Севимли Пайғамбарим

ҲУДАЙБИЯ ВОҚЕАСИ

Нияти – умра, оқибати – Ҳудайбия

Ҳижратнинг олтинчи йили, Зулқаъда ойи эди. Бир кеча Набийи муҳтарам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) тушларида саҳобаи киром билан Маккаи мукаррамага бориб, Каъбаи муаззамани тавоф қилганларини, улардан бир қисми сочларини қисқартирганини, бир қисми эса олдирганини кўрдилар. Расулуллоҳ бу тушларини саҳобаларига айтиб берганларида, улар ниҳоятда ҳаяжонландилар. Туғилиб ўсган, аччиқ-чучук хотираларга тўла гўзал юртлари – Маккага ҳижратдан буён илк бор борадиган бўлдилар. Беш вақт намозда юзларини қаратадиган ва соғинчини чекаётган муқаддас Каъбани зиёрат қилиб, тавоф қиладиган бўлдилар. Бу қандай гўзал хушхабар эди!… Севимли Пайғамбаримизнинг: «Сизлар албатта Масжидул Ҳаромга кирасизлар!» – деган хушхабарларини олиши билан саҳобаи киром дарҳол тайёргарликни бошлади. Тайёргарлик тугагач, Ҳабиби акрам Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни Мадинада ўринбосар қилиб қолдирдилар. Зулқаъда ойининг биринчи душанба куни Қасво номли туяларига миндилар. Сафарга ҳозирланган бир минг тўрт юз саҳобалари билан бирга Мадинада қолаётганлар билан хайрлашдилар. Умрага ният қилиб, муқаддас шаҳар Макка томон йўл олдилар. Ёнларига йўловчи қуроли бўлган қиличларини ва сўйиш учун етмишта туя олган эдилар. Карвоннинг икки юзи отлиқ, тўрттаси эса аёл саҳоба эди. Аёллардан бири севимли Пайғамбаримизнинг муборак ва пок завжалари ҳазрати Умму Салама онамиз эди. Зулҳулайфа деб аталадиган миқот жойига келганларида, эҳромга кирдилар ва пешин намозини ўқидилар. Сўнгра сўйиладиган туяларнинг қулоқларига белги қўйиб, бўйинларига ип боғладилар. Ножия ибн Жундуб Асламийга ёрдамчилар берилиб, у туяларга қараб туришга тайинланди. Аббод ибн Бишр йигирма кишилик отлиқ гуруҳга қўмондон этиб тайинланиб, олдинга, йўлни кузатишга юборилди. Бишр ибн Суфён Маккага хабарчи қилиб юборилди.1 Эҳром кийимини кийган, оқларга бурканган севимли Пайғамбаримиз ва қаҳрамон саҳобалар Аллоҳу таолога ҳамд айтиб, Унинг шаънининг улуғлигини тасдиқлаб, Унга ёлвора бошладилар:

«Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк! Лаббайк! Ла шарика лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал-мулк, ла шарика лак!»

(Лаббай, Аллоҳим, лаббай! Даъватингга сўзим ва ўзим билан қайта-қайта жавоб бердим, амрингга бўйин эгдим. Сенинг шеригинг йўқ, бутун вужудим билан Сенга юзландим. Ҳамд ҳам, неъмат ҳам Сенга хосдир. Мулк ҳам Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқдир.) Бу муборак талбия билан еру кўк янграр, Зулҳулайфа нурли бир ҳавога бурканарди. Ҳамма ҳаяжонланган эди, тезроқ Маккага етиб бориш учун Зулҳулайфадан йўлга тушдилар.

Йўлда ҳазрати Умар ва ҳазрати Саъд ибн Убода Ҳабиби акрамнинг ёнларига келиб, хавотирларини билдирдилар: «Ё Расулаллоҳ! Сиз билан урушаётган кишилар устига қуролсиз борамизми? Қурайшликлар сизга ҳужум қилиб, муборак вужудингизга бирор зарар етказишидан қўрқамиз!…» Икки жаҳон сарвари уларга: «Мен умрага ният қилдим. Бу ҳолатда қурол кўтариб юришни истамайман», – дедилар.

Йўл тинч ўтаётган эди. Йўл устидаги турли қабилаларга кириб ўтардилар, Пайғамбаримиз уларни Исломга даъват қилардилар. Баъзилари қабул қилишдан тортинар, баъзилари ҳадялар юборарди. Шу тарзда йўлнинг ярмини босиб ўтиб, Усфоннинг ортидаги Ғадирул Аштот деган жойга етиб келдилар. Бу ерда илгари маккаликларга хабар етказишга тайинланган ҳазрати Бишр ибн Суфён қурайшликлар билан учрашиб қайтган эди. У кўрганларини Пайғамбаримизга шундай айтиб берди: «Ё Расулаллоҳ! Қурайшликлар келаётганингиздан хабар топибди. Қўрққанларидан атрофдаги қабилаларга зиёфатлар бериб, улардан ёрдам сўрашибди. Сизга қарши кузатиш учун икки юз кишилик отлиқ гуруҳни йўлга чиқаришди. Атрофдаги қабилалар бу илтимосни қабул қилиб, Балдаҳ деган жойда бирлашишди. Жуда кўп аскар тўплаб, сизни Маккага киритмасликка қасам ичишди».

