Севимли Пайғамбарим

Лайлаи Таърис қиссаси

Хайбар жангидан қайтаётганларида Таърис деган жойда дам олиш учун тўхтадилар. Ўша кеча Расулуллоҳ ҳазрати Билолни чақириб: «Ё Билол! Бу кеча ухлама! Тонгни кузатиб, бизни намозга уйғот», – дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ саҳобалар билан бирга ухлашга ётдилар. Ҳазрати Билол бир оз намоз ўқиди. Юзини кунчиқишга қаратиб, орқасини юкига суяди. Намоз вақтини кутаётиб, ухлаб қолди. Улар шу қадар чарчаган эдиларки, қуёш нурлари ерни иситиб, юзларига тушгунча ҳеч ким кўзини оча олмади. Ҳаммадан олдин Расулуллоҳ уйғондилар. Улар туриб, таҳорат олдилар. Ҳазрати Билол иқомат айтди ва улар бомдод намозини жамоат билан қазо қилдилар. Намоз тугагач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: «Бир киши намозини унутса, эсига тушган заҳоти уни адо қилсин. Чунки Ҳақ таоло: „Ақимис салота лизикрий (намозни Мени ёд этиш, улуғлигимни эслаш учун ўқи)“, – деб марҳамат қилган».

Ҳазрати Али учун қуёшнинг қайтиши

Хайбар жангидан қайтаётганларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Саҳбода дам олмоқда эдилар. Муборак бошларини ҳазрати Алининг (розияллоҳу анҳу) тиззасига қўйган эдилар. Шу пайт ваҳий кела бошлади. Қуёш уфқда эди. Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) ҳали аср намозини ўқимаган эди. Ваҳий тугагач, қуёш ботди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ё Раббим! Агар Али (розияллоҳу анҳу) Сенинг ва Расулингнинг тарафида бўлса, қуёшни қайтар», – деб дуо қилдилар. Ҳазрати Али намозни ўқиб бўлганидан кейин қуёш яна ботди. Асмо бинт Умайс шундай дейди: «Мен ботган қуёшнинг қайтиб чиққанини ва ер юзини ёритганини кўрдим».

Водил Қуро жанги

Бу жанг Жумодул охир ойида Водил Қурода бўлиб ўтди. Расулуллоҳнинг Ислом қўшини билан Водил Қурога келганларини эшитган ўлкадаги яҳудийлар араб мушрикларидан бир гуруҳнинг ёрдами билан жангга тайёрландилар. Жойларидан чиқиб, жанг тартибига тизилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам жанг тартибини туздириб, байроқни саҳобалардан бирига бердилар. Кофирларни Исломга даъват қилдилар ва: «Агар иймон келтирсангизлар, жонларингизни ва молларингизни қутқарасизлар», – дедилар. Улар насиҳатни қабул қилмадилар. Мушриклардан бири майдонга чиқиб, якка олишувга чақирди. Зубайр ибн Аввом (розияллоҳу анҳу) уни ўлдирди. Яна бири ҳазрати Алининг қаршисига чиқди. Ҳазрати имом у кофирни шу заҳоти жаҳаннам ўтига жўнатди. Яна бири келди, уни ҳам ўлдирди. Абу Дужона (розияллоҳу анҳу) икки яҳудийни ўлдирди. Ўша куни ўн беш кофир ўлдирилди. Кеч киргач, ҳар ким ўз манзилига кетди. Эрталаб икки томон ҳам яна қиличларини қинидан суғуриб, жангга тайёрландилар. Қуёш бир найза бўйи кўтарилганда, кофирларга қўрқув тушди ва улар қочиб кетдилар. Мужоҳидлар кўп неъмат ва ўлжа олдилар. Таймо яҳудийлари ҳам Водил Қуро яҳудийларининг бу оқибатидан қўрқувга тушдилар. Мулкларини сақлаб қолиш учун жизя тўлашга рози бўлдилар ва сулҳ тузилди.

«Хайбар қалъасининг дарвозасини жисмоний куч билан эмас, руҳоний бир куч билан кўтардим» Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)

Водил Қуро жанги