МАККА ФАТҲИ
Ҳижратнинг саккизинчи йили эди. Ҳудайбия сулҳномасининг бир моддасида шундай дейилган эди: «Ҳар икки тарафдан ташқарида қолган араб қабилалари хоҳлаган тарафнинг ҳимоясига кира оладилар; улар мусулмонлар билан ҳам, мушриклар билан ҳам бирлашишда эркиндирлар». Шунга кўра, Пайғамбаримизнинг иттифоқдоши бўлган Хузоа қабиласи мусулмонлар тарафида, Бану Бакр қабиласи эса мушриклар тарафида турди. Хузоа қабиласи билан Бану Бакр қадимдан бир-бирига душман бўлиб, фурсат топди дегунча бир-бирига ҳужум қилиб турарди. Ҳудайбия сулҳига кўра улар ҳам бир муддатга ҳужумларини тўхтатган эдилар. Бироқ Бану Бакр бунга фақат икки йил амал қила олди. Бану Бакрдан бир киши севимли Пайғамбаримизни ҳақоратлайдиган бир шеър айтган, буни эшитган Хузоа қабиласидан бир йигит чидай олмай, унинг бошини ёрган эди. Бану Бакр буни баҳона қилиб, шартномага кўра хавфдан омонда бўлган Хузоа қабиласига ҳужум қилди. Бу ҳужумда қурайшлик мушриклар қурол бериб ва яширин одам юбориб ёрдам бердилар. Ҳарами шарифда улар Хузоа қабиласидан йигирмадан ортиқ кишини ўлдирдилар. Тўқнашув пайтида Хузоа қабиласидан баъзи мусулмонлар Пайғамбаримиздан ёрдам сўрадилар. Хузоа қабиласига кечаси қилинган бу босқинларда Бану Бакр орасида қурайшлик мушриклар ҳам борлигини кўрганлар бўлди.
Ўша кечаси Мадинада ҳазрати Маймуна онамизнинг уйида бўлган севимли Пайғамбаримиз намоз ўқиш учун туриб, таҳорат олаётганларида, Аллоҳу таолонинг изни билан мўъжиза сифатида Маккадаги мусулмонларнинг ўзларидан ёрдам сўраётганларини эшитдилар. Уларга жавобан: «Лаббайк! Даъватингизга жавоб бераман!» – дедилар. Маймуна онамиз Пайғамбаримизнинг ёнларида ҳеч ким бўлмагани ҳолда шундай гапираётганларини кўриб: «Ё Расулаллоҳ! Ёнингизда бирор киши борми?» – деб сўради.
Севимли Пайғамбаримиз унга Маккада юз берган ҳодисани ва қурайшликларнинг бу ишга шерик бўлганларини хабар қилдилар.
Қурайш мушриклари Бану Бакрга ёрдам бериб, Хузоа қабиласига босқин қилиш ва уларни ўлдириш билан Ҳудайбия сулҳномасининг моддаларига хилоф иш қилдилар ва шу тариқа сулҳномани буздилар.
Севимли Пайғамбаримиз бу хабарни ўша заҳотиёқ билган эдилар. Бундан ташқари, ҳодисадан уч кун кейин Хузоа қабиласидан Амр ибн Солим ёнида қирқ отлиқ билан келиб, аҳволни Расули акрамга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) айтиб берди. Бироқ ўша пайтда тижорат учун Шомга кетган Қурайш раҳбари Абу Суфённинг бу ҳодисадан хабари йўқ эди. Ҳабибуллоҳ: «Агар Бану Хузоага ёрдам бермасам, менга ҳам ёрдам берилмасин!» – деб, бир мактуб ёздирдилар. Қурайш мушрикларига юборилган бу мактубда севимли Пайғамбаримиз шундай деган эдилар: «…Сизлар ё Бану Бакр билан бўлган иттифоқингиздан воз кечиб, четга чиқасизлар, ёки Бану Хузоадан ўлдирилганларнинг хунбаҳосини тўлайсизлар! Агар бу айтганларимдан бирортасини бажармасангизлар, сизлар билан жанг қилишимни билдираман!…» Қурайшликлар бу марҳаматни ҳам тушуна олмадилар. Улар: «Иттифоқимизни ҳам узмаймиз, хунбаҳони ҳам тўламаймиз! Фақат жанг қила оламиз», – деб хабар юбордилар. Лекин бундай қилганларига минг марта пушаймон бўлиб, қўрққанларидан аҳдномани янгилаши учун Абу Суфённи кута бошладилар.
«(Эй маккалик мусулмонлар!) Лаббайк! Даъватингизга жавоб бераман!» Ҳадиси шариф
Абу Суфён Шомдан қайтгач, ҳодисани унга айтиб беришди ва: «Бу, албатта, тузатилиши лозим бўлган ишдир. Агар тузатилмаса, Муҳаммад бизни Маккадан қувиб чиқаради!» – дейишди. Абу Суфён эса: «Гарчи бу ҳодисадан хабарим бўлмаган бўлса-да, сулҳни янгилаб, муддатини узайтириш учун тезда боришим керак», – деди ва дарҳол Мадинага қараб йўлга чиқди.1 Абу Суфён Мадинага етиб келмасданоқ севимли Пайғамбаримиз унинг келишини саҳобаи киромга билдирдилар ва: «Мен шундай тушунаманки, Абу Суфён сулҳни янгилаб, сулҳ муддатини ҳам узайтириш учун келяпти. Лекин муроди ҳосил бўлмай, қандай келган бўлса, шундай қайтиб кетади!…» – дедилар.
