Севимли Пайғамбарим

МУТА ЖАНГИ

Ҳижратнинг саккизинчи йилида оламларга раҳмат бўлган Сарвари коинот (алайҳи афзалус салавот) Исломнинг ёйилиши учун яна турли қабилаларга, давлатларга элчилар юбордилар. Уларнинг баъзиларидан ижобий натижалар келди, лекин Бусро ноибига юборилган ҳазрати Ҳорис ибн Умайрни Шомнинг Балқо ноҳиясидаги Мута қишлоғида насроний аскарлар ҳибсга олдилар. Ҳазрати Ҳорис Шом ноиби Шураҳбил ибн Амрнинг олдига олиб борилди ва, элчи бўлишига қарамай, пасткашларча ўлдирилди – у шаҳид бўлди.1

Бу хабардан севимли Пайғамбаримиз жуда хафа бўлдилар ва дарҳол қаҳрамон саҳобаларига йиғилишни буюрдилар. Бу амрни олган саҳобалар бола-чақалари билан рози-ризолик тилашиб, шошилиб Журф қароргоҳига тўпландилар. Ҳабиби акрам пешин намозига имомлик қилгач, шундай дедилар: «Жиҳодга чиқадиган бу кишиларга Зайд ибн Ҳорисани қўмондон қилиб тайинладим! Зайд ибн Ҳориса шаҳид бўлса, унинг ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб ўтсин. Жаъфар ибн Абу Толиб шаҳид бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ўтсин. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ҳам шаҳид бўлса, мусулмонлар ўз ораларидан муносиб бир кишини сайласинлар ва уни ўзларига қўмондон қилсинлар!»

Шундан сўнг саҳобаи киром номлари саналган қаҳрамонларнинг шаҳид бўлишларини англаб, йиғлай бошладилар: «Ё Расулаллоҳ! Қани энди, тирик қолсалар-у, улардан фойдалансак!…» Пайғамбаримиз уларга жавоб бермай, сукут қилдилар.2 Буни ўша ерда бўлган ҳазрати Зайд, Жаъфар ва Абдуллоҳ ҳам эшитдилар ва катта севинчга ғарқ бўлдилар. Чунки уларнинг энг катта мақсади Аллоҳу таолонинг динини ёйиш йўлида шаҳид бўлиш эди. Энди хушхабар берилган эди ва улар уни ўз қулоқлари билан эшитдилар. Мужоҳидлар тайёргарликларини тугатиб, қўмондонларини кутмоқда эдилар. Севимли Пайғамбаримиз оқ Ислом байроғини ҳазрати Зайд ибн Ҳорисага топширдилар. Унга Ҳорис ибн Умайр шаҳид қилинган жойгача боришни ва у ерда Исломни таблиғ қилишни буюрдилар. Қабул қилмасалар, душман билан жанг қилишни буюрдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа ёнидаги қўмондон ҳамроҳлари билан бирга хайрлашаётганда йиғлади. Ундан: «Эй Равоҳанинг ўғли! Нега йиғлаяпсан?» – деб сўрашди. Шоир Абдуллоҳ ибн Равоҳа шундай деди:

Йиғлашимнинг сабаби
дунё муҳаббати эмас,
Валлоҳи, сизларни
соғинишим ҳам эмас.
Асл сабаби шуки,
Қуръони каримида
Раббимиз бир оятда
шундай марҳамат қилади:
«Аниқ билингларки,
сизларнинг орангизда
жаҳаннамдан ўтмайдиган
бирор киши йўқдир…»
Бу оятни эшитдим
Расулуллоҳ ўқиганларида,
Жаҳаннамга дуч келсам,
қандай сабр қиламан!