Бу хабардан Оламлар сарвари жуда қайғуга ботдилар ва шундай дедилар: «Қурайш ҳалок бўлди. Уруш уларни аллақачон еб битирган… Қурайш мушриклари ўзларида бирор куч бор, деб ўйлайдиларми? Валлоҳи, Аллоҳу таоло мени ёйишим учун юборган бу динни ҳоким ва устун қилмагунимча, бошим танамдан жудо бўлмагунича, улар билан курашишдан асло тўхтамайман!» Сўнгра қаҳрамон саҳобаларига юзланиб, бу ҳақдаги фикр ва мулоҳазаларини сўрадилар. Бутун вужудлари билан ўзларини Расулуллоҳга бахшида этган шонли саҳобалар: «Аллоҳу таоло ва Унинг Расули яхшироқ билади. Жонимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Биз Байтуллоҳни тавоф қилиш нияти билан йўлга чиққанмиз. Бирор кишини ўлдириш учун ҳам, жанг қилиш учун ҳам келганимиз йўқ. Лекин Каъбани зиёрат қилишимизга тўсқинлик қилмоқчи бўлсалар, албатта улар билан жанг қилиб, мақсадимизга етамиз!…» – дейишди. Саҳобаи киромнинг бу қатъиятлари севимли Пайғамбаримизга хуш ёқди. У зот шундай дедилар: «Ундай бўлса, Аллоҳу таолонинг муборак исми билан олға юринглар!…» Саҳобалар Пайғамбаримизнинг атрофида «Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк!…» деб талбия ва «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!…» деб такбир айтиб, Макка томон олға юра бошладилар.

Бир пешин вақтида Билол Ҳабаший овозининг бор гўзаллиги билан Муҳаммадий азонни айтиб, намоз вақти кирганини билдирди. Шу пайт икки юз кишилик Қурайш отлиқ гуруҳи у ерга етиб келиб, Макка билан саҳобалар орасига кириб, ҳужумга тайёр ҳолда турди. Шунга қарамай, Оламлар сарвари улуғ саҳобалари билан саф тортиб, намозга турдилар. Севимли Пайғамбаримизнинг ортида бир минг тўрт юзга яқин саҳобанинг саф бўлиб қиёмда ҳаракатсиз туриши, рукуъга эгилиши кўришга арзийдиган манзара эди. Айниқса, ҳаммаларининг бирга саждага боришлари ҳайбатли бир тоғнинг эгилиб, қайта қаддини ростлашига ўхшар эди.

«Аллоҳу таоло ҳаққи учун, Қурайш мендан нимани талаб қилса ҳам, Байти шарифни улуғлаш шарти билан қабул қиламан!» Ҳадиси шариф

Ҳудайбия сафари

Уларнинг Аллоҳу таоло ҳузурида шарафли пешоналарини тупроққа қўйиб кўрсатган тавозеълари Қурайш отлиқларидан баъзиларининг қалбига Ислом муҳаббатини солди. Саҳобаи киром салом бериб намоздан чиққанларида, Қурайш отлиқларининг қўмондони: «Мусулмонларнинг бу ҳолатидан фойдаланиб ҳужум қилганимизда, кўпини ўлдирар эдик!… Улар намозда эканларида нега ҳужум қилмадик?» – деб афсусланди. Сўнгра шерикларига бу сафар фурсатни қўлдан бой бермасликларини билдирди: «Хавотир олманглар. Барибир улар жонларидан ҳам, болаларидан ҳам азизроқ бўлган яна бир намозга турадилар!…» Уларнинг бу сўзларини Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссалом орқали ваҳий юбориб, Пайғамбаримизга билдирди. Нозил бўлган ояти каримада шундай дейилди, маъноси: «(Эй Ҳабибим!) Сиз улар орасида бўлиб, (душман қаршисида) уларга (саҳобаларингизга) имом бўлиб намоз ўқийдиган бўлсангиз, (уларни икки қисмга бўлинг,) бир қисми сиз билан бирга (намозда, бошқаси эса душман қаршисида) турсин. Қуролларини ёнларига олсинлар. Сиз билан намозда бўлиб, бир ракат ўқиганлар (намозни бузадиган амаллардан сақланиб) душман қаршисига борсинлар. Сўнгра ҳали намозини ўқимаган бошқа қисми келиб, иккинчи ракатни сиз билан ўқисин ва улар ҳам совутларини, ҳимоя асбобларини ва қуролларини ёнларига олсинлар. (Ташаҳҳудни сиз билан ўқисинлар. Сиз салом берганингизда, улар салом бермасдан душман қаршисига борсинлар; аввал бир ракат ўқиганлар қайтиб келиб, ўзлари яна бир ракат ўқиб, салом берсинлар. Иккинчи ракатни имом билан ўқиганлар ҳам яна келиб, яна бир ракат ўқиб, намозни тугатиб, салом берсинлар.) Кофирлар сизларнинг қуролларингиз ва асбоб-анжомларингиздан ғафлатда қолишингизни ва устингизга тўсатдан ҳужум қилишни истайдилар… Агар сизларга ёмғирдан бирор машаққат бўлса ёки бемор бўлсангизлар, қуролларингизни қўйишингизда сизларга гуноҳ йўқ. Аммо барибир барча эҳтиёт чораларини кўринглар. Шубҳасиз, Аллоҳу таоло кофирлар учун хор қилувчи азоб тайёрлаб қўйган».2 Аср вақтида ҳазрати Билол азон айтганда, Қурайш отлиқлари яна Макка билан саҳобаи киром орасида ҳужумга тайёр ҳолда турди. Пайғамбаримиз ояти каримада кўрсатилганидек саҳобаларига имомлик қилиб, намоз ўқитдилар. Мусулмонларнинг бундай эҳтиёткорлик билан намоз ўқишларидан мушриклар ҳайратда қолди. Аллоҳу таоло уларнинг қалбларига қўрқув солди. Бирор ҳаракат қилишга журъат этмадилар. Маккага хабар етказиш учун у ердан кетдилар. Пайғамбаримиз ва у зотнинг саҳобалари ҳам у ердан Макка томон йўлга тушдилар. Муқаддас Макка чегарасига келганларида, Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Қасво туялари ҳеч қандай зоҳирий сабаб йўқ бўлса-да, бирдан чўкиб қолди. Уни турғизиш учун кўп уриндилар, лекин турмади. Шунда Коинот султони шундай дедилар: «Бу туянинг бундай чўкиш одати йўқ. Лекин бир вақтлар (Абраҳанинг) филини Маккага киришдан тўхтатиб қолган Аллоҳу таоло энди Қасвони ҳам тўхтатиб қолди. Борлигим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, Қурайш Аллоҳу таоло Ҳарам ичида қилинишини ҳаром қилган (жанг қилиш ва қон тўкишни тарк этиш каби) нарсалардан қайси бирини мендан сўраса ҳам, уларнинг бу истакларини албатта бажо келтираман!»

