Севимли Пайғамбарим

ҲУНАЙН ЖАНГИ

Ҳунайн – Макка билан Тоиф орасидаги бир водий. Бу жангни Ҳавозин жанги деб ҳам аташади. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккани фатҳ этиш нияти билан Мадинадан чиққанларида, Макка атрофида яшовчи Ҳавозин ва Сақиф деган икки катта қабила мусулмонлар бизнинг устимизга юриш қилади, деган гумон билан жангга тайёргарлик кўра бошлади. Оламлар сарварининг Маккани фатҳ этиш учун келганларини билгач, бир оз енгил тортган бўлсалар-да, «Қурайшликлардан кейин навбат, албатта, бизга келади», деган ўй билан тайёргарликларини тезлаштирдилар. Бундан ташқари улар: «Қасамки, мусулмонлар ҳали яхши жанг қиладиган қавмга дуч келмаганлар. У бизнинг устимизга юриш қилмасдан олдин биз унинг устига юрайлик-да, жанг қилиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяйлик!» – дедилар. Ҳавозин бошлиғи Молик ибн Авф қўмондонлигида йигирма минг кишилик жуда кучли қўшин билан йўлга чиқдилар. Аскарларининг жасоратини ошириш ва қийинчиликни кўрганда қочмасликлари учун барча қимматбаҳо молларини, хотинлари ва болаларини ҳам бирга олиб кетмоқда эдилар.

Бу хабар қисқа вақтда Маккада эшитилди. Фахри коинот хабарнинг тўғрилигини билиш учун Абдуллоҳ ибн Абу Ҳадрадни Ҳавозин қабиласига юбордилар. Ҳазрати Абдуллоҳ қиёфасини ўзгартириб, душман орасига кирди. Уларнинг фикрлари ва ҳаракат тарзини билиб олиб, аҳволни дарҳол севимли Пайғамбаримизга билдирди.

Расули акрам дарҳол шонли саҳобаларини тўпладилар. Маккага йигирма ёшли ҳазрати Аттоб ибн Асидни ноиб қилиб тайинлаб, тезда йўлга чиқдилар. Ўн икки минг кишилик қўшинлари билан мушрик Ҳавозин ва Сақиф қабилаларини ўз қароргоҳларида тўсатдан босмоқчи эдилар. Мужоҳидларнинг байроғини ҳазрати Али кўтариб борарди,1 олдинги кучларга эса ҳазрати Холид ибн Валид қўмондонлик қиларди.2 Оламлар сарвари бошларига дубулға, устма-уст совутларини кийиб, Дулдул деган хачирларига минган эдилар. Шаввол ойининг 11-куни Ҳунайн водийсига етиб борилди. Ўша кечаси Сарвари олам қўшинни кўздан кечириб, жанг тартибига солдилар. Бомдод намозига имомлик қилгач, йўлга тушдилар.

Мушрикларнинг қўмондони кечадан фойдаланиб, Ҳунайн водийсининг икки ёнбағрига қўшинини жойлаштириб, пистирма қўйган эди. Олдинда бўлинмалари билан бораётган ҳазрати Холид ибн Валид пистирмадан бехабар ҳолда дара томон отини чоптириб борарди. Тонгнинг ғира-ширалиги душманни кўришга халақит берарди. Бирданига мужоҳидлар устига минглаб ўқлар ёға бошлади. Бу кутилмаган ўқ ёмғиридан қутулиш учун мужоҳидлар орқага чекинишга мажбур бўлдилар.

«Иншоаллоҳ, эртага улар (ҳавозинлик ва сақифликлар) мусулмонларга ўлжа бўладилар» Ҳадиси шариф

Ҳунайн жанги

Ул дамки, валийлар ила набийлар қолар ҳайрон,
«Нафсий!» деб даҳшат ила барчадан чиқар фиғон,
Ноумидликдан осийларнинг ҳоли бўлар паришон,
Шафоат изни ила яна сизникидир майдон.
Сиз Аҳмаду Маҳмуду Муҳаммадсиз, сарварим,
Ҳақ қўллаган султонимизсиз, сарварим.
Şeyh Galib