Ҳамроҳлари у учун дуо қилдилар: «Аллоҳу таоло сени Ўзининг севимли бандалари жамоасига қўшсин, сен солиҳлардан бўл!» Шундан сўнг ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа шундай деди: «Лекин мен Аллоҳу таолодан мағфират қилинишимни истайман. Яна қонни фаввора қилиб кўпиртирадиган бир қилич зарбаси ёки жигар ва ичакларимни ўртаб юборадиган бир найза санчилиши билан шаҳид бўлишни истайман!…» Қўшин йўлга чиқишга тайёрланаётган пайтда ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа Пайғамбаримизнинг олдиларига келиб, хайрлашгач: «Ё Расулаллоҳ! Менга ёд оладиган ва ҳеч эсимдан чиқармайдиган бир нарсани тавсия қилмайсизми?» – деб сўради. Пайғамбаримиз унга: «Сен эртага Аллоҳу таолога жуда кам сажда қилинадиган бир юртга борасан. У ерда саждаларни, намозларни кўпайтир», – дедилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа: «Ё Расулаллоҳ! Менга насиҳатингизни кўпайтирмайсизми?» – деганда, севимли Пайғамбаримиз: «Аллоҳу таолони доим зикр қил. Чунки Аллоҳу таолони зикр қилиш умид қилган нарсангга эришишингда сенга ёрдамчи бўлади», – дедилар.

Уч минг кишилик Ислом қўшини «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» садолари остида йўлга тушди. Севимли Пайғамбаримиз ва Мадинада қолган саҳобалар мужоҳид ғозийларни Видо тепалигигача кузатиб бордилар. Бу ерда Оламлар сарвари муборак Ислом қўшинига шундай хитоб қилдилар: «Мен сизларга Аллоҳу таолонинг амрларини бажаришни, тақиқларидан сақланишни, ёнингиздаги мусулмонларга нисбатан яхши бўлишни ва уларга яхши муомала қилишни тавсия қиламан. Аллоҳу таолонинг йўлида Унинг исмини айтиб жанг қилинглар. Ўлжага олинган молларга хиёнат қилманглар. Аҳдга вафосизлик қилманглар. Болаларни ўлдирманглар! У ерда насронийларнинг черковларида одамлардан ажралиб, ўзларини ибодатга бағишлаган баъзи кишиларни топасизлар. Уларга тегишдан сақланинглар! Улардан ташқари, бошларида шайтонлар ин қурган баъзи кишиларга ҳам дуч келасизлар, уларнинг бошларини қиличларингиз билан чопинглар. Аёлларни, қариб-қартайган кексаларни ўлдирманглар. Дарахтларни ёқманглар ва кесманглар. Уйларни ҳам бузманглар!»

Бош қўмондон Зайд ибн Ҳорисага ҳам шундай дедилар: «Мушриклардан бўлган душманинг билан учрашганингда, уларни уч нарсанинг бирига даъват қил!… (Агар мусулмон бўлсалар,) уларни муҳожирлар юрти бўлган Мадинага ҳижрат қилишга даъват қил! Даъватингни қабул қилсалар, муҳожирлар эга бўлган ҳуқуқларга ўзлари ҳам эга бўлишларини ва муҳожирлар зиммасидаги вазифалар уларнинг ҳам зиммасида бўлишини билдир.

Агар мусулмон бўлиб, ўз юртларида яшашни афзал кўрсалар, мусулмонлардан кўчманчи араблар каби бўлишларини, кўчманчи арабларга нисбатан қўлланиладиган илоҳий ҳукм уларга ҳам қўлланилишини, жанг ўлжаларидан уларга ҳеч нарса ажратилмаслигини ва ўлжадан фақат мусулмонлар ёнида жанг қилганларгина фойдаланишини билдир!

Агар Исломни қабул қилмасалар, уларни жизя тўлашга даъват қил! Улардан буни қабул қилганларга тегма! Жизя тўлашга ҳам кўнмасалар, Аллоҳу таолонинг ёрдамига суяниб, улар билан жанг қил!…»

Бу насиҳатлардан кейин у зот мужоҳидлар билан хайрлашдилар. Ислом қўшини такбир садолари билан йўлга тушди. Ортда қолганлар кетаётганларга қўл силкитиб: «Аллоҳу таоло сизларни ҳар қандай хавф-хатардан асрасин, яна соғ-саломат қайтарсин…» – деб дуо қилар эдилар. Улар уфқда кўринмай кетгунларича ёшли кўзлар билан уларнинг ортидан ҳавас билан қараб қолдилар…

«Зайд ибн Ҳорисани қўмондон қилиб тайинладим! У шаҳид бўлса, унинг ўрнига Жаъфар ибн Абу Толиб ўтсин. У шаҳид бўлса, Абдуллоҳ ибн Равоҳа ўтсин. У ҳам шаҳид бўлса, орангиздан бир кишини сайлайсизлар» Ҳадиси шариф