Шундан кейин Қасвони турғизмоқчи бўлдилар. Туя сакраб ўрнидан турди. Ҳарам чегаралари ичига кирмай, айни чегара устида жойлашган Ҳудайбия деган жойда тўхтади. Пайғамбаримиз саҳобаи киром билан суви оз бўлган бу жойда манзил қилдилар.

«Қурайш мушриклари ўзларида бирор куч бор, деб ўйлайдиларми? Валлоҳи, Аллоҳу таоло мени ёйишим учун юборган бу динни ҳоким ва устун қилмагунимча, бошим танамдан жудо бўлмагунича, улар билан курашишдан асло тўхтамайман!» Ҳадиси шариф

Расули акрам чодирларини муборак Макка чегарасидан ташқарига тиктирдилар. Саҳобалари билан шу ерда кута бошладилар. Намоз вақти киргач, намозларини Маккаи мукаррама чегараси ичида ўқир эдилар. Қудуқларда ичадиган ва ишлатадиган сув қолмаган эди. Сув фақат Пайғамбаримизнинг обдасталаридагина бор эди. Танг аҳволда қолган саҳобалар: «Жонимиз сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Ёнимизда фақат сизнинг обдастангизда сув бор. Ҳалок бўлдик», – дейишди.

Оламлар сарвари: «Мен орангизда эканман, сизлар ҳалок бўлмайсизлар», – дедилар. Сўнгра «Бисмиллаҳ» деб, муборак қўлларини обдаста устига қўйдилар. Қўлларини кўтариб: «Олинглар!…» – деганларида, муборак бармоқлари орасидан булоқдек сув оқа бошлади. Саҳобаи киром қониб-қониб сув ичди, таҳорат олди, барча мешларини тўлдирди, от ва туяларини суғорди. Саҳобаларини табассум билан кузатиб турган марҳамат денгизи севимли Пайғамбаримиз Аллоҳу таолога ҳамд айтдилар. Ўша куни у ерда ҳозир бўлган ҳазрати Жобир ибн Абдуллоҳ: «Биз бир минг тўрт юз киши эдик. Агар юз минг киши бўлганимизда ҳам, у сув ҳаммамизга етарди», – деди.

Байъати Ризвон

Расули акрам Ҳудайбияда эканларида, илгаридан мусулмонлар билан дўст бўлган Хузоа қабиласининг бошлиғи Будайл у зотнинг ҳузурларига келди. У Қурайш қўшини атрофдаги қабилаларнинг ҳам қўшилиши билан Ҳудайбия яқинида тўхтаганини, қўшинлари тарқалиб кетгунча жанг қилишга қасам ичганларини билдирди. Шунда Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Биз бу ерга ҳеч ким билан жанг қилиш учун келганимиз йўқ. Фақат умра қилиш, Каъбаи муаззамани тавоф ва зиёрат қилиш учун келдик. Шунга қарамай, ким бизни Байтуллоҳни зиёрат қилишдан тўсмоқчи бўлса, у билан жанг қиламиз. Шубҳасиз, урушлар Қурайшни жуда ҳолдан тойдирган, кучсиз қилиб қўйган ва уларга жуда кўп зарар етказган. Агар улар хоҳласалар, уларга бир сулҳ муддати белгилай. Бу муддат ичида мен томондан хавфсизликда бўлсинлар. Улар мен билан бошқа қабилалар орасига кирмасинлар; мени улар билан юзма-юз қолдирсинлар. Агар мен у қабилалар устидан ғолиб келсам ва Жаноби Ҳақ уларга ҳидоят (тўғри йўл) ато этиб, мусулмон бўлсалар, Қурайш мушриклари ҳам хоҳласалар, улар каби мусулмон бўлишлари мумкин. Агар мен, улар ўйлагандек, бошқа жамоалар устидан ғолиб кела олмасам, у ҳолда ўзлари ҳам роҳатга эришиб, куч тўплаб оладилар. Агар Қурайш мушриклари буларни қабул қилмай, мен билан жанг қилишга киришсалар, борлигим қудрат қўлида бўлган Аллоҳу таолога қасамки, ёйишга уринаётган бу диним йўлида бошим танамдан жудо бўлгунча улар билан жанг қиламан. Ўшанда Аллоҳу таоло ҳам менга ёрдам бериш ҳақидаги ваъдасини, шубҳасиз, бажо келтиради!»