Бу тезкор чекиниш орқадан келаётган аскарларнинг тартибини бузди. Улар ҳам чекиниш учун орқага бурилганда, йигирма минг кишилик душман бўлинмалари селдек водийга оқиб кела бошлагани кўринди. Севимли Пайғамбаримиз ёлғиз ўзлари ҳужумга кўтарилган мушриклар томон олға ташландилар. Фақат ҳазрати Аббос, ҳазрати Абу Бакр ва юзга яқин қаҳрамон саҳоба ўлимни бўйнига олиб, Расули акрамга етиб келдилар. Танларини севимли Пайғамбаримизга қалқон қилдилар. Ҳазрати Аббос хачирнинг жиловидан, ҳазрати Суфён ибн Ҳорис эса узангисидан ушлаб, унинг тезлигини пасайтиришга, Расулуллоҳнинг душман бўлинмалари орасига шўнғиб кетишларига йўл қўймасликка ҳаракат қилардилар. Оламлар сарвари Аллоҳу таолонинг дини йўқ бўлиб кетишидан қайғуриб: «Ё Аббос! Уларга: „Эй мадиналиклар! Эй Самура дарахти остида байъат қилган саҳобалар!“ – деб овоз беринг», – дедилар.

Ҳазрати Аббос катта гавдали ва ҳайбатли киши эди. Бақирганда овози жуда узоқлардан эшитиларди. У бор кучи билан: «Эй мадиналиклар! Эй Самура дарахти остида Пайғамбаримизга сўз берган саҳобалар! Тарқалиб кетманглар! Бу ерга тўпланинглар!» – деб бақирди. Буни эшитган саҳобаи киром орқага қайтмоқчи бўлдилар. Лекин ҳайвонларининг ҳаддан ташқари ҳуркиши қайтишларига тўсқинлик қиларди. Ниҳоят, улар совутлари, қиличлари ва найзаларини олиб, ҳайвонларидан ўзларини ташлашга мажбур бўлдилар. Тезда Расулуллоҳнинг ёнларига етиб келиб, душман билан даҳшатли жангга кирдилар. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» садолари еру кўкни ларзага солар, душманни қўрқитиб, даҳшатга туширарди. Бадрда, Уҳудда, Хандақда ва Хайбарда жуда катта қаҳрамонлик кўрсатган саҳобалар, айниқса ҳазрати Али, Абу Дужона, Зубайр ибн Аввом қайта-қайта ҳамла қилиб жанг қилар, душманни сафдан чиқариб, орқага улоқтирардилар.

Оламлар сарвари саҳобаларининг жонини жабборга бериб олиб бораётган бу жангини кузатиб турар, муборак лабларидан: «Аллоҳим! Бизга ёрдамингни нозил қил. Шубҳасиз, Сен уларнинг бизнинг устимиздан ғолиб келишини истамайсан» деган дуолар эшитиларди. Аллоҳу таолога илтижолари орасида севимли Пайғамбаримиз ердан бир ҳовуч қум олиб: «Юзлари қора бўлсин!» – деб, уни мушриклар устига сочдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг бир мўъжизалари сифатида душман аскарларидан кўзларига қум тўлмаган биронта ҳам киши қолмади. Фаришталар ҳам ёрдамга келган эди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таолога қасамки, улар енгилдилар», – дедилар. Мушриклар саросимага тушиб, орқага қайтиб қоча бошладилар. Орқага қараган сари изларидан келаётган шонли саҳобаларни кўрар, жанг майдонига олиб келган хотинлари, болалари ва молларини ташлаб, бор кучлари билан қочардилар. Қочганларнинг бир қисми Тоиф қалъасидан паноҳ топди.3 Бир қисми эса Нахлага ва Автосга кетди. Улар жанг майдонида етмиш ўлик, олти минг асир ва сон-саноқсиз мол қолдирдилар.

Бу жангда Аллоҳу таолонинг изни, Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳиммати ва баракаси билан ғалаба яна мусулмонларники бўлди. Тўрт киши шаҳид бўлди, баъзи саҳобалар яраланди. Ҳазрати Холид ибн Валиднинг ҳам ярадор бўлганини эшитган севимли Пайғамбаримиз унинг ёнига бордилар ва ярасини муборак қўллари билан силаганларида, яра шу заҳоти тузалди.