Ҳали мусулмон бўлмаган Абу Суфён Мадинаи мунавварага келди. У қизи – Пайғамбаримизнинг муборак завжаси, мўминларнинг онаси Умму Ҳабибанинг (розияллоҳу анҳо) уйига борди. Севимли Пайғамбаримизнинг тўшаклари устига ўтирмоқчи бўлди. Ҳазрати Умму Ҳабиба онамиз у ўтирмасидан олдин улгуриб, тўшакни йиғиштириб олди. Бундан отаси жуда хафа бўлиб: «Эй қизим! Бу тўшакни мендан қизғанасанми?» – деб ҳайратини билдирганда, Расулуллоҳнинг муҳаббатини ҳамма нарсадан устун тутган мўминларнинг онаси ҳазрати Умму Ҳабиба отасига: «Бу тўшак – Аллоҳу таоло Расулининг тўшагидир. Унга мушриклар ўтира олмайди! Сиз эса мушрик ва нажассиз! Бу тўшакка ўтиришингиз асло муносиб эмас!» – деб жавоб берди.
Отаси: «Эй қизим! Уйимдан кетганингдан бери сенга бир нарса бўлибди!» – деганда, у: «Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу таоло менга Исломни насиб этди. Сиз эса ҳамон эшитмайдиган, кўрмайдиган, тошдан ясалган бутларга сиғиняпсиз! Отажон! Сиздек Қурайшнинг улуғи ва кексаси бўлган киши қандай қилиб Исломдан узоқ қолиши мумкин?…» – деди. Отаси қаттиқ ғазабланиб: «Менга шунча ҳурматсизлик қилиб, мени жоҳилликда айблаяпсан! Демак, мен ота-боболарим йиллар давомида сиғиниб келган нарсаларни ташлаб, Муҳаммаднинг динига киришим керак экан-да?!» – деб, у ердан чиқиб кетди.2
Севимли Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келган Қурайш раҳбари: «Мен Ҳудайбия сулҳномасини янгилаш ва муддатини ҳам узайтириш учун келдим. Қани, орамиздаги бу аҳдномани ёзма равишда янгилайлик!» – деди. Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Биз Ҳудайбия сулҳномасига хилоф бирор иш қилмаймиз ва уни ўзгартирмаймиз!» – дедилар. Қурайш раҳбари қайта-қайта: «Сулҳномани ўзгартирайлик! Янгилайлик!…» – деса ҳам, севимли Пайғамбаримиз унга ҳеч қандай жавоб бермадилар. Қилган барча уринишлари ҳеч қандай фойда бермаганини кўргач, Қурайш раҳбари Маккага қайтиб, аҳволни мушрикларга айтиб берди. Мушриклар: «Демак, ҳеч нарса қила олмай қайтиб келдинг, шундайми?!…» – деб уни койидилар. Энди улар учун кутишдан бошқа қиладиган иш қолмаган эди.
Ким Масжидул Ҳаромдан паноҳ топса
Абу Суфён Мадинадан кетгач, севимли Пайғамбаримиз Маккани фатҳ этишга қарор қилдилар. Чунки қурайшликлар аҳдларида турмай, келишувни бузган эдилар. Лекин у зот бу сирни жуда махфий сақлардилар: мушрикларга тайёргарлик кўриш фурсатини бермай ва Ҳарами шарифда қон тўкмай Маккани таслим олмоқчи эдилар. Бу бир ҳарбий тадбир эди. Чунки Макка фатҳ этилса, ким билсин, яна қанчадан-қанча кишилар мусулмон бўлиш шарафига муяссар бўларди. Бу ҳақда у зот ҳазрати Абу Бакрга ва саҳобаларининг пешқадамларидан бир нечтасигагина билдирдилар. Саҳобаларига сафарга тайёргарлик кўришни буюрдилар, лекин қаерга борилишини айтмадилар. Саҳобаи киром жиҳодга тайёргарлик кўра бошладилар. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз атрофдаги мусулмон қабилалардан Аслам, Ашжаъ, Жуҳайна, Ҳусайн, Ғифор, Музайна, Сулайм, Замра қабилаларига ва Бану Хузоага хабар юбордилар. Хабарда: «Аллоҳу таолога ва охират кунига иймон келтирганлар Рамазони шарифнинг бошида Мадинада бўлсинлар», – дейилган эди. Шу тариқа улар жангга қатнашишга даъват қилинди.
Ҳабибуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эҳтиёт чораси сифатида Маккага борадиган йўлларни тўсиб, у билан алоқани узиш учун ҳазрати Умарга вазифа бердилар. Ҳазрати Умар дарҳол тоғ сўқмоқларига, довонларга ва бошқа йўл бошларига соқчилар қўйиб: «Маккага бормоқчи бўлган ҳар кимни орқага қайтарасизлар!» – деб буйруқ берди.
Бу иш махфий олиб борилиши учун севимли Пайғамбаримиз Аллоҳу таолога шундай дуо қилардилар: «Ё Раббим! Юртларига тўсатдан бориб етгунимизча қурайшликларнинг жосус ва хабарчиларини тутиб тур, уларни кўрмайдиган ва эшитмайдиган қил. Бизни тўсатдан кўриб, эшитсинлар!»
Шимолдаги мушрикларга ёки византияликларга қарши юриш қилинади, деган таассурот уйғотиш учун Пайғамбаримиз ҳазрати Абу Қатодани бир ҳарбий бўлинма билан шимолга, Изом водийси томонга юбордилар. Шу орада севимли Пайғамбаримиз Мадинадаги тайёргарликларни Макка мушрикларига хабар қилиш учун юборилган бир мактуб ҳақида мўъжиза сифатида хабар бердилар. Ҳазрати Алини юбориб, уни қўлга туширдилар.
