Севимли Пайғамбарим

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ ВАФОТЛАРИ

Ҳижратнинг ўн биринчи йили эди. Ўтган Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом келганда, севимли Пайғамбаримизга Қуръони каримни бошидан охиригача икки марта ўқиди. Ҳолбуки, аввалги йилларда Қуръони каримни бир марта ўқир эди. Жаброил алайҳиссалом энг сўнгги бўлиб Наср сурасини етказди, унинг маъноси: «Аллоҳу таолонинг ёрдами ва ғалаба куни келиб, одамларнинг Аллоҳу таолонинг динига (Исломга) тўп-тўп бўлиб кираётганларини кўрганингизда, Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг! Ундан афв сўранг! Чунки У тавбаларни доимо қабул қилгувчидир»1. Уни тинглагач, Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Жаброил! Ичимдан ўлимим яқинлашаётганини сезяпман», – дедилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом ушбу ояти карималарни ўқиди, маъноси: «Охират сиз учун дунёдан яхшироқдир. Раббингиз сизга, „Рози бўлдим“, дегунингизча, ҳар бир истаганингизни беради»2.

Ҳижратнинг ўн биринчи йили, Сафар ойининг йигирма еттинчи куни Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак бошлари оғрий бошлади. У зот муҳтарам завжалари ҳазрати Оишанинг (розияллоҳу анҳо) ҳужрасига ташриф буюрдилар. Абдурраҳмон ибн Абу Бакрни чақириб, ўзларидан кейин Абу Бакр Сиддиқнинг халифа сайланиши учун васият ёздиришларини билдирдилар ва сиёҳдон билан қалам келтиришни буюрдилар. Ҳазрати Абу Бакрнинг ўғли Абдурраҳмон амрларини бажариш учун кетаётганда: «Кейин келтирарсан, ҳозирча турсин!» – дедилар ва масжиди шарифга ташриф буюрдилар. Севимли Пайғамбаримиз ўша куни Мадинада бўлган барча саҳобаи киромга пешин намозида масжидда тўпланишлари учун хабар юбордилар. Сарвари олам намозга имомлик қилганларидан кейин минбарга чиқиб, бир хутба ирод қилдилар. Саҳобаларига насиҳат қилиб, улардан ҳалоллик сўрадилар. Сўнгра Абу Бакр Сиддиқнинг саҳобалар орасидаги афзаллигини, қадрини ва ундан жуда хушнуд эканликларини билдирдилар. Бу шундай бир хутба эдики, тинглаган барча қалблар титраб кетди, кўзлардан ёшлар қуйилди. Сўнгра: «Эй одамлар! Мени ўз Пайғамбарингиз сифатида қандай топдингиз?» – деганларида, саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло сизга биз томондан мўл-кўл яхшиликлар ато этсин. Сиз биз учун жуда шафқатли ота, насиҳат қилувчи меҳрибон биродар каби эдингиз. Аллоҳу таоло сизга лутф этган пайғамбарлик вазифасини адо этдингиз. Ваҳий қилинганларни бизга етказдингиз. Раббингизнинг йўлига, Исломга ҳикмат билан, гўзал насиҳат билан даъват қилдингиз, чақирдингиз. Аллоҳу таоло сизга энг гўзал ва энг юксак мукофотлар берсин», – дейишди.

Шундан кейин Пайғамбаримиз: «Эй мўминлар! Аллоҳ ҳаққи, кимнинг менда ҳаққи бўлса, турсин, келсин, қиёматдан олдин шу ерда олсин», – дедилар.

Лекин ҳаққини олиш учун туриб келган киши бўлмади. Расулуллоҳ иккинчи ва учинчи марта ҳам Аллоҳу таолонинг номини зикр қилиб: «Ҳаққи бўлган киши келсин, олсин», – дедилар. Шунда саҳобаи киромдан пири фоний бўлган ҳазрати Уккоша ўрнидан турди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига борди. Сўнгра: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Табук ғазотида сиз билан бирга эдим. Табукдан қайтаётганимизда менинг туям билан сизнинг туянгиз ёнма-ён келиб қолган эди. Мен туямдан тушдим. Сизга яқинлашдим. Мақсадим муборак баданингизни ўпиш эди, ўшанда сиз қамчи билан елкамга урган эдингиз. Нега урганингизни билмайман», – деди.

«Охират сиз учун дунёдан яхшироқдир. Раббингиз сизга, „Рози бўлдим“, дегунингизча, ҳар бир истаганингизни беради» Зуҳо: 4–5

Пайғамбаримиз: «Ё Уккоша! Аллоҳу таоло сени Расулининг атайлаб уришидан сақласин», – дедилар ва: «Ё Билол! Қизим Фотиманинг уйига бор. Ўша қамчини менга келтир», – деб буюрдилар. Ҳазрати Билол масжиддан чиқди. У қўлини бошига қўйиб: «Расулуллоҳ ўзларидан қасос олдирмоқчилар!» – деб, қаттиқ ҳайратда қолган эди. Уйга етиб боргач, эшикни тақиллатиб: «Эй Расулуллоҳнинг қизи! Менга Расулуллоҳнинг қамчиларини беринг!» – деганда, ҳазрати Фотима онамиз: «Ё Билол! Ҳозир на ҳаж вақти, на ғазот! Отам қамчини нима қиладилар?» – деб сўради. Ҳазрати Билол: «Эй Фотима! Хабарингиз йўқми? Расулуллоҳдан у билан қасос олинади!» – деди.

Фотима онамиз ҳазрати Билолга қатъий тайинлади: «Ё Билол! Расулуллоҳдан қасос билан ҳаққини олишга кимнинг кўнгли рози бўлади? Модомики сўрадилар, берай. Лекин Ҳасан ва Ҳусайнга айт, ҳаққини ким оладиган бўлса, қасосни ўзларига қилдирсинлар. У киши ҳаққини улардан олсин. Зинҳор Расулуллоҳдан қасос олдирмасинлар». Ҳазрати Билол масжидга келиб, қамчини Расулуллоҳга берди, у зот эса уни ҳазрати Уккошага бердилар. Буни кўрган ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар: «Эй Уккоша! Мана, биз сенинг олдингда тайёр турибмиз, ҳаққингни биздан ол. Илтимос, Расулуллоҳдан олма!» – деб ёлворишди. Шунда Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Бакрга: «Эй Абу Бакр! Сен қўй, четга чиқ. Эй Умар! Қани, сен ҳам четга чиқ. Аллоҳу таоло сизларнинг юксак даражаларингизни билади», – дедилар. Сўнгра ҳазрати Али туриб: «Эй Уккоша! Расулуллоҳга уришингга кўнглим рози бўлмаяпти, мана елкам ва қорним, кел, ҳаққингни мендан ол, истасанг, юз марта ур. Лекин Расулуллоҳга тегма!» – деганда, Пайғамбаримиз: «Эй Али! Сен ҳам ўтир. Аллоҳу таоло сенинг ҳам юксак мартабангни, ҳолингни билади», – дедилар. Бу сафар ҳазрати Ҳасан билан Ҳусайн туриб: «Эй Уккоша! Сиз ҳам биласизки, биз Расулуллоҳнинг набираларимиз. Шунинг учун бизга қасос – Расулуллоҳга қасос демакдир. Ҳаққингизни биздан олинг, илтимос, Расулуллоҳга урманг!» – деганларида, Пайғамбаримиз уларга: «Сизлар ҳам ўтиринглар, эй икки кўзимнинг қувончлари», – дедилар. Сўнгра: «Эй Уккоша! Кел, ур!» – дедилар.

