Севимли Пайғамбарим

УМРАТУЛ ҚАЗО САФАРИ

Ҳудайбия сулҳидан бери бир йил ўтган эди. Қурбон ҳайитига бир ой қолганда, Зулқаъда ойининг бошларида Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромга умрага тайёргарлик кўришни буюрдилар. Умрада Ҳудайбияга бориб, Байъати Ризвонда қатнашганлар, вафот этганлардан ташқари, ҳаммаси ҳозир бўлишлари керак эди. Бу амрдан кейин икки минг саҳоба тайёргарлигини тугатди. Қурбонлик қилиш учун етмишта туя олинди. Уларни Маккагача ўтлатиб олиб бориш Ножия ибн Жундубга ва унинг тўрт ҳамроҳига топширилди. Бундан ташқари, ҳазрати Муҳаммад ибн Масламанинг ихтиёрига юз отлиқ берилиб, у урушда ишлатиладиган совут, найза, қилич каби қуролларни олиб бориш учун олдинроқ юборилди. Мушрикларга ишониб бўлмас эди. Бирор ҳужум бўлган тақдирда бу қуроллардан фойдаланилар эди. Саҳобаи киромдан баъзилари: «Ё Расулаллоҳ! Ҳудайбия сулҳига кўра, умрага қинидаги қиличлардан бошқа қурол билан келмаслигимиз керак эди-ку!» – дедилар. Оламлар сарвари: «Биз бу қуролларни Ҳарамга, қурайшликларнинг олдига киритмаймиз. Лекин улар қурайшликлардан бизга бўладиган бирор ҳужумга қарши яқинимизда, қўл остимизда турадиган бўлади», – дедилар.

Мадинаи мунавварада ўринбосар қилиб Абу Зарр Ғифорий қолдирилди.1 Абу Руҳм Ғифорийнинг қолдирилгани ҳам ривоят қилинади. Икки минг саҳоба севимли Пайғамбаримиз билан бирга Макка томон йўлга чиқдилар. Саҳобаи киром жуда ҳаяжонланган эдилар. Улар йиллардан бери Аллоҳу таоло йўлида, севимли Пайғамбаримиз учун тарк этган уйларини, ўчоқларини, юртларини кўрадиган эдилар… Беш вақт намозда юзларини қаратадиган Каъбаи муаззамани зиёрат қиладиган эдилар… Мусулмон бўлиб ҳам, сулҳ шартига кўра Мадинага кела олмаган қариндошларига қовушадиган эдилар. Йиллар давомида уларнинг кўзларидан ёш ўрнига қон оқизган, зулм остида инграб-инграб яшатган, бутларига сиғиндириш учун жуда кўп биродарларини шаҳид қилган қурайшлик мушрикларга Исломнинг шаъни ва шарафини кўрсатадиган эдилар. Балки буни кўрган мушрикларнинг қалбига Ислом муҳаббати тушиб, улар мусулмон бўлиб қолар эдилар!…

Мадинада қоладиганлар Оламлар сарварини Видо тепалигигача такбирлар билан кузатиб, хайрлашгандан кейин ортга қайтдилар… Севимли Пайғамбаримиз Мадинадан ўн километрча узоқликдаги Зулҳулайфага келганларида эҳромга кирдилар. Шонли саҳобалар ҳам у зотга эргашдилар. Ҳамма оқ либосга бурканган эди. Умра қилиш учун Маккаи мукаррамага сафар бошланган эди. Энди «Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк! Лаббайк! Ла шарика лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарика лак!» (Ҳозирман, Аллоҳим, ҳозирман! Даъватингга сўзим ва ўзим билан қайта-қайта жавоб бердим, амрингга бўйин эгдим. Сенинг шеригинг йўқ, бутун борлиғим билан Сенга юзландим. Ҳамд ва неъмат Сенга хосдир. Мулк ҳам Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқ) садолари билан ер-осмон ларзага келмоқда эди.

Аллоҳу таолога ҳамд айтиш ва ёлвориш, Унинг муборак исмини зикр қилиш билан сафар жуда завқли ўтмоқда эди.

