ҲАЖНИНГ ФАРЗ БЎЛИШИ
Исломнинг беш шартидан бири бўлган ҳаж ҳам ҳижратнинг тўққизинчи йилида фарз қилинди. Нозил бўлган ояти каримада шундай дейилди, маъноси: «Унда (Каъбада) очиқ-ойдин аломатлар, Иброҳимнинг мақоми бор. Ким унга кирса, тажовуздан омонда бўлади. Унга йўл топишга имкони бўлганларнинг (кучи етганларнинг) у Байтни ҳаж (ва зиёрат) қилиши Аллоҳу таолонинг инсонлар устидаги бир ҳаққи, фарзидир. Ким бу фарзни инкор этса, шубҳасиз, Аллоҳу таоло бутун оламлардан беҳожатдир (ҳеч нарсага муҳтож эмасдир)».1 Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳу таолонинг бу амрини саҳобаларига билдирдилар. Ўзлари ҳам Зулқаъда охирида ҳаж қилмоқчи бўлдилар. Лекин мушрикларнинг яланғоч ҳолда тавоф қилишлари ҳақида хабар келгач, улар билан бундай ҳолда бирга бўлишни муносиб кўрмадилар. Ҳаж маносикларини ўргатиш учун ҳазрати Абу Бакрни ҳаж амири этиб тайинладилар.
Ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Алининг ҳажга юборилиши
Ўша йили саҳобаи киром ҳазрати Абу Бакрнинг амирлигида уч юз кишилик бир карвон билан Маккага кетдилар. Шу пайтда «Бароат» сурасининг илк ояти карималари нозил бўлди. Уларда аҳдномалар ҳақидаги баъзи ҳукмлар билдирилди. Севимли Пайғамбаримиз бу ҳукмларни эълон қилиш учун ҳазрати Алини ҳам Маккага юбордилар.2
У пайтда араблар орасида кенг тарқалган бир одатга кўра, бир аҳдлашув тузилса ёки тузилган аҳднома бузилса, буни шу ишни ўзи қилган киши ёки у тайинлаган бир қариндоши эълон қиларди. Пайғамбаримиз бу иш учун ҳазрати Алини ҳаж карвонининг ортидан Маккага юбордилар. Ҳазрати Али карвонга етиб олди ва улар бирга Маккага кирдилар.3 Ҳазрати Абу Бакр бир хутба ўқиб, ҳаж ибодатини тушунтирди. Саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) ўргатилган асосларга кўра ҳаж қилдилар. Ҳаж ибодати адо этилаётганда ҳазрати Али ҳам Минода «Жамаратул Ақаба» деб аталадиган жойда бир хутба ўқиди. Хутбасини у шундай бошлади:
«Эй одамлар! Мени сизларга Расулуллоҳ юбордилар». Сўнгра у Бароат сурасининг биринчи ояти каримасини ўқиди. Бундан кейин: «Мен сизларга тўрт нарсани билдиришга буюрилдим», – деди. Бу тўрт нарса қуйидагилар эди:
1. Мўминлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кира олмайди.
2. Бу йилдан кейин ҳеч бир мушрик Каъбага яқинлаша олмайди.
3. Ҳеч ким Каъбани яланғоч тавоф қилмайди. (У пайтда мушриклар Каъбани яланғоч ҳолда тавоф қилардилар.)
4. Кимнинг Расулуллоҳ билан аҳдномаси бўлса, у муддати тугагунча кучда қолади. Бошқаларга тўрт ой муҳлат берилди. Бундан кейин ҳеч бир мушрик учун аҳд ҳам, ҳимоя ҳам йўқ.
«Унда (Каъбада) очиқ-ойдин аломатлар, Иброҳимнинг мақоми бор. Ким унга кирса, тажовуздан омонда бўлади. Унга йўл топишга имкони бўлганларнинг (кучи етганларнинг) у Байтни ҳаж (ва зиёрат) қилиши Аллоҳу таолонинг инсонлар устидаги бир ҳаққи, фарзидир» Оли Имрон: 97
Ўша кундан кейин ҳеч бир мушрик Каъбага келмади ва ҳеч ким Каъбани яланғоч тавоф қилмади. Бу масалалар билдирилгандан кейин мушрикларнинг кўпчилиги мусулмон бўлди. Ҳаж фарзи адо этилгач, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Али ёнларидаги саҳобаи киром билан Мадинага қайтдилар.4
Холид ибн Валиднинг Яман сарийяси
Севимли Пайғамбаримиз ҳижратнинг ўнинчи йилида, Рабиул аввал ойида Холид ибн Валидни тўрт юз мужоҳид билан Яман атрофида яшовчи Бану Ҳорис ибн Каъбни Исломга даъват қилиш учун юбордилар. Расулуллоҳнинг амрларига кўра ҳазрати Холид ибн Валид бу қабилани уч кун кетма-кет Исломга даъват қилди. Улар ҳам даъватга ижобат қилиб, мусулмон бўлдилар.