Уккоша: «Ё Расулаллоҳ! Сиз менга урганингизда, баданим очиқ эди», – деганда, севимли Пайғамбаримиз муборак елкаларини очдилар. Шу пайт саҳобаи киром орасидан ҳўнграб йиғлаган овозлар эшитилди: «Ё Уккоша! Расулуллоҳнинг муборак елкаларига урасанми?» – дейишди. Ҳамма қайғу ичида кутиб турарди. Ҳазрати Уккоша Расулуллоҳнинг муборак елкаларидаги пайғамбарлик муҳрини кўргач, бирдан: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ҳаққини олиш учун сизнинг ўша муборак елкангизга уришга, сиздан қасос олишга кимнинг кучи етади, бунга ким журъат эта олади?» – деб, Коинот султонининг муборак муҳри нубувватини ўпиб олди. Шунда Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унга: «Йўқ, ё урасан, ёки кечирасан», – дедилар. Ҳазрати Уккоша: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Кечирдим. Аллоҳу таоло ҳам қиёмат куни мени кечирармикин?» – деди. Пайғамбаримиз: «Ким менинг жаннатдаги ҳамроҳимни кўришни истаса, мана шу пири фонийга (қарияга) қарасин», – дедилар. Расулуллоҳнинг бу муборак сўзларини эшитган саҳобаи киром унинг икки кўзи орасидан ўпа бошлашди. Ҳаммалари: «Сенга қандай бахт, сенга қандай бахт! Эй Уккоша! Расулуллоҳ билан бирга бўлганинг ҳурматига жаннатда юксак даражаларга эришдинг», – дейишарди.3

Усома ибн Зайднинг қўмондон этиб тайинланиши

Сафар ойининг сўнгги кунлари эди. Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шимолдаги Византия империяси мусулмонлар учун катта хавфга айланмасдан олдин, уларни яна Исломга даъват қилиш, қабул қилмасалар, улар билан жанг қилиб, Ислом давлатининг амрига бўйсундиришни истардилар. Шу сабабли румликлар билан жанг қилиш учун қаҳрамон саҳобаларига тайёрланишни буюрдилар. Саҳобаи киром тайёргарлик кўриш учун тарқалдилар. Расули акрам ҳазрати Усома ибн Зайдни чақириб: «Эй Усома! Шомга, Балқо чегарасига, Фаластиндаги Дорумга, отанг шаҳид қилинган жойгача Аллоҳу таолонинг исми ва баракаси билан бор. У ерларни отларга топтат. Сени бу қўшинга бош қўмондон этиб тайинладим. Убно аҳли устига тўсатдан бориб, уларга чақмоқдек ҳужум қил. Борадиган жойингга хабар етиб бормайдиган қилиб тез бор. Ёнингга йўл бошловчиларни олиб, жосус ва кузатувчиларни олдингдан юбор. Аллоҳу таоло зафар ато этса, улар орасида оз тур», – дедилар. Журфда қароргоҳ қуришни буюриб, муборак қўллари билан байроқни боғладилар ва унга топширдилар.4

Масжидда минбарга чиқиб: «Эй саҳобаларим! Усоманинг отаси Зайд қўмондонликка қандай лойиқ бўлган ва менинг наздимда одамларнинг энг севимлиси бўлган бўлса, ундан кейин ўғли Усома ҳам қўмондонликка шундай лойиқдир. Усома менинг наздимда одамларнинг энг севимлиларидандир», – дедилар.

Ҳазрати Усоманинг қўмондонлиги остида жангга борадиганлар орасида ҳазрати Абу Бакр, ҳазрати Умар, ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳ, ҳазрати Саъд ибн Абу Ваққос каби саҳобаларнинг пешқадамлари ҳам бор эди.

Лекин эртаси куни Коинот султони тўсатдан бетоб бўлиб қолганлари учун қўшиннинг кетиши Пайғамбаримизнинг охиратга риҳлат қилишларидан кейинга қолди. Севимли Пайғамбаримиз қаттиқ безгак (ҳумма) касалига чалиндилар. Иситмалари тобора ортиб, касаллик кучаймоқда эди.

Оғриқлари камайган бир кечада, ярим тунда ўринларидан турдилар. Кийиниб, бир ёққа бормоқчи бўлдилар. Буни кўрган ҳазрати Оиша онамиз: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Қаерга кетяпсиз?» – деб сўради. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бақиъ қабристонида дафн қилинганлар учун истиғфор айтишга амр олдим. Ўша ерга кетяпман», – деб жавоб бердилар.

Ёнларига Абу Мувайҳиб билан Абу Рофеъни олиб бордилар. Қабристонда узоқ-узоқ дуо қилиб, уларнинг афв ва мағфирати учун Аллоҳу таолога илтижо қилдилар. Пайғамбаримизнинг бу тинимсиз илтижоларини кўрган ёнларидаги саҳобалар: «Қани энди, биз ҳам ҳозир шу ерда дафн қилинган бўлсак-у, Расулуллоҳнинг бу дуоларига сазовор бўлиш шарафига эришсак!» – дейишди. Севимли Пайғамбаримиз Абу Мувайҳибга ўгирилиб: «Эй Абу Мувайҳиб! Менга дунё хазиналари билан охират неъматлари орасида танлаш ихтиёри берилди. Менга: „Хоҳласангиз, дунёда боқий қолинг, сўнгра жаннатга киринг, хоҳласангиз, Ликоуллоҳ (Аллоҳу таолога етишиш) ҳосил бўлиб, жаннатга киринг“, – дейилди. Мен Ликоуллоҳни, сўнгра жаннатни танладим», – дедилар.

«Эй мўминлар! Аллоҳ ҳаққи, кимнинг менда ҳаққи бўлса, турсин, келсин, қиёматдан олдин шу ерда олсин» Ҳадиси шариф

Бир куни Уҳудда ётган шаҳидлар учун мағфират сўраш мақсадида йўлга чиқдилар. Улар учун Аллоҳу таолога узоқ-узоқ илтижо қилиб, дуо қилдилар. Сўнгра масжидга келиб, саҳобаи киромга: «Мен Кавсар ҳовузига сизлардан олдин етиб борадиган, сизларни кутиб оладиган бўламан. Бизнинг учрашадиган жойимиз ўшадир… Мен сизлар учун, мендан кейин мушрикликка қайтасизлар, деб қўрқмайман. Лекин дунёга берилиб, у учун бир-бирингизни қизғанасизлар, бир-бирингизни ўлдирасизлар ва натижада сизлардан олдингилар йўқ бўлиб кетганидек, сизлар ҳам йўқ бўлиб кетасизлар, деб қўрқаман…» – дедилар. Сўнгра саодатхоналарига ташриф буюрдилар. Касалликлари оғирлашди. Муборак завжалари севимли Пайғамбаримизнинг ҳазрати Оиша онамизнинг уйида қолишларини истаб, ўз ҳақларидан унинг фойдасига кечганларини билдиришди. Пок завжаларининг бу фидокорлигидан мамнун бўлиб, уларнинг ҳаммасига дуо қилдилар ва бундан кейинги кунларини ҳазрати Оиша онамизнинг уйида ўтказа бошладилар. Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) иситмалари жуда ошиб кетди. Иситманинг шиддатидан тўшакларида у ёндан бу ёнга ағдарилишга мажбур бўлардилар. Шундай ҳолда эканларида саҳобаи киром у зотни зиёрат қилгани борар, Пайғамбаримиз чекаётган қаттиқ машаққатдан ғоят қайғурардилар. Абу Саъид Худрий шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳнинг муборак ҳузурларига борган эдим. Устларида бахмал ёпинчиқ бор эди. Иситманинг ҳарорати ёпинчиқдан ташқарига уриб чиқар, иссиқдан қўлимизни ёпинчиққа тегиза олмас эдик. Ҳайратимизни ва қайғумизни кўрган Расулуллоҳ шундай дедилар:

„Энг шиддатли бало пайғамбарларга бўлади. Шунга қарамай, пайғамбарнинг балоларга севиниши сизларнинг берилган эҳсонларга севинишингиздан кўпроқдир“».

Умму Бишр бинт Баро шундай ҳикоя қилди: «Расулуллоҳни зиёрат қилгани борган эдим. Муборак баданлари оловдек ёнарди. „Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Мен ҳеч қачон бундай оғир касалликни кўрмаганман!…“ – дедим. У зот шундай дедилар: „Эй Умму Бишр! Иситманинг шиддатли бўлиши савобимнинг кўп бўлиши учундир. Бу касаллик Хайбарда тотиб кўрган заҳарли гўштимнинг асоратидир. Ўша гўштнинг аччиғини ҳамиша сезиб юрардим. Ўша куни еган заҳарим энди абҳаримни, яъни аорта томиримни узмоқда“».5

Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъудга ҳам шундай дедилар: «Касалликка чалинган ҳар бир мусулмоннинг хато ва гуноҳларини Аллоҳу таоло, дарахтнинг барглари тўкилганидек, тўкиб юборади!»6 Касаллик кундан-кунга кучаймоқда эди. Саҳобаи киром бундан жуда қайғурар, уйларида тинч ўтира олмас эдилар. Масжидда тўпланишди. Пайғамбаримизнинг аҳволларини сўраш учун ҳазрати Алини ҳузурга юборишди. Оламлар сарвари ишора билан: «Саҳобаларим нима дейишяпти?» – деб сўрадилар. У: «„Расулуллоҳ орамиздан кетсалар-а!…“ – деб жуда қайғуриб, ташвиш чекишмоқда», – деди. Саҳобаларига марҳаматлари беҳад бўлган севимли Пайғамбаримиз касалликларининг шиддатига чидаб ўринларидан турдилар, ҳазрати Али ва ҳазрати Фазл ибн Аббосга суяниб, масжидга келдилар. Минбарга чиқиб, Аллоҳу таолога ҳамду санодан кейин саҳобаи киромга шундай дедилар:

«Эй саҳобаларим! Менинг ўлимимни ўйлаб, ташвишланаётган экансизлар. Бирор пайғамбар уммати орасида абадий қолганмики, мен ҳам орангизда абадий қолсам? Билиб қўйинглар, мен Раббимга қовушаман. Сизларга насиҳатим шуки, муҳожирларнинг улуғларига ҳурмат кўрсатинглар! Эй муҳожирлар! Сизларга васиятим эса шуки, ансорларга яхшилик қилинглар! Улар сизларга яхшилик қилдилар. Сизларни уйларида бошпана бериб сақладилар. Ўзлари тирикчиликда қийналиб турган бўлсалар ҳам, сизларни ўзларидан устун қўйдилар. Молларига сизларни шерик қилдилар. Ким ансорлар устидан ҳоким бўлса, уларга ғамхўрлик қилсин, хато қилганлари бўлса, уларни кечирсин», – дедилар. Сўнгра жуда гўзал, таъсирли насиҳатлар қилиб: «Аллоҳу таоло бир бандасини дунёда қолиш билан Раббига қовушиш ўртасида ихтиёр эгаси қилиб қўйди. У банда Раббига қовушишни истади», – дедилар. Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳнинг бу сўзлари билан ўз вафотларига ишора қилаётганларини англаб: «Жонимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ!» – деб йиғлай бошлади. Марҳамат дарёси бўлган севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Йиғлама, ё Абу Бакр!» – деб, унга сабр қилиш ва чидаш лозимлигини буюрдилар. Муборак кўзларидан ёш оқарди. «Эй саҳобаларим! Ислом дини йўлида сидқ ва ихлос билан молини фидо қилган Абу Бакрдан жуда розиман. Агар охират йўлида дўст тутиш ихтиёримда бўлганида, уни танлаган бўлардим», – дедилар ва: «Масжидга очиладиган эшикларнинг Абу Бакрникидан бошқа ҳаммасини ёпинглар!» – деб буюрдилар.

Сўнгра минбардан тушиб, ҳазрати Оиша онамизнинг ҳужрасига қайтдилар. Саҳобаи киром йиғлай бошладилар. Шунда Пайғамбаримиз ҳазрати Али билан Фазл ибн Аббоснинг қўлтиғига суяниб, яна масжидга ташриф буюрдилар. Минбарнинг пастки зинасида туриб, саҳобаи киромга шундай дедилар: «Эй муҳожирлар ва эй ансорлар! Вақти белгиланган бир нарсага етишиш учун шошилишдан фойда йўқ. Аллоҳу таоло ҳеч бир бандаси учун шошилмайди. Кимки Аллоҳу таолонинг қазо ва қадарини ўзгартиришга, Унинг иродасидан устун чиқишга уринса, Аллоҳ уни қаҳр этиб, паришон қилади.

Аллоҳу таолога ҳийла ишлатмоқчи, Уни алдамоқчи бўлганнинг ишлари бузилади, ўзи алданиб қолади. Билиб қўйинглар, мен сизларга жуда меҳрибон ва раҳмдилман. Сизлар ҳам менга қовушасизлар. Қовушадиган жойингиз – Кавсар ҳовузининг бошидир. Жаннатга киришни, менга қовушишни истаган киши беҳуда гапирмасин. Эй мусулмонлар! Кофир бўлиш, гуноҳ қилиш неъматнинг ўзгаришига, ризқнинг камайишига сабаб бўлади. Инсонлар Аллоҳу таолонинг амрларига итоат қилсалар, ҳукумат бошлиқлари, амирлари, ноиблари уларга марҳамат ва шафқат кўрсатадилар. Агар фисқу фужурга, ҳаддан ошишга берилсалар, гуноҳ ишласалар, марҳаматли бошлиқларга етиша олмайдилар. Менинг ҳаётим сизлар учун хайрли бўлганидек, ўлимим ҳам хайр ва раҳматдир. Агар бирор кишини ноҳақ урган ёки унга ёмон сўз айтган бўлсам, менга ҳам худди шундай қилиб ҳаққини олишига, бирортангиздан ноҳақ бирор нарса олган бўлсам, уни қайтариб сўрашига розиман ва ҳалоллашишга тайёрман. Чунки дунё жазоси охират жазосидан анча енгилдир. Унга чидаш осонроқдир». Илгари ҳазрати Абу Бакрдан мамнун эканларини изҳор қилганларидек, бу хутбада ҳазрати Умардан ҳам мамнун эканларини билдириб: «Умар мен биландир, мен ҳам у биланман. Мендан кейин ҳақ Умар билан бирга бўлади», – дедилар.