Муқаддас байроқ Зайд ибн Ҳорисанинг қўлида ҳилпирар, мужоҳидлар Аллоҳу таолонинг динига хизмат қилиш учун номаълум узоқ бир сафарга бормоқда эдилар. Ислом қўшини тезлик билан Сурия томон олға бормоқда эди. Сафар ҳодисасиз ва хуш кайфиятда ўтмоқда эди. Мужоҳидлар тезроқ душман билан учрашиш учун сабрсизланар эдилар. Шаҳидликни истаганларнинг энг иштиёқмандларидан бири ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа эди. Буни Зайд ибн Арқам шундай ҳикоя қилди: «Мен Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг тарбиясида ўсган бир етим эдим. У Мута жангига чиққанда, мени ҳам туясининг орқасига миндириб олган эди. Кечаси бир муддат юрганимиздан кейин унинг лабларидан шундай байтлар тўкила бошлади:

Эй туям! Қумлоқдаги қудуққа элтсанг мени,
Ундан яна тўрт манзил олиб борсанг илгари,
Бундан бошқа сафарга чиқармасман энди сени,
Эгасиз қоласан тез орада, билиб қўй буни.
Мен, эҳтимол, уйимга қайтиб бормасман,
Умид қиламан, бу жангда шаҳид бўлгайман.
Сўнгги манзилда мўминлар ўтдилар мендан тез,
Эй Равоҳанинг ўғли, энг яқинларинг ҳам
Қардошлик ришталарин узиб ўтдилар,
Сени Ҳақ таолога қолдириб кетдилар.
Энди ўйламайман, ортда қандай молим бор,
Парвойим ҳам эмас дарахтлар-у хурмолар!

Буларни эшитгач, мен йиғладим. Абдуллоҳ ибн Равоҳа менга қамчиси билан тегиб: „Эй шумтака! Сенга нима бўлди? Шундай деганимнинг сенга нима зарари бор? Аллоҳу таоло менга шаҳидлик насиб этса, сен ҳам улов устида ортга қайтиб, жойингга етиб оласан. Мен эса дунёнинг барча дардларидан, ғам-ташвишларидан, ҳодисаларидан қутулиб, роҳатга эришаман“, – деди. У тушиб, икки ракат намоз ўқиди. Охирида узоқ дуо қилгандан кейин менга: „Эй бола!“ – деб мурожаат қилди. Мен: „Лаббай“, – деганимда, у: „Бу сафарда, иншоаллоҳ, шаҳидлик насиб бўлади!“ – деди».

Қаҳрамон саҳобалар Сурияга яқинлашаётганларида Шом ноиби Шураҳбил ибн Амр Ислом қўшинининг яқинлашаётганидан аллақачон хабар топган эди. У дарҳол Византия қайсари Ҳирақлга аҳволни билдириб, ундан катта ёрдам олиб, хотиржам бўлган эди. Чунки у тўплаган маълумотларга кўра, мусулмонлар фақат уч-беш минг киши эди. Унинг ўз қўшини эса юз мингдан ортиқ эди, қуролларининг эса ҳисоб-китоби йўқ эди. Саҳобаи киром (алайҳимур ризвон) Шом ерларидан Маъонга етиб борганларида, византияликларнинг юз минг кишилик қўшин билан устларига келаётганини билдилар. Улар у ерда тўхтаб, икки кеча қолдилар. Қўмондон ҳазрати Зайд ибн Ҳориса ҳамроҳларини тўплаб, аҳволни билдирди. Византия қўшинига қарши нима қилиш кераклиги ҳақида уларнинг фикрини сўради. Саҳобалардан баъзилари: «Византия қўшини билан тўқнашмасдан, уларнинг юртига тўсатдан босқинлар уюштирайлик. Одамларини асир олиб, Мадинага қайтайлик», – дедилар. Баъзилари эса: «Расул алайҳиссаломга мактуб ёзиб, душманнинг сонини билдирайлик. Бизга шошилинч аскар юборишларини ёки нима қилишимиз кераклигини сўрайлик», – дедилар. Иккинчи фикр маъқулроқ экани ҳақида қарорга келаётганларида, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа сўзга аралашиб, шундай деди:

«Аллоҳу таолони доим зикр қил. Чунки Аллоҳу таолони зикр қилиш умид қилган нарсангга эришишингда сенга ёрдамчи бўлади» Ҳадиси шариф

Эй қавмим, не сабабдан иккиланасизлар?
Шаҳид бўлиш нияти-ла келмадикми жангга биз?
Қурол-аслаҳа, отлиқ кўплиги туфайли
Кофирлар-ла ҳеч қачон жанг қилмадик биз.
Аллоҳу таоло бизга эҳсон этган
Шу дин кучи ила шердек жанг қилдик.
Боринглар, жанг қилинглар, албатта, яхшилик бор,
Бу ишнинг оқибати – ё шаҳодат, ё зафар.
Бадр куни, валлоҳи, бор эди икки отимиз,
Уҳудда бир от ила жуда оз эди қуролимиз.
Бу жангда ғолиб келмоқ тақдирда бўлса агар,
Зотан, шундай ваъда қилди Аллоҳ ҳам, Пайғамбар ҳам.
Ҳақ таоло ваъдасидан асло қайтмайди ортга,
Эй мўминлар, ундай бўлса, олға юринглар олға!
Шаҳидлик бизнинг тақдиримизда бўлса агар,
Жаннатда шаҳид қардошларимизга етишамиз.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг бу сўзлари мужоҳидларга жасорат бағишлади. «Валлоҳи, Равоҳанинг ўғли тўғри айтмоқда», – дедилар. Энди қарор қабул қилинди: улар шаҳид бўлгунларича жанг қиладилар. Шонли саҳобалар Мута қишлоғига келганларида юз минг кишилик Византия қўшини билан тўқнаш келдилар.

МУТА ЖАНГИ

Тоғу тош душман аскари билан тўлган эди. Бир томонда Аллоҳу таолонинг динини ёйиш учун то Мадинадан чиқиб, Шомгача келган уч минг кишилик Ислом қўшини, иккинчи томонда эса Исломни бўғиш учун тўпланган юз минг кишилик кофирлар тўдаси турар эди… Ташқи кўринишда кучлар нисбатини таққослаб бўлмас эди. Бунга кўра, бир мусулмонга ўттиздан ортиқ византиялик билан жанг қилишга тўғри келар эди. Икки томон ҳам жанг тартибига тизилди. Шу пайтда Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) амрларига кўра, Ислом қўшинидан бир гуруҳ вакиллар Византия қароргоҳи томон йўл олди. Улар Византия қўшинига Исломга келишни, акс ҳолда жизя тўлашни таклиф қилдилар. Лекин византияликлар бу даъватни рад этдилар. Энди йўқотишга вақт йўқ эди. Қўмондон ҳазрати Зайд ибн Ҳориса қўлида муқаддас Ислом байроғи билан қўшинига ҳужум буйруғини берди. Бу дамни кутиб турган мужоҳидлар «Аллоҳу акбар!» садолари билан ўқдек олға отилдилар. Чақмоқдек қиличларини суғуриб, бўрондек душманнинг ўртасига ёриб кирдилар… Отларнинг кишнаши, қиличларнинг жаранги, такбир садолари ва яраланганларнинг фарёдлари осмонга етди, уруш бошидаёқ майдон қон кўлига айланди. Шонли саҳобалар ҳар гал қилич сермаганларида ё бир бош, ё бир қўл тушар эди.

Қўлида Расулуллоҳнинг оқ байроқлари бўлган ҳазрати Зайд душманнинг қоқ ўртасида «Аллоҳ, Аллоҳ» деб жанг қилмоқда эди. Сермаган қиличлари билан атрофини бир зумда бўшатар, душманни унинг қаршисига чиққанига пушаймон қилар эди. Қўмондонларининг қаҳрамонларча жанг қилаётганини кўрган шонли саҳобалар ҳам ундан қолишмас, ҳар бири якка ўзи ўттиз душманга қилич етказиб, уларни қулатишга уринар эди. Бир пайт қўмондон ҳазрати Зайднинг муборак кўкрагига бирданига бир неча найза санчилди. Улар ортидан бошқа найзалар ҳам келди. Шонли саҳобанинг бадани илма-тешик бўлиб кетган эди. Ниҳоят Зайд ибн Ҳориса иссиқ тупроққа йиқилди ва жуда соғинган шаҳидлик шарбатини ичди.