Хузоа қабиласининг бошлиғи Будайл Пайғамбаримизнинг сўзларини Қурайш қароргоҳига етказиш учун йўлга чиқди. Расулуллоҳнинг сўзларини Будайлдан тинглагандан кейин мушриклар музокара қилиш учун Пайғамбаримизнинг ҳузурларига ўзларининг кўзга кўринган кишиларидан Урва ибн Масъудни юбордилар. Урва Қурайш ҳеч кимни Маккага киритмасликка қатъий қарор қилганини билдирганда, Ҳабиби акрам шундай дедилар: «Эй Урва! Аллоҳ ҳаққи, айт! Мана бу қурбонлик туяларининг қурбон қилинишига, мана бу Каъбаи муаззамани зиёрат ва тавоф қилишга монелик қилиб бўладими?» Сўнгра Хузоа қабиласи бошлиғига айтганларини Урвага ҳам айтиб бердилар.

Урва бир томондан Пайғамбаримизни тингласа, бир томондан саҳобаи киромнинг ҳол ва ҳаракатларига, бир-бирларига ва Оламлар сарварига бўлган муносабатларига, ҳурмат ва эҳтиромларига диққат қиларди. Севимли Пайғамбаримизнинг таклифларини тинглагандан кейин ўрнидан туриб, буни қурайшликларга айтиш учун йўлга тушди. Уларнинг олдига бориб: «Эй Қурайш жамоаси! Менинг Византия императори (қайсар), Нажоший, Эрон шоҳи (Кисро) каби кўплаб подшоҳларнинг ҳузурига элчи бўлиб борганимни биласизлар. Қасамки, мен шу пайтгача мусулмонлар Муҳаммадга кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромнинг бирорта ҳам подшоҳга кўрсатилганини кўрмадим. Саҳобаларидан ҳеч бири ундан изн олмагунча гапирмайди. Бошидан бир тола соч тушса, илиб олиб, табаррук қилиш учун қўйинларида сақлайдилар. Ёнида гаплашганларида, овозларини эшитилмайдиган даражада пасайтирадилар. Ҳурматларидан унинг юзига қарай олмай, кўзларини ерга тикадилар. Муҳаммад саҳобаларига бирор ишора қилса ёки бирор амр берса, жонлари эвазига бўлса ҳам, уни бажаришга интиладилар.

Эй Қурайш жамоаси! Қанча қиличларингизга қўл узатсангиз ҳам, барча чораларга мурожаат қилсангиз ҳам, улар Пайғамбарларининг бир тола сочини ҳам сизларга бермайдилар. Ҳатто унга бирор зарар етишига ҳам, бирор кишининг унга қўл теккизишига ҳам йўл қўймайдилар. Аҳвол шу. Бундан кейингисини яхшилаб ўйланглар! Шундай бир пайтда Муҳаммад бизга яхши бир сулҳ таклиф қилмоқда, бундан фойдаланинглар!» – деди.

Қурайш мушриклари бу сўзларни қабул қилмай, Урвага қўпол муомала қилдилар ва уни ранжитдилар. Қурайш қароргоҳидан ҳеч қандай хабар келмагач, Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) таклифларини такрорлаш учун Ҳирош ибн Умайяни элчи қилиб юбордилар. Мушриклар Ислом элчисига жуда қўпол муомала қилдилар. Унинг туясини сўйиб едилар, ўзини ўлдириш учун устига ташландилар. Уларнинг қўлидан зўрға қутулган Ҳирош ибн Умайя Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб, аҳволни айтиб берганда, у зот элчиларига қилинган бу ҳақоратдан жуда қайғурдилар. Шу пайт мушриклар қароргоҳидан Аҳобиш қабиласининг бошлиғи Ҳулайс кўринди. У Пайғамбаримиз томон келаётган эди. Мушриклар уни элчи қилиб тайинлаган эди. Ҳулайснинг келаётганини кўрган севимли Пайғамбаримиз шундай дедилар: «Бу келаётган киши қурбонликка ҳурмат кўрсатадиган, Аллоҳу таолонинг амрларини бажаришга ва ибодат қилишга интиладиган бир қавмдан. (Эй саҳобаларим!) Қурбонлик туяларини унга қараб ҳайданглар, кўрсин!» Саҳобаи киром қурбонлик туяларини у томонга қўйиб юборди ва: «Лаббайк! Аллоҳумма лаббайк!» – деб талбия айтди. Бўйинлари боғланган, қулоқларига белги қўйилган қурбонликларни кўрган Ҳулайс уларга узоқ тикилиб қолди. Кўзлари ёшга тўлди ва қалбининг тубидан чиққан маҳзун овоз билан: «Мусулмонларнинг Каъбани тавоф ва зиёрат қилишдан бошқа ҳеч қандай нияти йўқ. Уларни бундан тўсиш қандай ёмон иш! Каъбанинг Раббига қасамки, қурайшликлар бу хато ишлари туфайли ҳалок бўладилар!» – демасдан туролмади. Бу сўзларни эшитган Оламлар сарвари: «Ҳа, шундай, эй Бану Кинонага мансуб биродар», – дедилар. Ҳулайс уялганидан Расулуллоҳнинг ҳузурларига кела олмагани у ёқда турсин, муборак юзларига ҳам қарай олмади. Қурайш қароргоҳига қайтиб кетди. Кўрганларини айтиб, ўз фикрини очиқ-ойдин билдирди: «Сизларнинг уни Каъбани зиёрат қилишдан тўсишингизни тўғри деб билмайман». Қурайш мушриклари жуда ғазабландилар ва Ҳулайсни жоҳилликда айбладилар.

