ВИДО ХУТБАСИ
Ҳамд Аллоҳу таологагина хосдир. Унга ҳамд айтамиз, Ундан мағфират сўраймиз ва Унга тавба қиламиз. Нафсларимизнинг ёмонликларидан ва амалларимизнинг гуноҳларидан Аллоҳу таолога паноҳ тилаймиз. Аллоҳу таоло тўғри йўлга солган кишини адаштирадиган, У адаштирганни эса тўғри йўлга соладиган ҳеч ким йўқ. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқ. У ягонадир. Унинг тенги ҳам, шериги ҳам йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Унинг бандаси ва расулидир.
Эй Аллоҳнинг бандалари! Сизларга Аллоҳу таолодан қўрқишингизни ва Унга итоат қилишингизни васият қиламан.
Эй одамлар! Сўзимни яхшилаб тингланглар! Билмайман, балки бу йилдан кейин сизлар билан бу ерда ҳеч қачон қайта учраша олмасман. Эй одамлар! Бу кунингиз қандай муқаддас кун бўлса, бу ойингиз қандай муқаддас ой бўлса, бу шаҳрингиз (Макка) қандай муборак шаҳар бўлса, жонларингиз, молларингиз ва номусларингиз ҳам шундай муқаддасдир. Улар ҳар қандай тажовуздан ҳимоя қилингандир.
Саҳобаларим! Эртага Раббингизга йўлиқасизлар ва бугунги ҳар бир ҳолу ҳаракатингиздан албатта сўраласизлар. Зинҳор мендан кейин эски залолатларга қайтиб, бир-бирингизнинг бўйнингизни чопманглар!
Бу васиятимни шу ерда бўлганлар бўлмаганларга етказсин!
Эҳтимол, етказилган киши бу ерда бўлиб эшитгандан кўра яхшироқ тушуниб, уни сақлаб қолар. Саҳобаларим! Кимнинг ёнида бир омонат бўлса, уни эгасига қайтарсин!
Фоизнинг ҳар тури бекор қилинди. У оёғим остидадир. Лекин қарзингизнинг аслини қайтаришингиз лозим. На зулм қилинглар, на зулмга учранглар. Аллоҳу таолонинг амри билан судхўрлик энди ман қилинди. Жоҳилият давридан қолган бу хунук одатнинг ҳар тури оёғим остидадир. Мен бекор қилган биринчи фоиз – Абдулмутталибнинг ўғли (амаким) Аббоснинг фоизидир. Саҳобаларим! Жоҳилият даврида юритилган қон даъволари ҳам бутунлай бекор қилинди. Мен бекор қилган биринчи қон даъвоси – Абдулмутталибнинг невараси (амакиваччам) Робиъанинг қон даъвосидир.
Эй одамлар! Жанг қила олиш учун ҳаром ойларнинг ўринларини алмаштириш, шубҳасиз, куфрда жуда ҳаддан ошишдир. Кофирлар у билан залолатга туширилади. Улар (бир ойни) бир йил ҳалол деб қабул қиладилар, бошқа йил уни ҳаром деб эълон қиладилар. Буни Жаноби Ҳақ ҳалол ва ҳаром қилган ойларнинг сонига мослаш учун қиладилар. Улар Аллоҳу таоло ҳаром қилганни ҳалол, ҳалол қилганни ҳаром қиладилар.
Эй саҳобаларим! Биз ҳажни айни ўз вақтида қиляпмиз. Ойларнинг тартиби Аллоҳу таоло уларни яратган вақтдагидек. Ҳеч шубҳасиз, замон Аллоҳу таоло уни яратган кундаги шакли ва низомига қайтди.
«Эй Аллоҳим! Бу Байтнинг шарафини, улуғлигини, ҳайбатини ва эътиборини зиёда қил. Уни ҳаж ва умра билан улуғлаганларнинг ҳам шарафини, ҳайбатини, иззатини ва яхшилигини зиёда қил» Ҳадиси шариф
Эй одамлар! Бугун шайтон сизларнинг мана шу ерларингизда қайтадан таъсир ва ҳокимиятини ўрнатиш кучини абадий йўқотди. Лекин сизлар мен бекор қилган бу нарсалардан ташқари, арзимас деб билган ишларингизда унга эргашсангизлар, бу уни хурсанд қилади. Динингизни сақлаш учун булардан ҳам сақланинглар!