Рамазон ойининг иккинчи кунигача атрофдаги қабилалардан ёрдам етиб келди ва ҳамма Абу Инаба қудуғи бошидаги қароргоҳда тўпланди. Саҳобаи киромнинг сони ўн икки мингга етди. Улардан тўрт мингтаси ансорлар, етти юзтаси муҳожирлар, қолганлари эса атрофдаги мусулмон қабилалардан эди.3
Севимли Пайғамбаримиз Мадинада ўринбосар қилиб ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирдилар.4 Ҳазрати Зубайр ибн Аввомни икки юз кишилик отлиқ бўлинма бошида айғоқчи гуруҳ сифатида олдинга юбордилар. Ҳижратнинг саккизинчи йили, Рамазони шарифнинг ўнинчи куни, чоршанба куни Оламлар сарвари кўнгиллари Аллоҳу таоло ва Унинг Расулининг муҳаббати билан тўла ўн икки минг кишилик улкан қўшинлари бошида Аллоҳу таолонинг исми билан Мадинадан йўлга чиқдилар. Улар бундан саккиз йил олдин қийноқ ва зулм билан ҳижрат қилишга мажбур қилинган юртларига – Маккага бормоқда эдилар. Бутхонага айлантирилган муаззам Каъбани бутлардан тозалашга бормоқда эдилар…
Ўжарликларидан ҳеч воз кечишни истамаган мушрикларга ҳақ, адолат ва марҳамат кўрсатишга бормоқда эдилар… Аллоҳу таолонинг динини ёйишга, у ердагиларнинг абадий жаҳаннам азобидан қутулишларига восита бўлишга бормоқда эдилар. Ё Раббим! Бу қандай улуғ марҳамат эди!… Ислом қўшини Зулҳулайфага етиб келганда, Пайғамбаримизнинг Маккадан оиласи билан ҳижрат қилиб келаётган амакилари ҳазрати Аббос билан учрашди. Севимли Пайғамбаримиз амакиларининг келганидан жуда хурсанд бўлдилар ва: «Эй Аббос! Мен пайғамбарларнинг охиргиси бўлганимдек, сиз ҳам муҳожирларнинг охиргисисиз», – деб, унинг кўнглини кўтардилар. Ҳазрати Аббоснинг юкларини Мадинага жўнатдилар. Ҳазрати Аббос Пайғамбаримизнинг ёнларида қолиб, Макка фатҳида қатнашди.5 Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Макка яқинидаги Қудайдга келганларида, шонли саҳобаларини жанг тартибига солдилар. Ҳар бир қабилага алоҳида байроқлар бериб, уларни ҳар бир қабиланинг байроқдорига топширдилар. Муҳожирларнинг байроғини ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом ва Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳум) кўтариб борардилар. Ансорларнинг ўн иккита байроқдори, Ашжаъ ва Сулайм қабилаларининг биттадан, Музайна қабиласининг учта, Аслам қабиласининг иккита, Бану Хузоанинг учта, Жуҳайна қабиласининг тўртта байроқдори бор эди.6 Мадинадан чиққанларига ўн кун бўлган эди. Кечга томон Маккага анча яқинлашилди, хуфтон вақтида эса Марруз Заҳронга етиб келинди. Пайғамбаримиз саҳобаларига шу ерда тўхташни буюрдилар. Бундан ташқари, ҳазрати Умарга вазифа бериб, ҳар бир мужоҳидга гулхан ёқишни амр қилдилар.7 Бирданига ўн мингдан ортиқ гулхан ёнгач, Макка ёруғликка чўмди. Ҳеч нарсадан хабари бўлмаган маккалик мушриклар саросимага тушиб қолдилар. Нима бўлаётганини билиш учун Абу Суфённи юбордилар. У ёнига бир неча кишини олиб, яшириниб-яшириниб Ислом қўшинига яқинлашди. Шу пайт севимли Пайғамбаримиз саҳобаларидан баъзиларига: «Абу Суфёнга кўз-қулоқ бўлинглар. Уни албатта топасизлар!» – дедилар. Қурайшликлар олға юрган сари ҳайратлари ортиб, даҳшатга тушардилар. Макка атрофида шунча кўп аскар тўпланибди, шунча кўп гулхан ёқилибди-я!… Улар шуларни гаплаша-гаплаша Арок деган жойга етиб келдилар.
