ДАЪВАТ МАКТУБЛАРИ
Ҳукмдорларга юборилган мактублар
Набийи муҳтарам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳудайбиядан қайтганларидан кейин Исломнинг бутун дунёга ёйилишини, одамларнинг жаҳаннам азобидан қутулиб, ҳақиқий саодатга эришишини орзу қилар эдилар. Чунки у зот бутун оламга раҳмат қилиб юборилган эдилар. Шу сабабли атрофдаги ҳукмдорларга элчилар юбориб, уларни Исломга даъват қилишни ният қилдилар. Ҳижрий олтинчи йил Зулҳижжа ойининг охирларида, еттинчи йил Муҳаррам ойининг бошларида у зот Амр ибн Умайяни (розияллоҳу анҳу) Ҳабашистон ҳукмдорига, Диҳя Калбийни (розияллоҳу анҳу) Византия ҳукмдорига, Ҳотиб ибн Абу Балтаъани (розияллоҳу анҳу) Миср ҳукмдорига юбордилар. Шу вазифа билан Абдуллоҳ ибн Ҳузофани (розияллоҳу анҳу) Эрон ҳукмдорига, Шужоъ ибн Ваҳбни (розияллоҳу анҳу) Ғассонга, Салит ибн Амрни (розияллоҳу анҳу) Ямомага, Ало Ҳазрамийни эса Баҳрайн амири Мунзир ибн Совийга жўнатдилар.1 Бу элчилар саҳобаи киромнинг энг сараларидан – қиёфаси ҳам, сўзи ҳам энг гўзал бўлганларидан эди. Ҳар бир ҳукмдорга алоҳида-алоҳида Исломга даъват мактублари ёзилди. Севимли Пайғамбаримиз мактубларнинг остига кумуш узукларининг кўзига пастдан юқорига уч қатор қилиб «Муҳаммад, Расул, Аллоҳ» деб ёзилган муҳрлари билан муҳр босдилар. Пайғамбаримизнинг бир мўъжизалари сифатида, ҳукмдорларга юбориладиган элчилар эрталаб уйғонганларида ҳар бири ўзи борадиган давлатнинг тилини билар эди.2
Нажоший Асҳамага мактуб
Ҳабашистонга борадиган ҳазрати Амр ибн Умайя Нажоший Асҳамадан илгари у ерга ҳижрат қилган саҳобаи киромни Мадинага юборишни ҳам сўраши керак эди. Расулуллоҳ Нажошийга иккита мактуб юборган эдилар. Амр ибн Умайя қисқа вақтда Ҳабашистонга етиб бориб, подшоҳ Нажоший Асҳаманинг ҳузурига кирди. Аввал биринчи мактубни топширди. Нажоший тахтидан тушиб, мактубни жуда катта ҳурмат ва муҳаббат билан қўлига олди. Уни ўпиб, юзига ва кўзларига суртгач, очиб ўқитди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аллоҳу таолонинг расули Муҳаммад алайҳиссаломдан Ҳабаш подшоҳи Нажоший Асҳамага!… Ҳидоятга эргашган кишига салом бўлсин!…
«Эй ҳукмдор! Мен сени тенги ҳам, шериги ҳам бўлмаган Аллоҳу таолога иймон келтиришга, Унга ибодат қилишга, менга эргашишга ва Аллоҳу таоло менга юборган нарсаларга ишонишга даъват қиламан. Чунки мен – Аллоҳу таолонинг буларни етказишга буюрилган расулиман» Севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом
Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам)
ҳукмдорларга юборган мактубларидан бири
Мактубнинг чап пастки бурчагидаги муҳрда уч қатор қилиб пастдан юқорига «Муҳаммад, Расул, Аллоҳ» сўзлари ёзилган. Кумуш узукнинг кўзига ўйиб ёзилган бу муҳр юборилган ҳар бир даъват мактубининг остига босилар эди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) бу узукни давлат муҳри сифатида охиратга ташриф буюргунларича ишлатдилар. Сўнгра у ҳазрати Абу Бакрнинг, кейин ҳазрати Умарнинг ва учинчи бўлиб ҳазрати Усмоннинг халифалик давридаги муҳри бўлди. Ҳазрати Усмон уни фақат олти ой ишлата олди. Бир куни узук халифанинг бармоғидан сирғалиб, Арис қудуғига тушиб кетди. Уни қанча изласалар ҳам, ҳеч топа олмадилар.
Эй ҳукмдор! Саломат бўлишингни тилайман ва сенга берган неъматлари учун Аллоҳу таолога ҳамд айтаман. Ундан бошқа илоҳ йўқ. У – Малик (бутун коинотда тасарруф соҳиби ёлғиз Удир). У – Қуддус (ҳар турли айб ва нуқсондан покдир). У – Салом (бандаларини барча хавф-хатардан саломат сақловчидир). У – Мўмин (омонлик берувчидир). У – Муҳаймин (ҳар бир нарсани кузатиб, муҳофаза қилувчидир).
Мен шаҳодат бераманки, Исо (алайҳиссалом) – Аллоҳу таолонинг жуда пок, иффатли, дунё ҳаётининг ҳар туридан бутунлай узилган Марямга илқо қилган руҳи ва калимасидир. Шу тариқа Марям Исога ҳомиладор бўлди. Аллоҳу таоло Одамни Ўз қудрати билан қандай яратган бўлса, Исони ҳам шундай яратди.
Эй ҳукмдор! Мен сени тенги ҳам, шериги ҳам бўлмаган Аллоҳу таолога иймон келтиришга, Унга ибодат қилишга, менга эргашишга ва Аллоҳу таоло менга юборган нарсаларга ишонишга даъват қиламан. Чунки мен – Аллоҳу таолонинг буларни етказишга буюрилган расулиман. Мана, мен сенга лозим бўлган нарсаларни етказдим, дунё ва охират саодатини таъминлайдиган насиҳатни қилдим. Насиҳатимни қабул қил! Ҳидоятга эришган, тўғри йўлни топган кишиларга салом бўлсин».
Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мактубини катта адаб ва тавозеъ билан тинглаган ҳукмдор Асҳама дарҳол калимаи шаҳодат айтиб, мусулмон бўлди:
«Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ». Сўнгра: «Қасамки, у зот – китоб аҳли бўлган яҳудийлар ва насронийлар келишларини кутган, аввалги пайғамбарлар келишлари ҳақида хушхабар берган пайғамбардирлар. Агар ҳузурларига бориш имконим бўлганида, албатта борар ва у зотга хизмат қилиш шарафига эришар эдим!» – деди. У мактубни ҳурмат билан бир чиройли қутига солиб: «Бу мактублар шу ерда турар экан, Ҳабашистондан яхшилик ва барака кетмайди», – деди.3 Нажоший Асҳама иккинчи мактубда билдирилган амрларни ҳурмат билан ўқиди ва Пайғамбаримизнинг амрларига кўра, севимли Пайғамбаримизнинг муборак завжалари Умму Ҳабиба онамизни Расули акрамга никоҳлаб берди. Сўнгра Умму Ҳабиба онамизни ва у ердаги саҳобаи киромни икки ойга яқин меҳмон қилиб, кейин уларни кемаларга миндирди ва жуда кўп ҳадялар билан Мадинага жўнатди. Улар билан юборган мактубида иймон келтирганини билдирди.
