ИККИНЧИ ҚИСМ ҚАБР ҲАЁТИ
Пайғамбаримизнинг қабрларида тирик эканлари
Пайғамбарлар биз билмайдиган бир ҳаёт билан қабрларида тирикдирлар. Авлиёлар ва шаҳидлар ҳам тирикдирлар. Уларнинг тириклиги сўздагина эмас. Улар ҳақиқатан, тўлиқ тирикдирлар. Оли Имрон сурасининг 169-ояти каримасида шундай дейилди, маъноси: «Аллоҳу таоло йўлида ўлдирилганларни ўлик деб ўйламанглар! Улар Раббилари ҳузурида тирикдирлар. Ризқлантирилмоқдалар».
Бу ояти карима шаҳидларнинг тирик эканини билдирмоқда. Пайғамбарлар эса, албатта, шаҳидлардан анча олдинда ва юқоридадирлар. Ислом олимларига кўра, ҳар бир пайғамбар шаҳид бўлиб вафот этган. Расулуллоҳ охирги хасталикларида: «Хайбарда еган таомимнинг аламини доим сезиб юрардим», – дедилар.1 Бу ҳадиси шариф Расулуллоҳнинг шаҳид бўлиб вафот этганларини билдирмоқда. Шу сабабли Пайғамбаримизнинг ҳам барча шаҳидлар каби қабрларида тирик эканлари бундан ҳам англашилади.
«Бухорий» ва «Муслим»да келтирилган ҳадиси шарифда: «Меърож кечасида Мусонинг (алайҳиссалом) қабри ёнидан ўтказилдим. Қабрларида тик туриб намоз ўқиётган эдилар», – дейилди.2
Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Аллоҳу таоло тупроққа пайғамбарларни чиритишни ҳаром қилган», – дейилди.3 Бунинг тўғри эканини олимлар бир овоздан билдирмоқдалар. «Бухорий» ва «Муслим»да: «Аллоҳу таоло Меърож кечасида барча пайғамбарларни Пайғамбаримизнинг ҳузурларига юборди. У зот уларга имом бўлиб, икки ракат намоз ўқидилар», – деб ёзилган.
Намоз рукуъ ва сажда қилиш билан бўлади. Бу хабар уларнинг тирик ҳолда, жасадлари, баданлари билан намоз ўқиганларини кўрсатмоқда. Мусо алайҳиссаломнинг қабрларида намоз ўқишлари ҳам буни кўрсатади. «Мишкот» китобининг охирги жилдида, Меърож бобининг биринчи фасли охирида Муслимдан олиб, Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Аллоҳу таоло менга кўрсатди. Мусо (алайҳиссалом) тик туриб намоз ўқиётган эдилар, озғин эдилар. Сочлари паришон ҳам, осилиб турган ҳам эмас эди. Шануа қабиласидан бўлган бир йигитга ўхшар эдилар. Исо (алайҳиссалом) Урва ибн Масъуд Сақафийга ўхшар эдилар», – дейилди.4 Шануа – Ямандаги икки қабиланинг номидир. Бу ҳадиси шарифлар пайғамбарларнинг Раббилари ҳузурида тирик эканларини кўрсатмоқда. Уларнинг жасадлари (баданлари) руҳлари каби латиф бўлган. Касиф ва қаттиқ эмас. Улар модда оламида ҳам, руҳ оламида ҳам кўрина оладилар. Шунинг учун пайғамбарлар руҳлари ва баданлари билан кўрина оладилар. Ҳадиси шарифда Мусо ва Исо алайҳимассаломнинг намоз ўқиганлари билдирилмоқда. Намоз ўқиш – турли ҳаракатларни қилишдир. Бу ҳаракатлар бадан билан бўлади, руҳ билан бўлмайди. Пайғамбаримизнинг Мусо алайҳиссалом ҳақида: «Уни ўрта бўйли, ориқ, хипча, сочлари йиғиқ ҳолда кўрдим», – деганлари у зотнинг Мусо алайҳиссаломнинг руҳларини эмас, баданларини кўрганларини кўрсатади.
«Аллоҳу таоло йўлида ўлдирилганларни ўлик деб ўйламанглар! Улар Раббилари ҳузурида тирикдирлар. Ризқлантирилмоқдалар» Оли Имрон: 169
Имом Байҳақий шундай деди: «Пайғамбарлар қабрга қўйилганларидан кейин руҳлари баданларига қайтарилади. Биз уларни кўра олмаймиз. Улар фаришталар каби кўринмас бўладилар. Уларни фақат Аллоҳу таоло каромат қилиб эҳсон этган танланган кишиларгина кўра оладилар». Имом Суютий ҳам шундай билдирган. Кўп кишилар саломларга Қабри саодатдан жавоб берилганини кўп марта эшитганлар. Бошқа қабрлардан ҳам саломларга жавоб берилгани кўп эшитилган.
Ҳадиси шарифда ҳам: «Менга салом берилганда, Аллоҳу таоло руҳимни қайтаради ва мен унга жавоб бераман», – дейилди.5
Имом Суютий ҳазратлари шундай дедилар: «Расулуллоҳ Жамоли илоҳийни кўришга ғарқ бўлганлар. Баданларидаги туйғуларни унутганлар. Бир мусулмон салом берганда, у зотнинг муборак руҳлари бу ҳолдан ажралиб, бадан туйғуларини олади. Дунёда ҳам бундай бўлганлар оз эмас. Бирор дунё иши ёки охират иши ҳақида ҳаддан ортиқ ўйланганда, инсон ёнида гапирилаётган гапни эшитмайди. Жамоли илоҳийга ғарқ бўлган киши бирор овозни эшита оладими?»
