Севимли Пайғамбарим

Ёмғир дуоси

Ҳижратнинг олтинчи йилида даҳшатли қаҳатчилик бўлиб, осмондан бир томчи ҳам ёмғир ёғмади. Шу сабабли ерда ўт унмади, одамлар ҳам, ҳайвонлар ҳам очлик азобига дучор бўлди. Муборак Рамазон ойининг бир жума куни одамлар севимли Пайғамбаримизга ўз муродларини билдиришди: «Ё Расулаллоҳ! Дуо қилсангиз, Аллоҳу таоло бизга ёмғир ато этса!…» Пайғамбаримиз саҳобалари билан саҳрога чиқиб, азон ва иқоматсиз икки ракат намоз ўқидилар. Пайғамбаримиз муборак ридоларини тескари ағдариб, такбир айтдилар. Сўнгра муборак қўлларини енглари орасидан муборак қўлтиқлари кўрингунча кўтариб: «Эй Аллоҳим! Бизга ёмғир ато эт!…» – деб дуо қила бошладилар. Саҳобаи киром эса: «Омин! Омин!» – дер эди. Ўша пайтда осмон жуда тиниқ эди, бирорта ҳам булут йўқ эди. Расули акрам дуо қилаётганларида, шамол эса бошлади ва осмонни булутлар қоплади. Сўнгра майда ёмғир томчилай бошлади. Шунда Оламлар сарвари: «Аллоҳим! Бу ёмғирни челаклаб қуйгандек ёғдир ва бизга хайрли қил!» – деб дуо қилдилар. Шу онда ёмғир челаклаб қуя бошлади. Пайғамбаримизнинг ва саҳобаи киромнинг кийимларида ҳўл бўлмаган жой қолмади. Уйларига етиб боргунча сув ҳамма ёқни кўлга айлантирди. Ҳамма сувни кечиб юрарди. Ёмғир тинмади. Ўша куни ҳам, эртаси куни ҳам, ундан кейин ҳам… Кейинги жума намози вақтида саҳобаи киром: «Ё Расулаллоҳ! Ёмғир сувидан уйларимиз қулаб, ҳайвонларимиз чўка бошлади. Аллоҳу таолога дуо қилсангиз, ёмғир тинса!…» – дейишди. Севимли Пайғамбаримиз табассум қилдилар ва муборак қўлларини кўтариб, шундай дуо қилдилар:

«Ё Раббим! Бу ёмғирни экинзорларга, дарахт ўсадиган жойларга ва водийларга юбор!» Шу онда бир ҳафта давомида ёққан ёмғир тўхтади ва дуо қилинган жойларга ёмғир ёға бошлади.

Оламлар нурга ғарқ бўлди
Муҳаммад туғилган кеча,
Мўмин, мунофиқ фарқ бўлди
Муҳаммад туғилган кеча.
Кўкдан ерга нур сочилди,
Еттилар, қирқлар қўшилди,
Роҳибнинг тили тутилди
Муҳаммад туғилган кеча.

«Бугун отлиқларимизнинг энг яхшиси – Абу Қатода, пиёдаларимизнинг энг яхшиси – Салама ибн Акваъ» Ҳадиси шариф