«Энг шиддатли бало пайғамбарларга бўлади. Шунга қарамай, пайғамбарнинг балоларга севиниши сизларнинг берилган эҳсонларга севинишингиздан кўпроқдир» Ҳадиси шариф

Расулуллоҳ бу хутбадан кейин минбардан тушдилар. Намоздан сўнг яна минбарга чиқиб, васият ва насиҳат қилганларидан кейин: «Сизларни Аллоҳу таолога топширдим», – дедилар ва саҳобаларидан ажралиб, ҳужраларига кирдилар. Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) оғриқлари жуда қаттиқ бўлган кунларнинг бирида саҳобаи киром билан ҳалоллашиш, охиратга банда ҳақлари билан кетмаслик учун ҳазрати Билол Ҳабашийни чақиртирдилар. Унга: «Халққа овоза қил! Масжидга йиғилсинлар. Уларга охирги васиятимни айтмоқчиман!…» – дедилар.

Ҳазрати Билол саҳобаларни масжидга йиғди. Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Али билан Фазлга суяниб, масжидга ташриф буюрдилар. Минбарга ўтириб, Аллоҳу таолога ҳамд ва сано айтганларидан кейин: «Эй саҳобаларим! Билиб қўйинглар, орангиздан ажралишим яқинлашди. Кимнинг менда ҳаққи бўлса, мендан сўрасин. Мен учун азиз бўлган киши мендан ҳаққини сўрасин ёки ҳалол қилсин, токи Раббимга ва Унинг раҳматига бу ҳақларни адо этган ҳолда қовушай», – дедилар. Сўнгра минбардан тушиб, пешин намозини ўқитдилар. Намоздан кейин яна минбарга чиқиб, намоздан олдин айтганларини такрорладилар. Пайғамбаримиз хасталиклари давомида ҳар азон айтилганда Масжиди шарифга чиқар ва саҳобаи киромга имом бўлиб, жамоат билан намоз ўқир эдилар.7 Севимли Пайғамбаримизнинг вафотларига уч кун қолганда хасталиклари оғирлашди. Масжидга чиқиб, жамоатга намоз ўқита олмадилар. Жамоат билан ўқий олмаган биринчи намозлари хуфтон намози эди.

Ҳазрати Билол ҳар доимгидек ўша вақтда эшик олдига келиб: «Ас-салот, ё Расулаллоҳ!» – деди. Севимли Пайғамбаримизнинг ҳолсизликдан масжидга боришга мадорлари йўқ эди. У зот: «Абу Бакрга айтинглар! Саҳобаларимга намоз ўқитсин», – дедилар. Ҳазрати Оиша онамиз: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Отам юмшоқ кўнгилли ва жуда таъсирчан одам. Сизнинг ўрнингизда туриб, у ерда сизни кўрмаса, йиғидан ўқий олмайди. Имомликка Умарнинг ўтишини буюрмайсизми?» – деб сўради. Пайғамбаримиз яна: «Абу Бакрга айтинглар! Саҳобаларимга имом бўлиб намоз ўқитсин», – дедилар. Ҳазрати Билол Абу Бакр Сиддиққа вазиятни билдирди. Ҳазрати Абу Бакр меҳробда Расулуллоҳни кўрмагач, юрагидан ўқ егандек бўлди, эс-ҳушидан айрилаёзди. Йиғлади!… Йиғлади!… Саҳобаи киром ҳам йиғлай бошлашди. Ҳабибуллоҳ масжиддан келаётган бу фарёднинг сабабини сўраганларида, ҳазрати Фотима онамиз: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Саҳобаларингиз сиздан айрилишга чидай олмай йиғлашмоқда!…» – деб аҳволни арз қилди.8 Марҳамат дарёси бўлган севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бундан жуда мутаассир бўлдилар. Саҳобаларига тасалли бериш учун хасталиклари шунчалик оғир бўлишига қарамай, зўрға ўринларидан турдилар. Ҳазрати Али билан ҳазрати Аббосга суяниб, масжидга келдилар. Намоздан кейин: «Эй саҳобаларим! Сизлар Аллоҳу таолонинг ҳимоясидасизлар ва мен сизларни Аллоҳу таолога омонат қилдим! Тақводор бўлинглар. Аллоҳу таолодан қўрқинглар. Аллоҳу таолонинг амрини маҳкам тутинглар ва итоат қилинглар. Мен энди бу дунёдан ажралмоқдаман», – дедилар.

