганини айтганида, у киши: „Биродарим! Бола-чақангдан айрилиб, узоқ йўллардан машаққатлар чекиб, Расулуллоҳни зиёрат қилиш учун келдинг. Бир луқма нон учун Расулуллоҳнинг ҳузурларига чиқиш ярашадими? У юксак ҳузурда жаннатни ва абадий неъматларни сўрашинг керак эди! Бу ерда сўралган нарсаларни Аллоҳу таоло рад этмайди“, – деди. Расулуллоҳни зиёрат қилиш шарафига эришганлар қиёмат кунида у зотнинг шафоат қилишлари учун дуо қилишлари керак». Бир куни имом Абу Бакр Муқрий имом Табароний ва Абу Шайх билан Масжиди саодатда ўтирган эдилар. Бир неча кундан бери ҳеч нарса емаганлари учун жуда очиққан эдилар. Имом Абу Бакр энди чидай олмай: «Ё Расулаллоҳ, очман!» – дегандан кейин бир бурчакка чекилди. Саййидлардан бир киши икки хизматкори билан келиб: «Биродарларим! Бобом Расулуллоҳдан очликдан ёрдам сўрабсизлар. У зот сизларни тўйдиришимни буюрдилар», – деди. Келтирганларини биргаликда едилар. Ортганини уларга қолдириб кетди. Ислом олимларидан Абу Абдуллоҳ ибн Нуъмон Марракуший Тилимсоний (683 / милодий 1284) «Мисбоҳуз-зулом» номли қимматли китобида Расулуллоҳни васила қилиб, муродларига етган юзлаб мусулмонларни ва уларнинг дуоларини батафсил ёзади. Расулуллоҳни васила қилиб, муродларига етганлардан бири Муҳаммад ибн Мункадирдир. У шундай ҳикоя қилади: «Бир киши отамга саксон олтин қолдириб, жиҳодга кетган эди. „Буларни сақла! Жуда муҳтож бўлганга ҳам ёрдам беришинг мумкин“, – деган эди. Мадинада қаҳатчилик бўлди. Отам олтинларнинг ҳаммасини очликдан қийналганларга тарқатди. Олтинларнинг эгаси келиб, уларни сўради. Отам: „Бир кечадан кейин кел“, – деди. Ҳужраи саодатга бориб, тонггача Расулуллоҳга ёлворди. Ярим кечада бир киши келиб: „Қўлингни чўз!“ – деди. Бир ҳамён олтин бериб, сўнгра ғойиб бўлди. Отам уйда олтинларни санаб, саксонта эканини кўргач, севиниб, дарҳол эгасига берди».

Абу Абдуллоҳ Тилимсоний ҳазратлари бу китобларида бошларидан ўтган бир воқеани ҳам шундай ҳикоя қиладилар:

«637 (милодий 1239) йилда Садар қалъасидан сара бир жамоат билан бирга йўлга чиқдик. Ёнимизда бизга йўл кўрсатадиган бир киши бор эди. Бир муддат юргандан кейин сувимиз тугади. Сув излай бошладик. Мен ҳам шу орада ҳожатимни чиқариш учун кетдим. Шу пайт мени қаттиқ уйқу босди. „Барибир кетаётганларида мени уйғотадилар“, – деб бошимни ерга қўйдим.