«Эй Урва! Аллоҳ ҳаққи, айт! Мана бу қурбонлик туяларининг қурбон қилинишига, мана бу Каъбаи муаззамани зиёрат ва тавоф қилишга монелик қилиб бўладими?» Ҳадиси шариф

Бу сафар мушриклар золимлиги билан ном чиқарган Микраз ибн Ҳафсни элчи қилиб юбордилар. У ҳам жавобини олиб, қайтиб кетди. Микразнинг элчилигидан кейин мушрикларни мусулмонлар тўсатдан ҳужум қилиб қолади, деган қўрқув қамраб олди.

Пайғамбаримиз ишни ярим йўлда қолдиришни истамас эдилар ва қурайшликлар орасида обрўли бўлган бир саҳобаларини юбормоқчи эдилар. Охир-оқибат ҳазрати Усмонни юборишга қарор қилинди. Севимли Пайғамбаримиз Усмон ибн Аффонга шундай дедилар: «Уларга: „Биз бу ерга ҳеч ким билан жанг қилиш учун келмадик. Фақат Каъбаи муаззамани тавоф ва зиёрат қилиш учун келдик. Ёнимиздаги қурбонлик туяларини сўйиб, қайтамиз“, – деб айт ва уларни Исломга даъват эт!» Бундан ташқари, унга Маккадаги мусулмонларга Макка яқин орада фатҳ этилиши ҳақида хушхабар етказишни ҳам тайинладилар.3

Ҳазрати Усмон мушрикларнинг олдига бориб, Пайғамбаримизнинг сўзларини айнан етказди. Улар ҳазрати Усмон келтирган таклифни ҳам рад этишди. Хоҳласа, фақат ўзи Байтуллоҳни тавоф қилиши мумкинлигини айтишди. Ҳазрати Усмон эса: «Расул алайҳиссалом Байтуллоҳни тавоф қилмагунларича, мен ҳам тавоф қилмайман!» – деди. Бундан жуда ғазабланган мушриклар уни ушлаб қолдилар. Бу хабар саҳобаларга «Усмон шаҳид қилинибди» тарзида етиб келди. Буни Пайғамбаримизга билдиришганда, у зот жуда қайғурдилар ва: «Агар бу хабар тўғри бўлса, бу қавм билан жанг қилмагунимизча бу ердан кетмаймиз», – дедилар. Сўнгра у ерда ўсган Самура номли дарахт остига ўтириб: «Аллоҳу таоло менга байъат қилишингизни буюрди», – деб, саҳобаларини байъатга даъват қилдилар. Қаҳрамон саҳобалар қўлларини Пайғамбаримизнинг муборак қўллари устига қўйиб: «Аллоҳу таоло сизга зафар ато этгунча, олдингизда жанг қила-қила фатҳни амалга оширишга ёки бу йўлда шаҳид бўлишга байъат қилдик!» – деб сўз берди. Пайғамбаримиз бир қўлларини иккинчи қўллари устига қўйиб, у ерда бўлмаган ҳазрати Усмон номидан ўзларига ўзлари байъат қилдилар. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг бу байъатидан жуда хурсанд бўлдилар ва: «Дарахт остида чин кўнгилдан байъат қилганлардан ҳеч бири жаҳаннамга кирмайди», – дедилар. Бу байъат Байъати Ризвон деб аталди.4 Саҳобаи киром (розияллоҳу анҳум) энди қиличларини қинидан суғуриб, ўринларида тура олмас, Расул алайҳиссаломнинг бир ишорасини кутар эди. Шу пайт Ислом қароргоҳини кузатиб турган Қурайш жосуслари мужоҳидларнинг севимли Пайғамбаримизга шаҳидлик шарбатини ичгунча бу йўлда жанг қилишга байъат қилганларини ва тайёргарлик кўраётганларини кўришди. Улар дарҳол Қурайш қароргоҳига бориб, бўлиб ўтганларни айтиб беришди. Пайғамбаримиз ҳар эҳтимолга қарши кечалари саҳобаларини қўриқлаш учун қоровуллар қолдирар эдилар. Ҳазрати Усмон ушлаб қолинган кунларнинг бир кечасида Микраз бошчилигидаги эллик кишилик бир мушрик тўдаси Ислом аскарларини уйқуда босиш учун ҳужум қилди. Ўша кеча Муҳаммад ибн Маслама ва унинг шериклари қоровулликда турган эди. Келган кофирларни улар қисқа олишувдан кейин маҳкам ушлаб олишди. Фақат Микраз қочиб қутулди. Асирларни Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб келишди. Уларнинг бир қисми қамалди, бир қисми афв этилди. Мушриклар эртаси кеча ҳам ҳужум қилмоқчи бўлдилар, лекин яна ушландилар. Пайғамбаримиз уларни ҳам афв этиб, қўйиб юбордилар.

Ҳудайбия сулҳномаси

Ислом қўшини кечаю кундуз жангга тайёр ҳолда турганини ва ҳар лаҳзада ҳужум қилиши мумкинлигини англаган кофирлар қўшинининг қалбига қўрқув тушди. Сулҳ тузишдан бошқа чиқиш йўли йўқлигини кўриб, шошилинч бир элчилар ҳайъатини сайладилар. Суҳайл ибн Амр бошчилигида сайланган бу ҳайъатга: «Бу йил Маккага кирмасликлари шарти билан сулҳ тузинглар», – дейилди.

Севимли Пайғамбаримиз Қурайш элчиларини қабул қилдилар. Элчиларнинг биринчи талаби қамалган одамларининг қўйиб юборилиши бўлди. Оламлар сарвари: «Маккада ушлаб қолганингиз саҳобаларимни қўйиб юбормагунингизча, бу одамларингизни озод қилмайман!» – дедилар. Суҳайл: «Тўғриси, бизга жуда адолатли ва инсофли муомала қилдинг», – деб, Маккада ушлаб қолинган ҳазрати Усмоннинг ва илгари қамаб қўйилган ўнга яқин саҳобанинг озод қилинишини таъминлади. Шундан кейин босқин пайтида ушланиб қамалган мушриклар қўйиб юборилди.