«Ё Раббим! Юртларига тўсатдан бориб етгунимизча қурайшликларнинг жосус ва хабарчиларини тутиб тур, уларни кўрмайдиган ва эшитмайдиган қил. Бизни тўсатдан кўриб, эшитсинлар!» Ҳадиси шариф
Худди шу пайт Пайғамбаримиз: «Абу Суфён ҳозир Арокда», – дедилар. Шунда ҳазрати Аббос ўзига ўзи: «У ерда албатта бирор кишини топиб, Маккага юборай, у Ислом қўшини устларига келаётганини уларга хабар қилсин, маккаликлар ҳам жанг бошланмасдан олдин Расул алайҳиссалом ҳузурларига келиб, омонлик сўрасинлар», – деди ва дарҳол Арок томон йўл олди. Бунинг учун у ерда бирор кишини қидираётганда, Абу Суфённи овозидан таниди ва: «Ё Абу Ҳанзала!» – деб чақирди. Абу Суфён ҳам уни таниб: «Эй Абул Фазл! Сенмисан! Ота-онам сенга фидо бўлсин!» – деди. Сўнгра улар бирга Ислом қароргоҳи томон йўл олдилар…
Йўлда Абу Суфён ҳазрати Аббосдан: «Хабарлар қандай?» – деб сўради. У эса: «Эй Абу Суфён! Сенга ҳайф! Расул алайҳиссалом сизлар қаршилик кўрсата олмайдиган бир қўшин билан устингизга келмоқдалар. Қасамки, қурайшликларнинг ҳоли ёмон бўлади. Бошларига тушадиган кулфатларга вой!» – деди. Абу Суфён ва ёнидагилар катта умид билан мужоҳидлар орасидан ўтиб, севимли Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузури шарифларига келдилар. Коинот султони уларни яхши кутиб олдилар. Маккаликлар ҳақида маълумот олдилар. Кеч киргунча суҳбатлашгандан кейин уларни Исломга даъват қилдилар. Ҳаким ибн Ҳизом билан Будайл дарҳол калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдилар (розияллоҳу анҳумо). Бироқ Абу Суфённинг иккиланиши давом этарди. Тонг отгач, марҳамат дарёси севимли Пайғамбаримиз: «Эй Абу Суфён! Сенга ҳайф! Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқлигини билиш вақти ҳали келмадими?» – дедилар. У эса: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Мулойимликда, шарафда ва қариндошлик ҳақига риоя қилишда сиздан афзали йўқ. Сизга қилган шунча жафоларимиздан кейин ҳам сиз бизни ҳамон ҳидоят йўлига даъват қиляпсиз. Нақадар гўзал карам соҳибисиз! Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ишондим… Агар бўлганида, менга бирор фойдаси тегарди. Сиз Аллоҳнинг Расулисиз», – деб, саҳобаи киромдан бўлиш шарафига муяссар бўлди, розияллоҳу анҳу.8
Ҳазрати Аббос: «Ё Расулаллоҳ! Абу Суфёнга маккаликлар олдида обрў қозондирадиган бирор нарса эҳсон қилмайсизми?» – деди. Пайғамбаримиз буни қабул қилиб: «Ким Абу Суфённинг уйига кириб паноҳ топса, унга омонлик берилди, у ўлдирилишдан қутулади», – дедилар. Ҳазрати Абу Суфён: «Ё Расулаллоҳ! Буни яна бир оз кенгайтирмайсизми?» – деб илтимос қилганда, севимли Пайғамбаримиз: «Ким Масжидул Ҳаромга кириб паноҳ топса, унга омонлик берилди! Ким эшигини ёпиб, уйида ўтирса, унга омонлик берилди», – дедилар. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Суфён Ислом қўшинининг ҳайбати ва кўплигини кўриб, буни маккалик мушрикларга айтиб бериши учун ҳазрати Аббосга: «Уни водий торайиб, отлар сиқилиб-сиқилиб ўтадиган тоғ дарасига олиб бор. Мусулмонларнинг – Аллоҳу таоло қўшинининг ҳашаматини кўрсин», – дедилар.
Абу Суфён буни кўриши керак эди – гувоҳ бўлган манзарасини мушрикларга айтиб берсин ва қарши чиқадиган киши бўлмасин… Шу тариқа Ҳарами шарифда қон тўкилмасин… Ҳазрати Аббос Абу Суфён билан тоғ дарасига бораётганда, мужоҳидлар жанг тартибига кирдилар. Ҳар бир қабила байроқларини ҳилпиратиб, дарадан ўта бошлади. Ҳар бирининг эгнида совут, қўлида қурол бор эди. Ҳар бир гуруҳ ўтаётганда такбир айтарди. Ҳазрати Абу Суфён: «Булар кимлар?» – деб сўрар, ҳазрати Аббос эса: «Булар – Бану Сулайм! Қўмондонлари – Холид ибн Валид!», «Булар – Бану Ғифор!», «Булар – Бану Каъб!…» – деб жавоб берарди. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» садолари еру кўкни тутар, мужоҳидларнинг кўплиги ва қуролларнинг ялтираши кўзларни қамаштирарди. Ҳазрати Абу Суфённи энг кўп қизиқтиргани Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) эдилар. У зотнинг атрофидаги аскарларнинг ўтишини жуда қизиқиб кутар, улар бошқалардан фарқли бўлса керак, деб ўйларди. Шу сабабли тез-тез: «Булар Расулуллоҳнинг бўлинмасими?» – деб сўрашдан ўзини тия олмасди… Ниҳоят, пайғамбарлар султони, Оламлар сарвари қуёшдек нур сочиб, Қасво туялари устида кўриндилар. Атрофларида муҳожирлар ва ансорлар бор эди. Уларнинг ҳар бири бошдан-оёқ Довудий совутларга бурканган, ҳинд қиличларини таққан, зотли отлар ва туяларга минган ҳолда келмоқда эди.
Уларни кўргач, ҳазрати Абу Суфён қизиқиб: «Булар кимлар, эй Аббос?» – деб сўради. У эса: «Ўртадаги зот – Расул алайҳиссалом. Атрофларидагилар эса шаҳид бўлиш ишқида ёнаётган ансорлар ва муҳожирлардир!…» – деди. Уларнинг ёнидан ўтаётганларида севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазрати Абу Суфёнга: «Бугун – Аллоҳу таоло Каъбанинг шонини юксалтирадиган кун. Бугун – Байтуллоҳга ёпинчиқ ёпиладиган кун! Бугун – марҳамат куни… Бугун – Аллоҳу таоло қурайшликларни (Ислом билан) азиз қиладиган кун», – дедилар.
