Севимли Пайғамбарим

ХАЙБАРНИНГ ФАТҲИ

Мунаввар Мадинада ташқи кўринишда мусулмон, аслида эса мунофиқ бўлган яҳудийлар бор эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилмасларидан олдин Мадина аҳли Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулни ўзларига бошлиқ қилиб сайлаган эдилар. Унга жавоҳирлар билан безатилган бир тож ҳам берган эдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ташриф буюрганларидан кейин Мадина аҳли бутунлай севимли Пайғамбаримизга ҳурмат ва эътибор кўрсата бошлади ва у зотга эргашди. Ибн Салул бир четда қадрсиз ҳолда қолди. Ибн Салулга эътибор бермай қўйишди. Шундан сўнг Ибн Салул Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлдириш ёки у зотга бирор азият етказиш учун ҳаракатга тушди. Бир куни яҳудийлар унинг олдига йиғилдилар. Бу ҳақда баъзи режалар тузиб, Лабид ибн Осимдан ёрдам сўрадилар. Лабид: «Фалон маҳаллада Хайра исмли бир кампир бор. У сеҳр қилишда жуда моҳир. Ўшани топинглар», – деди. Улар ўша малъун аёлни топиб, унга минг дирҳам олтин ва ўн тўп мато бердилар. «Агар Муҳаммадни ҳалок қилсанг, сенга яна жуда кўп нарсалар берамиз», – дедилар. Кампир бир кабутар боласига игналар санчиб, ипларни тугиб, кабутар боласининг устига ўради. Уни Мадинанинг ташқарисидаги бир ташландиқ қудуққа солиб, оғзини ёпди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бетоб бўлиб қолдилар. Муборак аъзолари ҳаракатсиз бўлиб қолди. Турли дорилар беришса ҳам, фойдаси бўлмади. Бу ҳол тўққиз кун давом этди.

Сўнгра Жаброил алайҳиссалом келиб, аҳволни хабар берди. Расулуллоҳни (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша ерга олиб боришди. У зот қудуқнинг оғзини очиб, кабутарни чиқардилар. Лекин иплардаги тугунларни ечиб бўлмади. Жаброил алайҳиссалом Муаввизатайн (Фалақ ва Нос) сураларини олиб келди ва: «Ё Муҳаммад алайҳиссалом! Бу сураларни ўша тугунлар устига ўқинг», – деди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) у сураларни ўқий бошладилар. Ҳар бир оятни ўқиганларида тугунлардан бири ечила, игналардан бири чиқа бошлади. Сураларни (икки сурадаги 11 оятни) тўлиқ ўқиб бўлганларида тугунларнинг ҳаммаси ечилди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) касалликдан бутунлай қутулиб, соғайиб кетдилар. Сўнгра у зот ўша малъун кишиларни чақириб, уларни койидилар. Мадина аҳли уларга шундай жазолар бердики, улар ҳалок бўлдилар. Яҳудий Лабидни ҳам ушлаб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига келтиришди. Пайғамбаримиз унга: «Буни нега қилдирдинг?» – деганларида, у: «Олтинга бўлган муҳаббатим учун», – деб жавоб берди. Саҳобаи киромдан баъзилари: «Ё Расулаллоҳ! Ижозат берсангиз, бу яҳудийнинг бўйнини чопайлик!» – деганларида, ўз шахслари учун ҳеч кимни жазоламайдиган севимли Пайғамбаримиз: «Унинг охирида кўрадиган илоҳий азоби қаттиқроқдир», – деб, уни ўлдиришга рухсат бермадилар.1 Мадинадан қувилгач, яҳудийлар Арабистоннинг шимол тарафларига кетган эдилар. Улардан бир қисми Хайбарда қолиб, жойлашди. Бир қисми эса шимолда жойлашган Шомга кетди. Расулуллоҳга суиқасд уюштирганлари учун улар юртларидан чиқарилган эдилар. Лекин мусулмонларга қарши қалбларидаги кин, ҳирс ва интиқом туйғулари ҳеч қачон сўнмади. Аксинча, кундан-кунга кучайди: улар Аллоҳу таолонинг Ҳабиби бўлган Коинот султонининг ҳаётига тезроқ барҳам беришни, Ислом динини йўқ қилишни истар эдилар.

Уларнинг кўзга кўринган кишиларидан баъзилари: «Ғатафон қабиласига бориб, ёрдам сўрайлик, мусулмонларга қарши улар билан бирга урушайлик!» – дедилар. Баъзилари эса: «Фадак, Таймо ва Водил Қуро яҳудийларини ҳам ёрдамга чақириб, мусулмонлар бизга ҳужум қилмасларидан олдин уларнинг шаҳрига биз ҳужум қилайлик, бутун ўчимизни олайлик!…» – дедилар. Хайбар яҳудийлари бу сўзни қабул қилиб, атрофдаги яҳудий қабилаларини ва Ғатафон қабиласини ёрдамга чақирдилар. Биргина Ғатафон қабиласидан жуда кўп сара жангчилар келди ва Хайбарда тайёргарлик бошланди. Улар шундай тайёргарлик кўраётганда, Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) яҳудийларнинг аҳволидан хабардор бўлдилар. У зот ҳазрати Абдуллоҳ ибн Равоҳанинг ёнига уч саҳобани қўшиб, Хайбарда нималар бўлаётганини билиш учун уни дарҳол юбордилар. Абдуллоҳ ибн Равоҳа ва унинг уч ҳамроҳи тезда Хайбарга келдилар. Бу – саккизта мустаҳкам қалъаси, яна бошқа майда-чуйда қалъалари, ҳосилдор ерлари, жуда кўп токзор ва боғлари бўлган бой бир шаҳар эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ҳамроҳларидан бирини Шиқ қалъасига, бошқасини Катиба қалъасига, учинчисини Натот қалъасига юборди. Ўзи эса бошқа бир қалъага кирди. Уч кун улар яҳудийларнинг аҳволини, урушга тайёргарликларини яқиндан ўргандилар. Уч кундан кейин учрашув жойида бирлашиб, тезда Мадинага қайтдилар ва яҳудийларнинг тайёргарликларини Пайғамбаримизга бирма-бир айтиб бердилар.

Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларига шошилинч тайёргарлик кўришни буюрдилар. Яҳудийларнинг Мадинаи мунавварага ҳужум қилишининг олдини олиш учун Хайбар устига юришга қарор қилдилар. Бу қарорни эшитган Мадинадаги яҳудийлар саросимага тушдилар. Мусулмонларнинг руҳиятини тушириш учун улар: «Қасам ичамизки, агар сизлар Хайбардаги қалъаларни, у ерга тўпланган ботир жангчиларни кўрганингизда эди, у ерга ҳеч қачон қадам босмас эдингиз!… Тоғларнинг чўққисидаги баланд буржли қалъаларни совутли ботирлар қўриқламоқда. Атрофдан уларга ёрдамга минглаб аскар келди!… Сизлар Хайбарни фатҳ эта олармидингиз?!…» – деб гапирар эдилар. Уларга жавобан қаҳрамон саҳобалар: «Аллоҳу таоло Ўз Ҳабибига Хайбарнинг фатҳини ваъда қилган», – деб, яҳудийлардан ҳеч қачон қўрқмасликларини билдирар эдилар. Саҳобаларнинг бундай қатъиятли ҳолати яҳудийларни янада кўпроқ ташвишга солар, хавотирга туширар эди. Мунофиқларнинг бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай: «Муҳаммад оз куч билан устингизга келмоқда. Қўрқадиган ҳеч гап йўқ, лекин эҳтиёткор бўлиб, молларингизни қалъаларингизга тўлдиринглар. Уларни қалъадан чиқиб қарши олинглар!» – деб, Хайбарга шошилинч хабар юборди. Саҳобаи киром тайёргарликларини тугатдилар, оила аъзолари билан рози-ризолик тилашиб, хайрлашиб, Пайғамбаримизнинг атрофларига тўпландилар. Улар икки юз отлиқ ва минг тўрт юз пиёда эдилар. Аллоҳу таолонинг динини ёйиш, жиҳод қилиш ва шаҳидлик мартабасига эришиш учун севимли Пайғамбарларининг амрига тайёр турдилар. Шу пайтда баъзи аёллар урушда саҳобаи киромнинг овқатини тайёрлаш, ярадор ва беморларга қараш, яраларни боғлаш, дори тайёрлаш ва қўлларидан келадиган бошқа ишларни бажариш учун Пайғамбаримиздан вазифа сўрадилар. Расулуллоҳ уларга шафқат кўрсатиб, уларни бу савобдан маҳрум қилмадилар. Шундай қилиб, мужоҳидларга севимли Пайғамбаримизнинг муборак завжалари ҳазрати Умму Салама бошчилигида йигирма нафар мужоҳида аёл ҳам қўшилди.2

Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинада ўз ўринларига ўринбосар қилиб Ғифор қабиласидан ҳазрати Сибоъни қолдирдилар ва Хайбарга юриш ҳақида буйруқ бердилар. (Нумайла ибн Абдуллоҳнинг қолдирилгани ҳам ривоят қилинади.) Сафар такбирлар билан бошланди. Узрлари сабабли урушга қатнаша олмаган, ёшлари кичик бўлгани учун рухсат берилмаган саҳобалар Пайғамбаримизга ва ўзларининг қаҳрамон оталарига, боболарига, амакиларига, тоғаларига ва акаларига ҳавас билан қарар, уларни такбирлар ва дуолар билан кузатар эдилар.

«Хайбар қалъаси Али ибн Абу Толиб қўли билан фатҳ этилади» Ҳадиси шариф

Тақвим ҳижратнинг еттинчи йили Муҳаррам ойини кўрсатар эди. Пайғамбаримизнинг муқаддас байроқларини ҳазрати Али кўтариб борар, ўнг қанотга ҳазрати Умар бошчилик қилар эди.3 Чап қанотга ҳам у зот бошқа бир саҳобани тайинладилар. Сафар хуш кайфиятда ўтмоқда эди. Шоирлар шеърлари билан Аллоҳу таолога берган неъматлари учун ҳамд айтар, севимли Пайғамбаримизга салавот айтар ва шонли саҳобаларни мадҳ этар эдилар. Саҳобалар эса байрамга бораётгандек, ҳаммалари бирга «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар!» деб, бутун атрофни ларзага солар эдилар.