Византия императори Ҳирақлга мактуб
Ҳазрати Диҳя Калбийга ҳам Византия императорини Исломга даъват қилиш вазифаси топширилган эди. У мактубни Бусродаги Ғассон ҳукмдори Ҳорисга бериши, Ҳорис эса уни Византия императори Ҳирақлга юбориши керак эди. Пайғамбаримизнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) даъват мактубини катта ҳурмат билан олган ҳазрати Диҳя тезда Бусрога келди. Ҳорис билан учрашиб, аҳволни тушунтирди. Ҳорис Диҳянинг ёнига ҳали мусулмон бўлмаган Адий ибн Ҳотамни қўшиб, уларни ўша пайтда Қуддусда (Байтул Мақдисда) бўлган Ҳирақлнинг олдига юборди. Иккаласи бирга Қуддусга келиб, император билан учрашиш йўлларини излай бошладилар. Императорнинг одамлари унга: «Қайсарнинг ҳузурига кирганингда, бошингни эгиб юрасан, яқинлашгач эса ерга йиқилиб, сажда қиласан. Саждадан туришингга рухсат бермагунича, асло бошингни ердан кўтармайсан», – дедилар. Бу сўзлар ҳазрати Диҳяга оғир ботди ва у уларга: «Биз, мусулмонлар, Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч кимга сажда қилмаймиз. Қолаверса, инсоннинг инсонга сажда қилиши унинг яратилишига зиддир», – деди. Шунда Қайсарнинг одамлари: «Ундай бўлса, Қайсар сен келтирган мактубни ҳеч қачон қабул қилмайди ва сени ҳузуридан қувиб юборади», – дедилар. Ҳазрати Диҳя: «Бизнинг Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқаларнинг ўзларига сажда қилиши у ёқда турсин, олдиларида озгина эгилишига ҳам рухсат бермайдилар. Ўзлари билан гаплашмоқчи бўлган кишига, у қул бўлса ҳам, эътибор кўрсатадилар. Уни ҳузурларига қабул қиладилар, дардини тинглайдилар, ташвишини кетказадилар, кўнглини оладилар. Шунинг учун у зотга эргашганларнинг ҳаммаси озод ва шарафлидир», – деди.
«Қасамки, у зот – китоб аҳли бўлган яҳудийлар ва насронийлар келишларини кутган, аввалги пайғамбарлар келишлари ҳақида хушхабар берган пайғамбардирлар» Нажоший Асҳама (раҳматуллоҳи алайҳ)
Бу сўзларни тинглаганлардан бири шундай деди: «Модомики Қайсарга сажда қилмас экансан, зиммангга олган вазифани бажаришинг учун сенга бошқа йўл кўрсатай. Саройнинг олдида Қайсарнинг дам оладиган жойи бор. У ҳар куни пешиндан кейин шу ҳовлига чиқиб, у ерда айланиб юради. У ерда бир минбар бор. Унинг устида бирор ёзув бўлса, аввал уни олиб ўқийди, сўнгра дам олади. Сен ҳам ҳозир бориб, мактубни ўша минбарга қўй-да, ташқарида кутиб тур. Мактубни кўргач, сени чақиртиради. Ана шунда вазифангни бажарасан».
Шундан сўнг ҳазрати Диҳя мактубни айтилган жойга қўйди. Ҳирақл мактубни олди ва арабча биладиган бир таржимонни чақиртирди. Таржимон Расулуллоҳнинг мактубларини ўқий бошлади. Мактубнинг энг бошида: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аллоҳу таолонинг Расули Муҳаммаддан (алайҳиссалом) византияликларнинг улуғи Ҳирақлга» деб ёзилган эди. Ҳирақлнинг жияни Яннақ мактубнинг бундай бошланганидан қаттиқ ғазабланиб, таржимоннинг кўкрагига мушт туширди. Муштнинг зарбидан таржимон ерга йиқилди, муборак мактуб қўлидан тушиб кетди. Ҳирақл Яннақдан: «Нега бундай қилдинг?» – деб сўраганда, у: «Мактубни кўрмаяпсизми? У мактубни сизнинг исмингиздан олдин ўз исми билан бошлабди, ҳукмдор эканингизни ҳам айтмай, „византияликларнинг улуғи Ҳирақлга“ дебди. Нега „византияликларнинг ҳукмдорига“ деб ёзмабди ва аввал сизнинг исмингиз билан бошламабди? Унинг мактуби бугун ўқилмайди», – деди.
Шунда Ҳирақл: «Валлоҳи, сен ё жуда ақлсизсан, ё бутунлай телбасан. Сенинг бундай эканингни билмас эканман. Мен ҳали мактубда нима ёзилганига қарамасимдан, сен уни йиртиб ташламоқчимисан? Ҳаётим билан қасамки, агар у зот, ўзлари айтганларидек, Аллоҳнинг Расули бўлсалар, мактубларига менинг исмимдан олдин ўз исмларини ёзишга ва мени византияликларнинг улуғи деб тилга олишга ҳақлидирлар. Мен уларнинг соҳибиман, холос, ҳукмдори эмасман», – деди-да, Яннақни ҳузуридан қувиб юборди. Сўнгра насронийларнинг энг олими, бошлиғи ва ўзининг маслаҳатчиси бўлган Ускуф исмли кишини чақиртирди. Мактубни унга ўқитди. Мактубнинг давомида шундай дейилган эди: «Аллоҳу таолонинг ҳидоятига эргашганларга, тўғри йўлни топганларга салом бўлсин!» Ундан кейин: «(Эй византияликларнинг улуғи!) Мен сени Исломга даъват қиламан. Исломни қабул қил – саломат бўласан. Мусулмон бўл – Аллоҳу таоло сенга икки баравар ажр беради. Агар юз ўгирсанг, барча насронийларнинг гуноҳи сенинг зиммангда бўлади. (Расулим!) Айтинг: „Эй аҳли китоб (яҳудийлар ва насронийлар)! Ўртамиздаги муштарак бир калимага келинглар: Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилмаймиз, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаймиз, Аллоҳу таолони қўйиб, орамиздан ҳеч кимни яратувчи Рабб деб билмаймиз. Агар бу сўздан юз ўгирсалар, айтинглар: гувоҳ бўлинглар, биз – ҳақиқий мусулмонлармиз“».4
Расули акрамнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мактублари ўқилаётганда Ҳирақлнинг пешонасидан тер томчилари оқар эди. Мактуб ўқиб бўлингач, у: «Сулаймон алайҳиссаломдан кейин мен „Бисмиллаҳир роҳманир роҳим“ деб бошланган бирорта мактуб кўрмаган эдим», – деди. Ҳирақл бу масала бўйича Ускуфнинг фикрини сўраганда, Ускуф шундай деди:
«Валлоҳи, у зот – Мусо ва Исо (алайҳимассалом) бизга келишлари ҳақида хушхабар берган пайғамбардирлар. Зотан, биз у зотнинг келишларини кутаётган эдик».