Қози Иёз ҳазратлари «Шифо» китобида Сулаймон ибн Суҳайм ривоятини келтирадилар: «Бир кеча тушимда Фахри коинотни кўрдим ва: „Ё Расулаллоҳ! Келиб сизга салом берадиган кишиларнинг саломини биласизми?“ – дедим. У зот: „Ҳа, биламан ва уларнинг саломини олиб, жавоб бераман“, – дедилар». Пайғамбарларнинг қабрларида тирик эканларини билдирувчи ҳадиси шарифлар шу қадар кўпки, улар бир-бирини қувватлайди. Масалан: «Қабрим ёнида мен учун айтилган салавотни эшитаман. Узоқ жойларда айтилганлари менга билдирилади», – дейилган. Бу ҳадиси шарифни Абу Бакр ибн Абу Шайба ривоят қилган. Бу ва бунга ўхшаш ҳадиси шарифлар олти буюк ҳадис имомининг китобларида бор. Ибн Абу Дунёнинг ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилган ҳадиси шарифида: «Бир киши бир танишининг қабри ёнидан ўтиб, салом берса, майит уни танийди ва жавоб беради. Танимаган майитга салом берса, майит севинади ва жавоб беради», – дейилди.
Агар Расулуллоҳ дунёнинг ҳар бир жойида бир вақтда салот ва салом айтаётганларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида қандай жавоб берадилар, деб сўралса, бу худди пешин пайтида қуёшнинг бир лаҳзада минглаб шаҳарларга нур сочиши кабидир, деб жавоб берилади. Иброҳим ибн Бишор ҳазратлари шундай дедилар: «Ҳаж қилганимдан кейин Қабри саодатни зиёрат қилиш учун Мадинага бордим. Ҳужраи саодат олдида салом бердим ва „Ва алайкассалом“ деган жавобни эшитдим».
Бир ҳадиси шарифда: «Мен вафот этганимдан кейин ҳам тириклигимдагидек англайман», – дейилди. Бошқа бир ҳадиси шарифда: «Пайғамбарлар қабрларида тирик бўлиб, намоз ўқийдилар», – дейилди.6
Авлиёларнинг улуғларидан Саййид Аҳмад Рифоий ҳазратлари ва кўп валийлар Расулуллоҳга берган саломларининг жавобини эшитганлари ҳамда Аҳмад Рифоийнинг Расулуллоҳнинг муборак қўлларини ўпиш шарафига мушарраф бўлганлари жуда ишончли китобларда ёзилган. Имом Суютий ўз китобида шундай дейди: «Юксак даражадаги валийлар пайғамбарларни вафот этмагандек кўрадилар. Пайғамбаримизнинг Мусо алайҳиссаломни қабрларида тирик ҳолда кўришлари мўъжиза эди. Авлиёларнинг ҳам шундай кўришлари – кароматдир. Кароматга ишонмаслик жаҳолатдан келиб чиқади».
Ибн Ҳиббон, Ибн Можа ва Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Жума кунлари менга кўп салавот айтинглар! Улар менга билдирилади», – дейилди. «Вафот этганингиздан кейин ҳам билдириладими?» – деб сўралганда, у зот: «Тупроқ пайғамбарларнинг баданини чиритмайди. Бир мўмин менга салавот айтса, бир фаришта менга хабар бериб: „Умматингиздан фалончининг ўғли фалончи сизга салом айтди ва дуо қилди“, – дейди», – дедилар.
Расулуллоҳ тирик эканларида саҳобалари учун Аллоҳу таолонинг бир раҳмати, буюк неъмати бўлганларидек, вафотларидан кейин ҳам бутун умматлари учун буюк неъматдирлар. Яхшиликларга сабабдирлар. Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расули акрам шундай дедилар: «Ҳаётим сизлар учун хайрлидир. Сизлар менга сўзлайсизлар, мен ҳам сизларга сўзлайман. Вафот этганимдан кейин вафотим ҳам сизлар учун хайрли бўлади. Амалларингиз менга кўрсатилади. Яхши ишларингизни кўрганимда, Аллоҳу таолога ҳамд айтаман. Ёмон ишларингизни кўрганимда, сизлар учун афв ва мағфират сўрайман».7
Ҳазрати Қусам ибн Аббос Расулуллоҳни дафн қилиш хизмати билан шарафланган эди. Қабрдаги хизмат тугагач, у ердан энг охирида ўзи чиқди. У шундай деди: «Расулуллоҳнинг муборак юзларини энг охирида кўрган – менман. Қабрларида муборак лаблари қимирлаб турарди. Устларига эгилиб, қулоқ солдим. У зот: „Ё Раббим! Умматим!… Ё Раббим! Умматим!…“ – дер эдилар».8
Пайғамбаримизни кўриш
Расулуллоҳни тушда ва уйғоқ ҳолда кўриш мумкинми? Мумкин бўлса, кўринган у зотнинг ўзларими ёки ўхшашларими? Олимларимиз бунга турли жавоблар бердилар. У зотнинг қабрларида тирик эканларини бир овоздан билдирганларидан кейин, уларнинг кўпчилиги у зотнинг ўзлари кўринишларини баён қилганлар. Бундай экани ҳадиси шарифлардан ҳам англашилади. Бир ҳадиси шарифда: «Мени тушида кўрган киши уйғоқ ҳолда кўргандекдир», – дейилди.9 Шунинг учун имом Нававий ҳазратлари: «У зотни тушда кўриш – айнан ўзларини кўришдир», – дедилар. Ҳадиси шарифда: «Мени тушида кўрган киши тўғри кўрибди. Чунки шайтон менинг суратимга кира олмайди», – дейилди.10
«Мени тушида кўрган киши уйғоқ ҳолда кўргандекдир» Ҳадиси шариф
Иброҳим Лақоний ҳазратлари шундай дейдилар: «Ҳадис олимлари Расулуллоҳнинг тушда бўлгани каби уйғоқ ҳолда ҳам кўринишлари мумкинлигини бир овоздан билдирганлар». Ҳар икки ҳолга ҳам кўп мисоллар келтириш мумкин. Улардан бир нечтасини билдирайлик:
Муъиниддин Чиштий ҳазратлари борган ҳар бир шаҳарида қабристонларни зиёрат қилар, у ерда бир муддат қолар эдилар. Борган жойларида танилиб, машҳур бўлгач, у ерда турмас, ҳеч кимга хабар бермай, яширинча чиқиб кетар эдилар. Бу сафарларидан бири Маккага бўлди. Маккаи мукаррамага бориб, Каъбаи муаззамани зиёрат қилдилар. Маккада бир муддат қолиб, у ердан Мадинаи мунавварага бордилар. Пайғамбаримизнинг муборак қабрларини зиёрат қилган бир кунлари турбадан: «Муъиниддинни чақиринглар!» – деган овоз эшитилди. Бу амрга кўра турбадор: «Муъиниддин!» – деб чақирди. Бир неча жойдан: «Лаббай!» – деган овозлар эшитилди. Сўнгра: «Қайси Муъиниддинни истаяпсан? Бу ерда исми Муъиниддин бўлган кўп киши бор», – дейишди. Шунда турбадор орқасига қайтиб, Равзаи мутаҳҳаранинг эшиги олдида тик турди. Икки марта: «Муъиниддин Чиштийни чақир!» – деб нидо қилган овозни эшитди. Турбадор бу амрга кўра жамоатга қараб: «Муъиниддин Чиштийни чақирмоқдалар!» – деб бақирди.