Ҳар бир қўналғада Коинот султони: «Аллоҳим! Келажак ташвишидан, ўтмиш ғамидан, ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик, қўрқоқлик ва белни букадиган қарздан, золим ва ноҳақ кишиларнинг устун келишидан Сенга паноҳ сўрайман!» – деб дуо қилар эдилар.

Хайбарга яқинлашганда, севимли Пайғамбаримиз саҳобаларини тўхтатдилар. Қўлларини очиб: «Эй осмонларнинг ва улар соя солган нарсаларнинг Рабби бўлган Аллоҳим! Эй ерларнинг ва улар устидаги нарсаларнинг Рабби бўлган Аллоҳим! Эй шайтонларнинг ва улар йўлдан оздирганларнинг Рабби бўлган Аллоҳим! Эй шамолларнинг ва улар учириб юрган нарсаларнинг Рабби бўлган Аллоҳим! Биз Сендан бу юртнинг хайрини ва яхшилигини, бу юртда яшайдиган одамларнинг хайрини ва яхшилигини, шунингдек, бу юртдаги ҳар бир нарсанинг хайрини ва яхшилигини сўраймиз. Бу юртнинг ёмонлигидан, одамларнинг ёмонлигидан ва ундаги ҳар бир нарсанинг ёмонлигидан Сенга паноҳ сўраймиз!» – деб муножот қила бошладилар.

Саҳобаларнинг лабларидан «Омин, омин» деган садолар янграр эди. Шундан сўнг у зот саҳобаларига: «„Бисмиллаҳир роҳманир роҳим“ деб олға юринглар», – дедилар.

Саҳобаи киром Расули акрамнинг атрофларида жипслашиб, яна йўлга тушдилар. Улар Хайбарнинг энг мустаҳкам қалъаларидан бири бўлган Натот қалъаси яқинига келдилар.

У ерда қароргоҳ қурдилар. Шом вақти эди. Расулуллоҳнинг муборак одатлари бўйича тонг отмагунча ҳужум қилинмас ва аввал Исломга даъват қилинар эди. Таклифни қабул қилмасалар, уруш бошланар эди. Шунинг учун саҳобаи киром тонгни кутдилар. Яҳудийлардан ҳеч бири Ислом қўшини келганини сезмаган эди. Коинот сарвари бомдод намозига имомлик қилгач, тайёргарликни тугатдилар ва мужоҳидларни ҳаракатга келтирдилар. Икки юз отлиқ ва минг тўрт юз пиёда тартибли сафлар билан Натот қалъаси олдига яқинлашдилар. Шу пайтда токзорлар, боғлар ва далаларда ишлаш учун қалъадан чиққан яҳудийлар бирдан Ислом аскарларига дуч келиб, саросимага тушиб қолдилар.

Улар: «Қасам ичамизки, булар – Муҳаммад ва унинг тартибли қўшини!…» – деб, ортга қоча бошладилар. Уларнинг бу ҳолини кўрган севимли Пайғамбаримиз: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Хайбар хароб бўлди», – дедилар ва бу муборак сўзларини уч марта такрорладилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) яҳудийларга ё мусулмон бўлишлари, ё таслим бўлиб, хирож ва жизя тўлашлари кераклигини, акс ҳолда уруш бўлиб, қон тўкилишини билдирдилар. Яҳудийлар кўзга кўринганларидан Саллом ибн Мишкамнинг олдига бориб, аҳволни етказдилар. Саллом: «Мен сизларга бундан олдин Муҳаммаднинг устига юринглар деган эдим, қабул қилмадинглар. Ҳеч бўлмаганда энди у билан урушишда сустлик қилманглар. Мусулмонлар билан уруша-уруша ўлишингиз ҳаётда кимсасиз қолишингиздан яхшироқдир!…» – деб, уларни урушга ундади. Яҳудийлар тезда бола-чақалари ва хотинларини Катиба қалъасига, озиқ-овқатларини Ноимга, аскарларини эса Натот қалъасига тўпладилар.

Ислом қўшинининг мусулмон бўлиш ҳақидаги таклифига яҳудийлар ўқ отиш билан жавоб бердилар. Мужоҳидлар ўқларни қалқонлари билан қарши олдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг буйруқлари билан камонлар тортилди ва «Аллоҳу акбар!…» садолари остида қалъа буржларидаги яҳудийлар устига ўқлар учди. Энди уруш бошланган эди. Бир томонда Коинот султони ва у зотнинг қаҳрамон саҳобалари Исломни ёйиш, яҳудийларнинг мусулмон бўлиб, жаҳаннамдан қутулишларига сабаб бўлиш учун жанг қилмоқда эдилар. Иккинчи томонда эса насиҳатга қулоқ солмайдиган, ҳар фурсатда мусулмонларга орқадан зарба беришни истайдиган, ҳақиқатни кўрмасликда қайсарлик қиладиган яҳудийлар бор эди. Яҳудийлар пайғамбарларнинг охиргиси (Хотамул анбиё) бўлган Пайғамбаримизнинг ўз қавмларидан чиқмаганини кўргач, ҳасад қилиб, у зотни қабул қилмаган эдилар. Пайғамбаримизни болаликларидан бошлаб йўқ қилиш учун хаёлларига келган ҳар қандай ҳийлага қўл урган эдилар, лекин Аллоҳу таолонинг ҳимояси туфайли ҳеч нарса қила олмаган эдилар.