Зайд ибн Ҳорисадан кейин келган ҳазрати Жаъфар дарҳол байроқни илиб олди. Ислом байроғининг ҳилпираётганини кўрган мужоҳидлар янги шижоат билан жангни давом эттирдилар. Ҳазрати Жаъфар ҳам Зайд ибн Ҳориса каби қаҳрамонларча жанг қилмоқда эди. Бир томондан душманга ташланар, иккинчи томондан ҳамроҳларига жасорат ва ҳаяжон бағишлар эди. Мардона жанг қилаётган бу янги қўмондон янада тез, янада чаққон ҳаракатлар билан қилич сермар, душманга кўз очиргани қўймас эди. Ҳазрати Жаъфар ўзини унутиб жанг қилаётганда ҳамроҳларидан анча олдинга кетиб қолган эди. У византияликларнинг ўртасида якка ўзи олишар, уларнинг ҳар бирига алоҳида-алоҳида қилич урар эди. Лекин бу кетишнинг қайтиши йўқлигини англаб етишга кўп вақт керак бўлмади. Қаҳрамон қўмондон: «Менинг зиммамдаги вазифа – кофирларнинг ҳар бирига қиличим билан уришдир!» – дер, «Аллоҳу акбар!… Аллоҳу акбар!…» деган муборак сўздан янги руҳий куч олар эди. Ҳар гал қилич урганида бир душманни йўқ қилар, атрофига ҳеч кимни яқинлаштирмас эди. Аллоҳу таолонинг муборак исмини тилидан туширмай, тугамас бир куч билан жанг қилмоқда эди. Ниҳоят бир душман аскари ҳазрати Жаъфарнинг ўнг қўлига қилич урди. Ўнг қўли кесилган ҳазрати Жаъфар муқаддас Ислом байроғини ерга тушмасдан чап қўли билан илиб олди. Уни кўтариб, яна ҳилпиратди. Шу пайт яна бир қилич зарбаси… Чап қўли ҳам кесилди. Бу гал у байроқни кесилган билаклари орасида кўкрагига босиб, ҳилпиратишга уринди. Лекин бирин-кетин шиддат билан тушаётган душман қиличлари билан жуда соғинган шаҳидлик мартабасига эришди. Унинг муборак руҳи жаннатнинг энг юксак даражаларига парвоз қилди… Унинг баданида тўқсондан ортиқ қилич ва найза жароҳати саналди.3 Қўмондонларининг шаҳид бўлганини кўрган қаҳрамон мужоҳидлар ерга тушган Ислом байроғини илиб олиб, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳага топширдилар.

«Эй қавмим, не сабабдан иккиланасизлар? Шаҳид бўлиш нияти-ла келмадикми жангга биз?» Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу)

У от устида байроқни ҳилпиратиб, душманга шиддат билан ташланди. Бир томондан олдига чиққан душманни қулатар, бир томондан эса шундай дер эди:

Эй нафсим, менга, албатта, бўйин эгасан,
Бугун шаҳид бўламан, бу жангда қасам ичдим.
Ё сен ўз ихтиёринг ила бунга рози бўласан,
Ё мен буни сенга зўрлаб қабул қилдираман.
Агар шу жангда, мабодо, ўлдирилмасанг,
Ҳеч ўлмайсанми, эй нафсим, айт менга?
Жаъфар ибн Абу Толиб ва Зайд ибн Ҳорисанинг
Қилганини қилсанг, билки, яхши қиласан.
Улар шаҳид бўлдилар, эй нафсим, ортда турма,
Йўқса бахтсиз бўласан, қани, олға ташлан!