Муъиниддин Чиштий ҳазратлари бу сўзни эшитгач, бутунлай бошқа бир ҳолга тушдилар. Йиғлаб, кўз ёшлар тўкиб ва салавот айтиб, севимли Пайғамбаримизнинг турбаларига яқинлашдилар ва одоб билан тик турдилар. Шу пайт: «Эй Қутбул машойих! Ичкарига кир!» – деган овозни эшитдилар.
Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Сен менинг динимга хизмат қилувчисан. Сен Ҳиндистонга боришинг керак. Ҳиндистонга бор. У ерда Ажмир деган бир шаҳар бор. У ерда менинг авлодимдан (набираларимдан) Саййид Ҳусайн исмли бир киши бор. У ерга жиҳод ва ғазот нияти билан борган эди. У ҳозир шаҳид бўлди. Ажмир кофирлар қўлига тушай деб турибди. Сенинг у ерга боришинг сабаби ва баракоти билан Ислом ёйилади, кофирлар эса хор бўлиб, кучсиз ва таъсирсиз қоладилар». Сўнгра унга бир анор бердилар ва: «Бу анорга диққат билан қара, қаерга боришингни кўриб, англаб оласан», – дедилар. Муъиниддин Чиштий ҳазратлари Пайғамбаримиз берган анорни олиб, буюрилганидек қарадилар ва шарқ билан ғарб орасини тўлиқ кўрдилар. Аҳмад Рифоий ҳазратлари ҳажга борган эдилар. Қайтишда Мадинаи мунавварада Расули акрамнинг муборак турбаларини зиёрат қилаётган пайтларида шу маънодаги шеърни айтдилар:
Узоқда эдик, тупроғингизни ўпмоқ учун, эй сарварим,
Ўзим кела олмай, вакил қилиб руҳимни юборардим.
Энди сизни зиёрат неъмати бўлди насиб,
Беринг муборак қўлингизни, лабим ўпсин, эй Ҳабиб!
Шеър тугагач, севимли Пайғамбаримизнинг қабрларидан муборак қўллари кўринди. Саййид Аҳмад Рифоий ҳам ниҳоятда таъзим ва ҳурмат билан Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини ўпдилар. У ерда бўлган ҳамма бу воқеани ҳайрат билан кўрди. Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини ўпганларидан кейин Аҳмад Рифоий Равзаи мутаҳҳара эшикларининг остонасига ётиб олдилар. Йиғлаб, у ердаги жамоатнинг ҳаммасига: «Устимдан босиб ўтинглар!» – деб ёлвордилар. Олимлар бошқа эшиклардан чиқишга мажбур бўлдилар. Бу каромат жуда машҳур бўлиб, тилдан тилга ўтиб, бизнинг кунларимизгача етиб келган. Ибн Обидин ҳазратларининг динга эргашишдаги ҳоллари машҳур бўлиб, кароматлари ва манқабалари кўпдир.
Беш вақт намозда таҳиййотни ўқиётганларида Расулуллоҳни бош кўзлари билан кўрар эдилар. Кўра олмаган вақтларида ўша намозни қайтадан ўқир эдилар. Ислом олимларининг энг улуғларидан, иккинчи минг йилликнинг мужаддиди имоми Раббоний Аҳмад Форуқий Сирҳиндий ҳазратлари шундай дедилар: «Рамазони шарифнинг охирги кунларида ниҳоятда гўзал бир ҳол зоҳир бўлди. Тўшагимда чўзилиб ётган эдим. Кўзларимни юмган эдим. Тўшагимнинг устига бошқа бир кишининг келиб ўтирганини сездим. Қарасам, не кўз билан кўрай: аввалгиларнинг ва кейингиларнинг саййиди, сарвари эканлар. Дарҳол ўзимни йиғиштириб олдим. Севимли Пайғамбаримиз: „Сен учун ижозат ёзгани келдим. Ҳеч кимга бундай ижозат ёзмаганман“, – дедилар. Қарасам, у ижозатноманинг матнида бу дунёга оид буюк лутфлар, орқасида эса у дунёга оид жуда кўп иноятлар ёзилган эди».