Уйғонганимда ўзимни саҳро ўртасида ёлғиз-ёлғиз кўрдим. Ҳамроҳларим мени унутиб кетган эканлар. Ёлғизликдан катта қўрқувга тушдим. Саҳрода ўнгга-чапга юра бошладим. Қаердалигимни, қаерга боришимни билмас эдим. Ҳамма томон текис қум эди. Бир оздан кейин қоронғи тушди. Биз сафар қилган карвоннинг изи ҳам йўқ эди. Мен тун қоронғисида ёлғиз-ёлғиз эдим. Қўрқувим янада кучайди. Ҳаяжон билан тезроқ юра бошладим. Бир муддат юргандан кейин жуда чанқаб, чарчаб, ҳолдан тойиб ерга йиқилдим. Энди ҳаётимдан умидимни узиб, ўлимим яқинлашганини сеза бошлаган эдим. Таърифлаб бўлмайдиган азоб ичида эдим, изтироб ва аламим сўнгги чегарасига етган эди. Бирдан ёдимга тушди. Тун қоронғисида бутун кучимни тўплаб, самимият ва ихлос билан сўнгги бир марта: „Ё Расулаллоҳ! Мадад! Сиздан Аллоҳу таолонинг изни билан ёрдам беришингизни сўрайман!“ – деб ингладим. Сўзимни тугатишим билан бир кишининг менга овоз берганини эшитдим. Овоз келган томонга қараганимда, тун қоронғисида атрофига нур сочаётган, оппоқ кийимлар кийган, шу пайтгача ҳеч кўрмаган бир кишининг мени чақираётганини кўрдим. У менга яқинлашиб, қўлимдан тутди. Шу онда бутун чарчоғим ва чанқоғим йўқолди. Гўё қайта туғилгандек бўлдим. Унга кўнглим бирдан илиб қолди. Қўл ушлашиб бир муддат юрдик. Ҳаётимнинг энг ширин онларидан бирини яшаётганимни ҳис қилдим. Бир қум тепачасидан ошгач, бирга сафар қилган карвонимизнинг чироқларини кўриб, ҳамроҳларимнинг овозларини эшитдим. Уларнинг ёнига томон яқинлашдик. Мен минган улов энг орқада уларга эргашиб келаётган эди. У бирдан келиб, олдимда тўхтади. Уловимни олдимда кўриб, севинчдан қичқириб юбордим. Мен қичқирганимда, мен билан келган зот қўлини қўлимдан тортиб олди. Сўнгра қўлимдан тутиб, мени уловимга миндирди. Кейин эса: „Биздан бирор нарса сўраган ва ёрдам талаб қилган кишини биз қуруқ қайтармаймиз“, – деб, ортига қайтиб кетди. Шунда у зотнинг Расулуллоҳ эканларини англадим. У зот ортларига қайтиб кетаётганларида, атрофга сочган нурлари тун қоронғисида осмонга томон кўтарилаётгани кўриниб турарди. У зот кўзимдан ғойиб бўлгач, бирдан ўзимга келдим. „Қандай қилиб мен Расулуллоҳнинг қўлларини, оёқларини ўпмадим!“ – деб талпиндим, лекин иш ишдан ўтган, фурсат қўлдан кетган эди». Абул Хайр Ақтаъ Мадинада беш кун оч қолган эди. Ҳужраи саодатнинг ёнига келиб, Расулуллоҳга салом берди. Оч эканини билдирди. Бир четга чекиниб ухлади. Тушида Расулуллоҳнинг келаётганларини кўрди. У зотнинг ўнг томонларида Абу Бакр Сиддиқ, чап томонларида Умарул Форуқ ва олдиларида Алийюл Муртазо бор эди.

Ҳазрати Али келиб: «Ё Абул Хайр! Тур, нега ётибсан? Расулуллоҳ келмоқдалар!» – деди. У дарҳол турди. Расулуллоҳ келиб, унга катта бир нон бердилар. Абул Хайр шундай дейди: «Жуда оч бўлганим учун дарҳол ея бошладим. Ярмини еб бўлганимда уйғониб кетдим. Қолган ярмини қўлимда топдим».

«Бирор нарсадан зарар кўрган киши нуқсонсиз таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқисин! Сўнгра: „Ё Раббим! Сендан сўрайман. Оламларга раҳмат бўлган Пайғамбаринг Муҳаммад алайҳиссаломни васила қилиб, Сенга ёлвораман. Ё Муҳаммад! Тилагимни қабул қилиши учун Раббимга сизни васила қиламан. Ё Раббим! Уни менга шафоатчи қил!“ – десин» Ҳадиси шариф

«Мисбоҳуз-зулом» китобида яна шундай ҳикоя қилинади: Аҳмад ибн Муҳаммад Суфий шундай дейди: «Ҳижоз саҳроларида бор-йўғимдан айрилдим. Мадинага келдим. Ҳужраи саодат ёнида Расулуллоҳга салом бердим. Бир четда ўтириб ухладим. Расулуллоҳ кўриниб: „Келдингми, Аҳмад? Кафтингни оч!“ – дедилар. Кафтимни олтин билан тўлдирдилар. Уйғондим. Қўлларим олтинга тўла эди». Имом Самҳудий ҳам «Мадина тарихи» номли китобида бошидан ўтган бир воқеани шундай ҳикоя қилади: «Эшигимнинг калитини тушириб юбордим. Топа олмадим. Ҳужраи саодат олдига келиб: „Ё Расулаллоҳ! Калитимни тушириб юбордим. Уйимга кира олмаяпман“, – дедим. Шу пайт бир бола келди. Қўлидаги калитни кўрсатиб: „Мен буни топиб олдим. Сизникими?“ – деди».