Ҳазрати Абдуллоҳ ҳам «Аллоҳу акбар!» садолари остида душман билан шафқатсиз курашга киришди. Бир пайт бир қилич зарбаси унинг бармоғига тегди ва кесилган бармоқ қўлида осилиб қолди. Аллоҳу таолонинг ва Унинг Расулининг ишқи билан ёнган бу муборак қўмондон дарҳол отидан ерга сакради, жанг қилишига халал берган ярадор бармоғини оёғи остига олиб: «Сен фақат бир ярадор бармоқ эмасмисан? Зотан, бу балога ҳам Аллоҳу таолонинг йўлида учрадинг-ку!» – деб, тортиб узиб ташлади. Чақмоқдек отига сакраб миниб, бор кучи билан яна жанг қила бошлади. Лекин шунча жанг қилишига қарамай, шаҳидлик мартабасига эриша олмагани учун ўзини ўзи койий бошлади… Қайта-қайта душманга ташланди. Ниҳоят бир найза зарбаси билан ерга йиқилди. Аллоҳу таоло ва Унинг Расули йўлида жанг қилиб, шаҳид бўлди ва унинг муборак руҳи жаннатга парвоз қилди… Шу пайт ҳазрати Абдуллоҳнинг ёнида жанг қилаётган Абул Юср Каъб ибн Умайр байроқни ҳилпиратишга уринди. Кўзларини саҳобалар орасида югуртириб, ўзидан ёши каттароқ ва тажрибалироқ бир кишини излади. Собит ибн Ақрамни кўргач, байроқни унга топширди. Ҳазрати Собит байроқни мужоҳидларнинг олдига тиккандан кейин: «Эй биродарларим! Тезда орангиздан бир кишини қўмондон қилиб сайланглар ва унга эргашинглар!» – деди. Улар: «Биз сени сайладик», – дедилар, лекин ҳазрати Собит буни қабул қилмади. Унинг кўзлари ҳазрати Холид ибн Валидга тушди. Унга: «Эй Абу Сулаймон! Байроқни сен ол!» – деди. Мусулмонлар орасига янгигина қўшилган ҳазрати Холид одоби туфайли муқаддас байроқни олишни истамади ва унинг муборак лабларидан шундай сўзлар чиқди: «Мен бу байроқни сиздан ола олмайман! Сиз бунга мендан кўра лойиқроқсиз. Чунки сиз ёшда улуғроқсиз ва Бадр жангида Расулуллоҳнинг ёнларида жанг қилиш шарафига эришгансиз!…» Лекин вақт қимматли эди. Атрофларида саҳобаи киром душман билан аёвсиз олишар, юз минг кишилик душманни ортга чекинтиришга уринар эди. Ҳазрати Собит сўзини такрорлади: «Эй Холид! Расулуллоҳнинг муқаддас байроқларини тезроқ ол! Валлоҳи, мен уни сенга бериш учун олган эдим. Сен урушнинг усулини мендан яхшироқ биласан!» – деди ва атрофидаги мужоҳидлардан: «Эй биродарларим! Холиднинг қўмондон бўлиши ҳақида фикрингиз қандай?» – деб сўради. Улар бир оғиздан: «Биз уни ўзимизга қўмондон қилдик», – дедилар. Шундан сўнг ҳазрати Холид Оламлар сарвари муборак қўллари билан топширган байроқни катта ҳурмат ва адаб билан олиб, ўпди. Отига сакраб миниб, бутун ҳашамати ва ҳайбати билан душманга ташланди.4

Қаҳрамон саҳобалар янги қўмондонларининг ортидан яна ҳужумга ўтдилар. Ҳазрати Холид кўрилмаган жасорат ва моҳирлик билан жанг қилар, олдига чиққанни қулатар эди. Бир пайт ҳазрати Қутба ибн Қатода душман қўмондонларидан Молик ибн Зофиланинг бошини танасидан жудо қилди. Византияликларнинг руҳи тушди. Лекин вақт тиғизлашган, кеч кирган ва қоронғи туша бошлаган эди. Қоронғида жанг қилиш жуда хавфли эди. Чунки адашиб, ўз ҳамроҳларини уриб қўйишлари мумкин эди…

Шу сабабли икки томон ҳам ўз қароргоҳларига чекинди. Ярадорлар даволана бошлади. Ҳазрати Холид уруш санъатида даҳо эди. У эрталаб душманнинг қаршисига янги бир усул билан чиқиб, уларни довдиратиб қўймоқчи эди. Ўша кеча аскарларнинг жойларини алмаштирди: ўнг томондагиларни чапга, чапдагиларни ўнгга, олдиндагиларни орқага, орқадагиларни эса олдинга олди.

Эрталаб яна ҳужумга кўтарилган қаҳрамон мужоҳидлар «Аллоҳу акбар» садолари остида жанг қила бошладилар. Душман аскарлари ўзларига ҳужум қилаётган аскарларни биринчи марта кўрмоқда эдилар. Булар кеча улар жанг қилган кишилар эмас эди.