Олдинда бораётган Муҳаммад ибн Маслама бошчилигидаги гуруҳ Маккага яқинлашганда, уни қурайшлик мушриклар кўриб қолдилар. Улар қўрқув билан яқин келиб, гўё «Биз бир йил олдин шундай келишганмидик?» дегандек: «Бу нима?» – деб сўрадилар. Муҳаммад ибн Маслама уларга этларини жунжиктирадиган шундай жавоб берди: «Булар – Аллоҳу таоло Расулининг отлиқларидир… Аллоҳу таоло изн берса, эртага у зот ҳам бу ерга ташриф буюрадилар!…» Мушриклар қўрқа-қўрқа ортга қайтиб, хабарни Маккага етказдилар. Маккалик мушриклар: «Қасам ичамизки, биз сулҳга содиқ қолдик. Муҳаммад нега биз билан урушсин?…» – дейишар эди. Улар дарҳол ўз ораларидан бир гуруҳ вакилни Пайғамбаримиз билан гаплашиш учун юбордилар.

«Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк! Лаббайк! Ла шарика лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарика лак!» Талбия

Бу пайтда Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Макка кўриниб турадиган Батни Яъжаж деган жойга етиб келган эдилар. Улар бу ерда белларидаги қиличлардан бошқа барча қуролларини қолдирдилар. Қуролларни қўриқлаш учун икки юз саҳобани соқчи қилиб қўйдилар. Бу тайёргарликлар тугагач, Қурайш вакиллари Пайғамбаримиз билан гаплашиш ва ҳузурларига қабул қилиниш учун изн сўрадилар. Изн берилгач, улар: «Ё Муҳаммад! Ҳудайбия сулҳидан бери биз сизларга ҳеч қандай хиёнат қилмадик. Шунга қарамай, сен Маккага, ўз қавмингнинг олдига шу қуроллар билан кирмоқчимисан? Ҳолбуки, сулҳимизга кўра, ёнингизда қинига солинган қиличлардан бошқа нарса бўлмаслиги керак эди-ку!…» – дейишди. Бунга Оламлар сарвари шундай жавоб бердилар: «Мен болалигимдан бугунгача берган сўзимда туришим ва вафодорлигим билан танилганман. Ҳарамга қинидаги қиличларимиздан бошқа қурол билан кирмаймиз. Лекин қуролларнинг менга яқин бир жойда бўлишини истайман». Вакиллар ўзларига етказилган хабарнинг бошқача эканини англаб, тинчландилар ва: «Ё Муҳаммад! Тўғриси, сендан доимо фақат вафодорлик ва яхшилик кўрдик. Сенга ярашадигани ҳам шудир», – деб ортга қайтдилар. Маккага келиб, аҳволни қурайшликларга билдирдилар. Улар ҳам тинчландилар.

Қурайшнинг кўзга кўринган кишилари кин ва ҳасадлари туфайли Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобаларининг бу бахтли дамларини кўрмаслик учун Маккани тарк этиб, тоғларга чиқиб кетдилар. Севимли Пайғамбаримиз белгиланган қурбонлик туяларини Зу Туво деган жойга олдинроқ юбордилар. Сўнгра саҳобалари билан тайёргарликни тугатиб, муқаддас Макка шаҳрига кириш учун йўлга тушдилар. Саҳобаи киром Оламлар сарварини ўрталарига олган эдилар. Коинот султони Қасво туялари устида, минглаб юлдузларнинг борлигини яширадиган қуёш каби, атрофга нур сочмоқда эдилар. Ё Раббим! Бу қандай гўзаллик! Бу қандай ҳашаматли манзара эди!…

Тилларда «Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк! Лаббайк! Ла шарика лака лаббайк!…» садолари, кўнгилларда Аллоҳу таоло ва Унинг Расулининг муҳаббати бор эди.

Улар қадам-бақадам улуғ Каъба томон яқинлашмоқда эдилар. Яқинлашган сари ҳаяжонлари яна ҳам ортар, гўё жўш урар эди. Бир оғиздан айтилган талбия садолари Маккани тутар, мушриклар бу ҳашаматли манзарани кўрган сари ичлари эриб, кўнгилларига илиқ-илиқ бир муҳаббат шарбати оқаётганини ҳис қилар эдилар. Кўпларининг қалбига Ислом муҳаббати аллақачон тушган эди… Охир-оқибат Коинот султони, икки жаҳон сарвари, севимли ва шарафли Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ғолиб келган эдилар…