Килислик Мустафо Ишқий афанди «Mevârid-i Mecîdiyye» номли тарих китобида шундай дейди: «Маккада йигирма йил яшадим. Олтмиш олтин йиғиб, 1247 (милодий 1831) йилда бола-чақам билан Мадинага келдим. Пуллар йўлда тугади. Бир танишимникида меҳмон бўлиб, Ҳужраи саодатга келдим. Расулуллоҳдан ёрдам сўрадим. Уч кундан кейин биз турган уйга бир бек келиб, мен учун бир уй ижарага олганини айтди. Нарсаларимни ўша ерга ташитди. Бир йиллик ижара ҳақини тўлади. Бир неча ойдан кейин мен касал бўлиб, бир ой ётдим. Уйда ейишга ҳам, сотишга ҳам ҳеч нарса қолмади. Хотинимнинг ёрдами билан томга чиқиб, Расулуллоҳнинг турбаларига қараб, қийинчилигимни айтиб, ёрдам тиламоқчи бўлдим. Қўлларимни кўтарганимда, дунёлик сўрашдан уялдим. Ҳеч нарса дея олмадим. Хонамга тушдим. Эртаси куни бир киши келиб: „Фалон афанди бу олтинларни сизга ҳадя қилиб юборди“, – деди. Ҳамённи олдим. Тирикчилигимиз изга тушган бўлса ҳам, касалдан қутула олмадим. Бировнинг ёрдамида Ҳужраи саодат олдига келиб, Расулуллоҳдан шифо сўрадим. Масжиддан чиқиб, ҳеч кимдан ёрдам сўрамай, уйимга пиёда кетдим. Уйга кираётганимда касаллигимдан асар ҳам қолмаган эди. Кўз тегмаслиги учун бир неча кун кўчага ҳассага таяниб чиқдим. Лекин пул тугаган эди. Бола-чақамни қоронғида қолдириб, Масжиди Набавийга келдим. Хуфтон намозидан кейин қийинчилигимни Расулуллоҳга айтдим. Йўлда мен танимайдиган бир киши ёнимга келиб, қўлимга бир ҳамён тутқазди. Унинг ичида ҳар бири тўққиз қурушлик қирқ тўққиз олтин бор эди. Шам ва керакли нарсаларни олиб, уйга келдим».

«Şakâyık-i Nu’mâniyye» китобининг таржимаси иккинчи жилдида шундай дейилади: Усмонли давлатининг биринчи шайхулисломи ва ўз замонасининг мужаддиди бўлган буюк Ислом олими Мавлоно Шамсиддин Муҳаммад ибн Ҳамза Фанорийнинг кўзларига парда тушиб, кўрмай қолди. Бир кеча Расулуллоҳ унга: «Тоҳо сурасини тафсир қил!» – деганларида, у: «Юксак ҳузурингизда Қуръони каримни тафсир қилишга кучим етмаганидек, кўзларим ҳам кўрмайди», – дебди. Пайғамбарларнинг табиби бўлган Расулуллоҳ муборак хирқаларидан бир парча пахта чиқариб, уни муборак тупуклари билан ҳўллаб, унинг кўзлари устига қўйибдилар. Мулло Фанорий уйғониб, пахтани кўзлари устида топиб, уни олганида кўра бошлабди. Аллоҳу таолога ҳамд ва шукр айтибди. Пахта толаларини сақлаб, вафот этганида кўзлари устига қўйилишини васият қилибди. 834 (милодий 1431) йилда Бурсада вафот этганида васиятини бажо келтирдилар.