Севимли Пайғамбаримизнинг вафотларига уч кун қолган эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳни зиёрат қилгани келиб: «Ё Расулаллоҳ! Аллоҳу таоло сизга салом йўллади. Аҳволингизни билиб турса ҳам, қандай эканингизни, ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни сўрамоқда», – деди. Оламлар сарвари эса: «Ғамгинман!» – дедилар. Жаброил алайҳиссалом якшанба куни ҳам келиб, ўша сўзларни айтди. Пайғамбаримиз яна аввалги жавобни бердилар. Жаброил алайҳиссалом бундан ташқари Яманда ўзини пайғамбар деб эълон қилган Асвад Ансийнинг ўлдирилганини хабар берди. Расули акрам буни саҳобаларига билдирдилар. Хасталикларидан олдин у зотга бир неча олтин келган эди; уларнинг бир қисмини фақирларга, бир қисмини ҳазрати Оишага берган эдилар. Якшанба куни Расулуллоҳнинг хасталиклари оғирлашди. Ҳузурларига келган қўшин қўмондони ҳазрати Усомага ҳеч нарса демадилар. Лекин муборак қўлларини кўтариб, унинг устига суртдилар. Унга дуо қилганлари англашилди. Хасталикларининг ўн учинчи ва охирги куни… У кун, севимли Пайғамбаримиз дунёни шарафлантирган кунлари каби, Рабиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни эди. Коинот султони муборак вужудларида бир енгиллик ҳис қилдилар… Саҳобаи киром ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг ортида бомдод намозини ўқимоқчи бўлиб турганларида Оламлар сарвари Масжиди шарифга ташриф буюрдилар. Умматларининг саф-саф бўлиб ибодат қилаётганини кўрдилар. Севиниб табассум қилдилар. Саҳобаи киром ҳам Расулуллоҳни масжидда кўриб, хасталиклари ўтиб кетибди, деб севиндилар. Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) севимли Пайғамбаримизнинг ташриф буюрганларини англаб, орқага чекинмоқчи бўлди. Пайғамбаримиз унга «Жойингда тур!» маъносида ишора қилдилар. Ўзлари ҳам ҳазрати Абу Бакрга иқтидо қилиб, унинг ортида намоз ўқидилар.9 Шу тариқа Расулуллоҳнинг амрлари билан ҳазрати Абу Бакр саҳобаи киромга ўн етти вақт намоз ўқитди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) намоздан кейин ҳазрати Оишанинг ҳужрасига ташриф буюриб, ётдилар. У зот: «Аллоҳу таолонинг ҳузурига дунё моли қолдирмасдан боришни истайман. Ёнингда қолган олтинларни ҳам фақирларга тарқатгин!» – дедилар. Сўнгра иситмалари кўтарилди. Бир муддатдан кейин яна кўзларини очиб, ҳазрати Оишадан олтинларни тарқатган-тарқатмаганини сўрадилар. У тарқатишини айтди. Уларни дарҳол тарқатишни такрор-такрор буюрдилар. Олтинлар дарҳол тарқатилиб, бу у зотга билдирилганда: «Энди хотиржам бўлдим», – дедилар. Тўшакларида бир муддат ором олганларидан кейин ҳузурларига ҳазрати Алини чақирдилар. Муборак бошларини унинг қучоғига қўйдилар. Муборак пешоналари терлаган, муборак ранглари ўзгарган эди. Ҳазрати Фотима онамиз муборак отасининг бу ҳолини кўриб, қараб туришга чидай олмади ва ўғиллари ҳазрати Ҳасан билан ҳазрати Ҳусайннинг ёнига борди. Уларнинг қўлларидан тутиб, йиғлай бошлади: «Эй отажоним! Қизингизга ким қарайди? Ҳасан билан Ҳусайнни кимга омонат қиласиз? Вой отажоним! Жоним сизга фидо бўлсин! Сиздан кейин менинг ҳолим не кечади? Муборак юзингиздан кейин кўзларим кимга боқади?» Расулуллоҳ қизларининг кўнгилларни куйдирадиган бу сўзларини эшитиб, муборак кўзларини очдилар, уни ёнларига чақирдилар ва: «Ё Раббим! Унга сабр ато эт», – деб дуо қилдилар. Сўнгра: «Эй Фотима! Эй кўзимнинг нури! Отанг жон бермоқда!» – деганларида, унинг ўртаниб йиғлаши янада кучайди. Ҳазрати Али: «Эй Фотима! Илтимос, жим бўл, Расулуллоҳни бундан ортиқ хафа қилма!» – деганда, севимли Пайғамбаримиз: «Уни ранжитма, ё Али! Қўй, отаси учун кўз ёши тўксин!…» – дедилар. Сўнгра муборак кўзларини юмиб, ўзларидан кетгандек бўлдилар. Шундан кейин ҳазрати Ҳасан муборак бобосининг ҳузурига келиб, йиғлаб: «Эй муборак бобожоним! Сиздан айрилишга ким чидай олади? Кўнглимиз дардини кимга айтамиз? Сиздан кейин онамга, отамга ва укамга ким шафқат қилади? Завжаларингиз ва саҳобаларингиз ўша гўзал ахлоқингизни қаердан топишади?…» – деганда, Пайғамбаримизнинг муборак завжаларида чидаб туришга ҳол қолмади ва уларнинг ҳаммаси биргаликда овоз чиқармай йиғлай бошладилар. Ташқарида жуда мутаассир ҳолда кутиб турган саҳобаи киром Пайғамбаримизнинг хасталиклари жуда оғирлашганини эшитиб, юраклари доғ бўлди. Улар йиғлай бошладилар. Охирги бир марта бўлса ҳам севимли Пайғамбарларининг муборак жамолларини кўриш учун эшик олдида: «Илтимос, эшикни очинглар! Расул алайҳиссаломнинг муборак юзларини яна бир бор кўрайлик!…» – деб ёлворардилар. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Аллоҳу таолонинг ҳабиби, суюклиси саҳобаларининг бу ёлворишларини эшитганларида раҳмлари келди ва: «Эшикни очинглар!» – дедилар. Саҳобаларнинг катталари ичкарига кирдилар. Севимли Пайғамбаримиз уларга сабр қилишни тавсия қилганларидан кейин: «Эй саҳобаларим! Сизлар инсонларнинг энг афзали, энг шарафлиларисиз. Сизлардан кейин ким келса ҳам, сизлар уларнинг ҳаммасидан олдин жаннатга кирасизлар. Динни қоим тутишда матонатли бўлинглар ва Қуръони азимни имом (раҳбар) қилиб олинглар.

«Эй саҳобаларим! Сизлар Аллоҳу таолонинг ҳимоясидасизлар ва мен сизларни Аллоҳу таолога омонат қилдим! Тақводор бўлинглар» Ҳадиси шариф

Диннинг ҳукмларидан ғофил бўлманглар», – дедилар. Сўнгра: «Ё Раббим! Таблиғ қилдимми?» – деб, муборак кўзларини юмдилар. Муборак юзлари терлади. Ҳазрати Али саҳобаларга ишора билан чиқишларини айтди. Улар чиқиб кетганларидан кейин ҳазрати Оиша онамиз ҳузурларига келиб, насиҳат сўради. Пайғамбаримиз: «Эй Оиша! Уйингнинг бурчагида ўтириб, ўзингни муҳофаза қил!» – деганларидан кейин муборак кўзларидан ёш оқа бошлади. Коинот султони йиғлар эдилар… Ҳозир бўлганларнинг кўнгиллари яраланди, жигарлари пора-пора бўлди. Ҳазрати Умму Салама онамиз: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Нега йиғлаяпсиз?» – деб сўраганда, у зот: «Умматимга раҳм қилиниши учун йиғлаяпман», – дедилар.

Қуёш тиккага кўтарилиб борарди. Вақт яқинлашган эди… Севимли Пайғамбаримизнинг муборак бошлари ҳазрати Оиша онамизнинг кўксига суянган эди. Оламлар сарвари энди сўнгги дақиқаларини яшамоқда эдилар, муборак лабларидан ушбу сўзлар тўкиларди: «Зинҳор! Зинҳор! Қўл остингиздаги қулларингизга яхши муомала қилинглар! Уларга кийим кийдиринглар, қоринларини тўйдиринглар. Улар билан юмшоқ гаплашинглар. Намозни, намозни давом эттиринглар. Аёлларингиз ва қулларингиз ҳақида Аллоҳу таолодан қўрқинглар!… Эй Аллоҳим! Мени мағфират қил! Менга раҳматингни эҳсон эт!… Мени Рафиқи аъло жамоасига қовуштир!…» Ҳазрати Фотима онамизнинг кўз ёшлари селдек оқар, ноласи жигарларни доғлар эди. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уни ёнларига ўтқазиб: «Қизим, бироз сабр қил, йиғлама, чунки Ҳамалаи Арш (фаришталар) сенинг йиғингга қўшилиб йиғлайдилар», – дедилар. Ҳазрати Фотима онамизнинг кўз ёшини артдилар. Унга тасалли бериб, Аллоҳу таолодан унга сабр тиладилар ва: «Эй қизим, менинг руҳим қабз қилинади. „Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун“, – дегин. Эй Фотима! Келган ҳар бир мусибатнинг эвази берилади», – дедилар. Бир муддат муборак кўзларини юмиб тургач: «Бундан кейин отангга ғам-ғусса йўқ. Чунки у фоний оламдан, машаққат юртидан қутулмоқда», – дедилар. Сўнгра ҳазрати Алига: «Ё Али! Зиммамда фалон яҳудийнинг шунча моли бор. Аскар тайёрлаш учун олган эдим. Уни тўлашни асло унутма. Албатта, сен мени бу қарздан қутқарасан ва Кавсар ҳовузи бошида мен билан учрашадиганларнинг биринчиси – сенсан. Мендан кейин сенга кўп зарар етади, сабр қилгин. Одамлар дунёни истаганларида, сен охиратни танла», – дедилар.