Узоқ музокаралардан кейин сулҳга келишилди. Навбат уни ёзишга етди. Ҳазрати Али котиб этиб сайланди. Сулҳномани ёзиш учун қоғоз ва давот тайёрланди. Оламларга раҳмат қилиб юборилган Ҳабибуллоҳ ҳазрати Алига: «Ёз:

„Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!“» – дедилар. Суҳайл дарҳол бунга эътироз қилди: «Қасамки, мен „Раҳмон“ сўзи нима эканини билмайман. Бундай ёзма; „Бисмика Аллоҳумма“ деб ёз! Акс ҳолда сулҳга кўнмайман!» Пайғамбаримиз сулҳ тузилишида жуда катта ҳикматлар кўрардилар. Шу сабабли: «„Бисмика Аллоҳумма“ ҳам яхши», – дедилар ва ҳазрати Алига шундай ёзишни буюрдилар. Ёзилгандан кейин Пайғамбаримиз: «Булар – Аллоҳнинг Расули Муҳаммаднинг Суҳайл ибн Амр билан келишган, сулҳ тузган ва шартларини тарафлар бажариши учун имзолаган моддаларидир», – деганларида, Суҳайл ҳазрати Алининг қўлидан ушлади. У Пайғамбаримизга ўгирилиб: «Қасам ичамизки, агар биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда, сенга қарши чиқмас, Каъбани зиёрат қилишингга тўсқинлик қилмас эдик. Шунинг учун „Аллоҳнинг Расули“ ўрнига „Абдуллоҳнинг ўғли Муҳаммад“ деб ёз!» – деди.

Пайғамбаримиз буни ҳам қабул қилиб, шундай дедилар: «Валлоҳи, сизлар мени ёлғончи десангиз ҳам, мен барибир, ҳеч шубҳасиз, Аллоҳу таолонинг Расулиман. Исмимни ва отамнинг исмини ёздириш менинг пайғамбарлигимни йўққа чиқармайди-ку. Ё Али! Уни ўчир ва „Муҳаммад ибн Абдуллоҳ“ деб ёз».

Саҳобаи киромдан ҳеч бирининг кўнгли «Аллоҳнинг Расули» сўзларининг ўчирилишига рози бўлмади. Бир лаҳзада ҳамма нарсани унутиб: «Ё Али! „Муҳаммад Расулуллоҳ“ деб ёз, акс ҳолда бу мушриклар билан орамизни фақат қилич ҳал қилади!…» – дейишди. Пайғамбаримиз саҳобаларининг бу ғайратидан мамнун бўлдилар, лекин муборак қўллари билан уларга жим бўлишни ишора қилдилар. Ҳазрати Алига ўчиришни буюрганларида, у: «Жоним сизга фидо бўлсин, ё Расулаллоҳ! Сизнинг бу муборак сифатингизни ўчиришга қўлим бормайди!…» – деб узр сўради. Севимли Пайғамбаримиз у жойни кўрсатишни сўрадилар. Кўрсатгач, ёзувни унинг қўлидан олиб, бу сўзларни ўз муборак бармоқлари билан ўчирдилар ва «Абдуллоҳнинг ўғли» деб ёздирдилар. Сўнгра моддалар ёзила бошланди: 1) Сулҳ ўн йил амал қилади; бу муддат ичида икки тараф бир-бири билан жанг қилмайди.

«Дарахт остида чин кўнгилдан байъат қилганлардан ҳеч бири жаҳаннамга кирмайди» Ҳадиси шариф

  1. Мусулмонлар бу йил Каъбани зиёрат қилмайди, лекин бир йилдан кейин зиёрат қилишлари мумкин. 3) Каъбани зиёрат қилишга келган мусулмонлар уч кун қолади ва ёнларида йўловчи қуролидан бошқа қурол олиб юрмайди. 4) Мусулмонлар Каъбани тавоф қилаётганда, маккалик мушриклар Каъбадан ташқарига чиқиб, мусулмонларнинг бемалол тавоф қилишларига имкон беради.

  1. Қурайшдан мусулмон бўлган бир киши валийсининг (васийсининг) изнисиз Мадинага кетса, у қайтарилади; мусулмонлардан бири Қурайш тарафига ўтиб, Маккага кетса, қайтарилмайди. Бу модда ҳақида ҳазрати Умар: «Ё Расулаллоҳ! Бу шартни ҳам қабул қиласизми?» – деб сўраганда, севимли Пайғамбаримиз табассум қилиб: «Ҳа. Биздан уларга кетадиганларни Аллоҳу таоло биздан узоқ қилсин!» – дедилар.

  2. Саҳобалардан бири ҳаж ёки умра қилиш нияти билан Маккага келса, жони ва моли хавфсиз бўлади.

  3. Мушриклардан бири Шомга, Мисрга ёки бошқа жойга бораётиб, Мадинага кирса, унинг ҳам жони ва моли хавфсиз бўлади.