Мана, севимли Пайғамбаримиз ва у зотнинг шонли саҳобалари белларида қиличлари билан Каъбаи муаззамага кирмоқда эдилар. Пайғамбаримизнинг Қасво туялари жиловини ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳа тутиб, олдинда бормоқда эди. Баъзи маккалик мушриклар аёллари ва болалари билан Дорун Надвада тизилиб, севимли Пайғамбаримизни ва у зотнинг қаҳрамон саҳобаларини томоша қилмоқда эдилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа олға юрган сари шеър ўқий бошлади, унинг байтлари мушрикларнинг бошига болғадек тушиб, кўнгилларигача етиб борар эди:

Эй кофирлар, четланинг Пайғамбарнинг йўлидан,
Аллоҳу таоло у зотга Қуръон нозил қилди.
Ҳар бир хайр ва яхшилик бордир у зотнинг динида,
Бу дин учун ўлмоқдир энг хайрли ўлим ҳам.
Ҳақиқий Расулуллоҳдирлар, қабул қилдим юракдан,
Ҳар сўзларига ишондим, қабул қилдим энди мен.
Эй кофирлар! Қуръоннинг Аллоҳу таолодан
Нозил бўлганини сиз инкор этган пайтингизда
Қандай қилиб бирдан зарбалар туширган бўлсак,
Қандай қилиб бошингизни танадан жудо қилган бўлсак,
Унинг маъносига ҳам ишонмасангиз агар,
Худди шундай тушади бошингизга зарбалар.
Бошлайман ул Аллоҳнинг муборак исми билан,
Унинг динидан бошқа ҳақиқий дин йўқдир.
Яна бошлайман ул Аллоҳнинг исми билан,
Муҳаммад – Унинг ҳам қули, ҳам расулидирлар.

Ҳазрати Умар чидай олмай, уни огоҳлантирмоқчи бўлди: «Эй Ибн Равоҳа! Сен Расулуллоҳнинг олдиларида ва Ҳарами шарифда қандай қилиб шеър ўқияпсан?» Лекин Пайғамбаримиз: «Ё Умар! Унга халал берма! Аллоҳу таолога қасамки, унинг сўзлари бу қурайшлик мушрикларга ўқ ёғдиришдан ҳам тезроқ ва кучлироқ таъсир қилади. Эй Ибн Равоҳа, давом эт!» – дедилар.

Бироздан кейин Пайғамбаримиз ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳага: «Айт: „Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқ! Ягона – Удир! Ваъдасини амалга оширган – Удир! Бу бандасига ёрдам берган – Удир! Аскарларини кучли қилган – Удир! Тўпланган қабилаларни мағлуб этган ҳам ёлғиз Удир!“» – дедилар.

Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Равоҳа шундай ўқий бошлади:

Аллоҳу таолодан бошқа йўқдир бир илоҳ!
Йўқдир Унинг шериги, ла илаҳа иллаллоҳ!
Мусулмонлар аскарига куч берувчи – Удир!
Кофирларни тарқатиб, мағлуб этган ҳам Удир!

Мусулмонлар ҳам бу сўзларни такрорлар эдилар. Севимли Пайғамбаримиз Байтуллоҳга кирганларида муборак ўнг елкаларини очдилар. Муборак баданларининг гўзаллиги кўзларни қамаштирар, кўнгилларни ўзига тортар, қуёш каби нур сочар эди. Сўнгра у зот: «Бугун шу ширк аҳлига ўзини кучли ва бардам кўрсатадиган йигитларни Аллоҳу таоло Ўз раҳмати билан мағфират қилсин!» – дедилар. Шундан сўнг саҳобаи киром ўнг елкаларини очиб, ҳайбатли тарзда тез-тез юриб, Каъбани уч марта тавоф қилдилар. Лекин Рукни Ямоний билан Ҳажарул асвад бурчаги орасида секин юрдилар. Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари Ҳажарул асвадга яқинлашиб, уни ўпар ёки узоқроқдан қўлларини очиб, Ҳажарул асвадга қаратиб турар эдилар.

«Аллоҳу таолога қасамки, унинг (Ибн Равоҳанинг) сўзлари бу қурайшлик мушрикларга ўқ ёғдиришдан ҳам тезроқ ва кучлироқ таъсир қилади» Ҳадиси шариф

Мушриклар саҳобаларни узоқдан кузатиб, уларнинг бу ҳайбатли ва савлатли юришларидан ҳайрон қолар эдилар. Чунки уларга мусулмонлар Мадинага кетганларидан бери заифлашиб, касалликка чалинганлари айтилган, шунга ўхшаш хабарлар тарқатилган эди. Ҳозир эса улар бунинг тамомила аксига гувоҳ бўлмоқда эдилар ва ҳайратлари ортиб борар эди.

