Севимли Пайғамбарим

ТАБУК ҒАЗОТИ

Табук – Мадинаи мунаввара билан Шом шаҳри ўртасидаги машҳур бир жой. Баъзилар уни бир булоқнинг номи, дейишган. Бу сафар Пайғамбаримизнинг сўнгги ғазотлари бўлгани учун уни Табук ғазоти деб аташди. Уни «Фозиҳа» деб ҳам аташади, чунки мунофиқлар бу ғазотда шарманда бўлдилар. Уни «Жайшул усра» деб ҳам аташади. Бу сафарда мусулмонлар жуда кўп машаққат чекдилар. Бунинг устига масофа узоқ, ҳаво жуда иссиқ эди. Душман аскари кўп ва кучли эди. Қаҳатчилик замони эди. Бир туяга ўн киши навбатма-навбат минарди. Аскарларнинг кўпчилиги бир ой давомида хурмодан бошқа ҳеч нарса емади. Баъзан қовурилган арпа ердилар. Баъзан уни ҳам топа олмасдилар. Табук ғазотига ҳижрий тўққизинчи йил Ражаб ойида, пайшанба куни йўлга чиқилди.

Ислом Араб ярим оролида тез тарқалаётган ўша тўққизинчи йилда Византия императори Ҳирақл «Ислом давлати»ни қизғанар ва унинг ўсишига тўсқинлик қилмоқчи эди. Насроний араблар унга: «Пайғамбарлик даъвоси билан чиққан ҳалиги киши вафот этди. Мусулмонлар ҳозир қаҳатчилик ва йўқчилик ичида. Агар уларни ўз динингга киритмоқчи бўлсанг, ҳозир айни пайти», – деб мактуб ёздилар. Бу мактубдан кейин Ҳирақл қирқ минг кишилик қўшинни Қубод қўмондонлигида мусулмонлар билан жанг қилиш учун йўлга чиқарди. Фахри коинот бу ҳолдан хабар топгач, саҳобаларини тўплаб, жангга тайёргарлик кўришни буюрдилар. Ўша йили қурғоқчилик бўлгани учун саҳобалар моддий жиҳатдан катта танқисликда эдилар. Фақат тижорат қилувчиларнинг аҳволи бир оз яхшироқ эди. Ислом аскари жуда кўп эди. Озиқ-овқат ва жанг анжомлари эса оз эди. Қийинчилик чекилиши муқаррар эди. Пайғамбаримиз саҳобаларининг жангга қатнашадиган аскарларни жиҳозлаш учун моддий ёрдам беришларини ҳам истадилар. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу истаклари саҳобаларни ҳаракатга келтирди. Ҳар ким қўлида бор нарсасини олиб келар, моли ва жони билан жиҳодга тайёрланишга ҳаракат қиларди.