Минг олти юз шонли мужоҳид устига ўн мингдан ортиқ яҳудий аскари ўқ ёғдирар эди. Саҳобаи киром кетма-кет келаётган бу ўқлардан қалқонлари билан ҳимояланар, фурсат топганда эса ерга тушган ўқларни яҳудийлар устига қайта отар эдилар. Лекин баъзи саҳобалар яраландилар.

Бир пайт Ҳабибуллоҳнинг ҳузурларига ҳазрати Ҳубоб ибн Мунзир катта адаб билан яқинлашиб: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Қароргоҳимизни бошқа жойга қурсак бўлмайдими?» – деб сўради. Пайғамбаримиз: «Иншоаллоҳу таоло, кеч кирганда кўчирамиз!» – дедилар. Мужоҳидлар ўқ етадиган масофага кириб қолган эдилар. Яҳудийларнинг қалъадан отган ўқлари Ислом қароргоҳининг орқа қисмларигача етиб борар эди.4 Ўша куни кечгача уруш ўқлар билан давом этди. Элликка яқин саҳоба отилган ўқлардан яраланди. Кеч киргач, янги қароргоҳ жойини излаш учун ҳазрати Муҳаммад ибн Масламага вазифа берилди. У Ражиъ деган жойнинг қулай эканини айтгач, Ислом қароргоҳи ўша ерга кўчирилди.

«Биз, пайғамбарлар, мерос қолдирмаймиз. Қолдирганларимиз камбағалларга садақа бўлади» Ҳадиси шариф

Хайбар жанги

Ярадорлар ҳам даволана бошлади.5 Эртаси куни қаҳрамон саҳобалар Натот олдига келиб, кечгача жанг қилдилар. Учинчи, тўртинчи ва бешинчи кунлари ҳам қамал давом этди. Яҳудийлар доим мудофаада қолдилар. Ўша кунлари севимли Пайғамбаримиз қаттиқ бош оғриғига чалинганлари учун икки кун мужоҳидлар орасида бўла олмадилар. Биринчи куни байроқни ҳазрати Абу Бакрга, иккинчи куни ҳазрати Умарга бердилар. Иккаласи ҳам саҳобаи киромнинг бошида туриб, яҳудийларга қарши жуда қаттиқ жанг қилдилар, лекин қалъани фатҳ этиш мумкин бўлмади. Шу орада жасорати ортган яҳудийлар қалъа дарвозаларини очиб, ҳужумга ўтдилар. Энди юзма-юз олишув бошланган эди. Уруш жуда қизиди. Пайғамбаримиз саҳобаларига: «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!… деб такбир айтинглар», – деганлари сари улар такбир садолари остида ишқ ва шавқ билан душманга қилич солар эдилар. Бир пайт Муҳаммад ибн Масламанинг биродари Маҳмуд шаҳид қилинди. Қаттиқ тўқнашувлар кечгача давом этди.

Эртаси куни Хайбарнинг энг машҳур қўмондонларидан Марҳаб совутларга бурканган ҳолда қалъадан ташқарига чиқди. У бақувват, дев каби бир одам эди. Шу пайтгача унинг қаршисига уни енга оладиган бирор паҳлавон чиқмаган эди. У мужоҳидларга ўгирилиб: «Мен – жасорати, қаҳрамонлиги билан танилган Марҳабман!» – деб мақтана бошлади. У шундай мақтанаётганда, саҳобалар орасидан бир мужоҳид олдинга отилиб чиқди. У Марҳабга қарата: «Мен ҳам даҳшатли ва шиддатли жангларнинг ўртасига ташланишдан қўрқмайдиган Омирман!» – деб наъра тортди ва дарҳол унинг қаршисида турди. Дев Марҳаб устига «Кимга тегса, ҳалок қилади!…» деб ёзилган қиличини ҳазрати Омирга бор кучи билан урди. Қаҳрамон Омир шу заҳоти қалқонини кўтарди. Кенг қилич қалқонга урилганда, қаттиқ бир овоз атрофни жаранглатди ва қилич қалқонга санчилиб қолди.

Ҳазрати Омир Яратганга сиғиниб: «Ё Аллоҳ!» – деб, қиличини Марҳабнинг совутли оёқларига солди. Қилич пўлат совутга тегар-тегмас ортга қайтиб, бирдан саҳобанинг ўз оёғига тегди. Қиличнинг шиддат билан ортга қайтиши ҳазрати Омирнинг оёғидаги шоҳ томирнинг кесилишига сабаб бўлди. Саҳобаи киром югуриб келиб, Омирни қучоқлаб, даволаш учун қароргоҳга олиб кетдилар. Лекин Омир (розияллоҳу анҳу) ўша ерда шаҳид бўлиб, олий жаннатга парвоз қилди.6