Ҳирақл: «Бу ишда менга нима қилишни маслаҳат берасан, нимани тўғри деб биласан?» – деб сўради. Ускуф: «У зотга эргашишингизни тўғри деб биламан», – деб жавоб берди. Ҳирақл: «Сен айтган нарсани мен жуда яхши биламан. Лекин у зотга эргашиб, мусулмон бўлишга кучим етмайди. Чунки унда ҳам ҳукмдорлигим қўлдан кетади, ҳам мени ўлдирадилар», – деди. Шундан сўнг у ҳазрати Диҳяни ва Адий ибн Ҳотамни чақиртирди. Адий: «Эй ҳукмдор! Қўй-эчки ва туялар боқувчи араблардан бўлган мана бу ёнимдаги киши ўз юртида юз берган ажойиб бир воқеа ҳақида гапирмоқда», – деди. Ҳирақл: «Юртингиздаги воқеа нима?» – деб сўраганда, ҳазрати Диҳя: «Орамизда бир зот зуҳур этдилар. У зот пайғамбар эканликларини эълон қилдилар. Халқнинг бир қисми у зотга эргашмоқда, бир қисми эса қарши чиқмоқда. Иймон келтирганлар билан иймон келтирмаганлар орасида тўқнашувлар бўлмоқда», – деди.
Шундан кейин Ҳирақл Пайғамбаримиз ҳақида суриштира бошлади. У Шом ноибига Расули акрам билан бир наслдан бўлган бирор кишини топишни буюрди. Шу орада ўзининг дўсти бўлган ва иброний тилини биладиган Римдаги бир олимга ҳам мактуб ёзиб, бу масалани сўради. Римдаги дўстидан у сўраган зот охир замон Пайғамбари эканликларини билдирган мактуб келди. Шом ноиби эса тижорат учун кетаётган бир Қурайш карвонига дуч келди. Улар орасида ҳали мусулмон бўлмаган Қурайш бошлиғи Абу Суфён ҳам бор эди. Абу Суфён шундай ҳикоя қилади: «Биз Ғаззада турганимизда Ҳирақлнинг Шом ноиби устимизга ҳужум қилаётгандек келиб: „Сизлар ўша Ҳижоздаги зотнинг қавмиданмисизлар?“ – деб сўради. „Ҳа“, – дедик. „Қани, биз билан бирга императорнинг олдига борасизлар!“ – деди». У Абу Суфённи ва унинг ҳамроҳларини Шомга олиб кетди. Шом ноиби Абу Суфённи ва ёнидагиларни Ҳирақлнинг ҳузурига олиб кирди. Бу пайтда Ҳирақл Қуддусда, Байтул Мақдисда эди. У вазири билан бирга, бошига тожини кийиб ўтирган эди. Ҳирақл Абу Суфённи ва унинг ёнидаги ўттизга яқин маккаликни шу ерда қабул қилди.
У таржимон чақиртириб, улардан: «Орангизда ўзларини пайғамбар деб айтаётган зотга насаб жиҳатидан энг яқинингиз қайсингиз?» – деб сўради. Абу Суфён: «Унга насаб жиҳатидан энг яқини – менман», – деб жавоб берди. Ҳирақл Абу Суфённи ўзига яқинроқ келтиришни, қолганларнинг эса Абу Суфённинг орқасида туришини буюрди. Ҳирақл: «Қариндошлигингиз қандай?» – деб сўраганда, у: «У – амакимнинг ўғли», – деди. (Чунки Абу Суфённинг бобоси – Умайя, Расулуллоҳнинг боболари эса Абдулмутталиб. Уларнинг боболари ўзаро амакиваччадир. Шунинг учун у «амакимнинг ўғли» деди. Уларнинг насаблари боболарининг бобоси Абду Манофда бирлашади.) Абу Суфён аввалига ёлғон гапирган бўлса-да, ҳукмдорнинг таҳдидидан қўрқиб, ортиқ ёлғон гапира олмади.
«Валлоҳи, у зот – Мусо ва Исо (алайҳимассалом) бизга келишлари ҳақида хушхабар берган пайғамбардирлар. Зотан, биз у зотнинг келишларини кутаётган эдик» Қуддус Ускуфи
Сўнгра улар ўртасида шундай суҳбат бўлди. Ҳирақл: – Ўзларини пайғамбар деб айтаётган зотнинг орангиздаги насаблари қандай? – У – замонасининг энг асл насаблиси. Насаб жиҳатидан у энг сарамиздир. – Орангизда у зотдан олдин пайғамбарлик даъво қилган киши бўлганми? – Бўлмаган. – У зотнинг ота-боболари орасида бирорта ҳукмдор ўтганми? – Йўқ. – У зотга халқнинг кўзга кўринганлари эргашмоқдами ёки камбағал ва заифларими? – Унга эргашганлар – камбағаллар, заифлар, ёшлар ва аёллар. Қавмининг катталаридан ва кўзга кўринганларидан унга эргашганлар деярли йўқ. – У зотга эргашганлар кўпаймоқдами ёки камаймоқдами? – Кўпаймоқда. – У зотнинг динларига киргандан кейин ёқтирмай ёки аччиқланиб, ундан қайтган киши борми? – Йўқ. – Пайғамбар эканликларини айтишларидан олдин у зотнинг бирор марта ёлғон гапирганлари кўрилганми? – Йўқ. – Бу пайғамбарнинг бирор марта аҳдларини бузганлари, сўзларида турмаганлари бўлганми? – Йўқ, бўлмаган. Лекин биз ҳозир у билан маълум бир муддатга урушмаслик ҳақида сулҳ туздик. Бу муддат ичида унинг нима қилишини билмаймиз. – У зот сизларга нимани буюрмоқдалар? – Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишни, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликни буюрмоқда. Ота-боболаримиз сиғинган нарсаларга (бутларга) сиғинишдан бизни қайтармоқда. Намоз ўқишни, ростгўй бўлишни, камбағалларга ёрдам беришни, ҳаромлардан сақланишни, аҳдга вафо қилишни, омонатга хиёнат қилмасликни ва қариндошларни зиёрат қилишни буюрмоқда. Бу суҳбатлар Байтул Мақдисда бўлиб ўтди ва Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) муборак мактублари шу ерда ўқилди. Ҳирақл мактубни ўпиб, кўзларига суртиб, бошига қўйганда, византияликлар орасида шовқин-сурон янада кучайди.
Император Абу Суфённи ва унинг ёнидаги қурайшликларни ташқарига чиқаришни буюрди. Ҳали мусулмон бўлмаган Абу Суфён ўшанда қасам ичиб, севимли Пайғамбаримизнинг даъватлари муваффақият билан якунланишига ишонишини айтган эди. Ҳазрати Диҳя Ҳирақлнинг рўпарасига ўтиб, муборак чиройли юзи ва ёқимли овози билан шундай деди: «Эй Қайсар! Мени сенинг олдингга Бусродан бир киши (Ҳорис) юборди, у сендан хайрлироқдир. Аллоҳу таолога қасамки, мени унинг олдига юборган зот (Расулуллоҳ) эса ҳам ундан, ҳам сендан хайрлироқдирлар. Сен менинг сўзларимни камтарлик билан тинглаб, берилган насиҳатларни қабул қилишинг керак! Чунки камтарлик қилсанг, насиҳатларни тушунасан. Насиҳатларни қабул қилмасанг, инсофли бўла олмайсан!»