Пайғамбаримизнинг ғордаги йўлдошлари ҳазрати Абу Бакр бутун молини олиб келган эди. Расули акрам: «Оилангга нима қолдирдинг, ё Абу Бакр?» – деб сўраганларида, у: «Аллоҳу таолони ва Унинг Расулини қолдирдим», – деб жавоб берди. Ҳазрати Умар молининг ярмини ёрдам учун олиб келган эди. Пайғамбаримиз ундан ҳам: «Оилангга нима қолдирдинг, ё Умар?» – деб сўраганларида, у: «Олиб келганимча қолдирдим», – деб жавоб берди. Пайғамбаримиз эса: «Икковингиз орасидаги фарқ сўзларингиз орасидаги фарқ кабидир», – дедилар. Шунда ҳазрати Умар: «Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Абу Бакр! Яхшилик йўлидаги барча мусобақаларда сиз мендан ўзиб кетасиз. Энди ҳеч бир нарсада сиздан ўзиб кета олмаслигимни яхши англадим», – деб, уни тақдирлади.1 Саҳобаи киром кучлари етганича ёрдам беришга ҳаракат қилардилар. Лекин мунофиқлар: «Сизлар кўз-кўз қилиш учун беряпсизлар», – деб, уларни масхара қилардилар. Пайғамбаримиз: «Ким бугун бир садақа берса, қиёмат куни Аллоҳу таоло ҳузурида садақаси унинг фойдасига гувоҳлик беради», – дедилар. Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларидан кейин мўминлар янада кўпроқ ёрдам бера бошладилар. Ҳазрати Усмон ибн Аффон қўшиннинг ярмини жиҳозлади.2 Усмони Зиннурайн (розияллоҳу анҳу) бу қўшинга жиҳозлари билан бирга тўққиз юз эллик туя ва эллик от берди, уларнинг чавандозларини ҳам анжом билан таъминлади, устига-устак яна ўн минг динор ёки етти юз рукя олтин юборди.3 Шу тариқа у мусулмонлар орасида энг кўп ёрдам берган киши бўлди. Ҳазрати Усмон қўшиннинг эҳтиёжларини шу даражада таъминлаган эдики, ҳатто сув мешларини таъмирлашда ишлатиладиган жувалдизни ҳам қўйишни унутмаган эди. Бу ёрдамидан кейин Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бугундан кейин Усмонга гуноҳ ёзилмайди», – дедилар.4 Моддий аҳволи жуда ночор бўлган саҳобалардан бири эса жиҳодга ёрдам савобига эришиш учун ўша кеча тонггача бир хурмозорда сув тортиб, ишлаб топган хурмосини Пайғамбаримизга олиб келди ва: «Ё Расулаллоҳ! Раббимнинг ризосини топиш учун қўлимда бор нарсани келтирдим. Қабул қилинг», – деди.

«Ё Умар! Икковингизнинг (Абу Бакр билан) орангиздаги фарқ сўзларингиз орасидаги фарқ кабидир» Ҳадиси шариф

Мусулмон эркаклар қўлларидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилар эканлар, аёллар ҳам бу йўлда ўз зиммаларига тушган вазифани муносиб адо этардилар. Табук ғазотига тайёрланаётган пайтларида мусулмонлар жуда қийин аҳволда эдилар. Қаҳатчилик шу даражада шиддатли эдики, қўлида ҳеч нарсаси қолмаган саҳобаи киромдан жуда кўп кишилар Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расулаллоҳ! Пиёда қолдик! Ейишга ҳам ҳеч нарсамиз йўқ! Бу ғазотда сиздан ажралмай, жиҳод савобига эришишни истаймиз», – дердилар. Севимли Пайғамбаримиз уларга миндирадиган ҳеч нарса қолмаганини қайғу билан билдирардилар. Бир гал Солим ибн Умайр, Абдуллоҳ ибн Муғаффал, Абу Лайло Мозиний, Улба ибн Зайд, Амр ибн Ҳумом, Ҳарамий ибн Абдуллоҳ ва Ирбоз ибн Сория севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, худди шу илтимосни қилдилар. Пайғамбаримиз уларга катта қайғу билан: «Сизларни миндирадиган бирор нарса топа олмаяпман», – деганларида, улар Пайғамбаримиздан ажралиб қолиш ва жиҳодга қатнаша олмаслик қайғусидан йиғлай бошладилар. Шунда Аллоҳу таоло ушбу ояти каримани юборди, маъноси: «(Эй Расулим!) Улар (жиҳодга қатнашиш учун) сизнинг олдингизга келганларида, сиз уларга: „Сизларни миндирадиган нарса топишга қодир эмасман“, – дедингиз. Бу йўлда сарфлайдиган нарсалари бўлмагани учун (жангга қатнаша олмаганларидан) улар қайғудан кўз ёшларини тўкиб қайтдилар. Уларга ҳеч қандай масъулият (гуноҳ) йўқдир».5 Охир-оқибат ҳазрати Аббос ва ҳазрати Усмон уларни ҳам ғазотга тайёрладилар. Тайёргарлик тугагач, Пайғамбаримиз қўшинни Саниятул Видода тўпладилар. Ғазотга қатнашмаганлар йўқ даражада оз эди. Қўшинни тўплаб, йўлга чиқишга қарор қилгач, Расули акрам Мадинада Муҳаммад ибн Масламани ўринбосар қилиб қолдирдилар.6 Сафарга чиқиш олдидан Пайғамбаримиз: «Ёнингизга ортиқча оёқ кийим олинглар. Захира оёқ кийимингиз бўлса, қийналмайсизлар», – дедилар.