Абдулқодир Жилоний ҳазратлари «Ғуния» китобида Иброҳим Тамимий ҳазратларидан нақл қилиб, шундай ҳикоя қиладилар: Хизр алайҳиссалом менга шундай деди: «Агар тушда Расулуллоҳни кўришни истасанг, шом намозини ўқиганингдан кейин хуфтонгача ҳеч ким билан гаплашмай, ўрнингдан туриб, шом намозидан кейинги аввобин намозини ўқийсан. Ҳар икки ракатда бир салом берасан.
Ҳар ракатда бир марта „Ҳамд“, яъни Фотиҳа сурасини ва етти марта Ихлос сурасини ўқийсан. Хуфтон намозини ҳам жамоат билан ўқиганингдан кейин уйингга келиб, витрни ўқийсан. Ухлагани ётадиган вақтингда ҳам икки ракат намоз ўқиб, ҳар ракатда „Ҳамд“ ва Ихлос сурасини етти марта ўқийсан. Намоздан кейин саждага бош қўйиб, етти марта Аллоҳу таолога истиғфор айтасан, етти марта: „Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил алиййил азийм“, – дейсан. Сўнгра бошингни саждадан кўтариб ўтириб, қўлларингни кўтариб: „Ё Ҳаййу, ё Қаййуму, ё Зал жалоли вал икром, ё Илаҳал аввалийна вал охирийн, ва ё Роҳманад дунё вал охирати ва Роҳимаҳумо, ё Роббий, ё Роббий, ё Роббий, ё Аллоҳ, ё Аллоҳ, ё Аллоҳ“, – дейсан.
Сўнгра ўрнингдан туриб, ўша дуони ўқийсан. Сўнгра саждага бош қўйиб, ўша дуони ўқийсан. Сўнгра бошингни саждадан кўтариб, қиблага юзланиб, истаган ҳолингда ётиб ухлайсан. Уйқу босгунча Пайғамбаримизга салавоти шариф айтасан», – деди.
Мен: «Бу дуони кимдан ўрганган бўлсангиз, менга билдиришингизни истайман», – дедим. Ҳазрати Хизр: «Менга ишонмайсанми?» – деди. «Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасам ичаманки, сизга ишонаман», – дедим.
Хизр алайҳиссалом: «Мен Расулуллоҳ бу дуони ўргатган ва васият қилган мажлисда бўлганман. Бу дуони у зот ўргатган кишидан ўргандим», – деди. Мен ҳам Хизр алайҳиссалом айтганидек қилдим. Тўшагимда Пайғамбаримизга салавоти шариф айта бошладим. Пайғамбаримизни кўраман, деган севинчдан уйқум қочди ва тонггача ухлай олмадим.
«Ҳадис олимлари Расулуллоҳнинг тушда бўлгани каби уйғоқ ҳолда ҳам кўринишлари мумкинлигини бир овоздан билдирганлар» Иброҳим Лақоний (раҳматуллоҳи алайҳ)
Бомдод намозини ўқиб, қуёш кўтарилгунча ўтирдим. Зуҳо, яъни чошгоҳ намозини ўқидим. Ўзимга ўзим: «Агар оқшомга етсам, кеча кечаси қилганимдек қиламан», – дедим. Шу пайт ухлаб қолибман. Тушимда фаришталар келиб, мени жаннатга олиб бордилар. У ерда ёқут, зумрад ва марвариддан қурилган қасрлар ва саройларни, асал, сут ва жаннат шарбатларидан бўлган анҳорларни кўрдим. Мени жаннатга олиб борган фаришталардан: «Бу қаср кимга аталган?» – деб сўрадим. Фаришталар: «Сен қилган амални қилганлар учун», – дедилар. Жаннат таомларидан едирмагунларича ва жаннат сувларидан ичирмагунларича мени жаннатдан чиқармадилар. Сўнгра мени жаннатдан чиқариб, турган жойимга олиб келдилар.
Сўнгра Расулуллоҳ ёнларидаги етмиш пайғамбар ва ҳар бир сафининг ораси шарқ билан ғарб орасидек бўлган етмиш саф фаришта билан менинг олдимга келиб, салом бердилар ва қўлимдан тутдилар. Шунда мен: «Ё Расулаллоҳ! Хизр алайҳиссалом ушбу ҳадисни сиздан эшитганини билдирди», – дедим. Пайғамбаримиз: «Хизр тўғри айтибди, айтгани ҳақдир. Хизр ер юзидагиларнинг энг олимидир. Абдолларнинг бошлиғидир. Ер юзидаги Аллоҳнинг аскарларидандир», – дедилар.
Мен яна: «Ё Расулаллоҳ! Бу амални қилган кишига менинг ушбу кўрганимдан бошқа мукофот борми?» – дедим. У зот: «Сенинг кўрганингдан, сенга эҳсон қилинганидан афзалроқ қандай мукофот бўлиши мумкин? Сен жаннатдаги жойингни ва мақомингни кўрдинг. Жаннатнинг меваларидан единг, шарбатларидан ичдинг. Мен билан бирга фаришталарни ва пайғамбарларни кўрдинг. Ҳури ийнни кўрдинг», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Мен қилган амални қилиб, тушида мен кўрганни кўрмаган кишига ҳам менга эҳсон қилинган нарса бериладими?» – дедим. У зот: «Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, у кишининг қилган катта гуноҳлари кечирилади. Аллоҳу таолонинг у кишига бўлган ғазаби кўтарилади. Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, бу амални қилган киши, тушида сен кўрганни кўрмаса ҳам, сенга берилгани унга ҳам берилади. Осмондан бир овоз: „Аллоҳу таоло бу амални қилган кишини ва шарқдан ғарбгача бўлган уммати Муҳаммадни мағфират қилди“, – деб нидо қилади», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Мен сизнинг жамолингизни ва жаннатни кўрганимдек, у кишининг ҳам булардан насибаси борми?» – дедим. У зот: «Ҳа, ҳаммаси берилади», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Эркак ва аёл, барча мўминларга бу дуони ўргатиш ва савобларини билдириш муносиб бўладими?» – деганимда, у зот: «Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, бу амални Аллоҳу таоло саодатли қилиб яратган кишилардан бошқаси қилмайди», – дедилар. Тушида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақиқий суратларида кўрган киши, шубҳасиз, у зотни кўрган бўлади. Чунки шайтон у зотнинг суратларига кира олмайди. Лекин шайтон бошқа суратга кириб кўриниши мумкин. Расулуллоҳни танимайдиган киши учун буни ажратиш осон бўлмайди. Баъзи олимлар: «Пайғамбаримизни бошқа суратда кўриш ҳам у зотни кўриш бўлади. Лекин бу – ўша кишининг диндаги нуқсонининг аломатидир. Пайғамбаримизни тушида ҳақиқий суратларида кўрган ва мўмин ҳолда вафот этган ҳар бир киши жаннатга киради», – дедилар.