Қолган тўрт тавоф эса секин, салмоқли қадамлар билан бажарилиб, тугалланди. Тавофдан кейин Мақоми Иброҳимда икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра Сафо ва Марва тепаликлари орасида етти марта саъй қилдилар. Қурбонликлар сўйилгандан кейин Пайғамбаримиз муборак бошларини қириттирдилар. Муборак сочларини саҳобалар ҳавода илиб олишди. Саҳобаи киром ҳам сочларини олдирдилар. Шундай қилиб, Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) роппа-роса бир йил олдин кўрган тушлари рўёбга чиқди. Умра зиёрати тугалланди, пешин вақти кирди. Оламлар сарвари ҳазрати Билолга Каъбада азон айтишни буюрганларида, Билол Ҳабаший дарҳол амрни бажарди. У Каъбада Муҳаммадий азонни айтаётганда, бутун Макка тўлқинланиб кетди. Саҳобаи киром азонни катта хушуъ билан тинглар, уни секин овоз билан такрорлар эдилар. Азон тугагач, Ҳабибуллоҳ имом бўлдилар. Ҳамма бирга ўқиган пешин намозининг мушрикларнинг қалбига таъсири бошқача эди.

Севимли Пайғамбаримиз учун Абтаҳда теридан чодир тикилган эди. Саҳобалар ҳам унинг атрофидаги чодирларда уч кун турдилар. Намоз вақтларида улар Байтуллоҳда йиғилиб, намозларини жамоат билан ўқир эдилар. Бошқа вақтларда қариндошларини зиёрат қилар, Ислом ато этган гўзал ахлоқлари билан уларга намуна бўлар эдилар. Улар эса саҳобаларнинг бу гўзал ҳоллари қаршисида гўё эриб кетар, ҳайратларини яшира олмас эдилар. Бу уч кун ичида Макка гўё ичдан фатҳ этилган эди.

Уч кун тўлди… Энди айрилиқ вақти келди. Кечга яқин Пайғамбаримиз: «Мусулмонлардан (умрага келганлардан) бирорта киши ҳам кечни Маккада ўтказмайди, йўлга чиқади!» – деганларида, ҳамма йиғиштириниб, Мадина томон йўлга чиқди… Жуҳфада бўлган пайтларида Расулуллоҳ ҳазрати Аббос билан учрашдилар ва ҳазрати Аббос: «Ё Расулаллоҳ! Маймуна бинт Ҳорис бева қолди. Уни ўзингизга завжа қилиб олсангиз, қандай бўлар экан?» – деб таклиф қилди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз Абу Рофеъни ва ансорлардан бир кишини Маккага совчиликка юбордилар. Ҳазрати Маймуна Расулуллоҳ уни никоҳларига олмоқчи эканликлари ҳақидаги хабарни туя устида бўлганида олгач: «Туя ҳам, унинг устидаги ҳам – Расулуллоҳникидир», – деди. У ўзини Пайғамбаримизга ҳадя қилди. Бу ишни лозим даражада адо этишни опаси Умму Фазлга топширди, у эса эри ҳазрати Аббосга топширди. Умрадан Мадинага қайтаётганларида Сариф деган жойга келганда, ҳазрати Аббос Пайғамбаримиздан (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тўрт юз дирҳам маҳр олиб, ҳазрати Маймунани Расулуллоҳга никоҳлаб берди. Тўй ҳам шу ерда бўлди. Ҳазрати Маймуна Расулуллоҳнинг никоҳлари билан шарафланиб, у зотнинг охирги завжалари бўлди. Пайғамбаримиз бундан кейин бошқа уйланмадилар.