Аббосий халифаларидан Абу Жаъфар Мансур Масжиди Набавий ичида имом Молик билан гаплашаётган эди. Имом Молик: «Эй Мансур! Бу ер – Масжиди саодатдир! Паст овоз билан гапир! Ҳақ таоло Ҳужурот сурасида, маъноси: „Овозларингизни Расулуллоҳнинг овозидан баланд кўтарманглар!“4 – деб, бир жамоатни койиди. „Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини паст қиладиганлар…“5 деган ояти карима билан эса паст овозда гапирадиганларни мақтади. Расулуллоҳга вафотларидан кейин ҳурмат кўрсатиш тирик эканларида ҳурмат кўрсатиш кабидир», – дедилар. Мансур бошини эгиб: «Ё Абу Абдуллоҳ! Қиблага қараб турайинми ёки Қабри саодатга қарабми?» – деб сўради. Имом Молик ҳазратлари: «Расулуллоҳдан юзингни ўгирма! Қиёмат кунининг шафоатчиси бўлган у улуғ Пайғамбар (саллаллоҳу таоло алайҳи васаллам) қиёмат куни сенинг ва отанг Одам алайҳиссаломнинг нажот топишига васила бўладилар. Сен Қабри саодатга юзланиб, Расулуллоҳнинг муборак руҳларига паноҳ тилаб, шафоат сўрашинг керак. Нисо сурасининг 64-ояти каримасида шундай дейилади, маъноси:

«Нафсларига зулм қилганлар (ўзларига ёмонлик қилганлар) сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳу таолодан мағфират сўрасалар ва Расулим ҳам улар учун мағфират сўраса, Аллоҳу таолони тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли топадилар». Бу ояти карима Расулуллоҳни васила қилганларнинг тавбалари қабул қилинишига ваъда бермоқда», – дедилар. Шундан кейин Мансур ўрнидан туриб, Ҳужраи саодат олдида турди ва: «Ё Раббим! Бу ояти каримада Сен Расулингни васила қилганларнинг тавбасини қабул қилишингни ваъда қилдинг. Мен ҳам улуғ Пайғамбарингнинг юксак ҳузурига келиб, Сендан мағфират сўрайман. У зот тирик эканларида мағфират сўраган ва Сен мағфират қилган бандаларинг каби мени ҳам мағфират қил! Ё Раббим! Набиййур раҳма (раҳмат пайғамбари) бўлган улуғ Пайғамбарингни васила қилиб, Сенга ёлвораман. Эй пайғамбарларнинг энг улуғи бўлган Муҳаммад алайҳиссалом! Сизга тавассул қилиб, Раббимга ёлвордим. Ё Раббим! У улуғ Пайғамбарни менга шафоатчи қил!» – деб ёлвора бошлади. У орқасини қиблага, юзини Муважаҳаи саодат панжарасига қаратиб, тик турган ҳолда дуо қилди. Минбари Набавий унинг чап томонида қолган эди. Имом Моликнинг халифа Мансурга берган насиҳати Ҳужраи саодат олдида дуо қилаётганларнинг жуда ҳушёр бўлишлари лозимлигини кўрсатади. У мақомга лойиқ одоб ва ҳурматни кўрсата олмайдиган кишиларнинг Мадинаи мунавварада узоқ қолишлари тўғри бўлмайди, дейилган. Анатолия қишлоқиларидан бири Мадинаи мунавварада узоқ йиллар яшаб, уйланиб, Ҳужраи саодатда маълум бир хизматга кирган эди. Бир куни у иситмали касалликка чалинди ва унинг айрон ичгиси келди. «Агар қишлоғимда бўлганимда эди, қатиқдан айрон қилдириб ичардим», – деган фикр кўнглидан ўтди. Ўша кеча Расулуллоҳ Шайхул Ҳарам афандининг тушида кўриниб, у кишининг хизматини бошқа бировга беришни буюрдилар. Шайхул Ҳарам: «Ё Расулаллоҳ! У хизматни умматингиздан фалон киши адо этмоқда», – деганида, у зот: «Ўша кишига айт! Қишлоғига қайтиб, айрон ичсин!…» – дедилар. Эртаси куни бу амр етказилганда, қишлоқи: «Бош устига!» – деб, ўз юртига кетди.

«Нафсларига зулм қилганлар сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳу таолодан мағфират сўрасалар ва Расулим ҳам улар учун мағфират сўраса, Аллоҳу таолони тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли топадилар» Нисо: 64

Кўнгилдан ўтган биргина фикр шунчалик зарар етказган бўлса, Аллоҳ асрасин, ҳазил бўлса ҳам айтилган ўринсиз бир сўзнинг ёки одобга тўғри келмайдиган бир ҳаракатнинг қанчалик катта зарари бўлишини бундан англаш керак.

Сизни севган мўминнинг қалбидаги иймонисиз,
Ғами ҳеч бўлмас, дардининг дармонисиз,
Шафоатингизни кутар, кўнглининг фармонисиз,
Мадад кутган етар, албатта, ё Расулаллоҳ.

