ДИНДАН ҚАЙТИШ ҲАРАКАТЛАРИ
Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) йигирма уч йиллик пайғамбарликлари даврида Араб ярим оролининг ҳаммаси ва бошқа жойлардан ҳам жуда кўп инсонлар тўп-тўп бўлиб келиб, мусулмон бўлдилар. Улар Аллоҳу таолога иймон келтириб, ҳар бир сўзида ва ҳар бир ишида Унинг юборган Пайғамбарига эргашдилар. Расулуллоҳ вафот этганларида ер юзида бир юз йигирма тўрт мингдан ортиқ (бир ривоятда бир юз эллик мингга яқин) саҳоба бор эди. Видо ҳажидан кейин араблар орасида баъзи кимсалар пайғамбарлик даъвосига тушдилар. Уларнинг биринчиси Бану Анс қабиласидан Асвад Ансий эди. Унинг асл исми Абҳала ибн Каъб эди. У турли ҳийлалар билан Яман аҳолисидан кўп кишиларни алдади. Нажрон аҳолиси ҳам унга эргашди. У Санъони эгаллаб, фитна доирасини кенгайтирди. Расулуллоҳ бемор бўлишларига қарамай, Асвад Ансийга ўхшаган ёлғончиларнинг қилган вайронагарчиликларига жиддий эътибор бердилар. Бу ёлғончининг ўлдирилгани Пайғамбаримизга ваҳий орқали билдирилди. Расулуллоҳ бу воқеани эртаси куни: «Кеча кечаси ёлғончи Асвад Ансий биродарларимиздан бири томонидан ўлдирилди», – деб саҳобаларига хушхабар бердилар.
Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин мунофиқлар, яҳудийлар ва насронийларнинг қутқуси билан жамоа-жамоа бўлиб иртидод (диндан қайтиш) ҳаракатлари бошланди. Бу ҳаракатлар катта миқёсга етди. Расулуллоҳ вафот этганларидан кейин саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) бир овоздан Абу Бакр Сиддиқни (розияллоҳу анҳу) халифа қилиб сайладилар. Мусулмон кўринишларига қарамай, ҳали Исломга кўнгли исимаган бадавий арабларнинг бир қисми Пайғамбаримизнинг вафотларини фурсат билиб, фарз ибодатларни, айниқса, закот беришни рад этдилар. Саҳобаи киромдан (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) уларнинг олдига вазифа билан келганларни шаҳид қилдилар. Мусулмон бўлатуриб, Ислом динини тарк этдилар. Муртад бўлдилар. Ямандаги ва бошқа жойлардаги вазифадорлар қайтиб кела бошладилар, қора хабарлар келтира бошладилар. Иртидод хавфи бирдан кучайди. Ҳамма ёқни даҳшат қамради. Муртадларнинг сонига нисбатан мусулмонлар жуда оз эди. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) муртадлар билан жанг қилишни бўйнига олди. Мадинага ҳужум қилишга тайёрланаётган душман устига кечаси шиддатли ҳамла қилиб, тонггача жанг қилди. Уларнинг ҳаммасини тарқатиб юборди. Узоқдаги муртадлар билан жанг қилгани бориш учун туясига минди.
Ҳазрати Оиша шундай деди: «Араблар иртидод қилган ўша кунларда отам қиличини қинидан суғуриб, туясига минганида, ҳазрати Али унинг ёнига борди, туясининг жиловидан тутди ва: „Эй Расулнинг халифаси! Қаерга кетяпсиз? Сизга Расулуллоҳнинг Уҳуд жангида айтган сўзларини айтаман. Ўша куни у зот сизга: «Қиличингни қинига сол! Ўлиминг билан бизни куйдирма!» – деган эдилар. Аллоҳга қасамки, агар сизга бир нарса бўлса, сиздан кейин мусулмонлар тартиб топмайди“, – деди». Саҳобаи киромнинг ҳаммаси (розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн) ҳазрати Алининг сўзини тасдиқлади. Ҳазрати халифа Мадинаи мунавварага қайтди. Муртадлар устига қўшин бўлинмаларини юборди. Халифа аввал Мадинага яқин тўрт қабила устига юриб, уларни итоатга келтирди. Сўнгра ўн бир қабилага қарши бўлинмалар юборди. Улардан Икрима қўмондонлигидаги аскар Ямомада Мусайламанинг қирқ минг кишилик аскарига бас кела олмади.