Абу Ҳурайра Пайғамбаримизнинг ушбу ҳадиси шарифларини ривоят қилди: «Бир киши жума кечасида икки ракат намоз ўқиса, ҳар ракатда Фотиҳа ва Оятал курсийни бир мартадан, Ихлос сурасини ўн беш марта ўқиса, намоздан кейин минг марта: „Аллоҳумма солли ала Муҳаммадинин набиййил уммийй“, – деса, кейинги жума келмасдан мени тушида кўради. У кишининг ўтган ва келажакдаги барча гуноҳлари мағфират қилинади. Жаннат мени кўрганлар учундир».
Пайғамбаримизнинг Қабри шарифларини зиёрат қилиш
Фахри коинот шундай дедилар: «Ким вафотимдан кейин мени зиёрат қилса, мени ҳаётлигимда зиёрат қилгандекдир». «Mir’ât-i Medîne» китобида келтирилган бир ҳадиси шарифда у зот: «Қабримни зиёрат қилган кишига шафоатим вожиб бўлди», – дедилар. Бу ҳадиси шарифни Ибн Хузайма, Баззор, Дорақутний ва Табароний ривоят қилганлар. Баззор ҳазратлари ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда: «Қабримни зиёрат қилган кишига шафоатим ҳалол бўлди», – дейилди. «Муслими шариф»да ва Абу Бакр ибн Маккорийнинг «Мўъжам» китобида келтирилган ҳадиси шарифда: «Бир киши мени зиёрат қилиш учун келса ва бошқа бирор нарсага нияти бўлмаса, қиёмат куни унга шафоат қилишимга ҳақли бўлади», – дейилди. Бу ҳадиси шариф Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўзларини зиёрат қилиш учун Мадинаи мунавварага келганларга шафоат қилишларини хабар бермоқда.
Зинҳор одобни тарк этма – Худо маҳбубининг кўйидир бу,
Илоҳий назаргоҳдир, Мустафонинг мақомидир бу!
Фалакдаги янги ой – Бобус саломнинг кўкси чок ошиғидир,
Унинг қандили – Жавзо, нуру зиёнинг матлаъидир бу.
Кибриё Ҳабибининг ором олган жойидир, фазилатда
Жаноби Кибриёнинг Аршидан ҳам афзалдир бу.
Бу тупроқнинг партавидан йўқлик зулмати зойил бўлди,
Борлиқ кўрликдан қутулди: икки кўзга тўтиёдир бу.
Одобга риоя шарти ила кир, Нобий, бу даргоҳга,
Қудсийларнинг тавофгоҳи, анбиёнинг бўсагоҳидир бу!
Nâbî
Дорақутний ривоят қилган бошқа бир ҳадиси шарифда: «Ҳаж қилиб, мени зиёрат қилмаган киши мени ранжитган бўлади», – дейилди. Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) зиёрат қилинишни истаганлари умматлари бу йўл билан ҳам савоб қозонишлари учундир. Шунинг учун фиқҳ олимларимиз ҳаж вазифасини адо этганларидан кейин Мадинаи мунавварага келиб, Масжиди шарифда намоз ўқир эдилар. Сўнгра Равзаи мутаҳҳарани, Минбари мунирни ва Арши аълодан афзал бўлган Қабри шарифни, сўнгра у зот ўтирган, юрган, суянган жойларни, ваҳий келганда суянган устунларини ҳамда масжид қурилаётганда ва таъмирланаётганда ишлаган, молларини ва пулларини бериш шарафига мушарраф бўлган саҳобаи киром ва тобеъинлар ўтган жойларни зиёрат қилар, уларни кўриб баракот топар эдилар. Улардан кейин келган олимлар ва солиҳлар ҳам ҳаждан кейин Мадинага келар, фиқҳ олимларимиз каби қилар эдилар. Кечагидек бугун ҳам ҳожилар бунга содиқ қолиб, Мадинаи мунавварада зиёратлар қилмоқдалар.