«Бугун шу ширк аҳлига ўзини кучли ва бардам кўрсатадиган йигитларни Аллоҳу таоло Ўз раҳмати билан мағфират қилсин!» Ҳадиси шариф

Шамдон ҳадя қилишга журъат этдим, ё Расулаллоҳ!
Муродим – улуғ остонангизга хизмат, ё Расулаллоҳ!
Равзангизга лойиқ эмас бу арзимас ҳадям,
Қабул айланг, эҳсон ва иноят қилинг, ё Расулаллоҳ!
Сиздан ўзга кимим бор, ҳолимни арз этай,
Жанобингиздандир эҳсон ва мурувват, ё Расулаллоҳ!
Паноҳ сўрайман, омон, юз бор омон, даргоҳингизга тушдим,
Раҳм айланг, менга шафоат қилинг, ё Расулаллоҳ!
Икки оламда ҳимоянгизга олинг одил хон Маҳмудни,
Аввалу охир давлат Сизникидир, ё Расулаллоҳ!
II. Mahmud Hân

Холид ибн Валиднинг мусулмон бўлиши

Оламларга раҳмат қилиб юборилган Ҳабиби акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Маккага умра қилиш учун борганларида саҳобаларидан ҳазрати Валид ибн Валидга шундай деган эдилар: «Холид қаерларда юрибди? Унингдек одамнинг Исломни танимаслиги, билмаслиги мумкин эмас. Қани энди, у бутун ғайрати ва қаҳрамонлигини мусулмонлар томонида, мушрикларга қарши кўрсатса эди, қандай яхши бўлар эди! Биз уни севар, афзал кўрар эдик». Валид ибн Валид бундан олдин ҳам акасига вақти-вақти билан мактуб ёзиб, уни мусулмон бўлишга ундар эди. Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларини ҳам етказгач, Холид ибн Валиднинг Исломга майли тобора ортди. Умра қилган саҳобалар Мадинага қайтдилар. Кунлар ўтди, ҳижратнинг саккизинчи йили кирди. Холид ибн Валид эса энди жойида тура олмас, тезроқ Мадинага етиб бориб, Оламлар сарварининг ҳузурларида тиз чўкиб, мусулмон бўлиш шарафига эришиш учун ёниб-куйиб турар эди. У ўзи шундай ҳикоя қилган:

«Аллоҳу таоло менга Пайғамбаримизнинг муҳаббатларини эҳсон қилди. Қалбимга Исломнинг муҳаббатини жойлади. Мени яхшилик билан ёмонликни ажрата оладиган ҳолга келтирди. Ўзимга ўзим: „Мен Муҳаммад алайҳиссаломга қарши барча урушларда бўлдим. Лекин ҳар гал жанг майдонини тарк этаётганимда бузуқ ва нотўғри ҳолатда эканимни ва у зотнинг бир кун албатта бизнинг устимиздан ғолиб келишларини билар эдим ва шу ҳислар билан қайтар эдим“, – дедим. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳудайбияга келганларида ҳам мен душман отлиқларининг қўмондони эдим. Усфонда уларга яқинлашиб, кўриниб қолдим. Расулуллоҳ биздан хотиржам ҳолда саҳобаларига пешин намозини ўқитмоқда эдилар. Биз уларнинг устига тўсатдан ҳужум қилмоқчи бўлдик, лекин бунинг иложи бўлмади. Шундай бўлгани ҳам яхши бўлди. Расулуллоҳ кўнглимиздан ўтганини англаган бўлсалар керак, аср намозини эҳтиёткорлик билан ўқидилар. Бу ҳол менга жуда таъсир қилди. Бу зотни, эҳтимол, Аллоҳ ҳимоя қилаётгандир, дедим. Биз ажралишдик. Мен турли ўйлар ичида юрганимда Муҳаммад алайҳиссалом умра учун Маккага келдилар, лекин мен у зотга кўринмадим. Укам Валид улар билан бирга келган экан, лекин мени топа олмабди. Укам шундай бир мактуб қолдирган эди: „Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аллоҳу таолога ҳамду сано ва Расулуллоҳга салоту саломдан кейин айтаманки, ҳақиқатан ҳам, мен сизнинг Исломдан юз ўгириб кетишингиздан ҳам ажабланарли бирор нарсани билмайман. Ҳолбуки, сиз юрган йўлингиз нотўғри эканини англашдан ожиз эмассиз. Нега ақлингизни ишлатмайсиз? Ислом каби бир динни таниб, англай олмаслигингиз қандай ғалати! Пайғамбаримиз мендан сизни сўрадилар. У зот сизнинг Исломни таниб, ғайрат ва қаҳрамонлигингизни мусулмонлар орасида, мушрикларга қарши ишлатишингизни истайдилар. Эй акажон! Кўп фурсатларни бой бердингиз, энди ортиқ кечикманг!“