Ҳазрати Абу Суфён кўрадиганини кўрган, эшитадиганини эшитган эди. У: «Мен Византия императорининг ҳам, Эрон шоҳининг ҳам салтанатини кўрдим. Лекин бундай ҳашаматлисини кўрмаганман. Ҳеч қачон бугунгидек қўшин ва жамоатга дуч келмаганман. Бундай қўшинга ҳеч ким қаршилик кўрсата олмайди. Уларга ҳеч кимнинг кучи етмайди», – деб, Макка йўлини тутди…
«Ким Абу Суфённинг уйига кириб паноҳ топса, унга омонлик берилди, у ўлдирилишдан қутулади… Ким Масжидул Ҳаромга кириб паноҳ топса, унга омонлик берилди! Ким эшигини ёпиб, уйида ўтирса, унга омонлик берилди» Ҳадиси шариф
Абу Суфён Маккага қайтиб, уни сабрсизлик билан кутаётган мушрикларга мусулмон бўлганини эълон қилди. Сўнгра у: «Эй Қурайш жамоати! Муҳаммад алайҳиссалом сизлар бас кела олмайдиган улкан қўшин билан ёнгинангизга келиб турибдилар. Бекорга ўзингизни алдаманглар. Қутулиш учун мусулмон бўлинглар. Мен сизлар кўрмаганларни кўрдим. Сон-саноқсиз баҳодирларни, отларни ва қуролларни кўрдим. Уларга ҳеч кимнинг кучи етмайди. Ким Абу Суфённинг уйига кирса, унга омонлик берилди, у ўлдирилишдан қутулди. Ким Байтуллоҳдан паноҳ топса, унга омонлик берилди. Ким уйига кириб, эшигини ёпса, унга ҳам омонлик берилди», – деди.9
Шундан кейин мушрикларнинг энг ашаддийларидан баъзилари ҳазрати Абу Суфёнга қарши чиқиб, уни ҳақорат қилдилар. Ҳатто Ислом қўшинига қарши чиқиш учун шошилинч тайёргарлик кўра бошладилар. Лекин уларнинг сони жуда оз эди. Бошқалари уларга эътибор бермай, уйларига югурдилар. Бир қисми эса Масжидул Ҳаромдан паноҳ топди.
Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва шонли саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Зу Туво водийсига келиб тўпландилар. Оламлар сарвари муборак кўзлари билан саҳобаи киромга бир назар ташлагач, хотираларига саккиз йил олдин Маккадан айрилишлари, ҳижратлари келди. Ўшанда мушрикларнинг саодатхоналари атрофини ўраб олганлари, Ёсини шарифдан ояти карималар ўқиб чиққанлари, ҳазрати Абу Бакр билан ҳеч кимга кўринмай Савр ғорига кирганлари, Макка ҳудудидан чиқмасдан олдин унга сўнгги бор қараб шундай деганлари эсларига тушди:
«(Эй Макка!) Валлоҳи, биламанки, сен Аллоҳу таоло яратган жойларнинг энг хайрлисисан. Раббимнинг наздида ҳам, менинг наздимда ҳам уларнинг энг севимлисисан. Агар мени сендан мажбуран чиқаришмаганида, сендан ҳеч қачон чиқмас, айрилмас эдим». Бу маҳзунликлари қаршисида Жаброил алайҳиссалом Қасас сурасининг 85-ояти каримасини ўқиб, муборак кўнгилларига тасалли бергани ва Маккаи мукаррамага қайтишлари ҳақида хушхабар бергани, бир ҳовуч саҳобалари билан Бадрда, Уҳудда, Хандақда, Хайбарда ва Мутада душманлар устидан қандай ғалаба қилганлари ҳам эсларига тушди. Энди ўн икки минг саҳобалари шам атрофидаги парвоналардек у зотнинг атрофида айланиб, Маккага кириш учун бир буйруқларини кутмоқда эдилар. Сарвари олам буларнинг барчасини эҳсон этган Аллоҳу таолога энг чуқур миннатдорлик ва шукр туйғулари билан тўлиб, ҳамд айтдилар. Тавозеъ билан муборак бошларини эгдилар. Фахри коинот қаҳрамон саҳобаларини тўрт гуруҳга бўлдилар. Ўнг қанот қўмондонлигига ҳазрати Холид ибн Валидни, чап қанот қўмондонлигига ҳазрати Зубайр ибн Аввомни, пиёдалар бошига ҳазрати Абу Убайда ибн Жарроҳни, қолган гуруҳ бошига эса ҳазрати Саъд ибн Убодани тайинладилар. Ҳазрати Холид Маккага жанубдан кириши, мушриклардан ким қарши чиқса, жазосини бериши ва Сафо тепалигида Фахри коинотга қўшилиши лозим эди. Ҳазрати Зубайр Маккага шимолдан кириши, Ҳажун деган жойда байроғини тикиб, Сарвари оламни кутиши лозим эди. Ғарбдан эса ҳазрати Саъд ибн Убода олға юриши керак эди.10
«Бугун – Аллоҳу таоло Каъбанинг шонини юксалтирадиган кун. Бугун – Байтуллоҳга ёпинчиқ ёпиладиган кун! Бугун – марҳамат куни… Бугун – Аллоҳу таоло қурайшликларни (Ислом билан) азиз қиладиган кун» Ҳадиси шариф
Расули акрам қўмондонларга: «Сизларга ҳужум қилинмагунча, асло ҳеч ким билан жангга кирмайсизлар. Ҳеч кимни ўлдирмайсизлар», – дедилар. Фақат исмлари айтилганлардан ким қўлга тушса, ҳатто Каъбанинг ёпинчиғи остига яширинган бўлса ҳам, боши танасидан жудо қилиниши лозим эди.11
Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди
Икрима ибн Абу Жаҳл, Сафвон ибн Умайя ва Суҳайл ибн Амр Бану Бакр ва Бану Ҳорисдан бир қисм кишилар билан бирга Холид ибн Валиднинг келаётганини эшитгач, йўл бошини тўсиб кута бошладилар. Мужоҳидлардан энг аввал ҳаракатга тушган ҳазрати Холид ибн Валид бўлди. Макканинг жанубидан Ҳандама тоғи этакларига етиб келганларида, у ашаддий Қурайш мушриклари уларга ўқ ёғдираётганини кўрди. Икки мужоҳид шаҳид бўлди: бири – Курз ибн Жобир, иккинчиси – Ҳабаш ибн Ашъар. Ҳазрати Холид жанг тартибидаги аскарларига: «Фақат енгилиб қочганлар ўлдирилмайди», – деб буйруқ бергач, улар олға отилдилар. Бир зумда мушрикларни ортга улоқтириб, Масжидул Ҳаромгача илгарилаб бордилар. Тўқнашув пайтида етмиш мушрик ўлдирилди.12 Мушрикларнинг бир қисми тоғ чўққиларига, бир қисми уйларига қочди.