«Бир киши мени зиёрат қилиш учун келса ва бошқа бирор нарсага нияти бўлмаса, қиёмат куни унга шафоат қилишимга ҳақли бўлади» Ҳадиси шариф
Ислом олимларининг қуёши Абу Ҳанифа ҳазратлари шундай дедилар: «Мустаҳабларнинг энг афзалларидан бўлган Қабри саодатни зиёрат қилиш вожиб даражасига яқин бир ибодатдир». Расулуллоҳнинг Қабри шарифларини зиёрат қилишга борган киши кўп салавоти шариф айтиши лозим. Айтилган бу салот ва саломларнинг Пайғамбаримизга етиши ҳадиси шарифда билдирилган. Севимли Пайғамбаримизни зиёрат қилиш одоби шундай билдирилди:
Мадинаи мунаввара шаҳри узоқдан кўринганда, салот ва салом айтилади. Сўнгра: «Аллоҳумма ҳаза ҳараму набиййика, фажъалҳу виқоятан ли минан нори ва амонан минал азоби ва суил ҳисоб», – дейилади. Имкони бўлса, шаҳарга ёки масжидга киришдан олдин ғусл қилинади. Хушбўйлик (атир) сурилади. Янги, тоза кийим кийилади. Чунки булар таъзим ва ҳурматни ифода этади. Мадинаи мунавварага камтарлик, виқор ва сукунат ҳолида кирилади. «Бисмиллаҳи ва ала миллати Расулиллаҳ», – дегандан кейин Исро сурасининг 80-оятини ўқиш керак. Унинг кетидан: «Аллоҳумма солли ала Муҳаммадин ва ала оли Муҳаммад. Вағфир ли зунубий вафтаҳ ли абваба роҳматика ва фазлик», – деб Масжиди Набавийга кирилади. Сўнгра Расулуллоҳнинг минбарлари ёнида, минбарнинг устуни ўнг елкага тўғри келадиган қилиб туриб, икки ракат таҳиййатул масжид намозини ўқиш керак. Севимли Пайғамбаримиз шу ерда намоз ўқир эдилар. Бу ер – Пайғамбаримизнинг қабрлари билан минбарлари орасидир. Ҳадиси шарифда: «Қабрим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир. Минбарим ҳовузим устидадир», – дейилган.11 Сўнгра Аллоҳу таоло Расулуллоҳнинг муборак қабрларини зиёрат қилишни ўзига насиб этгани учун Унга сажда қилиш керак.
Дуодан кейин туриб, Пайғамбаримизнинг Қабри шарифларига, Ҳужраи саодатга келиш, орқасини қиблага қилиб, Расулуллоҳнинг муборак юзлари рўпарасида икки метрча узоқликда одоб билан туриш керак. Бундан яқинроқ борилмайди. Хушуъ ва хузуъ ҳолида бўлиш, Аллоҳу таоло Қуръони каримда буюрганидек, Расулуллоҳнинг ҳузурида у зот тирик эканлар ва юксак ҳузурларида тургандек одоб билан бўлиш керак. Сокинлик ва виқорни тарк этмаслик керак. Қўлини Қабри шарифнинг деворларига қўймай, узоқда одоб билан туриш ҳурматга мувофиқроқдир. Намоздагидек туриш керак. Расулуллоҳнинг муборак, латиф суратларини хаёлига келтириб, у зот уни билиб турганларини, сўзини, саломини ва дуоларини эшитаётганларини, жавоб бераётганларини, «Омин» деяётганларини ўйлаш керак. Зеро Расулуллоҳ: «Ким менга қабрим ёнида салот айтса, уни эшитаман», – дедилар. Яна ҳадиси шарифда Расулуллоҳнинг Қабри шарифларида бир фаришта вакил қилиб қолдирилгани, у фаришта умматларидан салом берганларнинг саломини у зотга етказиши билдирилди. Сўнгра: «Ассалому алайка ё саййидий, ё Расулаллоҳ! Ассалому алайка ё Набиййаллоҳ! Ассалому алайка ё Сафиййаллоҳ! Ассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ! Ассалому алайка ё Набиййар роҳмаҳ! Ассалому алайка ё Шафиъал уммаҳ! Ассалому алайка ё Саййидал мурсалийн! Ассалому алайка ё Хотаман набиййийн!» – дейилади.
«Аллоҳу таоло сизга энг юксак мукофот ва ажр ато этсин. Гувоҳлик бераманки, сиз пайғамбарлик вазифангизни адо этдингиз. Омонатни топширдингиз. Умматингизга насиҳат қилдингиз. Сизга яқин (ўлим) келгунча Аллоҳу таоло йўлида жиҳод қилдингиз. Аллоҳу таоло сизга қиёмат кунигача салот ва салом йўлласин. Ё Расулаллоҳ! Биз сизнинг ҳузурингизга жуда узоқ жойлардан келдик. Қабри шарифингизни зиёрат қилиш, ҳаққингизни адо этиш, сиз қилган ишларни ўз жойида кўриш, сизни зиёрат қилиб баракот топиш, Аллоҳу таоло ҳузурида бизга шафоатчи бўлишингизни сўраш учун келдик. Чунки хатоларимиз белимизни букди. Гуноҳларимиз елкамизга оғир келди. Ё Расулаллоҳ! Сиз ҳам шафоат қилувчи, ҳам шафоати қабул қилинувчисиз. Мақоми Маҳмуд сизга ваъда қилинган. Аллоҳу таоло ҳам Қуръони каримда (Нисо сурасининг 64-оятида, маъноси): „Биз ҳар бир пайғамбарни фақат Аллоҳу таолонинг амри билан (юборилган қавми томонидан) унга итоат қилиниши учун юбордик. Улар нафсларига зулм қилганларидан (ўзларига ёмонлик қилганларидан) кейин сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳу таолодан мағфират сўрасалар ва Расулим ҳам улар учун истиғфор айтса, Аллоҳу таолони, албатта, тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли топадилар“, – демоқда. Биз ҳузурингизга келдик. Лекин биз нафсларимизга зулм қилдик. Гуноҳларимизнинг мағфират қилинишини сўраймиз. Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло ҳузурида бизга шафоат қилинг. Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таолодан руҳимизни суннатингиз устида олишини, эртага қиёмат кунида сиз билан бирга маҳшар майдонига келганлар орасига қўшишини, ҳовузингизга келиб, у ерда ҳовузингиздан ичишни насиб этишини сўранг. Ё Расулаллоҳ! Шафоатингизни сўраймиз», – деб дуо қилиш керак. Сўнгра маъноси «… Эй Раббимиз! Бизни ва иймон билан биздан олдин ўтган биродарларимизни мағфират қил! Иймон келтирганларга қарши қалбларимизда бирор кек қолдирма! Эй Раббимиз! Албатта, Сен шафқат ва марҳамат соҳибисан!…» бўлган Ҳашр сурасининг 10-оятини ўқиш керак.