Тўқнашувлар бор шиддати билан давом этмоқда эди. Кечга яқин севимли Пайғамбаримиз мушрик ғатафонликларга – улар яҳудийларга тўрт минг аскар билан ёрдамга келиб, урушга қўшилган эдилар – яҳудийлардан ажралиб, юртларига қайтиб кетишни таклиф қилдилар. Шундай қилсалар, Хайбарнинг бир йиллик хурмо ҳосилини уларга беришларини ҳам ваъда қилдилар. Лекин ғатафонликлар бу таклифни рад этдилар. Шундан сўнг Оламлар сарвари (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларига ғатафонликлар турган қалъа атрофида тонг оттиришни буюрдилар. Ғатафонликлар кечаси мужоҳидларнинг ҳужум қилишидан жуда қўрқдилар, сира ухлай олмадилар. Ўша кеча қаердан келгани номаълум бир овоз Ғатафон юртига босқин қилинганини, бола-чақалари ва моллари қўлга олинганини билдирар эди. Бу овоз уч марта такрорланди ва барча ғатафонликлар уни катта қўрқув ичида тингладилар. Уларнинг қўмондони Уяйна ҳам шу овозни уч марта эшитди ва тонг отай деганда аскарларини олиб, Хайбардан шошилиб узоқлашди ва юртининг йўлини тутди. Эрталаб яҳудийлар ғатафонликларнинг Хайбарни сабабсиз тарк этганларига ҳайрон қолдилар ва умидсизликка тушдилар. Уларни ёрдамга чақирганларига ҳам жуда пушаймон бўлдилар.

«Хайбар қалъасини олган кунимиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) хонаки эшак гўштини ейишни ва мутъа никоҳи билан аёл олишни ман қилдилар» Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)

Ҳазрати Алининг қаҳрамонлиги

Ўша куни ҳам Хайбар олдида қаттиқ тўқнашувлар бўлди, лекин қалъа фатҳ этилмади. Кечқурун Коинот султони: «Эртага байроқни шундай бир йигитга бераманки, у Аллоҳу таолони ва Унинг Расулини севади, Аллоҳу таоло ва Унинг Расули ҳам уни севади. Аллоҳу таоло унинг қўли билан фатҳни амалга оширади!» – деб хушхабар бердилар.

Ўша кеча саҳобаи киром ҳаяжон билан тонгни кутдилар. Ҳар бири байроқ ўзига берилишини умид қилар, шу йўлда Аллоҳу таолога дуолар қилар эди. Ҳазрати Билол Ҳабаший бомдод азонини ўтли ва гўзал овози билан айтди. Азон айтилаётганда ҳар кимда ўзгача бир ҳаяжон, ўзгача бир завқ пайдо бўлар, у илоҳий завқдан тўйиб бўлмас эди. Севимли Пайғамбаримиз саҳобаларига бомдод намозида имомлик қилгач, ўринларидан турдилар. Муборак Ислом байроғини келтиришни буюрдилар. Муқаддас байроқ келтирилаётганда, саҳобаи киром оёқда кутиб турар, Расули акрамнинг муборак лабларидан чиқадиган сўзларни эшитиш учун қулоқ тутиб турар эдилар.

Ниҳоят Оламлар сарвари: «Муҳаммаднинг зотини пайғамбарлик билан шарафлаган Аллоҳу таолога қасамки, мен бу байроқни қочиш нималигини билмайдиган бир йигитга бераман», – деб, муборак кўзларини саҳобалари орасида айлантириб: «Али қаерда?» – деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ё Расулаллоҳ! Унинг кўзлари оғримоқда», – дейишганда, у зот: «Уни менинг олдимга чақиринглар», – дедилар. Ўша кунлари ҳазрати Алининг кўзлари оғриб, уларни оча олмай қолган эди. Унинг олдига бориб, аҳволни билдиришди ва муборак қўлидан тутиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келишди. Коинот султони ҳазрати Алининг шифо топиши учун Аллоҳу таолога дуо қилдилар ва муборак бармоқларини оғизларида ҳўллаб, унинг кўзларига суртдилар. Шу онда ҳазрати Алининг кўзларида ҳеч қандай оғриқ қолмади. Сўнгра у зот унинг учун яна: «Ё Раббим! Иссиқ ва совуқнинг машаққатини ундан кетказ!» – деб дуо қилдилар. Кейин муборак қўллари билан ҳазрати Алига совут кийдириб, белига ўз қиличларини боғладилар, қўлига оқ Ислом байроғини бердилар ва: «Аллоҳу таоло сенга зафар насиб этгунча жанг қил. Эҳтиёт бўл, ортингга қайрилма!» – дедилар. Ҳазрати Али: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Улар Ислом динига киргунларича улар билан жанг қиламан», – деди. Севимли Пайғамбаримиз: «Валлоҳи, сен туфайли Аллоҳу таолонинг улардан бирор кишини ҳидоятга эриштириши сен учун кўплаб қизил туяларга эга бўлиб, уларни Аллоҳу таоло йўлида садақа қилишингдан яхшироқдир», – дедилар.7

Ҳазрати Али қўлида байроқ билан яҳудий қалъаси томон бораётганда, шонли саҳобалар ҳам унинг ортидан юрдилар. Қалъага жуда яқин келиб, байроқни бир тош ёнига тиккан пайтда Натот қалъасининг дарвозаси очилди.