Қўшин йўлга чиққанда мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай мусулмонларни қўрқитиш учун бўлмағур гаплар гапирди. Ҳатто: «Қасамки, мен уни ва саҳобаларини иккитадан арқонга боғланган ҳолда кўраётгандекман…» – дерди. Лекин саҳобаи киром бу сўзларга ҳеч эътибор бермас, жиҳодга қатнашиш ишқлари тобора ортиб борарди. Буни кўрган мунофиқлар ичларидан ёнардилар. Расулуллоҳ Саниятул Видодан Табукка йўлга чиқишларидан олдин қўшиннинг байроқларини (туғ ва аламларини) очтирдилар. Катта байроқни ҳазрати Абу Бакрга, бир байроқни ҳазрати Зубайр ибн Аввомга бердилар. Авс қабиласининг байроғини Усайд ибн Ҳузайрга, Хазраж қабиласининг байроғини Абу Дужонага бердилар.7 Пайғамбаримиз қўмондонлигидаги саҳобаи киромнинг сони ўттиз минг киши бўлиб, улардан ўн мингтаси отлиқ эди. Ўнг қанот қўмондонлигига ҳазрати Талҳа ибн Убайдуллоҳ, чап қанотга эса ҳазрати Абдурраҳмон ибн Авф тайинланди.8 Шонли саҳобалар жуда иссиқ ҳавода, Пайғамбарларининг қўмондонлиги остида йўлга чиқдилар. Бошларида Аллоҳу таолонинг Ҳабиби бор экан, егулик ва ичимликларининг йўқлиги уларни йўлларидан қайтара олмас, борадиган йўлларининг узоқлиги ҳам, душман аскарларининг кўплиги ҳам уларнинг кўзини қўрқита олмасди. Бундай ҳолда ҳар қаерга бориш мумкин эди. Севимли Пайғамбаримиз ва қаҳрамон саҳобалар ҳар бир манзилда бир муддат дам олгач, яна йўлларини давом эттирардилар. Уларнинг саккизинчи манзили Солиҳ алайҳиссаломнинг қавми ҳалок қилинган Ҳижр эди. Бу қавм пайғамбарининг амрига қулоқ солмагани учун Аллоҳу таоло уларни шиддатли бир сайҳа, яъни овоз билан ҳалок қилган эди. Коинот султони саҳобаларига: «Бу кеча қарама-қарши томондан кучли бўрон эсади. Ёнида шериги бўлмаса, ҳеч ким ўрнидан турмасин. Ҳар ким туясининг тиззасини боғлаб қўйсин. Бу ер азоб тушган жойдир. Ҳеч ким бу сувдан ичмасин ва таҳорат олмасин!…» – дедилар. Ҳамма бу амрга бўйсунди. Кечаси чиққан кучли бўрон ҳамма ёқни остин-устун қила бошлади. Шу пайт туясини боғлашни унутган бир киши уни қидириш учун ёлғиз ўрнидан турганда, бўрон уни учириб кетиб, Тай тоғининг этагига ташлади. Яна бир киши эса қаттиқ қисталган эди. У ҳожатини чиқариш учун борган жойида хунноқ (кўкйўтал) деган касалликка чалинди. Пайғамбаримизнинг дуолари билан яна соғайиб кетди.

Ўша тонгда сув идишларида бир томчи ҳам сув қолмаган эди. Ташналикдан ҳамма ўлар ҳолатга келган эди. Мунофиқлар буни фурсат билиб: «Муҳаммад ҳақиқатан пайғамбар бўлганида, дуо қилиб ёмғир ёғдирарди», – деб фитна чиқаришга уриндилар.

