Севимли Пайғамбарим

Закот йиғувчилар юборилган ҳудудлар

Ҳазрати Абу Мусо Ашъарийни ҳам Қуръони карим ва дин ишларини ўргатиш учун Маккада вазифага қўйдилар.1 Абу Суфён ибн Ҳарбни Яман вилоятидан Нажронга амир қилиб тайинладилар, Касир ибн Абдуллоҳни эса унга ёрдамчи қилиб бердилар. Маккадаги ишлар тугагач, Марруз Заҳронга келинди. Қолган ўлжа ҳам ўша ерда тақсимланди. Сўнгра у зот шонли саҳобалари билан яна йўлга чиқиб, Зулқаъда ойининг охирларида Мадинага етиб келдилар. Мадинадан Рамазони шарифнинг ўнинчи куни, чоршанба куни чиққан эдилар. Бу сафар уч ойга яқин давом этди.

Бир кун ғам денгизига ғарқ бўлиб, фикрга толдим, Ўзимни йўқотиб, бехудликка кетиб қолдим, Исёнимни эслаб, оқибатимдан қўрқдим, Бир саййиднинг бу матлаъни ёд этганини эшитдим: Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим, Ҳақ қўллаган султонимизсиз, сарварим. Умиддамиз, ноумидлик ила оҳ чекмасмиз, Иймон сармоясин барбод этмасмиз, Эшигингизни қўйиб, ўзгалардан паноҳ тиламасмиз, Соянгизда ҳеч кимга назар солмасмиз. Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим, Ҳақ қўллаган султонимизсиз, сарварим. Şeyh Galib

Ҳижратнинг саккизинчи йилида бўлган баъзи воқеалар

Бану Саълабадан тўрт киши Расулуллоҳнинг мажлисларига келди. Улар: «Бизни қавмимиз юборди. Ҳижрат қилинмаса, Ислом комил бўлмас экан, деб эшитдик», – дейишди. У зот: «Қаерда бўлсангизлар ҳам, тақво узра бўлинглар; ҳижрат қилмасангизлар ҳам, зарари йўқ. Динингизга ҳам, миллатингизга ҳам зарар етмайди», – дедилар. Сўнгра уларни Рамла бинт Ҳориснинг уйига юбориб, зиёфат бердилар. Кейин ҳар бирига тўрт уқиядан кумуш бериб, уйларига кетишларига изн бердилар. Ўша йили Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) қизлари Зайнаб вафот этди. Унинг учун тобут ясашди. Исломда биринчи тобут унинг учун ясалган. У Абул Оснинг завжаси эди. Бадр вақтида Абул Ос уни Маккадан Мадинага кузатиб юборганда, йўлда Ҳаббор ҳазрати Зайнабнинг туясига найза отган эди. У туядан йиқилиб, қорнидаги боласини туширган ва бетоб бўлиб қолган эди. Бу унинг вафотига сабаб бўлди. Ундан икки фарзанд қолди. Ўша йили Зулҳижжа ойида Расулуллоҳнинг ўғиллари Иброҳим дунёга келди. Унинг онаси – Мория хоним (розияллоҳу таоло анҳо). Абу Рофеъ келиб, хушхабар берди. Бунинг учун Расулуллоҳ бир қулни озод қилдилар. Ақиқа учун бир қўчқор сўйдилар. Боланинг сочини олдириб, сочининг оғирлигича кумушни садақа қилдилар.

Ҳижратнинг тўққизинчи йилида бўлган муҳим воқеалар

Оламлар сарвари ҳижратнинг тўққизинчи йили Муҳаррам ойининг бошларида қабилаларга закот йиғувчиларни (омил, соъий) тайинладилар. Иложи борича ҳар бир қабилага ўз ичидан бир омил берилди. Ибн Ҳасиб Асламийни Аслам ва Ғифорга, Аббод ибн Бишрни Бану Сулайм ва Музайнага, Амр ибн Осни Фазорага, Заҳҳок ибн Синонни Бану Килобга, Рофеъ ибн Макнат Жуҳанийни Жуҳайнага, Бишр ибн Суфён Каъбийни эса Бану Каъб ва Бану Тамимга юбордилар.

Бир йилдан кейин тоифликлар мусулмон бўлиш учун олти кишилик бир ҳайъатни Мадинага, севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига юбордилар. Оламлар сарвари бир йил олдин Тоифдан кетаётиб: «Ё Раббим! Сақифликларга тўғри йўлни кўрсат, уларни бизга келтир», – деб дуо қилган эдилар. Мана энди сақифликлар мусулмон бўлиш учун келган эдилар. Расули акрам уларнинг мусулмон бўлганларидан жуда севиниб, уларга баъзи имтиёзлар бериб, Тоифга қайтардилар. Уларга ҳазрати Усмон ибн Абул Осни ноиб қилиб тайинладилар.2

Нажошийнинг вафоти

Ҳижратнинг тўққизинчи йили, Ражаб ойи эди. Бир куни Расулуллоҳ саҳобаларига: «Бугун бир солиҳ биродарингиз вафот этди. Туринглар, унинг жаноза намозини ўқинглар», – дедилар. Пайғамбаримиз имом бўлиб, ғойибона жаноза намозини ўқидилар. Сўнгра: «Биродарингиз Нажоший Асҳама учун Аллоҳу таолодан мағфират сўрадик», – дедилар.

Бир муддатдан кейин Ҳабашистондан келган хабардан Нажоший Асҳама (раҳматуллоҳи таоло алайҳ) вафот этгани маълум бўлди. Бу Пайғамбаримиз Мадинада унинг жаноза намозини ўқиган кунларига тўғри келарди.3

«Қаерда бўлсангизлар ҳам, тақво узра бўлинглар; ҳижрат қилмасангизлар ҳам, зарари йўқ. Динингизга ҳам, миллатингизга ҳам зарар етмайди» Ҳадиси шариф

Жоним қурбон бўлсин сизнинг йўлингизга,
Исми гўзал, ўзи гўзал Муҳаммад,
Келинг, шафоат қилинг ожиз қулингизга,
Исми гўзал, ўзи гўзал Муҳаммад.
Мўмин бўлганларнинг кўпдир жафоси,
Охиратда бўлур завқу сафоси,
Ўн саккиз минг оламнинг Мустафоси,
Исми гўзал, ўзи гўзал Муҳаммад.
Етти қават осмонни сайр айлаган, Курсий устида жавлон айлаган,
Меърожда умматин Ҳақдан тилаган –
Исми гўзал, ўзи гўзал Муҳаммад.
Юнус нетсин икки жаҳонни сизсиз,
Сиз ҳақ пайғамбарсиз шаксиз, гумонсиз,
Сизга эргашмаганлар кетар иймонсиз,
Исми гўзал, ўзи гўзал Муҳаммад.