Расулуллоҳга салавоти шариф айтишнинг аҳамияти ва фазилати

Пайғамбаримизнинг исмлари айтилганда, эшитилганда ва ёзилганда, ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида у зотга салавоти шариф айтиш энг муҳим вазифаларимиздандир. Қуръони каримда Аҳзоб сурасининг 56-ояти каримасида шундай дейилган, маъноси:

«Албатта, Аллоҳу таоло ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салот айтадилар (у зотнинг шаъни ва шарафини юксалтириш учун). Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам у зотга салот ва салом айтинглар ва у зотга чин кўнгилдан таслим бўлинглар».

Тафсир олимлари бу ояти каримада зикр қилинган «салот» сўзи Аллоҳу таолодан – раҳмат, фаришталардан – истиғфор, мўминлардан – дуо маъноларида келишини билдирганлар. Барча Ислом олимлари бир овоздан билдирдиларки, умрда бир марта салавот айтиш фарздир. Исмлари ҳар айтилганда, эшитилганда, ўқилганда, ёзилганда бир марта айтиш вожиб, такрорланганда эса мустаҳабдир.

Аллоҳу таолодан бирор нарса сўраган киши аввал Аллоҳу таолога ҳамд ва сано айтгандан кейин Расулуллоҳга салот айтиши керак. Бундай дуо қабул бўлишга жуда лойиқдир. Икки салот билан (дуонинг бошида ва охирида) қилинган дуо рад этилмайди. Ҳазрати Абу Талҳа ҳикоя қилади: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирган эдим. У зотда илгари ҳеч кўрмаган бир севинч ва мамнунликни кўрдим. Сабабини сўраганимда, у зот: „Қандай севинмайин? Ҳозиргина Жаброил (алайҳиссалом) хушхабар келтирди. Аллоҳу таоло шундай деди: «Умматингиздан бири сизга бир салавот айтса, Аллоҳу таоло унинг эвазига унга ўн салавот қилади»“, – дедилар».6

Бу ҳақдаги ҳадиси шарифлардан баъзилари шундай:

«Ёнида исмим зикр қилиниб, менга салот ва салом айтмаган кишининг бурни ерга ишқалансин. Рамазон ойи кириб, гуноҳларини мағфират қилдирмай Рамазон ойи чиқиб кетган кишининг ҳам бурни ерга ишқалансин. Ота-онасининг кексалигига етиб, уларнинг розилигини қозона олмагани учун жаннатга кира олмаган кишининг ҳам бурни ерга ишқалансин».

«Ёнида исмим зикр қилиниб, менга салот ва салом айтмаган киши – бахилларнинг энг бахилидир». Ҳазрати Абу Ҳумайд Соидий ривоят қилади: «Саҳобаи киромдан баъзилари Расулуллоҳдан: „Ё Расулаллоҳ! Сизга қандай салот ва салом айтайлик?“ – деб сўрашди. Расулуллоҳ: „«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриййатиҳи кама соллайта ала Иброҳима ва барик ала Муҳаммадин ва азвожиҳи ва зурриййатиҳи кама баракта ала Иброҳима иннака ҳамидум мажид», – денглар“, – дедилар».7

Баъзи салавотлар шундай:

«Алайҳиссалом».

«Саллаллоҳу алайҳи васаллам».

«Алайҳиссалоту вассалому ваттаҳиййа».

«Аллоҳумма солли ала саййидина Муҳаммад».

«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала олиҳи ва соҳбиҳи ажмаъийн».

«Алайҳи ва ала жамийъи минас салавоти атаммуҳа ва минат таҳиййати аймануҳа».

«Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад, кама соллайта ала Иброҳима ва ала оли Иброҳим…»

Бир киши шундай ҳикоя қилди: дўстларимдан бири юборган бир мактубида Расулуллоҳнинг муборак исмлари ўтган ҳар бир жойга «саллаллоҳу алайҳи васаллам таслиман касиран касиро» деб ёзибди. Буни кўриб, сабабини сўраганимда, у шундай деди: «Ёшлигимда ҳадис китобларини кўчириб ёздим. Расулуллоҳнинг муборак исмларини ёзганимда салавотни ёзмас эдим. Тушимда Оламлар сарварини кўриб, ҳузурларига бордим. У зот муборак юзларини мендан ўгирдилар. Бошқа томонларига ўтдим, яна ўгирдилар. Рўпараларига бориб: „Ё Расулаллоҳ! Нега мендан юзингизни ўгирасиз?“ – деб арз қилдим. У зот: „Чунки сен китобингда менинг исмимни ёзганингда, менга салот ёзмадинг!“ – дедилар. Ўшандан бери у зотнинг исми шарифларини ҳамиша салот билан бирга ёзаман».

Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

«Ким менга бир марта салот айтса, Аллоҳу таоло унга ўн марта салот (раҳмат) қилади, унинг ўнта гуноҳини мағфират қилади ва даражасини ўн баробар кўтаради».

«Қиёмат куни менга энг яқин бўлган, шафоатимга энг лойиқ бўлган киши менга энг кўп салот ва салом айтган кишидир». Ҳақ таоло ҳазрати Мусога: «Эй Мусо, тилингга сўзингдан, қалбингга фикрингдан, баданингга руҳингдан, кўзингга нурингдан ҳам яқинроқ бўлишимни истайсанми?» – деди. Ҳазрати Мусо: «Ҳа, ё Раббим!» – деганларида, Аллоҳу таоло: «Ундай бўлса, Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп салавот айт», – деди. Сўнгра: «Эй Мусо, қиёмат куни чанқоқлик азобини чекмасликни истайсанми?» – деди. Ҳазрати Мусо: «Ҳа, ё Раббим!» – деганларида, Аллоҳу таоло: «Ундай бўлса, Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) кўп салавот айт», – деди.8

Пайғамбаримиз шундай дедилар:

«Қиёматда ҳар бир мақомда менга энг яқин бўлганингиз – дунёда менга кўп салавот айтганингиздир. Жума куни ва жума кечаси менга юз салавот айтган кишининг Аллоҳу таоло юзта ҳожатини раво қилади. Уларнинг етмиштаси охиратга, ўттизтаси дунёга оид ишлардир. Сўнгра Аллоҳу таоло бир фаришта орқали бу салавотларни менинг қабримга етказади. Улар сизларга келган ҳадя каби бўлади. У фаришта менга юборган кишининг исмини, насабини ва қабиласини билдиради. Уни ёнимдаги оқ бир саҳифага ўтказади. Менинг вафот этганимдан кейин билишим тириклигимда билишим кабидир».9

«Ким менга бир марта салот айтса, Аллоҳу таоло унга ўн марта салот (раҳмат) қилади, унинг ўнта гуноҳини мағфират қилади ва даражасини ўн баробар кўтаради» Ҳадиси шариф

«Пайшанба куни бўлганда, Аллоҳу таоло қўлларида кумуш дафтарлар ва олтин қаламлар бўлган фаришталарни юборади. Улар пайшанба куни ва жума кечаси Пайғамбарга кўп салавот айтганларни ёзиб борадилар». «Икки мусулмон учрашиб мусофаҳа қилсалар ва Пайғамбарга салавот айтсалар, ажралишларидан олдин аввалги ва кейинги гуноҳлари мағфират қилинади». «Сизлардан бирингиз масжидга кирганда, Пайғамбарга салом берсин ва: „Ё Раббим! Мени шайтондан сақла!“ – десин»10

Бир ривоятда: «Масжиддан чиқаётганда „Аллоҳумма инний асъалука мин фазлика“ деб ўқисин».

Дуонинг аввалида Аллоҳу таолога сано (ҳамд) ва Расулуллоҳга салавот бўлмаса, дуо парда ортида қолади. Аввалида ҳамд ва салавот бўлган дуо қабул бўлади. Расулуллоҳга ва у зотнинг Олларига (оила аъзоларига) салавот ўқилмагунча, дуо билан осмон орасида парда туради. Салавот ўқилганда, бу парда йиртилади ва дуо осмонга кўтарилади. Ўқилмаса, дуо орқага қайтади.

Бирор мажлисда Аллоҳу таоло зикр қилинмаса ва Расулуллоҳга салавот айтилмаса, у ердагиларнинг устида қамчи туради: У хоҳласа, уларга азоб беради, хоҳласа, кечиради.

«Қулоғи шанғиллаган киши мени эсласин ва менга салавот ўқисин».