Аҳвол Оламлар сарварига арз қилинганда, у зот муборак қўлларини кўтариб, Аллоҳу таолога ёмғир эҳсон этишини сўраб илтижо қилдилар. Иссиқ ва булутсиз ҳавода дарҳол ёмғир булутлари пайдо бўлди. Кучли ёмғир бошланди. Ҳамма идишларини тўлдириб, таҳорат олди ва ҳайвонларини суғорди. Ёмғир тўхтаб, булутлар тарқалгач, ёмғир фақат қўшин устигагина ёққани кўринди.

«Ким бугун бир садақа берса, қиёмат куни Аллоҳу таоло ҳузурида садақаси унинг фойдасига гувоҳлик беради» Ҳадиси шариф

Табук ғазоти

Севимли Пайғамбаримиз ва саҳобалар такбир айтдилар. Аллоҳу таолога ҳамд айтдилар. Мунофиқларга эса: «Энди ҳеч қандай узрингиз қолмади. Аллоҳу таолога ва Унинг Расулига иймон келтиринглар ва солиҳ мусулмон бўлинглар!…» – дедилар. Лекин ҳаёсиз мунофиқлар: «Нима бўлибди?… Бир булут ўтиб кетаётиб ёғди-да, кетди!…» – деб жавоб қайтаришди. Очлик ҳам сўнгги чегарасига етган эди: бир хурмони икки киши бўлишиб ейдиган ҳолга тушишган эди. Қаттиқ иссиққа, чекилган очлик ва ташналикка қарамай, Табукка яқинлашилди. Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Иншоаллоҳ, эртага чошгоҳ вақтида Табук булоғига етиб борасизлар. Мен келгунимча у сувга қўл узатманглар», – дедилар. Эртаси куни у ерга етиб бордилар. Булоқнинг суви жуда оз эди. Севимли Пайғамбаримиз у сувдан бир идишга олдирдилар, унга муборак қўлларини солиб, дуо қилдилар. Сўнгра уни булоққа қайтариб тўкдилар. Сув бир зумда кўпириб кўпайди. Ўттиз минг кишилик Ислом қўшини ичса ҳам, у ҳеч камаймади. Кейинчалик Фахри коинотнинг бир мўъжизаси бўлган бу сув билан атрофнинг ҳаммаси суғорилди. У ўлка ям-яшил даштга айланиб, баракаларга тўлиб-тошди. Расули акрам шонли саҳобалари билан Табукка келганларида, византияликлар ва Омила, Лаҳм, Жузом каби насроний бўлиб кетган араб қабилаларидан иборат Рум қўшинларини қаршиларида топмадилар. Мутада уч минг мужоҳидга қарши юз минг кишилик Рум қўшини мағлуб бўлган эди. Энди эса уларнинг қаршисида ўттиз минг мужоҳид бор эди ва уларнинг қўмондони Коинот сарвари эдилар. Румликлар севимли Пайғамбаримизнинг қаҳрамон саҳобаларини тўплаб келганларини эшитгач, ҳар бири қочадиган жой қидирган эди.

Расулуллоҳ саҳобалари билан маслаҳатлашиб, Табукдан нарига ўтмадилар. Шу пайтда ўша минтақада яшовчи баъзи қабилалар ва давлатлар Ислом қўшинининг келганини эшитган эдилар. Қўрққанларидан Пайғамбаримизга биттадан ҳайъат юбориб, жизя тўлаш шарти билан омонлик тиладилар. Пайғамбаримиз марҳамат кўрсатиб, уларнинг таклифларини қабул қилдилар; ҳар бири билан алоҳида-алоҳида аҳднома моддалари ёзилиб, уларга омонликда эканлари айтилди.

Сарвари коинот (алайҳи афзалус салавот) йигирма кунга яқин душманни кутдилар. Табукда саҳобалари билан кўплаб суҳбатлар қуриб, уларнинг кўнгилларини нур дарёсида ювдилар. Муборак қалбларидан отилиб чиққан файз ва баракаларни уларнинг қалбларига оқиздилар. Тенгсиз суҳбатларидан бирида: «Сизларга одамларнинг энг яхшиси ва энг шарафлисини хабар берайми?» – дедилар. Саҳобаи киром: «Ҳа, хабар беринг, ё Расулаллоҳ!» – дейишди.