Сўнгра салом юборганларнинг саломини етказиб: «Ассалому алайка ё Расулаллоҳ! Фалон киши Аллоҳу таоло ҳузурида унга шафоатчи бўлишингизни сўрамоқда. Унга ва барча мусулмонларга шафоат қилинг», – дейиш ва хоҳлаганича салавот айтиш керак.
Сўнгра ярим метр ўнгга, ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг муборак боши рўпарасига келиб: «Ассалому алайка ё халифата Расулиллаҳ! Ассалому алайка ё рафиқаҳу фил ғор! Ассалому алайка ё аминаҳу алал асрор! Аллоҳу таоло бу умматнинг имоми сифатида сизга энг юксак мукофот ва ажрни лутф этсин. Сиз Расулуллоҳга энг гўзал тарзда халифа бўлдингиз. У зотнинг юксак суннатларига энг яхши тарзда эргашдингиз. Муртадлар (диндан қайтганлар) ва тўғри йўлдан адашганлар билан жанг қилдингиз. Доимо ҳақни сўзладингиз. Вафот этгунингизча ҳақ йўлда бўлганларга ёрдамчи бўлдингиз. Аллоҳу таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти сизга бўлсин! Аллоҳим! Раҳматинг билан руҳимизни унинг муҳаббати устида ол. Уни зиёрат қилганимизни беҳуда қилма!» – деб дуо қилиш керак.
«Қабрим билан минбарим ораси жаннат боғларидан бир боғдир. Минбарим ҳовузим устидадир» Ҳадиси шариф
Сўнгра яна ярим метр ўнгга, ҳазрати Умарнинг қабри рўпарасига келиб: «Ассалому алайка ё Амирал мўминийн! Ассалому алайка ё Музҳирал Ислом! Ассалому алайка ё Муксирал аснам! Аллоҳу таоло сизга энг юксак ажр ва мукофот берсин. Тириклигингизда ҳам, вафотингизда ҳам Исломга ва мусулмонларга ёрдам бердингиз. Етимларга кафил бўлдингиз. Қариндошларга яхшилик қилдингиз. Мусулмонларга улар рози бўлган, ўзи ҳам ҳидоятда бўлган ва инсонларни ҳам тўғри йўлга бошлайдиган бир раҳбар бўлдингиз. Уларнинг ишларини тартибга солдингиз. Фақирларини бой қилдингиз, яраларини боғладингиз. Аллоҳу таолонинг саломи, раҳмати ва баракоти сизга бўлсин!» – дейиш керак.
Сўнгра ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умарга хитоб қилиб: «Ассалому алайкумо ё зажийъай Расулиллаҳи ва рафиқайҳи ва вазирайҳи ва мушийрайҳи вал муъовинайни лаҳу алал қиёми фид дийни вал қоимайни баъдаҳу би масолиҳил муслимийн! Аллоҳу таоло сизларга энг гўзал ажр берсин. Расулуллоҳнинг бизга шафоат қилишларини, саъйимизни қабул қилишини, бизни Ислом дини устида вафот эттириб, яна Ислом дини устида тирилтиришини, қиёмат кунида Расулуллоҳга яқин бўлганлар орасида ҳашр қилишини Аллоҳу таолодан сўрашингиз учун сизларни Расулуллоҳнинг ҳузурларида васила қиламиз», – дейиш керак.
Сўнгра ўзига, ота-онасига, дуо сўраганларга ва барча мусулмонларга дуо қилиш керак. Шундан кейин Расулуллоҳнинг муборак юзлари рўпарасида туриб: «Эй Аллоҳим! Сен (маъноси): „Биз ҳар бир пайғамбарни фақат Аллоҳу таолонинг амри билан (юборилган қавми томонидан) унга итоат қилиниши учун юбордик. Улар нафсларига зулм қилганларидан (ўзларига ёмонлик қилганларидан) кейин сизнинг олдингизга келиб, Аллоҳу таолодан мағфират сўрасалар ва Расулим ҳам улар учун истиғфор айтса, Аллоҳу таолони, албатта, тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли топадилар“12, – демоқдасан. Ё Раббим! Сенинг юксак каломингга эргашиб, амрингга итоат қилиб, севимли Пайғамбарингнинг Сенинг ҳузурингда бизга шафоат қилишларини сўраймиз», – деб дуо қилганидан кейин аввал ўқиган дуосини, яъни Ҳашр сурасининг 10-оятини (маъноси) ўқийди:
«… Эй Раббимиз! Бизни ва иймон билан биздан олдин ўтган биродарларимизни мағфират қил! Иймон келтирганларга қарши қалбларимизда бирор кек қолдирма! Эй Раббимиз! Албатта, Сен кўп шафқат ва марҳамат соҳибисан!» Сўнгра «Роббанағфир лана ва ли абаина ва ли уммаҳатина ва ли ихваниналлазийна сабақуна бил иймон», «Роббана атина…» ва «Субҳона роббика…» оятларини ўқиб, Ҳужраи саодат зиёратини тамомлайди. Сўнгра Расулуллоҳнинг қабрлари билан минбарлари орасида жойлашган Равзаи мутаҳҳарага келади. Бу ер тўртбурчак шаклидаги бир жойдир. Бу ерда хоҳлаганича намоз ўқийди. Дуо қилади. Тасбеҳлар айтади. Аллоҳу таолога ҳамду санолар айтади. Сўнгра минбар ёнига келади. Расулуллоҳнинг баракоти ўзига етиши нияти билан Пайғамбаримиз хутба ўқиганларида муборак қўлларини қўйган жойга қўлини қўяди. Бу ерда икки ракат намоз ўқийди. Аллоҳу таолодан тилакларини сўрайди. Аллоҳу таолонинг ғазабидан Унинг раҳматига паноҳ тилайди. Сўнгра илгари Ҳаннона устуни турган жойга қўйилган устун ёнига келади. Ҳаннона – шундай устундир: Расулуллоҳ уни тарк этиб, хутба ўқиш учун минбарга ўтганларида у инграган, Расулуллоҳ тушиб, уни қучоқлаганларидан кейин тинчланган. Сўнгра ҳазрати Абу Лубоба ўзини боғлаб, тавба қилган устун ёнига келади. Бу ерда икки ракат намоз ўқиб, Аллоҳу таолога тавба ва истиғфор қилади. Хоҳлаган дуоларини қилади.