Яҳудийларнинг ҳужум гуруҳлари ташқарига чиқдилар. Булар Хайбарнинг энг сара қаҳрамонлари эди. Ҳар бири қўш совут кийган, темир ҳимоя кийимларига бурканган эди. Улардан бири ҳазрати Али томон юриб, жанг қилиш учун унинг қаршисида турди. Бу – жасоратда тенги бўлмаган Марҳабнинг биродари Ҳорис эди. У шиддат билан ҳужум қилди… Икки пўлатнинг овози майдонни тутганда, Зулфиқор чақмоқдек тушиб, Ҳориснинг бошини танасидан жудо қилди. Шу онда «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!» садолари осмонга кўтарилди. Биродарининг ўлдирилганини эшитган Марҳаб қўл остидаги аскарлари билан чопиб майдонга келди ва ҳазрати Алининг қаршисида турди. Унинг устида ҳам қўш совут бор эди. Иккита қилич тақиб олган, катта гавдали Марҳаб гўё бир девни эслатар эди. Бутун ғазаби билан у: «Мен – жангларнинг энг шиддатли пайтларида майдонга отилиб, қаҳрамонларча жанг қиладиган Марҳабман! Мен наъра тортган шерларни ҳам найзам ёки қиличим билан илма-тешик қиламан!…» – деб, ўзини мақтай бошлади.

Ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу ва розияллоҳу анҳу) шундай жавоб берди: «Мен шундай кишиманки, онам менга Ҳайдар (Арслон) деб исм қўйган. Мен ҳайбатли шер кабиман! Мен сени бир зарбада ерга қулатадиган ботир кишиман!…»

Марҳаб ҳазрати Алидан «Ҳайдар» сўзини эшитгач, қалбига қўрқув тушди. Чунки кечаси тушида бир шер уни парчалаб ташлаган эди. Тушида кўрган шер наҳотки шу бўлса? Шу пайт дев Марҳаб ҳамла қилди, ҳазрати Али уни қалқони билан қарши олди. Сўнгра Аллоҳу таолога сиғиниб: «Ё Аллоҳ!…» – деб, Зулфиқорни кофирнинг бошига шундай туширдики, катта гавдали Марҳабнинг Зулфиқорга қарши тутган қалин пўлат қалқонини ҳам, пўлатдан ясалган дубулғасини ҳам иккига бўлиб, бошини тепасидан гарданигача иккига ажратди. Унинг бўйнидан қон фаввора каби отилиб чиқди, девдек гавдаси ерга қулади. Зулфиқорнинг даҳшатли овози Хайбарнинг ҳар тарафида эшитилди. Пайғамбаримиз: «Хурсанд бўлинглар! Хайбарнинг фатҳи энди осонлашди», – дедилар. Саҳобаи киром ҳазрати Алининг бу баҳодирлигига ҳайрон қолиб, «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…» садолари билан осмонни жаранглатдилар.

Тўқнашув бор шиддати билан давом этмоқда эди. Саҳобаи киром уруша-уруша қалъа дарвозаси ёнига келган бир пайтда бир яҳудий қиличи билан ҳазрати Алининг қалқонига урди. Қалқон ерга тушди, лекин эгилиб олишга вақт йўқ эди. Фурсатни қўлдан бой беришни истамаган яҳудий қалқонни илиб олди-да, ортга қочди. Бундан жуда хафа бўлган Аллоҳу таолонинг Арслони Зулфиқор билан атрофидаги душманларни тарқатгандан кейин қалъанинг дарвозасини қалқон қилишни ният қилди. «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», – деб, у катта темир дарвозанинг ҳалқаларига осилди. Илмоқларини девордан силкитиб суғуриб олди… Ҳазрати Али дарвозани суғураётганда қалъа ўрнидан силкиниб кетди. Саккиз-ўн паҳлавон ўрнидан қўзғата олмайдиган бу дарвозани бир қўли билан қалқон қилиб, жанг қила бошлади. Бу ақл бовар қилмайдиган воқеа севимли Пайғамбаримизнинг бир мўъжизалари ва ҳазрати Алининг бир кароматидир.8

Унинг қаршисига кетма-кет яҳудийларнинг энг ботир паҳлавонларидан яна олтитаси чиқди. Уларни ҳам Аллоҳу таолонинг изни билан енгган ҳазрати Али қаҳрамон ҳамроҳлари билан қалъага кирди. Энди жанг қалъа ичида бўлмоқда эди. Қисқа вақт ичида уларга қарши чиқадиган киши қолмади. Ислом байроғини қалъага тикишди. Шундай қилиб, уларнинг энг мустаҳкам қалъаси бўлган Натот фатҳ этилди. Севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Алининг кўзларидан ўпдилар ва: «Кўрсатган қаҳрамонлигинг учун Аллоҳу таоло ва Унинг Расули сендан рози бўлди», – дедилар. Бу муборак сўзни эшитган ҳазрати Али севинчидан йиғлади. Пайғамбаримиз: «Нега йиғлаяпсан?» – деб сўраганларида, у: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Севинчимдан йиғлаяпман. Чунки Аллоҳу таоло ва Унинг Расули мендан рози бўлди», – деди. Шунда севимли Пайғамбаримиз: «Фақат мен эмас, Жаброил, Микоил ва барча фаришталар сендан рози бўлдилар», – дедилар. Шу пайтда Пайғамбаримизга ёрдамга Давс қабиласидан тўрт юз мусулмон келди.9 Шундан кейин қолган қалъаларни фатҳ этиш учун тўқнашувлар шиддат билан давом эттирилди. Хайбарнинг қолган еттита мустаҳкам қалъаси ҳам бирин-кетин қулагач, илож тополмай қолган яҳудийлар вакиллар юбориб, сулҳ сўрадилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу таклифни қабул қилдилар ва улар қуйидаги шартлар асосида келишдилар: 1. Бу ғазотда мусулмонлар билан урушган яҳудийларнинг қони тўкилмайди. 2. Хайбарни тарк этадиган яҳудийлар ўзлари билан фақат болаларини ва бир туя юки керакли уй анжомларини олиб кета оладилар. 3. Қолган кўчар ва кўчмас молларнинг ҳаммаси; совут, қилич, қалқон, камон, ўқ каби барча қуроллар, устларидаги кийимдан бошқа ҳамма кийим-кечаклар; матолар, олтинлар ва шунингдек хазиналар, от, туя, қўй каби барча ҳайвонлар… нима бўлса, ҳаммаси мусулмонларга қолади. 4. Мусулмонларга қолдирилиши лозим бўлган бирор нарса ҳеч қандай йўл билан яширилмайди. Яширганлар Аллоҳу таоло ва Унинг Расулининг омонлиги ва ҳимоясидан ташқарида қоладилар…