Эй одамлар! Сизларга аёлларнинг ҳақларига риоя қилишингизни ва бу борада Аллоҳу таолодан қўрқишингизни тавсия қиламан. Сизлар аёлларни Аллоҳу таолонинг омонати сифатида олдингиз; уларнинг номус ва иффатларини Аллоҳу таоло номидан сўз бериб, ўзингизга ҳалол қилдингиз. Сизларнинг аёллар устида ҳаққингиз бор, уларнинг ҳам сизларнинг устингизда ҳақлари бор. Сизларнинг аёллар устидаги ҳаққингиз – уларнинг оилавий маҳрамиятингизни сизлар ёқтирмаган ҳеч кимга поймол қилдирмасликларидир. Агар улар сизлар рози бўлмаган бирор кишини оила ўчоғингизга киритсалар, уларни енгилгина уриб, бундан тийишингиз мумкин. Аёлларнинг сизлар устидаги ҳақлари эса уларнинг ҳар турли егулик ва кийимларини шаръий йўл билан таъминлашингиздир. Эй мўминлар! Сизларга шундай бир омонат қолдиряпманки, унга маҳкам ёпишсангизлар, йўлингиздан ҳеч адашмайсизлар. У омонат – Аллоҳу таолонинг китоби Қуръони каримдир. (Бошқа ривоятларда «Суннатим» ва «Аҳли байтим» деб ҳам билдирилган.)
Эй мўминлар! Сўзимни яхшилаб тингланглар ва яхшилаб сақланглар! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир ва шу тариқа барча мусулмонлар биродардирлар. Дин биродарингизга тегишли бирор ҳаққа тажовуз қилиш бошқа кишига ҳалол эмас, магар ўзи кўнгил хушлиги билан берган бўлса. Саҳобаларим! Нафсингизга (ўзингизга) зулм қилманглар. Ўзингизнинг ҳам устингизда ҳаққингиз бор. Эй одамлар! Аллоҳу таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини (Қуръони каримда) берди. Ворисга васият қилишга ҳожат йўқ. Бола кимнинг тўшагида туғилган бўлса, ўшаникидир. Зино қилган учун эса маҳрумлик бор. Отасидан бошқасига насаб даъво қилган насабсиз ёки хожасидан бошқасига мансуб бўлишга уринган нонкўр Аллоҳу таолонинг ғазабига, фаришталарнинг ва барча мусулмонларнинг лаънатига учрасин! Жаноби Ҳақ бундай кишиларнинг на тавбасини, на адолатли гувоҳлигини қабул қилади. Эй одамлар! Раббингиз бирдир. Отангиз ҳам бирдир; ҳаммангиз Одамнинг болаларисиз. Одам эса тупроқдандир. Аллоҳнинг наздида энг қадрлингиз – тақвоси энг кўп бўлганингиздир. Арабнинг араб бўлмаганлардан ҳеч қандай устунлиги йўқ. Устунлик фақат тақво биландир. Бир майиб, қора қул устингизга амир этиб тайинланса ва сизларни Аллоҳнинг китоби билан бошқарса, унга қулоқ солинглар ва итоат қилинглар. Айбдор ўз айбидан бошқа нарса билан айбланмайди. Ота ўғлининг айби учун, ўғил ҳам отасининг айби учун айбланмайди.
Эй одамлар! Диққат қилинглар! Мана бу тўрт нарсани асло қилманглар:
1. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилманглар.
2. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирманглар.
3. Зино қилманглар.
4. Ўғрилик қилманглар.
Одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» демагунларича (яъни мусулмон бўлмагунларича) улар билан жиҳод қилишга буюрилдим. Улар буни айтганларида, қонларини ва молларини сақлаб қолган бўладилар. Уларнинг ҳисоби эса Аллоҳу таологадир. Эй одамлар! Эртага сизлардан мен ҳақимда сўрашади, нима дейсизлар?… Саҳобаи киром: «Аллоҳу таолонинг динини етказдингиз, вазифангизни адо этдингиз, бизга васият ва насиҳат қилдингиз, деб гувоҳлик берамиз», – дейишди. Шунда Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак шаҳодат бармоқларини кўтариб, жамоат томон туширдилар ва: «Гувоҳ бўл, ё Раббим! Гувоҳ бўл, ё Раббим! Гувоҳ бўл, ё Раббим!» – дедилар.