Маккаи мукаррама фатҳи
Муқаддас Маккага бошқа томонлардан кирган шонли саҳобалар ҳеч қандай қаршиликка дуч келмадилар. Ўлдирилиши буюрилганлардан бештаси қўлга олиниб, жазолари дарҳол берилди. Бошқалари Маккадан қочиб кетдилар. Рамазон ойининг йигирманчи куни, пайшанба куни мужоҳидлар катта ҳаяжон билан, тўлқин-тўлқин бўлиб, «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» такбирлари остида Маккага кириб бормоқда эдилар. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қасво туялари устида, орқаларида Усома ибн Зайд мингашиб ўтирган ҳолда, катта тавозеъ билан туғилган шаҳарлари – муқаддас Маккага кириб бормоқда эдилар. У зот ўзларига бу кунларни кўрсатган Аллоҳу таолога ҳамд айтар ва Макка фатҳи ҳақида хушхабар берган Фатҳ сурасини тиловат қилардилар.
Фахри коинот катта шодлик ичида ғолиб саҳобалари орасида Каъбаи муаззама томон юзландилар. Ўнг томонларида ҳазрати Абу Бакр, чап томонларида ҳазрати Усайд ибн Ҳузайр бўлган ҳолда Каъбаи муаззамага яқинлашдилар. Ҳажарул асвадни зиёрат қилгандан кейин талбия ва такбир айтдилар. Саҳобалар у зотга эргашдилар ва «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» садоларидан Маккаи мукаррама осмони янграй бошлади. Бу улуғвор манзара қаршисида мусулмонлар шодлик ёшларини тўкар, Ҳарами шарифдан паноҳ топган, уйларига беркиниб олган мушриклар эса қўрқув ичида кутиб турардилар.
Сўнгра Оламлар сарвари ва шонли саҳобалари тавоф қила бошладилар. Еттинчи айланишни ҳам тугатгач, туяларидан тушган севимли Пайғамбаримиз Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра ҳазрати Аббос қудуқдан чиқарган Замзамдан ичдилар. Замзам суви билан таҳорат олишни истадилар. Фахри коинот таҳорат олаётганларида, саҳобаи киром севимли Пайғамбаримизнинг муборак баданларига теккан таҳорат сувини ерга туширмай, ҳавода илиб олиш учун талаша бошладилар. Бу ҳолни кўрган мушриклар: «Биз ҳаётимизда бундай ҳукмдорни на кўрганмиз, на эшитганмиз», – деб ҳайратга тушдилар. Сарвари олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Каъба атрофидаги тош ва ёғочдан ясалган барча бутларнинг йиқитилишини истадилар. У зот ояти каримани ўқидилар, унинг маъноси: «Ҳақ келганда ботил йўқолади, ботил ҳамиша йўқолгувчидир»13. Сўнгра муборак қўлларидаги асони бутларга қаратиб узатдилар. Асо теккан ҳар бир бут бирин-кетин юзтубан қулади. Уч юз олтмишта бут ер билан яксон қилинди.14 Пешин вақти киргач, Расули акрам ҳазрати Билолга Каъбада Муҳаммадий азонни ўқишни буюрдилар. У дарҳол бу муқаддас вазифани адо этди. Азон ўқилаётганда мўминларнинг қалбида чексиз сурур пайдо бўлар, мушриклар эса беҳад алам ва қайғудан эзилардилар.15
Севимли Пайғамбаримиз Каъбанинг калитини сўрадилар. Келтиришди. Ичкаридаги расмларни ва йиқитилган барча бутларни тозалатгач, Каъбага кирдилар.
У зот билан бирга ҳазрати Усома ибн Зайд, ҳазрати Билол ва ҳазрати Усмон ибн Талҳа бор эди. Ичкарида Пайғамбаримиз эшикни орқаларига олиб, икки ракат намоз ўқидилар. Ҳар бир бурчакда такбир айтиб, дуо қилдилар. Ҳазрати Холид ибн Валид эшик олдида туриб, одамларнинг у ерга тўпланиб қолишига йўл қўймасликка ҳаракат қиларди.