Ҳирақл: «Давом эт», – дегач, ҳазрати Диҳя шундай деди: «Ундай бўлса, мен сени Исо алайҳиссалом Ўзига намоз ўқиган Аллоҳу таолога иймон келтиришга даъват қиламан. Мен сени аввал Мусо алайҳиссалом, кейин Исо алайҳиссалом келишлари ҳақида хушхабар бериб, хабар қилган бу уммий Пайғамбарга иймон келтиришга даъват қиламан. Агар бу ҳақда бирор нарса билсанг ва дунё ҳамда охират саодатига эришишни истасанг, уларни кўз олдингга келтир. Акс ҳолда охират саодатини қўлдан бой берасан, куфр ва ширк ичида қоласан. Шуни ҳам яхши билгинки, сенинг Раббинг бўлган Аллоҳу таоло золимларни ҳалок қилувчи ва неъматларни ўзгартирувчидир».
Ҳирақл: «Мен қўлимга тушган бирор ёзувни ўқимасдан, ёнимга келган олимдан билмаганларимни сўраб ўрганмасдан қўймайман. Бундан фақат яхшилик ва эзгулик кўраман. Ўйлаб, ҳақиқатни топгунимча менга муҳлат бер», – деди. Кейинроқ Ҳирақл ҳазрати Диҳяни ёнига чақириб, у билан юзма-юз гаплашди. Кўнглидагини шундай очиб айтди: «Мен биламанки, сени юборган зот – китобларда келишлари ҳақида хушхабар берилган ва келишлари кутилаётган охир замон Пайғамбаридирлар. Лекин у зотга эргашсам, византияликлар мени ўлдиришларидан қўрқаман. Сени уларнинг энг катта олими ва улар мендан ҳам кўпроқ ҳурмат қиладиган киши бўлган Сафотирнинг олдига юборай. Барча насронийлар унга эргашади. Агар у иймон келтирса, византияликларнинг ҳаммаси иймон келтиради. Ана шунда мен ҳам кўнглимдагини ва эътиқодимни ошкор қиламан».
Шундан кейин Ҳирақл бир мактуб ёзиб, уни ҳазрати Диҳяга берди ва уни Сафотирнинг олдига юборди.
Роҳиб Сафотир
Расулуллоҳ Сафотирга ҳам мактуб юборган эдилар. Сафотир мактубни ўқиб, Пайғамбаримизнинг сифатларини эшитгач, у зотнинг ҳазрати Мусо ва ҳазрати Исо келишларини хабар қилган охир замон Пайғамбари эканликларига ҳеч шубҳа йўқлигини айтди ва иймон келтирди. Уйига бориб, эшикни ичидан беркитиб олди ва ҳар якшанба қиладиган ваъзларига уч ҳафта чиқмади. Насронийлар: «Сафотирга нима бўлди, ўша араб билан учрашгандан бери ташқарига чиқмаяпти? Биз уни кўрмоқчимиз!» – деб бақирдилар.
Сафотир устидаги қора роҳиб кийимини ечди. Оқ кийим кийиб, қўлида асоси билан черковга келди. Шаҳар аҳолисини тўплагач, ўрнидан туриб, шундай деди: «Эй насронийлар! Билингларки, бизга Аҳмаддан (алайҳиссалом) мактуб келди. У зот бизни ҳақ динга даъват қилмоқдалар. Мен очиқ биламан ва ишонаманки, у зот – Аллоҳу таолонинг ҳақ расулидирлар». Насронийлар буни эшитгач, Сафотирнинг устига ёпирилиб, уни уриб, шаҳид қилдилар. Ҳазрати Диҳя келиб, бўлган воқеани Ҳирақлга хабар қилди.
Ҳирақл: «Мен сенга айтмаганмидим? Насронийлар учун Сафотир мендан ҳам севимлироқ ва азизроқдир. Агар бундай сўзни мендан эшитсалар, мени ҳам унга ўхшаб ўлдирадилар», – деди. Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида келтирилган ва Зуҳрий ривоят қилган хабарда эса шундай дейилади: «Ҳирақл византияликларнинг улуғларини Ҳимсдаги қасрига чақириб, эшикларни ёпишни буюрди. Сўнгра баланд бир жойга чиқиб: „Эй византияликлар жамоати! Саодатга, тинчликка эришишни, ҳокимиятингиз мустаҳкам қолишини ва ҳазрати Исонинг айтганига эргашишни истайсизларми?“ – деди. Византияликлар: „Эй ҳукмдоримиз! Бунга эришиш учун нима қилайлик?“ – деб сўрадилар. Ҳирақл: „Эй византияликлар жамоати! Мен сизларни хайрли бир иш учун тўпладим. Менга ҳазрати Муҳаммаддан мактуб келди. У зот мени Ислом динига даъват қилмоқдалар. Валлоҳи, у зот – биз келишларини кутиб турган, китобларимизда ёзилганларини топган ва аломатларини билган пайғамбардирлар. Келинглар, у зотга эргашиб, дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топайлик“, – деди. Шунда ҳамма ёмон сўзлар айтиб, тўнғиллаб, ташқарига қочиш учун эшикларга югурди. Лекин эшиклар ёпиқ бўлгани учун чиқа олмадилар. Ҳирақл византияликларнинг бу ҳаракатини кўриб, Исломдан шу қадар қочаётганларини англагач, жонидан қўрқиб: „Эй византияликлар жамоати! Мен айтган сўзлар динингизга қанчалик содиқ эканингизни синаш учун эди. Динингизга содиқлигингизни ва мени севинтирган ҳаракатингизни ўз кўзим билан кўрдим“, – деди. Шундан сўнг византияликлар Ҳирақлга сажда қилдилар ва қаср эшиклари очилгач, чиқиб кетдилар».5 Ҳирақл ҳазрати Диҳяни чақириб, бўлиб ўтганларни айтиб берди. Унга бир-биридан қимматли ҳадялар берди. Бундан ташқари, Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) мактуб ёзди. Мактубини ва тайёрлатган ҳадяларини ҳазрати Диҳя орқали севимли Пайғамбаримизга юборди.
«У зотнинг ҳазрати Мусо ва ҳазрати Исо келишларини хабар қилган охир замон Пайғамбари эканликларида ҳеч шубҳа йўқ» Роҳиб Сафотир
Ҳирақл мусулмон бўлишни истаган эди, лекин мансабидан ажралиш ва ўлимдан қўрқиб, иймон келтирмади. Пайғамбаримизга ёзган мактубида шундай дейилган эди: «Ҳазрати Исо хушхабар берган Аллоҳнинг Расули Муҳаммадга – Византия ҳукмдори Қайсардан! Элчингиз мактубингиз билан бирга менинг олдимга келди. Мен шаҳодат бераманки, сиз – Аллоҳнинг ҳақ расулисиз. Зотан, биз сизни Инжилда ёзилган ҳолда топдик ва ҳазрати Исо бизга сиз ҳақингизда хушхабар берган эди. Мен византияликларни сизга иймон келтиришга даъват қилдим, лекин улар бунга кўнмадилар. Агар менга қулоқ солганларида, бу, шубҳасиз, улар учун хайрли бўлар эди. Сизнинг ёнингизда бўлишни, сизга хизмат қилишни ва оёқларингизни ювишни жуда истайман». Ҳазрати Диҳя Ҳирақлнинг олдидан чиқиб, Ҳисмога келди. Йўлда, Жузом водийларидан бири бўлган Шанор водийсида Ҳунайд ибн Ус, унинг ўғли ва одамлари ҳазрати Диҳяни талаб кетдилар. Эски кийимларидан бошқа нимаси бўлса, ҳаммасини олдилар. Бу жойда Дубайб ибн Рифоа ибн Зайд ва унинг қавми Исломни қабул қилган эдилар. Диҳя уларнинг олдига келиб, бўлган воқеани айтиб бергач, улар Ҳунайд ибн Ус ва унинг қабиласи устига юриб, нарсаларнинг ҳаммасини қайтариб олдилар.