Шунда у зот: «Одамларнинг яхшиси – отининг ёки туясининг устида ёхуд икки оёғида сўнгги нафасигача Аллоҳу таоло йўлида меҳнат қилган кишидир. Одамларнинг ёмони эса Аллоҳу таолонинг Китобини ўқиб, ундан ҳеч фойдалана олмаган, ҳаддидан ошган кишидир», – дедилар.

Шаҳидлик ҳақида сўраган бир кишига эса: «Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, шаҳидлар қиёмат куни қиличларини бўйинларига осиб келадилар. Нурдан бўлган минбарлар устида ўтирадилар», – дедилар.9

Бу ғазотда Пайғамбаримизнинг кўплаб мўъжизалари кўрилди. Жумладан, Табукдан Мадинага қайтиш учун тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда очликка чидаб бўлмайдиган ҳолга келган саҳобалар аҳволларини Пайғамбаримизга арз қилдилар. Расулуллоҳ уларнинг ортиб қолган егуликларини бир тери дастурхон устига тўплатдилар. Улар кичкина бир қозонни зўрға тўлдирди. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) таҳоратларини янгилаб, икки ракат намоз ўқидилар. Муборак қўлларини очиб, егуликлар баракали бўлиши учун дуо қилдилар. Сўнгра саҳобаларига идишларини келтиришни буюрдилар. Идишлар шундай тўлдирилдики, катта қўшинда биронта ҳам бўш идиш қолмади. Бундан ташқари, барча мужоҳидлар тўйгунларича еганларига қарамай, дастурхондаги егуликлар ҳеч камаймагани кўринди.

«Иншоаллоҳ, эртага чошгоҳ вақтида Табук булоғига етиб борасизлар. Мен келгунимча у сувга қўл узатманглар» Ҳадиси шариф

Холид ибн Валиднинг Думатул Жандал сарийяси

Ҳазрати Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Табукда эканларида Холид ибн Валидни (розияллоҳу анҳу) Думатул Жандалга юбордилар. У ернинг подшоҳи Укайдир ибн Абдулмалик насроний эди. Ислом аскарлари қалъа атрофига яқинлашиб, пистирмада ётдилар. Шу пайт Укайдир қалъа дарвозаси олдига бир тоғ сигири келганини эшитиб, уни овлаш учун отига миниб, кетидан тушди. Укайдир, биродари Ҳассон ва одамлари овда юрганларида, мужоҳидлар уларни қуршаб олдилар. Ҳассон қиличига қўл узатганда ўлдирилди. Укайдир асир олинди. Бошқалари қочиб, қалъага паноҳ топдилар. Ҳазрати Холид Укайдирга шундай деди: «Сенга омонлик бериб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман. Лекин шу шарт биланки, қалъага кириб, икки минг туя, саккиз юз от, саккиз юз қалқон, тўрт юз найза топширасан. Подшоҳлик яна сенда қолади». Укайдир рози бўлди. Мужоҳидлар қалъага кириб, ўлжани олишди ва Мадинага келишди. Олий ҳузурга қабул қилинган Укайдир ва биродари Ҳасор иймон келтириб, мусулмон бўлдилар.