Бу ерда қолган муддат ичида кечаларини Қуръони карим ўқиш, Аллоҳу таолони зикр қилиш, минбар билан қабр ёнида махфий ва ошкора дуо қилиш ва робита қилиш билан ўтказиши керак. Расулуллоҳни зиёрат қилгандан кейин Бақиъ қабристонига бориб, у ерни ҳам зиёрат қилиш мустаҳабдир. Сўнгра бошқа қабрларни, айниқса, Саййидуш шуҳадо (шаҳидларнинг сарвари) ҳазрати Ҳамзанинг қабрини зиёрат қилиш керак. Яна Бақиъда ҳазрати Аббосни ва у ерда бўлган Ҳасан ибн Алини, Зайнулобидинни, унинг ўғли Муҳаммад Боқирни ва унинг ўғли Жаъфари Содиқни, амирул мўминин ҳазрати Усмонни, Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳимни, Расулуллоҳнинг у ерда дафн қилинган пок завжаларини, аммалари Сафийяни ва саҳоба ва тобеъинлардан бўлган яна кўп улуғларни (розияллоҳу анҳум ажмаъийн) зиёрат қилиш керак. Бақиъдаги Фотима масжидида намоз ўқиш керак. Пайшанба куни Уҳуд шаҳидларини зиёрат қилиш мустаҳабдир. У ерда: «Саламун алайкум бима сабартум. Фаниъма уқбад дор. Саламун алайкум ё аҳла дорил қавмил мўъминийн, ва инна иншоаллоҳу ан қарийбин бикум лоҳиқун», – дейиш керак. Сўнгра Оятал курсий ва Ихлос сурасини ўқиш керак. Ҳужраи саодатни зиёрат қилганлар жуда ҳушёр бўлишлари лозим. Кўнгилларида дунё ўйлари бўлмаслиги керак. Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак нурини ва даражаларининг юксаклигини ўйлаш керак. Дунё ишлари, катта кишилар билан кўришиб фойда олиш ва олди-сотди ўйлари ичида қилинган дуоларни Аллоҳу таоло қабул қилмайди ва улар тилакларига ета олмайдилар. Ҳужраи саодатни зиёрат қилиш шарафли бир ибодатдир. Бунга ишонмаганларнинг мусулмонликдан чиқишларидан қўрқилади. Чунки улар Аллоҳу таолога, Унинг Расулига ва барча мусулмонларга қарши чиққан бўладилар. Моликий олимларидан бир нечтаси Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) зиёрат қилиш вожибдир, деган бўлсалар ҳам, унинг мустаҳаб экани бир овоздан билдирилган.
«Эй Раббимиз! Бизни ва иймон билан биздан олдин ўтган биродарларимизни мағфират қил! Иймон келтирганларга қарши қалбларимизда бирор кек қолдирма! Эй Раббимиз! Албатта, Сен кўп шафқат ва марҳамат соҳибисан!» Ҳашр: 10
АС-СУБҲУ БАДО
Ассубҳу бадо мин талъатиҳи.
Валлайлу дажо мин вафратиҳи.
Фоқар русула фазлан ва ула.
Аҳдас субула ли далолатиҳи.
Тонг нурини у зотнинг чеҳрасидан олди.
Тун эса қоронғилигини у зотнинг қора сочларидан олди.
У зот фазилати ва улуғлиги билан барча расуллардан афзал бўлдилар.
Ҳидоят топганлар йўлини у зотнинг кўрсатмалари билан топдилар.
Канзул карами мавлан ниъами.
Ҳодил умами ли шариъатиҳи.
Азканнасаби аълал ҳасаби.
Куллул араби фи хидматиҳи.
У зот – саховат хазинаси, ўша хазинадан эҳсон қилувчи эдилар.
Умматларни динларига ва ҳидоятга етказдилар.
Насаблари жуда пок, шарафлари жуда юксакдир.
Барча араблар у зотнинг хизматларидадир.
Саъатиш шажару натақал ҳажару.
Шуққал қамару би ишоратиҳи.
Жибрилу ато лайлата асро.
Вар Роббу даъо ли ҳазратиҳи.
Дарахтлар у зотнинг ҳузурларига югурди, тошлар тилга кириб сўзлади.
У зотнинг (мўъжизали) ишоралари билан ой иккига бўлинди.
Исро кечасида Жаброил (алайҳиссалом) у зотнинг ҳузурларига келди.
Рабби эса у зотни Ўз ҳузурига даъват қилди.
Налаш шарафа валлоҳу афо.
Амма салафа мин умматиҳи.
Фа Муҳаммадуна ҳува саййидуна.
Фал иззу лана би ижобатиҳи.
У зот буюк мартабаларга эришдилар.
Аллоҳ (жалла жалолуҳу) ҳам у зотнинг умматларини афв этди.
Бизнинг Муҳаммадимиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) – у зот бизнинг сарваримиздир.
У зотни қабул қилганимиз учун шараф бизникидир.
Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу)