«Эй севимли Пайғамбарим! Уларга айтинг: „Агар Аллоҳни севсангиз ва Аллоҳнинг ҳам сизларни севишини истасангиз, менга эргашинглар! Аллоҳ менга эргашганларни севади“» Оли Имрон: 31
Халифа ёрдамга Холид ибн Валидни юборди. Холид Тулайҳа ибн Хувайлид, Сажоҳ бинт Ҳорис ва Молик ибн Нувайрани тор-мор қилиб, Мадинага қайтди. Ямомада ҳам катта ғалаба қозонди. Йигирма минг муртадни ўлдирди. Икки мингга яқин мусулмон шаҳид бўлди. Амр ибн Ос ҳам Хузоа қабиласини иймонга келтирди. Ало ибн Ҳазрамий Баҳрайнда оғир жанглар олиб бориб, муртадларни тарқатиб юборди. Ҳузайфа, Арфажа ва Икрима Уммон ва Баҳрайнда бирлашиб, муртадларни енгдилар. Ўн минг муртадни ўлдирдилар. Халифа Холид ибн Валидни Ироқ томонга юборди. У Ҳирадан юз минг олтин жизя олди. Ҳурмуз қўмондонлигидаги Эрон қўшинини енгди. Басрада ўттиз минг кишилик қўшинни тор-мор қилди. Ёрдамга келган душман қўшинидан етмиш минг кофир ўлдирилди. Сўнгра турли жанглар билан катта шаҳарларни олди. Халифа Мадинада қўшин тўплаб, Абу Убайдани Шом томонга, Амр ибн Осни эса Фаластинга юборди. Сўнгра Язид ибн Абу Суфённи Шомга ёрдамга юборди. Сўнгра яна аскар тўплаб, ҳазрати Муовияни биродари Язидга ёрдамга юборди. Холид ибн Валидни ҳам Ироқдан Шомга юборди. Холид аскарнинг бир қисмини Мусаннонинг ёнида қолдириб, кўп жанглар ва ғалабалар билан Сурияга келди. Ислом аскарлари бирлашиб, Ажнодайнда катта Рум қўшинини енгдилар. Сўнгра Ярмукда қирқ олти минг Ислом аскари Ҳирақлнинг икки юз қирқ минг аскари билан узоқ ва жуда оғир жанглар олиб бориб, ғолиб келди. Юз мингдан ортиқ Рум аскари ўлдирилди. Уч минг мусулмон шаҳид бўлди. Бу жангда мусулмон аёллари ҳам жанг қилдилар. Бош қўмондон Холид ибн Валиднинг ва қўшин бўлинмаси қўмондони Икриманинг ҳайратланарли қаҳрамонликлари кўринди. Бу ғалабаларнинг ҳаммаси халифанинг жасорати, донолиги, гўзал бошқаруви ва баракоти билан бўлди. Пайғамбаримизнинг вафотлари билан бутун Араб ярим оролини ёнғиндек қамраб олган исён ва иртидод ҳаракатлари ҳазрати Абу Бакрнинг юксак азми, мустаҳкам иродаси ва қўшинда қилган ўринли ислоҳотлари билан бир йилга яқин қисқа вақт ичида бостирилди. Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) Усома қўшинининг Сурияга юборилишида ва воқеаларнинг олдини олишда катта хизматлар қилди. Абдуллоҳ ибн Суҳайл сўзлари билан кўп кишиларнинг иртидодига йўл қўймади. Абу Дужона ҳам воқеаларни бостиришда жуда катта хизмат қилди. Нуъмон ибн Муқаррин ва Холид ибн Саъид муртадлар билан бўлган жангларда қатнашиб, катта муваффақиятларга эришдилар. Шу тариқа иртидод фитнасининг катталашишига йўл қўйилмай, катта бир фалокатнинг олди олинди ва Ислом бирлигини ларзага солишга қаратилган катта бир фитна олови ўчирилди.
Лекин мақсадларига очиқдан-очиқ ета олмасликларини англаган ва иртидодга уринган баъзи кимсалар кейинги даврлардаги фитна ҳаракатларида ҳам иштирок этдилар. Мусулмонлар орасида юзага келган диний ва сиёсий ажралишларга сабаб бўлдилар.
