Севимли Пайғамбарим

ВИДО ҲАЖИ

Ҳижратнинг ўнинчи йилида Пайғамбаримиз ҳажга тайёрланиб, Мадинадаги мусулмонларга ҳам ҳажга тайёрланишни буюрдилар. Мадинадан ташқарида бўлганларга ҳам хабар юбордилар. Шундан кейин минглаб мусулмонлар Мадинада тўпландилар. Расулуллоҳ қурбонлик учун юзта туя сотиб олдилар. Йўлга чиқишдан олдин ғусл қилдилар. Муборак сочларини тараб, хушбўйликлар суртиб, изор ва ридоларини кийдилар. Тайёргарлик тугагач, севимли Пайғамбаримиз Зулқаъда ойининг 25-куни пешин намозидан кейин ўттиз мингдан ортиқ кишилик карвон билан Мадинадан йўлга чиқдилар. Шажара йўлидан Зулҳулайфага келдилар. Бу ерда саҳобаларнинг сони қирқ мингдан ошди. Тунни ўша ерда ўтказдилар. Севимли Пайғамбаримиз ўзлари билан олиб бораётган юз туядан бирини келтиртирдилар. Қурбонлик белгиси бўлиши учун ўркачининг ўнг томонини тилиб қонатдилар, бўйнига иккита кавуш осдилар ва саҳобаларга ҳам шундай қилишни буюрдилар. Икки ракат эҳром намозини ўқидилар. Аллоҳу таолога ҳамду санодан кейин Сарвари коинот: «Эй Аллоҳим! Буни мен учун ичида риё, кўз-кўз қилиш ва шуҳрат бўлмаган мабрур ва мақбул ҳаж қил!» – деб дуо қилдилар. Эҳромга кириб, Жаброил алайҳиссаломнинг хабар бериши билан баланд овозда талбия айта бошладилар. Бунга саҳобаи киром ҳам қўшилгач, еру осмон талбия садолари билан янграй бошлади: «Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк! Лаббайк! Ла шарика лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарика лак!…»

Улар Байдо йўлидан бориб, Малал томон юзландилар. Ортларидан саҳобалар селдек оқиб келардилар. Йўлда қўшилувчилар тобора кўпаймоқда эди. Етмишга яқин пайғамбар, улар орасида Мусо алайҳиссалом ҳам, намоз ўқиган Равҳо водийсига келганларида, Расулуллоҳ: «Бу водий жаннат водийларидандир», – дедилар. Бу ерда намоз ўқидилар. У ердан Мунсарафга йўл олиб, бомдод намозини Асосада ўқидилар. Лаҳйи Жамалга келганларида бетоб бўлиб, ҳижома қилдирдилар ва Суқёда қўндилар. Муҳтарам оналари ҳазрати Омина вафот этган Абвога келганларида, унинг қабрини зиёрат қилиб йиғладилар. Ёнларидагиларни ҳам йиғлатдилар. Сўнгра Талаатул Яман, Жуҳфа, Ғадири Хум, Қудайд ва Усфон водийсига етиб бордилар. Бу ерда Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Бакрга: «Ҳуд ва Солиҳ алайҳимассалом белларига аба ўраб, устларига ола-була мато кийиб, жиловлари хурмо толасидан ўрилган ёш, қизил туяларга минган ҳолда ҳаж учун талбия айтиб, бу ердан ўтган эдилар», – дедилар.1 Ғаним, Марруз Заҳрон ва Сарифдан ўтиб, Зу Тувога келдилар. Тунни шу ерда ўтказиб, бомдод намозини ўқиганларидан кейин Ҳажундан ўтиб, Кадо довонидан Маккага кирдилар. 10 кун давом этган йўлдан кейин Зулҳижжанинг 4-куни Маккага етиб бордилар. Ямандан ва бошқа юртлардан ҳаж қилиш учун келганлар ҳам қўшилиб, мусулмонларнинг сони 90 мингдан ошди. (Бир ривоятда – юз ўн тўрт минг, бошқа бир ривоятда эса юз йигирма минг атрофида эди.)

«Эй Аллоҳим! Буни мен учун ичида риё, кўз-кўз қилиш ва шуҳрат бўлмаган мабрур ва мақбул ҳаж қил!» Ҳадиси шариф

Байтуллоҳни кўрганларида Расулуллоҳ шундай дуо қилдилар:

«Эй Аллоҳим! Бу Байтнинг шарафини, улуғлигини, ҳайбатини ва эътиборини зиёда қил. Уни ҳаж ва умра билан улуғлаганларнинг ҳам шарафини, ҳайбатини, иззатини ва яхшилигини зиёда қил».

Сўнгра ҳаж маносикларини бошладилар. Ҳаж давомида Макка билан Мино орасидаги Абтаҳда тикилган чодирда турдилар. Севимли Пайғамбаримиз Зулҳижжанинг 8-куни (Тарвия куни) Минога, 9-куни (Арафа куни) Арафотга бордилар. Арафот водийсининг ўртасидаги Урана водийсига келиб тўхтадилар. Пешиндан кейин Қасво номли туялари устида Видо хутбасини ўқиб, саҳобаи киром (розияллоҳу анҳум) билан видолашдилар.2

СИЗГА КЕЛДИМ!
Эй гуноҳкорлар паноҳи, сизга паноҳ излаб келдим!
Кўп қабоҳатлар қилдим, сизга ёлворгани келдим!
Қоронғи жойларга оздим, ботқоқларга ботиб қолдим,
Тўғри йўлни ёритувчи нур манбаига келдим.
Чиқадиган бир жоним қолди, эй барча жонларнинг жони!
Айтмоқ жоизми, жонимни фидо қилгани келдим?
Дардлиларга табибсиз, мен эса кўнгил бемори,
Қалбим ярасига даво деб эшигингизни қоққани келдим.
Сахийлар эшигига бир нарса элтмоқ хатодир,
Босиб шараф берган тупроғингизни ўпгани келдим.
Гуноҳларим тоғдек кўп, юзим қора, қатрондек!
Бу юкдан ва қароликдан бутунлай қутулгани келдим.
Тозалар, албатта, ҳаммасин эҳсон дарёнгиздан бир томчи,
Гарчи юзим каби қора амал дафтарим билан келдим.
Эшигингизга юз сура олсам, эй жонимдан азиз жонон!
Сув билан битмаган ишлар ҳосил бўлар у тупроқдан!