Эҳтимол, мусулмонларга ёрдамга янги қўшин келгандир!… Қўшимча куч келди деб ўйлаб, қўрқувга тушган Византия аскарларининг руҳи тушди. Улар саросимага тушиб, қоча бошладилар. Буни фурсат деб билган Ислом қўшини уларга қаттиқ ҳужум қилди.

Душман тор-мор қилингандан кейин улар Мута қалъасига келдилар. Қалъани ҳам фатҳ этиб, унинг кўзга кўринганларидан ҳам кўп кишини ўлдирдилар. Ҳазрати Холид ва қаҳрамон саҳобалар ўша куни янада яхшироқ жанг қилиб, душманга қилич урдилар ва уларнинг минглабининг жонини жаҳаннамга жўнатдилар. Ўша куни ҳазрати Холид ибн Валиднинг қўлида тўққизта қилич синди.5 Аллоҳу таолонинг эҳсони ва Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) дуолари баракоти билан уч минг мужоҳид ғозий юз минг душман аскарини тор-мор қилди. Бу улуғ майдон жангида ўн беш шаҳид берилди. Шундай қилиб, Византия империясига ҳадди билдириб қўйилди, унинг жанубга томон янги босқинлар уюштиришига йўл қўйилмади… Расули акрам ва Набийи муҳтарам, уруш майдонидан у зотга бирор хабар келмасидан олдиноқ, Мутада бўлган воқеаларни билдириш учун саҳобаларини масжидга тўпладилар. Севимли Пайғамбаримизнинг муборак юзларидан жуда қайғули эканликлари сезилиб турар, у зотни янада кўпроқ қайғуга солишдан қўрқиб, ҳеч ким бирор нарса сўрай олмас эди. Ниҳоят саҳобаи киромдан бири: «Жонларимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сиздаги қайғуни кўрганимиздан бери ичимиз қон йиғламоқда, қайғумиз қанчалик катта эканини фақат Жаноби Ҳақ билади!» – деди. Севимли Пайғамбаримизнинг муборак кўзларидан ёшлар оқди ва у зот шундай дедилар: «Менда кўрган қайғунгиз, мени ғамга солган нарса – саҳобаларимнинг шаҳид бўлишлари эди. Бу ҳол мен уларни жаннатда рўпарама-рўпара қўйилган тахтлар устида ўтирган биродарлар ҳолида кўргунимча давом этди. Зайд ибн Ҳориса байроқни қўлига олди. Ниҳоят шаҳид қилинди. У ҳозир жаннатга кирди. У ерда югуриб юрибди. Сўнгра байроқни Жаъфар ибн Абу Толиб олди. У душман қўшинларига ташланди, жанг қилди ва ниҳоят у ҳам шаҳид бўлди. У шаҳид бўлиб жаннатга кирди ва ёқутдан бўлган икки қанот билан истаганича учиб юрибди. Жаъфардан кейин байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. Қўлида байроқ билан душманлар билан жанг қилди, шаҳид бўлди ва жаннатга кирди. Улар менга жаннатда олтин тахтлар устида кўрсатилди. Эй Аллоҳим! Зайдни мағфират қил!… Эй Аллоҳим! Жаъфарни мағфират қил! Эй Аллоҳим! Абдуллоҳ ибн Равоҳани мағфират қил!»

«Эй Холид! Расулуллоҳнинг муқаддас байроқларини тезроқ ол! Валлоҳи, мен уни сенга бериш учун олган эдим. Сен урушнинг усулини мендан яхшироқ биласан!» Собит ибн Ақрам (розияллоҳу анҳу)