Қуёш чашмасидан ҳар дам файз зилоли оқар,
Агар қабрингизни янгилаган меъморга керак бўлса сув.
Дўзах қўрқуви ғам ўтини солди ёнган кўнглимга,
Умидим шулки, эҳсонингиз булути сепсин ул ўтга сув.
Наътингиз баракасидан гавҳар бўлди Фузулий сўзлари,
Абри найсондан шоҳвор дурга айланган каби сув.
Ғафлат уйқусидан уйғонганлар маҳшар куни
Ҳасрат ёшидан уйғоқ кўзларидан тўкканда сув,
Умидим шулки, маҳшар куни маҳрум қолмасам,
Висол чашмангиз берса менга – дийдорингизга ташнага – сув.
Fuzûlî
Ҳижратнинг ўнинчи йилида бўлган воқеалар
Ҳижратнинг ўнинчи йилида Ислом бутун Араб ярим оролига тарқалди. Тўққизинчи йилдагидек, бу йил ҳам Арабистоннинг ҳар томонидан одамлар тўп-тўп бўлиб Мадинага келар, мусулмон бўлиш шарафига ва абадий саодатга эришиш учун бир-бирлари билан мусобақалашардилар. Энди Арабистонда мусулмонларга қарши тура оладиган ҳеч бир куч қолмаган, Ислом ҳамма ёққа ҳоким бўлган эди. Фақат баъзи яҳудий ва насроний қабилалари мусулмон бўлмаган эди.
Яна шу йили Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) нажронлик насронийларга мактуб юбориб, уларни Исломга даъват қилдилар. Улар ҳам ўн тўрт кишини танлаб, Расулуллоҳнинг ҳолларини ўрганиш учун Мадинага юбордилар. Ҳайъат бир муддатдан кейин сулҳ аҳдномасини тузди. Улардан баъзилари кейинчалик ўз ихтиёрлари билан мусулмон бўлдилар. Ўша йили Яман ноиби Бозон вафот этди. Унинг вафот хабари келгач, Расулуллоҳ унинг юртини тақсимлаб, бир қисмини ўғли Шаҳрга, бир қисмини Абу Мусо Ашъарийга, бир қисмини Яъло ибн Умайяга ва бир қисмини Муоз ибн Жабалга бердилар.
Пайғамбаримиз бу йили Ислом тарқалган барча юртларга ноиблар юбордилар. Ҳазрати Али ҳам уч юз киши билан Ямандаги Мудлиж қабиласини Исломга даъват қилиш учун юборилди. Аввалига улар қарши чиқиб, Ислом аскарларига ўқ отдилар. Дарҳол жавоб қайтарилди. Йигирма киши ўлдирилди. Кўпчилиги тарқалиб кетди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) саҳобаларнинг душманни таъқиб қилишига йўл қўймади. Уларга насиҳат қилиб, яна Исломга даъват қилди. Улар қабул қилиб, иймонга келдилар. Ҳазрати Али ва саҳобалар дарҳол шошилиб Мадина томон қайтдилар ва Расулуллоҳга Маккада етиб олдилар. Бу йили ҳам тўққизинчи йилдагидек элчилар келишда давом этди. Улардан бири Ғомид, бири Бану Ҳанифа элчиси эди. Улар Расулуллоҳнинг мажлисларига келиб, мусулмон бўлдилар.
Нажошийнинг опа-синглисининг ўғли Файруз келиб, мусулмон бўлди. Абдулқайсдан ҳам бир ҳайъат келиб, мусулмон бўлди.
Ўша йили Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳим бир ярим ёшида вафот этди. Расулуллоҳ бу жигарбандларидан айрилганларида муборак кўзлари ёшга тўлди. Ҳазрати Иброҳим Бақиъ қабристонида Усмон ибн Мазъуннинг ёнига дафн қилинди. Қабри устига илк бор сув сепилган киши ҳам у бўлди.5
Бечорадир умматингиз, исёнларига боқманг,
Рад қўлини уриб, ҳасрат ила дўзахга ёқманг.
Раҳм айланг, омон, ҳижрон ўтига ёқманг,
Хулласи, гуноҳкор қулингиз Ғолибни ташламанг.
Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим,
Ҳақ қўллаган султонимизсиз, сарварим.
Şeyh Galib
«Мазлумнинг дуоибадидан сақланинглар. Мазлумнинг дуоси билан Ҳақ таоло ҳазратлари орасида парда йўқдир» Ҳадиси шариф
Исломнинг Араб ярим оролида тарқалиши