Ислом тарихида динни рад этиш, диндан қайтиш маъноларида «иртидод» (диндан қайтиш) ва «муртад» (диндан қайтган киши) атамалари ушбу воқеалардан кейин ишлатила бошлади. Муртадларга қарши курашда ҳазрати Абу Бакрнинг ҳиссаси катта бўлди. Агар шундай доно бир киши бўлмаганида, хавф бутун Арабистонга ёйилган бўларди. Шунинг учун ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳнинг руҳлари қабз қилингач, араблар иртидод қилдилар. Нифоқ бош кўтарди. Отамнинг устига тушган юк тоғлар устига тушганида эди, уларни албатта ун-талқон қилиб юборган бўларди!» – деган.1
Ҳазрати Абу Ҳурайра ҳам: «Агар Абу Бакр бўлмаганида, Муҳаммад алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин уммати Муҳаммад ҳалок бўларди!» – деган.2 Ва: «Ўзидан бошқа илоҳ бўлмаган Аллоҳга қасамки, агар Абу Бакр халифаликни ўз зиммасига олмаганида, буюк Аллоҳга ибодат қиладиган киши қолмас эди!» – деб, бу сўзини уч марта такрорлаган.
Абу Ражо Уторидий шундай ҳикоя қилади: «Мадинага кирганимда одамларнинг йиғилганини ва бир кишининг: „Сизга қурбон бўлай! Аллоҳга қасамки, сиз бўлмаганингизда, биз албатта ҳалок бўлардик!“ – деб бошқа бир кишининг бошидан ўпаётганини кўрдим. „Бу ўпаётган ва ўпилаётган ким?“ – деб сўрадим. „Муртадларга қарши ғазот қилгани учун Умар Абу Бакрнинг бошидан ўпмоқда!“ – дейишди».3
Ҳазрати Оиша ўша кунларни шундай ҳикоя қилади: Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин араб қабилаларининг кўпчилиги иртидод қилди. Мусулмонлар қоронғи кечада ёмғир остида қолгандек эсанкираб қолдилар. Ҳатто ўша пайтда маккаликларнинг кўпчилиги Исломдан қайтишга тайёрланди. Ҳазрати Суҳайл ибн Амр Каъбанинг эшиги олдида туриб, маккаликларга мурожаат қилди. Уларга таъсирли нутқ сўзлаб, шубҳаларини кетказди ва диндан қайтишларининг олдини олди. У уларга шундай деди: «Эй маккаликлар! Сизлар мусулмон бўлганларнинг охиргиси бўлдингиз. Зинҳор иртидод қилганларнинг, мусулмонликдан қайтганларнинг биринчиси бўлманглар! Аллоҳга қасамки, буюк Аллоҳ, Расул алайҳиссалом айтганларидек, бу ишни албатта охирига етказади! Мен у зотнинг худди мен турган шу жойда ёлғиз ўзлари туриб: „Мен билан бирга «Ла илаҳа иллаллоҳ» денглар, токи сизларга қараб араблар динга кирсин, араб бўлмаганлар эса сизларга жизя тўласин! Аллоҳга қасамки, Кисро ва Қайсарнинг хазиналари Аллоҳ йўлида сарфланади!“ – деганларини эшитганман.
Бир вақтлар масхара қилганларнинг энди закот ва садақа йиғувчи бўлганларини кўрдингиз. Аллоҳга қасамки, қолгани ҳам рўёбга чиқади! Аллоҳга қасамки, мен яхши биламанки, қуёш чиқиб, ботиб тургунча бу дин давом этади! Орангиздаги ўша кишилар сизларни алдамасин! Мен билган бу ишни улар ҳам биладилар. Лекин Бану Ҳошимга бўлган ҳасадлари уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйган. Эй одамлар! Мен Қурайш ичида қуруқликда ҳам, денгизда ҳам энг кўп уловга эга бўлган кишиман. Амирингизга итоат қилинглар ва закотларингизни унга тўланглар. Агар Ислом иши охиригача давом этмаса, мен закотларингизни ўзингизга қайтариб беришга кафилман!» – деди-да, йиғлади. Шундан кейин халқ тинчланди.4
Суҳайл ибн Амр таъсирли нутқи билан маккаликларни иртидоддан қайтаргач, Макка ноиби Аттоб ибн Асид халқ олдига чиқа олди.
«Агар Абу Бакр бўлмаганида, Муҳаммад алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин уммати Муҳаммад ҳалок бўларди!» Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)
Ҳужраи саодат / Масжиди Набавий
Севимли Пайғамбаримиз (алайҳиссалоту вассалом) ва саҳобаларидан мусулмонларнинг икки кўз қорачиғи бўлган
ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умарнинг (розияллоҳу анҳумо) муборак қабрларининг
олд, яъни қибла томонидан кўриниши.