Кейинроқ Расулуллоҳ Ҳунайд ибн Ус ва унинг одамлари устига Зайд ибн Ҳорисани юбордилар. У ердаги одамларнинг ҳаммаси иймон келтирди. Ҳазрати Диҳя Мадинага келгач, уйига ҳам кирмасдан, тўғри Ҳабиби акрамнинг эшиклари олдига борди. Эшикни қоқди. Пайғамбаримиз: «Ким у?» – деб сўрадилар. Диҳя: «Диҳятул Калбий», – деди. Оламлар сарвари: «Кир», – дедилар. Ҳазрати Диҳя ичкарига кириб, бўлиб ўтган ҳамма воқеаларни бор тафсилоти билан айтиб берди. Пайғамбаримизга Ҳирақлнинг мактубини ўқиб берди. Расулуллоҳ: «У яна бир муддат (тахтда) қолади. Менинг мактубим уларнинг қўлида турар экан, уларнинг ҳокимияти давом этади», – дедилар.
Ҳирақл мактубида Пайғамбаримизга (саллаллоҳу алайҳи васаллам) иймон келтирганини ёзган бўлса-да, Расулуллоҳ: «Ёлғон айтмоқда. У ўз динидан қайтмади», – дедилар. Ҳирақл севимли Пайғамбаримизнинг мактубларини ипак атласга ўраб, юмалоқ олтин қути ичида сақлади. Ҳирақлнинг оиласи бу мактубни сақлаб, уни ҳаммадан яшириб келган. Бу мактуб қўлларида турар экан, ҳокимиятлари давом этади, деб айтар ва бунга ишонар эдилар. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди.6
Миср подшоҳи Муқавқисга мактуб
Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳотиб ибн Абу Балтаъани Миср ҳукмдорига юборишдан олдин: «Эй саҳобаларим! Ажрини Аллоҳу таолодан кутиб, бу мактубни Миср ҳукмдорига қайси бирингиз олиб борасиз?» – деб сўраганларида, ҳазрати Ҳотиб ўрнидан сакраб турди ва: «Ё Расулаллоҳ! Мен олиб бораман!» – деди. Пайғамбаримиз: «Эй Ҳотиб! Аллоҳу таоло бу вазифангни сен учун муборак қилсин!» – дедилар. Ҳазрати Ҳотиб ибн Абу Балтаъа мактубни севимли Пайғамбаримиздан олди. Хайрлашиб, уйига кетди. Уловини тайёрлади. Оиласи билан ҳам хайрлашгач, йўлга чиқди. Ҳазрати Ҳотиб Миср ҳукмдори Муқавқиснинг Искандарияда эканини билиб, унинг саройига етиб борди. Ичкарига киритишдан олдиноқ мақсадини билиб олган дарвозабон ҳазрати Ҳотибга жуда катта ҳурмат кўрсатди ва уни сира куттирмади. Муқавқис ўша пайтда денгизда, бир кема устида одамлари билан гаплашаётган эди. Ҳазрати Ҳотиб бир қайиққа миниб, Муқавқис турган жойга келди. Унга Пайғамбаримизнинг мактубларини берди. Мактубни Ҳотибдан олган Муқавқис уни ўқий бошлади:
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Аллоҳу таолонинг қули ва расули Муҳаммаддан қибтийларнинг (қадимги Миср халқининг) улуғи Муқавқисга! Ҳидоятга эргашганларга салом бўлсин. Мен сени саломат бўлишинг учун Исломга даъват қиламан. Мусулмон бўл – саломат бўласан ва Аллоҳу таолонинг икки баравар ажрига эришасан. Агар юз ўгирсанг, барча қибтийларнинг гуноҳи сенинг зиммангда бўлади! „(Расулим!) Айтинг: Эй аҳли китоб (яҳудийлар ва насронийлар)! Ўртамиздаги муштарак бир калимага келинглар: Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилмаймиз, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаймиз, Аллоҳу таолони қўйиб, орамиздан ҳеч кимни яратувчи Рабб деб билмаймиз. Агар бу сўздан юз ўгирсалар, айтинглар: гувоҳ бўлинглар, биз – ҳақиқий мусулмонлармиз!“»7
Коинот султонининг мактублари ўқилгач, Муқавқис ҳазрати Ҳотибга: «Хайрлиси бўлсин!» – деди. Миср ҳукмдори қўмондонларини, давлат арбобларини тўплаб, Ҳотиб билан суҳбатлаша бошлади. У шундай деди: «Тушунишни истаган баъзи нарсаларимни сўрайман, бу ҳақда сен билан гаплашаман». Ҳазрати Ҳотиб: «Марҳамат, гаплашайлик!» – дегач, Муқавқис: – Сени юборган зот ҳақида менга сўзлаб бер. У зот пайғамбарми? У зот ҳақида бироз гапир! – Ҳа, у зот – пайғамбар. – Агар у зот ҳақиқатан пайғамбар бўлсалар, нега ўзларини ўз юртларидан қувиб чиқариб, бошқа жойдан паноҳ излашга мажбур қилган қавмларини дуоибад қилмадилар? – Сен Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг пайғамбар эканликларига ишонасан, шундайми? Қавми у зотни ушлаб, ўлдирмоқчи бўлганида ҳам у зот уларни дуоибад қилмадилар, Жаноби Ҳақ эса у зотни дунё осмонига кўтарди, мукофотлади. Ҳолбуки, у зот қавмининг ҳалок бўлишини сўраб, Аллоҳу таолога дуоибад қилишлари керак эмасмиди? У зот бундай қилмадилар.
«Эй Ҳотиб! Аллоҳу таоло бу вазифангни сен учун муборак қилсин!» Ҳадиси шариф
– Жуда яхши жавоб бердинг. Ҳақиқатан ҳам, сен ҳикмат соҳиби бўлган зотнинг ёнидан келган ҳикматли кишисан. Бу кеча бизникида қол, эртага сенга жавобимни айтаман.