Тузоқ

Мужоҳидлар Табукдан чиқиб, Мадина йўлини тутган эдилар. Мунофиқлар севимли Пайғамбаримизга тузоқ қуриб, у зотни ўлдиришга ўзаро келишдилар. Бир кеча Ислом аскарлари бораётган йўлдаги тор бир довонда пистирма қўйиб кута бошлашди. Пайғамбаримиз туяларининг жиловини ҳазрати Аммор ибн Ёсир тортиб борар, орқаларидан ҳазрати Ҳузайфа ибн Ямон келарди. Мунофиқларнинг келишиб, суиқасд уюштирганларини Жаброил алайҳиссалом хабар берди. Пайғамбаримиз довонга яқинлашганларида қўшинга: «Сизлар водий ичидан боринглар; у ер сизлар учун ҳам осонроқ, ҳам кенгроқ», – дедилар. Ўзлари тор довон томон бораётганларида, қўшин водий ичига қараб йўл олмоқда эди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) довонга яқинлашганларида, бу мунофиқлар гуруҳи юзларини ниқоблаб ҳужумга ўтдилар. Ҳазрати Ҳузайфа: «Эй Аллоҳу таолонинг душманлари!» – деб, қўлидаги таёқ билан мунофиқларни ва уларнинг ҳайвонларини ура бошлади. Бу бақириқ-чақириқдан қўрққан ўн икки мунофиқ дарҳол аскарлар орасига аралашиб кетдилар. Расулуллоҳ уларнинг исмларини ҳазрати Ҳузайфага билдирдилар ва бошқаларга айтмасликни тайинладилар.

Ҳодисани эшитиб ҳузурга келган ҳазрати Усайд ибн Ҳузайр Пайғамбаримизга: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Уларни менга айтинг, бошларини сизга келтирай!» – деб жуда ёлворди. Лекин Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) изн бермадилар.10

Масжиди Зирор

Ниҳоят, севимли Пайғамбаримиз ва қаҳрамон саҳобалари византияликларнинг кўзини қўрқитиб, қаршиликларини синдириб, нурли Мадинага яқинлашган эдилар. Коинот султони Мадинага жуда яқин бўлган Зу Аван деган жойда саҳобаларига тўхтаб дам олишни буюрдилар. Саҳобалар дам олаётганда бир неча мунофиқ севимли Пайғамбаримизнинг олдиларига келиб, Масжиди Зирорга ташриф буюришларини илтимос қилдилар. Масжиди Зирор Қубода эди. Уни мунофиқлар Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилганларида Қубода қурдирган биринчи масжидларининг рўпарасида қурган эдилар. Севимли Пайғамбаримиз саҳобалари билан Табукка кетаётганларида, мунофиқлар ҳузурга келиб: «Ё Расулаллоҳ! Янги масжид қурдик, ташриф буюриб, бизга имом бўлиб намоз ўқитиб бермайсизми?» – деб даъват қилган эдилар. Лекин Оламлар сарвари сафарда эдилар, шунинг учун насиб этса, Табукдан қайтишда кириб ўтишлари мумкинлигини айтган эдилар.

Мунофиқларнинг мақсади мусулмонлар жамоатини бўлиш, уни ўз мақсадларига восита қилиш, фитна чиқариб, мусулмонларни бир-бирига қарши қайраш эди. Ҳатто улар Византия аскарларини Мадинага даъват қилиб, бу масжидда ғамлаб қўйган қуроллари билан уларга ёрдам бермоқчи эдилар. Пайғамбаримизни у ерда намоз ўқишга кўндириш билан Масжиди Зирор муқаддас жой экан, деган таассурот пайдо бўларди. Шу тариқа мусулмонлар у ерда намоз ўқиш учун бир-бирлари билан мусобақалашар ва, мунофиқлар ўйлаганидек, уларнинг тузоғига тушардилар!… Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мунофиқларнинг бу даъватини қабул қилиб, боришга қарор қилган эдилар. Аллоҳу таоло Тавба сурасининг 107–108-ояти карималарини юбориб, ишнинг асл моҳиятини билдирди. Шундан кейин Оламлар сарвари Молик ибн Духшум билан Осим ибн Адийга: «Аҳли золим бўлган мана шу масжидга киринглар. Уни бузинглар, ёқинглар!» – дедилар. Улар шом билан хуфтон орасида бориб, бинога ўт қўйдилар. Сўнгра уни бузиб, ер билан яксон қилдилар. Мунофиқлардан бирор садо чиқмади.11 Пайғамбаримиз ва шонли саҳобалари келаётганларини эшитган мадиналиклар дарҳол тўпланиб, катта ҳаяжон билан уларни кутиб олишга чиқдилар…

Абдуллоҳ ибн Убайнинг ўлими

Севимли Пайғамбаримиз Табук ғазотидан қайтганларидан икки ой кейин, Шаввол ойида мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ўлди. Шундан кейин мунофиқларнинг бирлиги бузилди, улар тарқалиб кетишди.12 Шу тариқа Арабистонда нафақат мунофиқларнинг, балки мушриклар ва яҳудийларнинг ҳам боши эзилди, уларнинг Исломга қарши туриш ва унга тўсқинлик қилиш ҳаракатлари сўндирилди.