«Мен шундай кишиманки, онам менга Ҳайдар (Арслон) деб исм қўйган. Мен ҳайбатли шер кабиман!» Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу)

Бу шартларга риоя қилмаган, хазиналарини мешларга солиб, ерга кўмган Кинона ибн Робиъ жазоланди. Қўлга киритилган ўлжанинг ҳисоб-китоби йўқ эди. Хайбарнинг ўша ҳосилдор ерлари, хурмозорлари бутунлай Ислом қўшинига қолди.10 Шу пайтда юртларига қайтиб кетган ғатафонликлар яҳудийларга ёрдам бериш учун Хайбарга қайтиб келган эдилар. Пайғамбаримиз Хайбарни фатҳ этиб, яҳудийларни таслим қилганларини кўргач, улар: «Эй Муҳаммад! Сен, агар Хайбарни тарк этсак, бизга Хайбарнинг бир йиллик хурмосини беришни ваъда қилган эдинг. Биз сўзимизда турдик. Қани, уларни бизга бер!» – дедилар. Пайғамбаримиз уларга: «Фалон тоғ сизларники бўлсин», – дедилар. Ғатафонликлар: «Ундай бўлса, биз сизлар билан урушамиз», – деб таҳдид қилишга уриндилар. Расули акрам: «Уруш жойимиз Жанафа бўлсин», – дедилар. Жанафа ғатафонликлар ўлкасидаги бир жойнинг номи эди. Ғатафонликлар буни эшитгач, қўрққанларидан чекиниб кетдилар.

Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у зотнинг қаҳрамон саҳобалари Хайбар фатҳи пайтида жуда чарчаган эдилар. Бир томондан ярадорлар даволанар, иккинчи томондан дам олар эдилар.

Яҳудийларнинг кўзга кўринганларидан Саллом ибн Мишкамнинг хотини Зайнаб Пайғамбаримизни заҳарлаб ўлдирмоқчи бўлди. Шу мақсадда у бир қўй сўйиб пиширди ва гўштга кўп миқдорда заҳар қўшди. Сўнгра Расулуллоҳнинг ҳузурларига келиб, ҳадя келтирганини айтди. Расули акрам ҳадяни қабул қилиб, саҳобаларини чақирдилар ва ҳаммалари бирга овқатланишга ўтирдилар. Оламлар сарвари қўй кабобидан бир бўлак узиб олиб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», – деб, муборак оғизларига солдилар. Бир неча марта чайнагач, дарҳол муборак оғизларидан чиқариб: «Эй саҳобаларим! Бу таомдан қўлингизни тортинглар! Чунки мана шу курак гўшти менга заҳарланганини хабар қилди», – дедилар. Саҳобалар дарҳол қўлларини таомдан тортдилар. Лекин гўштдан бир луқма еган ҳазрати Бишр ибн Баронинг бадани дарҳол кўкариб кетди ва у шаҳид бўлди. Севимли Пайғамбаримизга Жаброил алайҳиссалом келиб, муборак тупукларига аралашган заҳарнинг таъсиридан қутулиш учун муборак елкалари орасидан ҳижома қилдириб, қон олдиришни айтди. Шундай қилинди. Сўнгра заҳарли кабоб ерга кўмилди. Бу ишни қилган Зайнаб ушланиб, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келтирилди.

Пайғамбаримиз унга: «Бу қўй кабобини сен заҳарладингми?» – дедилар. У қилмишини тан олиб: «Ҳа! Мен заҳарладим!» – деди. Пайғамбаримиз: «Буни нега қилмоқчи бўлдинг?» – деб сўраганларида, у: «Сен менинг эримни, отамни, амакимни ўлдирдинг. Ўзимга ўзим: „Агар у ҳақиқатан пайғамбар бўлса, Аллоҳ унга билдиради. Агар пайғамбар бўлмаса, бу заҳар унга таъсир қилади ва у ўлади. Шу тариқа ундан қутулган бўламиз“, – дедим», – деди. Саҳобаи киром бу воқеадан жуда хафа бўлдилар. Улар: «Жонларимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Буни ўлдирайликми?» – деб сўрашганда, ўз шахсларига қилинган ҳар қандай ҳақоратни кечирадиган Оламлар сарвари буни ҳам кечирдилар. Бу улуғ марҳаматни кўрган Зайнаб калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди.11 Хайбарда қўлга тушган ўлжалар ва асирлар орасида Ҳуяй ибн Ахтабнинг қизи Сафийя ҳам бор эди. У бош қўмондонлик ҳаққи сифатида Пайғамбаримизнинг улушларига тушди. Оламлар сарвари ўз асираларини озод қилдилар. Сафийя бундан қаттиқ таъсирланиб, чин дилдан калимаи шаҳодат келтириб, мусулмон бўлди. Бундан жуда хурсанд бўлган севимли Пайғамбаримиз ҳазрати Сафийя онамизни никоҳлари билан шарафлаб, севинтирдилар. Шундай қилиб, ҳазрати Сафийя мўминларнинг онаси бўлди. Саҳбо деган жойда тўйлари бўлиб, қовун ва хурмодан валима, яъни тўй зиёфати берилди.12