Ҳазрати Ҳотиб ҳазрати Мусо замонидаги Фиръавнни назарда тутиб, Муқавқисга шундай деди: – Сендан олдин бу ерда бир ҳукмдор бор эди. У ўз халқига: «Энг улуғ илоҳ – менман!» – деб, ўзини рабб деб даъво қилди. Аллоҳу таоло уни дунё ва охират азоблари билан жазолади ва ундан интиқом олди. Сен бундан ибрат ол-у, ўзгаларга ибрат бўлиб қолма! – Бизнинг динимиз бор. Биз бу динимизни ундан яхшироғи бўлмагунча тарк этмаймиз. – Сен эътиқод қиладиган ва яхшироғи бўлмагунча тарк этмаслигингни айтган динингдан яхшироқ дин, шубҳасиз, Исломдир. Биз сени Аллоҳу таолонинг бу охирги динига – Исломга даъват қиламиз. Аллоҳу таоло Ўз динини у зот билан тамомлади, у зотни инсонларга кифоя қилди ва бу – қатъийдир. Бу Пайғамбар фақат сенигина эмас, барча инсонларни Ислом динига даъват қилдилар. Ўшанда у зотга одамлар орасида энг кўп қаршилик кўрсатган ва энг қўпол муомала қилганлар – қурайшликлар, энг кўп душманлик қилганлар – яҳудийлар, энг яқин бўлганлар эса насронийлар бўлди. Аллоҳу таолога қасамки, Мусо алайҳиссаломнинг Исо алайҳиссалом ҳақида хушхабар беришлари худди Исо алайҳиссаломнинг Муҳаммад алайҳиссалом ҳақида хушхабар беришлари кабидир. Шунинг учун бизнинг сени Қуръони каримга даъват қилишимиз сенинг яҳудийларни Инжилга даъват қилишинг кабидир. Шубҳасиз, сенга маълумки, ҳар бир пайғамбар ўзини тушуниб, идрок эта оладиган қавмга юборилган. У қавмга шу пайғамбарга итоат қилиш вожиб бўлган. Мана, сен ҳам шу Пайғамбарнинг замонига етганлардан бирисан. Биз сени бу янги динга даъват қиламиз.
Ҳазрати Ҳотибнинг бу сўзларидан кейин Муқавқис шундай деди: – Мен бу пайғамбарнинг аҳволларини текширдим. У зотнинг амрлари ва тақиқларида ақлга тўғри келмайдиган бирор нарса топмадим. Мен тушунганимча, у зот сеҳргар ҳам, коҳин ҳам, ёлғончи ҳам эмаслар.
Мен у зотда пайғамбарлик аломатларидан баъзиларини топдим. Яширин нарсаларни юзага чиқариш – шу аломатлардан биридир. Бу зотдан баъзи сирлар ҳақида хабарлар маълум бўлди. Сўнгра у: «Ҳали бироз ўйлаб кўрай!» – деб, муҳлат сўради.
Кечаси Муқавқис ҳазрати Ҳотибни уйғотиб, Пайғамбаримиз ҳақида яна кўп саволлар бермоқчи эканини билдирди.
Сўнгра улар ўртасида шундай суҳбат бўлди:
– Мен у зот ҳақида берадиган саволларимга тўғри жавоб берсанг, уч нарсани сўрамоқчиман.
– Истаганингни сўра! Мен сенга доимо фақат тўғрисини айтаман.
– Муҳаммад одамларни нимага даъват қилмоқдалар?
– Ёлғиз Аллоҳу таолога ибодат қилишга даъват қилмоқдалар. Кеча-кундузда беш вақт намоз ўқишни, Рамазон рўзасини тутишни, берилган сўзда туришни буюрмоқдалар. Ўлакса гўштини ейишни ман қилмоқдалар.
«(Расулим!) Айтинг: „Эй аҳли китоб (яҳудийлар ва насронийлар)! Ўртамиздаги муштарак бир калимага келинглар: Аллоҳу таолодан бошқа ҳеч нарсага ибодат қилмаймиз, Унга ҳеч нарсани шерик қилмаймиз, Аллоҳу таолони қўйиб, орамиздан ҳеч кимни яратувчи Рабб деб билмаймиз. Агар бу сўздан юз ўгирсалар, айтинглар: гувоҳ бўлинглар, биз – ҳақиқий мусулмонлармиз!“» Оли Имрон: 64
Шундан кейин Муқавқис сўради:
– У зотнинг шакл-шамойилини (ташқи кўринишини) менга таърифлаб бер! Ҳотиб қисқача таърифлаб берди. Кўп нарсаларни санаб ўтмади. Шунда Муқавқис шундай деди:
– Сен айтмаган яна баъзи нарсалар қолди: у зотнинг кўзларида бироз қизиллик, орқаларида пайғамбарлик муҳри бор. У зот эшакка минадилар, суф (жун мато) киядилар, хурмо ва гўшти кам таом билан кун кечирадилар. У зотни амакилари ёки амакиваччалари ҳимоя қилади. Ҳазрати Ҳотиб: – Булар ҳам у зотнинг сифатларидир, – деди.
Муқавқис ҳазрати Ҳотибдан Пайғамбаримиз ҳақида яна сўради: – У зот сурма ишлатадиларми? – Ҳа! Ойнага қарайдилар, сочларини тарайдилар, сафарда ҳам, уйда ҳам ойнани, сурмадонни, тароқларини ва мисвокларини ёнларидан айирмайдилар! – Мен яна бир пайғамбар келиши кераклигини билардим ва у Шомдан чиқади деб ўйлардим. Чунки аввалги пайғамбарлар ҳамиша ўша ердан чиққан эдилар. Тўғри, охирги пайғамбарнинг Арабистонда – қаттиқчилик, танглик ва йўқчилик юртида чиқишини ҳам китобларда кўрган эдим. Китобларда сифатлари ёзилган пайғамбарнинг чиқиш вақти ҳам, шубҳасиз, шу замондир. Биз китобда унинг сифатини шундай ёзилган ҳолда топган эдик: «Икки опа-сингилни бир никоҳда жамламайди, ҳадяни қабул қилади, садақани қабул қилмайди. Камбағаллар, мискинлар билан бирга ўтириб-туради». У зотга эргашиш борасида қибтийлар менга қулоқ солмайдилар. Мен ҳукмдорлигимдан ҳам ажрай олмайман. Бу борада мен жуда хасисман. У пайғамбар юртларга ҳоким бўладилар, у зотдан кейин саҳобалари бизнинг бу ерларимизгача келиб жойлашадилар. Охир-оқибат улар бу ердагилар устидан ғолиб келадилар. Мен қибтийларга бу ҳақда бир оғиз ҳам сўз айтмайман ва бу суҳбатимни ҳеч кимга билдиришни истамайман!
Бу суҳбатдан кейин Муқавқис арабча ёзадиган котибини чақириб, Пайғамбаримизнинг мактубларига шундай жавоб ёздирди: «Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммадга – қибтийларнинг улуғи Муқавқисдан! Сизга салом бўлсин. Юборган мактубингизни ўқидим. Унда зикр қилган нарсангизни ва даъватингизни тушундим. Мен ҳам бир пайғамбар келишини билардим. Лекин уни Шомдан чиқади деб ўйлардим. Элчингизни ҳурмат қилиб, меҳмон қилдим. Сизга қибтийлар орасида катта қадрга эга бўлган икки жория ва кийим-кечак юбордим. Яна минишингиз учун бир урғочи хачирни ҳам ҳадя қилдим». Муқавқис бундан бошқа ҳеч нарса қилмади, мусулмон ҳам бўлмади. Ҳазрати Ҳотибни Мисрда беш кун меҳмон қилди. Унга жуда катта ҳурмат кўрсатиб, иззат-икром қилди. Сўнгра: «Тезда юртингга, хожангнинг олдига қайт! У зотга икки жория, икки улов, минг мисқол (бир мисқол – 4,8 г) олтин, Мисрда тикилган йигирма сарпо нафис кийим ва бошқа ҳадялар юборишни буюрдим. Сенга ҳам юз динор ва беш сарпо кийим беришни буюрдим. Олдимдан кет! Эҳтиёт бўл, қибтийлар сенинг оғзингдан бир оғиз ҳам сўз эшитмасинлар!» – деди. Бундан ташқари, Муқавқис Пайғамбаримизга биллур қадаҳ, хушбўй асал, салла, Мисрга хос зиғир мато, уд (агар дарахти, Aquilaria) ва мушк каби хушбўйликлар, ҳасса, қути ичида сурмадон, гул ёғи, тароқ, қайчи, мисвок, ойна, игна ва ип ҳам ҳадя қилди.