«Ҳақ келганда ботил йўқолади, ботил ҳамиша йўқолгувчидир» Исро: 81
Коинот султони икки муборак қўллари билан Каъба эшигининг икки табақасидан ушлаб турардилар. Барча қурайшликлар Масжидул Ҳаромни тўлдириб, қўрқув аралаш умид билан севимли Пайғамбаримизга қараб турардилар. Чунки улар Пайғамбаримизни ҳақорат қилган, урмоқчи бўлган, жонларига қасд қилган эдилар!… Саҳобаларига турли қийноқларни раво кўрган эдилар. Бўйинларига арқон боғлаб судраган эдилар. Оловга ташлаб, ёқмоқчи бўлган эдилар. Қизиган харсангларни кўкракларига қўйиб, ҳушларидан кетгунча азоблаган эдилар. Оловда қиздирилган сихларни баданларига санчган эдилар. Уч йил давомида оч-сувсиз бир маҳаллага қамаб, ҳамма нарсадан маҳрум қилган эдилар. Оёқларидан туяларга боғлаб, ҳар томонга тортиш билан парчалаб ташлаган эдилар. Энг ёмони, уларни юртларидан чиқариб юборган эдилар. Бу ҳам етмагандек, уларни бутунлай йўқ қилиш учун неча марта жанг қилган эдилар. Лекин буларнинг барчасига қарамай, улар умидвор эдилар. Чунки уларнинг қаршисида оламларга раҳмат қилиб юборилган марҳамат дарёси турарди. Севимли Пайғамбаримиз бир муддат уларга қараб тургач: «Эй Қурайш жамоати! Энди мен сизларга нима қиламан, деб ўйлайсизлар?» – дедилар. Улар: «Биз сиздан яхшилик кутамиз, яхшилик умид қиламиз. Чунки сиз карамли биродарсиз. Карам ва яхшилик соҳиби бўлган биродаримизнинг ўғлисиз. Бизнинг устимиздан ғолиб келдингиз. Сиздан яхшилик умид қиламиз», – дейишди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга табассум қилдилар ва: «Менинг ҳолим билан сизларнинг ҳолингиз Юсуф алайҳиссалом биродарларига айтганларидек бўлади. Мен ҳам у зот каби айтаман: „Бугун мен сизлардан қилган ишларингиз учун ҳисоб сўрамайман (хатоларингизни юзингизга солмайман). Аллоҳу таоло сизларни мағфират қилсин“.16 Боринглар. Сизлар озодсизлар, эркинсизлар», – дедилар.
Бу улуғ марҳамат қаттиқ қалбларни юмшатди, нафратни муҳаббатга айлантирди. Оламлар сарвари уларни Исломга даъват қилганларида, улар мусулмон бўлиш учун тўпландилар.
Севимли Пайғамбаримиз Қурайшга пайғамбарликларини билдириб, уларни илк бор Исломга даъват қилган Сафо тепалигига чиқдилар. Яна ўша ерда каттаю кичик, аёлу эркак – барча маккаликларнинг байъатини қабул қилдилар. Шу тариқа қурайшликлар мусулмон бўлиб, саҳобаи киром сафига қўшилиш шарафига муяссар бўлдилар. Эркаклар билан аҳдлашгандан кейин аёллардан ҳам баъзи масалаларда сўз олинди.17 Аллоҳу таолога ширк келтирмаслик, Пайғамбаримизга исён қилмаслик, ўғрилик қилмаслик, иффат ва номусни сақлаш, буҳтон (туҳмат) қилмаслик, қиз болаларни ўлдирмаслик шулар жумласидан эди. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларида бўлган аёллар буларнинг ҳаммасини қабул қилдилар ва фақат сўз билан аҳд бердилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уларга хайрли дуо қилиб, уларнинг афв этилишини сўрадилар.
Абу Суфённинг хотини ва Муовиянинг (розияллоҳу анҳумо) онаси бўлган Ҳинд (розияллоҳу анҳо) ҳам улар орасида, ҳатто уларнинг бошлиғи эди. Бу аёлларнинг байъатида аёллар номидан у гапирди. (Бу аҳди ва бу истиғфор дуосига муяссар бўлгани туфайли унинг нажот топиши жуда умид қилинади. Мусулмон аёллардан ҳар қайсиси бу шартларни қабул қилиб, уларга амал қилса, бу аҳдга кирган ҳисобланади ва бу дуодан баҳраманд бўлади.) Мусулмон бўлган ҳар бир киши уйидаги барча бутларни синдирди. Атрофдаги қабилаларга ҳарбий бўлинмалар юборилиб, у ердаги бутлар ҳам ер билан яксон қилинди. Шу тариқа ҳақнинг келиши билан ботилнинг илдизи қуритилди.
Ҳукм қилинганлар
Исломнинг илк кунларидан ҳижратнинг саккизинчи йилигача турли жиноятлари учун ўлимга ҳукм қилинганлар бор эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) уларнинг (эркаклардан ўн бир, аёллардан олти кишининг) исмларини айтиб: «Бу кишиларни қаерда кўрсангизлар, ўша ерда ўлдиринглар», – деб буюрдилар. Ҳукм қилинган эркаклар қуйидагилар эди: Икрима ибн Абу Жаҳл, Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабаший, Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳ, Ҳаббор ибн Асвад, Сафвон ибн Умайя, Каъб ибн Зуҳайр, Абдуллоҳ ибн Забарий, Абдулуззо ибн Хатал, Ҳувайрис ибн Муоз, Мақис ибн Субоба ва Ҳорис ибн Тула. Аёллар эса: Ҳинд бинт Утба, Қарита, Қарите, Ибн Ҳанзаланинг яна бир жорияси, Бану Абдулмутталиб жорияси Сора ва Умму Саъд эди.