  4. Бошқа араб қабилалари хоҳлаган тарафнинг ҳимоясига кира олади, мусулмонлар билан ҳам, мушриклар билан ҳам бирлашишда эркин бўлади.5

Навбат сулҳномани имзолашга келди. Шу пайт оёқларидаги занжирларни судраб, Ислом қўшини томон бир киши келаётгани кўринди. У тобора яқинлашиб келиб: «Мени қутқаринглар!…» – деб бақирди. Бу овозни эшитган Қурайш ҳайъатининг бошлиғи дарҳол ўрнидан сакраб турди. Қўлига тиканли дарахт шохини олиб, унинг бошига, юзига ура бошлади. У бор кучини йиғиб, ўзини Расулуллоҳнинг муборак тиззалари остига отди ва: «Мени қутқаринг, ё Расулаллоҳ!» – деб ёлворди. Бу Маккада мусулмон бўлиш шарафига эришгани учун отаси томонидан занжирбанд қилинган бир мусулмон эди. Ҳар куни унга оғир қийноқлар берилар, бутларга сиғинишга мажбурланар эди. Мушрикларнинг Ҳудайбияга кетганидан фойдаланиб, занжирларини узиб, ҳеч кимга кўринмасдан Маккадан чиқиб, ўзини мусулмонлар орасига отган эди. Ҳидоятга эришган бу муборак киши мушрик ҳайъатининг бошлиғи Суҳайлнинг ўғли ҳазрати Абу Жандал эди. Суҳайл ўғли Абу Жандални кўрсатиб, Пайғамбаримизга: «Ҳозиргина ёзган сулҳномамизга мувофиқ, менга қайтаришинг керак бўлган биринчи одам мана шу!» – деди.

Пайғамбаримиз ҳам, саҳобалар ҳам жуда таъсирландилар. Ҳамма Расулуллоҳ қандай жавоб беришларини интизорлик билан кутарди. Бир томонда сулҳнома, бир томонда қийноқ остидаги бир саҳоба… Оламлар сарвари Суҳайлга: «Биз бу сулҳномани ҳали имзолаганимиз йўқ!» – дедилар. Суҳайл қайсарлик қилди: «Ё Муҳаммад! Сулҳнинг моддаларини ўғлим бу ерга келмасидан олдин ёзиб битирган эдик. Агар ўғлимни қайтармасанг, мен ҳеч қачон бу сулҳномага имзо чекмайман!» Пайғамбаримиз: «Уни менинг хотирим учун сулҳдан ташқарида қолдир», – дедилар, лекин мушриклар буни қабул қилмади. Суҳайл ибн Амр ўғлини судраб олиб кетаётганда, Абу Жандал: «Ё Расулаллоҳ! Эй мусулмон биродарларим!… Мусулмон бўлиш шарафига эришиб, сизларга паноҳ излаб келган бўлсам ҳам, мени мушрикларга топширяпсизларми? Менга ҳар куни чидаб бўлмас қийноқлар берилишини раво кўряпсизларми? Ё Расулаллоҳ! Динимдан қайтарсинлар деб мени қайтаряпсизларми?!…» – деб фарёд қиларди.

Юракни эзадиган бу ёлворишга чидаш жуда қийин эди. Кўнгиллари яраланган саҳобалар йиғлай бошлади. Марҳамат денгизи севимли Пайғамбаримизнинг ҳам муборак кўзлари ёшга тўлди. Суҳайлнинг ёнига бориб: «Қўй, бундай қилма! Уни менга бахш эт!» – деб илтимос қилдилар. Аммо Суҳайл: «Мумкин эмас, бермайман!» – деб жавоб берди. Шундан кейин севимли Пайғамбаримиз Абу Жандалга тасалли бериб: «Эй Абу Жандал! Яна бироз сабр қил! Сенга қилинаётганларга чида! Буларнинг мукофотини Аллоҳу таолодан сўра. Аллоҳу таоло сенга ва сенга ўхшаган заиф ва кимсасиз мусулмонларга албатта бир кенглик, бир чиқиш йўли ато этади», – дедилар ва: «Берган сўзимизда турмаслик бизга ярашмайди», – деб қўшдилар. Абу Жандал: «Хўп, ё Расулаллоҳ», – деб сабр қилишини билдирди.

Юракни эзадиган бу ҳодисага ҳатто ҳайъатдаги мушриклар ҳам чидай олмай: «Эй Муҳаммад! Сенинг хотиринг учун Абу Жандални ўз ҳимоямизга оламиз. Суҳайлнинг унга қийноқ беришига йўл қўймаймиз!» – дейишди.

Шундан кейин Расулуллоҳ ва саҳобаи киромнинг кўнгиллари бироз таскин топди. (Суҳайл ибн Амр Макка фатҳидан кейин мусулмон бўлиб, саҳобаи киромдан бўлди.) Сулҳнома икки нусхада ёзилиб, тарафлар томонидан имзоланди. Мушриклар ўз қароргоҳларига қайтдилар.6 Мусулмонларнинг зарарига кўринган бу моддалардан Қурайш ҳайъати жуда хурсанд эди. Аммо, аксинча, бу сулҳнома мўминлар учун катта ғалаба эди ва бу моддалар мусулмонларнинг фойдасига эди. Аввало, мушриклар мусулмонларнинг бир давлат эканини тан олаётган эди. Маккадан бир мушрик тижорат ёки бошқа бир иш учун Шомга, Мисрга бораётиб Мадинага кирса, жони-моли хавфсиз бўлар эди. Шу тариқа мушриклар мусулмонларнинг ҳаётини яқиндан кўрар, Исломнинг адолатига, саҳобаларнинг бир-бирларига бўлган гўзал муомаласига ҳайрон қолар ва Исломни севиб қолар эди. Натижада мусулмон бўлиб, саҳобалар сафига қўшилар эди. Ўн йил давом этиши керак бўлган бу сулҳ билан мусулмонлар кўпаяр, кучаяр эди. Ислом ҳар тарафга ёйилар эди. Аммо «Қурайшдан бири мусулмон бўлиб, Мадинага паноҳ излаб борса, қайтарилади» деган модда учун Пайғамбаримиз жуда маҳзун бўлдилар ва: «Аллоҳу таоло улар учун, албатта, бир кенглик, бир чиқиш йўли яратади», – дедилар. Энди мушриклар билан қиладиган иш қолмаган эди. Расули акрам (саллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаи киромга: «Туринглар! Қурбонликларингизни сўйинглар. Бошларингизни олдиргандан кейин эҳромдан чиқинглар», – дедилар. Пайғамбаримиз ҳаммадан олдин ўз қурбонликларини сўйдилар. Сўнгра сартарошлари ҳазрати Ҳирош ибн Умайя у зотнинг муборак сочларини олди. Саҳобаи киром у муборак сочларни ерга тушмасдан ҳаводаёқ илиб олиб, табаррук қилиш учун сақлаб қўйди. Саҳобалар ҳам қурбонликларини сўйди; бир қисми сочларини олдирди, бир қисми қисқартирди.7