Сафийя онамизнинг муборак кўзларида бир кўкарган из кўринар эди.

Севимли Пайғамбаримиз: «Бу қандай из?» – деб сўраганларида, у шундай деди: «Бир кеча тушимда ойнинг осмондан тушиб, қучоғимга кирганини кўрган эдим. Буни эрим Кинонага айтганимда, у: „Сен устимизга келаётган ўша араб подшоҳининг хотини бўлишга кўз тикибсан!“ – деб, кўзимга шапалоқ урди ва кўриб турганингиздек, кўкариб қолди». Хайбар фатҳ этилгандан кейин яҳудийлар Пайғамбаримизга шундай таклиф билан келдилар: «Ё Муҳаммад! Биз Хайбардан чиқиб кетамиз. Лекин биз деҳқончиликни, дала, токзор ва боғларни парвариш қилишни яхши биламиз. Хоҳласанг, бу ҳосилдор ерларни бизга ижарага бер. Бу мулкларга ишлов берайлик ва чиққан ҳосилнинг ярмини сенга берайлик!» Севимли Пайғамбаримизнинг ва саҳобаларнинг дала ишлари билан шуғулланишга вақтлари йўқ эди. Улар Ислом динини ёйиш учун ҳаракат қилар, жиҳоди фи сабилиллоҳ учун кечаларини кундузларига улаб, тинмай меҳнат қилар эдилар.13 Бу таклифдан Пайғамбаримиз мамнун бўлдилар ва: «Хоҳлаган пайтимизда сизларни чиқариш шарти билан», – дедилар. Яҳудийлар буни қабул қилдилар ва Хайбар ерларига ишлов бера бошладилар.14 Пайғамбаримиз саҳобалари билан ғолиб бўлиб Мадинага қайтдилар. Шу кунларда Ҳабашистонга ҳижрат қилган муҳожирлардан сўнгги қолган саҳобалар – улар орасида Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо) ҳам бор эди – Жаъфар ибн Абу Толибнинг амирлиги остида Нажоший берган икки кемага миниб, Жар портига тушдилар. У ердан туяларга миниб, Мадинага келдилар. Ўн икки йил олдин Ҳабашистонга ҳижрат қилган саҳобаларининг Жаъфар ибн Абу Толиб бошчилигида келганларини кўриб, Пайғамбаримиз жуда хурсанд бўлдилар. Ҳазрати Жаъфарнинг пешонасидан ўпиб, бағирларига босдилар ва шундай дедилар:

«Эй саҳобаларим! Бу таомдан қўлингизни тортинглар! Чунки мана шу курак гўшти менга заҳарланганини хабар қилди» Ҳадиси шариф

«Хайбарнинг фатҳигами ёки Жаъфарнинг келишигами севинай – билмайман. Сизларнинг ҳижратингиз икки мартадир: сизлар ҳам Ҳабаш юртига, ҳам менинг юртимга ҳижрат қилдингиз». Улар Нажоший Асҳама юборган ҳадяларни ва мактубни Расулуллоҳга топширдилар. Умму Ҳабиба онамиз билан тўйлари ҳам шу йили бўлди. Умму Ҳабиба онамиз ўшанда ўттиз олти ёшда эди. Хайбарда қўлга киритилган ўлжалар Ҳудайбия сулҳида қатнашган барча саҳобаи киромга, Хайбар жангида қатнашганларга, Ҳабашистондан ҳижрат қилиб келган саҳобаларга ва фатҳда иштирок этган Давс қабиласига тақсимлаб берилди.15

Хайбарнинг фатҳ этилиши билан Арабистондаги барча яҳудийлар Пайғамбаримизнинг амрлари остига кирдилар. Энди уларнинг мушрикларга ёрдам бериш имкони қолмади. Атрофдаги қабилалар ва давлатлар ҳам қурол ва аскар жиҳатидан фатҳ этиб бўлмайдигандек кўринган Хайбар қалъасини забт этган мусулмонларнинг қанчалик катта кучга эга эканини англадилар ва бу Ислом давлатидан ҳайиқа бошладилар. Маккалик мушриклар Хайбарнинг фатҳи туфайли катта қайғу ва умидсизликка тушдилар. Бу фатҳдан кейин катта-кичик жуда кўп қабилалар мусулмон бўлиш учун Мадинаи мунавварага келдилар ва саҳобаи киромдан бўлиш шарафига эришдилар, ҳатто ғатафонликлар ҳам… Йўлга кирмаган баъзи қабилалар эса куч юборилиб, итоат остига олинди.