Севимли Пайғамбаримиз Видо хутбасини ўқиган кунлари Моида сурасининг 3-ояти каримаси нозил бўлди, унинг маъноси: «Бугун динингизни сизлар учун комил қилдим, устингиздаги неъматимни тамомладим ва сизларга дин сифатида Исломни беришдан рози бўлдим…» Пайғамбаримиз бу ояти каримани саҳобаи киромга ўқиганларида, ҳазрати Абу Бакр йиғлай бошлади. Саҳобаи киром унинг йиғлаш сабабини сўраганларида, у: «Бу ояти карима Расулуллоҳнинг вафотлари яқин эканига далолат қилмоқда. Шунинг учун йиғлаяпман», – деди.1
Хутбадан кейин у зот Жабалур Раҳмада вуқуфда турдилар. Шом намозини Арафотда ўқимай, хуфтон намози билан бирга Муздалифада ўқидилар. Ўша кечани Муздалифада ўтказдилар. Эртаси тонгда Машъарул Ҳаромда вуқуфда турдилар. Ҳайитнинг биринчи куни Муздалифадан Минога йўл олдилар. Йўлда Муҳассир деб аталадиган, Асҳоби фил2 тўхтаган водийда тўхтамай ўтиб кетдилар. Минога келдилар; бу ерда қурбонлик туяларидан 63 тасини ўзлари сўйиб, пичоқни ҳазрати Алига бердилар. Қолганини ҳазрати Али сўйди. Ҳайитнинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи кунлари жамраларга тош отиб, Зулҳижжанинг ўн тўртинчи куни бомдод намозидан олдин Байтуллоҳга келдилар ва видо тавофини қилдилар. Расулуллоҳ Маккада 10 кун туриб, Видо ҳажи ва видо тавофини адо этиб, Мадинага қайтдилар. Масжиди Набавийда икки ракат намоз ўқиб, саодатхоналарига ташриф буюрдилар. Видо ҳажидан кейин саҳобаи киром келган жойларига бориб, Расулуллоҳ билдирган ва буюрган нарсаларни у ерларда сўзлаб бердилар.
Ҳижратнинг ўнинчи йилида бўлган бошқа воқеалар
Ҳижратнинг ўнинчи йилида юз берган яна бир ҳодиса – пайғамбарлик даъво қилган ёлғончиларнинг чиқишидир. Улардан бири Яманда чиққан Асвад Ансийдир. Севимли Пайғамбаримизнинг амрларига кўра Асвад Ансий Ямандаги мусулмонлар томонидан ўз уйида ўлдирилди. (Иккинчиси – Мусайламатул Каззоб. Пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин ҳазрати Абу Бакр Мусайлама устига Холид ибн Валид қўмондонлигида қўшин юборди. Мусайламани Ваҳший (розияллоҳу анҳу) ўлдирди.)3
«Бугун динингизни сизлар учун комил қилдим, устингиздаги неъматимни тамомладим ва сизларга дин сифатида Исломни беришдан рози бўлдим» Моида: 3
Эй жаҳон подшоҳи, эй денгизу қуруқлик Султони!
Эй фаришталардан афзал, сўнгги ва тенгсиз Пайғамбар!
«Ли маъаллоҳи вақтун» ҳолингиздан берар хабар,
Танга ҳаёт, тилга таъм, кўнгилга султон – сиз.
Аҳмад, Муҳаммад, Маҳмуд – ҳамиша мақтар сизни Аллоҳ;
Сизнинг исмингиз ила битар «Ла илаҳа иллаллоҳ».
Бундаги нозик сирни англамас, билмас гумроҳ!
Ўз исми ила бирга исмингизни ёзган Раҳмон.
Сизни севган қуллар султон бўлур, шоҳим!
Ўлтиринг кўнгил тахтимга, эй тенгсиз подшоҳим!
Жуда севаман сизни, бўлса ҳамки кўп гуноҳим!
Ишондимки, севганлар улуш олур икромингиздан.
Қандай севмайин, ахир, баданимда жонимсиз,
Ҳурматингизга бор бўлдим, ҳаётимнинг сабабисиз.
Томиримда қонимсиз, менга мендан яқинсиз,
Ошиқларга маъшуқсиз ва барча жонларга жонон.
Ҳар дардга даво – сиз, ҳар руҳга шифо – сиз,
Кўзга сурма, бошга тож, қалбларга жило – сиз.
Ҳабибуллоҳ – сиз, малаи аълодан афзал – сиз,
Бошқа эшикни қоқмас сизни бир оз таниган.
Авлиёларнинг муршиди, олимларнинг раҳбари;
Ташрифи шод айлаган етти қават кўкни, ерни.
Инсонларга, жинларга Ҳақнинг сўнгги Пайғамбари!
Тупроқ остида қолсин эшигингизда қул бўлмаган!