Ҳижратнинг тўққизинчи йилида бўлган бошқа воқеалар

Расулуллоҳ Табукка келганларида, аввал Айла, сўнгра Жарбо ҳокимлари келиб, хирож тўладилар. Расулуллоҳ аҳднома ёздириб, уларнинг қўлларига бердилар. Бу ғазотда у зот Ҳирақлга мактуб юбориб, уни яна Исломга даъват қилдилар. Лекин унга ҳидоят насиб бўлмади.

«Борлиғим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, шаҳидлар қиёмат куни қиличларини бўйинларига осиб келадилар. Нурдан бўлган минбарлар устида ўтирадилар» Ҳадиси шариф

Бу йили Расулуллоҳнинг қизлари Умму Кулсум вафот этди. Унинг жаноза намозини Расулуллоҳ ўқидилар, дафн қилинаётганда эса қабри бошида муборак кўзларидан ёш оқди.

Санатул вуфуд (Элчилар йили)

Табук ғазотидан қайтгач, Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) турли давлатларга элчилар юбориб, уларни Исломга даъват қилдилар. Уммон ва Баҳрайн аҳолиси мусулмон бўлиш шарафига эришдилар.

Энди Ислом катта тезлик билан тарқалмоқда эди. Атрофдаги қабилаларга, давлатларга диннинг асосларини ўргатиш учун муаллимлар, уларни бошқариш учун ноиблар юборилмоқда эди. Ҳижратнинг тўққизинчи йилида Мадинага мусулмон бўлган ҳайъатлар оқиб кела бошлади. Турли қабилалардан келган ҳайъатлар Оламлар сарварига тобе эканликларини билдириб, саодатга эришдилар. Келувчиларнинг кўплигидан бу йилга Санатул вуфуд (Элчилар йили) деб ном берилди. Қачон бир элчи келса, Расулуллоҳ қимматбаҳо кийимларини кийардилар. Саҳобаларига ҳам чиройли кийимлар кийдирардилар. Келганларни тоза ва гўзал жойда меҳмон қилардилар. Зиёфат бериб, уларни кўп ҳадялар билан кузатардилар. Улар ҳам мамнун бўлиб, ҳамду сано айтиб қайтишарди. Элчи юборган қабилалардан бири Бану Мурра қабиласи эди. Улар ўн уч кишини элчи қилиб юбордилар. Булар қабилаларининг мусулмон бўлганини билдиришди. Юртларида ҳеч ёмғир ёғмаганини, ўт-ўлан унмаганини ва қаттиқ қаҳатчилик чекаётганларини айтишди. Бу қийинчиликдан қутулиш учун Расулуллоҳдан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дуо сўрашди. У зот: «Ё Раббим! Уларни ёмғир билан сувга қондир», – деб дуо қилдилар. Бану Мурра қабиласининг элчилари юртларига қайтганларида, қавмларининг бутунлай енгил тортганини кўришди. Чунки Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) улар учун дуо қилган куни у ерда мўл ёмғир ёққан эди. Бу айни дуо қилинган вақтга тўғри келган эди.