Муқавқис Ислом элчиси ҳазрати Ҳотиб ибн Абу Балтаъага қўриқчи аскарлар қўшиб, уни йўлга кузатди. Арабистон заминига қадам қўйганларида улар Мадинага бораётган бир карвонга дуч келдилар. Ҳотиб Муқавқиснинг аскарларини ортга қайтарди ва ўша карвонга қўшилди.
Ҳотиб ибн Абу Балтаъа ҳадялар билан Мадинага келиб, Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирди. Севимли Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Муқавқиснинг ҳадяларини қабул қилдилар. Ҳотиб Муқавқиснинг мактубини бериб, унинг сўзларини етказгач, Пайғамбаримиз: «Қандай ёмон одам! Ҳукмдорлигини қизғанди. Ҳолбуки, иймон келтиришига тўсқинлик қилган ҳукмдорлиги ўзида қолмайди-ку!» – дедилар.8
Муқавқис Пайғамбаримизга ҳадя қилиб юборган икки жория – Мория ва унинг синглиси Сирин эди. Ҳотиб ибн Абу Балтаъа йўлда уларга мусулмон бўлишни таклиф қилганида, улар буни қабул қилиб, мусулмон бўлган эдилар. Пайғамбаримиз ҳазрати Мория онамизнинг мусулмон бўлганидан жуда хурсанд бўлдилар ва уни никоҳлари билан шарафладилар. Ундан Иброҳим исмли ўғиллари туғилди. Сиринни эса саҳобаларидан Шоири Набий бўлган Ҳассон ибн Собитга бердилар.
Энг яхши зотли, оққа жуда яқин кул ранг икки уловдан хачирга Дулдул, эшакка эса Уфайр ёки Яъфур деб ном қўйдилар. Ўша кунгача Арабистонда оқ тусли хачир кўрилмаган эди. Мусулмонлар биринчи марта кўрган оқ тусли хачир Дулдул бўлди. Пайғамбаримиз ҳадя қилинган биллур қадаҳдан сув ичар эдилар. Муқавқис Пайғамбаримизнинг мактубларига катта ҳурмат кўрсатиб, уни фил суягидан ясалган қути ичига солди.
Қутини муҳрлаб, жорияларидан бирига топширди. (Тилга олинган бу мактуб ҳижрий 1267 (милодий 1850) йилда Мисрнинг Аҳмим ўлкасидаги эски бир монастирда, қибт китоблари орасидан топилган. Уни усмонли подшоҳи, 96-халифа султон Абдулмажидхон сотиб олган ва у Истанбулдаги Топқопи саройининг Муқаддас омонатлар бўлимига қўйилган.)
Эрон Кисроси Хусрав Парвизга мактуб
Эрон ҳукмдорига Абдуллоҳ ибн Ҳузофа юборилган эди. Ҳазрати Абдуллоҳ мағрур Эрон шоҳига (Кисрога) Оламлар сарварининг қимматли мактубларини топширганда, шоҳ уни ўқиш учун котибига берди.
«Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!
Аллоҳу таолонинг расули Муҳаммаддан (алайҳиссалом) форсларнинг улуғи Кисрога…»
Котиб шу ергача ўқиган ҳам эдики, мағрур шоҳнинг миясига қон уриб, ғазабланди ва мактубни тортиб олиб, йиртиб ташлади. Мактубнинг Пайғамбаримизнинг ўз муборак исмлари билан бошланганидан у ниҳоятда ғазабга минган эди. Ислом элчиси ҳазрати Абдуллоҳ ибн Ҳузофани ҳам ҳузуридан қувмоқчи бўлганда, ҳазрати Абдуллоҳ Кисрога ва унинг атрофида тўпланган оташпарастларга шундай деди:
«Эй ажам халқи! Сизлар пайғамбарларга ишонмайсизлар, китобларни қабул қилмайсизлар. Ўзингиз яшаётган шу ерларда саноқли кунларингизни ўтказмоқдасизлар, туш каби бир ҳаёт кечирмоқдасизлар!…
«Аллоҳим! У (Кисро) менинг мактубимни қандай парчалаган бўлса, Сен ҳам уни ва унинг мулкини шундай парчала!…» Ҳадиси шариф
Эй Кисро! Сендан олдин кўп ҳукмдорлар бу тахтга ўтириб, ҳукм сурдилар. Аллоҳу таолонинг амрларини бажарганлар охиратларини қозониб, бажармаганлар эса илоҳий азобга дучор бўлиб, бу дунёдан кўчиб кетдилар!…
Эй Кисро! Мен келтириб топширган бу мактуб аслида сен учун катта бахт эди. Сен уни менсимадинг. Аллоҳу таолога қасамки, сен менсимаган бу дин бу ерга келганда, қочишга жой қидириб қоласан!…»
Сўнгра у Кисронинг саройини тарк этиб, уловига минди. Тезда у ердан узоқлашди. Мадинага келиб, аҳволни Коинот султонига айтиб берганида, у зот: «Аллоҳим! У менинг мактубимни қандай парчалаган бўлса, Сен ҳам уни ва унинг мулкини шундай парчала!…» – дедилар.