Суҳайл ибн Амр Бадр жангида асирлар орасида эди. Ҳазрати Умар уни ўлдирмоқчи эди. Ўшанда Пайғамбаримиз ҳазрати Умарга: «Нега уни ўлдирмоқчисан? Қўй, балки Аллоҳ уни сен ҳам ёқтирадиган бир мақомга етказар. Унинг халққа нутқ сўзлаши ҳам умид қилинади!» – деган эдилар. Мана, ҳадиси шариф билан хабар берилган хушхабар Суҳайл ибн Амрнинг (розияллоҳу анҳу) кўнгилга ёқадиган мақомда сўзлаган шу нутқи экани англашилди.5 Ҳазрати Умар ҳам Суҳайлнинг нутқини эшитганда, Пайғамбаримизнинг ҳазрати Суҳайл ҳақида айтган сўзларини эслади ва Пайғамбаримизга ғойибона: «Гувоҳлик бераманки, сиз, албатта, Расулуллоҳсиз!» – дейишдан ўзини тута олмади.6
Сизнинг ишқингиз ҳар дардга даводир, ё Расулаллоҳ,
Ҳузурингизда ҳожатлар раводир, ё Расулаллоҳ.
Нурингизни кўрган кўзлар на ой кўзлар, на юлдузлар,
Нурингиздан кеча-кундуз зиёдир, ё Расулаллоҳ.
Терингиздан гуллар очилур, сўзингиздан шаҳду шакар,
Сиз ила хаста кўнгилларга шифодир, ё Расулаллоҳ.
Шоҳларга ҳабибсиз, дарду оҳларга табибсиз,
Шафоатингиз гуноҳкорга сафодир, ё Расулаллоҳ.
Ою қуёш, етти юлдуз мақтар сизни бари бирдек,
Сизнинг сўзингиздан ўзга сўз хатодир, ё Расулаллоҳ.
Ҳасад қилур сизга Иблис, не аҳмоқдир қилган талбис,
Сизни севгани учун Идрис аълодир, ё Расулаллоҳ.
Чалинур навбатингиз доим, бу беш вақт суннатингиз қоим,
Хонангизга келса ҳар ким, унга даъватдир, ё Расулаллоҳ.
Муғайлонлар ҳарир кийди, саҳролар анбарга тўлди,
Сизнинг жафоларингиз дарди вафодир, ё Расулаллоҳ.
Сотилди Юсуфи Канъон арзимас нарсага пинҳон,
Сизни кўрмоқ менга минг жон баҳодир, ё Расулаллоҳ.
Муборак турбангиз ерда, тўла нур ила парварда,
Валек руҳингиз фалакларда аёндир, ё Расулаллоҳ.
Довуд эгнида хилъатингиз, Халил хонида неъматингиз,
Мусо қўлида ибратингиз – асодир, ё Расулаллоҳ.
Мақомингиз – Каъба, Замзам, ҳамиша қоиму муҳкам,
Хизр умматингизга ҳар дам саққодир, ё Расулаллоҳ.
Шайёд Ҳамза ул шоҳдан тилар оҳдан қутулмоқни,
Сизни мадҳ этмоқ Аллоҳдан атодир, ё Расулаллоҳ.
Şeyyâd Hamza
«Гувоҳлик бераманки, сиз, албатта, Расулуллоҳсиз!» Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)
Жаннатул Бақиъ
Мадинаи мунавварадаги Жаннатул Бақиъ – минглаб саҳобаи киромнинг (розияллоҳу анҳум) мақбаралари жойлашган қабристон эди.
Бу ердаги ўша гўзал мақбараларнинг ва қабрларнинг ҳаммаси буздириб юборилди ва бу ер, афсуски, далага айлантирилди.
СЕКИН-СЕКИН!
Азроил бошингга келган замон,
Синар оёқ билан қўл секин-секин.
Мавлоим насиб этсин дин ила иймон,
Оқар кўзларингдан сел секин-секин.
Баланд учган кўнгил толар бир куни,
Ўлчов тарозиси қурилар бир куни,
Ҳар кимнинг қилгани сўралар бир куни,
Айланурми, ё Раббим, тил секин-секин?
Доим нафсингга эргашдинг, тавба этмадинг,
Ҳар топганингни единг, шукр этмадинг.
Ниҳоят, бу қора тупроққа етдинг,
Тортилар дунёдан қўл секин-секин.
Қабринг устига тикарлар тошни,
Бир ҳовуч тупроққа қўярсан бошни.
Ота ўғлин кўрмас, қардош – қардошни,
Кетар, ортга қайтмас йўл секин-секин.
Кофурли, илиқ сувни қўярлар,
Ул нозли баданни тамом ечарлар.
Ўлганингни қўни-қўшни туярлар,
Қайтар ортга дўстлар секин-секин.