Ҳазрати Усома яна келди. Расулуллоҳ: «Аллоҳу таоло сенга ёрдамчи бўлсин! Қани, жангга бор!» – дедилар. У ҳам чиқиб, қўшинига борди ва дарҳол йўлга чиқиш амрини берди.10

Оламлар сарвари энди сўнгги нафасларини олмоқда эдилар… Вақт жуда яқинлашган эди… Аллоҳу таоло Азроил алайҳиссаломга: «Ҳабибимнинг ҳузурига энг гўзал суратда бор! Агар изн берса, руҳини жуда юмшоқ ва енгил ол. Изн бермаса, қайтиб кел!» – деб ваҳий қилди. Азроил алайҳиссалом энг гўзал суратда, инсон қиёфасида севимли Пайғамбаримизнинг саодатхоналари эшиги олдига келди ва: «Ассалому алайкум, эй пайғамбарлик хонадонининг соҳиби! Ичкарига киришга изн берасизми? Аллоҳу таоло сизга раҳмат қилсин!» – деди.

Ҳазрати Оиша онамиз севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ёнбошларида ўтирган ҳазрати Фотимага: «Бу келганга сен жавоб бер», – деди. У эшик олдига бориб, жуда ғамгин овоз билан: «Эй Аллоҳу таолонинг бандаси! Расулуллоҳ ҳозир ўз ҳоллари билан машғуллар», – деди. Азроил алайҳиссалом яна изн сўради. Унга яна ўша жавоб берилди. Учинчи марта саломини такрорлаб, албатта кириши кераклигини баланд овоз билан айтганда, Пайғамбаримиз буни эшитдилар ва: «Ё Фотима! Эшикда ким бор?» – дедилар.

Ҳазрати Фотима: «Ё Расулаллоҳ! Эшикда бир киши кириш учун изн сўрамоқда. Бир неча марта жавоб бердим. Лекин учинчи марта овоз берганида баданим титраб кетди», – деди. Шунда Расулуллоҳ: «Эй Фотима! Эшикдаги ким эканини биласанми? У – лаззатларни бузувчи, жамоаларни тарқатиб юборувчи, аёлларни бева, болаларни етим қолдирувчи, уйларни вайрон, қабрларни обод қилувчи ўлим фариштаси Азроилдир. Эй Азроил, кир!» – дедилар. Шунда ҳазрати Фотима онамиз таърифлаб бўлмайдиган изтиробга тушди ва муборак оғзидан: «Воҳ, Мадина, вайрон бўлдинг!» – деган сўзлар чиқди. Пайғамбаримиз ҳазрати Фотиманинг қўлини тутиб, муборак кўксларига қўйдилар ва муборак кўзларини юмдилар. Ҳозир бўлганлар у зотнинг муборак руҳлари қабз қилинди, деб ўйлашди. Ҳазрати Фотима онамиз чидай олмай, отасининг муборак қулоқларига томон эгилди ва кўнгилларни яралайдиган овоз билан: «Эй отажоним!…» – деб чақирди. Ҳеч жавоб бўлмагач, бу сафар: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Илтимос, муборак кўзларингизни бир очиб, менга бирор нарса денг…» – деди. Оламлар сарвари муборак кўзларини очиб, қизларининг кўз ёшларини артдилар ва унинг қулоғига вафот этишларини айтдилар. Шунда ҳазрати Фотима йиғлай бошлади. Бу сафар у зот унинг қулоғига: «Аҳли байтимдан менинг ёнимга энг аввал келадиган – сенсан», – дедилар. У бу хушхабардан севиниб, тасалли топди.

«Эй Аллоҳим! Мени мағфират қил! Менга раҳматингни эҳсон эт!… Мени Рафиқи аъло жамоасига қовуштир!…» Ҳадиси шариф

Ҳазрати Фотима онамиз: «Эй отажоним! Бугун айрилиқ куни! Сизга яна қачон қовушаман?» – деб сўради. Расулуллоҳ: «Эй қизим! Мени қиёмат куни ҳовуз бўйида топасан. Умматимдан ҳовузга келганларга мен сув бераман», – дедилар. Ҳазрати Фотима: «Агар сизни у ерда топа олмасам, нима қиламан?» – деб сўраганда, Пайғамбаримиз: «Мезон олдида топасан. У ерда мен умматимга шафоат қиламан», – дедилар.

Ҳазрати Фотима онамиз: «У ерда ҳам топа олмасамчи, ё Расулаллоҳ?» – деганда, Пайғамбаримиз: «Сирот олдида топасан. Мен у ерда Раббимга: „Ё Раббим! Умматимни ўтдан сақла!“ – деб ёлвораман», – дедилар.

Шундан кейин ҳазрати Али ғамгин овоз билан: «Ё Расулаллоҳ! Сиз руҳингизни таслим қилганингиздан кейин сизни ким ювади, нимага кафанлаймиз? Жаноза намозингизни ким ўқитади, қабрга ким қўяди?» – деб сўради. Пайғамбаримиз шундай дедилар:

«Эй Али, мени сен юв, Фазл ибн Аббос сенга сув қуйиб турсин. Жаброил сизларнинг учинчингиз бўлади. Ғусл (ювиш) ишимни тугатганингиздан кейин мени кафанлайсизлар. Жаброил жаннатдан хушбўй ҳид келтиради. Сўнгра мени масжидга олиб боринглар ва чиқинглар: аввал Жаброил, сўнгра Микоил, сўнгра Исрофил, сўнгра фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб жаноза намозимни ўқийдилар. Ундан кейин сизлар киринглар, саф-саф бўлинглар. Ҳеч ким мендан олдинга ўтмасин».11 Сўнгра кутиб турган Азроил алайҳиссаломдан: «Эй Азроил! Зиёрат учун келдингми ёки руҳимни қабз қилиш учунми?…» – деб сўраганларида, Азроил алайҳиссалом: «Ҳам меҳмон, ҳам вазифадор бўлиб келдим. Аллоҳу таоло менга ҳузурингизга фақат изн билан киришимни буюрди. Муборак руҳингизни фақат изнингиз билан оламан. Ё Расулаллоҳ! Изн берсангиз, амрингизга бўйсуниб, руҳингизни қабз қиламан. Акс ҳолда қайтиб, Раббимнинг ҳузурига кетаман», – деди. Пайғамбаримиз: «Эй Азроил! Жаброилни қаерда қолдирдинг?…» – дедилар. Азроил: «Жаброилни дунё осмонида қолдирдим. Фаришталар унга сизнинг вафотингиз сабабли таъзия билдирмоқдалар», – деди. Улар шундай гаплашиб турганларида Жаброил алайҳиссалом келди. Расулуллоҳ: «Эй биродарим Жаброил! Энди дунёдан кўчиш вақти келди. Аллоҳу таолонинг ҳузурида мен учун нима бор? Менга шу ҳақда хушхабар бер, омонатни эгасига кўнгил хотиржамлиги билан топширай», – дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Эй Аллоҳу таолонинг суюклиси! Мен осмон эшигини очиқ қолдирдим. Фаришталар саф-саф бўлиб, сизнинг руҳингизни муҳаббат билан кутмоқдалар», – деди. Пайғамбаримиз: «Ҳамд Аллоҳу таологагина хосдир. Сен менга хушхабар бер! Раббимнинг ҳузурида мен учун нима бор?…» – дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Ё Расулаллоҳ! Сизнинг ташрифингиз шарафига жаннат эшиклари очилди, жаннат анҳорлари оқди, жаннат дарахтлари шохларини эгди, ҳурлар безанди», – деди.