Автос сарийяси

Ҳунайн жангида тор-мор бўлгандан кейин Ҳавозин мушриклари Автосда тўпландилар. Расулуллоҳ Автос устига Абу Мусо Ашъарийнинг амакиси Абу Омир қўмондонлигида бир бўлинма юбордилар. Автосда яна шиддатли тўқнашувлар бўлди. Абу Омир шаҳид бўлди. Унинг ўрнига ҳазрати Абу Мусо Ашъарий ўтиб, душманни тор-мор қилди.4 Мужоҳидлар кўплаб асирлар ва беҳисоб ўлжа билан қайтдилар.

«Ё Аббос! Уларга: „Эй мадиналиклар! Эй Самура дарахти остида байъат қилган саҳобалар!“ – деб овоз беринг» Ҳадиси шариф

Асирлар орасида Расулуллоҳнинг эмикдош опалари Шаймо ҳам бор эди. У: «Мен Пайғамбарингизнинг эмикдош опасиман», – деди. Унга ишонишмади. Уни бир туяга миндириб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб боришди. Шаймо болалик кунларига оид кўплаб хотираларни батафсил айтиб берди. Расул алайҳиссалом ридоларини ерга тўшаб, эмикдош опаларини унинг устига ўтқаздилар. Ўзлари ҳам ўтириб, узоқ йиғладилар.5 Ҳалима хонимнинг ва Шаймонинг отасининг ҳолини сўрадилар. Шаймо: «Улар вафот этганига анча бўлди», – деди. Кўрган иззат-икроми туфайли у иймон келтирди.6 Расул алайҳиссалом: «Хоҳласанг, ёнимизда қол.7 Бу ерда сенга ҳар хил хизмат қилинади. Хоҳласанг, борадиган жойингга жўнатайлик», – дедилар. Шаймо «Ватанни севиш иймондандир» ҳадиси шарифига кўра ватанини истади. Сўнгра Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унга бир жория, уч қул, бир қанча туя ва қўй ҳадя қилиб, уни ватанига жўнатдилар.

Тоиф жанги

Коинот султони (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳунайндан Тоифга қочган душман устига ҳам юриш қилиб, қатъий натижага эришмоқчи эдилар. Уларнинг қўмондони Молик ибн Авф Тоифдан паноҳ топганлар орасида эди. Маккага яқин бўлган бу қалъа куфрнинг сўнгги, лекин энг мустаҳкам қалъаларидан бири эди. Пайғамбаримиз ҳижратдан олдин Тоифга келиб, бир ой уларга насиҳат қилган эдилар. Лекин тоифликлар Оламлар сарварига кўрилмаган қийноқ ва зулмлар қилган эдилар. Ҳатто муборак оёқларини қонга белаган эдилар. Пайғамбаримиз бу ерда ҳазрати Зайд ибн Ҳориса билан ҳаётларининг энг аянчли ва энг изтиробли кунларини бошдан кечирган эдилар.

Севимли Пайғамбаримиз ҳижрий саккизинчи йил Шаввол ойида Ҳунайн жангидан кейин олган ўлжаларини Жиъронада қолдириб, Тоифга қараб йўлга чиқдилар. Ҳазрати Холид ибн Валидни олдинга юбордилар.8 Ўзлари ҳам шонли саҳобалари билан орқадан Тоиф остонасига келдилар. Сақиф қабиласи мустаҳкам қалъаларига олдиндан кўп миқдорда озиқ-овқат ғамлаб қўйган эди. Саҳобаи киромнинг келганини кўриб, дарвозаларни ёпиб, мудофаага ўтишди. Қалъа яқинигача келган мужоҳидларга ўқ отиш билан жавоб беришарди. Жанг шу тарзда давом этарди. Тоифликлар қалъадан чиқиб, очиқ майдонда юзма-юз жанг қилишга ҳеч журъат эта олмасдилар.