«Бирор ишни ният қилган киши бу ҳақда маслаҳатлашсин. Шунда Аллоҳу таоло унга ўша ишида рушд эҳсон қилади. Бир киши бирор сўз айтмоқчи бўлиб, уни унутиб қўйса, менга салавот ўқисин. Чунки унинг менга айтган салавотида сўзининг ўрнини босадиган нарса бор. Умид қилинадики, шундан кейин у ўша сўзни эслайди».11

«Хайрли бир иш Аллоҳнинг исми ва менга салавот билан бошланмаса, у ишда хайр йўқ, унинг бутун баракаси кетказилган бўлади».12 Ислом улуғларидан Абу Ҳафс Коғидий вафот этгач, бир киши уни тушида кўриб: «Аллоҳу таоло сенга қандай муомала қилди?» – деб сўради. У: «Менга раҳмат ва мағфират қилиб, мени жаннатга киритди», – деди. Ҳалиги киши: «Нима сабабдан?» – деб сўради. У шундай жавоб берди: «Мени фаришталар орасида тўхтатишди. Улар гуноҳларимни ва Расулуллоҳга айтган салавотларимни ҳисоблашди ва салавотларимни кўп топишди. Шунда Аллоҳу таоло уларга: „Эй фаришталарим! Ишингиз тамом. Бошқа ҳисоб сўраманглар. Уни Менинг жаннатимга олиб боринглар!“ – деди».

Салафдан бири шундай ҳикоя қилади: «Бирга ҳадис ўрганган бир дўстим вафот этди. Мен уни тушимда эгнига яшил жаннат либосларини кийган ҳолда кўрдим. Сабабини сўраганимда, у шундай деди: „Ҳар бир ҳадисда Расулуллоҳнинг исмларини кўрганимда, ёнига саллаллоҳу алайҳи васаллам деб ёзардим. Ҳақ таоло бунинг мукофотини шу билан берди“».

Яна салафдан бири шундай ҳикоя қилади: «Котиблик билан шуғулланадиган бир қўшним вафот этди. Мен уни тушимда кўриб, Аллоҳу таоло у билан қандай муомала қилганини сўрадим. У Аллоҳу таоло уни кечирганини айтди. Нима сабабдан, деб сўраганимда, у: „Расулуллоҳнинг исмларини ҳар гал ёзганимда, ёнига саллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларини ҳам қўшиб ёзганим учун“, – деди». Абу Сулаймон Дороний ҳикоя қилади: «Ҳадис ёзаётганимда, у зотнинг шарафли исмларини ёзган сайин, саллаллоҳу алайҳ деб ёзардим-у, ва саллам сўзларини ёзмасдим. Тушимда у зотни кўрдим. У зот менга шундай дедилар: „Ё Абу Сулаймон! Ҳадисда исмимни ёзганингда, салавот билан бирга ва салламни ҳам ёз. У тўрт ҳарфдир. Ҳар бир ҳарфига ўн савоб бор. Ёзмасанг, қирқ савобни ташлаб кетаётган бўласан“».

Бошқа бир кишида ҳам шундай одат бор эди. Расулуллоҳ унга тушида: «Сенга нима бўлдики, менга салавотни тўлиқ ёзмайсан?» – дедилар.

Абу Бакр Сиддиқ шундай деди: «Унутишдан қўрққан киши Расулуллоҳга кўп салавот ўқисин».

Солиҳларнинг улуғларидан Муҳаммад ибн Саъид ибн Мутарриф ҳикоя қилади: «Ҳар кеча ётаётганимда муайян миқдорда салавот ўқирдим. Бир кеча тушимда Расулуллоҳни кўрдим. У зот ҳузуримга кирдилар. Хонам нурга тўлди. Сўнгра у зот менга қараб келиб: „Келтир, менга кўп салавот ўқийдиган бу оғзингни ўпай“, – дедилар. Мен эса оғзимни тутишдан уялиб, ёноғимни тутдим. У зот уни муборак лаблари билан ўпдилар. Севиниб уйғондим. Хонам мушк ҳидига тўлган эди. Саккиз кун ёноғимдан ўша хушбўй ҳид кетмади». Салафнинг улуғларидан Халлод ибн Касир вафот этгач, бошининг остидан: «Бу – Халлод ибн Касирнинг жаҳаннамдан озод бўлиш ёрлиғидир», – деб ёзилган бир қоғоз топдилар. Шунда яқинларидан: «Унинг қандай амаллари бор эди?» – деб сўрашди. Улар: «Ҳар жума куни салавот айтарди», – дейишди. Шайх Айнийнинг «Зайнул-мажолис» китобида шундай ёзилган: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қиёмат куни уч гуруҳ киши Арш остида бўлади, у ерда унинг соясидан бошқа соя бўлмайди», – дедилар. «Улар кимлар?» – деб сўралганда, у зот: «Умматимни машаққатдан қутқарганлар, суннатимни тирилтирганлар ва менга кўп салавот айтганлар», – дедилар.