Оламлар сарварининг муборак кўзларидан ҳамон ёш оқар эди. Кўз ёшлари аро сўзларини шундай давом эттирдилар: «Абдуллоҳ ибн Равоҳадан кейин байроқни Холид ибн Валид олди. Мана, энди жанг қизиди. Эй Аллоҳим! У (Холид ибн Валид) Сенинг қиличларингдан бир қиличдир. Унга ёрдам бер!…»6 Севимли Пайғамбаримиз Аллоҳу таолонинг изни билан минг километрдан ҳам узоқроқдаги жанг майдонида бўлаётган ҳодисаларни мўъжиза сифатида кўриб, саҳобаларига билдирган эдилар. Ҳазрати Жаъфар ибн Абу Толиб шаҳид бўлган куни бу воқеани сўзлаб бергач, ўринларидан туриб, ҳазрати Жаъфарнинг уйига бордилар. Жаъфарнинг хотини Асмо уй ишларини тугатиб, болаларини чўмилтириб, сочларини тараб қўйган эди. Севимли Пайғамбаримиз: «Эй Асмо! Жаъфарнинг ўғиллари қаерда? Уларни менинг олдимга олиб кел!» – дедилар. Асмо хоним болаларни олиб келгач, Расулуллоҳ уларни бағриларига босиб, тўйиб-тўйиб ўпдилар ва ҳидладилар. Муборак қалблари чидай олмади, муборак кўзларидан шашқатор ёш оқа бошлади. Буни кўрган ҳазрати Жаъфарнинг хотини: «Ота-онам, жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Нега ўғилларимга етимларга кўрсатадиган шафқатингизни кўрсатяпсиз? Ёки Жаъфар ва унинг сафдошларидан бирор аччиқ хабар олдингизми?!» – деб ёлвориб сўради. Оламлар сарвари қаттиқ мутаассир бўлган эдилар: «Ҳа!… Улар бугун шаҳид бўлдилар!…» – деб жавоб бердилар. Ҳазрати Асмо онамиз ҳам етим болаларини бағрига босиб йиғлай бошлади. Севимли Пайғамбаримиз бу манзарага ортиқ чидай олмай, у ердан чиқиб кетдилар.7

Саодатхоналарига қайтган Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) пок завжаларига: «Жаъфарнинг оиласи учун овқат тайёрлашни унутманглар!» – дедилар. Уч кун давомида шаҳидларнинг оилаларига овқат юбориб турилди. Орадан бир неча кун ўтгач, Мадинага хушхабарни ҳазрати Яъло ибн Умайя етказди. У бўлиб ўтган воқеаларни ҳали айтмасданоқ Расули акрам унга: «Хоҳласанг, бўлган воқеаларни сен айтиб бер, хоҳласанг, мен сенга айтиб берай», – деб, жанг майдонида бўлган ҳамма нарсани батафсил сўзлаб бердилар. Шунда ҳазрати Яъло ибн Умайя: «Сизни ҳақ дин ва Китоб билан пайғамбар қилиб юборган Аллоҳу таолога қасамки, мужоҳидлар бошидан кечирган воқеалардан биронтасини ҳам айтмай қолдирмадингиз», – деди. Пайғамбаримиз эса: «Аллоҳу таоло мен учун орадаги масофани кўтариб ташлади ва мен жанг майдонини ўз кўзларим билан кўрдим», – деб жавоб бердилар.

Бир неча кундан кейин хабарчилар Ислом қўшинининг Мадинага яқинлашиб келаётганини билдирдилар. Пайғамбаримиз саҳобалари билан туриб, уни кутиб олиш учун Мадина ташқарисига чиқдилар. Узоқдан чанг-тўзон кўтарилар, муқаддас Ислом байроғи ҳилпирарди. Қилич ва қалқонларнинг ялтираши атрофни ойнадек ёритарди… Ҳар кимда чуқур ҳаяжон кўзга ташланарди. Бир оздан кейин бошларида ҳазрати Холид ибн Валид бўлган ғозий мужоҳидлар Мадинага кириб келдилар, розияллоҳу таоло анҳум ажмаъийн…

«Эй Аллоҳим! Зайдни мағфират қил!… Эй Аллоҳим! Жаъфарни мағфират қил! Эй Аллоҳим! Абдуллоҳ ибн Равоҳани мағфират қил!» Ҳадиси шариф

Ҳур қизлари келдилар,
Нурдан йўргакка ўрадилар,
Муҳаммадга юз сурдилар
Муҳаммад туғилган кеча.
Осмон эшиклари очилди,
Оламга раҳмат сочилди,
Жаннат тўнлари бичилди
Муҳаммад туғилган кеча.
Юнус айтур: «Эй биродарлар,
Кўздан оқар қонли ёшлар,
Сажда қилди тоғлар, тошлар
Муҳаммад туғилган кеча».

Каъбаи муаззаманинг қадимги кўриниши /

Маккаи мукаррама [1890]