Укамнинг мактуби менга етиб келгач, менда мусулмон бўлиш истаги жуда кучайди. Йўлга чиқишга шошилар эдим. Расулуллоҳнинг айтганлари мени жуда хурсанд қилган эди. Ўша кеча ухлаганимда тушимда сиқиқ, тор ва чўл каби сувсиз жойлардан яшилликка бурканган, кенг ва фароғатли бир жойга чиқдим. Мадинага борганимда бу тушимни ҳазрати Абу Бакрга айтиб, унинг таъбирини сўрашга қарор қилдим. Мен Расулуллоҳнинг олдиларига бориш учун тайёрланаётганимда: „Ўша ерга бораётганимда менга ким ҳамроҳ бўлар экан?“ – деб ўйлар эдим. Шу пайт Сафвон ибн Умайяга дуч келдим. Аҳволни унга айтдим. У таклифимни рад этди. Сўнгра Икрима ибн Абу Жаҳлга дуч келдим. У ҳам рад этгач, уйимга кетдим. Уловимга миниб, Усмон ибн Талҳанинг олдига бордим. Унга ҳам мусулмон бўлиш учун Расулуллоҳнинг олдиларига боришимни айтдим ва менга ҳамроҳ бўлишини сўрадим. У иккиланмай рози бўлди ва эртаси куни саҳар вақтида бирга йўлга чиқдик. Ҳира деган жойга етиб борганимизда Амр ибн Ос билан учрашдик. У биздан қаерга кетаётганимизни сўради. Мақсадимизни айтгач, у ҳам Ҳабаш юртидан келаётганини, Нажоший Асҳаманинг олдида мусулмон бўлганини ва Расулуллоҳга байъат қилиш учун Мадинага кетаётганини айтди. Учаламиз Мадинага етиб бордик. Пайғамбаримиз келганимиздан хабардор бўлгач: „Макка жигарбандларини бизнинг томонимизга ташлади“, – деган эканлар. Мадинага келгач, сафар кийимимни ечдим. Кийимларимнинг энг чиройлисини кийиб, Расулуллоҳ билан учрашишга тайёрландим. Шу пайт укам Валид келиб: „Шошилинг, Пайғамбаримизга сизларнинг келганингизни хабар қилишибди, у зот жуда хурсанд бўлибдилар. Ҳозир сизларни кутмоқдалар“, – деди. Шошилиб, ўша улуғ Пайғамбарнинг ҳузурларига бордим. У зот табассум қилиб турар эдилар. Салом бердим ва: „Аллоҳу таолодан бошқа илоҳ йўқлигига ва сиз Аллоҳу таолонинг пайғамбари эканингизга шаҳодат бераман“, – дедим. У зот: „Сени ҳидоятга эриштирган, тўғри йўлни кўрсатган Аллоҳу таолога ҳамд бўлсин“, – дедилар. Сўнгра гуноҳларим кечирилиши учун Аллоҳу таолога дуо қилишларини сўрадим. У зот мен учун дуо қилдилар ва: „Ислом ўзидан олдин қилинган гуноҳларни кесиб ташлайди“, – дедилар. Икки ҳамроҳим ҳам мусулмон бўлдилар».2 Бу уч паҳлавон Макканинг энг ботирларидан эди: жонини аямас, мақсадлари йўлида жон беришдан заррача тортинмас эдилар. Шундай қилиб, улар кўнгилларидан жўш урган самимият билан Расули акрамнинг ҳузурларида саҳобаи киромдан бўлиш шарафига эришдилар. Энди улар бор кучлари билан куфрни йўқ қилиш учун ҳаракат қиладиган бўлдилар. Уларнинг мусулмон бўлганидан саҳобалар жуда хурсанд бўлдилар ва севинчларини «Аллоҳу акбар!» деган такбирлар билан изҳор қилдилар.

Ҳазрати Муҳаммад – Ҳақнинг садосидир,
Икки дунёнинг сарваридир у зот.
Араб ҳам, Ажам ҳам – у зотнинг бандаси.
Замон ул Гул каби гулни кўрмаган,
Сен ҳам ул Гўзалнинг олдида бош эг.
Имом Бусирий

«Ислом ўзидан олдин қилинган гуноҳларни кесиб ташлайди» Ҳадиси шариф