Марҳаматга эришганлар
Ҳинд бинт Утба: мусулмон бўлган аёллар орасида ўлдириладиган кишилар рўйхатида исми бўлган ҳазрати Абу Суфённинг хотини Ҳинд ҳам бор эди. Лекин оламларга раҳмат бўлган севимли Пайғамбаримиз уни ҳам кечирдилар. У мусулмонларга азият ва жафо етказарди. Ҳазрати Ҳамзага ва бошқа Уҳуд шаҳидларига қилинган азиятлар унинг гапи билан қилинган эди. Макка фатҳи куни Фахри олам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳазратлари Сафо тепалигига чиқиб ўтирдилар. Ҳазрати Умарул Форуқ у зотдан пастроқда ўтирди. Аввал эркаклар, сўнгра аёллар келиб, бирма-бир мусулмон бўлдилар. Аёллар орасида ҳазрати Алининг опаси Умму Ҳоний ва ҳазрати Муовиянинг онаси Ҳинд ҳам бор эди. У Расулуллоҳга байъат қилди. Аёллар номидан Расулуллоҳ билан аҳдлашди. Хайрли дуога сазовор бўлди.
Икрима ибн Абу Жаҳл: у Абу Жаҳлнинг ўғли эди. Марҳаматга эришган эркаклар орасида у ҳам бор эди. Фатҳ куни у бир саҳобани шаҳид қилиб, Яманга қочди. Бу хабар Расулуллоҳга етганда, у зот табассум қилдилар. Саҳобалар бунинг сабабини сўраганда: «Икрима ва у шаҳид қилган киши қўл ушлашиб жаннатда юрадилар», – дедилар. Унинг хотини Умму Ҳаким бинт Ҳорис ибн Ҳишом аёлларнинг байъатида мусулмон бўлган ва Расулуллоҳдан Икрима учун омонлик сўраган эди. У Умму Ҳаким билан Маккага қайтди. Расулуллоҳнинг ҳузурларига бориб, кечирим сўради. Расулуллоҳ ҳам қўлларини очиб, унинг учун мағфират сўрадилар. Икрима (розияллоҳу анҳу) иймонга келгандан кейин катта ғайрат ва ҳаракат кўрсатди. У саҳобаи киромнинг қаҳрамонларидан бўлди. Уммонда, Яманда жиҳод қилиб, Ярмук жангида шаҳид бўлди.
Ваҳший ибн Ҳарб Ҳабаший: у Уҳуд жангида ҳазрати Ҳамзани (розияллоҳу анҳу) шаҳид қилган эди. Мусулмонлар уни ўлдиришни жуда истардилар. Уҳудда Расулуллоҳ бир неча кофирни дуоибад қилган эдилар. У зотдан: «Нега Ваҳшийни лаънатламайсиз?» – деб сўрашганда: «Меърож кечаси Ҳамза билан Ваҳшийнинг қўлтиқлашиб, бирга жаннатга кираётганларини кўрган эдим», – дедилар. Макка фатҳи куни Ваҳший қочиб кетди. Пушаймон бўлиб, тоифликлар билан бирга Мадинага, масжидга келиб салом берди. Расулуллоҳ унинг саломига алик олдилар. У иймон келтирди. Афвга эришди. Лекин унга Ямома томонга кетиш буюрилди. У Расулуллоҳ олдида жуда хижолат бўлиб, бошини эгиб яшади. Мадинага бошқа келмади. Иймон келтиргач, пок-покиза бўлди. Барча авлиёлардан юксак бўлди.
«Менинг ҳолим билан сизларнинг ҳолингиз Юсуф алайҳиссалом биродарларига айтганларидек бўлади. Мен ҳам у зот каби айтаман: „Бугун мен сизлардан қилган ишларингиз учун ҳисоб сўрамайман (хатоларингизни юзингизга солмайман). Аллоҳу таоло сизларни мағфират қилсин“ (Юсуф сураси: 92). Боринглар. Сизлар озодсизлар, эркинсизлар» Ҳадиси шариф
Ҳижратнинг ўн биринчи йилида Ямомада муртадлар билан жуда шиддатли жанг бўлди. Мусайлама қўшинидан йигирма минг, Холид ибн Валид қўшинидан икки минг киши ҳалок бўлди. Аввалига мусулмонлар чекина бошлади. Сўнгра ҳазрати Ваҳший қаҳрамонларча ҳужум қилиб, ҳазрати Ҳамзани шаҳид қилган найзаси билан Мусайламатул Каззобни ўлдирди.18 Буни кўрган мусулмонлар ҳужумга ташланиб, ғалабага эришдилар. Расулуллоҳнинг бир вақтлар Ваҳшийни Ямома томонга юборганлари буюк мўъжиза экани шу тариқа маълум бўлди. У ҳижрий ўн иккинчи йилда бўлган Ярмук жангида ҳам қатнашиб, византияликларга қарши кўп қаҳрамонликлар кўрсатди. Ҳимсга кўчиб ўрнашди ва ҳазрати Усмон замонида ўша ерда вафот этди.
Қабул этарди айбдорлар узрини афву лутфи ила,
Улуғ хулқли, шафқатли, меҳрибон эди ул карам кони.
Бойликни севмай, фақирликни севарди, фахр этарди ҳам,
Мискинларни ўзига биродар этди ул карам кони.
Кийимига ямоқ солиб, оёғига кавуш кийиб,
Бориб ҳар бир беморга дармон бўларди ул карам кони.
Аҳли байтининг хизматин ўзи хуш адо этарди,
Барча мушкулларни осон қиларди ул карам кони.
Арпа нону ясмиқ шўрваси учун бўлса ҳам агар
Даъват этилса, меҳмон бўларди ул карам кони.
Гоҳ туя, гоҳ от, гоҳ хачир, гоҳо эшакка минарди,
Гоҳо ялангоёқ юрарди ул султон, ул карам кони.