Аллоҳу таоло Расулининг дуосини қабул қилди: бир кеча Кисрони ўз ўғли ханжар билан уриб, пора-пора қилди. Ҳазрати Умар замонида эса Эроннинг бутун ерлари фатҳ этилиб, мусулмонлар қўлига ўтди.9
Ғассон ҳукмдори Ҳорис ибн Абу Шимрга мактуб
Ҳазрати Шужоъ ибн Ваҳб ҳам Ғассон ҳукмдорига юборилган эди. Шужоъ (розияллоҳу анҳу) аввал ҳукмдорнинг дарвозабони билан гаплашди. Уни Исломга даъват қилганида, дарвозабон буни қабул қилиб, Расулуллоҳга ҳурмат ва саломларини йўллади. У ҳазрати Шужоъни сира куттирмай, ҳукмдор билан учраштирди. Ҳорис ибн Абу Шимр мактубни ўқигач, ғазабланиб, уни ерга отди. Ҳазрати Шужоъ дарҳол Мадинаи мунавварага қайтиб, бўлган воқеани Аллоҳу таолонинг Суюклисига хабар қилди. Севимли Пайғамбаримиз мактубларининг ерга отилганидан хафа бўлдилар ва: «Ҳокимияти йўқ бўлсин!» – дедилар. Кўп ўтмай Ҳорис ибн Абу Шимр ўлди, давлати парчаланиб кетди.10
Ямома ҳукмдори Ҳавза ибн Алига мактуб
Салит ибн Амр Ямома ҳукмдорига юборилган эди. Ҳавза насроний эди. Пайғамбаримиз мактубларида шундай деган эдилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим! Аллоҳу таолонинг расули Муҳаммаддан (алайҳиссалом) Ҳавза ибн Алига! Ҳидоятга эришган, тўғри йўлни топган кишиларга салом бўлсин! (Эй Ҳавза!) Билгинки, Ислом туялар ва отлар бора оладиган энг узоқ жойларгача ёйилади, барча динлар устидан ғолиб бўлади. Сен ҳам Исломни қабул қил – саломат бўласан. Мусулмон бўлсанг, ҳукминг остидаги ерларнинг бошқарувини яна ўзингга қолдираман…»
Ямома ҳукмдори Ҳавза бу муборак даъватни қабул қилишдан бош тортди. Салтанат ишқи, мансаб ҳирси унинг кўзларини кўр қилган эди. Шунинг учун у Коинот султонининг дуосига эришишдек улуғ бахтдан маҳрум қолди. Ислом элчиси ҳазрати Салит ибн Амр унга раҳми келиб, шундай деди:
«Эй Ямома ҳукмдори Ҳавза! Сен – бу қавмнинг улуғисан! Сен улуғ деб ўйлаган қайсарлар ўлиб, тупроққа айландилар.
Ҳақиқий улуғлар эса Аллоҳу таолонинг амрларини бажариб, тақиқларидан сақланиб, жаннатга лойиқ бўлган кишилардир. Агар бир жамоа иймон келтириш билан шарафланган бўлса, уларни ўзингнинг бузуқ эътиқодинг билан тўғри йўлларидан адаштиришдан сақлан!… Тўғриси, мен сенга Аллоҳу таолонинг амрларини бажаришни, тақиқларидан сақланишни тавсия қиламан. Аллоҳу таолога иймон келтириб, Унинг амрларини бажарсанг, жаннатга кирасан. Шайтонга эргашсанг, жаҳаннамда қоласан.
Агар бу насиҳатларимни қабул қилсанг, қўрққан нарсаларингдан омонда бўласан, умид қилган нарсаларингга эришасан. Агар насиҳатларимни рад этсанг, энди сен учун қила оладиган ҳеч ишим қолмади. Қолганини ўзинг ўйла!…»
Ҳавза Ислом элчисининг бу гўзал насиҳатларига ҳам қулоқ солмади. Салит ибн Амр Ямомада қолишнинг энди ҳожати йўқлигини англаб, тезда Мадинага қайтди. Севимли Пайғамбаримизга натижани билдирди. Расули акрам унинг Исломга кириш саодатидан маҳрум қолганидан хафа бўлдилар. Кўп ўтмай Ҳавзанинг ўлими ҳақида хабар келди. Унинг салтанат ишқи, мансаб ҳирси жаҳаннам чуқури бўлган қабрида барҳам топди.11
Баҳрайн амири Мунзир ибн Совийга мактуб
Ало ибн Ҳазрамий ҳам Баҳрайн амирига мактуб олиб борди. Амир муборак мактубни муҳаббат билан ўқиди, мазмунини тушунди ва иймон билан шарафланди.
У (Нажоший Асҳамадан ташқари) бошқалар каби: «Бошқалар менга у дейди, бу дейди, тахтимдан айриламан», – демади.
«Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ!» – деб, у ўзини ҳам, қўл остидагилардан ўзига эргашганларни ҳам жаҳаннам ўтидан қутқарди. Мактуб билан мусулмон бўлишга даъват қилинганда, яна бир мансаб эгаси иймон келтириш фаросатини кўрсатди. Қўл остидагиларнинг баъзилари унга эргашиб, мусулмон бўлдилар, баъзилари эса иймон келтирмадилар. Мунзир ўз аҳволини ёзиб, Ало ибн Ҳазрамий (розияллоҳу анҳу) орқали севимли Пайғамбаримизга етказди. Пайғамбаримизнинг жавоб мактублари шундай эди: «Сенга итоат қилганларга Ислом ўргатилсин. Исён қилиб, ўжарлик қилганларга жизя солинсин. Мажусийларнинг (оташпарастларнинг) сўйганлари ейилмасин, улар билан қиз олиб-берилмасин».
Шундай қилиб, етти Ислом элчиси ўз вазифаларини бажардилар, замонасининг буюк давлатларига Исломнинг борлигини эшиттирдилар. Уларга ҳақиқий саодатни хабар қилдилар ва қиёмат куни «Биз эшитмаган эдик» деган сўзларга ўрин қолдирмадилар. Хуллас, мансаб эгаларидан иккитаси иймонга келди: бири – Нажоший, иккинчиси – Мунзир. Қолганлари куфр устида қолдилар. Ҳабашистон ҳукмдори Асҳама (раҳматуллоҳи алайҳ) мусулмон бўлиш, саҳобаи киромнинг баъзиларини кўриш, Пайғамбаримизнинг муборак дуоларига эришиш ва Расулуллоҳ билан Умму Ҳабибанинг (розияллоҳу анҳо) никоҳини ўқиш билан шарафланди.
«Илоҳим! Умму Румоннинг Сенинг йўлингда ва Расулинг учун чеккан машаққатлари Сенга яширин эмас» Ҳадиси шариф
Византия императори Ҳирақл ва Миср султони Муқавқис мусулмон бўлмадилар, лекин келган мактубларга катта ҳурмат кўрсатиб, юмшоқ жавоблар бердилар, элчиларга яхши муомала қилдилар ва Расулуллоҳга ҳадялар юбордилар.
Ғассон ва Эрон ҳукмдорлари элчиларга ёмон муомала қилдилар, душманликларини очиқ кўрсатдилар. Ямома ҳукмдори эса Ислом элчисига мулойим муомала қилди.
Ҳижрий олтинчи йилда бўлиб ўтган бошқа воқеалар
Ҳавла бинт Саълаба ибн Қайс ибн Молик Хазражий билан унинг эри Авс ибн Сомит ибн Аҳзамий Ансорий ўртасида зиҳор юз берди ва Мужодала сураси нозил бўлди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) от ва туя пойгаларига рухсат бердилар. У зотнинг шу пайтгача ҳеч ким ўзиб кета олмаган туяларини бир аъробийнинг туяси ўзиб кетганда, саҳобалар хафа бўлдилар ва у зот: «Ҳар бир камолнинг бир заволи бор, яъни ҳар бир юксалишнинг бир тушиши бор», – дедилар.
Оиша онамизнинг (розияллоҳу анҳо) онаси Умму Румон (розияллоҳу анҳо) вафот этди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг жаноза намозига имомлик қилдилар ва дафнида қатнашдилар. Уни қабрга Расулуллоҳнинг ўзлари туширдилар. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) унга жаннат хушхабарини бердилар ва: «Кимни жаннат ҳурларидан бирига қараш хурсанд қилса, Умму Румонга қарасин», – дедилар. Яна у учун мағфират сўраганларидан кейин: «Илоҳим! Умму Румоннинг Сенинг йўлингда ва Расулинг учун чеккан машаққатлари Сенга яширин эмас», – дедилар.