Пайғамбаримиз яна: «Ҳамд Аллоҳу таологагина хосдир. Менга бошқа бир хушхабар бер, ё Жаброил!…» – дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Ё Расулаллоҳ! Қиёмат куни биринчи шафоат қиладиган ва шафоати биринчи қабул қилинадиган – сизсиз», – деди. Севимли Пайғамбаримиз яна: «Ҳамд Аллоҳу таологагина хосдир. Ё Жаброил! Менга яна бир хушхабар бер», – деганларида, Жаброил алайҳиссалом: «Ё Расулаллоҳ! Сиз нимани сўраяпсиз?…» – деди. Шунда Пайғамбаримиз: «Менинг бутун ташвишим, қайғум ва ғамим – мендан кейин ортимда қолдирадиган умматимдир», – дедилар. Ҳазрати Жаброил: «Эй Аллоҳу таолонинг Ҳабиби! Аллоҳу таоло қиёмат куни сиз рози бўлгунингизча умматингизни мағфират қилади. Барча пайғамбарлардан олдин сизни, барча умматлардан олдин сизнинг умматингизни жаннатга киритади», – деди. Севимли Пайғамбаримиз Жаброил алайҳиссаломга: «Аллоҳу таолонинг ҳузурида учта муродим бор: биринчиси – мени умматимнинг гуноҳкорларига шафоатчи қилиши. Иккинчиси – дунёда қилган гуноҳлари учун уларга азоб бермаслиги. Учинчиси – пайшанба ва душанба кунлари умматимнинг амаллари менга кўрсатилишидир. (Агар амаллари яхши бўлса, дуо қиламан, Аллоҳу таоло қабул қилади. Ёмон бўлса, шафоат қилиб, амал дафтаридан ўчирилишини сўрайман.)», – дедилар. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳу таолодан бу уч тилакнинг ҳаммаси қабул қилингани ҳақидаги хабарни етказди. Шундан кейин севимли Пайғамбаримиз хотиржам бўлдилар.

Аллоҳу таоло: «Эй Ҳабибим! Умматингизга бунчалик муҳаббат ва шафқат кўрсатишни муборак қалбингизга ким солди?…» – деб ваҳий қилди. Пайғамбаримиз: «Мени яратиб, тарбия қилган Раббим таоло», – деб жавоб бердилар. Жаноби Ҳақ: «Умматингизга бўлган Менинг раҳматим, марҳаматим сизникидан минг баробар ортиқдир. Уларни Менга қўйиб беринг», – деди. Сўнгра севимли Пайғамбаримиз: «Энди хотиржам бўлдим. Эй Азроил! Сенга буюрилган вазифани бажар!» – дедилар. Азроил алайҳиссалом вазифасини адо этиш учун – ўзи кимнинг ҳурматига яратилган бўлса, ўша – Коинот султонининг ҳузурларига яқинлашди. Севимли Пайғамбаримиз ёнларидаги сув идишига муборак икки қўлларини ботириб, ҳўл қўлларини муборак юзларига суртдилар ва: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Эй Аллоҳим! Рафиқи аъло!…» – дедилар. Азроил алайҳиссалом Оламлар сарварининг муборак руҳларини ола бошлади. Расулуллоҳнинг муборак ранглари гоҳ қизарар, гоҳ сарғаяр эди. У зот Азроил алайҳиссаломга: «Умматимнинг жонини ҳам шундай шиддат ва зўрлик билан оласанми?…» – деганларида, у: «Ё Расулаллоҳ! Ҳеч кимнинг жонини бунчалик енгил олмаганман», – деб жавоб берди. Сўнгги онларида ҳам умматларини унутмаган севимли Пайғамбаримиз: «Эй Азроил! Умматимга қиладиган шиддатингни менга қил, чунки улар заифдирлар, чидай олмайдилар…» – дедилар. Сўнгра: «Ла илаҳа иллаллоҳ! Рафиқи аъло!…» – дедилар ва муборак руҳлари олиниб, аълои иллийинга етказилди…

Шафоат, ё Расулаллоҳ!
Дахийлак, ё Расулаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Расулаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Ҳабибаллоҳ!
Ассалоту вассалому алайка ё Саййидал аввалийна вал охирийн!

Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз билан: «Ассалому алайкум, эй Аллоҳу таолонинг Расули! Менинг мақсудим, матлубим сиз эдингиз. Энди ер юзига бошқа келмайман!…» – деб видолашди.

Расули акрамнинг муборак руҳлари олий оламга кетгач, ҳазрати Фотима онамиз ва Пайғамбаримизнинг пок завжалари (азвожи тоҳирот) (розияллоҳу анҳунна) овоз чиқармай йиғлай бошладилар.12 Шу пайт эгаси кўринмайдиган бир овоз:

«Эй Фотима! Эшикдаги ким эканини биласанми? У – лаззатларни бузувчи, жамоаларни тарқатиб юборувчи, аёлларни бева, болаларни етим қолдирувчи, уйларни вайрон, қабрларни обод қилувчи ўлим фариштаси Азроилдир» Ҳадиси шариф

«Ассалому алайкум, эй аҳли байт! Ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу», – деб салом берди ва Оли Имрон сурасининг 185-ояти каримасини ўқиди, унинг маъноси: «Билингларки, ҳар бир жон ўлимни тотувчидир. Қиёмат куни эса ажрларингиз сизларга тўла-тўкис берилади». Сўнгра уларга тасалли бериб: «Аллоҳу таолонинг эҳсонларига, икромларига ишонинглар. Унга таяниб, Ундан умид қилинглар. Фарёд чекманглар! Асл мусибатга учраган – савобдан маҳрум қолгандир!» – деб таъзия билдирди.