Саҳобаи киромдан баъзилари қалъа ичига манжаниқ билан тош отишни таклиф қилдилар. Пайғамбаримиз буни маъқул кўриб, даббоба деб аталадиган манжаниқлар ясаттирдилар. Улар билан мушрикларга тош оттириб, қамални давом эттирдилар. Саҳобаи киром жонларини аямай ҳаракат қилар, қалъани тезроқ фатҳ этишга интилардилар. Лекин қалъа жуда мустаҳкам эди, уни олиб бўлмади. Шу орада ўн икки саҳоба шаҳидлик мартабасига эришди. Абу Суфён ибн Ҳарб қаҳрамонларча жанг қилаётганда бир кўзидан айрилди.9

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Абу Суфён! Қайси бирини истайсан? Агар хоҳласанг, дуо қилай, кўзинг ўрнига қайтсин. Агар хоҳласанг, Аллоҳу таоло сенга жаннатда бир кўз берсин», – дедилар. Абу Суфён: «Ё Расулаллоҳ! Менга жаннатда кўз берилишини истайман», – деди ва кафтида турган кўзини ерга ташлади.10 Қамалнинг йигирманчи кунига яқин бир кеча Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тушларида ўзларига ҳадя қилинган бир идиш тўла сариёғни бир хўроз чўқиб, ерга тўкиб юборганини кўрдилар. Буни Тоиф бу йил фатҳ этилмаслигига йўйиб, қамални тўхтатдилар.

Марҳамат дарёси бўлган севимли Пайғамбаримиз бундан 8 йил олдин ўзларига азият берган тоифликлар ҳақида: «Изн берсангиз, мана бу тоғларни уларнинг бошига ағдарай», – деган фариштага: «Мен оламларга раҳмат қилиб юборилганман. Истаган ягона нарсам – Аллоҳу таоло бу мушрикларнинг пуштидан Ҳақ таолога ҳеч нарсани шерик қилмасдан ибодат қиладиган бир авлод чиқаришидир», – деган эдилар. Энди ҳам марҳамат қилиб: «Ё Раббим! Сақифликларга тўғри йўлни кўрсат! Уларни бизга келтир», – деб дуо қилардилар.

Ҳабиби акрам саҳобалари билан Тоифдан кетиб, Зулқаъда ойининг биринчи ҳафтасида Ҳунайнда қўлга киритилган асирлар ва ўлжалар тўпланган Жиъронага келдилар. Олти минг асирдан ташқари, йигирма мингдан ортиқ йирик шохли ва қирқ мингдан ортиқ майда мол ҳамда беҳисоб зийнат буюмлари ўлжа олинган эди. У зот уларни ҳақдор мужоҳидларга тақсимлаб берган эдилар. Ўша пайтда Ҳавозин қабиласидан бир ҳайъат ҳузурга қабул қилинишни илтимос қилаётгани маълум бўлди. Севимли Пайғамбаримиз уларни қабул қилдилар. Ҳайъат Ҳавозин қабиласи бутунлай мусулмон бўлганини билдиргач, Оламлар сарвари жуда хурсанд бўлдилар. Шундан кейин ўзларига тушган асирларни дарҳол озод қилиб, қайтариб бердилар. Саҳобаи киром ҳам севимли Пайғамбаримизга эргашиб, худди шундай қилдилар. Расулуллоҳнинг бир марҳамати бир зумда олти минг асирнинг озодликка чиқишига сабаб бўлди. Бу хабар Тоифдан паноҳ топган Ҳавозин қабиласининг бошлиғи Молик ибн Авфга етказилганда, у ҳам келиб мусулмон бўлди, Пайғамбаримиз эса уни эҳсонларга кўмдилар.11 Энди бу ерда қиладиган иш қолмаган эди. Расулуллоҳ бу ерда ўн уч кун қолгандан кейин бир чоршанба кечаси умра нияти билан эҳромга кирдилар. Коинот султони ҳар доимгидек ғолиб бўлиб, саҳобалари билан Маккага етиб келдилар. Каъбаи муаззамани тавоф қилиб, умраларини адо этдилар. Аттоб ибн Асидни ҳаж амирлигини ҳам зиммасига юклаб, Маккага ноиб қилиб тайинладилар.12

«Ватанни севиш иймондандир» Ҳадиси шариф