«Эй Абу Жандал! Яна бироз сабр қил! Сенга қилинаётганларга чида! Буларнинг мукофотини Аллоҳу таолодан сўра. Аллоҳу таоло сенга ва сенга ўхшаган заиф ва кимсасиз мусулмонларга албатта бир кенглик, бир чиқиш йўли ато этади» Ҳадиси шариф

Ҳудайбияда йигирма кунча турилди. Пайғамбаримиз саҳобалари билан бирга Мадинага қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда Аллоҳу таоло Пайғамбаримизга Фатҳ сурасини ваҳий қилиб, Ўз неъматини ва ёрдамини комил қилиши ҳақида хушхабар берди. Коинот султони (саллаллоҳу алайҳи васаллам) зафар билан нурли Мадинага ташриф буюрган кунларда Қурайшнинг Сақиф қабиласидан Абу Басир мусулмон бўлиш шарафига эришган эди. Мушриклар орасида яшай олмаслигини англаган Абу Басир Мадинага пиёда келди. Аммо Ҳудайбия сулҳининг тақозоси билан Мадинадан чиқиб, Қизил денгиз соҳилидаги Ийс деган ерга жойлашди.8

Бу жой Қурайш мушрикларининг Шомга борадиган савдо йўли устида эди. Шундан кейин Қурайшдан мусулмон бўлганлар Маккани тарк этиб, Мадинага эмас, Ийсга, Абу Басирнинг олдига кета бошлади. Уларнинг биринчиси ҳазрати Абу Жандал эди. Шундан кейин бунинг кети узилмади. Эллик киши, юз киши, икки юз, уч юз киши бўлишди. Қурайш карвони Шомга бораётганда бу ердан ўтишга мажбур эди. Ҳазрати Абу Басир ёнидаги мусулмонлар билан бу ердан ўтадиган мушрикларни ушлаб олиб, уларга мусулмон бўлишни таклиф қилар эди. Мусулмон бўлмаганлар билан жанг қилиб, уларни танг аҳволга солар эди. Шом савдо йўллари кесилганини кўрган маккалик мушриклар Мадинага бир ҳайъат юборди. Улар Ҳудайбия сулҳномасидаги «Қурайшдан мусулмон бўлган бир киши валийсининг изнисиз Мадинага кетса, қайтарилади!…» – деган моддани бекор қилишни ёлвориб сўрашди. Пайғамбаримиз марҳамат кўрсатиб, уларнинг бу илтимосини қабул қилдилар. Шундай қилиб, қурайшликларнинг Шом савдо йўли яна очилди. Мусулмонлар эса сабрларининг мукофоти сифатида Мадинага, Пайғамбаримизнинг ёнларига келдилар.

ЭЙ ГЎЗАЛЛАР ГЎЗАЛИ!

Эй гўзаллар гўзали, мени ишқингиз ила ёқдингиз!
Кўзим ҳеч нарса кўрмас, ақлим ҳар он хаёлингизда!
Сиз – «Қоба қавсайн» шоҳи, мен эса осий бир қул,
Сизга меҳмон бўлишни қандай айтсин бу ҳайрон?
Раҳм айлаб бир боқдингиз, ўлик қалбларни тирилтирдингиз,
Чексиз марҳаматингизга сиғиниб, эшигингизни қоқдим!
Яхшилик манбаисиз, дармонлар дарёсисиз!
Бир томчи лутф этинг менга, дардимга даво топмадим!
Ҳамма келар Маккага – Каъбага, Сафо ва Марвага,
Мен эса сиз учун тоғлару тепалар ошдим!
Кеча бир тушимда бошим осмонларга тегди,
Эшигингиздаги хизматкорлар бўйнимни босди, деб ўйладим!
Эй Жомий ҳазратлари, маҳбубимнинг булбули!
Шеърларингиз орасидан мана бу байтни танлаб олдим:
«Тили осилиб тушган қўтир итлар мисоли,
Бир томчигина умид-ла эҳсон дарёнгизга келдим».
Мавлоно Холид Бағдодий (қуддиса сирруҳ)

«Биз сизга албатта очиқ-ойдин бир фатҳ ато этдик» Фатҳ: 1

Расулуллоҳнинг даъват мактублари

Қуёш оламга нур сочмас эди,
Келган ул жон бўлмаса,
Ёғду бермас эди оламга,
Мавлид ул он бўлмаса.
Биллур ила қорилмас эди
Гул жамоли шодлик ила,
Қалбга акс этган нур ила
Мужассам тан бўлмаса.
Eyyübî