Бу сўзларни у ердагиларнинг ҳаммаси эшитиб, саломига алик олдилар. Буларни айтган Хизр алайҳиссалом эди.13 Расули акрамда ўлим аломатлари кўрингач, Умму Айман ўғли Усомага хабар юборди. Усома, ҳазрати Умар ва Абу Убайда бу аччиқ хабарни олгач, қўшиндан ажралиб, Масжиди Набавийга келдилар. Оишаи Сиддиқа ва бошқа аёллар йиғлай бошлаганда, Масжиди шарифдаги саҳобаи киром эсанкираб қолдилар. Нима бўлганини англай олмадилар. Бошларига гурзи тушгандек бўлдилар. Ҳазрати Али ўликдек ҳаракатсиз қотиб қолди. Ҳазрати Усмоннинг тили тутилди. Ҳазрати Абу Бакр ўша пайтда уйида эди. У югуриб келиб, дарҳол Ҳужраи саодатга кирди. Фахри оламнинг юзларини очиб, вафот этганларини кўрди. Муборак юзлари ва бутун аъзолари латиф, пок бўлиб, нурдек порлаб турарди. «Ҳаётингиз каби вафотингиз ҳам нақадар гўзал, ё Расулаллоҳ!» – деб, у зотни ўпди. Узоқ йиғлади. Муборак юзларини ёпди. Уйдагиларга тасалли берди. Сўнгра Масжиди шарифга келди. Минбарга чиқиб, саҳобаи киромга хутба ўқиди. Аллоҳу таолога ҳамд ва сано айтди, Расули акрамга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) салавот айтгач: «Ким Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирган бўлса, билсинки, Муҳаммад алайҳиссалом вафот этдилар. Ким Аллоҳу таолога ибодат қилаётган бўлса, билсинки, У – Ҳайй (тирик) ва Боқийдир (ўлмас, абадийдир)», – деди. Сўнгра Оли Имрон сурасининг 144-ояти каримасини ўқиди, унинг маъноси: «Муҳаммад (алайҳиссалом) – расулдир, ундан олдин ҳам расуллар ўтган. У ҳам вафот этади. Агар у вафот этса ёки ўлдирилса, динингиздан қайтасизларми? Ким динидан чиқса, Аллоҳу таолога зарар бера олмайди. Фақат ўзига зарар беради. Динидан қайтмаганларга Аллоҳу таоло савоблар беради». Саҳобаи киромга насиҳат қилиб, вазиятни тартибга солди.14 Шу тариқа уларнинг ҳаммаси Расулуллоҳнинг вафот этганларига ишонишди. Ғам ва қайғу саҳобаи киромнинг юракларига заҳарли ханжардек санчилди. Кўзлар йиғлар, кўз ёшлари дарё бўлиб оқар, ҳасрат олови ҳар кимнинг жигарини доғлар эди. Саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) биринчи иш сифатида барча ишларни бошқариши учун ҳазрати Абу Бакрни халифа қилиб сайладилар. Унга байъат қилиб, тобе бўлдилар ва унинг амрига кўра ишларни юрита бошладилар.15 Расули акрам ҳижратнинг ўн биринчи йилида (милодий 632), Рабиул аввал ойининг 12-куни, душанба куни пешиндан олдин охиратга риҳлат қилдилар. Ўшанда у зот ой йили ҳисобида 63 (қуёш йили ҳисобида 61) ёшда эдилар.16

Пайғамбаримизни ҳазрати Али, ҳазрати Аббос, ҳазрати Фазл ибн Аббос ва ҳазрати Усома ибн Зайд ювдилар.17

«Аллоҳу таолонинг эҳсонларига, икромларига ишонинглар. Унга таяниб, Ундан умид қилинглар. Фарёд чекманглар! Асл мусибатга учраган – савобдан маҳрум қолгандир!» Хизр алайҳиссалом

Меҳроби шариф – Равзаи мутаҳҳара / Масжиди Набавий

Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалоту вассалом) Масжиди шарифидаги
«Равзаи мутаҳҳара / Жаннат боғи» деб аталадиган қисм.
Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) имом бўлиб намоз ўқитган
меҳроб кўриниб турибди.
Бу суратда кўринмаса ҳам, чап тарафда у зотнинг муборак қабрлари
(Ҳужраи саодат) жойлашган.

Минбари шариф – Равзаи мутаҳҳара / Масжиди Набавий

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) жума хутбасини ўқиган минбар кўриниб турибди. У замондаги минбари шариф уч зинали ва бир метр баландликда эди. У 654 (милодий 1256) йилдаги ёнғинда бутунлай ёниб кетди. Турли йилларда турли минбарлар ясалди. Бугунги ўн икки зинали, етти метр баландликдаги мармар минбарни султон Муродхон III ҳижрий 998 (милодий 1590) йилда Истанбулдан юборган.

Ювиш пайтида муборак баданларидан шундай мушк ҳиди таралдики, шу пайтгача ҳеч ким бундай ҳидни ҳидламаган эди. Сўнгра муборак кўйлаклари эгниларида қолган ҳолда уч марта ювилиб, уч қават янги оқ кафанга ўралдилар. Бир сўри устида кўтарилиб, масжидга олиб келиндилар. Севимли Пайғамбаримиз илгари хабар берганларидек, ҳамма масжиддан ташқарига чиқди. Фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, у зотнинг жаноза намозларини ўқидилар. Фаришталар ўқиб бўлгач, эгаси кўринмайдиган бир овоз: «Киринглар! Пайғамбарингизнинг жаноза намозини ўқинглар!» – деди. Шундан кейин саҳобаи киром ичкарига кирдилар. Улар ҳам гуруҳ-гуруҳ бўлиб келиб, имомсиз ҳолда севимли Пайғамбаримизнинг жаноза намозларини ўқидилар. Буни чоршанба куни кечгача аранг тугата олдилар. Саҳобаи киром севимли Пайғамбаримизнинг муборак қабрлари қазилиши масаласида ҳазрати Абу Бакр эслатган ушбу ҳадиси шарифга эргашдилар: «Пайғамбарлар руҳларини таслим қилган жойларида дафн қилинадилар». Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Талҳа Ансорий лаҳд шаклида қазиган муборак қабрга сешанбани чоршанбага боғлайдиган кечанинг (чоршанба кечасининг) ярмига яқин дафн қилиндилар. Ҳазрати Аббоснинг ўғли Қусам қабрдаги хизматни тугатиб, ундан энг охирида чиққан эди. У шундай деди: «Расулуллоҳнинг муборак юзларини энг охирида кўрган – менман. Муборак лаблари қимирлаб турарди. Устларига эгилиб, қулоқ солдим. У зот: „Ё Раббим! Умматим!… Ё Раббим! Умматим!…“ – деб ёлвораётган эдилар».18 Севимли Пайғамбаримиз охиратга риҳлат қилган кунлари ҳазрати Абдуллоҳ ибн Зайд: «Ё Раббим! Мен бу кўзни Ҳабибингнинг муборак нурли юзига боқиш учун истар эдим. У кўринмас бўлгач, энди уни нима қилай! Ё Раббим, кўзимни ол!» – деб дуо қилди ва кўзлари кўрмай қолди…

Расулуллоҳ вафот этганларида, у зотнинг муҳтарам аммалари Сафийя бинт Абдулмутталиб (розияллоҳу анҳо) ушбу марсияни айтди:

Ё Расулаллоҳ! Сиз бизнинг умидимиз эдингиз,
Бизга доим яхшилик қилгувчимиз эдингиз.
Ҳеч қачон ноҳақлик қилганлардан эмасдингиз,
Шафқат эгаси, йўл кўрсатгувчи эдингиз.
Яна сўз-ла айтиб бўлмас илм дарёси эдингиз.
Бугун йиғлаганларнинг фарёди – сиз учун.
Сизнинг йўлингизга бутун аждодим фидо бўлсин!
Молим, жоним, бутун борлиғим фидо бўлсин.
Оҳ! Ҳозир орамизда тирик бўлсайдингиз,
Қанча шод бўлардик, бизда қолсайдингиз.
Ҳақ таолонинг ҳукми шу, «Сабр!» деймиз,
Не қилишни билмай, доим фиғон қиламиз.
Аллоҳнинг саломи сизга бўлсин, ё Расулаллоҳ!
Адн жаннатига кириб, унда қолинг, ё Расулаллоҳ!