Бану Асад қабиласидан ўн киши келиб, мусулмон бўлганларини миннат қилишди. Улар: «Биз қаҳатчилик йилида узоқ жойдан келдик. Устимизга қўшин келмасдан, ўз хоҳишимиз билан мусулмон бўлдик», – дейишди. Улар ҳақида Ҳужурот сурасининг ўн еттинчи ояти нозил бўлди. Бану Бикор ҳайъатининг бошидаги Муовия ибн Савр ибн Убода ибн Бикор юз ёшлар атрофида эди. У билан бирга ўғли Бушайр, Мужаммаъ ибн Абдуллоҳ ва Абду Амр ибн Асам бор эди. У Расулуллоҳдан муборак қўлларини ўғлининг аъзоларига суртишларини сўради ва: «Чунки у менга жуда кўп ҳурмат ва яхшилик қилди», – деди. Расулуллоҳ муборак қўллари билан Бушайрнинг юзини силадилар ва уларга кўплаб эчки эҳсон қилдилар. Абду Амрнинг исмини ҳам Абдурраҳмонга ўзгартирдилар. Бану Нажиб ҳайъати ўн киши эди. Улар молларининг ва ҳайвонларининг закотини ҳам ўзлари билан олиб келган эдилар. Расулуллоҳ уларнинг келганларидан жуда севиндилар. Уларни яхши бир манзилга жойлаштиришни буюрдилар. Нажиб элчиси фарз ва суннат ҳақида шунчалик кўп савол бердики, Расулуллоҳнинг унга муҳаббатлари янада ортди. Унга ҳурмат ва иззатни оширдилар. Бошқа элчилардан фарқли муомала қилдилар. Юклар ёнида қолган йигитни ҳам чақиртириб, унинг Аллоҳу таолодан бошқа ҳамма нарсадан юз ўгирганини кўргач, унга ҳам хайрли дуо қилдилар. Бошқалар қатори унга ҳам эҳсон қилдилар. У жамоа муродларига етиб, севинч билан қабилаларига қайтишди. Бану Кинонадан бир жамоа келиб, мусулмон бўлди. Уларнинг бошлиғи Восила ибн Асқаъ эди. У келганда Расулуллоҳ Табук ғазотига тайёрланаётган эдилар. Восила байъат қилиб, қабиласига кетди. Отаси иймон келтирмади. Опа-синглиси эса иймонга келди. Сўнгра у Мадинага бориб, Табук қўшинининг ортидан йўлга чиқди. Расулуллоҳга етиб олди. Уни Холид билан бирга Укайдирга қарши жангга юбордилар. Унинг улушига кўп туя тушди.

Бану Соидадан Зимом ибн Саълаба келди. У Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, у зотдан намоз, рўза, ҳаж ва закот ҳақида кўп саволлар сўради. Саволлари тугагач: «Иймон келтирдим, Аллоҳнинг ҳузуридан нима келтирган бўлсангиз, ҳаммасига ишондим», – деди. Қавмининг олдига бориб, уларга Исломни етказди. У қабиланинг ҳаммаси мусулмон бўлди.

Ё Расулаллоҳ! Эшигингиздаги қулнинг
Оёғига теккан тупроқни ўпмаганнинг,
Ва бу саодат учун жонин фидо этмаганнинг
Сизга муҳаббати йўқ; ишонмайман, сўзи ёлғон.
Босган тупроқларингизни бошимга тож айласам,
Ўпсам, кўзимга сурсам, қалбга илож айласам,
Сироти мустақимни топган чироқ айласам,
Ва йўлингизга тушсам, сизга ошиқу ҳайрон.
Сиз томондан эсган ҳар бир шамолни ҳидларман,
Хуш бўйингиздан асар борми, деб изларман;
Фидо бўлсин йўлингизда аҳлим, болаларим,
Онам, отам, қариндошим ва яна минглаб жон.
Сизнинг жондан ошиғингиз Мавлоно Холид дер:
Эй оламнинг султони, эй жаҳоннинг жонони!
Бир жоним бор, у ҳам сиздан – сизнинг менга эҳсонингиз,
Фидо учун сизга бир жон келтирдим, дея олмам.
Мавлоно Холид Бағдодий

«Ё Раббим! Уларни (Бану Мурра қабиласини) ёмғир билан сувга қондир» Ҳадиси шариф

Каъбаи муаззаманинг тунги кўриниши