Шайх Абу Мусо Заририй ҳикоя қилади: «Денгизда бизни кучли бўрон тутди. Ҳамма ўлимдан қўрқиб йиғларди. Шу ҳолатда мени уйқу босди. Тушимда Расули акрамни кўрдим. У зот менга кемадагиларга айтишимни буюрдилар: минг марта „Аллоҳумма солли ало саййидино Муҳаммадин ва ало оли саййидино Муҳаммад, солатан тунжино биҳо мин жамиъил аҳволи вал офот, ва тақзий лано биҳо жамиъал ҳожот, ва тутаҳҳируно биҳо мин жамиъис саййиот, ва тарфаъуно биҳо индака аълад даражот, ва тубаллиғуно биҳо ақсал ғоёти мин жамиъил хайроти фил ҳаёти ва баъдал мамот“ деб ўқисинлар. Биз ҳали уч юз марта ҳам ўқиб улгурмаган эдик, бўрон тинди ва биз қутулдик». Бу салавотни ҳар бир муҳим ишда, ҳар бир бало-офатда ва зилзилада ўқиш тавсия қилинган.

Кеча-кундуз тилимда муборак руҳингизга салоту салом, эй Фахрул анам!

Мўътабар китобларда салавотнинг қандай бўлиши ҳақида қирқдан ортиқ ҳадис бор.

Улардан бири шундай:

«Қулоғи шанғиллаган киши мени эсласин ва менга салавот ўқисин» Ҳадиси шариф

Аллоҳумма солли ало Муҳаммадин ва ало оли Муҳаммад, камо соллайта ало Иброҳима ва ало оли Иброҳим, ва борик ало Муҳаммадин ва ало оли Муҳаммад, камо боракта ало Иброҳима ва ало оли Иброҳим, иннака ҳамидун мажид.

Аллоҳумма солли ва саллим ва борик варҳам ало саййидино Муҳаммадин ҳува саййидул араби вал ажам.

Ва имомил Маккатил мукаррамати вал Мадинатил мунавварати вал ҳарам. Алламал инсона ма лам яълам.

Аслуҳу нурун ва наслуҳу Одам.

Баъсуҳу муаххарун ва халқуҳу муқаддам.

Исмуҳуш шарифу мактубун алал Лавҳил маҳфузи биёқутил қалам.

Ва жисмуҳуш шарифу мадфунун фил Мадинатил мунавварати вал ҳарам.

Ё лайта актаҳилу туробаллазий таҳтал қадам.

Фа тубо сумма тубо лиман даъо ва табиъаҳу ва лиман аслама соҳибаш шафоати лил оламин.

Қоилан ё Роббий! Саллим умматий, умматий, во умматоҳ ё зал лутфи вал карам.

Фа юнодил мунодий мин қибалир Роҳман, қобилту шафоатака ё Набиййал муҳтарам.

Удхулул жанната ла хавфун алайкум ва ла ҳузнун ва ла алам.

Сумма розияллоҳу таоло ан Абий Бакрин ва Умара ва Усмона ва Алиййин зил карам.

Ва саллаллоҳу ало саййидино Муҳаммадин вал ҳамду лака ё Роббал оламийн.

Биҳурмати Саййидил мурсалин.

Муборак сочларига тегса боди сабо,
Мушку анбар ҳидига тўларди ҳаво.
Дур тишлари шуъласидан кечаси
Игна тушса, топиларди, эй хожа.
Нурли кўкслари шуъласида қоронғи кечаларда йўлда юрарди йигит ҳам, қария ҳам.
Ҳақнинг ул маҳбуби ишорат қилгач
Бармоқлари ила ойга – ой иккига бўлинди.
Терласалар, гул бўларди ҳар томчи тер,
Хуш терардилар у тердан гулларни.
Ул жаҳон шоҳи экдилар хурмо ниҳолин,
Экилган соатда мева берди шу он.
Мўъжизотин маҳшаргача айтсанг мудом,
Неча маҳшар ўтса ҳам, етмас тамом.
Агар истасангиз ўтдан нажот,
Ишқ ила, дард ила айтинг салавот!
Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Нура Аршиллоҳ!